Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

20- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Ибодатларимизнинг сифатини ошириш

Ибодатларимизнинг сифатини ошириш

Юрагингизни Унга тўкиб солинг. (ЗАБ. 62:8)

45- ҚЎШИҚ Қалбим ўйлари

БУ МАҚОЛАДА a

Яҳовага доим ибодат қилиб, ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида Унинг йўл-йўриғини изласак бўлади (1- хатбошига қаранг.)

1. Яҳова хизматчиларини нима қилишга ундаяпти? (Расмга ҳам қаранг.)

 ТАСАЛЛИ ва йўл-йўриққа муҳтож бўлганимизда кимга мурожаат қилсак бўлади? Бунинг жавоби аниқ. Тангри Яҳовага ибодат қилсак бўлади. Унинг Ўзи бизни шундай қилишга ундаяпти. У тез-тез, яъни «тинмай» ибодат қилишимизни истайди. (1 Салон. 5:17) Худога бемалол ибодат қилиб, ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида йўл-йўриғини сўрасак бўлади. (Ҳик. 3:5, 6) Яҳова сахий бўлгани учун хоҳлаган пайтда Унга мурожаат қилишимиз мумкинлигини айтяпти.

2. Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

2 Ибодат қилиш ҳадясини жуда қадрлаймиз. Аммо ишимиз кўп бўлгани туфайли ибодат учун вақт топишга қийналаётгандирмиз. Қолаверса, унинг сифатини ошириш кераклигини пайқаётгандирмиз. Яхшиямки, Муқаддас Ёзувлардан кўп далда ва йўл-йўриқ олишимиз мумкин. Ушбу мақолада Исо Масиҳнинг ўрнагини кўриб чиқиш орқали ибодат қилишга қай йўсин вақт ажратишимиз мумкинлигини билиб оламиз. Шунингдек, ибодатларимизга бешта муҳим нарсани киритиб уларнинг сифатини қандай ошира олишимизни ҳам муҳокама қиламиз.

ИСО ИБОДАТ ҚИЛИШ УЧУН ВАҚТ АЖРАТГАН

3. Исо ибодат борасида нимани тушунган?

3 Исо Яҳова ибодатларни қадрлашини тушунган. Ер юзига келишидан анча йил аввал у Отаси содиқ эркагу аёлларнинг ибодатларига жавоб беришини кўрган. Масалан, Яҳова Ханна, Довуд, Илёс ва бошқа садоқатли хизматчиларининг сидқидилдан қилган ибодатларига жавоб берганида Исо Унинг олдида бўлган. (1 Шоҳ. 1:10, 11, 20; 3 Шоҳ. 19:4–6; Заб. 32:5) Шунинг учун ҳам у шогирдларини тез-тез ва ишонч билан ибодат қилишга чорлаган. (Мат. 7:7–11)

4. Исонинг ибодатларидан нимани ўргансак бўлади?

4 Ибодат қилишда Исо шогирдларига ўрнак қолдирган. У бутун хизмати давомида тез-тез ибодат қилган. Исо кўпинча банд ва атрофида кўп одамлар бўлганига қарамай бунга вақт ажратган. (Марк 6:31, 45, 46) У ёлғиз қолиб ибодат қилиш учун ҳатто саҳар уйғонган. (Марк 1:35) Масалан, бир сафар у муҳим қарор чиқаришдан олдин кечаси билан ибодат қилган. (Луқо 6:12, 13) Шунингдек, ер юзидаги вазифасининг энг қийин қисмини бажаришдан аввал, ўлимидан олдинги кечада у қайта-қайта Яҳовага ибодат қилган. (Мат. 26:39, 42, 44)

5. Ибодат қилиш борасида Исодан қандай ўрнак олсак бўлади?

5 Исонинг ўрнагидан қанчалик банд бўлмайлик, ибодат учун вақт ажратиш кераклигини билиб оляпмиз. Унга ўхшаб биз ҳам ибодат қилиш учун вақт топишимиз лозим. Масалан, буни саҳарда ёки ухлашдан аввал кечки пайт қилсак бўлади. Шу йўсин, бу ўзгача ҳадя учун миннатдор эканимизни кўрсатамиз. Лин исмли опамиз ибодат қилиш шарафи ҳақида илк бор эшитганида роса миннатдор бўлганини эслайди. У шундай бўлишди: «Яҳовага хоҳлаганимда ибодат қилишим мумкинлигини билганимда, У яқин Дўстимга айланган ва ибодатларимни яхшиламоқчи бўлганман». Шубҳасизки, бу туйғулар кўпчилигимизга таниш. Шундай экан, келинг, ибодатларимизга киритишимиз мумкин бўлган бешта нарсага эътибор қаратайлик.

