Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Нима учун «мўл-кўл ҳосил берамиз»?

Нима учун «мўл-кўл ҳосил берамиз»?

Мўл-кўл ҳосил бериб менинг шогирдларим эканингизни исботласангиз, Отамни шарафлаган бўласиз. ЮҲАН. 15:8

ҚЎШИҚЛАР: 45, 10

1, 2. a) Ўлимидан олдинги кечада Исо шогирдлари билан нима ҳақида суҳбатлашди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.) б) Нега ваъз қилишимиз кераклигининг сабабларини ёдда тутиш муҳим? в) Нимани муҳокама қиламиз?

ЎЛИМИДАН олдинги кечада Исо ҳаворийлари билан узоқ суҳбат қурди ва уларни қаттиқ яхши кўришида ишонтирди. Шунингдек, у олдинги мақолада муҳокама қилинган ток ҳақидаги масални келтирди. Ушбу масал орқали Исо шогирдларини Шоҳлик ҳақидаги хабарни ваъз этишда саботли бўлиб, «мўл-кўл ҳосил беришга» ундади. (Юҳан. 15:8)

2 Аммо Исо нафақат шогирдлари нима қилиши кераклигини, балки нима учун бундай йўл тутиш лозимлигини ҳам айтиб ўтди. У шогирдлари хизматни давом эттириши учун сабаблар келтирди. Хўш, нега мазкур сабабларни кўриб чиқиш биз учун муҳим? Ваъз қилишимиз кераклигининг сабабларини ёдда тутсак, «ҳамма халқларга шаҳодат беришда» саботли бўлишга интиламиз. (Мат. 24:13, 14) Келинг, ваъз қилишимизга асос бўла оладиган Муқаддас Китобдаги тўртта сабабни муҳокама қилайлик. Бундан ташқари, ҳосил келтиришда саботли бўлишимизга ёрдам берадиган Яҳованинг тўртта ҳадяси ҳақида билиб оламиз.

ЯҲОВАНИ УЛУҒЛАЙМИЗ

3. a) Юҳанно 15:8 га кўра, ваъз қилишимиз учун қандай сабаб бор? б) Исонинг масалидаги узум нимани билдиради ва нега бундай таққослаш ўринли?

3 Воизлик қилишимизнинг асосий сабабларидан бири одамлар олдида Яҳовани улуғлаш ва Унинг исмини муқаддас қилишдир. (Юҳанно 15:1, 8 ни ўқинг.) Эътибор беринг, Исо Отаси Яҳовани узум етиштирувчи боғбонга қиёслаган. Ўзини ток, издошларини эса новда билан солиштирган. (Юҳан. 15:5) Шундай қилиб, масалдаги узум Исонинг шогирдлари келтирадиган ҳосилни, яъни улар қилаётган ваъзгўйлик ишини билдиради. Исо ҳаворийларига: «Мўл-кўл ҳосил бериб,.. Отамни шарафлаган бўласиз»,— деб айтган. Яхши узум берадиган ток уни етиштирган боғбонга шараф келтирганидек, биз ҳам энг аълосини бериб, Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз этсак, Яҳовани шарафлаймиз ёхуд улуғлаймиз. (Мат. 25:20–23)

4. a) Қай йўсин Худонинг исмини муқаддас тутамиз? б) Аллоҳнинг исмини муқаддас тутиш шарафи сизда қандай туйғуларни уйғотмоқда?

4 Қай йўсин ваъзгўйлик ишимиз Худонинг исмини муқаддас қилади? Биз Аллоҳнинг исмини янада муқаддас қила олмаймиз. Зеро, бу исм мутлақ маънода муқаддасдир. Ишаё пайғамбар нима деганига эътибор беринг: «Қўшинлар Сарвари Яҳовани муқаддас Зот деб билинг». (Ишаё 8:13) Биз Яҳованинг исми барча исмлар орасида энг буюк эканини тушуниб ва одамларга бу исм ҳақида билишга ёрдамлашиб, уни муқаддас тутган бўламиз. (Мат. 6:9, изоҳ) Масалан, Яҳованинг ажойиб фазилатлари ва Унинг инсониятга нисбатан ўзгармас нияти тўғрисидаги ҳақиқатни ваъз қилиб, одамларга Шайтон Тангри Яҳова ҳақида айтган барча нарса ёлғон эканини кўришга ёрдамлашамиз. (Ибт. 3:1–5) Қолаверса, одамларга Яҳова «шон-шараф ва куч-қудратни эгаллашга» лойиқ эканини тушунишга кўмаклашиб, Унинг исмини муқаддас тутамиз. (Ваҳ. 4:11) 16 йилдан бери кашшофлик қилаётган Рунэ исмли имондошимиз: «Коинотнинг Яратувчиси тўғрисида шоҳидлик бериш имконим бўлганидан миннатдорман. Бу менда хизматни давом эттириш истагини уйғотади»,— деб бўлишди.

