Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

24-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

24-ҚЎШИҚ Яҳованинг тоғига келинг

Тоабад Яҳованинг меҳмони бўлинг

Тоабад Яҳованинг меҳмони бўлинг

Эй Яҳова, чодирингда ким меҳмон бўлади? (ЗАБ. 15:1)

НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?

Яҳова билан дўст бўлиб қолишимиз учун нималар қилишимиз кераклигини ҳамда Унинг дўстларига У қандай муносабатда бўлишимизни исташини билиб оламиз.

1. Забур 15:1–5 даги сўзлар бизга нега ёрдам бериши мумкин?

 ЎТГАН мақолада ҳаётини Яҳовага бағишлаган хизматчилар мажозий чодирда меҳмон бўлиши учун У билан яқин муносабатларга эга бўлиши кераклигини билиб олдик. Хўш, бунинг учун нима қилишимиз керак? Забурнинг 15-саносида бу ҳақда айтилган. (Забур 15:1–5 ни ўқинг.) У ерда Худо билан яқин муносабатларга эга бўлишимизга кўмаклашадиган амалий маслаҳатлар келтирилган.

2. Довуд Яҳованинг чодирини тилга олганда, нима ҳақида ўйлаган бўлиши мумкин?

2 Забурнинг 15-саноси: «Эй Яҳова, чодирингда ким меҳмон бўлади? Муқаддас тоғингда ким яшайди?» — деган сўзлар билан бошланади. (Заб. 15:1) Сано бастакори Довуд Яҳованинг «чодири»ни тилга олганда, эҳтимол, Гивонда вақтинчалик ўрнатилган чодир ҳақида ўйлаган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, у Худонинг «муқаддас тоғи»ни тилга олган. Афтидан, у Қуддусдаги Сион тоғига ишора қилган. Гивоннинг жанубидан бир неча километр узоқликда жойлашган бу ерда Довуд маъбад қуриб битказилмагунча чодир ўрнатган ва аҳд сандиғини ўша ерга жойлаштирган. (2 Шоҳ. 6:17)

3. Нега Забурнинг 15-саносини тушунишни истаймиз? (Расмга ҳам қаранг.)

3 Албаттаки, аксарият исроилликлар муқаддас чодирда ҳеч қачон хизмат қилмаган. Фақат камчилик аҳд сандиғи турган муқаддас чодир ичига кира олган. Бироқ Яҳованинг барча садоқатли хизматчилари Унинг дўсти бўлиб қолиш орқали мажозий чодирда меҳмон бўлиши мумкин эди. Шубҳасизки, буни ҳар биримиз истаймиз. Забурнинг 15-саносида Яҳова билан дўст бўлиб қолишимиз учун ривожлантиришимиз ва кўрсатишимиз керак бўлган айрим фазилатлар тилга олинган.

Довуднинг даврида исроилликлар Яҳованинг чодирида меҳмон бўлиш нимани англатишини осонликча тасаввур қила олишган (3-хатбошига қаранг.)


БЕНУҚСОН ҲАЁТ КЕЧИРИБ, ТЎҒРИ ИШЛАР ҚИЛИНГ

4. Яҳова биздан сувга чўмишдан кўпроғини талаб қилаётганини қаердан биламиз? (Ишаё 48:1)

4 Забур 15:2 да Худонинг дўсти «бенуқсон ҳаёт кечирадиган, тўғри ишлар қиладиган» киши сифатида тилга олинган. «Ҳаёт кечирадиган» ва «қиладиган» сўзлари мунтазам ҳамда давомий ҳаракатга ишора қилади. Аммо чиндан ҳам бенуқсон ҳаёт кечира оламизми? Албатта! Тўғри, ҳеч бир инсон мукаммал эмас. Лекин Яҳовага итоатли бўлиш учун қўлимиздан келганини қилганимизда, У бизни бенуқсон деб билади. Ўзимизни Унга бағишлаб, сувга чўмганимизда бу У билан бўлган саёҳатимизнинг бошланиши бўлган, холос. Масалан, қадимда киши исроиллик бўлгани учунгина Яҳованинг меҳмони бўлиб қолмаган. Баъзилар Унга ёлворган, аммо «буни ҳақиқат ва одиллик ила» қилмаган. (Ишаё 48:1 ни ўқинг.) Самимий исроилликлар Яҳованинг талаблари ҳақида ўрганиши ва уларга амал қилиши керак эди. Шу сингари, бугун ҳам Худо бизни маъқуллашини истасак, сувга чўмишдан, Унинг Шоҳиди деб аталишдан кўпроғини қилишимиз лозим. Биз «тўғри ишлар қил»ишимиз керак. Хўш, буни қай йўсин қила оламиз?