ИБОДАТЛАРИМИЗГА КИРИТИШИМИЗ МУМКИН БЎЛГАН БЕШТА МУҲИМ НАРСА

6. Ваҳий 4:10, 11 га кўра, Яҳова нимага лойиқ?

6 Яҳовани улуғлаш. Ҳаворий Юҳанно ҳайратомуз ваҳийда осмонда Худога топинаётган 24 та оқсоқолни кўрганди. Улар Яҳовани улуғлаб, У «шон-шараф ва куч-қудратни эгаллашга лойиқ» деб айтишарди. (Ваҳий 4:10, 11 ни ўқинг.) Садоқатли фаришталар ҳам Яҳовага шон-шараф келтириш учун жуда кўп сабабларга эга. Улар У билан бирга осмонда ва Уни жуда яхши билишади. Қолаверса, Унинг ишларида фазилатлари қандай мужассам бўлаётганини кўришади. Яҳова қандай йўл тутаётганини кўриш, фаришталарни Уни улуғлашга ундайди. (Аюб 38:4–7)

7. Нима сабабли Яҳовани улуғлашимиз мумкин?

7 Ибодатларимизда Яҳовани улуғлашимиз лозим. Бунинг учун Уни нега яхши кўришимизни ва қадрлашимизни айтсак бўлади. Муқаддас Китобни ўқиганда ва тадқиқ қилганда, айниқса, сизга ёқадиган фазилатларини аниқлашга интилинг. (Аюб 37:23; Рим. 11:33) Кейин улар борасида нималарни ҳис қилаётганингизни У билан бўлишинг. Қолаверса, Худо бизга ва барча имондошларимизга ёрдам бераётгани учун Уни шарафланг. Чунки У бизга тинмай ғамхўрлик қилиб, Ўз паноҳида асраяпти. (1 Шоҳ. 1:27; 2:1, 2)

8. Нималар учун Яҳовага раҳмат айтсак бўлади? (1 Салоникаликларга 5:18)

8 Яҳовага миннатдорчилик билдириш. Яҳовага ибодатда миннатдорчилик билдириш учун кўп сабабларимиз бор. (1 Салоникаликларга 5:18 ни ўқинг.) Биз эга бўлган ҳар қандай яхши нарса учун Унга раҳмат айтсак бўлади. Сабаби, яхши ва мукаммал ҳадяларнинг барчаси Ундандир. (Ёқб. 1:17) Масалан, гўзал ер юзи ва ажойиб ижодлар учун Унга миннатдорчилик изҳор қилишимиз мумкин. Ёки ҳаётимиз, оиламиз, дўстларимиз ва умидимиз учун ҳам раҳмат айтсак бўлади. Қолаверса, Яҳова Унинг қадрдон дўсти бўлишимизга йўл қўйгани учун миннатдорчилик билдиришни хоҳлаймиз.

9. Нега Яҳовага тинмай миннатдорчилик билдиришимиз керак?

9 Ҳар биримиз Яҳовадан миннатдор эканимизнинг сабаблари ҳақида ўйлаш учун жон куйдиришимиз керак. Чунки ношукур дунёда яшаяпмиз. Кўпинча одамлар нуқул ўзи хоҳлаган нарсаларга қандай эришиш ҳақида ўйлайди, лекин эга бўлган нарсалари учун миннатдорчилик билдирмайди. Биз улар каби фикр юритишни бошласак, ибодатларимиз шунчаки талаблар рўйхатига айланиб қолиши мумкин. Бунинг олдини олиш мақсадида Яҳова биз учун қилаётган ҳамма нарсадан миннатдор бўлиб, буни изҳор қилишимиз даркор. (Луқо 6:45)

Яҳовага миннатдорчилик билдириш сабр-бардошли бўлишимизга кўмаклашади (10- хатбошига қаранг.)

10. Миннатдорчилик руҳи бир опамизга сабр-бардошли бўлишга қандай ёрдам берган? (Расмга ҳам қаранг.)

10 Миннатдорчилик руҳи қийинчиликларни енгишимизга ёрдам бериши мумкин. Келинг, «Қўриқчи минораси» журналининг 2015 йил 15 январь сонидаги Кьён-сук опамизнинг мисолини кўриб чиқайлик. Унга ўпка саратони ташхиси қўйилганди. Опамиз қуйидагича бўлишди: «Соғлигим ҳақидаги бу хабар мен учун қаттиқ зарба бўлди. Ўзимни худди барча нарсадан маҳрум бўлгандай ҳис қилдим ва ниҳоятда қўрқиб кетгандим». Унга қийинчиликни енгишга нима ёрдам берди? Кьён-сук ҳар куни кечаси ухлашдан олдин уйининг томига чиқиб, овоз чиқариб ибодат қиларди ва ўша куни содир бўлган бешта нарса учун раҳмат айтарди. Кейин у таскин топиб, Яҳовага бўлган севгисини изҳор қиларди. Опамиз Яҳова содиқ хизматчиларини қийинчилик пайтида ҳам қўллаб-қувватлашини кўрди ва ҳаётда муаммолардан кўра баракалар кўпроқ эканини англаб етди. Демак, ҳатто қийинчиликлар гирдобида бўлсак ҳам Яҳовага раҳмат айтиш учун кўп сабабларимиз бор. Ибодатда миннатдорчиликни изҳор қилиш сабр-бардошли бўлишимизга ва хотиржамликни сақлашимизга ёрдам беради.

