Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

23- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Яҳнинг алангаси»ни сўндирманг

«Яҳнинг алангаси»ни сўндирманг

[Муҳаббатнинг]... оташи ловуллаб ёнаётган олов, Яҳнинг алангасидир. (ҚЎШИҚ 8:6)

131- ҚЎШИҚ «Аллоҳ бирга қўшганини бандаси ажратмасин»

БУ МАҚОЛАДА a

1. Муқаддас Китобда ҳақиқий севги қандай таърифланган?

 МУҲАББАТНИНГ «оташи ловуллаб ёнаётган олов, Яҳнинг алангасидир. Жўшқин сувлар муҳаббатни сўндира олмас» b. (Қўшиқ 8:6, 7) Чиндан ҳам ҳақиқий севги жуда чиройли таърифланган. Бу сўзлар оила қурган жуфтликларга далда беради. Ҳа, сизлар ўзаро сўнмас севгини ривожлантиришингиз мумкин.

2. Жуфтликлар муҳаббати сўнмаслиги учун нима қилиши керак?

2 Жуфтликлар муҳаббати сўнмаслиги учун анчагина ҳаракат қилиши керак бўлади. Масалан, гулхан ўчиб қолмаслиги учун унга ўтин ташлаб туриш зарур. Акс ҳолда, у ўчиб қолади. Шу каби, эру хотин ҳам бир-бирига бўлган севгини мустаҳкамлаши зарур. Шунда у сўниб қолмайди. Гоҳида, айниқса, моддий қийинчилик, соғлик муаммоси ёки бола тарбиялаш масаласидаги босим туфайли уларнинг севгиси совиши мумкин. Шундай экан, агар турмуш қурган бўлсангиз «Яҳнинг алангаси» сўнмаслиги учун нима қила оласиз? Бу мақолада ришталарингизни мустаҳкамлашга ва бахтли никоҳдан завқ олишингизга кўмаклашадиган учта нарсани кўриб чиқамиз c.

ЯҲОВА БИЛАН МУНОСАБАТЛАРИНГИЗНИ МУСТАҲКАМЛАШДА ДАВОМ ЭТИНГ

Турмуш ўртоқлар Юсуф ва Марям каби Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлиши керак (3- хатбошига қаранг.)

3. Қай йўсин Худо билан қалин муносабатлар жуфтликларга орасидаги севги тирик бўлишига ёрдам беради? (Воиз 4:12) (Расмга ҳам қаранг.)

3 «Яҳнинг алангаси» ўчиб қолмаслиги учун ҳам эр, ҳам хотин Яҳова билан қалин дўст бўлиш мақсадида жон куйдириши лозим. Бу уларнинг муносабатига қандай таъсир қилади? Жуфтликлар самовий Отамиз билан яқин муносабатларини қадрласа, Унинг маслаҳатига амал қилишга доим тайёр бўлади. Бу эса уларга орасидаги севги совишига сабаб бўладиган муаммоларнинг олдини олишга ва уларни енгишга кўмаклашади. (Воиз 4:12 ни ўқинг.) Шунингдек, маънавий инсонлар Яҳовага тақлид қилишга ва У намоён этаётган, масалан, меҳрибонлик, сабр-тоқат ва кечиримли бўлиш фазилатларини ривожлантиришга интилади. (Эфес. 4:32–5:1) Жуфтликлар бу каби фазилатларни намоён этиши муҳаббати ошишига замин яратади. Турмуш қурганига 25 йилдан кўпроқ бўлган Лена опамиз шундай деди: «Маънавий инсонни севиш ва ҳурмат қилиш осон».

4. Нега Яҳова бўлажак Масиҳнинг ота-онаси сифатида Юсуф ва Марямни танлаган?

4 Муқаддас Китобдаги мисолга эътибор қаратинг. Яҳова бўлажак Масиҳ учун ота-она танлаётганда, Довуднинг кўп авлодларидан айнан Юсуф ва Марямни танлаган. Нима учун? Сабаби, иккаласи ҳам У билан шахсий муносабатларга эга эди. Яҳова улар никоҳида Уни биринчи ўринга қўйишини билган. Хўш, жуфтликлар Юсуф ва Марямдан қандай сабоқ олишлари мумкин?

5. Эрлар Юсуфдан нимани ўрганиши мумкин?

