20- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Ваҳий китоби Худонинг душманлари учун нимани англатади?
Улар шоҳларни ибронийча Армагеддон деб аталмиш жойга тўпладилар. ВАҲ. 16:16
150- ҚЎШИҚ Рабни излаб, нажот топинг
БУ МАҚОЛАДА *
1. Ваҳий китобига биноан, Шайтон Худонинг халқига нима қиляпти?
ВАҲИЙ китобида Худонинг Шоҳлиги ўрнатилгани ва Шайтон ер юзига улоқтирилгани ҳақида ёзилган. (Ваҳ. 12:1–9) Шайтон ер юзига улоқтирилгани осмондаги мавжудотларга тинчлик келтирди, аммо ер юзида яшайдиганлар учун бу муаммо туғдирди. Нега? Чунки Шайтон ғазабда ва ер юзида Яҳовага садоқат ила хизмат қилаётганларга ҳужум қиляпти. (Ваҳ. 12:12, 15, 17)
2. Яҳовага содиқ бўлиб қолишимизга нима ёрдам беради?
2 Шайтоннинг ҳужумларига қарамай қандай қилиб содиқ бўлиб қолишимиз мумкин? (Ваҳ. 13:10) Бунинг бир йўли келажакда нималар бўлишини билиш. Масалан, Ваҳий китобида ҳаворий Юҳанно яқинда бизга завқ келтирадиган баъзи баракаларни тилга олган. Улардан бири Худо душманларининг йўқ бўлиб кетиши. Келинг, улар ҳақида Ваҳий китобида нима деб ёзилганини ва уларни нима кутаётганини билиб олайлик.
ХУДОНИНГ ДУШМАНЛАРИ «РАМЗЛАР ОРҚАЛИ» ТАСВИРЛАНГАН
3. Ваҳий китобидаги баъзи рамзлар қандай?
3 Ваҳий китобининг биринчи оятидан шуни кўришимиз мумкинки, у ердаги маълумот «рамзлар орқали», яъни мажозий маънода ёзилган. (Ваҳ. 1:1) Худонинг душманларини тасвирлайдиган бир нечта йиртқич ҳайвонни кўриб чиқайлик. Мисол учун, «денгиздан чиқиб келаётган йиртқич ҳайвон». «Унинг ўнта шохи ва еттита боши бор эди». (Ваҳ. 13:1) Кейингиси «ердан чиқиб келаётган бошқа бир йиртқич ҳайвон». У «аждаҳо каби гапиради» ва «осмондан ерга олов туширади». (Ваҳ. 13:11–13) Яна биттаси, «тўқ қизил йиртқич ҳайвон». Ушбу ҳайвон устида фоҳиша ўтириб уни бошқараётганди. Бу учта йиртқич ҳайвон узоқ вақт давомида Тангри Яҳова ва Унинг Шоҳлигига қарши чиқаётган душманларни билдиради. Шунинг учун, улар кимни англатишини билишимиз жуда муҳим. (Ваҳ. 17:1, 3)
4, 5. Қай йўсин Дониёр 7:15–17 бу рамзларнинг маъносини тушунишга ёрдам беради?
4 Бу душманлар кимлигини аниқлашдан аввал йиртқич ҳайвонлар ва фоҳиша нималарнинг рамзи эканини билиб олайлик. Бунинг энг яхши йўли улар ҳақида Муқаддас Китобда нима деб айтилганини тадқиқ қилишдир. Ваҳий китобидаги кўпгина рамзлар Муқаддас Ёзувларнинг бошқа китобларида тушунтирилган. Масалан, Дониёр пайғамбар тушида «денгиздан... тўртта баҳайбат ҳайвон чиқиб келганини» кўрган. (Дон. 7:1–3) Дониёр улар кимларни англатишини айтган. Ўша баҳайбат ҳайвонлар тўртта «подшоҳни» ёки ҳукуматни билдиради. (Дониёр 7:15–17 ни ўқинг.) Бу аниқ маълумот Ваҳий китобидаги ҳайвонлар ҳам сиёсий кучларни англатишини кўрсатяпти.
