Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Яҳованинг хизматидаги кутилмаган топшириқлар ва сабоқлар

Яҳованинг хизматидаги кутилмаган топшириқлар ва сабоқлар

Болалигимда осмонда самолёт учиб кетаётганини кўрганимда бошқа мамлакатга боришни жуда истардим. Лекин бу менга ушалмас орзудай туюларди.

Ота-онам Иккинчи жаҳон урушида Эстониядан Германияга кўчган. Мен у ерда туғилганимдан кейин улар Канадага кўчишга тайёргарлик кўра бошлашган. Биринчи уйимиз Оттава (Канада) яқинида эди. Биз товуқлар боқиладиган жойда яшардик. Биз жуда камбағал эдик. Аммо нонуштага ҳеч бўлмаса тухум ея олардик.

Бир куни Яҳованинг Шоҳидлари онамга Ваҳий 21:3, 4 ни ўқиб беришди. Онам билиб олганларидан шунчалик таъсирланган эдиларки, ҳатто йиғлаб юборгандилар. Ҳақиқат уруғи ота-онамнинг қалбида униб ўсди ва кўп вақт ўтмай улар сувга чўмишга тайёр бўлишди.

Ота-онам инглиз тилини унча яхши билмасди, лекин ҳақиқатга жиддий ёндашган. Отам деярли ҳар шанба куни Садберидаги (Онтарио) никель эритадиган фабрикада туни билан ишлагач, мени ва синглим Силвияни хизмат қилишга олиб борардилар. Ҳар ҳафта оиламиз билан бирга «Қўриқчи минораси»ни тадқиқ қилардик. Ота-онам Худога бўлган севгини ривожлантиришимга кўмаклашди. Бу мени ҳаётимни Яҳовага бағишлаб, 1956 йили 10 ёшимда сувга чўмишга ундади. Ота-онамнинг Яҳовага бўлган кучли севгиси бутун ҳаётим мобайнида мени мустаҳкамлаб келяпти.

Мактабни тугатганимдан кейин оз-моз чалғиб қолдим. Агар кашшоф бўлсам, саёҳат қилиш ва дунёни кўриш орзуимни амалга ошириш учун етарлича пул тўплай олмайман, деб ўйлардим. Мен маҳаллий радиостанцияга ишга кирдим. Вазифам мусиқа қўйишдан иборат эди. Буни жуда ёқтирар эдим. Лекин кечалари ишлаганим учун йиғилишларга мунтазам бора олмасдим ва Яҳовани ёқтирмайдиган инсонлар билан кўп мулоқот қилардим. Охир-оқибат, Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждоним мени ўзгаришлар қилишга ундади.

Мен Ошавага (Онтарио) кўчдим. У ерда Рей Норман, синглиси Лесли ва бошқа кашшофлар билан танишдим. Улар мени илиқ қарши олишди. Уларнинг бахтиёрлигини кўриш мақсадларим устида яхшилаб ўйлаб кўришга ундади. Улар мени кашшофликни бошлашга чорлашди. Мен 1966 йили сентябрда кашшоф бўлдим. Мен жудаям бахтиёр эдим ва ҳаммаси силлиқ кетаётгандай эди. Лекин ҳаётимни ўзгартирган кутилмаган воқеалар юз берди.

ЯҲОВА БИРОН ИШНИ ТАКЛИФ ҚИЛСА, УНИ ҚИЛИБ КЎРИНГ

Торонтода (Канада) мактабда ўқиётганимда Байтил хизмати учун ариза тўлдиргандим. Вақт ўтиб, кашшоф бўлиб хизмат қилаётган пайтда мени Байтилга тўрт йилга таклиф қилишди. Аммо Леслини жуда ёқтирардим. Агар бу таклифни қабул қилсам, уни бошқа ҳеч қачон кўра олмасликдан қўрқардим. Бу ҳақда узоқ ва қайноқ ибодатлар қилгач, Байтилда хизмат қилиш таклифини қабул қилдим. Лекин Лесли билан хайрлашиш оғриқли эди.

Мен Байтилда кирхонада, кейин эса котиб бўлиб хизмат қилардим. Лесли эса Гатинода (Квебек) махсус кашшофликни бошлаганди. Мен тез-тез у нималар билан банд экан, тўғри қарор чиқардимми, деб ўйлардим. Кейин ҳаётимда кутилмаган ажойиб бир воқеа юз берди. Леслининг акаси Рейни ҳам Байтилга таклиф қилишди. У ҳамсоям бўлди. Шундай қилиб, Лесли билан яна мулоқот қиладиган бўлдик. Биз 1971 йили 27 февралда тўрт йил давом этган хизматимнинг охирги кунида турмуш қурдик.

