19- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Ваҳий китобининг сиз учун аҳамияти
Ушбу башоратдаги сўзларни овоз чиқариб ўқиётган... бахтлидир. ВАҲ. 1:3
15- ҚЎШИҚ Яҳованинг Ўғлини мадҳ этинг
БУ МАҚОЛАДА *
1, 2. Ваҳий китоби биз учун аҳамиятга эга эканининг сабабларидан бири қандай?
КИМДИР сизни ўз расмларини томоша қилишга таклиф қилганми? Расмларда кўп нотаниш одамларни кўрасиз. Лекин бир расм эътиборингизни тортади. Нега? Чунки бу расмда сиз борсиз. Расмни яхшилаб кўздан кечириб, у қачон ва қаерда олингани ҳақида ўйлайсиз. Қолаверса, расмдаги бошқа одамларни эслашга ҳаракат қиласиз. Ҳа, бу расм сиз учун ўзгача.
2 Ваҳий китоби бундай расмга ўхшайди. Нима учун? Бунинг камида иккита сабаби бор. Биринчидан, Ваҳий китоби биз учун ёзилган. Илк оятидаёқ қуйидагиларни ўқиймиз: «Яқинда юз берадиган воқеаларни Ўз қулларига ошкор этиш мақсадида, Аллоҳ бу ваҳийни Исо Масиҳга берди». (Ваҳ. 1:1) Демак, бу китоб умуман олганда барча инсонлар учун эмас, балки биз, яъни Худонинг бағишланган хизматчилари учун ёзилган. Унинг халқи эканмиз, бу таъсирли китобдаги башоратларнинг амалга ошишида иштирок этаётганимизни билишдан ҳайрон қолмаймиз. Бошқача айтганда, «бу расмда» ўзимизни кўряпмиз.
3, 4. Ваҳий китобига кўра, у ердаги башоратлар қачон амалга ошади ва бу бизни нима қилишга ундаши керак?
3 Иккинчидан, бу башоратлар амалга ошадиган вақтни ўз ичига олади. Ҳаворий Юҳанно кекса ёшида бу башоратлар қачон амалга ошиши борасида шундай деган: «Муқаддас руҳ таъсирида мен Ҳазратимиз кунида бўлиб қолдим». (Ваҳ. 1:10) Юҳанно бу сўзларни тахминан мил. 96 йили ёзган. «Ҳазратимиз кунига» эса ҳали анча бор эди. (Мат. 25:14, 19; Луқо 19:12) Муқаддас Китобдаги башоратга кўра, ушбу кун 1914 йили, яъни Исо осмонда Шоҳ этиб тайинланганида бошланган. Ваҳий китобидаги Худонинг халқига тегишли башоратлар ўша йили амалга ошишни бошлаган. Ҳа, биз «Ҳазратимиз кунида» яшаяпмиз.
4 Бу ажойиб даврда яшаяпмиз экан, Ваҳий 1:3 да ёзилган қуйидаги маслаҳатга диққатли бўлишимиз даркор: «Ушбу башоратдаги сўзларни овоз чиқариб ўқиётган ва тинглаётганлар ҳамда бу ёзилганларга риоя қилаётганлар ҳам бахтлидир, зеро белгиланган вақт яқин». Дарҳақиқат, бу башоратдаги сўзларни «овоз чиқариб ўқишимиз», «тинглашимиз» ва уларга «риоя қилишимиз» керак. Келинг, риоя қилишимиз керак бўлган баъзи сўзларга эътибор қаратамиз.
ЯҲОВАГА МАЪҚУЛ ТАРЗДА ТОПИНИНГ
5. Топинишимиз Яҳовага маъқул бўлиши муҳим эканлиги Ваҳий китобида қандай кўрсатилган?