5. Яҳовага барча нарсада итоат қилиш нимани англатади?

5 Яҳованинг назарида «бенуқсон ҳаёт кечир»иш ва «тўғри ишлар қил»иш жамоат учрашувларига мунтазам равишда боришдан кўпроқ нарсани ўз ичига олади. (1 Шоҳ. 15:22) Ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида, ҳатто ёлғиз қолганимизда ҳам, Яҳовага қулоқ солишга интилишимиз лозим. (Ҳик. 3:6; Воиз 12:13, 14) Бизга кичикдек туюлган масалаларда ҳам, Худога итоаткор бўлишимиз муҳим. Бундай қилиб, Яҳовани чиндан ҳам севишимизни кўрсатамиз. Ўз навбатида, бу Унинг бизга бўлган севгисини янада оширади. (Юҳан. 14:23; 1 Юҳан. 5:3)

6. Ибронийларга 6:10–12 га кўра, илгари қилган ҳар қандай яхши ишимиздан ҳам нима муҳимроқ?

6 Яҳова ўтмишда У учун қилган ишларимизни жуда қадрлайди. Аммо ўтмишда имонимизни кўрсатганимиз учунгина Яҳованинг чодирида меҳмон бўлиб қолмаймиз. Буни Ибронийларга 6:10–12 дан аниқ кўряпмиз. (Ўқинг.) Яҳова яхши ишларимизни унутмайди. Лекин шу билан бирга «охиригача» Унга бутун қалбимиз билан топинишимизни истайди. «Агар бўшашмасак», У тоабад биз билан дўст бўлади. (Галат. 6:9)

ҚАЛБИНГИЗДА ҲАҚИҚАТНИ ГАПИРИНГ

7. Қалбимизда ҳақиқатни гапириш нимани ўз ичига олади?

7 Кимдир Яҳованинг чодирида меҳмон бўлишни истаса, «қалбида ҳақиқатни гапир»иши лозим. (Заб. 15:2) Бу ёлғон гапиришдан кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Яҳова ҳар нарсада ростгўй ва ҳалол бўлишимизни истайди. (Иброн. 13:18) Бу муҳим. «Сабаби, Яҳова маккор одамдан нафратланади, тўғри киши билан эса яқин дўст бўлади». (Ҳик. 3:32)

8. Қандай хатти-ҳаракатлардан қочишимиз керак?

8 Қалбида ҳақиқатни гапирганлар бошқаларнинг олдида ўзини Худога итоатлидай тутиб, ёлғиз қолганда эса Унинг қонунларини бузишмайди. (Ишаё 29:13) Улар айёрлик ила йўл тутишдан қочишади. Айёр одам Яҳованинг баъзи қонунлари доно эканини шубҳа остига қўйиши мумкин. (Ёқб. 1:5–8) Бундай киши унга аҳамиятсиздай туюлган масалаларда Худога итоатсизлик қилиши мумкин. Қилмишининг оқибатларини кўрмаганида эса янада баттар ишларга қўл уриши ҳеч гап эмас. Эҳтимол, бундай одам «Яҳовага топиняпман» деб ўйлар. Аммо Худо унинг топинишини қабул қилмайди. (Воиз 8:11) Биз эса барча нарсада ҳалол ва ростгўй бўлишни истаймиз.

9. Исо илк бор Натанил билан кўришганидан қандай сабоқ олишимиз мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)

9 Киши самимий бўлиши қанчалик муҳим эканини Исо Натанил билан биринчи марта учрашган воқеадан билсак бўлади. Филип дўсти Натанилни Исо билан таништириш учун олиб келганида, ажойиб воқеа юз берди. Исо уни ҳеч қачон кўрмаган бўлса-да, у ҳақда: «Ана, ҳақиқий исроиллик, унда ҳечам айёрлик йўқ»,— деди. (Юҳан. 1:47) Албатта, Исо бошқа шогирдларини ростгўй ва ҳалол деб билган. Лекин Натанилни янада самимийроқ эканини кўрган. Натанил биз каби номукаммал бўлган. Бироқ у иккиюзламачилик қилмай, ростгўй ва ҳалол ҳаёт кечирган. Исо бундан хурсанд бўлиб, уни мақтаган. Шубҳасизки, барчамиз у биз ҳақимизда ҳам шундай фикрда бўлишини хоҳлаймиз.