Туман нозирлик хизмати, 1975 йил

Лесли иккаламизни Квебекдаги француз тилидаги жамоатга тайинлашди. У ерда бир неча йил хизмат қилганимиздан кейин мени туман нозирлик хизматига таклиф қилишди. Ўшанда 28 ёшда эдим ва ўзимни жуда ёш ҳамда тажрибасиз деб ҳисоблардим. Лекин Еремиё 1:7, 8 даги сўзлар менга далда берганди. Қолаверса, Лесли бир неча маротаба автоҳалокатга учраганди ва ухлашга қийналарди. Шунга туман нозирлик ишини қандай бажара оламиз, деб ўйлардим. Бунга қарамай Лесли: «Буни Яҳова таклиф қилаётган экан, қилиб кўрсак-чи?!» — деб айтди. Биз бу таклифни қабул қилдик ва 17 йил давомида туман нозирлик хизматидан завқ олдик.

Туман нозири бўлганимда жуда банд эдим ва Лесли билан кўпроқ вақт ўтказа олмасдим. Ўшанда бошқа бир сабоқ олгандим. Душанба куни эрталаб эшик жиринглади. У ерда ҳеч ким йўқ эди. Фақат сават турганди. Унинг ичида дастурхон, мева, пишлоқ, нон, шароб, стаканлар ва кимдан экани ёзилмаган бир қоғозча бор эди. Қоғозчада: «Хотинингиз билан табиат қўйнига боринглар»,— деб ёзилганди. Ўша кун жуда қуёшли ва ёқимли эди. Аммо Леслига нутқлар тайёрлашим кераклигини ва бора олмаслигимизни айтдим. У мени тушунди, бироқ кайфияти оз-моз бузилди. Нутқ тайёрлашга ўтирганимда виждоним қийнай бошлади. Шунда Эфесликларга 5:25, 28 ни эсладим. Яҳованинг ўша сўзлари хотинимнинг ҳиссий эҳтиёжларини инобатга олишга ундади. Ибодат қилгач, Леслига: «Юринг кетдик»,— дедим ва у роса суюнди. Сўнг дарё бўйида шинамгина бир жой топиб, дастурхон ёздик ва энг ажойиб кунни бирга ўтказдик. Ўша куни нутқларни тайёрлашга ҳам улгурдим.

Туман нозирлик хизматида Британия Колумбиясидан Ньюфаундлендгача бўлган ҳудудда кўп жойларга ташриф буюрдик ва бу бизга қувонч келтирарди. Ёшлигимда орзу қилгандек саёҳат қилардим. Гилад мактаби ҳақида ҳам ўйлардим, лекин бизни бошқа мамлакатга тўла вақтли махсус ваъзгўй сифатида тайинлашларини истамасдим. Бундай ваъзгўйлар менга ўзгача инсонлардай кўринарди ва бу хизмат учун ўзимни лаёқатсиз ҳис қилардим. Бундан ташқари, касаллик кенг тарқалган ва уруш бўлаётган Африканинг бирон-бир мамлакатига юборишларидан қўрқардим. Канадада жуда бахтиёр эдим.

ЭСТОНИЯ ВА БАЛТИКАГА КУТИЛМАГАН ТАКЛИФ

Балтика мамлакатлари бўйлаб саёҳат

1992 йили собиқ Совет Иттифоқига кирган баъзи давлатларда Яҳова Шоҳидларининг фаолияти қайта йўлга қўйила бошлади. Ўшанда биродарлар бизга Эстонияга кўчиб бориб, у ерда тўла вақтли махсус ваъзгўйлар сифатида хизмат қилишни таклиф қилишди. Бундан ҳайрон қолдик ва бу ҳақда ибодат қилдик. Буни Яҳова таклиф қилаётган экан, қилиб кўрсак-чи, деган фикр устида қайта-қайта ўйлардик. Натижада бу таклифни қабул қилдик. Мен ахир Африкага кетмаяпмиз-ку, деб айтардим.

Шу заҳотиёқ эстон тилини ўрганишни бошладик. Бир неча ойдан кейин у ерда туман нозирлик хизматида қатнашишимизни сўрашди. Биз Балтика мамлакатлари, жумладан, Калининграддаги (Россия) тахминан 46 та жамоат ва гуруҳларга ташриф буюрганмиз. Бунинг учун латиш, литва ва рус тилларини ўрганиш керак эди. Бу жуда қийин эди. Дўстларимизга бу ҳаракатларимиз қаттиқ таъсир қилган ва улар бизга ёрдам беришган. 1999 йили Эстонияда филиалимиз очилди ва қўмитага мен, Томас Эдур, Лембит Рели ҳамда Томми Каюко тайинландик.