5 Ваҳий китобининг биринчи бобидан Исо жамоатдаги барча нарсадан хабардор эканини кўришимиз мумкин. (Ваҳ. 1:12–16, 20; 2:1) Буни Исо Кичик Осиёдаги еттита жамоатга йўллаган хабарларидан билсак бўлади. Бу хабарларда у биринчи асрдаги масиҳийларга йўл-йўриқ бериб, Яҳовага маъқул тарзда топинаётганини аниқлашга ёрдам берган. Улар бугунги кунда Худонинг халқига қандай тааллуқли? Бундан қандай сабоқ олсак бўлади? Йўлбошчимиз Исо Масиҳ маънавий ҳолатимиз қандай эканини яхши билади. Биз унинг ҳимояси остидамиз. Ҳеч нарса унинг назаридан четда қолмайди. Яҳованинг марҳаматига эга бўлиш учун нима қилишимиз кераклигини у яхши билади. Исо амал қилишимиз керак бўлган қандай маслаҳат берган?
6. а) Исо Эфесдаги жамоатда қандай муаммо борлигини айтган? (Ваҳий 2:3, 4) б) Бундан қандай сабоқ оляпмиз?
6 Ваҳий 2:3, 4 ни ўқинг. Яҳовага бўлган илк муҳаббатимиздан совимаслигимиз керак. Исо Эфесдаги жамоатга йўллаган хабари шуни кўрсатяптики, улар сабр-бардош намоён этган ва турли қийинчиликларга қарамай Яҳовага хизмат қилган. Шундай бўлса ҳам улар илк муҳаббатидан совиган. Ўша масиҳийлар муҳаббатини яна уйғотиши керак эди. Акс ҳолда, Яҳова топинишини қабул қилмасди. Бугун ҳам сабр-бардошли бўлишдан кўпроғини қилишимиз кутилади. Тўғри ниятлар ила сабр-бардош намоён этишимиз лозим. Аллоҳимиз нафақат нима қилаётганимизга, балки нега буни қилаётганимизга диққат қаратади. Ниятларимиз У учун муҳим аҳамиятга эга, чунки Яҳова топинишимиз Унга бўлган кучли севги ва миннатдорликка асосланишини хоҳлайди. (Ҳик. 16:2; Марк 12:29, 30)
7. а) Сардидаги жамоатда қандай муаммо бор эди? (Ваҳий 3:1–3) б) Биз нима қилишимиз керак?
7 Ваҳий 3:1–3 ни ўқинг. Ҳушёр бўлишимиз лозим. Сардидаги жамоатдагиларнинг бошқа муаммоси бор эди. Улар илгари маънан фаол бўлган бўлса-да, аммо кейинчалик сустлашган. Шунга Исо уларга уйғонишлари кераклигини айтган. Биз учун қандай сабоқ? Албатта, Яҳова меҳнатимизни унутмайди. (Иброн. 6:10) Лекин Яҳовага хизмат қилиб қўйдим, ҳозир хизмат қилмасам ҳам бўлади, деб ўйламаслигимиз керак. Имкониятларимиз олдингига қараганда чегараланган бўлиши мумкин, аммо бунга қарамай «Раббимизнинг иши» билан банд бўлиб, охиригача ҳушёрликни сақлашимиз лозим. (1 Кор. 15:58; Мат. 24:13; Марк 13:33)
8. Исо Лаодикиядагиларга айтган сўзларидан қандай сабоқ олишимиз мумкин? (Ваҳий 3:15–17)
8 Ваҳий 3:15–17 ни ўқинг. Топинишда ғайратли ва жонкуяр бўлишимиз керак. Исо Лаодикиядагиларга йўллаган хабарда бошқа бир муаммони таъкидлаган. Улар топинишда «илиқ» бўлиб қолган. Ўша масиҳийларнинг бефарқлиги учун Исо уларга «бахтсиз, ачинарли аҳволда» эканлиги ҳақида айтган. Улар Яҳовага топинишда кучли ғайрат намоён этиши керак эди. (Ваҳ. 3:19) Бундан қандай сабоқ олсак бўлади? Бизнинг ҳам ғайратимиз сўнган бўлса, маънавий бойлигимизга бўлган миннатдорчилигимизни кучайтиришимиз лозим. (Ваҳ. 3:18) Қулай ҳаёт сари интилиб, маънавий ишларимиз иккинчи ўринда қолиб кетишига асло йўл қўймаслигимиз даркор.