5 Келинг, Ваҳий китобида тасвирланган бир қатор рамзларни кўриб чиқайлик. Шундай қилиб, Муқаддас Китоб бу рамзларнинг маъносини тушунишга ёрдам бераётганини билиб оламиз. Бир нечта йиртқич ҳайвон ҳақида гап юритамиз. Аввало улар ниманинг рамзи эканини ва ушбу ҳайвонлар билан нима содир бўлишини билиб оламиз. Қолаверса, бу ҳодисалар биз учун қандай аҳамиятга эга эканини муҳокама қиламиз.
ХУДОНИНГ ДУШМАНЛАРИ АНИҚЛАНДИ
6. Етти бошли йиртқич ҳайвон ниманинг рамзи? (Ваҳ. 13:1–4)
6 Етти бошли йиртқич ҳайвон ниманинг рамзи? (Ваҳий 13:1–4 ни ўқинг.) Кўряпмизки, бу ҳайвон қоплонга ўхшайди, лекин оёқлари айиқникидай, оғзи шерникидай эди. Дониёр китобининг 7- бобида тилга олинган тўртта ҳайвон ҳам шундай хусусиятларга эга. Ваҳий китобида эса бу хусусиятлар алоҳида тўртта ҳайвонда эмас, балки битта ҳайвонда мужассам бўлган. Бу йиртқич ҳайвон фақат битта ҳукуматни ёки жаҳон империясини англатмайди. Юҳанно «унга ҳар бир қабила, халқ, тил ва миллат устидан ҳокимият берилгани» ҳақида айтган. Демак, у биттагина ҳукумат бўла олмайди. (Ваҳ. 13:7) Бу йиртқич ҳайвон ҳозирги кунгача инсонлар устидан бошқариб келган барча ҳукуматларни англатади *. (Воиз 8:9)
7. Йиртқич ҳайвоннинг ҳар бир боши қайси жаҳон империясини билдиради?
7 Ҳар бир бош қайси жаҳон империясини билдиради? Ваҳий 13- бобда айтилган йиртқич ҳайвон 17- бобда ёрқинроқ тасвирланган. Ваҳий 17:10 да қуйидагиларни ўқиймиз: «Улар еттита подшоҳни билдиради: улардан бештаси йўқ бўлди, биттаси бор, бошқаси эса ҳали келмаган. Лекин у келганда ҳам кўп вақт турмайди». Шайтон барча сиёсий кучларни бошқаряпти. Еттита подшоҳ «бошлар» билан солиштирилган, чунки улар катта кучга эга. Жаҳон империялари Худо халқининг устидан бошқарган ва уларга кучли таъсир ўтказган. Ҳаворий Юҳанно ҳаётлигида еттита подшоҳдан бештаси дунё саҳнасида пайдо бўлишга улгурган эди. Улар Миср, Оссурия, Бобил, Мидия ва Форс ҳамда Юнонистон. Ҳаворий Юҳанно ваҳий олганида олтинчи дунё империяси, яъни Рим ҳали бошқараётган эди. Қизиқ, еттинчи бош қайси жаҳон империясини билдиради?
8. Йиртқич ҳайвоннинг еттинчи боши қайси жаҳон империясини билдиради?
8 Дониёр китобидаги башоратлар йиртқич ҳайвоннинг еттинчи ва сўнгги боши қайси жаҳон империяси эканини тушунишимизга ёрдам беряпти. Ушбу охирзамонда, яъни «Ҳазратимиз кунида» қайси жаҳон империяси бошқаряпти? (Ваҳ. 1:10) Бу иккита ҳукумат, яъни Буюк Британия ва Америка Қўшма Штатлари, бошқача қилиб айтганда, бу Англия-Америка жаҳон империяси. Демак, уни Ваҳий 13:1–4 даги йиртқич ҳайвоннинг еттинчи боши деса бўлади.
9. «Қўзиникига ўхшаган иккита шохи бор» йиртқич ҳайвон қайси жаҳон империясини англатади?