Чапда: Литвада бўлган анжуманда нутқ сўзлаяпман

Ўнгда: Эстонияда 1999 йили ташкиллаштирилган Филиал қўмитаси

Биз авваллари Сибирга сургун қилинган Шоҳидлар билан танишдик. Улар қамоқхонада кўрсатилган қўпол муносабат ва оила аъзоларидан узоқда бўлишига қарамай, жаҳлдор инсонга айланиб қолишмаган. Ўша имондошларимиз хизматда қувонч ва ғайратни йўқотишмаган. Бу бизга ҳар қандай қийин вазиятларда бардошли бўлиб, хурсандчиликни сақлаб қолиш мумкинлигини кўришга ёрдам берди.

Йиллар давомида анча хизмат қилиб, дам олишга кўп вақт ажратмас эдик. Бу туфайли Лесли кучли чарчоқни ҳис қиларди. Бу фибромиалгия касаллиги туфайли бўлаётганини бошида тушунмадик. Кейин Канадага қайтиш борасида жиддий ўйлай бошладик. Бизни Паттерсонга (Нью-Йорк) қўшимча таълим олиш учун мактабга таклиф қилишганида, у ерга бора олмасак керак, деб ўйладим. Аммо бу ҳақда сидқидилдан ибодат қилгач, таклифни қабул қилдик. Яҳова қароримизга барака берди. Лесли таълим давомида керакли тиббий муолажани ҳам олди. Бу туфайли биз хизматимизни олдингидай давом эттира олдик.

БОШҚА КУТИЛМАГАН ЖОЙ — БОШҚА ҚИТЪА

2008 йили кечаларнинг бирида Эстонияда бўлганимда Халқаро бош идорадан менга қўнғироқ қилишди ва Конгода хизмат қилиш борасида фикримни сўрашди. Бу мен учун кутилмаган эди. Нега деганда, кейинги куни жавобини айтишим керак эди. Леслига бу ҳақда индамадим, чунки буни эшитса кечаси билан ухламай чиқади, деб ўйладим. Аммо ўзим Африка борасидаги хавотирларим ҳақида ибодат қилганим учун туни билан ухламай чиқдим.

Эртаси куни Леслига бу ҳақда айтганимдан сўнг, шундай хулосага келдик: «Яҳова бизни Африкага таклиф қиляпти. Унинг таклифини қабул қилмай туриб, буни уддалай олмаслигимизни ва қувонч топа олишимиз мумкинлигини қаердан биламиз?!» Шундай қилиб, Эстонияда 16 йил хизмат қилгач, Киншасага (Конго) учиб кетдик. У ердаги филиал ям-яшил ўсимликларга тўла ва сокин жой эди. Хонамизга кирганимизда Лесли биринчи навбатда Канадани тарк этганимиздан бери сақлаб юрган откриткани чиқариб осиб қўйди. У ерда қуйидагича ёзилганди: «Экилган жойингда гуллаб яшна». Биродарлар билан учрашгач, Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказгач ҳамда тўла вақтли махсус ваъзгўй сифатида қувончни ҳис қилгач, хурсандчилигимизга хурсандчилик қўшилди. Шунингдек, Африканинг тахминан 13 та мамлакатидаги филиалларга ташриф буюриш шарафига эга бўлдик. Бу орқали турли ажойиб инсонларни учратдик. Африка борасидаги хавотирларим ғойиб бўлди ва Яҳова бизни хизмат қилиш учун бу ерга юборганидан миннатдор эдик.

Конгода бизга еб кўриш учун турли овқатларни, жумладан, ҳашаротларни таклиф қилишарди. Тўғриси, уларни ея олмаймиз, деб ўйлардим. Лекин имондошларимиз бу нарсаларни маза қилиб еяётганини кўриш бизни ҳам уларни тотиб кўришга ундади ва бундан ҳечам афсусланмаймиз.

Имондошларга далда бериб, уларга керак бўлган нарсаларни етказиш учун мамлакатнинг шарқига боргандик. У ерда партизанлар тўдалари қишлоқларга ҳужум қилиб, аёллару болаларга зиён етказганди. Кўп биродарларимиз камбағал яшаган, лекин тирилишга бўлган мустаҳкам умиди, Яҳовага бўлган севгиси ва ташкилотга нисбатан садоқати бизга қаттиқ таъсир қилган. Уларнинг ўрнаги имонимизни текширишга ва уни мустаҳкамлашга ундаган. Баъзи биродарлар уйидан ва ҳосилидан маҳрум бўлган. Бу менга моддий нарсаларимиз тезда йўқ бўлиб кетишини ва маънавий бойлик қанчалик муҳим эканини эслатган. Оғир қийинчиликлар остида ҳам биродарлар камдан-кам нолишган. Уларнинг нуқтаи назари бизга қийинчиликларимизни ва соғлик муаммоларимизни жасорат ила енгишга кўмаклашган.

