Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Мусофирлар «хурсанд бўлиб Эгамизга саждалар қилишлари» учун уларга кўмаклашинг

Мусофирлар «хурсанд бўлиб Эгамизга саждалар қилишлари» учун уларга кўмаклашинг

Эгамиз мусофирларни асрайди. ЗАБ. 145:9

ҚЎШИҚЛАР: 25, 3

1, 2. а) Айрим имондошларимиз қандай синовларга дуч келишяпти? б) Бу борада қайси саволлар туғиляпти?

ЛЕЖЕ исмли биродаримиз қуйидагича ҳикоя қилди: «Бурундида фуқаролар уруши бошланганида, оиламиз билан анжуманда эдик. Ўшанда одамлар қочиб кетишаётганини ва ўқ отишаётганини ўз кўзларимиз билан кўрдик. Ота-онам ва 11 киши бўлган биз, ака-ука ва опа-сингиллар, ҳаётимизни сақлаб қолиш учун деярли ҳеч нарса олмай, қочиб кетдик. Ниҳоят, айрим оила аъзоларим 1 600 километрдан зиёд масофада жойлашган Малавидаги қочоқлар лагеригача етиб боришди. Қолганларимиз эса тарқоқ бўлиб кетдик».

2 Жаҳон бўйлаб уруш ёки таъқиблар туфайли уйларини тарк этган қочоқларнинг сони ҳозирги пайтда ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлиб, 65 000 000 дан ошиқ кишини ташкил этмоқда. * Уларнинг орасида минглаб Яҳованинг Шоҳидлари бор. Бундай кишиларнинг аксарияти яқинларини ва деярли бор-будини йўқотишган. Улардан баъзилари яна қандай қийинчиликларни бошдан кечиришган? Ушбу имондошларимиз синовларга қарамай, «хурсанд бўлиб Эгамизга саждалар қилишларига» қандай кўмаклаша оламиз? (Заб. 99:2) Ҳали Яҳовани таниб-билмаган қочоқлар билан хушхабарни бўлишишнинг самарали йўли қандай?

ҚОЧОҚНИНГ ҲАЁТИ

3. Қай йўсин Исо ва унинг кўплаб издошлари қочишга мажбур бўлишди?

3 Яҳованинг фариштаси шоҳ Ҳирод Исони ўлдирмоқчи экани борасида Юсуфни огоҳлантирганидан сўнг, ёш Исо ва унинг ота-онаси Мисрга қочиб кетишади. Улар у ерда Ҳирод ўлгунига қадар қолишади. (Мат. 2:13, 14, 19–21) Кейинчалик, ўн йилликлар ўтгач, Исонинг илк издошлари қувғинлар дастидан «Яҳудия ва Самария юртлари бўйлаб тарқаб кетишади». (Ҳавор. 8:1) Исо унинг кўплаб издошларини уйларидан қувишлари тўғрисида башорат қилиб, шундай деганди: «Сизларни бир шаҳарда таъқиб қилишса, бошқасига қочинглар». (Мат. 10:23) Қандай сабаб бўлишидан қатъи назар, қочиш доим ҳам осон бўлмаган.

4, 5. Қочиб кетаётганда қочоқлар қандай хавф-хатарларга дуч келишади? Қочоқлар лагерида яшаётганда-чи?

4 Қочоқлар қочиб кетаётганда ёки қочоқлар лагерида яшаётганда хавф-хатарларга дуч келишлари мумкин. Леженинг укаси Гад қуйидагиларни эслайди: «Биз ҳафталар мобайнида йўл юриб, юзлаб ўликлар олдидан ўтиб кетардик. Ўшанда мен 12 ёшда эдим. Оёқларим шунчалик шишгандики, оила аъзоларимга менсиз кетишларини айтдим. Аммо дадам мени исёнчи қўшинларга қолдириб кетмоқчи эмасди, шунинг учун менга ёрдам берди. Биз Яҳовага ибодат қилиб ҳамда Унга таяниб ва йўлимизда учраган манголарни еб, зўрға кун кечирардик». (Филип. 4:12, 13)