ЯҲОВАНИ ҲАМДА ИСОНИ СЕВАМИЗ

5. a) Юҳанно 15:9, 10 га кўра, ваъз қилишимиз учун қандай сабаб бор? б) Саботли бўлиш муҳим эканини Исо қандай кўрсатган?

5 Юҳанно 15:9, 10 ни ўқинг. Яҳовага ва Исога бўлган самимий севгимиз Шоҳлик ҳақидаги хабарни ваъз этишимиз учун муҳим сабабдир. (Марк 12:30; Юҳан. 14:15) Исо шогирдларига нафақат улар уни севиши кераклигини, балки унинг «муҳаббатидан айрилмасликни» айтган. Сабаби, йиллар давомида Масиҳнинг ҳақиқий шогирди сифатида яшаш учун сабр-бардош керак. Юҳанно 15:4–10 да Исо «айрилмаслик» сўзини такрор-батакрор қайтариб, саботли бўлиш муҳим эканига урғу берган.

6. Исонинг муҳаббатидан айрилмоқчи эмаслигимизни қандай намоён эта оламиз?

6 Исонинг муҳаббатидан айрилишни истамаслигимизни ва унинг марҳаматига сазовор бўлмоқчи эканимизни қай йўсин намоён эта оламиз? Оддий қилиб айтганда, Исога итоаткор бўлиб, яъни унинг амрларини бажариб буни кўрсата оламиз. Исо бизга айнан ўзи қилган ишларни бажаришни буюрган. Зеро, у шундай деган: «Мен Отамнинг амрларини бажо келтириб, Унинг севгисидан айрилмадим». Ҳа, Исо бизга ўрнак қолдирган. (Юҳан. 13:15)

7. Итоаткорлик ва севги қай йўсин ўзаро боғлиқ?

7 Бундан олдин Исо ҳаворийларига итоаткорлик ва севги боғлиқ эканини тушунтириб: «Амрларимни қабул қилиб, уларга амал қилган киши мени севади»,— деб айтган эди. (Юҳан. 14:21) Бундан ташқари, ваъз қилиш борасидаги Исонинг амрига итоат этиб, Яҳовага бўлган севгимизни намоён этамиз. Боиси, Исонинг амрларида Яҳованинг фикрлаш тарзи акс этган. (Мат. 17:5; Юҳан. 8:28) Севгимизга жавоб тариқасида, Яҳова ҳамда Исо бизни меҳр-муҳаббатида сақлайди.

ОДАМЛАРНИ ОГОҲЛАНТИРАМИЗ

8, 9. a) Ваъз қилишимиз учун яна қандай сабаб бор? б) Қандай қилиб Ҳизқиё 3:18, 19 ва 18:23 даги сўзлар бизни тинмай ваъз қилишга ундаяпти?

8 Ваъз қилишда давом этишимизнинг яна бир сабаби одамларни огоҳлантиришдир. Масалан, Муқаддас Китобда Нуҳ «адолат йўлини хабарлаб юргани» ҳақида айтилган. (2 Бутрус 2:5 ни ўқинг.) У Тўфондан олдин эълон қилиб юрган хабар, яқинлашиб келаётган фалокат ҳақидаги огоҳлантиришни ўз ичига олган бўлиши мумкин. Нима учун бундай хулоса қиляпмиз? Исонинг таъкидловига эътибор беринг: «Тўфондан олдин, Нуҳ пайғамбар кемага киргунча, одамлар еб-ичишган, уйланиб, эрга тегишган. Аммо Тўфон келиб барини қириб ташламагунча, улар парво қилишмаган. Инсон Ўғли ҳозир бўлганида ҳам худди шундай бўлади». (Мат. 24:38, 39) Одамларнинг бефарқлигига қарамай, Нуҳ унга топширилган хабарни садоқат ила ваъз қилган.

