Азиз ёшлар, Иблисга қарши туринг
Иблиснинг ҳийла-найрангларига қарши тура олишингиз учун, Худо берган барча қурол-аслаҳалар билан қуролланинглар. ЭФЕС. 6:11
1, 2. a) Нима учун ёш масиҳийлар ёвуз руҳларга қарши жангда ғалаба қозонмоқда? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.) б) Нимани кўриб чиқамиз?
ҲАВОРИЙ ПАВЛУС масиҳийларни қўл жангида иштирок этаётган жангчи билан солиштирган. Албаттаки, биз том маънода эмас, балки мажозий маънода жанг қиляпмиз. Аммо душманларимиз мавжуд шахслардир. Шайтон ва унинг жинлари улкан тажрибага эга моҳир жангчилар. Бир қарашда, ушбу жангда ғолиб чиқишимиз имконсиздек туюлиши мумкин. Айниқса, ёш масиҳийлар заифдек кўриниши ҳеч гап эмас. Хўш, қай йўсин улар инсонлардан кучли бўлган ёвуз руҳларга қарши тура олади? Аслида, ёшлар ғалаба қозона олади ва шундай бўляпти ҳам! Нима учун? Боиси, ёшлар «Раббимиздан... қувват олишяпти». Аммо улар Худодан куч олишдан кўпроқ нарсани қилишяпти. Улар жангга қарши керакли нарсаларга эга бўлишяпти. Яхши тайёрланган жангчи сингари ёшлар «Худо берган барча қурол-аслаҳалар билан қуролланган». (Эфесликларга 6:10–12 ни ўқинг.)
2 Бундай мисол келтириб, Павлус эҳтимол, Рим қўшинларининг қуролланган аскарларини назарда тутган. (Ҳавор. 28:16) Келинг, нима учун бундай мисол ўринли эканини кўриб чиқайлик. Шу аснода, баъзи ёшлар дуч келган қийинчиликлари ва маънавий қурол-аслаҳаларнинг ҳар бирига эга бўлишнинг афзалликлари ҳақида қандай фикр билдирганига диққат қаратинг.
«ҲАҚИҚАТ КАМАРИ»
3, 4. Муқаддас Китобдаги ҳақиқат ва Рим ҳарбийларининг камари ўртасида қандай ўхшашлик бор?
3 Эфесликларга 6:14 ни ўқинг. Рим ҳарбийларининг камарида металл парчалари бўлиб, аскарнинг белини ҳимоя қилган. Камар ёрдамида оғир совут ўз ўрнида турган. Шунингдек, қилич ва ханжарни олиб юриш учун баъзи камарларда мустаҳкам қинлар бўлган. Белига қаттиқ боғланган камар туфайли аскар дадиллик ила жанг қила олган.
4 Шунга ўхшаб, Худонинг Каломидан билиб олган ҳақиқат бизни сохта таълимот дастидан келиб чиқадиган маънавий зиёндан ҳимоя қилади. (Юҳан. 8:31, 32; 1 Юҳан. 4:1) Бу ҳақиқатни қанчалик қаттиқ севсак, «совутимизни» олиб юриш, яъни Аллоҳнинг адолатли меъёрлари бўйича яшаш шунча осон бўлади. (Заб. 111:7, 8; 1 Юҳан. 5:3) Боз устига, Худонинг Каломидаги ҳақиқатни аниқ тушунсак, қарши чиқаётганлар олдида уни ишонч билан асосли тарзда ҳимоялай оламиз. (1 Бутр. 3:15)
5. Нима учун ҳақиқатни гапиришимиз керак?
5 Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни қалбимизга жо қилсак, унга мувофиқ яшаймиз ва доим ҳақиқатни гапирамиз. Нега ёлғон гапиришдан қочамиз? Чунки ёлғон Шайтоннинг энг самарали қуролларидан биридир. Ёлғон ҳам уни айтаётганга, ҳам уни тинглаётганга зарар етказади. (Юҳан. 8:44) Номукаммал бўлсак-да, ёлғон гапирмаслик учун қўлимиздан келганини қиламиз. (Эфес. 4:25) Аммо бу осон бўлмаслиги мумкин. Ўн саккиз ёшли Абигайл қуйидагича айтди: «Ҳақиқатни гапириш доим ҳам осон бўлмаслиги мумкин. Айниқса, ёлғон гапириш сизни қийин вазиятдан чиқарадиган бўлса». Қизиқ, унда нима учун Абигайл доим ҳақиқатни гапиришга ҳаракат қилади? У шундай давом этди: «Ҳақиқатни гапирганимда, Яҳованинг олдида виждоним тоза бўлади. Ота-онам ва дўстларим менга ишонади». 23 ёшли Виктория қуйидагича бўлишди: «Ҳақиқатни гапирганингизда ёки эътиқодингизни ҳимоя қилганингизда сизни масхара қилишлари мумкин. Лекин бу сизга доим кўп фойда келтиради: ишончга сазовор бўласиз, ўзингизни Яҳовага яқинроқ ҳис этасиз ва яқинларингизнинг ҳурматини қозонасиз». Чиндан ҳам, «белингизга ҳақиқат камарини боғлаш» арзийди.