5 Леженинг аксарият оила аъзолари йиллар давомида БМТ қочоқлар лагерларида яшашган. Шундай бўлса ҳам, улар у ерда ҳеч нарсадан ҳимояланмаган эдилар. Ҳозир туман нозири бўлиб хизмат қилаётган Леже шундай айтиб берди: «Кўп одамлар ишсиз юрарди. Улар ахлоқсиз бўлиб, ғийбат қилишарди, ичишарди, қимор ўйнашарди, ўғирлик содир этишарди». Бундай ёмон таъсирга қарши туриш учун лагердаги Шоҳидлар жамоат ишлари билан тўлиқ банд бўлишлари керак эди. (Иброн. 6:11, 12; 10:24, 25) Улар маънан соғлом қолиш мақсадида вақтдан унумли фойдаланишарди, кўплари ҳатто кашшофлик қилишарди. Исроил халқининг саҳро кезиши тугагани каби, бу Шоҳидлар ҳам уларнинг лагерда қолиши охир-оқибат поёнига етишини ёдда тутиб, ижобий нуқтаи назарни сақлашарди. (2 Кор. 4:18)

ҚОЧОҚЛАРГА СЕВГИНИ КЎРСАТИШ

6, 7. а) Қай йўсин Яҳованинг севгиси масиҳийларни муҳтож биродарларига кўмаклашишга ундайди? б) Мисол келтиринг.

6 Худонинг севгиси бизни, айниқса, мушкул вазиятларда бир-биримизга севгини намоён этишга ундайди. (1 Юҳанно 3:17, 18 ни ўқинг.) Биринчи асрдаги яҳудий масиҳийларга очарчилик таҳдид солганида, уларнинг имондошлари улар учун ёрдам кўрсатишни ташкиллаштиришганди. (Ҳавор. 11:28, 29) Ҳаворий Павлус ва Бутрус ҳам масиҳийларни ўзаро меҳмондўст бўлишга чорлашганди. (Рим. 12:13; 1 Бутр. 4:9) Агар масиҳийлар ташриф буюрган биродарларни илиқ қарши олишлари керак бўлса, унда ҳаёти хавф остида қолган ёки имони учун таъқиб қилинаётган имондошларига ундан-да кўпроқ ёрдам беришлари лозим эмасми?! (Ҳикматлар 3:27 ни ўқинг.) *

7 Яқинда Яҳованинг минглаб Шоҳидлари: эркагу аёллар ва болалар Украинанинг шарқида юз берган тўқнашувлар ҳамда таъқиблар туфайли қочишга мажбур бўлишди. Афсуски, баъзиларни ўлдиришди. Аммо уларнинг кўпчилигини Украинанинг бошқа жойларида яшовчи имондошларимиз уйларига қабул қилишди, қолганларга эса Россиядаги имондошларимиз бошпана тақдим этишди. Иккала мамлакатда ҳам улар «дунёга тегишли» бўлмаганини кўрсатиб, сиёсий масалаларда бетарафликни сақлашди ва ғайрат ила «Аллоҳнинг каломи тўғрисидаги хушхабарни эълон этишдан» тўхташмади. (Юҳан. 15:19; Ҳавор. 8:4)

ҚОЧОҚЛАРГА ИМОНЛАРИНИ МУСТАҲКАМЛАШГА ЁРДАМ БЕРИШ

8, 9. а) Қочоқлар янги мамлакатда қандай қийинчиликларга рўбарў бўлишлари мумкин? б) Нега уларга сабр ила ёрдам беришимиз керак?

8 Баъзилар ўз мамлакатининг турли жойларига қувилган бўлса, қолган кўпчилик эса уларга мутлақо нотаниш бўлган юртга жўнатилган. Тўғри, эҳтимол, уларга давлат томонидан қисман озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошпана тақдим этилар, бироқ энди улар она юртида еган таомларни бу ерда тановул қила олмаслиги ҳам мумкин. Иссиқ ўлкаларда яшаган қочоқлар ҳаётида илк бор совуқ об-ҳавога дуч келиб, қандай кийинишни билмасликлари эҳтимолдан йироқ эмас. Қишлоқлардан келган қочоқлар учун эса замонавий уй жиҳозларидан фойдаланиш қийинчилик туғдириши ҳеч гап эмас.

9 Айрим давлатларда қочоқларга янги шароитларга мослашишга кўмаклашадиган дастурлар бор. Аммо одатда бир неча ой ўтгач, улардан ўзларини-ўзлари таъминлаши кутилади. Бундай ўзгаришга кўникиш қийин кечиши мумкин. Янги тилни ўрганишга ва бир вақтнинг ўзида одоб-ахлоқ, хушмуомалалик, солиқлар, ҳисоб-китоб, мактабга бориш ва фарзандни тарбиялаш каби масалаларда янги қонун-қоидаларга мослашишга уринаётган кишини тасаввур қилинг. Шу каби қийинчиликларга рўбарў бўлаётган имондошларингизга қандай қилиб сабр ва ҳурмат ила ёрдам бера оласиз? (Филип. 2:3, 4)