9. Исонинг Пергам ва Тиятира жамоатидаги масиҳийларга йўллаган хабарига биноан, нима қилишдан йироқлашишимиз керак?
9 Муртадларнинг сохта таълимотларини рад этишимиз лозим. Исо биродарлар орасида бўлинишларга сабаб бўлаётган Пергам жамоатидаги баъзиларга танбеҳ берган. (Ваҳ. 2:14–16) У шунингдек, Тиятира жамоатидагиларни «Шайтоннинг теранликларидан» йироқлашаётгани учун мақтаган ва ҳақиқатни «маҳкам ушлашга» ундаган. (Ваҳ. 2:24–26) Сохта таълимотларга риоя қилишни бошлаган имони суст масиҳийлар тавба қилиши керак эди. Биз ҳақимизда нима деса бўлади? Яҳованинг нуқтаи назарига зид бўлган ҳар қандай таълимотни рад этишимиз лозим. Муртадлар «ўзларини художўй кўрсатишлари» мумкин, аммо ишлари улар бундай эмаслигини тасдиқлайди. (2 Тим. 3:5) Худонинг Каломини чуқур тадқиқ қилсак, сохта таълимотларни аниқлаш ва уларни рад этиш осонроқ бўлади. (2 Тим. 3:14–17; Яҳд. 3, 4)
10. Исо Пергам ва Тиятирадаги жамоатдагиларга айтган сўзларидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
10 Ахлоқсизликнинг ҳеч бир турига қўл урмаслигимиз ва кўз юммаслигимиз керак. Пергам ва Тиятирада яна бир муаммо бор эди. Ўша ердаги жамоатда хизмат қилаётганларнинг айримлари ахлоқсизлик қилишда давом этаётгани учун Исо уларга танбеҳ берган. (Ваҳ. 2:14, 20) Бундан қандай сабоқ олсак бўлади? Биз ҳам ҳатто кўп йиллар давомида хизмат қилсак, анчагина шарафли вазифаларни бажарсак ва шу билан бирга ахлоқсизликка қўл урсак, Яҳова буни хуш кўрмайди. (1 Шоҳ. 15:22; 1 Бутр. 2:16) Бу дунёдаги аҳвол қанчалик ёмон бўлиб кетаётганидан қатъи назар, Худо юксак ахлоқий меъёрларига амал қилишимизни истайди. (Эфес. 6:11–13)
11. Нималарни билиб олдик? (« Биз учун сабоқлар» номли рамкага ҳам қаранг.)
11 Нималарни билиб олдик? Топинишимиз Яҳовага маъқул эканига амин бўлишимиз даркор. Агар бирон ишимиз Яҳовага маъқул келмаса, тўғри йўлга қайтиш учун зудлик билан ҳаракат қилишимиз керак. (Ваҳ. 2:5, 16; 3:3, 16) Исо жамоатларга йўллаган хабарларида яна бир нарса ҳақида айтган. Қизиқ, бу нима экан?
ТАЪҚИБЛАРДА САБР-БАРДОШЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁР БЎЛИНГ
12. Исо Смирна ва Филаделфиядаги биродарларга йўллаган хабардан нимани ўрганишимиз мумкин? (Ваҳий 2:10)
12 Келинг, Исо Смирна ва Филаделфиядаги жамоатдагиларга қандай хабар йўллаганини кўриб чиқайлик. У масиҳийларга бошига тушадиган азоб-уқубатлардан қўрқмасликни ва уларнинг садоқати мукофотланишини айтган. (Ваҳий 2:10 ни ўқинг; 3:10) Хўш, бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Биз ҳам таъқибларга дуч келишимизни биламиз ва уларга сабр-бардош қилишга тайёр бўлишимиз керак. (Мат. 24:9, 13; 2 Кор. 12:10) Нега бу эслатма биз учун муҳим?