9 Бугунги кунда биз одамларга Шоҳлик ҳақидаги хабарни ваъз қилиш орқали, инсониятга нисбатан Худонинг иродаси қандай эканини билиб олишларига имкон беряпмиз. Яҳова сингари биз ҳам одамлар хушхабарга диққат қаратиб, абадий «яшаши»ни истаймиз. (Ҳиз. 18:23) Шу билан бирга, уйма-уй ва оммавий жойларда ваъз қилиб, имкон борича кўпроқ одамларни Худонинг Шоҳлиги келиши ва ушбу ёвуз дунёни йўқ қилиши ҳақида огоҳлантиряпмиз. (Ҳиз. 3:18, 19; Дон. 2:44; Ваҳ. 14:6, 7)

ЯҚИНИМИЗНИ СЕВАМИЗ

10. a) Матто 22:39 га кўра, ваъз қилишимиз учун қандай сабаб бор? б) Қай йўсин Павлус ва Сила Филиппи шаҳридаги қамоқхона назоратчисига ёрдам берди?

10 Тинмай ваъз қилишимизнинг яна бир муҳим сабаби яқинимизга бўлган севгимиздир. (Мат. 22:39) Бу севги мазкур ишда саботли бўлишга ундайди. Сабаби, вазиятлари ўзгаргани туфайли инсоннинг қалб ҳолати ҳам ўзгаришини тушунамиз. Мисол учун, ҳаворий Павлус ва унинг ҳамкори Сила билан юз берган воқеани кўриб чиқайлик. Филиппи шаҳрида душманлари уларни қамоқхонага ташлашди. Ярим кечаси қўққисдан зилзила юз берди ва қамоқхона силкиниб, эшиклари очилиб кетди. Шунда қамоқхона назоратчиси маҳбуслар қочиб кетди, деб ўзини ўлдирмоқчи бўлди. Аммо Павлус баланд овозда унга: «Жонингизга қасд қилманг!» — деди. Ваҳима босган назоратчи: «Нажот топишим учун нима қилишим керак?» — деб сўради. Улар: «Ҳазратимиз Исога ишонинг, шунда... нажот топасиз»,— дея жавоб қайтаришди. (Ҳавор. 16:25–34)

Яҳовага, Исога ва яқинимизга бўлган севги бизни ваъз қилишга ундайди (5-, 10- хатбошиларига қаранг.)

11, 12. a) Қамоқхона назоратчиси ҳақидаги воқеа хизматимиз билан қандай боғлиқ? б) Нима сабабдан тинмай ваъз қилишни истаймиз?

11 Қамоқхона назоратчиси ҳақидаги воқеа ваъзгўйлик ишимиз билан қандай боғлиқ? Эътибор беринг, зилзила юз берганидан кейингина назоратчининг қалб ҳолати ўзгарди. Шунга ўхшаб, Муқаддас Китобдаги хабарга олдин эътибор қилмаган айрим кишиларнинг ҳаётида кутилмаганда содир бўлган ўзгаришлар туфайли қалб ҳолати ўзгарган ва улар ёрдам излаётган бўлиши мумкин. Масалан, кимдир анчадан бери ишлаб юрган ишини тўсатдан йўқотиб, руҳан эзилаётгандир. Ёки бошқалар турмуши барбод бўлгани боис қайғу чекаётгандир. Яна кимлардир жиддий касалликка йўлиққанидан сиқилаётгандир. Ё бўлмаса, яқинини йўқотганидан қалби тилка-пора бўлаётгандир. Бу каби вазиятлар юз берганда, кўнгли чўккан баъзи кишилар олдинлари эътибор қилмаган саволлар, масалан, ҳаёт мазмуни ҳақида ўйлай бошлаши эҳтимолдан йироқ эмас. Балки улар ҳам: «Нажот топишим учун нима қилишим керак?» — деб ўйлаётгандир. Бундай инсонларни учратганимизда, улар ҳаётида илк бор умид бахш этувчи хабаримизни тинглаш истагини билдириши мумкин.

