Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

23-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

28-ҚЎШИҚ Яҳова, ким дўстинг эрур?

Яҳова Унинг меҳмонлари бўлишимизни истайди

Яҳова Унинг меҳмонлари бўлишимизни истайди

Чодирим улар билан бўлади. Мен уларнинг Худоси, улар эса Менинг халқим бўлишади. (ҲИЗ. 37:27)

НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?

Яҳованинг рамзий чодирида Унинг меҳмонлари бўлиш таклифи ҳамда У Мезбон сифатида бизга ғамхўрлик қилаётгани учун миннатдорчилигимизни қандай оширишни билиб оламиз.

1, 2. Яҳова содиқ хизматчиларига нимани таклиф қиляпти?

 «ЯҲОВА сиз учун ким?» — деб сўрашса, қандай жавоб берардингиз? Эҳтимол: «У Худойим, Отам ва Дўстим»,— деб айтарсиз. Шунингдек, Унга нисбатан қўллаш мумкин бўлган бошқа унвонларини ҳам айтарсиз. Бироқ Яҳовани Мезбонингиз деб билармидингиз?

2 Шоҳ Довуд Яҳованинг садоқатли топинувчилари билан бўлган дўстлигини мезбон ва меҳмон ўртасидаги муносабатлар билан солиштирган. У шундай деган: «Эй Яҳова, чодирингда ким меҳмон бўлади? Муқаддас тоғингда ким яшайди?» (Заб. 15:1) Ушбу илоҳий илҳом остида ёзилган сўзлардан Яҳованинг меҳмонлари — дўстлари бўлишимиз мумкинлигини билиб оляпмиз. Бу нақадар улкан шараф!

ЯҲОВА УНИНГ МЕҲМОНИ БЎЛИШИМИЗНИ ИСТАЙДИ

3. Яҳованинг илк меҳмони ким бўлган ва У ҳамда Унинг меҳмони ўзаро нима ҳис қилишган?

3 Яҳова барча нарсани яратишдан олдин ёлғиз Ўзи эди. Лекин кейинроқ У мажозий чодирига тўнғич Ўғлини таклиф қилди. Яҳова янги вазифасидан, яъни Мезбон бўлишдан мамнуният топган. Муқаддас Китобга кўра, У Ўғли туфайли қувонган. Ўз навбатида, у ҳам илк меҳмон сифатида Яҳованинг «ҳузурида ҳамиша шод-хуррам юр»ган. (Ҳик. 8:30)

4. Яна кимлар Яҳованинг меҳмони бўлди?

4 Кейин Яҳова руҳий мавжудотларни яратган ва уларни ҳам меҳмонлари бўлишга таклиф қилган. Фаришталар «Тангрининг... ўғиллари» деб аталган ва улар Унинг ҳузурида бўлишдан бахтиёр. (Аюб 38:7; Дон. 7:10) Муайян вақтгача фақатгина осмондаги руҳий мавжудотлар Яҳованинг дўстлари бўла олишган. Кейинчалик эса Худо одамларни яратган ва улар ҳам Унинг меҳмонлари бўла олишган. Бундай шарафга сазовор бўлганлар орасида Ханўх, Нуҳ, Иброҳим ва Аюб бўлган. Улар Худонинг дўстлари ёки «Худога ҳамроҳ бўлиб» яшаганлар деб аталган. (Ибт. 5:24; 6:9; Аюб 29:4; Ишаё 41:8)

5. Ҳизқиё 37:26, 27 даги башоратдан нимани ўрганишимиз мумкин?

5 Асрлар давомида Яҳова дўстларини меҳмонлари сифатида таклиф қилишда давом этяпти. (Ҳизқиё 37:26, 27 ни ўқинг.) Мисол учун, Ҳизқиёнинг башоратидан кўришимиз мумкинки, У садоқатли хизматчилари билан яқин муносабатларга эга бўлишни жуда истайди. Яҳова «улар билан тинчлик аҳдини қил»ишга ваъда берган. Бу башорат Унинг самода ва ер юзида яшашга умиди бўлган хизматчилари «бир сурув» сифатида мажозий чодирда бирлашадиган пайтга ишора қилади. (Юҳан. 10:16) Бу айни пайтда рўй беряпти.