9 Ваҳий 13- бобдан еттинчи бош, яъни Англия-Америка жаҳон империяси ҳақида билиб оляпмиз. Шунингдек, у «қўзиникига ўхшаган иккита шохи бор», аммо «аждаҳо каби гапира бошлаган» йиртқич ҳайвон сингари йўл тута бошлаган. Ушбу йиртқич ҳайвон «буюк аломатлар яратиб, ҳатто осмондан ерга олов туширган». (Ваҳ. 13:11–15) Ваҳий 16- ва 19- бобларда бу йиртқич ҳайвон «сохта пайғамбар» деб аталган. (Ваҳ. 16:13; 19:20) Дониёр ҳам шу каби нарсаларни, яъни Англия-Америка жаҳон империяси «даҳшатли ҳалокатлар» келтиришини айтган. (Дон. 8:19, 23, 24) Бу Иккинчи жаҳон урушида содир бўлди. Буюк Британия ва Америка олимлари кучларини бирлаштириб, иккита атом бомба яратди ва уларни Японияга ташлади. Натижада бу, уруш якунига етишида ҳал қилувчи ўрин эгаллади. Англия-Америка жаҳон империяси бу бомбаларни яратиб, «осмондан ерга олов туширган».
10. «Ҳайвоннинг тасвири» ниманинг рамзи? (Ваҳий 13:14, 15; 17:3, 8, 11)
10 Кейин бошқа ҳайвонни кўряпмиз. Буниси етти бошли йиртқич ҳайвонга ўхшаб кетади, фақат унинг ранги тўқ қизил. У «ҳайвоннинг тасвири» деб аталган ва «саккизинчи подшоҳ» сифатида тасвирланган *. (Ваҳий 13:14, 15; 17:3, 8, 11 ни ўқинг.) Юҳанно бу «подшоҳ» бор бўлганини, кейин йўқолганини ва яна пайдо бўлганини кўрган эди. Бу таъриф бутун дунёдаги сиёсий кучларнинг манфаатларини олға сураётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тўғри келяпти. Аввал у Миллатлар Иттифоқи (Миллатлар Лигаси) деб номланарди. Сўнг Иккинчи жаҳон урушида у йўқолиб кетди. Кейинчалик у Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сифатида яна пайдо бўлди.
11. Ҳукуматлар нима қиляпти ва нега улардан ҳечам қўрқмаслигимиз лозим?
11 Уларнинг тарғиботи туфайли йиртқич ҳайвонлар, яъни ҳукуматлар одамларни Яҳовага ва Унинг халқига қарши чиқишга ундаяпти. Рамзий маънода «улар Қодир Аллоҳнинг улуғ кунида юз берадиган жангга», яъни Армагеддонга «барча жаҳон шоҳларини тўплаш учун чиқишяпти». (Ваҳ. 16:13, 14, 16) Аммо биз ҳечам қўрқмаслигимиз керак. Чунки Аллоҳимиз Яҳова зудлик билан ҳаракат қилиб, Ўз хизматчиларини ҳимоя қилади. (Ҳиз. 38:21–23)
12. Барча ҳайвонларни нима кутяпти?
12 Барча ҳайвонларни нима кутяпти? Ваҳий 19:20 да бунинг жавоби ёзилган: «Йиртқич ҳайвон ва унинг олдида аломатлар кўрсатган сохта пайғамбар қўлга туширилди. Йиртқич ҳайвоннинг тамғасини қабул қилиб, унинг тасвирига сажда қилаётганларни йўлдан оздирган сохта пайғамбар ана шу эди. Иккови ҳам олтингугурт билан ёнаётган оташли кўлга тириклайин ташланди». Демак, ҳозирги ҳукуматлар Худонинг душманлари бўлиб, абадулабад йўқ қилинади.
13. Масиҳийлар ҳукуматлар туфайли қандай қийинчиликка дуч келяпти?