12 Шундай экан, садоқат ила ваъз қилишда давом этиб, одамлар эшитишга тайёр бўлганда, уларга тасалли бахш эта оламиз. (Ишаё 61:1) 38 йилдан бери тўла вақтли хизмат қилаётган Шарлотта қуйидагича фикр билдирди: «Бугунги кунда одамлар боши берк кўчага кириб қолгандай. Уларда хушхабарни эшитиш имкони бўлиши лозим!» 34 йилдан буён кашшофлик қилаётган Эйвора шундай деди: «Ҳозирги пайтда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ одамлар ҳиссан эзилган. Мен уларга ёрдам беришни жуда истайман. Бу мени ваъз қилишга ундайди». Чиндан ҳам, яқинларимизга бўлган севгимиз тинмай ваъз қилишимиз учун арзигулик сабабдир!

САБОТЛИ БЎЛИШГА ЁРДАМ БЕРАДИГАН ҲАДЯЛАР

13, 14. a) Юҳанно 15:11 да қандай ҳадя ҳақида айтиб ўтилган? б) Қай йўсин Исонинг қувончини ҳис эта оламиз? в) Қувонч хизматимизга қандай таъсир қилади?

13 Ўлимидан олдинги кечада Исо ҳаворийларига ҳосил келтиришда саботли бўлишларига ёрдам берадиган ҳадяларни ҳам айтиб ўтган. Қизиқ, бу қайси ҳадялар экан? Улар бизга қандай фойда келтиради?

14 Қувонч ҳадяси. Исонинг ваъз қилиш амрига бўйсуниш оғирми? Асло! Ток ҳақидаги масални келтиргач, Исо Шоҳлик хабарчилари, яъни биз қувончни ҳис этишимизни айтган. (Юҳанно 15:11 ни ўқинг.) Дарҳақиқат, Исо бизни унинг қувончини ҳис этишга ишонтирган. Қандай дейсизми? Юқорида айтиб ўтилганидай, у ўзини ток, шогирдларини эса новдалар билан солиштирган. Новдалар токдан узилмас экан, унинг поясидан сув ва ўғитлар билан озиқланиши мумкин. Шунга ўхшаб, Исонинг изидан оғмай у билан бирликда бўлсак, биз ҳам у Отасининг иродасини бажариб туйган қувончни ҳис этамиз. (Юҳан. 4:34; 17:13; 1 Бутр. 2:21) 40 йилдан ошиқ вақт мобайнида кашшофлик қилаётган Ҳане исмли опамиз шундай деди: «Хизматдан сўнг ҳис этадиган қувончим Яҳованинг ишини давом эттиришимга куч беради». Ростдан ҳам, қувонч ҳатто қийинчиликлар бор ҳудудларда ҳам воизлик ишини давом эттиришимизга куч бахш этади. (Мат. 5:10–12)

15. a) Юҳанно 14:27 да қандай ҳадя ҳақида айтиб ўтилган? б) Нима учун тинчлик ҳисси сабр-бардош билан ҳосил келтиришга ёрдам беради?

15 Тинчлик ҳадяси. (Юҳанно 14:27 ни ўқинг.) Ўша кеча сал олдин Исо ҳаворийларига: «Ўз тинчлигимни сизларга беряпман»,— деб айтган. Қай йўсин бу ҳадя — унинг тинчлиги — ҳосил келтиришда давом этишимизга ёрдам беради? Сабр-бардош ила ваъз қилар эканмиз, Яҳовани ҳамда Исони мамнун этаётганимизни билиб, қалбимизда доим тинчликни сезамиз. (Заб. 149:4; Рим. 5:3, 4; Колос. 3:15) 45 йилдан бери тўла вақтли хизматда иштирок этаётган Ульф исмли биродар: «Ваъзгўйликда чарчасам-да, бу иш менга ҳақиқий мамнуният бахш этиб, ҳаётимни янада мазмунли қилади»,— деб айтди. Ҳа, сўнмас ички хотиржамлик ҳисси каби барака учун миннатдормиз!

16. a) Юҳанно 15:15 да қайси ҳадя ҳақида айтиб ўтилган? б) Қандай қилиб ҳаворийлар Исонинг дўстлари бўлиб қолишган?