ҚАЕРДА БЎЛМАЙЛИК, ХУДО БИЗГА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛАДИ

6. Қай йўсин кимдир Яҳованинг чодирида меҳмон бўлиши мумкин ва Унинг чодири қаерда жойлашган?

6 Қадимда кишининг чодири дам оладиган ва ёмон об-ҳаводан ҳимоялайдиган жой бўлган. Чодирдаги меҳмон унга яхши ғамхўрлик қилишларини кутиши мумкин эди. Ҳаётимизни Яҳовага бағишлаганимизда, мажозий чодиридаги меҳмонларга айланамиз. (Заб. 61:4) Мўл-кўл маънавий озуқадан ва Яҳованинг бошқа меҳмонлари билан дўст бўлишдан завқ топамиз. Унинг мажозий чодири муайян жойда ўрнатилмаган. Бошқа юртга, эҳтимол, махсус анжуманга борганингизда, бундай чодирда бўлиш шарафига эга бўлганларни учратгандирсиз. Ҳа, қаерда Яҳованинг садоқатли хизматчилари бўлса, ўша ерда Унинг чодири ҳам бўлади. (Ваҳ. 21:3)

7. Нега ҳаётдан кўз юмган содиқ хизматчилар Яҳованинг чодирида ҳалиям меҳмон деб айта оламиз? (Расмга ҳам қаранг.)

7 Хўш, ҳаётдан кўз юмган садоқатли хизматчилар ҳақида нима деса бўлади? Улар ҳанузгача Яҳованинг чодирида деб айтиш оқилона бўладими? Ҳа. Нега бундай дея оламиз? Сабаби улар Яҳованинг хотирасида тирикдир. Исо буни шундай тушунтирган: «Ҳатто Мусо пайғамбар ҳам ёнаётган бута ҳақида айтиб бераётганда, Яҳовани “Иброҳимнинг, Исҳоқнинг ва Ёқубнинг Худоси”, деб атаб, ўликлар тирилишига ишора қилган. У ўликларнинг эмас, тирикларнинг Худосидир. Зеро У учун уларнинг ҳаммаси тирикдир». (Луқо 20:37, 38)

Ҳатто ҳаётдан кўз юмган садоқатли хизматчилар Худонинг чодирида меҳмондир (7-хатбошига қаранг.)


ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛАМИЗ, АММО НИМА ҚИЛИШИМИЗ КЕРАК?

8. Яҳованинг меҳмонлари Унинг чодирида бўлишдан қандай фойда олишяпти?

8 Том маънодаги чодир дам оладиган ҳамда ёмон об-ҳаводан ҳимоялайдиган жой бўлгани каби Яҳованинг чодири ҳам меҳмонларини маънавий зарардан ва умидсизликдан ҳимоялайди. Худога яқин бўлиб қолсак, Шайтон бизга абадий давом этиши мумкин бўлган зарар келтира олмайди. (Заб. 31:23; 1 Юҳан. 3:8) Янги дунёда Яҳова садоқатли хизматчиларини нафақат маънавий зарардан, балки ўлимдан ҳам ҳимоялашда давом этади. (Ваҳ. 21:4)

9. Яҳова меҳмонларидан қандай йўл тутишини кутади?

