Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

21- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Ваҳий китобида келажагингиз ҳақида нима дейилган?

Ваҳий китобида келажагингиз ҳақида нима дейилган?

Омин! Келинг, эй Ҳазратимиз Исо. ВАҲ. 22:20

142- ҚЎШИҚ Умидни мустаҳкам ушлайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1. Барча одамлар қандай муҳим қарор олдида турибди?

 ОДАМЛАР ҳозирги кунда муҳим қарор олдида турибди. Улар ҳаққоний Ҳукмдор Тангри Яҳовани қўллаб-қувватлайдими ёки ёвуз Шайтон Иблиснинг томонини эгаллайдими? Учинчи йўл йўқ. Қандай қарор чиқаришмасин, бу уларнинг келажагига таъсир қилади. (Мат. 25:31–33, 46) «Буюк мусибатда» улар омон қолиш ёки йўқ қилиниш тамғасини олади. (Ваҳ. 7:14; 14:9–11; Ҳиз. 9:4, 6)

2. а) Ибронийларга 10:35–39 даги сўзлар бизни нима қилишга ундаяпти? б) Қай йўсин Ваҳий китоби бизга ёрдам бериши мумкин?

2 Ибронийларга 10:35–39 ни ўқинг. Яҳованинг бошқарувини қўллаб-қувватлаш қарорини чиқариб доно йўл тутган бўласиз. Албатта, бошқаларга ҳам тўғри қарор чиқаришга ёрдам беришни истайсиз. Бунда сизга Ваҳий китоби кўмаклашади. Ушбу ажойиб китобда нафақат Яҳовага қарши чиқаётганларни нима кутиши, балки Унга содиқ бўлганлар қандай баракаларга эга бўлиши ҳақида ҳам ёзилган. Бу ҳақиқатларни тадқиқ қилишимиз жуда муҳим. Шу йўсин, Яҳовага хизмат қилиш қароримизни мустаҳкамлаймиз ҳамда бошқаларга олган билимимиз билан тўғри қарор чиқаришга ва унда қатъий туришга ёрдам бера оламиз.

3. Бу мақолада қайси саволларга жавоб топамиз?

3 Ушбу мақолада қуйидаги саволларга жавоб топамиз: Яҳованинг бошқарувини қўллаб-қувватлаганларни қандай келажак кутмоқда? Ваҳий китобида тасвирланган тўқ қизил йиртқич ҳайвонни қўллаб-қувватламоқчи бўлганларни-чи?

СОДИҚ ИНСОНЛАРНИ НИМА КУТЯПТИ?

4. Ҳаворий Юҳанно осмонда Исо билан бирга кимларни кўрган?

4 Ҳаворий Юҳанно ваҳийда Яҳованинг бошқарувини қўллаб-қувватлайдиган ва абадий яшаш имконига эга бўладиган иккита гуруҳни кўрган. Биринчи гуруҳнинг сони 144 000. (Ваҳ. 7:4) Улар осмонда Исо билан бирга Шоҳликда бўлиш учун ер юзидан олинади. Ушбу инсонлар Исо билан бирга ер юзи устидан бошқаради. (Ваҳ. 5:9, 10; 14:3, 4) Юҳанно ваҳийда улар Исо билан бирга самовий Сион тоғида турганини кўрган. (Ваҳ. 14:1)

5. Ер юзидаги мойланганлар билан яқинда нима юз беради?

5 Ҳаворийларнинг давридан то ҳозиргача минглаб одамлар 144 000 мойланган масиҳийлар қаторига танлаб олинди. (Луқо 12:32; Рим. 8:17) Бироқ Юҳаннонинг айтишича, бу танланганларнинг фақат кичик бир қисми охирзамон пайтида ер юзида яшаётган бўлади. Бу «қолганлар» охирги «муҳрни», яъни Яҳованинг розилигини буюк мусибат бошланишидан олдин олишади. (Ваҳ. 7:2, 3; 12:17) Сўнг улар буюк мусибатнинг муайян пайтида осмондаги бошқа садоқатли мойланганларга қўшилади. Улар Исо билан биргаликда Худонинг Шоҳлигида бошқаради. (Мат. 24:31; Ваҳ. 5:9, 10)

6, 7. а) Юҳанно қандай гуруҳни кўрган ва улар ҳақида нималарни билиб олдик? б) Нега Ваҳий 7- боб иккала гуруҳ учун ҳам аҳамиятга эга?

