Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

22- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Донолик ва ҳаётимиз

Донолик ва ҳаётимиз

Доноликни Яҳова беради. ҲИК. 2:6

89- ҚЎШИҚ Тингла, қулоқ сол ва ол барака

БУ МАҚОЛАДА *

1. Нима учун ҳар биримиз илоҳий доноликка муҳтожмиз? (Ҳикматлар 4:7)

 ҚАЧОНДИР муҳим қарор чиқаришингизга тўғри келган бўлса, донолик сўраб ибодат қилганингиз шубҳасиз. Чунки унга муҳтож эканингизни билгансиз. (Ёқб. 1:5) Шоҳ Сулаймон шундай ёзган: «Энг муҳими — донолик». (Ҳикматлар 4:7 ни ўқинг.) Сулаймон бу ерда инсоний донолик эмас, балки Тангри Яҳова берадиган донолик ҳақида айтган. (Ҳик. 2:6) Аммо илоҳий донолик бугунги кунда муаммоларимиз билан курашишга ёрдам бера оладими? Албатта! Шу мақолада буни кўриб чиқамиз.

2. Ҳақиқий доноликка эга бўлишнинг бир йўли қандай?

2 Ҳақиқий доноликка эга бўлишнинг бир йўли — доно бўлган иккита кишининг маслаҳатларини кўриб чиқиб, уларга амал қилишдир. Биринчи инсон бу Сулаймон. Муқаддас Китобда у ҳақида: «Аллоҳ Сулаймонга чексиз донолик, ақл-идрок... ато этди»,— деб ёзилган. (3 Шоҳ. 4:29) Иккинчи инсон Исо Масиҳ. У ер юзида яшаган энг доно шахс эди. (Мат. 12:42) У ҳақида шундай башорат қилинган: «Унинг устида Яҳованинг руҳи, донолик ва идрок руҳи... бўлади». (Ишаё 11:2)

3. Бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

3 Сулаймон ва Исо илоҳий донолик ёрдамида муҳим бўлган йўналишларда яхши маслаҳатлар берган. Бу мақолада ушбу йўналишлардан учтасини, яъни пулга, ишга ва ўзимизга тўғри нуқтаи назарда бўлишимиз кераклигини кўриб чиқамиз.

ПУЛГА ТЎҒРИ НУҚТАИ НАЗАР

4. Сулаймон ва Исонинг яшаш тарзи нимаси билан фарқ қилган?

4 Сулаймон жуда бой-бадавлат бўлиб, қулай шароитларда яшаган. (3 Шоҳ. 10:7, 14, 15) Исонинг эса бир нечта нарсаси бор эди. Унинг ҳатто уйи бўлмаган. (Мат. 8:20) Бироқ уларнинг иккаласи ҳам моддий нарсаларга тўғри нуқтаи назарда бўлган. Чунки улар эга бўлган доноликнинг манбаи Тангри Яҳова эди.

5. Сулаймон пулга нисбатан қандай нуқтаи назарда бўлган?

5 Сулаймон пул «ҳимоя» беришини айтган. (Воиз 7:12) Пулимиз бўлса керакли ва хоҳлаган баъзи нарсаларни сотиб олишимиз мумкин. Сулаймон жуда бой бўлишига қарамай пулдан ҳам муҳимроқ нарса бор эканини айтган. Мисол учун, у: «Яхши ном катта бойликдан афзалроқ»,— деб ёзган. (Ҳик. 22:1) Сулаймон шуни ҳам кўрганки, пулга меҳр қўйган одамлар кўп ҳолларда эга бўлган нарсаларидан қониқмайди. (Воиз 5:10, 12) У пул ҳаётимизда энг муҳим нарса бўлмаслиги кераклигини айтган, чунки эга бўлган пулимиздан тезда айрилишимиз мумкин. (Ҳик. 23:4, 5)

Моддий нарсалар Худонинг Шоҳлигини биринчи ўринга қўйишимизга халақит бермаяптими? (6-, 7- хатбошиларига қаранг.) *

6. Исо моддий нарсалар борасида қандай нуқтаи назарда бўлган? (Матто 6:31–33)

6 Исо моддий нарсалар борасида тўғри нуқтаи назарда бўлган. У яхши еб, яхши ичарди. (Луқо 19:2, 6, 7) Бир сафар у сувни юқори сифатли шаробга айлантирган. Бу унинг биринчи мўъжизаси эди. (Юҳан. 2:10, 11) Ўлган куни эса у қимматбаҳо кийимда эди. (Юҳан. 19:23, 24) Лекин Исо моддий нарсалар ҳаётида биринчи ўринда бўлиб қолишига йўл қўймаган. У издошларига шундай деган: «Ҳеч ким икки хўжайинга қуллик қилолмайди... Ҳам Худонинг, ҳам бойликнинг қули бўла олмайсизлар». (Мат. 6:24) Исо агар Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйсак, Яҳова бизга керакли барча нарсани бериши ҳақида айтган. (Матто 6:31–33 ни ўқинг.)