9 Яҳованинг чодирида меҳмон бўлиш — У билан шахсий ва доимий муносабатлардан қувониш биз учун чинакам шараф! Доим Унинг меҳмони бўлишни истасак, нима қилишимиз керак? Агар сизни меҳмонга чақиришса, уй эгаси сиздан нима хоҳлашини билишни истайсиз. Мисол учун, кимнингдир уйига киришдан олдин оёқ кийимингизни ечиш кутилар ва сиз шундай қиласиз. Шу сингари, Яҳованинг чодирида доим меҳмон бўлишни истаган кишилар У улардан нима исташини билишни хоҳлашади. Яҳовага бўлган севгимиз қўлимиздан келганча «Уни ҳар жиҳатдан мамнун қил»ишга ундайди. (Колос. 1:10) Яҳова бизнинг Дўстимиз бўлса-да, У ҳурматга лойиқ Худойимиз ва Отамиз эканини тушунамиз. (Заб. 25:14) Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Чуқур ҳурмат Уни ранжитадиган хулқ-атвордан қочишимизга ёрдам беради. Шубҳасизки, «камтаринлик ила Худога ҳамроҳ бўл»ишни истаймиз. (Михо 6:8)

ЯҲОВА ИСРОИЛ ХАЛҚИГА ЮЗХОТИРЧИЛИК ҚИЛМАГАН

10, 11. Яҳова Синай саҳросида исроилликлар билан қандай муносабат қилган ва қай йўсин бу У юзхотирчилик қилмаслигини тасдиқлаяпти?

10 Яҳова меҳмонларига юзхотирчилик қилмайди. (Рим. 2:11) Худонинг бу фазилати борасида У Синай саҳросида Исроил халқи билан қандай муносабатда бўлганидан билсак бўлади.

11 Яҳова халқини Миср қуллигидан озод этганидан кейин муқаддас чодирда хизмат қилиш учун руҳонийларни тайинлади. Левиларга эса муқаддас чодир билан боғлиқ бошқа вазифаларни топширди. Яҳова бошқаларга қараганда, муқаддас чодир ёки унинг яқинида яшаган кишиларга кўпроқ ғамхўрлик қилганми? Йўқ! Яҳова юзхотирчиликдан холи Худо.

12. Қандай қилиб Яҳова янги ташкил топган Исроил халқига юзхотирчилик қилмаслигини намоён этган? (Чиқиш 40:38) (Расмга ҳам қаранг.)

12 Исроил халқидан бўлган ҳар бир киши ўзгача вазифага эга бўлишидан ёки қаерда яшашидан қатъи назар, Яҳова билан яқин дўст бўлиши мумкин эди. Масалан, Яҳова муқаддас чодир устида мўъжизавий тарзда пайдо бўлган булут устуни ва олов устуни бутун халққа кўринишига ғамхўрлик қилган. (Чиқиш 40:38 ни ўқинг.) Булут янги йўналиш бўйлаб ҳаракатлана бошлаганда, муқаддас чодирдан ҳатто энг узоқда жойлашганлар ҳам уни кўра олишган ва буюмларини, чодирини йиғиб, бутун халқ билан бирга ҳаракатлана олишган. (Саҳ. 9:15–23) Ҳамма йўлга чиқиши керак бўлганида, кумушдан ясалган иккита карнайнинг овозини ҳар бир киши эшита оларди. (Саҳ. 10:2) Шуниси аниқки, муқаддас чодирга яқин яшаш ўз-ўзидан Яҳова билан қалин дўст бўлишни англатмаган. Аксинча, ҳар бир исроиллик Яҳованинг меҳмони бўлиши ҳамда йўл-йўриғию ҳимоясига таяниши мумкин эди. Шу сингари, бугун ҳам ер юзининг қаерида яшамайлик, Яҳова бизни севади, ҳимоялайди ва бизга ғамхўрлик қилади.

Қароргоҳнинг ўртасидаги муқаддас чодир Яҳова юзхотирчилик қилмаслигининг исботи эди (12-хатбошига қаранг.)


ЯҲОВА ҲОЗИР ҲАМ ЮЗХОТИРЧИЛИК ҚИЛМАЙДИ

13. Нега ҳозир ҳам Яҳова юзхотирчилик қилмаётганини айта оламиз?