Чапда: Муҳожирлар гуруҳи учун нутқ сўзлаяпман

Ўнгда: Дунгуга (Конго) гуманитар ёрдам ва дори-дармонларни олиб кетяпмиз

ОСИЁГА ТАЙИНЛАНИШ

Бундан кейин бошқа кутилмаган нарса содир бўлди. Биздан Гонконгдаги филиалга боришни сўрашди. Осиёда яшашни хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик. Лекин турли вазифаларимизни бажаришда Яҳованинг севги ила берган ёрдамини кўрганимиздан кейин Унинг таклифини қабул қилдик. 2013 йили бизни нима кутаётганини билмай, қадрдон дўстларимиз билан хайрлашиб, гўзал Африкани тарк этдик.

Гонконг сершовқин ва ҳар хил миллат вакиллари яшайдиган шаҳар. У ерда яшашга мослашиш осон бўлмаганди ва хитой тили биз учун жуда мушкул эди. Биродарларимиз бизни илиқ қарши олганди. Маҳаллий таомлар ҳам бизга ёққанди. У ердаги филиалимизда кўпгина ишлар қилинган эди, бироқ шу билан бирга мол-мулк учун нарх-наволар қимматлашиб кетаётган эди. Шунинг учун Етакчи кенгаш филиалнинг аксар қисмини сотиш борасида доно қарор чиқарди. Кўп вақт ўтмай, 2015 йили биз Жанубий Кореяга кўчдик ва у ерда хизмат қилишни давом эттиряпмиз. Бу ерда ҳам тил билан боғлиқ муаммога дуч келяпмиз. Аммо корейс тилида унча яхши гапира олмасак ҳам имондошларимиз бу борада яхшиланаётганимизни айтиб, бизга далда беришади.

Чапда: Гонконгда

Ўнгда: Кореядаги филиал

ОЛГАН САБОҚЛАРИМИЗ

Янги дўстлар орттириш доим ҳам осон эмас. Лекин бошқаларни меҳмонга чақириш орқали улар билан тезроқ танишиш мумкинлигини ўргандик. Шунингдек, имондошларимизнинг ўзаро фарқли томонларидан кўра, умумий томонлари кўпроқ эканини кўрдик. Яҳова бизни бағримизни кенг очиш ва дўстларимизга боғланиш ҳисси билан яратгани жуда ажойиб. (2 Кор. 6:11)

Биз Яҳова каби одамларни қабул қилишимиз кераклигини тушундик. Қолаверса, севгисининг белгиларини ва У бизни йўналтираётганини кўришимиз кераклигини англадик. Руҳимиз тушганида ёки ўзимизни кераксиздек ҳис қилганимизда дўстларимизнинг далдали откриткаларини ёки хатларини қайта ўқиймиз. Яҳова Ўз севгисига ишонтириб, бизни мустаҳкамлаётганини ва ибодатларимизга жавоб бераётганини ҳис қилдик.

Йиллар давомида Лесли ва мен қанчалик банд бўлишимиздан қатъи назар бир-биримизга вақт ажратиш жуда муҳим эканига амин бўлдик. Шунингдек, айниқса, янги тил ўрганганда ўзимизнинг устимиздан кулиб туриш кераклигини ҳам тушундик. Ҳар тунда ёқимли бирон нарсани эслашга ҳаракат қилиб, бу учун Яҳовага миннатдорчилик билдирамиз.

Ростини айтсам, тўла вақтли махсус ваъзгўй бўла оламан ёки бошқа мамлакатларда яшай оламан, деб ўйламасдим. Яҳованинг ёрдами билан барча нарсанинг имкони борлигини кўрганимда қувончни ҳис қилдим. Еремиё пайғамбарнинг қуйидаги сўзлари хаёлимга келади: «Эй Яҳова, Сен мени алдадинг». (Ерм. 20:7) Ҳа, У бизга кўпгина ёқимли кутилмаган топшириқлар ва тасаввур қилиб бўлмайдиган баракалар берди. У ҳатто самолётда саёҳат қилиш орзуимни амалга оширди. Бешта қитъадаги филиалларга ташриф буюрганимизда болалигимда тасаввур қилганимдан ҳам кўпроқ жойларга бордик. Хизматимиз мобайнида Лесли ёрдам бераётганини ва тайёрлик руҳини намоён этаётганини жудаям қадрлайман.

Ким учун ва нега бу ишларни қилаётганимизни доим ўзимизга эслатиб турамиз. Биз ҳозир баҳраманд бўлаётган баракалар келажакда абадий ҳаёт ажойиб бўлишини кўрсатяпти. Ўшанда Яҳова қўлини очиб «ҳар бир тирик жоннинг истагини» қондиради. (Заб. 145:16)