7. Бир биродар пулга тўғри нуқтаи назарда бўлганидан қандай фойда олди?

7 Кўп биродару опа-сингилларимиз Яҳованинг пул борасида берган илоҳий маслаҳатларини қўллаб фойда олишган. Келинг, Дэниел исмли бўйдоқ биродаримизнинг вазиятини кўриб чиқайлик. У шундай бўлишди: «Ўсмирлигимда маънавий ишлар ҳаётимда биринчи ўринда бўлишига қарор қилгандим». Дэниел содда ҳаёт тарзини кечиргани учун табиий офатлардан зарар кўрганларга ёрдам бериб, Байтилда хизмат қиляпти. У шундай қўшиб қўйди: «Тўғрисини айтсам, чиқарган қароримдан ҳечам афсусланмайман. Ҳа, пул ҳаётимда энг муҳим бўлганида яхшигина пул топган бўлардим. Лекин ҳозирги ажойиб дўстларимга эга бўлмасдим. Қолаверса, Яҳованинг хизмати келтираётган мамнуниятни ҳис қилмасдим. Ҳеч қандай бойлик Яҳова менга берган баракаларга тенг кела олмайди». Аниқ-равшанки, эътиборимизни пулга эмас, маънавий нарсаларга қаратсак фойда оламиз.

ИШГА ТЎҒРИ НУҚТАИ НАЗАР

8. Сулаймон ишга нисбатан тўғри нуқтаи назарда бўлганини қаердан биламиз? (Воиз 5:18, 19)

8 Сулаймон оғир меҳнат инсонга қувонч келтиришини ва бу «Худонинг инъоми» эканини айтган. (Воиз 5:18, 19 ни ўқинг.) У шундай деб ёзган: «Ҳар қандай меҳнатнинг фойдаси бор». (Ҳик. 14:23) Сулаймон бу сўзлар рост эканини билган. У меҳнаткаш инсон бўлган. Сулаймон уйлар қурган, узумзор, боғ ва ҳовузлар барпо этган. Қолаверса, у шаҳарлар қурган. (3 Шоҳ. 9:19; Воиз 2:4–6) Албатта, бу оғир меҳнат бўлган ва унга мамнуният бахш этган. Лекин Сулаймон чиндан ҳам бахтли бўлиш учун бундан ҳам кўпроқ нарса қилиш кераклигини тан олган. У шунингдек, Яҳова учун кўп ишлар бажарган. Масалан, Яҳовага топиниш учун мўлжалланган улуғвор маъбаднинг қурилишига бош-қош бўлган. Бу лойиҳа етти йил давомида битказилган. (3 Шоҳ. 6:38; 9:1) Сулаймон бу ҳар хил ишларни бажаргач, Яҳовага хизмат қилиш энг муҳими эканини англаб етган. У: «Барча айтилган сўзларнинг хулосаси шудир: Аллоҳдан қўрқ, Унинг амрларига риоя қил»,— деб ёзган. (Воиз 12:13)

9. Қай йўсин Исо ишга тўғри нуқтаи назарда бўлган?

9 Исо Масиҳ тиришқоқ ишчи бўлган. Ёшлигида у дурадгор бўлиб ишлаган. (Марк 6:3) Шубҳасизки, ота-онаси у катта оиланинг эҳтиёжига ғамхўрлик қилишга ёрдам берганини қадрлаган. Исо мукаммал бўлгани учун ишлари нуқсонсиз эди. Шунга кўп одамлар у ясаган нарсаларга эга бўлишни истагандир. Исо ишларидан жуда мамнун бўлганга ўхшайди. Аммо у тиришқоқ ишчи бўлишига қарамай маънавий ишларга вақт ажратган. (Юҳан. 7:15) Кейинчалик у тўла вақтли ваъзгўй сифатида тингловчиларига шундай маслаҳат берган: «Ўткинчи егулик учун эмас, абадий ҳаётга элтадиган егулик учун меҳнат қилинглар». (Юҳан. 6:27) Тоғдаги ваъзида эса у: «Хазинани осмонда тўпланглар»,— деб айтган. (Мат. 6:20)

Қай йўсин иш ва маънавий фаолият ўртасида мувозанатни сақлай олишимиз мумкин? (10-, 11- хатбошиларига қаранг.) *

10. Иш масаласида баъзилар қандай қийинчиликка дуч келиши мумкин?

