Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

23- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Ота-оналар, фарзандингизга Яҳовани севишга ёрдам беринг

Ота-оналар, фарзандингизга Яҳовани севишга ёрдам беринг

Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз ва бутун онгингиз билан севинг. МАТ. 22:37

134- ҚЎШИҚ Фарзандлар — Яҳовадан меросдир

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. Нега шароитларимиз ўзгарганида Муқаддас Китобдаги принциплар биз учун ўзгача аҳамият касб этади? Тушунтиринг.

 ТЎЙ. Келишган куёв ва гўзал келин Муқаддас Китобга асосланган никоҳ нутқини диққат ила тинглашяпти. Келтирилган оятлар улар учун янги эмас. Лекин ҳозир бу оятлар улар учун ўзгача аҳамиятга эга. Нега? Сабаби энди улар жуфтлик сифатида бу оятларга биргалашиб амал қилишади.

2 Масиҳий жуфтлик ота-она бўлганда ҳам худди шундай. Йиллар мобайнида улар фарзанд ўстириш борасида бир қатор нутқлар эшитишган. Аммо ҳозир бу принциплар улар учун ўзгача аҳамият касб этади. Ҳа, бу жуда катта масъулият. Албатта, янги шароитлар туфайли бизга яхши таниш бўлган Муқаддас Китобдаги принциплар борасидаги нуқтаи назаримиз ўзгаради. Айнан шунинг учун, Яҳованинг хизматчилари Муқаддас Ёзувларни ўқийди ва Исроил шоҳларига айтилганидай, улар устида «умр бўйи» мулоҳаза юритади. (Қонун. 17:19)

3. Бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

3 Ота-оналар, сизлар масиҳийлар эга бўлиши мумкин бўлган шарафли вазифалардан бирига эгасиз. Бу фарзандларингизга Яҳова ҳақида таълим беришдир. Лекин уларга Худойимиз ҳақида шунчаки маълумот беришни эмас, балки Унга бўлган севгини ривожлантиришга ёрдам беришни хоҳлайсиз. Бунда сизга нима кўмаклашади? Ушбу мақолада ота-она сифатида сизга ёрдам бериши мумкин бўлган тўртта принципни кўриб чиқамиз. (2 Тим. 3:16) Шунингдек, Муқаддас Китобдаги маслаҳатларга амал қилиб, фойда олган баъзи масиҳий ота-оналарнинг ўрнагига эътибор қаратамиз.

ОТА-ОНАЛАРГА ЁРДАМ БЕРАДИГАН ТЎРТТА ПРИНЦИП

Доим Яҳованинг йўл-йўриғини излаш ва яхши ўрнак кўрсатиш болаларингизга қандай таъсир қилади? (4-, 8- хатбошиларига қаранг.)

4. Болаларга Яҳовани яхши кўришга ёрдам беришда ота-онага қўл келадиган биринчи принцип қандай? (Ёқуб 1:5)

4 1- принцип. Яҳованинг йўл-йўриғини изланг. Болангизга Яҳовани яхши кўришга ёрдам бериш учун Ундан донолик сўранг. (Ёқуб 1:5 ни ўқинг.) Чунки У маслаҳат беришда энг тажрибали Шахс. Бунинг иккита сабабини кўриб чиқайлик. Биринчидан, Яҳова фарзандларни тарбиялашда энг катта тажрибага эга. (Заб. 36:9) Иккинчидан, Унинг доно маслаҳатлари доим фойда келтиради. (Ишаё 48:17)

5. а) Яҳованинг ташкилоти ота-оналарга қандай ёрдам беряпти? б) Видеода кўрсатилган Аморим жуфтлигидан фарзанд ўстириш борасида қандай сабоқ олишингиз мумкин?

5 Яҳова ота-оналарга фарзанд ўстириш борасида Муқаддас Китобга асосланган кўп маслаҳатлар тақдим этяпти. (Мат. 24:45) Мисол учун, йиллар мобайнида «Уйғонинг!» журналида чиққан, ҳозир эса jw.org сайтида мавжуд бўлган «Оила учун ёрдам» мақолалар туркумида кўп амалий маслаҳатларни топа оласиз. Қолаверса, сайтимиздаги кўплаб видеолар фарзандларини катта қилаётган ота-оналарга Яҳованинг маслаҳатларини қўллашга ёрдам беради *. (Ҳик. 2:4–6)

6. Бир ота Яҳова ташкилоти орқали бераётган йўл-йўриқлар ҳақида қандай фикр билдирди?