11. Исо осмонга қайтганидан кейин нега шогирдлари жасоратли бўлиши керак эди?

11 Хизматда жасоратли бўлиш учун Яҳовадан ёрдам сўраш. Исо осмонга қайтишидан сал олдин шогирдларига «Қуддусда, бутун Яҳудия ҳамда Самарияда ва ҳатто ернинг четларига қадар» у ҳақда шоҳидлик беришлари кераклигини эслатган. (Ҳавор. 1:8; Луқо 24:46–48) Кўп вақт ўтмай, яҳудий дин раҳбарлари ҳаворий Бутрус ва Юҳаннони ҳибсга олишган ва уларни Олий Кенгашга олиб боришган. Улар бу содиқ кишиларга ваъз қилишни ман этиб, ҳатто таҳдид қилишган. (Ҳавор. 4:18, 21) Хўш, Бутрус билан Юҳанно нима қилишган?

12. Ҳаворийлар 4:29, 31 га кўра, шогирдлар нима қилишди?

12 Бутрус билан Юҳанно уларга таҳдид қилган яҳудий дин раҳбарларига жавобан: «Ўзларингиз ўйлаб кўринглар, Аллоҳнинг назарида Унга эмас, сизларга қулоқ солиш адолатданми? Бизлар эса кўрган-эшитганларимизни айтмай туролмаймиз»,— деб айтишди. (Ҳавор. 4:19, 20) Улар озод бўлганидан кейин шогирдлар бирга йиғилиб, Яҳованинг иродасини бажариш ҳақида ибодат қилишди. Улар шундай дейишди: «Каломингни гапириш учун қулларингга жасорат ато эт». Яҳова уларнинг самимий ибодатига жавоб берди. (Ҳаворийлар 4:29, 31 ни ўқинг.)

13. Жин-хук биродарнинг мисолидан қандай сабоқ оляпмиз?

13 Ҳукумат томонидан ваъз қилиш ман этилганида биз ҳам ўша шогирдларга тақлид қилиб хизматимизни давом эттирамиз. Бетарафлик сақлагани учун қамоқда бўлган Жин-хук биродарнинг мисолига назар солайлик. Унга маҳбусларга озиқ-овқат ва бошқа нарсаларни етказиб бериш вазифаси топширилган эди. Лекин бошқа мавзулар, жумладан, Муқаддас Китоб борасида гапириш рухсат этилмаганди. Биродаримиз ибодат қилиб, имкон туғилганда жасорат ва мулойимлик ила ҳақиқатни айта олишни Худодан сўраган. (Ҳавор. 5:29) У шундай деб бўлишди: «Яҳова жасорат ва донолик сўраб қилган ибодатларимга жавоб берган. Кўп одамлар билан камера эшиги олдида беш дақиқали тадқиқлар бошлаганман. Кечки пайт улар учун хатлар ёзардим ва эртасига уларни берардим». Биз ҳам Яҳова хизматимизни бажаришга ёрдам беришига амин бўлишимиз мумкин. Жин-хук биродар каби Худодан жасорат ва донолик сўрасак бўлади.

14. Қийинчиликлар билан курашаётганда бизга нима ёрдам бериши мумкин? (Забур 37:3, 5)

14 Қийинчиликлар билан курашиш учун Яҳовадан ёрдам сўраш. Кўпчилигимиз жисмоний ёки ҳиссий касалликлар сабабли азоб чекяпмиз. Яқинимиздан айриляпмиз, оиладаги қийин вазият билан курашяпмиз, таъқиб қилиняпмиз ёки бошқа муаммоларга дуч келяпмиз. Буниси етмагандек, пандемия ва урушлар дастидан азоб чекяпмиз. Бундай пайтда қалбингизни Яҳовага тўкиб-солинг, яқин дўстингизга мурожаат қилгандек Унга бор вазиятингиз тўғрисида айтиб беринг. Шунга амин бўлингки, Яҳова фойдангизни кўзлаб иш тутади. (Забур 37:3, 5 ни ўқинг.)

15. Қандай қилиб ибодат «қайғули пайтларда сабр-бардошли» бўлишга кўмаклашади? Мисол келтиринг.