10 Илоҳий донолик ишга тўғри нуқтаи назарда бўлишимизга кўмаклашади. Масиҳийлар сифатида «астойдил ишлаб... меҳнат қилишга» интиламиз. (Эфес. 4:28) Кўпинча иш берувчимиз ҳалол ва меҳнаткаш эканимизга диққат қаратиб, ишимизни қадрлашини айтар. Яхши ниятлар ила иш берувчимизда Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида ижобий таассурот уйғотиш учун ишга кўпроқ вақт ажрата бошлашимиз мумкин. Лекин кейинчалик оиламиздаги вазифалар ва маънавий ишларимиз қолиб кетаётганига аҳамият берармиз. Бундай вазиятда ўзгариш киритишимиз ва мувозанат сақлашимиз муҳим.

11. Бир биродар ишга тўғри нуқтаи назарда бўлиш борасида нимани ўрганди?

11 Ёш биродар Уиллям ишга тўғри нуқтаи назарда бўлган бошқа биродардан сабоқ олган. Уиллям шундай деди: «Ушбу биродар ишга тўғри нуқтаи назарда бўлиш борасида ажойиб ўрнак. У меҳнаткаш ва яхши ишчи. Қолаверса, мижозлар билан ҳам хушмуомала. Аммо иш вақти тугагач, у ишини тўхтатиб, эътиборини оиласига ва маънавий ишларга қаратади. У мен билган энг бахтли инсонлардан биридир» *.

ЎЗИМИЗГА БЎЛГАН ТЎҒРИ НУҚТАИ НАЗАР

12. Сулаймон ўзига қандай нуқтаи назарда бўлган, лекин кейинчалик нима бўлган?

12 Сулаймон Яҳовага садоқат ила топинганда ўзига нисбатан тўғри нуқтаи назарда бўлган. Ёшлигида у имкониятлари чегараланганини тан олиб, Яҳовадан йўл-йўриқ сўраган. (3 Шоҳ. 3:7–9) Бошқарувининг илк йилларида Сулаймон мағрурлик ёмон оқибатларга етаклашини ҳам тушунган. У: «Мағрурлик — ҳалокатга, такаббурлик — қулашга олиб келади»,— деб ёзган. (Ҳик. 16:18) Минг афсуски, Сулаймон кейинчалик бу маслаҳатга риоя этмаган. Вақт ўтгач, у мағрурланиб, Худонинг талабларини назар-писанд қилмаган. Мисол учун, қонун бўйича иброний шоҳлар «қалби тўғри йўлдан оғиб кетмаслиги учун... кўп хотин олмаслиги» керак бўлган. (Қонун. 17:17) Сулаймон бу қонунга амал қилмай, 700 та хотин ва 300 та канизак олган. Уларнинг кўпи бутпараст бўлган. (3 Шоҳ. 11:1–3) Эҳтимол, Сулаймон ҳамма нарса назорат остида, деб ўйлагандир. Нима бўлишидан қатъи назар вақт ўтгач, Сулаймон Яҳовага итоатсизлик қилганининг асоратларидан азоб чеккан. (3 Шоҳ. 11:9–13)

13. Исо ўзига нисбатан қандай нуқтаи назарда бўлганидан нимани ўрганишимиз мумкин?

13 Исо ўзига тўғри ва камтарона нуқтаи назарда бўлган. Ер юзига келишидан олдин у Яҳованинг хизматида кўп ажойиб ишлар бажарган. «Еру осмондаги бор мавжудот... у орқали... яратилган». (Колос. 1:16) Исо сувга чўмганидан кейин Отаси билан бирга амалга оширган ишларни эслаган бўлса керак. (Мат. 3:16; Юҳан. 17:5) Аммо бу билимлар билан Исо мағрурланмаган. У ҳеч қачон ўзини бошқалардан устун қўймаган. Исо шогирдларига ер юзига нега келганини айтган. У «ўзига хизмат қилдиришга эмас, аксинча хизмат қилгани ва кўплар учун жонини тўлов сифатида бергани келган». (Мат. 20:28) Шунингдек, у ўз ихтиёри билан ҳеч нарса қила олмаслигини айтган. (Юҳан. 5:19) Исо жуда камтарин бўлган. У биз учун ажойиб ўрнак қолдирган.

14. Исо ўзимизга тўғри нуқтаи назарда бўлишимиз тўғрисида нима деган?