5 Юсуф Яҳованинг йўл-йўриқларига дарров амал қилган ва бу туфайли яхшироқ эр бўла олган. У камида уч марта Яҳовадан оиласига тегишли йўл-йўриқ олган. Ҳар сафар, ҳатто бу осон бўлмаганда ҳам Юсуф уларга дарров бўйсунган. (Мат. 1:20, 24; 2:13–15, 19–21) У Худонинг йўл-йўриқларига амал қилгани учун хотинини ҳимоялаб, қўллаб-қувватлаган ва унга ғамхўрлик қила олган. Бу Марямнинг унга бўлган севгиси ва ҳурматини қанчалик оширганини бир тасаввур қилинг. Азиз эрлар, оилангизга ғамхўрлик қилишда Юсуфга тақлид қилиб, Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатларни изланг d. Уларга риоя қилсангиз, ҳатто бунинг учун бирон ўзгаришлар қилиш керак бўлса ҳам хотинингизни севишингизни ва никоҳингизни мустаҳкамламоқчи эканингизни кўрсатасиз. Вануатудаги бир опамизнинг мисолини олайлик. У турмуш қурганига 20 йилдан ошиқроқ вақт ўтди. Опамиз шундай деди: «Эрим Яҳованинг йўл-йўриқларини излаб, уларга амал қилганида унга бўлган ҳурматим ошади. Ўзимни хавфсиз ҳис қиламан ва чиқарган қарорларига ишонаман».

6. Хотинлар Марямнинг мисолидан нимани ўрганиши мумкин?

6 Марям Яҳова билан шахсий муносабатларга эга эди. Унинг имони Юсуф қилаётган ишларга боғлиқ бўлмаган. У Муқаддас Ёзувларни яхши билган e. (Луқо 1:46) Шунингдек, Марям билиб олганлари устида мулоҳаза юритишга вақт ажратган. (Луқо 2:19, 51) Шубҳасизки, у маънавийлиги туфайли Юсуф учун ажойиб рафиқа бўла олган. Бугунги кунда ҳам кўплар Марям каби йўл тутишга интилади. Эмико опамизнинг мисолини олайлик. У қуйидагича бўлишди: «Турмушга чиқишимдан олдин маънавий ишлар жадвалим бор эди. Аммо турмуш қургач, эрим биз учун ибодат қилгани ва оилавий топинишни ўтказгани учун имоним у қилаётган ишларга боғлиқ бўлиб қолганини тушундим. Мен Яҳова билан шахсий муносабатларни мустаҳкамлашим лозим эди. Ҳозирда Худо билан ёлғиз қолишга — ибодат қилишга, Каломни ўқишга ва мулоҳаза юритишга алоҳида вақт ажратаман». (Галат. 6:5) Қадрдон хотинлар, Яҳова билан шахсий муносабатларингизни мустаҳкамлашда давом этсангиз, эрингизда сизни яхши кўришга ва мақташга кўпроқ сабаблар бўлади. (Ҳик. 31:30)

7. Эр-хотин бирга топиниш борасида Юсуф билан Марямдан қандай ўрнак олиши мумкин?

7 Юсуф ва Марям Яҳова билан муносабатларини мустаҳкамлаш учун биргаликда ҳаракат қилишган. Улар Яҳовага оила сифатида топиниш муҳим эканини тушунишган. (Луқо 2:22–24, 41; 4:16) Эҳтимол, айниқса, фарзандлари туғилганида буни қилиш қийин бўлгандир. Лекин улар буни уддалашган. Бугунги кундаги жуфтликлар учун улар зўр ўрнакдир. Агар фарзандларингиз бўлса, Юсуф ва Марям каби йиғилишларга қатнаш ёки оилавий топиниш учун вақт ажратиш осонмасдир. Жуфтлик сифатида биргаликда тадқиқ ёки ибодат қилиш учун вақт ажратиш эса ундан ҳам қийиндир. Аммо ёдингизда тутинг, Яҳовага биргаликда топинсангиз, У билан ва ўзаро муносабатларингиз қалинлашади. Шунинг учун топинишни биринчи ўринга қўйинг.

8. Никоҳда муаммоларга дуч келаётган жуфтликларга оилавий топинишдан кўпроқ фойда олишга нима ёрдам бериши мумкин?

8 Борди-ю, никоҳда муаммоларга дуч келаётган бўлсангиз, нима қила оласиз? Балки, сизларга оилавий топинишни ўтказиш ёқмаётгандир. Ундай бўлса, икковингизга ёқадиган қисқа ва қизиқарли нарсани кўриб чиқишдан бошласангиз бўлади. Шу йўсин, ришталарингизни мустаҳкамлаб, Яҳовага бирга топиниш истагингизни кучайтира оласиз.