13, 14. Ваҳий 12- бобдаги воқеалар Худонинг халқига қандай таъсир қилди?
13 Ваҳий китобида Худонинг халқи биз яшаётган даврда, яъни «Ҳазратимиз кунида» қаршиликларга дуч келиши ҳақида айтилган. Ушбу китобнинг 12- бобига кўра, Исо Масиҳ Шоҳ этиб тайинлангач, дарҳол осмонда жанг бошланган. Микоил, яъни Исо Масиҳ ва унинг қўшини Шайтон ҳамда жинларга қарши жанг қилган. (Ваҳ. 12:7, 8) Натижада Худонинг бу душманлари мағлуб бўлган ва ер юзига улоқтирилган. Шу сабабдан, ҳозир ер юзидаги одамлар азоб-уқубатларни бошдан кечиряпти. (Ваҳ. 12:9, 12) Бу ҳодисалар Худонинг халқига қандай таъсир қилди?
14 Ваҳий китобида кейинчалик Шайтон нима қилгани ҳақида ёзилган. У Худонинг ҳузурига бошқа кира олмаётгани учун Унинг ер юзидаги мойланган хизматчиларига қаҳр-ғазабини сочяпти. Бу хизматчилар Худо Шоҳлигининг вакиллари бўлиб, «Исо ҳақда шоҳидлик қиляпти». (Ваҳ. 12:17; 2 Кор. 5:20; Эфес. 6:19, 20) Хўш, бу ваҳий қай йўсин амалга ошди?
15. Ваҳий 11- бобдаги «иккита шоҳид» кимни билдирган ва улар билан нима содир бўлган?
15 Шайтон сабабли Худонинг душманлари ваъзгўйлик фаолиятига бош-қош бўлган мойланган биродарларга қарши ҳужум қилган. Ушбу биродарлар рамзий маънода «иккита шоҳид» бўлиб ўлдирилиши керак эди *. (Ваҳ. 11:3, 7–11) 1918 йили саккизта масъулиятли биродар ноҳақ айбланиб, узоқ муддатга қамалган. Аксарият одамларнинг нуқтаи назарида мойланганлар худди «ўлдирилган» эди.
16. 1919 йили қандай кутилмаган воқеа юз берди, лекин Шайтон ўшандан бери нима қилишда давом этяпти?
16 Ваҳий 11- бобдаги башоратда «иккита шоҳид» қисқа вақтдан кейин ҳаётга қайтиши ҳақида ҳам ёзилган. Бу башорат қамоқдаги ўша биродарлар у ерга тушганидан бир йил ўтар-ўтмас, ажойиб тарзда амалга ошди. 1919 йили март ойида улар озод этилди ва кейинчалик ҳамма айбловлар бекор қилинди. Улар дарров ваъзгўйлик ҳамда таълим бериш фаолиятига қайтди. Бироқ Шайтон Худонинг халқига қарши ҳужумини тўхтатмади. Ўшандан бери у Худонинг барча хизматчиларининг бошига «дарёга» ўхшатилган таъқибларни солиб келяпти. (Ваҳ. 12:15) Дарҳақиқат, барчамизга «сабр-бардош ва имон керак». (Ваҳ. 13:10)
ЯҲОВА БИЗГА ТОПШИРГАН ИШДА ЖОН КУЙДИРИНГ
17. Худонинг халқи Шайтоннинг ҳужумларига қарамай, кутилмаганда қай йўсин ёрдам олган?
