Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

22- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Муқаддаслик йўли»да юришда давом этинг

«Муқаддаслик йўли»да юришда давом этинг

У ердан катта йўл ўтади, бу йўл «Муқаддаслик йўли». (ИШАЁ 35:8)

31- ҚЎШИҚ Аллоҳга ҳамроҳ бўлинг!

БУ МАҚОЛАДА a

1, 2. Бобилда яшаган яҳудийлар қандай муҳим қарор олдида туришган? (Эзра 1:2–4)

 ШОҲ фармон чиқарди. Бобилда деярли 70 йил асирликда бўлган яҳудийлар энди она юрти Исроилга қайтиши мумкин эди. (Эзра 1:2–4 ни ўқинг.) Бу фақат Яҳова туфайли юз берган. Нега деганда, одатда бобилликлар ҳеч бир асирни озод қилмасди. (Ишаё 14:4, 17) Лекин Бобил забт этилганидан сўнг янги бошқарувчи яҳудийларни озод этган. Натижада ҳар бир яҳудий, айниқса, оила бошилари муҳим қарор олдида турган. Улар Бобилда қолиши ёки Исроилга қайтиши мумкин эди. Ҳойнаҳой, бу қарорни чиқариш осон бўлмаган. Нима учун?

2 Кексалик кўпларни узоқ сафарга чиқишдан тўхтатган бўлиши мумкин. Қолаверса, кўп яҳудийлар Бобилда туғилгани учун у ердан бошқа жойда яшашмаган. Исроил эса ота-боболарининг юрти бўлган, холос. Баъзилар Бобилда бойиб кетганга ўхшайди. Шунинг учун шинам уйи ёки ишини ташлаб, нотаниш юртга бориш уларга қийинчилик туғдирган бўлиши мумкин.

3. Исроилга қайтадиган яҳудийларни қандай барака кутган?

3 Садоқатли яҳудийлар Исроилга қайтишса, эҳтимол, қилинган фидойиликларга қараганда кўпроқ баракалар олишини тушунишган. Яҳовага топиниш улар учун энг катта барака бўларди. Сабаби, Бобилда бутпарастларнинг 50 дан ошиқ ибодатхонаси бўлган бўлса-да, Яҳованинг маъбади йўқ эди. Шунингдек, исроилликлар Мусонинг Қонунида талаб этилган қурбонликларни келтириши учун на қурбонгоҳ, на руҳонийлар бор эди. Қолаверса, у ерда Яҳовани ва Унинг меъёрларини назар-писанд қилмайдиган бутпараст одамлар жуда кўп эди. Шунинг учун минглаб художўй яҳудийлар она юртига қайтиб, пок топинишни яна тиклашни сабрсизлик билан кутишган.

4. Яҳова Исроилга қайтадиган яҳудийларга қандай ёрдам беришни ваъда қилган?

4 Бобилдан Исроилгача тахминан тўрт ойда етиб олиш мумкин эди ва бу мушкул сафар бўлган. Лекин Яҳова исроилликлар йўлда учраши мумкин бўлган ҳар қандай тўсиқни бартараф этишни ваъда қилган. Ишаё пайғамбар шундай ёзган: «Яҳовага йўл ҳозирланглар! Тангримиз учун чўлда текис йўл солинглар... дўнгликлар текислансин, ўнқир-чўнқирлар равон йўлга айлансин». (Ишаё 40:3, 4) Чўлда текис ва равон йўлни бир тасаввур қилинг. У йўловчилар учун катта барака бўларди. Уларга тоғлару тепаликлар эмас, балки равон ва текис йўлдан юриш осонроқ бўларди. Бунинг устига улар манзилга тезроқ етиб олишарди.

5. Бобилдан Исроилгача бўлган мажозий йўлнинг номи қандай?

5 Бугунги кунда кўп йўлларнинг номи ва рақами бор. Ишаё ёзган мажозий йўлнинг ҳам номи бўлган. Ишаё: «У ердан катта йўл ўтади, бу йўл “Муқаддаслик йўли” деб аталади. Нопок одам ундан юрмайди»,— деб ёзган. (Ишаё 35:8) Ушбу ваъда она юртига қайтган исроилликлар учун нимани англатган? Бизга-чи, бу қандай тааллуқли?