БИРГА ВАҚТ ЎТКАЗИНГ

9. Нега эр-хотин бирга вақт ўтказиши лозим?

9 Ҳурматли турмуш ўртоқлар, бирга вақт ўтказиб ҳам орангиздаги севгини тирик сақлай оласиз. Бу умр йўлдошингизнинг фикрлари ва туйғуларидан хабардор бўлишингизга ёрдам беради. (Ибт. 2:24) Руслан ва Лилия турмуш қурганига 15 йилдан кўпроқ бўлди. Улар оила қурганидан кўп ўтмай бир нарсага эътибор беришди. Лилия шундай деди: «Биз ўйлаганимиздай бирга кўп вақт ўтказмас эдик. Иш, уй юмушлари, кейинчалик эса фарзандларимизнинг тарбияси билан банд бўлардик. Агар жуфтлик сифатида бирга вақт ўтказмасак, бир-биримиздан узоқлашишимиз мумкинлигини тушундик».

10. Қай йўсин жуфтликлар Эфесликларга 5:15, 16 даги маслаҳатга амал қила олишади?

10 Бирга вақт ўтказиш учун жуфтликлар нима қилиши мумкин? Бунинг учун улар вақтини режалаштиришига тўғри келар. (Эфесликларга 5:15, 16 ни ўқинг.) Нигериядан бўлган Узонду биродаримиз шундай деди: «Ишларимни режалаштираётганимда, хотинимга ҳам вақт ажратаман ва буни ҳамма нарсадан устун қўяман». (Филип. 1:10) Молдавиядаги туман нозирининг хотини Анастасия қай йўсин вақтидан тўғри фойдаланишига эътибор беринг. У қуйидагича бўлишди: «Турмуш ўртоғим вазифаси билан банд бўлганида, ўз ишларимни қилиб олишга ҳаракат қиламан. Кейин биргаликда вақт ўтказамиз». Лекин бирга вақт ўтказишни жадвалингизга барибир кирита олмаётган бўлсангиз-чи?

Турмуш ўртоқ сифатида қайси ишларни биргаликда бажара оласиз? (11-, 12- хатбошиларига қаранг.)

11. Акила ва Прискилла бирга қандай ишлар билан банд бўлишган?

11 Жуфтликлар илк масиҳийларнинг кўпчилиги ҳурмат қилган Акила билан Прискилладан ўрнак олиши мумкин. (Рим. 16:3, 4) Муқаддас Китобда уларнинг никоҳи борасида тафсилотлар келтирилмаган бўлса ҳам улар бирга ишлагани, ваъз қилгани ва бошқаларга ёрдам берганини билиб оляпмиз. (Ҳавор. 18:2, 3, 24–26) Дарҳақиқат, Акила билан Прискилла ҳақида гап кетганида, улар доим бирга тилга олинади.

12. Жуфтлик бирга кўпроқ вақт ўтказиш учун нима қила олади? (Расмга ҳам қаранг.)

12 Қай йўсин жуфтликлар Акила билан Прискиллага тақлид қилиши мумкин? Сиз ва турмуш ўртоғингиз қилишингиз керак бўлган кўпгина ишлар ҳақида ўйлаб кўринг. Улардан баъзиларини алоҳида эмас, бирга бажара оласизми? Масалан, Акила билан Прискилла бирга ваъз қилишган. Сиз ҳам мунтазам равишда бундай қиляпсизми? Қолаверса, улар бирга ишлашган. Тўғри, сизнинг ва турмуш ўртоғингизнинг иши ҳар хил бўлиши мумкин, лекин уй ишларини бирга бажара оласизми? (Воиз 4:9) Бирон ишни бажаришга бир-бирингизга ёрдам берганингизда, ўзингизни бир жамоадек ҳис қиласиз ва суҳбатлашиш учун имкониятга эга бўласиз. Роберт ва Линданинг турмуш қурганига 50 йилдан кўпроқ бўлди. Роберт шундай деди: «Тўғрисини айтсам, рафиқам билан бирга дам олиш учун етарлича вақт ажрата олмаймиз. Аммо идиш ювганимда, Линда уларни артса ёки боғда қайсидир ишни бажарганимда ёнимга келиб турса, ўзимни жуда бахтли ҳис қиламан. Ишларни бирга бажариш бизни бир-биримизга яқинлаштиради ва севгимизни оширади».

13. Турмуш ўртоқлар чинакамига якдил бўлиш учун нима қилиши керак?