6 Кўп ота-оналар Яҳова Ўз ташкилоти орқали бераётган ёрдам учун ниҳоятда миннатдор. Жосеф исмли ота шундай бўлишди: «Учта фарзандни ҳақиқатда тарбиялаш осон вазифа эмас. Хотиним билан бирга доим Яҳовага ибодат қилиб, Ундан ёрдам сўраймиз. Кўп ҳолларда қайсидир видео ёки мақола айнан керакли вақтда чиққанини ҳис қиламиз. Бу дуч келган вазиятимизда тўғри қарорлар чиқаришга ёрдам беради. Доим Яҳованинг маслаҳатларига амал қилишга ҳаракат қиламиз». Жосеф ва унинг хотини мақолалар ва видеолар фарзандларига Яҳовага яқинлашишга ёрдам берганини кўришди.

7. Нега ота-оналар боласи учун яхши ўрнак бўлишга ҳаракат қилиши муҳим? (Римликларга 2:21)

7 2- принцип. Яхши ўрнак бўлинг. Одатда фарзандлар ота-онасини кузатиб, уларга тақлид қилади. Албатта, мукаммал ота-она йўқ. (Рим. 3:23) Шунда бўлса-да, доно ота-оналар боласи учун яхши ўрнак бўлишга жон куйдиради. (Римликларга 2:21 ни ўқинг.) Фарзандлар ҳақида бир ота шундай деди: «Улар шимгич каби ҳамма нарсани ўзига шимиб олади. Ўргатган нарсаларимизга ўзимиз амал қилмасак, болалар буни бизга айтади». Демак, фарзандлар Яҳовани яхши кўришини истасак, Унга бўлган севгимиз кучли бўлиши ва яққол кўриниши лозим.

8, 9. Эндрю ва Эмманинг айтиб берганларидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

8 Ота-она фарзандига Яҳовани севишни ўргатиш учун турли усуллар мавжуд. 17 ёшли Эндрю шундай бўлишди: «Ота-онам ибодат қилиш жуда муҳимлигини айтарди. Ҳар кеча шахсий ибодат қилишимга қарамай, отам мен билан ибодат қиларди. Улар мен ва синглимга қуйидагича дерди: “Яҳова билан истаган пайтда гаплашишингиз мумкин”. Бу сўзлар менга қаттиқ таъсир қилганди. Ҳозир Яҳовага бемалол мурожаат қиламан ва Уни севувчи Отам деб биламан». Ота-оналар, шуни унутмангки, Яҳовага бўлган севгингиз фарзандларингизга қаттиқ таъсир қилиши мумкин.

9 Эмманинг мисолига эътибор қаратайлик. Унинг дадаси каттагина қарз билан оиласини ташлаб кетган. Эмма қуйидагича айтиб берди: «Бу туфайли кўпинча моддий қийинчиликларга дуч келардик. Лекин ойим доим: “Яҳова Ўз хизматчиларига ғамхўрлик қилади”,— деб айтарди. Ойим ҳаёти давомида ишонган нарсаларига амал қилиб яшаган ва айтган нарсаларига ўзи риоя қилган». Бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Вазият қанчалик қийин бўлмасин, ота-она ўз ўрнаги билан боласига таълим бера олади. (Галат. 6:9)

10. Қадимда исроилликлар болалари билан гаплашиш учун қандай имкониятлардан фойдаланган? (Қонунлар 6:6, 7)

10 3- принцип. Фарзандларингиз билан мунтазам гаплашинг. Яҳова қадимда исроилликларни доим фарзандларига таълим беришга ундаган. (Қонунлар 6:6, 7 ни ўқинг.) Ўша ота-оналар болалари билан кун бўйи гаплашиш учун кўпгина имкониятларга эга эди. Улар Яҳовага бўлган севгини болаларининг қалбига пайванд қила оларди. Масалан, ўғил бола отасига нимадир экишга ёки ҳосилни ўриб олишга ёрдам берарди. Қиз бола эса онасига тикиш, тўқиш ёки бошқа уй ишларида кўмаклашарди. Ота-оналар ва фарзандлар бирга меҳнат қилиб, муҳим мавзуларда суҳбат юритарди. Мисол учун, улар Яҳова ҳимматли эканини муҳокама қилиб, У оиласига қандай ёрдам бераётгани ҳақида гаплашарди.

11. Масиҳий ота-оналар қандай имкониятдан фойдаланиб фарзандлари билан мулоқот қила олади?