«МУҚАДДАСЛИК ЙЎЛИ» — ОЛДИН ВА ҲОЗИР

6. Нима учун бу йўл муқаддас деб аталган?

6 «Муқаддаслик йўли» катта йўлга берилган ажойиб номдир. Нега у муқаддас деб аталган? Сабаби, қайта тикланган Исроилда ахлоқсизлик, бутпарастлик ва бошқа оғир гуноҳга қўл урган ҳеч бир «нопок одам»га ўрин йўқ эди. Исроилга қайтаётган яҳудийлар Яҳованинг «муқаддас халқи» бўлиши керак эди. (Қонун. 7:6) Лекин бу Бобилни тарк этган яҳудийлар Яҳовани мамнун қилиш учун ҳеч қандай ўзгариш қилмаслиги кераклигини англатмасди.

7. Баъзи яҳудийлар қандай ўзгаришлар қилиши керак эди? Мисол келтиринг.

7 Юқорида айтилганидай, кўп яҳудийлар Бобилда туғилган ва улар у ердагиларга ўхшаб йўл тутган ҳамда ўйлаган бўлиши мумкин. Исроилга илк яҳудийлар қайтганидан 69 йил ўтганидан кейин Эзра айрим яҳудийлар бутпараст аёлларга уйлангани ҳақида эшитиб қолган. (Чиқ. 34:15, 16; Эзра 9:1, 2) Кейинчалик, ҳоким Нахимиё Исроилда туғилган фарзандлар ҳатто яҳудийларнинг тилини билмаслигидан ҳайрон қолган. (Қонун. 6:6, 7; Нахим. 13:23, 24) Улар Худо Каломининг асосий қисми ёзилган иброний тилини тушунмаса қай йўсин Яҳовани яхши кўриб Унга топина оларди?! (Эзра 10:3, 44) Шу боис яҳудийлар анчагина ўзгариши керак эди ва пок топиниш аста-секин тикланаётган Исроилда буни қилиш анча осонроқ бўларди. (Нахим. 8:8, 9)

1919 йилдан бери миллионлаб эркаклар, аёллар ва болалар сохта дин империяси бўлмиш Буюк Бобилни тарк этиб, «Муқаддаслик йўли»да юришни бошлаган (8- хатбошига қаранг.)

8. Нега асрлар олдин рўй берган ҳодисалар бизни қизиқтириши лозим? (Муқовадаги расмга қаранг.)

8 Баъзилар: «Бу жудаям қизиқарли, лекин яҳудийлар билан асрлар олдин юз берган воқеаларнинг бизга қандайдир дахли борми?» — деб айтар. Ҳа, бор. Сабаби, биз ҳам «Муқаддаслик йўли»да юряпмиз. Мойланганмизми ёки «бошқа қўйлар» қаторига кирамизми, барчамиз «Муқаддаслик йўли»да қолишни истаймиз. Бу Яҳовага ҳозир хизмат қилишга ва келажакда Самовий Шоҳлик ер юзига баракалар ёғдирганида буни қилишда давом этишга ёрдам беради b. (Юҳан. 10:16) Мил. 1919 йилдан бери миллионлаб эркаклар, аёллар ва болалар сохта дин империяси бўлмиш Буюк Бобилни тарк этиб, ушбу рамзий йўлда юришни бошлаган. Эҳтимол, сиз ҳам улардан бирисиз. Бу йўл очилганига тахминан 100 йил бўлган бўлса-да, уни ҳозирлаш иши асрлар аввал бошланган.

ЙЎЛНИ ҲОЗИРЛАШ

9. Ишаё 57:14 га биноан, «Муқаддаслик йўли» қандай ҳозирланган?

9 Яҳова Бобилни тарк этган яҳудийларнинг йўлидаги тўсиқлар олиб ташланишига ғамхўрлик қилган. (Ишаё 57:14 ни ўқинг.) Ҳозирги «Муқаддаслик йўли» ҳақида-чи, нима деса бўлади? Яҳова 1919 йилдан бир неча аср аввал художўй инсонлардан фойдаланиб, Буюк Бобилдан чиқиш йўлини ҳозирлаган. (Ишаё 40:3 ни солиштиринг.) Улар самимий инсонлар Буюк Бобилдан чиқиб, Яҳова пок топинишни тиклаган маънавий жаннатга кира олиши учун керакли тайёргарлик ишларини амалга оширишган. Бу тайёргарлик ишлари нимани ўз ичига олган? Келинг, уларнинг баъзиларини кўриб чиқайлик.