«ОДИЛЛИК СОВУТИ»
6, 7. Нега одиллик совут билан солиштирилган?
6 Биринчи асрдаги Рим аскари кийган совутлардан бири устма-уст тушган узун темир бўлакларидан ташкил топган эди. Бу темир бўлаклари чарм билан боғланган металл илгаклар ёрдамида аскарнинг танасини ёпиб турарди. Аскарнинг елкаларида эса темир бўлаклари кўпроқ бўлиб, улар ҳам чарм билан боғланган эди. Бундай кийим туфайли аскарнинг ҳаракати муайян даражада чекланарди ва у темир бўлакларининг бари жойида эканини мунтазам текшириб туриши зарур эди. Аммо бу совут аскарнинг юрагига ва бошқа муҳим аъзоларига қилич тиғлари ёки ўқлар санчилишидан асрарди.
7 Бу Яҳованинг адолатли меъёрлари рамзий юрагимизни ҳимоялашини кўрсатувчи ўринли мисолдир. (Ҳик. 4:23) Аскар темирдан ишланган совутини сифатсиз металлдан қилинган совутга алишмаганидек, биз ҳам Яҳованинг адолатли меъёрларини ўз назаримизда тўғри бўлган фикрларга ҳеч қачон алишмаймиз. Ўз қалбимизни ҳимоялай олишимиз учун етарлича доно эмасмиз. (Ҳик. 3:5, 6) Юрагимизни ҳимоялаш учун Яҳова тақдим этган совутнинг темир бўлаклари жойидалигини мунтазам текшириб турамиз.
8. Нега Яҳованинг меъёрларига амал қилиш арзийди?
8 Баъзида Яҳованинг адолатли меъёрлари оғирдек ёки эркинлигингиз чеклангандек туюладими? Ёши 21 да бўлган Дэниел қуйидагича деди: «Муқаддас Китоб меъёрлари бўйича яшаганим учун устозларим ва мактабдошларим устимдан кулишарди. Муайян вақт давомида мен ишончимни йўқотдим ва тушкунликка тушиб қолдим». Хўш, ҳозир у ўзини қандай ҳис этмоқда? «Ниҳоят мен Яҳованинг меъёрлари бўйича яшаш афзал эканини тушундим. Баъзи “дўстларим” гиёҳванд моддаларни қабул қила бошлади. Айримлари эса мактабни ташлаб кетди. Уларнинг ҳаёти қандай тус олганини кўриш аянчли эди. Ростдан ҳам, Яҳова бизни ҳимоя қилади»,— деб бўлишди Дэниел. 15 ёшли Мадисон: «Яҳованинг меъёрларига амал қилиш ва тенгдошларим зўр ёки қизиқ деб билган нарсаларга қўшилмаслик мен учун қийин»,— деб айтди. У буни қандай енгди? Мадисон қуйидагича давом этди: «Яҳованинг исми билан аталишимни ва бу васваса Шайтоннинг тузоғи эканини ўзимга эслатаман. Қийинчиликни енгганимда, ўзимга бўлган ҳурматим ошади».
«ВАЪЗ ҚИЛИШГА ТАЙЁРЛИКНИ... ПОЙАБЗАЛ КАБИ КИЙИНГЛАР»
9–11. a) Масиҳийлар қандай рамзий пойабзални кияди? б) Хушхабарни ваъз этишда бизга нима ёрдам беради?
9 Эфесликларга 6:15 ни ўқинг. Пойабзал киймаган Рим аскари жангга киришишга тайёр бўлмаган. Унинг сандалга ўхшаш пойабзали уч қават чармдан қилиниб, ўзаро боғланган эди ва бу оёқлар учун аъло ҳимоя бўлган. У чидамли ва қулай қилиб ишланган эди.
10 Рим аскари кийган том маънодаги пойабзал унга урушда қатнашишга ёрдамлашган бўлса, масиҳийлар киядиган рамзий пойабзал тинчлик хабарини ваъз этишга кўмаклашади. (Ишаё 52:7; Рим. 10:15) Аммо шунда ҳам, имкон туғилганда шоҳидлик бериш учун жасорат зарур. Ёши 20 да бўлган Бо қуйидагича айтиб берди: «Синфдошларимга шоҳидлик беришдан қўрқардим. Менимча, уялардим. Ортга қараб, нега бундай бўлганини тушуна олмайман. Ҳозир тенгдошларимга шоҳидлик беришдан бахтиёрман».