14 Исо издошларини ўзларига нисбатан тўғри нуқтаи назарда бўлишга ўргатган. Бир сафар Исо уларга: «Сочларингизнинг ҳар бир толаси саналган»,— деб айтган. (Мат. 10:30) Айниқса, ўзимизга нисбатан салбий нуқтаи назарда бўлиш мойиллигига эга бўлсак, бу сўзлар бизга тасалли беради. Бу дегани, самовий Отамиз бизга бефарқ эмас. У бизни жуда қадрлайди. Яҳова Унга топинишимизга йўл қўйган ва янги дунёда абадий яшаш учун бизни лойиқ деб топган бўлса, У нотўғри фикрда деган хулосага келмаслигимиз муҳим.

Ўзимизга нисбатан нотўғри нуқтаи назарда бўлсак, нима юз бериши мумкин? (15- хатбошига қаранг.) *

15. а) Ўзимизга тўғри нуқтаи назарда бўлиш борасида «Қўриқчи минораси»да қандай маслаҳат берилганди? б) 24- саҳифадаги расмда кўрсатилганидай, ўзимизга керагидан ортиқ диққат қаратсак, қандай баракаларни қўлдан бой беришимиз мумкин?

15 Тахминан 15 йил олдин «Қўриқчи минораси»да ўзимизга тўғри нуқтаи назарда бўлиш борасида шундай дейилганди: «Мағрур бўлиб кетмаслик учун ўзимиз ҳақда керагидан ортиқ ўйламаслигимиз даркор. Лекин шу билан бирга бошқа томонга оғиб кетиб, ўзимизга паст нуқтаи назарда бўлмаслигимиз лозим. Аксинча, кучли ва заиф томонларимизни эътиборга олиб, ўзимизга тўғри нуқтаи назарда бўлишимиз даркор. Бир масиҳий аёл бу борада шундай фикр билдирди: “Ўзимни жуда яхши демайман, лекин ёмон инсон ҳам эмасман. Кўп одамлар сингари ҳам яхши, ҳам ёмон томонларим бор”» *. Ўзимизга тўғри нуқтаи назарда бўлиш муҳимлигини кўряпсизми?

16. Нега Яҳова бизга доно маслаҳатлар беряпти?

16 Яҳова Каломи орқали бизга доно маслаҳатлар беряпти. Чунки У бизни севади ва бахтиёр бўлишимизни хоҳлайди. (Ишаё 48:17, 18) Яҳовани қувонтирадиган ишларни бажаришни ҳаётимизда биринчи ўринга қўйиш энг зўр танлов бўлиб, ҳақиқий бахт келтиради. Бундай қилиб пул, иш ёки ўзимизга ҳаддан ташқари кўп эътибор қаратиш келтирадиган кўпгина муаммолардан йироқлашамиз. Илойим, ҳар биримиз доно бўлиб, Яҳованинг қалбини қувонтириш қароримиз қатъий бўлсин. (Ҳик. 23:15)

94- ҚЎШИҚ Аллоҳнинг Каломи учун миннатдормиз

^ Сулаймон ва Исо жуда доно бўлишган. Бу доноликнинг манбаи Тангри Яҳова эди. Ушбу мақолада Сулаймон ва Исо пул, иш ва ўзимизга нисбатан тўғри нуқтаи назарда бўлиш борасида берган илоҳий маслаҳатлардан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз. Шунингдек, баъзи имондошларимиз бу йўналишларда Муқаддас Китобдаги маслаҳатларни қўллаб қандай фойда олганини билиб оламиз.

^ «Қўриқчи минораси»нинг 2015 йил 1 февраль (рус) сонидаги «Қандай қилиб оғир меҳнатдан завқ олиш мумкин?» мақоласига қаранг.

^ «Қўриқчи минораси»нинг 2005 йил 1 август (рус) сонидаги «Муқаддас Китоб қувонч топишингизга кўмаклашади» мақоласига қаранг.

^ РАСМГА ШАРҲ. Жон ва Том биродарларимиз битта жамоатда хизмат қилади. Жон машинасига кўп эътибор қаратади. Том эса машинасида бошқаларни хизматга ёки йиғилишларга олиб боради.

^ РАСМГА ШАРҲ. Жон иш тугаганига қарамай ишлаяпти. У хўжайинини ранжитишни истамайди. Шунга, хўжайини кечқурун ишлашни сўраганида у рози бўлган. Жамоат хизматкори бўлган Том ўша куни оқсоқол билан бирга далдали ташриф қиляпти. Олдинроқ Том хўжайинига ҳафта давомида кечқурунлари маънавий ишлар билан банд бўлиши ҳақида айтган.

^ РАСМГА ШАРҲ. Жон фақат ўзига эътибор қаратган. Том эса маънавий мақсадларни ўз истакларидан устун қўйган ва Анжуман залини таъмирлаганида янги дўстлар орттирган.