Юзлаб йиллар давомида худотарс кишилар Буюк Бобилдан чиқиб келаётганлар учун йўлни ҳозирлашда ёрдам берган (10-, 11- хатбошиларига қаранг.)

10, 11. Қай йўсин Муқаддас Китобни чоп этиш ва таржима қилиш иши ундаги таълимотлар кенг ёйилишига ҳисса қўшган? (Расмга ҳам қаранг.)

10 Чоп этиш. Тахминан 1450 йилгача Муқаддас Ёзувлардан қўлда нусха кўчириларди. Бунга кўп вақт кетарди. Шунинг учун бундай нусхалар камёб бўлиб, жуда қимматбаҳо эди. Бироқ чоп этиш машиналари ишга тушгандан кейин Муқаддас Китобнинг кўпгина нусхаларини нашр этиб, одамларга тарқатиш анча осонроқ бўлди.

11 Таржима қилиш. Асрлар мобайнида Муқаддас Китоб асосан лотин тилида мавжуд бўлган. Бу тилни фақат ўқимишли инсонлар тушуна оларди. Лекин чоп этиш иши ривожлана бошлаганида художўй инсонлар Муқаддас Китобни кўп одамларга таниш бўлган тилларга таржима қилиш учун жон куйдиришган. Бу туфайли инсонлар Муқаддас Китобни ўқиб, билиб олаётганларини руҳонийлар ўргатаётган таълимотлар билан солиштира оларди.

Худотарс кишилар Буюк Бобилдан чиқиб келаётганлар учун йўлни ҳозирлашда ёрдам берган (12–14- хатбошиларига қаранг.) c

12, 13. Муқаддас Китобни тадқиқ қилган самимий кишилар 19 асрда сохта дин таълимотларини қандай фош қилгани борасида мисол келтиринг.

12 Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш учун мўлжалланган қўлланмалар. Муқаддас Китобни синчковлик ила тадқиқ қилган инсонлар у ердан кўп нарсани билиб олишган. Улар билиб олганларини бошқалар билан бўлишганда кўпгина руҳонийлар бундан ғазабланган. Тахминан 1835 йили бир нечта самимий киши черковнинг сохта таълимотларини фош этадиган букламалар чоп этишни бошлаган.

13 Тахминан 1835 йили Генри Гру исмли художўй киши ўлганларнинг ҳолати ҳақида буклама нашр этган. У Муқаддас Ёзувлар асосида Худо баъзи инсонларга ўлмаслик инъомини ато этишини исботлаган. Кўп черковлар эса барча одамлар ўлмас жон билан туғилишига ўргатган. 1837 йили Жорж Сторрз ўша букламани поездда кетаётганида топиб олган. Уни ўқиб, у муҳим ҳақиқатни билиб олганига ишонч ҳосил қилган. Кейин буни бошқалар билан ҳам бўлишган. 1842 йили у «Ёвуз инсонлар ҳам ўлмасликка эга бўладими?» номли нутқлар мажмуини сўзлаган. Жорж Сторрзнинг изланишлари ёш бўлган Чарлз Тейз Расселлга қаттиқ таъсир қилган.

14. Расселл ва унинг маслакдошлари «Муқаддаслик йўли» ҳозирланишида қилинган ишлардан қандай фойда олишган? (Расмга ҳам қаранг.)

14 Биродар Расселл ва унинг маслакдошлари «Муқаддаслик йўли» ҳозирланишида қилинган ишлардан қандай фойда олишган? Бу кишилар тадқиқларида улардан олдин қилинган барча нарсадан, жумладан, Муқаддас Китобнинг турли таржималари ва луғатларидан фойдаланишган. Қолаверса, улар Генри Гру, Жорж Сторрз ва бошқаларнинг Муқаддас Китобга асосланган изланишларидан кўп фойда олишган. Расселл ва унинг маслакдошлари ҳам Муқаддас Китоб таълимотлари муҳокама қилинган кўплаб китоблар ва букламаларни нашр этиб, ушбу йўл ҳозирланишига ҳисса қўшишган.