13 Бугунги кунда Худонинг халқи орасидаги баъзилар Яҳова Шоҳидларининг Халқаро бош идораси ёки филиалга яқин яшайди. Бошқалар эса ушбу биноларда хизмат қилади. Натижада, бундай кишилар ўша бинода олиб борилаётган ишларга кўмаклашишади ва бошчиликни ўз зиммасига олганлар билан шахсан ҳамкорлик қилишади. Баъзилар туман нозирлик хизматида ёки тўла вақтли махсус хизматнинг бошқа турларида иштирок этади. Бундай хизмат турида бўлмасангиз ҳам, Яҳованинг меҳмони бўлиб қолаверасиз ва У сизни яхши кўради. Худо барчамизга шахсан Ўзи ғамхўрлик қиляпти. (1 Бутр. 5:7) У бутун халқига маънавий озуқа, йўл-йўриқ ва ҳимоя тақдим этяпти.

14. Яҳова яна қайси йўл орқали юзхотир эмаслигини кўрсатяпти?

14 Яҳова Мезбон сифатида юзхотирчилик қилмаслигининг яна бир мисоли У дунёдаги барча одамлар Муқаддас Китобни ўқий олишига ғамхўрлик қилганидир. Муқаддас Ёзувлар аслида учта тилда ёзилган: ибронийча, оромийча ва юнонча. Хўш, Муқаддас Китобни бу тилларда ўқий оладиганлар уни бундай қила олмайдиганларга қараганда, Яҳова билан яқинроқ муносабатларга эгами? Асло! (Мат. 11:25)

15. Яҳованинг донолигидан кимлар фойда олади ва қай йўсин бу Унинг юзхотир эмаслигини кўрсатяпти? (Расмга ҳам қаранг.)

15 Яҳова биз фақат олий маълумотли бўлсак ёки Муқаддас Китоб ёзилган тилларни билсак, бизни дўстлари сифатида таклиф қилмайди. У донолигини фақат ўқимишли кишилар эмас, балки маълумоти қандай бўлишидан қатъи назар, ер юзидаги барча инсонларга беряпти. Унинг илоҳий илҳом остида ёзилган Каломи, яъни Муқаддас Китоб минглаб тилларга ўгирилган. Бу туфайли ер юзидаги барча ундаги таълимотлардан фойда олиши ва У билан қай йўсин дўстлашиши мумкинлигини билиб оляпти. (2 Тим. 3:16, 17)

Нега Муқаддас Китоб минглаб тилларга таржима қилингани Яҳова юзхотирчилик қилмаслигини кўрсатяпти? (15-хатбошига қаранг.)


ЯҲОВАНИНГ МЕҲМОНИ БЎЛИБ ҚОЛИНГ

16. Ҳаворийлар 10:34, 35 га биноан, Яҳовага қай йўсин маъқул кела оламиз?

16 Яҳованинг мажозий чодирида меҳмон бўлиш улкан шараф! У энг меҳрибон, севувчи ва меҳмондўст Мезбондир. Қолаверса, Яҳова юзхотирчилик қилмайди ва яшаш жойимиз, ўтмишимиз, маълумотимиз, ирқимиз, қабиламиз, ёшимиз ёки жинсимизга қарамай, барчамизни қабул қилади. Лекин Унга итоатли бўлганларнигина У меҳмонлари сифатида қабул қилади. (Ҳаворийлар 10:34, 35 ни ўқинг.)

17. Яҳованинг чодирида меҳмон бўлиш борасида қаердан қўшимча маълумот топа оламиз?

17 Забур 15:1 да Довуд қуйидаги саволларни берган: «Эй Яҳова, чодирингда ким меҳмон бўлади? Муқаддас тоғингда ким яшайди?» У илоҳий илҳом остида бу саволларга жавоб берган. Навбатдаги мақолада Яҳованинг дўсти бўлиб қолиш учун қайси айрим талабларни бажаришимиз кераклигини билиб оламиз.

32-ҚЎШИҚ Яҳова томон туринг!