6 Юҳанно бу гуруҳдан ташқари бошқа гуруҳни, яъни «улкан оломонни» кўрган. 144 000 мойланган масиҳийлардан фарқли равишда бу гуруҳнинг сони чегараланмаган. (Ваҳ. 7:9, 10) Бундан нимани билиб оляпмиз? Юҳанно шундай деган: «Бу кишилар буюк мусибатдан чиқиб келаётганлардир. Улар кийимларини Қўзининг қонида ювиб оқартирганлар». (Ваҳ. 7:14) Буюк мусибатдан омон қолган бу «улкан оломон» ер юзида яшайди ва баракалардан завқ олади. (Заб. 37:9–11, 27–29; Ҳик. 2:21, 22; Ваҳ. 7:16, 17)

7 Осмонда яшаш учун танлаб олинганмизми ёки ер юзида яшаймизми, энг асосийси, Ваҳий 7- бобдаги сўзлар амалга ошишига ишоняпмизми? Ҳа, бунга ишонишимиз муҳим. Бу Худонинг хизматчиларидан иборат иккала гуруҳ учун ҳам ажойиб дамлар бўлади. Яҳованинг бошқарувини қўллаб-қувватлашни танлаганимиздан ниҳоятда қувонамиз. Ваҳий китобида буюк мусибат тўғрисида яна нима дейилган? (Мат. 24:21)

ЯҲОВАГА ҚАРШИ ЧИҚАЁТГАНЛАРНИ НИМА КУТЯПТИ?

8. Буюк мусибат қандай бошланади ва аксарият одамлар нима қилади?

8 Ўтган мақолада айтилганидай, бу дунёнинг сиёсий кучлари сохта дин империяси бўлмиш Буюк Бобилга тез орада ҳужум қилади. (Ваҳ. 17:16, 17) Бу буюк мусибатнинг бошланиши бўлади. Натижада кўп инсонлар Яҳовага хизмат қилишни бошлайдими? Йўқ. Аксинча, Ваҳий 6- бобда кўрсатилганидай, Яҳовага хизмат қилмайдиган инсонлар тоғлар билан солиштирилган сиёсий ва тижорат тизимларидан ҳимоя излайди. Самовий Шоҳликнинг томонини эгалламагани учун Яҳова уларни душманлар деб билади. (Луқо 11:23; Ваҳ. 6:15–17)

9. Буюк мусибат пайтида Худонинг халқи қандай ажралиб туради ва улар билан нима содир бўлади?

9 Буюк мусибатнинг оғир дамларида Яҳованинг садоқатли хизматчилари бошқалардан ажралиб туради. Улар йиртқич ҳайвонни қўллаб-қувватламайдиган ва Яҳовага хизмат қиладиган ягона гуруҳ бўлади. (Ваҳ. 13:14–17) Уларнинг қатъийлиги Яҳова душманларининг ғазабини келтиради. Натижада халқлар иттифоқи Худонинг халқига ҳужум қилади. Муқаддас Китобда бу Магўг юртидаги Гўгнинг ҳужуми деб аталган. (Ҳиз. 38:14–16)

10. Яҳова Унинг халқига қарши қилинган ҳужумга қандай муносабат билдиради? (Ваҳий 19:19–21)

10 Хўш, Яҳова бу ваҳший ҳужумга қандай муносабат билдиради? Унинг Ўзи: «Ғазабим аланга олади»,— деб айтяпти. (Ҳиз. 38:18, 21–23) Ваҳий 19- бобда кейин нималар юз бериши ҳақида ёзилган. Яҳова халқини ҳимоя қилиш ва душманларини мағлуб этиш учун Ўғлини юборади. Садоқатли фаришталар ва 144 000 мойланганлардан иборат «самовий қўшин» Исо Масиҳ билан бирга Магўг юртидаги Гўгга қарши жанг қилади. (Ваҳ. 17:14; 19:11–15) Охири нима бўлади? Яҳовага қарши чиқадиган ҳамма одамлар ва ташкилотлар йўқ қилинади. (Ваҳий 19:19–21 ни ўқинг.)

ЖАНГДАН СЎНГ ТЎЙ БЎЛАДИ

11. Ваҳий китобида яна қандай муҳим ҳодиса ҳақида айтилган?