11 Кўп ёшлар шуни тушундики, хушхабарни эълон қилиш учун яхши тайёргарлик кўришганда, шоҳидлик бериш осонроқ бўлади. Тайёргарлик кўришга сизга нима ёрдам беради? Масалан, 16 ёшли Жулия қуйидагича деди: «Сумкамда адабиёт олиб юраман ва синфдошларим фикрларию эътиқодларини билдирганда уларни тинглайман. Шунда уларга нима ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида билиб оламан. Тайёргарлик кўриб, уларга айнан нима фойда келтириши мумкинлиги борасида суҳбат қураман». Ёши 23 да бўлган Макензи қуйидаги фикрни билдирди: «Меҳрибон ва яхши тингловчи бўлсангиз, тенгдошларингиз дуч келаётган вазиятлар ҳақида қандай фикр билдиришни англай оласиз. Мен ёшлар учун чиқадиган барча маълумотларни ўқишга ҳаракат қиламан. Шу йўсин тенгдошларимнинг диққатини уларга ёрдам берадиган оятга ёки jw.org сайтига қарата оламан». Юқоридаги шарҳлардан кўриниб турибдики, ваъзгўйликка қанчалик яхши тайёргарлик кўрсангиз, оёғингиздаги «пойабзал» шунчалик мустаҳкам бўлади.
«КАТТА ИМОН ҚАЛҚОНИ»
12, 13. Шайтоннинг «оловли ўқлари»га нималар киради?
12 Эфесликларга 6:16 ни ўқинг. Рим аскарлари олиб юрган «катта... қалқон» тўғри бурчакли бўлиб, уларни елкасидан то тиззасигача ёпиб турган. У аскарларга кўпгина қуролу ўқлардан ҳимоя сифатида хизмат қилган.
13 Шайтон қайси «оловли ўқлари» билан сизга ҳужум қилиши мумкин? Масалан, у сизга Яҳова ҳақида ёлғонлар айтиб, зарба берар. Шайтон Яҳова мени севмайди ва ҳеч
кимнинг мен билан иши йўқ, деб ўйлашингизни истайди. Мисол учун, ўн тўққиз ёшли Ида ўзини кераксиздай ҳис этиш туйғуси билан курашади. У шундай деди: «Кўпинча Яҳова мендан узоқ ва мен билан дўстлашишни истамайдигандек туюларди». Хўш, у бу ҳужумни қандай енгяпти? «Имонимни мустаҳкамлашда жамоат учрашувлари мен учун зўр ёрдам бўлди. Ҳеч ким мени тинглашни хоҳламайди, деб умуман шарҳ бермасдим. Бироқ ҳозир йиғилишларга тайёргарлик кўриб, икки-уч марта шарҳ беришга ҳаракат қиламан. Бу осон эмас, аммо шундай йўл тутганимда, ўзимни яхшироқ ҳис этаман. Имондошларимиз кўп далда беради. Ҳар гал йиғилишдан Яҳова мени севишини ҳис этиб қайтаман»,— деб айтди Ида.14. Иданинг мисолидан нимани ўргандик?
14 Иданинг мисоли муҳим бир ҳақиқатни ошкор этмоқда: аскарнинг том маънодаги қалқонининг ўлчами ўзгармас бўлган, лекин имон қалқонимизнинг ўлчами ё кичрайиши ё катталашиши мумкин. Бу бизга боғлиқ. (Мат. 14:31; 2 Салон. 1:3) Ҳа, имонимизни мустаҳкамлаш жуда муҳим!
«НАЖОТ ДУБУЛҒАСИ»
15, 16. Умид ва дубулға ўртасида қандай ўхшашлик бор?
15 Эфесликларга 6:17 ни ўқинг. Рим жангчилари кийган дубулғалар бош, бўйин ва юзни ҳимоя қилиш учун мўлжалланганди. Баъзи дубулғаларнинг тутқичи бўлгани сабаб, аскарлар уни қўлида олиб юриши мумкин эди.
16 Дубулға аскарнинг миясини ҳимоя қилгани сингари, «нажот умидимиз» ҳам онгимизнию фикрлаш тарзимизни ҳимоя қилади. (1 Салон. 5:8; Ҳик. 3:21) Умид Худонинг ваъдаларини назардан четда қочирмасликка ва муаммоларимизга тўғри нуқтаи назарда бўлишимизга кўмаклашади. (Заб. 27:1, 14; Ҳавор. 24:15) Агар «дубулғамиз» фойда келтиришини истасак, уни қўлимизда олиб эмас, бошимизга кийиб юришимиз зарур.