11 Бугунги кунда ҳаёт олдингидан фарқ қилади. Кўп мамлакатларда ота-оналар ва фарзандлар кун давомида бирга вақт ўтказа олмайди. Чунки ота-оналар ишда, фарзандлар эса ўқишда бўлиши мумкин. Шунга ота-оналар фарзандлари билан мулоқот қилиш учун имконият излашлари лозим. (Эфес. 5:15, 16; Филип. 1:10) Оилавий топиниш бундай имкониятлардан бири. Александр исмли ёш биродар шундай деди: «Отам оилавий топиниш доимо ўтиши учун ғамхўрлик қилади ва бу пайтда ҳеч нарса халақит қилмаслигига интилади. Оилавий топинишдан сўнг биз шунчаки гаплашамиз».

12. Оила боши оилавий топиниш пайтида нимани ёдда тутиши керак?

12 Агар оила боши бўлсангиз оилавий топиниш болаларингизга ёқадиган тарзда ўтиши учун нима қила оласиз? Масалан, «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» номли янги адабиётни тадқиқ қилишингиз мумкин. Бу жонли суҳбатлар қуришнинг энг яхши имконияти. Болангиз ўз туйғуларию ташвишларини сизга бемалол айтишини истайсиз. Шунинг учун, оилавий топинишни маъруза ўқиш ёки уларни койиб бериш имкони деб билманг. Агар у Муқаддас Китобдаги принципларга зид фикр билдирса ғазабга минманг. Аксинча, у ўз туйғуларини ростгўйлик ила айтганини қадрланг. Қолаверса, уни фикр-мулоҳазаларини очиқ айтишга унданг. Болангиз аслида нималарни ҳис қилаётганини билсангизгина, унга энг зўр йўл билан ёрдам бера оласиз.

Қай йўсин ота-она ижодлардан фойдаланиб, болаларига Яҳованинг фазилатлари ҳақида таълим бера олади? (13- хатбошига қаранг.)

13. Ота-оналар яна қандай имкониятдан фойдаланиб фарзандларига Яҳова билан дўстлашишга ёрдам бера олади?

13 Ота-оналар, фарзандларингиз Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлишига ёрдам бериш учун кун мобайнида имкониятлар изланг. Меҳрибон Худойимиз ҳақида таълим бериш учун Муқаддас Китоб тадқиқини кутишингиз шарт эмас. Лиза исмли она шундай деди: «Атрофимиздаги нарсалар ёрдамида фарзандларимизга Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлишга ёрдам берамиз. Мисол учун, кучугимизнинг кулгили ҳаракатларидан фарзандларимиз хурсанд бўлганида, Яҳова бахтиёр Тангри эканини ва У биз ҳам бахтиёр бўлиб, ҳаётдан завқ олиб яшашимизни исташини кўрсатамиз».

Ота-оналар, болаларингизнинг дўстларини танийсизми? (14- хатбошига қаранг.) *

14. Нима учун ота-оналар фарзандларига дўстларни донолик ила танлашга ёрдам бериши муҳим? (Ҳикматлар 13:20)

14 4- принцип. Фарзандларингизга яхши дўстларни танлашга кўмаклашинг. Худонинг Каломида дўстлар бизга яхши ёки ёмон таъсир қилиши ҳақида аниқ айтилган. (Ҳикматлар 13:20 ни ўқинг.) Ота-оналар, фарзандларингизнинг дўстларини танийсизми? Улар билан кўришиб, биргаликда вақт ўтказганмисиз? Болаларингизга Яҳовани яхши кўрадиган инсонлар билан дўстлашишга қандай ёрдам бера оласиз? (1 Кор. 15:33) Уларга яхши дўстларни танлашга ёрдам бериш учун маънан етук имондошларни сиз ва болаларингиз билан биргаликда вақт ўтказишга таклиф қилишингиз мумкин. (Заб. 119:63)

15. Ота-она боласи яхши дўст орттиришига ёрдам бериш учун нима қила олади?

15 Тони исмли биродаримиз хотини иккаласи болаларига яхши дўст орттиришга қандай ёрдам бергани ҳақида айтиб берди. У шундай деб бўлишди: «Кўп йиллар давомида уйимизга турли ёшдаги ва келиб чиқиши ҳар хил бўлган имондошларимизни таклиф қилардик. Улар билан бирга овқатланардик, оилавий топиниш ўтказардик. Бу Яҳовани яхши кўрадиган ва Унга қувонч ила хизмат қиладиган инсонлар билан танишиш учун яхши имкондир. Уйимизга туман нозири, тўла вақтли махсус ваъзгўй ва бошқа имондошларимизни таклиф қилардик. Уларнинг тажрибаси, ғайрати ва фидойи хизмати болаларимизга қаттиқ таъсир қилди. Қолаверса, уларга Яҳовага янада яқинлашишига ёрдам берди». Азиз ота-оналар, болангизга яхши дўстлар орттиришга кўмаклашиш учун жон куйдиринг.