13 Шунчаки бирга вақт ўтказиш инсонларни бир-бирига яқинлаштирмаслигини ёдда тутинг. Турмуш қурган бразилиялик опамиз шундай бўлишди: «Бугунги кунда чалғитадиган нарсалар жуда кўп. Шунга битта уйда яшаганимиз учунгина бирга вақт ўтказяпмиз, деб ўйлаш тузоғига тушиб қолиш мумкин. Лекин шунчаки бирга вақт ўтказишнинг ўзи етарли эмаслигини ва турмуш ўртоғимга етарлича эътибор қаратишим кераклигини тушундим». Бруно ва Тайз бир-бирига эътибор бериш учун нима қилишига диққат қаратинг. Бруно шундай деди: «Тайз билан бирга вақт ўтказганимизда телефонларимизни четга олиб қўямиз. Шунда бу вақт бизга қувонч келтиради».

14. Агар жуфтлик бирга вақт ўтказишни ёқтирмаса нима қилиши мумкин?

14 Лекин жуфтликлар бирга вақт ўтказишни ёқтирмаса-чи? Эҳтимол, уларнинг қизиқишлари турличадир ёки бир-бирининг ғашини келтирар. Хўш, улар нима қила олади? Юқорида келтирилган гулханнинг мисолини эслайлик. Бошида олов унча кучли ёнмаслиги мумкин. Аммо унга каттароқ ўтинлар солинса, у аста-секин аланга олади. Шунга ўхшаб, ҳар куни бирга вақт ўтказиш учун бир неча дақиқа ажратишдан бошласа бўлади. Қолаверса, можарога сабаб бўладиган эмас, балки икковингиз ёқтирадиган бирон иш қилишни танларсиз. (Ёқб. 3:18) Кичик нарсадан бошласангиз, ўзаро севгингиз яна пайдо бўлишини пайқайсиз.

БИР-БИРИНГИЗГА ҲУРМАТ КЎРСАТИНГ

15. Жуфтликларнинг орасидаги севги тирик бўлишида ҳурмат қандай ўрин эгаллайди?

15 Ҳурмат никоҳда муҳим ўрин эгаллайди. Уни оловни яхшироқ ёнишига ёрдам берадиган кислородга ўхшатса бўлади. Сабаби, кислородсиз олов тезда ўчиб қолади. Шу сингари, жуфтликлар бир-бирини ҳурмат қилмаса, уларнинг орасидаги севги ҳам тезда совиб қолиши мумкин. Бошқа томондан улар бир-бирига ҳурмат ила муносабат кўрсатиши орасидаги севги тирик бўлишига ёрдам беради. Шуни ёдда тутиш лозимки, энг муҳими, сиз турмуш ўртоғингизга ҳурмат кўрсатяпман, деб ўйлаётганингиз эмас, балки у буни ҳис қилаётгани ёки қилмаётганидир. Пени ва Аретнинг турмуш қурганига 25 йилдан кўпроқ бўлди. Пени шундай деди: «Бир-биримизни ҳурмат қилганимиз туфайли уйимизда севгига тўла муҳит ҳукм суради. Фикрларимиз бир-биримизга қадрли эканини билганимиз учун ичимиздагиларни бемалол айта оламиз». Хўш, умр йўлдошингиз сиз уни чиндан ҳам ҳурмат қилаётганингизни ҳис қилиши учун нима қила оласиз? Келинг, Иброҳим билан Соранинг мисолини кўриб чиқайлик.

Эр хотинини диққат билан тинглаб уни ҳурмат қилаётганини кўрсатиши керак (16- хатбошига қаранг.)

16. Эрлар Иброҳимнинг мисолидан қандай ўрнак олиши мумкин? (1 Бутрус 3:7) (Расмга ҳам қаранг.)