17, 18. a) Қай йўсин Шайтон бизни дубулғамизни ечиб ташлашга ундаши мумкин? б) Шайтоннинг тузоғига тушмаётганимизни қандай кўрсата оламиз?
17 Қай йўсин Шайтон бизни дубулғамизни ечиб ташлашга ундаши мумкин? У буни Исонинг вазиятида қандай қилганига эътибор беринг. Исо инсоният устидан ҳукмронлик қилиш умидига эга эканини Шайтон билгани шубҳасиз. Лекин Исо Яҳова тайинлаган вақтгача кутиши керак эди. Қолаверса, Исо ўша вақт келишидан олдин азоб чекиб ўлиши лозим эди. Шу боис, Шайтон Исога у умид қилаётганларига тезроқ эришишни таклиф қилди. Шайтон Исо унга бир мартагина сажда қилса, шу заҳоти барча нарсага эга бўлишини айтди. (Луқо 4:5–7) Шунга ўхшаб, Шайтон биладики, Яҳова бизга янги дунёда фаровон яшашни таклиф қиляпти. Аммо биз кутишимиз зарур ва шу билан бирга азоб чекишимиз ҳам мумкин. Шу сабабли, ҳозирнинг ўзидаёқ шундай ҳаётдан баҳраманд бўлиб яшашни таклиф қилиб, Шайтон бизни васваса қилади. У биз моддий нарсаларни устун қўйиб, ҳозирнинг ўзида барчасига эришишимизни истайди. Ҳа, Шайтон бизни Шоҳлик манфаатларини иккинчи ўринга қўйишга ундаяпти. (Мат. 6:31–33)
18 Кўпгина ёш масиҳийлар сингари, 20 ёшли Киана ҳам бундай тузоққа илинмади. У: «Фақатгина Худонинг Шоҳлиги барча муаммоларимизни ҳал қилишига умид қиламан»,— деб айтди. Бундай мустаҳкам умид унинг фикрлаш тарзию ҳаракатларига қандай таъсир қилмоқда? «Жаннатда яшаш умиди тўғри мақсадлар қўйишимга ёрдамлашади. Мен қобилиятларимдан фойдаланиб пул топишга ёки ҳаддан ортиқ кўп вақт оладиган ишда ишлашга интилмайман. Аксинча, вақтимни ва кучимни маънавий мақсадларга эришиш учун сарфлайман»,— дея давом этди Киана.
«МУҚАДДАС РУҲНИНГ ҚИЛИЧИ», ХУДОНИНГ КАЛОМИ
19, 20. Қандай қилиб Худонинг Каломидан моҳирлик ила фойдаланишни ўргана оламиз?
19 Павлус ўз мактубида айтиб ўтган Рим жангчисининг қиличи тахминан 50 сантиметр бўлиб, қўл жангида фойдаланиш учун мўлжалланган эди. Рим аскарлари моҳир бўлганининг сабабларидан бири — улар ҳар куни қуроллари билан машқ қилганида эди.
20 Павлус Худонинг Каломини Яҳова бизга тақдим этган қилич билан солиштирган. Эътиқодимизни ҳимоялаганда ёки фикрлаш тарзимизни ўзгартирганда ундан моҳирлик ила фойдаланишни ўрганишимиз зарур. (2 Кор. 10:4, 5; 2 Тим. 2:15) Бунга қандай эриша оласиз? 21 ёшли Себастиан қуйидагича айтди: «Мен ўқиган ҳар бир бобдан битта оят ёзиб оламан. Шу йўсин, севимли оятларимнинг рўйхатини тузаман. Шунда фикрлаш тарзим Яҳованики билан уйғун эканини ҳис этаман». Юқорида тилга олинган Дэниел шундай айтди: «Муқаддас Китобни ўқиганимда, хизматда учраган одамларга ёрдам бериши мумкин бўлган оятларни танлаб оламан. Одамлар Муқаддас Китобга бўлган иштиёқимни ва уларга ёрдам бериш учун қўлимдан келганини қилаётганимни кўрганда, яхши муносабат билдиришини сездим».
21. Нима учун Шайтон ва унинг жинларидан ҳаддан ортиқ қўрқишимизга ҳожат йўқ?
21 Ушбу мақолада тилга олинган ёшлар Шайтон ва унинг жинларидан ҳаддан ортиқ қўрқишга ҳожат йўқ эканини ҳис этишди. Улар қўрқинчли, лекин уларни енгса бўлади. Улар ўлимга маҳкум этилган. Тез орада, Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви пайтида улар қамаб қўйилади ва одамларга бошқа зарар етказа олмайди. Ундан кейин эса улар йўқ қилинади. (Ваҳ. 20:1–3, 7–10) Биз душманимиз ким эканидан, унинг усулларидан ва тузоқларидан хабардормиз. Яҳованинг ёрдами билан унга қарши тура оламиз!