13 Бу биз учун нимани англатади? Масиҳийлар сифатида Худога ва Унинг Шоҳлигига содиқ бўлишимиз керак. (Юҳан. 18:36) Бунинг учун, сиёсий масалаларда бетарафликни сақлаймиз. Ҳукуматлар уларни ҳам ишда, ҳам сўзда қўллаб-қувватлашимизни талаб қилгани учун бетарафликни сақлаш жуда қийин бўлиши мумкин. Уларнинг босимига дош бермаганлар йиртқич ҳайвоннинг тамғасини олади. (Ваҳ. 13:16, 17) Унга эга бўлганлар Яҳованинг марҳаматидан ва абадий яшаш имконидан маҳрум бўлади. (Ваҳ. 14:9, 10; 20:4) Ҳукуматлар бизга уларни қўллаб-қувватлаш учун қанчалик босим ўтказмасин, ҳар биримиз бетараф қолишимиз жуда муҳим.
БУЮК ФОҲИШАНИНГ ШАРМАНДАЛИ ЯКУНИ
14. Ваҳий 17:3–5 га кўра, ҳаворий Юҳанно нимадан ҳайрон бўлган?
14 Ҳаворий Юҳанно кўрган бир нарсадан «ғоят даражада ҳайрон бўлгани» ҳақида айтган. Хўш, у нимадан ҳайрон бўлган? У қўрқинчли ҳайвоннинг устида ўтирган аёлни кўрган. (Ваҳ. 17:1, 2, 6) Ўша аёл «буюк фоҳиша» бўлиб, «Буюк Бобил» деб аталади. У «ер юзи подшоҳлари» билан «зино» қиляпти. (Ваҳий 17:3–5 ни ўқинг.)
15, 16. «Буюк Бобил» нимани билдиради ва буни қаердан биламиз?
15 «Буюк Бобил» нимани билдиради? Ушбу аёл сиёсий ташкилотни англатмайди. Чунки Ваҳий китобида у бу дунёнинг сиёсий раҳбарлари билан зино қилаётгани ҳақида айтилган. (Ваҳ. 18:9) У йиртқич ҳайвоннинг устида ўтиргани ушбу раҳбарларни назорат қилишга ҳаракат қилаётганини кўрсатяпти. Қолаверса, у Шайтон дунёсидаги очкўз тижорат ташкилотларни англатмайди. Ваҳий китобида улар «дунё савдогарлари» деб аталган. (Ваҳ. 18:11, 15, 16)
16 Муқаддас Ёзувларда «фоҳиша» сўзи Худога хизмат қиляпман, деб бутпарастлик билан шуғулланаётган ёки бу дунёнинг қайсидир ишларига ўралашиб юрган инсонларга ишора қилиши мумкин. (Ҳиз. 16:2, 35, 36; Ёқб. 4:4) Бундан фарқли равишда Худога садоқат ила топинадиганлар ҳақида «пок» ёки «бокира» деб айтилган. (2 Кор. 11:2; Ваҳ. 14:4) Қадимда Бобил сохта топинишнинг маркази бўлган. Демак, Буюк Бобил сохта топинишнинг барча турларини англатади. Ҳа, ўша аёл сохта дин империясини билдиради. (Ваҳ. 17:5, 18; jw.org сайтида «Буюк Бобил нимани билдиради?» номли мақолага қаранг.)
17. Буюк Бобил билан нима содир бўлади?
17 Буюк Бобил билан нима содир бўлади? Ваҳий 17:16, 17 да бу саволнинг жавобини топишимиз мумкин. У ерда шундай дейилган: «Сен кўрган ўнта шох ва йиртқич ҳайвон эса фоҳишадан нафратланишади. Уни яланғочлаб, талон-торож қилишади. Танасини ейишади, ўзини эса ўтда бутунлай ёқиб юборишади. Чунки улар битта фикрни, яъни Худо уларнинг дилига солган фикрни амалга оширишади: Аллоҳнинг сўзлари рўёбга чиқмагунча, шоҳликларини йиртқич ҳайвонга беришади». Ҳа, Яҳова халқларни тўқ қизил йиртқич ҳайвондан, яъни Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан фойдаланиб, сохта дин империясига ҳужум қилишга ва уни бутунлай йўқ қилишга ундайди. (Ваҳ. 18:21–24)
18. Буюк Бобилни қўллаб-қувватламаётганимизни қай йўсин кўрсата оламиз?