10. Қочиб келган биродару опа-сингилларимизнинг имонини қандай мустаҳкамлай оламиз? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

10 Боз устига, гоҳида давлат ходимлари қочоқ бўлган биродарларимизга жамоат билан боғланишга қийинчилик туғдиришган. Биродарларимиз йиғилишларни қолдиришни талаб этадиган ишни қабул қилмаганларида эса, баъзи идоралар ёрдам кўрсатмаймиз ёки бошпана тақдим этмаймиз, деб уларни қўрқитишган. Ҳимоясиз бўлган ва қўрқиб қолган айрим биродарлар бу каби босимга берилишган. Шу боис, бундай биродарлар келганида, улар билан имкон борича тезроқ боғланиш зарур. Бу имондошларимиз улар ҳақида ғамхўрлик қилаётганимизни сезишлари даркор. Зеро, ҳамдардлигимиз ва амалий ёрдамимиз уларнинг имонларини мустаҳкамлаши мумкин. (Ҳик. 12:25; 17:17)

ҚОЧОҚЛАРГА АМАЛИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ

11. а) Даставвал қочоқларга нималар керак бўлади? б) Қай тариқа қочоқлар миннатдорчилик билдира олишади?

11 Даставвал имондошларимизни озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаш ёки бошқа асосий эҳтиёжларини қондиришда ёрдам кўрсатишимиз керак бўлар. * Ҳатто кичик ҳаракатлар, масалан, биродарга бўйинбоғ бериш катта аҳамиятга эгадир. Қочоқлар эса бунинг эвазига ҳеч нарса талаб қилмай, миннатдорчилик билдиришганида, уларни меҳмон қилган кишиларга беришнинг бахтиёрлигини ҳис этишларига ёрдам берган бўлишади. Шубҳасизки, доимо бошқаларнинг сахийлиги ҳисобидан яшаш қочоқларнинг ўзига бўлган ҳурматини пасайтириши ва бошқа имондошлари билан бўлган муносабатларига путур етказиши мумкин. (2 Салон. 3:7–10) Лекин улар, чиндан ҳам, амалий ёрдамга муҳтожлар.

Қочоқ бўлган имондошларимизга қандай ёрдам бера оламиз? (11–13- хатбошиларига қаранг.)

12, 13. а) Қай йўсин қочоқларга амалий ёрдам бера оламиз? б) Мисол келтиринг.

12 Қочоқларга амалий ёрдам кўрсатиш биздан асосан кўп пул эмас, балки кўп вақт ҳамда эътиборни талаб қилади. Бундай ёрдамга оддийгина ишлар кириши мумкин. Масалан, уларга жамоат транспортидан фойдаланишни, фойдали ва унча қиммат бўлмаган озиқ-овқатларни ҳамда ишда асқатадиган асбоб-ускуналарни сотиб олишни ёки пул топишга кўмаклашадиган ҳунарларни қандай ўрганиш мумкинлигини кўрсатсак бўлади. Энг муҳими эса, сиз уларга янги жамоатларида фаол бўлишларига ёрдам бера оласиз. Имкон бўлса, уларни йиғилиш жойигача олиб боринг. Шунингдек, уларга ҳудудингиздаги одамлар билан Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни қандай бўлишишлари мумкинлигини тушунтиринг. Бундай имондошларни ўзингиз билан бирга хизмат қилишга таклиф этинг.

13 Қочоқ бўлган тўртта ўсмир имондошимиз бир жамоатга келганида, турли оқсоқоллар уларга машина ҳайдашни, компьютерда ёзишни, ишга кириш учун электрон резюмелар тузишни ҳамда Яҳовага хизмат қилишда фаол қатнашиш учун вақтни тўғри режалаштиришни ўргатишганди. (Галат. 6:10) Тез орада уларнинг тўрттови кашшоф бўлишди. Ушбу кўрсатмалар ва маънавий мақсадлар сари интилишлари бу биродарларга муваффақиятли бўлишга ва Шайтоннинг дунёси уларни ютиб юборишига йўл қўймасликка кўмаклашди.

14. а) Қочоқлар қайси васвасага қарши туришлари керак? б) Мисол келтиринг.