17 Ваҳий китобининг 12- бобида Худонинг халқи кутилмаганда ёрдам олиши ҳақида айтилган. У ерда ёзилишича, «ер» таъқибларга ўхшатилган «дарёни» ютиб юборади. (Ваҳ. 12:16) Бу амалга ошди. Баъзида Шайтон дунёсининг кўплаб тизимлари, жумладан, суд тизими Худонинг халқига ёрдамга келган. Кўп маротаба Яҳованинг хизматчилари судда ғалаба қозонган. Бу туфайли улар муайян эркинликка эришган. Улар бу эркинликдан қандай фойдаланган? Улар имкониятни қўлдан бой бермай, Яҳова уларга топширган ишни бажарган. (1 Кор. 16:9) Бу иш нимани ўз ичига олган?
18. Ушбу охирзамонда амалга оширилаётган қайси фаолият энг муҳим?
18 Исо охират келишидан аввал Худонинг халқи Унинг Шоҳлиги ҳақидаги «хушхабарни... бутун дунё бўйлаб ваъз қилишини» башорат қилган. (Мат. 24:14) Улар ваъз қилганида фаришталарнинг ёрдамига эга бўлади. Бу фаришталарда «абадий хушхабар бор бўлиб, уни ер юзида яшовчиларга, яъни ҳар бир миллат, қабила, тил ва халққа эълон этишяпти». (Ваҳ. 14:6)
19. Яҳовани яхши кўрадиганлар яна қандай хабарни эълон қилиши керак?
19 Шоҳлик ҳақидаги хушхабар Худонинг халқи эълон қилиши керак бўлган ягона хабар эмас. Шунингдек, улар Ваҳий 8–10 бобларда айтилганидай, фаришталар бажараётган ишда ҳам ёрдам бериши керак. Бу фаришталар Худонинг Шоҳлигини рад этаётганларга баъзи кулфатлар ҳақида эълон қиляпти. Шу боис, Яҳованинг Шоҳидлари Шайтоннинг дунёсидаги турли тизимларга қарши чиқарилган ҳукм хабарини эълон қилишяпти. Бу хабар «дўл ва оловга» ўхшатилган. (Ваҳ. 8:7, 13) Одамлар охират яқинлигини билиши керак. Чунки шу йўсин улар ҳаётига керакли ўзгаришлар киритиши ва Яҳованинг ғазаб кунида омон қолиши мумкин. (Заф. 2:2, 3) Бу машҳур хабар эмас. Шу сабабли, уни эълон қилиш учун жасоратли бўлишимиз керак. Буюк мусибатда ҳукм хабари одамларга янада кучли таъсир қилади. (Ваҳ. 16:21)
УШБУ БАШОРАТДАГИ СЎЗЛАРГА РИОЯ ҚИЛИНГ
20. Навбатдаги иккита мақолада нималар ҳақида сўз юритамиз?
20 Ваҳий китобида ўқиган башоратлар амалга ошишида ҳисса қўшаётган эканмиз, у ердаги сўзларга риоя қилишимиз зарур. (Ваҳ. 1:3) Лекин таъқибларга дуч келганда қай йўсин садоқатли бўлиб, бу хабарларни ғайрат ила ваъз қилишда давом эта оламиз? Бизга қуйидаги иккита фикр куч беради: биринчиси, Ваҳий китобида Худонинг душманлари ошкор этилган. Иккинчиси, агар содиқ бўлиб қолсак, келажакда баракаларга эга бўламиз. Навбатдаги иккита мақолада бу борада сўз юритамиз.
32- ҚЎШИҚ Яҳова томон туринг!
^ Биз ажойиб даврда яшаяпмиз. Ваҳий китобидаги башоратлар ҳозир амалга ошяпти. Қизиқ, улар бизга қандай таъсир қиляпти? Бу ва кейинги иккита мақолада Ваҳий китобидаги баъзи фикрларга эътибор қаратамиз. Қолаверса, бу мақолаларда Ваҳий китобида ёзилганларга амал қилиш орқали қай йўсин Яҳовага маъқул тарзда топинишимиз мумкинлигини билиб оламиз.
^ «Қўриқчи минораси»нинг 2014 йил 15 ноябрь сонидаги 30- саҳифасида келтирилган «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.