18 Бу биз учун нимани англатади? Биз «Худонинг назарида тоза ва бенуқсон топинишимиз» керак. (Ёқб. 1:27) Сохта таълимотлардан қочишимиз, бутпараст байрамларга қўшилмаслигимиз, Буюк Бобилнинг сеҳр-жоду ишларига қўл урмаслигимиз ва ахлоқий меъёрларни ўта қадрлашимиз зарур. Бундан ташқари, бошқа одамларни: «Ундан чиқиб кет!» — деб ундашда давом этяпмиз. Шундай қилсак, улар Буюк Бобилнинг гуноҳларига шерик бўлишдан қочиши мумкин. Шу йўсин, улар Худонинг олдида айбдор бўлмайди. (Ваҳ. 18:4)
ХУДОНИНГ АШАДДИЙ ДУШМАНИГА ЧИҚАРИЛГАН ҲУКМ
19. «Оташин қизил рангли катта аждаҳо» ким?
19 Шунингдек, Ваҳий китобида «оташин қизил рангли катта аждаҳо» ҳақида айтилган. (Ваҳ. 12:3) Ушбу аждаҳо Исо ва унинг фаришталарига қарши чиқяпти. (Ваҳ. 12:7–9) Қолаверса, у Худонинг хизматчиларига ҳужум қилиб, йиртқич ҳайвонларга, яъни инсоний ҳукуматларга куч беряпти. (Ваҳ. 12:17; 13:4) Ушбу аждаҳо ким экан? Бу «Иблис ва Шайтон деб аталган алмисоқ илон». (Ваҳ. 12:9; 20:2) Яҳованинг барча душманлари ортида унинг ўзи турибди.
20. Аждаҳо билан нима содир бўлади?
20 Аждаҳо билан нима содир бўлади? Ваҳий 20:1–3 да фаришта Шайтонни тубсизликка ташлаши ҳақида айтилган. Бу Шайтон учун қамоқдай бўлади. У 1 000 йил тубсизликда бўлганида «халқларни йўлдан оздирмайди». Охир-оқибат Шайтон ва унинг жинлари «оловли ва олтингугуртли кўлга ташланади», яъни улар бутунлай йўқ қилинади. (Ваҳ. 20:10) Шайтон ва унинг жинларисиз дунёни бир тасаввур қилинг-а! Бу ажойиб дамлар бўлади!
21. Нега Ваҳий китобидан билиб олганларимиздан бахтиёрмиз?
21 Ваҳий китобидаги бу рамзларнинг маъносини тушунганимиздан ниҳоятда хурсандмиз. Биз нафақат Яҳованинг душманларини аниқладик, балки улар билан нима содир бўлишини ҳам билдик. Ҳа, «ушбу башоратдаги сўзларни овоз чиқариб ўқиётган ва тинглаётганлар... бахтлидир». (Ваҳ. 1:3) Лекин савол туғиляпти: Худонинг душманлари йўқ қилингач, садоқатли одамлар қандай баракаларга эга бўлади? Бу саволнинг жавобини навбатдаги мақоладан билиб оламиз.
23- ҚЎШИҚ Яҳованинг Шоҳлиги бошқармоқда
^ Ваҳий китобида Худонинг душманларини аниқлашимизга кўмаклашадиган рамзлар бор. Дониёр китоби ёрдамида эса бу рамзларнинг маъносини тушуна оламиз. Ушбу мақолада бу иккита китобдаги айрим башоратларни солиштирамиз. Шу йўсин, Худонинг душманларини аниқлаймиз. Қолаверса, уларни келажакда нима кутаётганини муҳокама қиламиз.
^ Етти бошли ҳайвон барча сиёсий кучларни англатишини унинг «ўнта шохи» борлиги ҳам тасдиқлаяпти. Ўн рақами Муқаддас Китобда одатда тўлиқликни билдиради.
^ Биринчи йиртқич ҳайвондан фарқли равишда ҳайвон тасвирининг шохларида «тожлар» йўқ. (Ваҳ. 13:1) Чунки у бошқа «еттита подшоҳдан келиб чиққан» ва улар унга ҳокимият берган. (jw.org сайтида «Ваҳий 17- бобда тасвирланган тўқ қизил йиртқич ҳайвон нимани англатади?» номли мақолага қаранг.)