Филип айёрлиги йўқ бўлган дўсти Натанилни Исо билан таништиряпти. Биз ҳақимизда ҳам шундай дейиш мумкинми? (9-хатбошига қаранг.)


10. Нима деб айтаётганимиз борасида нега эҳтиёткор бўлишимиз керак? (Ёқуб 1:26)

10 Забурнинг 15-саносидаги талабларнинг аксарияти бошқаларга қандай муносабатда бўлишимиз билан боғлиқ. Масалан, Забур 15:3 да Яҳованинг чодиридаги меҳмон «тили билан ўзгаларга туҳмат қилмайди, ўз яқинига ҳеч қандай ёмонлик қилмайди, дўстларини бадном қилмайди» дейилган. Агар бошқаларга туҳмат қилсак, уларга зарар етказишимиз мумкин ва Яҳованинг чодирида меҳмон бўла олмаймиз. (Ёқуб 1:26 ни ўқинг.)

11. Туҳмат қилиш нима дегани ва тавба қилмаётган туҳматчиларга нисбатан қандай чора кўрилади?

11 Сано бастакори «туҳмат қилиш» иборасига алоҳида урғу берган. Қизиқ, туҳмат ўзи нима дегани? Умумий қилиб айтганда, туҳмат бировнинг обрўйини тўкиш учун ёлғон гапириш дегани. Тавба қилмаган туҳматчилар жамоатдан четлатилади. (Ерм. 17:10)

12, 13. Қайси айрим вазиятларда ўзимиз билмаган ҳолда дўстларимизнинг обрўйини тўкишимиз мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)

12 Забур 15:3 га кўра, Яҳованинг меҳмонлари ўз яқинига ҳеч қандай ёмонлик қилмайди ва дўстларини бадном қилмайди. Хўш, бу нимани ўз ичига олади?

13 Бирон ким ҳақида нотўғри маълумот тарқатиб, ўзимиз билмаган ҳолда унинг обрўйини тўкишимиз мумкин. Айтайлик, опамиз тўла вақтли хизматни тўхтатди, жуфтлик Байтил хизматини тугатди ёки биродар энди оқсоқол ё жамоат хизматкори эмас. Улар ниманидир нотўғри қилгани учун шундай бўлди, деб айтиш нотўғри бўларди. Бундай ўзгаришлар бўлиши учун қандайдир сабаблар бордир ва биз улардан бехабардирмиз. Дарҳақиқат, Яҳованинг чодиридагилар «ўз яқинига ҳеч қандай ёмонлик қилмайди, дўстларини бадном қилмайди».

Бошқалар ҳақида салбий маълумотларни тарқатиш жуда осон ва бу туҳматга айланиши мумкин (12-, 13-хатбошиларига қаранг.)


ЯҲОВАДАН ҚЎРҚАДИГАНЛАРНИ ҲУРМАТ ҚИЛИНГ

14. Яҳованинг меҳмонлари «разил кимсаларни» қандай рад этишини тушунтиринг.

14 Забур 15:4 да Яҳованинг дўсти «разил кимсаларни... рад этади» деб ёзилган. Буни қанақасига қила оламиз? Номукаммал эканмиз, кимнидир разил ёки разил эмас, деб айтишга ҳақли эмасмиз. Нега деганда, ким биландир келишиш осон бўлгани учун уни яхши кўришимиз, бошқаси эса ғашимизни келтиргани учун унча ёқтирмаслигимиз мумкин. Шундай экан, фақатгина Яҳова «разил» деб топган одамларни рад этишимиз лозим. (1 Кор. 5:11) Бундайлар қаторига тавба қилмай, ёмон ишлар қилишда давом этаётганлар, имонимизу эътиқодимизни ҳурмат қилмайдиганлар ва маънавийлигимизга путур етказмоқчи бўлганлар киради. (Ҳик. 13:20)

15. «Яҳовадан қўрқадиганларга» ҳурмат кўрсатилишининг йўлларидан бири қандай?

15 Забур 15:4 бизни «Яҳовадан қўрқадиганларга... ҳурмат кўрсат»ишга ундаяпти. Шундай экан, Яҳованинг дўстларига меҳрибонлик ва ҳурмат кўрсатиш йўлларини излаймиз. (Рим. 12:10) Қандай қилиб? Забур 15:4 га биноан, бунинг йўлларидан бири Яҳованинг чодирида меҳмон бўлган киши «ўз зарарига бўлса-да, берган ваъдасининг устидан чиқади». Ваъдамиз устидан чиқмасак, бошқаларга зарар келтирамиз. (Мат. 5:37) Мисол учун, Яҳова меҳмонларидан улар никоҳ ваъдаси бўйича яшашларини кутади. Қолаверса, ота-оналар ҳам фарзандларига берган ваъдаси устидан чиқиши учун жон куйдиришганда, Яҳова бундан мамнун бўлади. Худо ва яқинимизга бўлган севги бизни ваъдамизда туришга ундайди.