15 Доимо ибодат қилиш «қайғули пайтларда сабр-бардошли» бўлишга кўмаклашади. (Рим. 12:12) Яҳова хизматчилари нималарни бошдан кечираётганини яхши билади. У фарёдимизни эшитади. (Заб. 145:18, 19) 29 ёшли Кристи исмли кашшоф опамиз бу чиндан ҳам шундай эканига амин бўлди. Кутилмаганда унинг соғлиги ёмонлашди. Натижада у депрессияга тушиб қолди. Кейинчалик эса онаси ҳам оғир касалликка чалинди. Кристи шундай бўлишди: «Кучли бўлиш учун ҳар куни Яҳовага ибодат қилардим. Доим йиғилишларга боришга ва шахсий тадқиқ ўтказишга жон куйдирардим. Ибодатлар қора кунларимда жуда асқатди. Яҳова ҳамиша мен билан эди. Бу туфайли ўзимни яхшироқ ҳис қилардим. Гарчи тезда соғайиб кетмаган бўлсам ҳам Яҳова тинчлик ва хотиржамлик сақлашимга кўмаклашиб, ибодатларимга жавоб берарди». Келинг, Яҳова «художўй кишиларни синовлардан қандай қутқаришни» билишини доим ёдда тутайлик. (2 Бутр. 2:9)

Васвасага қарши туриш учун 1) Яҳовадан ёрдам сўранг, 2) ибодатларингизга яраша йўл тутинг ва 3) Худо билан муносабатларингизни мустаҳкамланг (16-, 17- хатбошиларига қаранг.)

16. Васвасага қарши туриш учун нега Яҳованинг ёрдамига муҳтожмиз?

16 Васвасага қарши туриш учун Яҳовадан ёрдам сўраш. Номукаммал бўлганимиз учун нотўғри йўл тутиш васвасаси билан доим курашишимиз лозим. Шайтон бу курашда мағлуб бўлишимиз учун қўлидан келганини қиляпти. Масалан, у ахлоқсиз ўйин-кулгилар орқали онгимизни заҳарлашга интилади. Бундай ўйин-кулгилар туфайли хаёлимиз нопок фикрлар билан булғаниши мумкин. Улар эса ўз навбатида ички дунёмизга таъсир қилиб, жиддий гуноҳга етаклаши ҳеч гап эмас. (Марк 7:21–23; Ёқб. 1:14, 15)

17. Қай йўсин ибодатларимизга яраша йўл тута оламиз? (Расмга ҳам қаранг.)

17 Нотўғри йўл тутиш васвасасига қарши туриш учун Яҳованинг кўмагига муҳтожмиз. Исо намунали ибодатида Худодан шундай сўраган: «Васвасага берилиб кетишимизга йўл қўйма, Шайтондан халос эт». (Мат. 6:13) Яҳова бизга ёрдам бермоқчи, аммо бу ҳақда ўзимиз ҳам Ундан сўрашимиз муҳим. Қолаверса, ибодатларимизга яраша йўл тутишимиз лозим. Бу ёвуз дунё тўлиб-тошган ёмон нарсаларни ўқишдан ва тинглашдан ўзимизни иложи борича асрашимиз керак. (Заб. 97:10) Муқаддас Китобни ўқиб, уни тадқиқ қилиш орқали фикр-хаёлларимизни пок сақлай оламиз. Йиғилишларга бориш ва хизмат қилиш ҳам онгимизни ҳимоя қилади. Дарҳақиқат, Яҳова дош бера олмайдиган даражада васваса қилинишимизга йўл қўймайди. (1 Кор. 10:12, 13)

18. Ибодат масаласида барчамиз нима қилишимиз лозим?

18 Бу мушкул охирзамонда Яҳовага садоқатли қолишимиз учун ибодат қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Ҳар куни чин дилдан ибодат қилиш учун вақт ажратинг. Худо юрагимизни Унга тўкиб солишимизни истайди. (Заб. 62:8) Яҳовани улуғланг ва Унинг барча ишлари учун раҳмат айтинг. Қолаверса, хизматда жасоратли бўлиш, муаммоларни енгиш ва, эҳтимол, сиз дуч келаётган васвасага қарши туриш учун Ундан ёрдам сўранг. Ҳеч ким ва ҳеч нарса сизни мунтазам равишда Худога мурожаат қилишдан тўхтатишига йўл қўйманг. Қай йўсин Яҳова ибодатларимизга жавоб беради? Ушбу муҳим саволга кейинги мақолада жавоб топамиз.

42- ҚЎШИҚ Аллоҳ хизматчисининг ибодати

a Ибодатларимиз қадрдон дўстимизга чин дилдан ёзилган хатдай бўлишини хоҳлаймиз. Лекин ибодат қилиш учун вақт топиш доим ҳам осон бўлмаслиги мумкин. Ҳатто нима ҳақида ибодат қилишни билмасмиз. Ушбу мақолада бу иккита муҳим масала борасида сўз юритилади.