14 Бошқа масиҳийлар сингари қочоқлар ҳам Яҳова билан бўлган муносабатларига путур етмаслиги учун моддий нарсаларга эга бўлиш босими ҳамда васвасасига қарши туришлари даркор. * Юқорида тилга олинган Леже ва унинг ака-укаларию опа-сингиллари ҳатто қочиб кетишаётганларида отасининг имонни намоён этишда қолдирган ўрнагини ҳалиям эслашади. «Дадам унчалик муҳим бўлмаган нарсаларимизни битта-битта ташлаб юборарди. Охири, у бизга бўш сумкани кўрсатиб, табассум ила: “Кўряпсизларми? Уларсиз ҳам яшаса бўлади”,— деб айтди». (1 Тимўтийга 6:8 ни ўқинг.)

ҚОЧОҚЛАРНИНГ ЭНГ МУҲИМ ЭҲТИЁЖЛАРИГА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛИШ

15, 16. Қай йўсин қочоқларни маънан ва ҳиссан қўллаб-қувватлашимиз мумкин?

15 Қочоқларга моддий томонлама ёрдам беришдан ташқари, уларни маънан ва ҳиссан ҳам қўллаб-қувватлаш муҳим. (Мат. 4:4) Оқсоқоллар қочоқларга ўз она тилида адабиёт берилишига ва шу тилда гапирадиган биродарлар билан боғланишларига кўмаклашишлари мумкин. Кўплаб қочоқлар кучли ришталар билан боғланган қариндош-уруғларидан, маҳаллий аҳолидан ва жамоатларидан узилган бўлишади. Улар имондошлари орасида Яҳованинг севгисию ҳамдардлигини ҳис этишлари лозим. Акс ҳолда, қочоқлар уларнинг маданияти ва таассуротларини тушунадиган, аммо Яҳовага топинмайдиган қариндошлари ёки юртдошларига яқин бўлиб қолишлари ҳеч гап эмас. (1 Кор. 15:33) Қочоқлар жамоатимизда ўзларини уйидагидек бемалол ҳис этишларига ёрдам берсак, «мусофирларни асрашда» Яҳовага кўмаклашиш шарафига эга бўламиз. (Заб. 145:9)

16 Ёш Исо ва унинг оиласи билан бўлганидек, қочоқлар ҳам, уларни эзувчи кишилар ҳокимиятга эга бўлгунига қадар, ўз уйларига қайтиб бора олишмайди. Бундан ташқари, Леженинг айтишича, «оила аъзоларининг номусига тегишганини ва уларни ўлдиришганини ўз кўзи билан кўрган кўплаб ота-оналар ушбу даҳшатлар юз берган жойга фарзандларини олиб боришни исташмайди». Қалби яраланган бу одамларга кўмаклашиш учун қочоқларни қабул қилаётган мамлакатларда яшовчи биродарлар «ҳамдард,.. биродарларча севадиган, меҳр-шафқатли ва камтар бўлишлари» керак. (1 Бутр. 3:8) Айрим қочоқлар таъқиблар дастидан одамови бўлиб кетишган ва улар тортган азоблари тўғрисида, айниқса, фарзандлари олдида айтиб беришдан уялишлари мумкин. Ўзингиздан шундай деб сўранг: «Борди-ю, мен уларнинг ўрнида бўлганимда, менга қандай муносабат кўрсатишларини истардим?» (Мат. 7:12)

ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДИ БЎЛМАГАН ҚОЧОҚЛАРГА ВАЪЗ ҚИЛИШ

17. Қай тариқа қочоқларга ваъз қилиш уларга таскин беради?

17 Бугунги кунда кўплаб қочоқлар ваъзгўйлик фаолиятимиз чекланган мамлакатлардан келишади. Қочоқларни қабул қилаётган ўлкалардаги ғайратли Шоҳидлар туфайли минглаб қочоқлар илк бор «Шоҳлик тўғрисидаги хабарни» эшитишмоқда. (Мат. 13:19, 23) «Оғир юк остида юрган» қочоқларнинг кўпчилиги йиғилишларимизда маънавий таскин топишади ва кўп ўтмай шундай дейишади: «Чиндан ҳам Аллоҳ сизлар билан экан». (Мат. 11:28–30; 1 Кор. 14:25)

18, 19. Қочоқларга ваъз қилаётганимизда қандай қилиб доноликни намоён эта оламиз?