16. Яҳованинг дўстларига яна қандай қилиб ҳурмат кўрсатиш мумкин?

16 Худонинг дўстларига ҳурмат кўрсатишнинг бошқа бир йўли меҳмондўст ва сахий бўлишдир. (Рим. 12:13) Йиғилишлар ва хизматдан ташқари, биродару опа-сингилларимиз билан бирга вақт ўтказсак, улар ҳамда Яҳова ўртасидаги дўстлик ришталаримиз мустаҳкамланади. Бундан ташқари, меҳмондўстлик кўрсатиб, Худога тақлид қилган бўламиз.

ПУЛПАРАСТЛИКДАН ХОЛИ БЎЛИНГ

17. Нега Забурнинг 15-саносида пул мавзуси тилга олинган?

17 Забур 15:5 га кўра, Яҳованинг меҳмони «фойда кўриш учун қарзга пул бермайди, айбсизни қоралаш учун пора олмайди». Нега Забурнинг бу саносида пул ҳақида гап кетяпти? Сабаби пулга нисбатан нотўғри нуқтаи назар бошқаларни жароҳатлаши ва Яҳова билан бўлган муносабатларга путур етказиши мумкин. (1 Тим. 6:10) Қадимда баъзилар камбағал биродарларидан фойдаланиб, уларга фоизга пул берган. Қолаверса, баъзи ҳакамлар пора олиб, кейин беайб жабрдийдаларни адолатсизларча ҳукм қилган. Яҳова бундай ишлардан нафратланади. (Ҳиз. 22:12)

18. Пул борасида нуқтаи назаримиз қандай эканини билиш учун ўзимиздан нима деб сўрашимиз мумкин? (Ибронийларга 13:5)

18 Пулга бўлган нуқтаи назаримизни текшириб турсак, яхши бўларди. Ўзингизга қуйидаги саволларни беринг: «Пул ва унга нималар харид қилиш мумкинлиги ҳақида тез-тез ўйлайманми? Агар бировдан пул олсам, у бу пулга муҳтож эмас, деб уни қайтаришни чўзиб юраманми? Пулим борлиги учун ўзимни бошқалардан муҳимроқ деб биламанми? Сахийлик кўрсатиш мен учун қийинми? Биродару опа-сингилларимнинг пули бўлгани учунгина уларни пулпараст, деб ҳисоблайманми? Фақатгина ўзига тўқ яшайдиганлар билан дўстлашиб, оддий яшайдиганларга эса эътибор қилмайманми?» Биз Яҳованинг меҳмонлари бўлиш каби ажойиб шарафга эгамиз! Ҳаётимиз пулга бўлган севгидан холи бўлса, бу шарафни ҳимоялай оламиз. Агар шундай қилсак, Яҳова бизни ҳечам ташлаб кетмайди. (Ибронийларга 13:5 ни ўқинг.)

ЯҲОВА ДЎСТЛАРИНИ ЯХШИ КЎРАДИ

19. Нега Яҳова Забурнинг 15-саносида ёзилган барчасини қилишимизни истаяпти?

19 Забурнинг 15-саноси қуйидаги ваъда билан якунланади: «Буларга амал қилган киши асло тебранмайди». (Заб. 15:5) Бу ерда сано бастакори Худонинг талаблари ортидаги асосий мақсадни очиб берган. Яҳова бахтли бўлишимизни истайди. Шу сабабли У барака ва ҳимояга эга бўлишимиз учун йўл-йўриқ беряпти. (Ишаё 48:17)

20. Яҳованинг меҳмонлари нимани интиқиб кутиши мумкин?

20 Яҳованинг меҳмонлари порлоқ келажакни интиқиб кутишлари мумкин. Садоқатли мойланганлар Исо самода улар учун тайёрлаб қўйган «турар жой»га эга бўлишади. (Юҳан. 14:2) Ер юзида яшаш умидига эга бўлганлар эса Ваҳий 21:3 даги ваъдалар амалга ошишини сабрсизлик ила кутишади. Шубҳасизки, барчамиз Яҳованинг дўстлари, яъни Унинг чодиридаги тоабад меҳмонлари бўлиш таклифини юқори қадрлаймиз!

39-ҚЎШИҚ Худо олдида яхши номга эга бўлайлик