УМИДИНГИЗНИ ЙЎҚОТМАНГ!

16. Фарзандингиз Яҳовага хизмат қилишни истамаслигини айтса, нима қилмаслигингиз керак?

16 Қилаётган ҳаракатларингизга қарамай фарзандингиз Яҳовага хизмат қилишни истамаслигини айтса-чи? Яхши ота-она бўла олмадим, деб ўйламанг. Яҳова ҳаммамизга, жумладан, фарзандингизга ҳам ирода эркинлигини берган. Бу биз Худога хизмат қилиш-қилмаслик қарорини чиқара олишимизни англатади. Фарзандингиз Яҳовадан юз ўгиришга қарор қилса, бир кунмас-бир кун у қайтиб келишидан умидингизни узманг. Дарбадар ўғил мисолини ёдда тутинг. (Луқо 15:11–19, 22–24) Ўша йигит кўп ёмон ишлар қилган. Лекин охир-оқибат қайтган. Баъзилар: «Бу шунчаки ҳикоя, менинг фарзандим ҳам Яҳовага қайтиши мумкинми?» — деб айтар. Ҳа, бунинг имкони бор. Келинг, Эли исмли бир йигитнинг вазиятига эътибор қаратайлик.

17. Элининг мисолидан қандай далда олдингиз?

17 Эли ота-онаси ҳақида шундай айтиб берди: «Мени Худованд Яҳовага ҳамда Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобга меҳр қўйишга ундашарди. Бироқ ўсмирлигимданоқ мен исён кўтара бошладим». Эли икки хил ҳаёт тарзини кечира бошлади ва ота-онаси унга Яҳова билан муносабатларини тиклашга ёрдам берганида, у буни қабул қилмади. У уйини тарк этгач, ёмон ишларга қўл ура бошлади. Лекин у баъзан дўсти билан Муқаддас Китоб тўғрисида гаплашиб турарди. Эли қуйидагича деди: «Мен ўртоғимга Худованд Яҳова ҳақида кўп айтиб берганим сайин, шунча кўп фикру зикрим Эгам Яҳова тўғрисида эди. Аста-секин ота-онам экишга ҳаракат қилган ва қалбимда ухлаб ётган рамзий уруғлар, яъни Муқаддас Китобдаги ҳақиқат уруғлари ўса бошлади». Вақт ўтгач, Эли ҳақиқатга қайтди *. Элининг ота-онаси унга болалигиданоқ Яҳовани севишга ўргатишганидан қувонишганини бир тасаввур қилинг. (2 Тим. 3:14, 15)

18. Болаларига Яҳовани яхши кўришни ўргатаётган ота-оналар ҳақида қандай фикрдасиз?

18 Қадрдон ота-оналар, Яҳова сизларни ажойиб шарафга муяссар қилди, яъни Унга топинадиган янги авлодни ўстириш вазифасини берди. (Заб. 78:4–6) Тўғри, бу осон вазифа эмас. Болаларингизга ёрдам бериш учун жон куйдираётганингиз мақтовга сазовор. Улар Яҳовани яхши кўриши учун қилаётган барча ҳаракатларингизни давом эттиринг. Қолаверса, уларга меҳрибон самовий Отамизга итоатли бўлишни ўргатсангиз, У жуда мамнун бўлади. (Эфес. 6:4)

135- ҚЎШИҚ Яҳова меҳр ила чорлар: «Ўғлим, доно бўл»

^ Масиҳий ота-оналар фарзандларини жуда яхши кўришади. Улар фарзандларининг жисмоний ва ҳиссий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиш учун кўп меҳнат қилишади. Энг асосийси, ота-оналар фарзандларида Яҳовага бўлган севги ривожланиши учун қўлидан келганини қилишади. Бу мақолада ота-оналарга ушбу мақсадга эришишга кўмаклашадиган Муқаддас Китобдаги тўртта принципни кўриб чиқамиз.

^ jw.org сайтидаги «Оиламиз Яҳованинг тарбияси билан улғайди» номли видеони томоша қилинг.

^ «Қўриқчи минораси»нинг bp 121 сонидаги «Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади» мақоласига қаранг.

^ РАСМГА ШАРҲ. Ота фарзандининг дўсти билан танишиш учун улар билан бирга баскетбол ўйнаяпти.