18 Қочоқларга ваъз қилаётганлар «эҳтиёткор» ва ҳатто «эс-ҳушли» бўлишлари зарур. (Мат. 10:16; Ҳик. 22:3) Қочоқларнинг ташвишларини сабр ила тингланг, лекин сиёсат мавзусини муҳокама қилманг. Филиал ва маҳаллий ҳукумат томонидан берилган йўл-йўриқларга амал қилинг; ўзингизни ёки бошқаларни ҳеч қачон хавф остига қўйманг. Қочоқларнинг миллий ва диний ҳис-туйғулари ҳақида билиб олинг ва уларни ҳурмат қилинг. Мисол учун, баъзи юртлардаги одамлар аёллар қандай кийиниши кераклигига жиддий қарашади. Шу сабабли, қочоқларга ваъз қилаётганда уларни хафа қилмаслик учун муносиб кийининг.

19 Исонинг масалидаги раҳмдил самариялик кишига ўхшаб, биз ҳам азоб чекаётган одамларга, жумладан, Яҳованинг Шоҳидлари бўлмаганларга ёрдам бермоқчимиз. (Луқо 10:33–37) Бундай қилишнинг энг яхши йўли — улар билан хушхабарни баҳам кўришдир. Кўплаб қочоқларга кўмаклашган бир оқсоқол шундай фикр билдирди: «Биз Яҳованинг Шоҳидлари эканимизни ва асосий мақсадимиз — уларга моддий томонлама эмас, балки маънан ёрдамлашиш эканини бошиданоқ айтишимиз муҳим. Шундай қилмасак, баъзилар биз билан фақат шахсий манфаати учунгина мулоқот қилишлари мумкин».

ҚУВОНЧЛИ НАТИЖАЛАР

20, 21. а) Қочоқларга севгини кўрсатиш қандай натижаларга олиб келади? б) Келаси мақолада нимани кўриб чиқамиз?

20 «Мусофирлар»га севгини кўрсатиш яхши натижаларга олиб келади. Элганеш исмли бир опамиз эри ўлганида, олти нафар ёш боласи билан таъқиблардан Эритреяга қочиб кетганди. Улар 8 кун саҳро бўйлаб йўл босиб, охири Суданга етиб келишди. Ўшанда уларнинг тинка-мадори қуриганди. Бу опамиз қуйидагича бўлишди: «У ердаги биродарлар бизни яқин қариндошларидек кўриб, озиқ-овқат, кийим-кечак, бошпана тақдим этишди ва йўлкира беришди. Айтинг-чи, яна қайси одамлар битта Худога топинаётгани сабабли уйларига бегоналарни шундай илиқ қабул қилишади? Албаттаки, фақатгина Яҳованинг Шоҳидлари!» (Юҳанно 13:35 ни ўқинг.)

21 Қочоқ ва муҳожир бўлган ота-оналари билан келаётган кўплаб болалар ҳақида-чи, нима деса бўлади? Келаси мақолада бу болалар Яҳовага хурсанд бўлиб хизмат қила олишлари учун қандай қилиб барчамиз уларга ёрдам бера олишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

^ абз. 2 Мазкур мақолада «қочоқлар» сўзи ҳарбий тўқнашувлар, таъқиблар ё офатлар сабабли давлат чегарасидан ташқарига ёки ўз мамлакатининг турли чеккаларига қочган кишиларга нисбатан қўлланилган. БМТнинг Қочоқлар масалалари бўйича Олий комиссари бошқармасининг (ҚМОКБ) маълумотига кўра, бугунги кунда дунё бўйлаб «ҳар 113 нафар кишининг биттаси... мажбуран қочиб кетмоқда».

^ абз. 6 «Қўриқчи минораси»нинг 2016 йил октябрь сонида 8–12- саҳифалардаги «Мусофирларга меҳрибонлик кўрсатишни унутманглар» номли мақолага қаранг.

^ абз. 11 Қочоқ киши келганида, оқсоқоллар имкон борича тезроқ «Ташкилот» китобининг (рус) 8- боб 30- хатбошисида кўрсатилган йўл-йўриққа амал қилишлари керак. (Бу маълумот шунингдек km 12/06 7- саҳ., 1- х.б. келтирилган.) Оқсоқоллар jw.org сайтимиз ёрдамида бу киши яшовчи мамлакатнинг филиалига хат жўнатиб, у ердаги жамоатлар билан боғланишлари мумкин. Шу билан бирга, улар қочоқ бўлган имондошимизнинг маънавий ҳолатини аниқлаш учун унинг жамоати ва хизмати тўғрисида хушмуомалалик ила саволлар беришса бўлади.

^ абз. 14 «Қўриқчи минораси»нинг 2014 йил 15 апрель сонида 17–26- саҳифалардаги «Ҳеч ким икки хўжайинга хизмат қила олмайди» ва «Жасоратга тўлинг. Яҳова сизнинг ёрдамчингиздир!» номли мақолаларга қаранг.