16 Иброҳим Сорага ҳурмат ила муносабат кўрсатган. У Соранинг фикрларини ва ҳис-туйғуларини инобатга олган. Бир сафар Сора ғамга ботган ва хафалигини кўрсатиб, Иброҳимни бунда айблаган. Ўшанда Иброҳим жаҳл устида қаттиқ сўзларни гапирганми? Йўқ. У Сора унинг қарорларини қўллаб-қувватлашини ва итоаткор эканини биларди. Иброҳим уни тинглаб, муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилган. (Ибт. 16:5, 6) Биз бундан нимани ўрганишимиз мумкин? Эрлар, сиз оилангиз учун қарорлар чиқариш масъулиятига эгасиз. (1 Кор. 11:3) Лекин қарор чиқаришдан олдин, айниқса, бу хотинингизга ҳам таъсир қилса, унинг ҳам фикрларини инобатга олсангиз яхши бўларди. (1 Кор. 13:4, 5) Баъзида хотинингиз стресс ҳис қилар ва туйғуларини сиз билан бўлишмоқчи бўлар. Шунда уни диққат билан тинглаб ҳурмат қилаётганингизни кўрсатасизми? (1 Бутрус 3:7 ни ўқинг.) Дмитрий ва Анжела оила қурганига деярли 30 йил бўлди. Анжела эри уни ҳурмат қилишини ҳис қилади. У бу ҳақда шундай деди: «Хафа бўлганимда ёки шунчаки гаплашишни истаганимда Дмитрий доим мени тинглашга тайёр. Баъзан ҳис-туйғуга берилиб кетсам ҳам у менга сабрли бўлади».

17. Хотинлар Соранинг мисолидан қандай ўрнак олиши мумкин? (1 Бутрус 3:5, 6)

17 Сора Иброҳимнинг қарорларини қўллаб-қувватлаш орқали уни ҳурмат қилишини намоён этган. (Ибт. 12:5) Бир сафар Иброҳим уйига кутилмаганда одамлар келганда, уларга меҳмондўстлик кўрсатган. У Сорага қилаётган ишини тўхтатиб, кўпгина нон ёпиб беришини айтган. (Ибт. 18:6) У бунга бўйсунган ва шу йўсин қарорини қўллаб-қувватлаган. Хотинлар, сизлар ҳам Сорага ўхшаб эрингизнинг қарорларини қўллаб-қувватланг. Шунда никоҳингизни мустаҳкамлайсиз. (1 Бутрус 3:5, 6 ни ўқинг.) Олдинги хатбошида тилга олинган Дмитрий ҳам хотини уни ҳурмат қилишини ҳис қилади. У бу борада шундай деди: «Анжела ҳатто рози бўлмаса-да, қарорларимни қўллаб-қувватлашини жуда қадрлайман. Бирон нима ўхшамай қолса ҳам у мени танқид қилмайди». Ҳа, сизни ҳурмат қиладиган инсонни севишингиз ҳам осон.

18. Жуфтлик орасидаги севги ўчмаслигига ҳаракат қилиб қандай фойда олади?

18 Ҳозирда Шайтон масиҳийларнинг никоҳидаги муҳаббат алангасини ўчиришни истайди. У жуфтликларнинг бир-бирига бўлган севгиси совиса, улар Яҳовадан узоқлашиши мумкинлигини билади. Аммо ҳақиқий севги ҳеч қачон сўнмайди. Орангиздаги севги Гўзал қўшиқда таърифланган муҳаббат каби бўлишини тилаймиз! Никоҳингизда Яҳовани биринчи ўринга қўйиш, бир-бирингизга вақт ажратиш ва туйғуларингиз ҳамда эҳтиёжларингизни ҳурмат қилиш қарорингиз қатъий бўлсин. Шундай қилиб, никоҳингиз чинакам севгининг Манбаи бўлмиш Яҳовага шараф келтиради ва ловуллаб ёнаётган олов каби муҳаббатингиз ҳеч қачон ўчмайди.

132- ҚЎШИҚ Иккимиз бир тан бўлдик

a Яҳова инсонларга никоҳ каби ажойиб ҳадяни тақдим этган. Бу орқали эр-хотин бир-бирига ўзгача севгини намоён эта олади. Аммо баъзида бу туйғу совиб қолиши мумкин. Агар сиз ҳам турмуш қурган бўлсангиз, бу мақола умр йўлдошингизга бўлган севгини тирик сақлашга ва бахтли никоҳдан завқ олишга ёрдам беради.

b Ўзгармайдиган ва абадий давом этадиган ҳақиқий севги «Яҳнинг алангаси» деб номланади, сабаби бундай севгининг Манбаи Тангри Яҳовадир.

c Агар турмуш ўртоғингиз Яҳованинг Шоҳиди бўлмаса ҳам бу маслаҳатлар ришталарингизни мустаҳкамлашга ёрдам бериши мумкин. (1 Кор. 7:12–14; 1 Бутр. 3:1, 2)

d Масалан, jw.org сайти ва JW Library иловасидаги «Оила учун ёрдам» номли мақолалар туркумидан фойдали маслаҳатларни топа оласиз.