16 Дўстлик ҳадяси. Исо ҳаворийлари қувончни «тўлалигича» ҳис этишларини истаган ва фидойи севгини кўрсатиш муҳим эканини уларга тушунтирган. (Юҳан. 15:11–13) У давом этиб: «Сизларни дўстларим деб атайман»,— деган. Исонинг дўсти бўлиш бебаҳо ҳадядир. Хўш, ҳаворийлар Исонинг дўсти бўлиб қолиш учун нима қилишлари зарур эди? Улар «мўл-кўл ҳосил беришлари» керак эди. (Юҳанно 15:14–16 ни ўқинг.) Ўшанда тахминан икки йил аввал Исо ҳаворийларига қуйидаги йўл-йўриқни берган эди: «Йўлда кетаётиб: “Осмон Шоҳлиги яқинлашиб қолди”,— деб эълон қилинглар». (Мат. 10:7) Шу йўсин, ўша охирги кечада Исо уларни воизлик ишида сабр-бардошли бўлишга ундаган. (Мат. 24:13; Марк 3:14) Исонинг амрини бажариш қийин бўлган, аммо улар муваффақият қозонишган ва шу аснода унинг дўстлари бўлиб қолишган. Қанақасига? Бу бошқа бир ҳадянинг ёрдами туфайли бўлган.

17, 18. a) Юҳанно 15:16 да қайси ҳадя ҳақида айтиб ўтилган? б) Мазкур ҳадя Исонинг шогирдларига қандай ёрдам берган? в) Бугунги кунда бизни қайси ҳадялар мустаҳкамлаяпти?

17 Ибодатлар ижобат бўлиш ҳадяси. Исо: «Менинг номимдан Отамдан нимаики сўрасангиз, У сизларга беради»,— деб таъкидлаган. (Юҳан. 15:16) Бу ҳадя ҳаворийларни мустаҳкамлагани турган гап *. Ҳаворийлар Исо тез орада ўлишини охиригача тушунишмаган. Лекин Исонинг ўлими улар ёрдамсиз қолишини англатмас эди. Улар Шоҳлик хабарини ваъз қилиш амрини бажариш учун ёрдам сўраб ибодат қилганда, Яҳова уларга жавоб беришга тайёр эди. Чиндан ҳам Исонинг ўлимидан кўп ўтмай, улар Яҳова ибодатларига жавоб берганини кўришди. (Ҳавор. 4:29, 31)

Ёрдам сўраб қилган ибодатларимизга Яҳова жавоб бериши шубҳасиз! (18- хатбошига қаранг.)

18 Бугун ҳам худди шундай. Сабр-бардош билан ҳосил келтирсак, Исонинг дўстлари бўлишдан қувонч топамиз. Бундан ташқари, хушхабарни ваъз этишда қийинчиликларга дуч келганда, Яҳовага ёрдам сўраб ибодат қилсак, У жавоб беришга тайёр эканига амин бўлишимиз мумкин. (Филип. 4:13) Ибодатларимизга жавоб олиш ва Исонинг дўсти бўлиш баракаси учун нақадар миннатдормиз! Яҳованинг мазкур ҳадялари тинмай ҳосил келтиришимиз учун бизни мустаҳкамлайди. (Ёқб. 1:17)

19. a) Нима учун тинмай ваъз қилмоқчимиз? б) Худонинг ишини ўз ниҳоясига етказишга бизга нима ёрдам беради?

19 Ушбу мақолада кўриб чиққанимиздай, Яҳовани улуғлаш, Унинг исмини муқаддас тутиш, Унга ва Исога бўлган севгимизни намоён этиш, одамларни огоҳлантириш ҳамда яқинимизни севишимизни кўрсатиш учун тинмай ваъз қиламиз. Қолаверса, ушбу ишни ўз ниҳоясига етказиш учун қувонч, тинчлик, дўстлик ва ибодатларимизнинг ижобат бўлиши каби ҳадялар бизни мустаҳкамлайди. Яҳова «мўл-кўл ҳосил бериш» учун жон куйдираётганимизни кўриб жуда қувоняпти.

^ абз. 17 Исо ҳаворийлар билан қурган суҳбатда, уларнинг ибодатлари ижобат бўлишига қайта-қайта ишонтирган. (Юҳан. 14:13; 15:7, 16; 16:23)