11 Худонинг душманлари йўқ қилинганида садоқатли хизматчилар нималарни ҳис қилишини бир тасаввур қилинг-а! Бу ниҳоятда қувончли дамлар бўлади. Буюк Бобил йўқ қилинганида эса осмонда қувонч ҳайқириқлари янграйди. Хурсандчилик қилиш учун яна бир сабаб бўлади. (Ваҳ. 19:1–3) Ўшанда Ваҳий китобида «Қўзининг никоҳи» деб айтилган муҳим ҳодиса юз беради. (Ваҳ. 19:6–9)

12. Ваҳий 21:1, 2 га биноан, Қўзининг никоҳи қачон бўлади?

12 Бу никоҳ қачон бўлади? Армагеддон жанги бошланишидан сал аввал 144 000 мойланганларнинг ҳаммаси осмонда бўлади. Аммо ўша пайтда Қўзининг никоҳи бўлмайди. (Ваҳий 21:1, 2 ни ўқинг.) Бу никоҳ Армагеддон жанги тугаганидан кейин ва Худонинг барча душманлари йўқ қилингач бўлади. (Заб. 45:3, 4, 13–17)

13. Қўзининг никоҳи унда иштирок этадиганлар учун нимани англатади?

13 Қўзининг никоҳи унда иштирок этадиганлар учун нимани англатади? Никоҳ эркак ва аёлни бирлаштирганидай, бу рамзий никоҳ ҳам Шоҳ Исо Масиҳ билан «келинни», яъни 144 000 мойланганларни бирлаштиради. Ушбу никоҳ туфайли янги ҳукумат пайдо бўлади. У ер юзини 1 000 йил бошқаради. (Ваҳ. 20:6)

УЛУҒВОР ШАҲАР ВА КЕЛАЖАГИНГИЗ

Ваҳий 21- бобида мажозий Янги Қуддус шаҳри «Худонинг ҳузуридан тушиб келаётгандай» тасвирланган. Минг йиллик бошқарув пайтида у итоатли одамларга беҳисоб қут-баракалар олиб келади (14–16- хатбошиларига қаранг.)

14, 15. Ваҳий 21- бобда 144 000 мойланган масиҳийлар нима билан солиштирилган? (Муқовадаги расмга қаранг.)

14 Ваҳий китобининг 21- бобида 144 000 мойланганлар жуда гўзал янги «Янги Қуддус» шаҳри билан солиштирилган. (Ваҳ. 21:2, 9) Ушбу шаҳарнинг пойдеворида «12 та тош бор бўлиб, уларда Қўзининг 12 ҳаворийси исмлари ёзилганди». Нега бу маълумот Юҳаннони қизиқтирган? Чунки бу тошларда у ўзининг исмини ҳам кўрган. Ҳа, бу улкан шараф эди. (Ваҳ. 21:10–14; Эфес. 2:20)

15 Бу шаҳарга ўхшаши йўқ. Чунки унинг асосий кўчаси соф олтиндан, 12 та дарвозаси марвариддан иборат, деворлари ва пойдевори қимматбаҳо тошлар билан безатилган. Ўлчовлари ҳам бекаму кўст. (Ваҳ. 21:15–21) Лекин Юҳанно у ерда нимадир етишмаётганига эътибор берди. У шундай деди: «Шаҳарда маъбадни кўрмадим, чунки унинг маъбади Қодир Тангри Яҳова ҳамда Қўзидир. Шаҳарни қуёш ёки ой ёритишига эҳтиёж йўқ. Сабаби, Аллоҳнинг шон-шуҳрати уни ёритарди ва унинг чироғи Қўзи эди». (Ваҳ. 21:22, 23) Янги Қуддусга кирганлар Яҳова билан бирга бўлади. (Иброн. 7:27; Ваҳ. 22:3, 4) Демак, ўша шаҳардаги маъбад Яҳова ҳамда Исодир.

Мажозий «дарё» ва «дарахтлардан» кимлар фойда олади? (16-, 17- хатбошиларига қаранг.)

16. Худо Шоҳлигининг Минг йиллик бошқаруви даврида одамлар билан нима бўлади?