15. 1919 йили қандай муҳим ўзгаришлар юз берган?

15 1919 йили Худонинг халқи Буюк Бобилнинг таъсиридан озод бўлди. Ўша йили «ишончли ва ақлли хизматкор» хизматига киришди. Шунда самимий инсонлар янги очилган «Муқаддаслик йўли»да юра бошлади. (Мат. 24:45–47) Йўлни ҳозирлашда ўз ҳиссасини қўшган ўтмишдаги садоқатли инсонлар туфайли ушбу катта йўлга қадам қўйганлар Яҳованинг ниятлари ҳақида кўпроқ билиб олиш имкониятига эга бўлган. (Ҳик. 4:18) Шунингдек, улар Яҳованинг талабларига мос тарзда ҳаёт кечира бошлашган. Яҳова хизматчилари бирданига ўзгаришини кутмайди. Аксинча, У улар буни аста-секин қилишларига ёрдам беради. (« Яҳова халқига аста-секин ўзгаришга ёрдам беради» номли рамкага қаранг.) Худони ҳар бир ишимиз билан мамнун қила олганимизда ниҳоятда бахтиёр бўламиз! (Колос. 1:10)

«МУҚАДДАСЛИК ЙЎЛИ» ҲАЛИЯМ ОЧИҚ

16. 1919 йилдан бери «Муқаддаслик йўли»да қандай ишлар олиб бориляпти? (Ишаё 48:17; 60:17)

16 Ҳар бир йўл яхши ҳолатда бўлиши учун тинмай ҳаракат қилиш кутилади. 1919 йилдан бери кўпроқ одамлар Буюк Бобилдан чиқиб, «Муқаддаслик йўли»да юра олиши учун бу йўл ҳам яхшиланиб келяпти. Ишончли ва ақлли хизматкор ишини бошлаган. 1921 йили эса Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни билмоқчи бўлган инсонларга ёрдам бериш мақсадида у тадқиқ учун мўлжалланган адабиётни чиқарган. Унинг номи «Илоҳий арфа». У деярли олти миллион нусхада, 36 та тилда нашр этилган. Кўплар унинг ёрдамида ҳақиқатни билиб олган. Яқинда эса Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга мўлжалланган «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» адабиёти чиқди. Сўнгги йиллар мобайнида Яҳова ташкилоти орқали мўл-кўл маънавий озуқани бериб келяпти. Бу бизга «Муқаддаслик йўли»да юришга кўмаклашяпти. (Ишаё 48:17; 60:17 ни ўқинг.)

17, 18. «Муқаддаслик йўли» қаерга етаклайди?

17 Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаган инсон «Муқаддаслик йўли»да юриш имкониятига эга бўлади. Баъзилар унда қисқа вақт юради ва кейин уни тарк этади. Бошқалар эса манзилига етмагунча унда қолишга қатъий қарор қилган. Бу қандай манзил экан?

18 «Муқаддаслик йўли» осмонда яшаш умидига эга бўлганларни Аллоҳнинг осмондаги «жаннати»га етаклайди. (Ваҳ. 2:7) Ерда яшаш умидига эга бўлганларни эса 1 000 йилликнинг охирида бўладиган мукаммалликка етаклайди. Агар ушбу йўлда юраётган бўлсангиз, орқага қараманг. Янги дунёга етаклайдиган саёҳатни охирига етказмагунча уни тарк этманг. Сизга чин дилдан оқ йўл тилаймиз!

24- ҚЎШИҚ Яҳованинг тоғига келинг

a Яҳова Бобилдан Исроилгача бўлган мажозий йўлни «Муқаддаслик йўли» деб атаган. Бугунги кунда-чи, У хизматчилари учун йўл ҳозирлаганми? Мил. 1919 йилдан бери миллионлаб инсонлар Буюк Бобилдан чиқиб, «Муқаддаслик йўли»да юряпти. Охирги манзилга етмагунимизча ҳар биримиз бу йўлда қолишимиз керак.

c РАСМГА ШАРҲ. Биродар Расселл ва унинг маслакдошлари улардан олдин тайёрланган Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш учун мўлжалланган қўлланмалардан фойдаланишган.