16 Мойланганлар бу шаҳар ҳақида ўйлашлари ниҳоятда муҳим. Лекин бу шаҳар ер юзида яшаш умидига эга бўлганлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Худо Шоҳлигининг Минг йиллик бошқаруви даврида Янги Қуддус беҳисоб баракалар келтиради. Юҳанно баракалар «оби ҳаёт дарёсидай» оқиб келаётганини кўрган. Ушбу дарёнинг икки томонида барглари «халқларга шифо бахш этаётган» «ҳаёт дарахтлари» бор эди. (Ваҳ. 22:1, 2) Барча инсонлар бу баракалардан фойда олиши мумкин. Аста-секин итоаткор барча одамлар мукаммалликка эришади. Касаллик, оғриқ ва дард кўз ёшлари бошқа бўлмайди. (Ваҳ. 21:3–5)

17. Минг йиллик бошқарув пайтида баракалардан кимлар фойда олади? (Ваҳий 20:11–13)

17 Баракалардан кимлар фойда олади? Биринчи бўлиб Армагеддондан омон қолган улкан оломон ва эҳтимол, уларнинг янги дунёда туғилажак фарзандлари баракалардан баҳраманд бўлади. Шунингдек, Ваҳий 20- бобда ўлганлар тирилиши ваъда қилинган. (Ваҳий 20:11–13 ни ўқинг.) Яҳова ҳақида билим олиш имконига эга бўлмаган «адолатли ва адолатсиз» кишилар ер юзида яна ҳаётга қайтади. (Ҳавор. 24:15; Юҳан. 5:28, 29) Бу Минг йиллик бошқарув пайтида ер юзида ҳамма тирилади деганими? Йўқ. Ўлимидан олдин Яҳовага хизмат қилишдан бош тортган инсонлар тирилмайди. Чунки улар ер юзидаги жаннатда яшаш имконини қўлдан бой бериб, уни қадрламаганини кўрсатишган. (Мат. 25:46; 2 Салон. 1:9; Ваҳ. 17:8; 20:15)

СЎНГГИ СИНОВ

18. Минг йилнинг сўнгида ер юзида вазият қандай бўлади?

18 Ҳа, 1 000 йилнинг сўнгида ер юзидаги барча инсонлар мукаммал бўлади. Ҳеч бир инсон Одаматодан мерос бўлиб ўтган гуноҳнинг таъсирида бўлмайди. (Рим. 5:12) Одаматонинг гуноҳ лаънати бутунлайин йўқ қилинади. Бу дегани, ер юзидаги барча инсонлар 1 000 йилнинг охирида «тирилади», яъни тўлақонли мукаммал ҳаётга эга бўлади. (Ваҳ. 20:5)

19. Нима учун сўнгги синов бўлиши керак?

19 Биламизки, Шайтон Исони синаганида у Яҳовага садоқатли қолган. Лекин мукаммалликка эришган инсонлар ҳам Яҳовага садоқатли қолишни танлашадими? 1 000 йилнинг охирида Шайтон озод этилгач, уларнинг барчаси бу саволга жавоб бера олишади. (Ваҳ. 20:7) Сўнгги синовда садоқатли қолган инсонлар абадий ҳаётга эга бўлиб, ҳақиқий озодликдан суюнади. (Рим. 8:21) Худога қарши исён кўтарганлар эса Иблис ва унинг жинлари билан биргаликда абадий йўқ қилинади. (Ваҳ. 20:8–10)

20. Ваҳий китобидаги ажойиб башоратларни кўриб чиқиш сизга қандай таъсир қиляпти?

20 Ваҳий китобини қисқача кўриб чиққач, ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? Бу таъсирли башоратлар амалга ошадиган пайтда яшашни тасаввур қилиш ажойиб бўлса керак. Бу сизни бошқаларни ҳақ топинишга таклиф қилишга ундаётгани шубҳасиз. (Ваҳ. 22:17) Келажакда юз берадиган ушбу ҳодисалар онгимизу қалбимизда ўчмас из қолдириб, ҳаворий Юҳанно каби: «Омин! Келинг, эй Ҳазратимиз Исо»,— деб айтишга ундаяпти. (Ваҳ. 22:20)

27- ҚЎШИҚ Худо ўғилларининг ошкор бўлиши

^ Ушбу мақола Ваҳий китоби ҳақидаги мақолаларнинг сўнггиси. Бу мақоладан Яҳовага садоқат кўрсатаётганларни порлоқ келажак кутаётганини ва Унинг ҳукмронлигига бўйсунмаётганларни эса шармандали якун топишини билиб оламиз.