Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ёзилган нарсаларга диққат қаратасизми?

Ёзилган нарсаларга диққат қаратасизми?

Буларнинг барчаси сабоқ бўлсин дея,.. замоналарнинг охирида яшаётган бизлар учун огоҳлантириш сифатида ёзилган. 1 КОР. 10:11

ҚЎШИҚЛАР: 11, 29

1, 2. Нега тўртта Яҳудо шоҳининг мисолини кўриб чиқамиз?

КИМДИР йўлакда кетаётганда сирпаниб йиқилганини кўрсангиз, наҳотки ўзингиз ҳам ўша йўлакдан ўтаётганингизда эҳтиёт бўлмасангиз? Бошқаларнинг хатоларини кўриб чиқиш бизга худди шу хатоларни қайтармасликка ёрдам беради. Бу бизга, шунингдек, маънавий томонлама ҳам асқатади. Биз бошқаларнинг хатоларидан, жумладан, Муқаддас Китобда ёзилган мисоллардан қимматли сабоқлар олишимиз мумкин.

2 Олдинги мақолада тилга олинган тўртта Яҳудо шоҳи Яҳовага сидқидилдан хизмат қилган. Лекин шунга қарамай, улар баъзи жиддий хатоларга йўл қўйишган. Бу шоҳларнинг мисолидан нимани ўрганишимиз мумкин ва улар сингари йўл тутишдан қандай қочсак бўлади? Мазкур мисоллар устида мулоҳаза юритиш бизга насиҳат олишимиз учун қадимда ёзилган нарсалардан фойда олишга кўмаклашади. (Римликларга 15:4 ни ўқинг.)

ИНСОНИЙ ДОНОЛИККА ТАЯНИШНИНГ ОХИРИ — ҲАЛОКАТДИР

3–5. а) Осо Яҳовага чин кўнгилдан боғланган бўлса ҳам, қандай муаммога дуч келди? б) Нима учун Башо Яҳудога ҳужум қилганида, Осо одамларга таянган бўлиши мумкин?

3 Келинг, даставвал Осонинг мисолига диққат қаратайлик ва Аллоҳнинг Каломи бизнинг ҳаётимизга қандай таъсир қилиши мумкинлигини кўрайлик. Миллионлаб ҳабашистонликлар Яҳудога ҳужум қилишганида, Осо Яҳовага таянди. Исроил шоҳи Башо Осонинг шоҳлиги билан чегарадош шаҳар — Рамани мустаҳкамлай бошлаганида эса, у бундай қилмади. (2 Сол. 16:1–3) Бундан сал ўтгач, Осо ўз донолигига таяниб, Башога қарши ҳужум уюштириш мақсадида Сурия шоҳи Банҳададга пора тақдим этди. Хўш, Осонинг режаси иш бердими? Муқаддас Китобда айтилишича, «Башо бу воқеани эшитгач, Рамани мустаҳкамлаш фикридан воз кечиб, ишни тўхтатиб қўйди». (2 Сол. 16:5) Ҳа, бир қарашдан Осонинг режаси иш берганга ўхшайди!

4 Яҳова Осонинг бу хатти-ҳаракатига қандай муносабатда бўлди? Осо Унга таянмагани учун, Аллоҳ танбеҳ бериш мақсадида унинг олдига ўзининг валийси Хонинни жўнатади. (2 Солномалар 16:7–9 ни ўқинг.) Ўшанда Хонин: «Бундан буён сенинг бошинг урушдан чиқмайди»,— деб айтади. Натижада, Башо шахтидан қайтади, Осо ва унинг халқи эса Осо ҳукмронлигининг қолган даврида урушларга рўбарў бўлишади.

5 Аввалги мақолада таъкидланганидек, Худо Осонинг қалбини текшириб, у Унга «чин кўнгилдан боғланганини» кўрди. (3 Шоҳ. 15:14) Умуман олганда, Худо Осони садоқатли ва илоҳий талабларга мос келган шахс, деб билган. Шундай бўлса-да, Осо барибир аҳмоқона ишининг оқибатлари билан яшашига тўғри келган. Башо билан юзага келган масалада Осо Яҳовага эмас, одамларга, яъни Банҳадад ва ўзига таянишига нима туртки бўлган? Осо дипломатик ёки ҳарбий ҳаракатлар Худодан ёрдам излашдан кўра яхшироқ натижага олиб келади, деб ўйлаган бўлиши мумкинми? Ё бўлмаса, ёмон маслаҳат олгани учун бундай фикрга борганми?

6. Осонинг хатосидан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Мисол келтиринг.

6 Осо ҳақидаги баёнот бизни хатти-ҳаракатларимизни текшириб кўришга ундайди. Жуда қийиндек туюлган муаммолар билан тўқнашганимизда, Яҳовага таяниш кераклигини дарҳол англаб етишимиз мумкин. Аммо кундалик ҳаётимизда арзимасдек кўринган масалаларга юз тутганимизда, нима қиламиз? Уларни ўзимиз билгандек ҳал этишга ҳаракат қилиб, инсоний фикрга таянамизми ёки Муқаддас Китоб принципларини излаб ва уларга амал қилишга интилиб, муаммоларни ечишда Яҳовага таянамизми? Мисол учун, гоҳида сиз оила аъзоларингиз томонидан йиғилишларга ёки анжуманларга бориш масаласида айрим қаршиликларга дуч келишингиз мумкин. Шунда Яҳовадан У сизни йўналтиришини ва бу вазиятни ечишнинг энг яхши йўлини топишга ёрдам беришини сўрайсиз. Ёки бошқа вазиятни олайлик: ишингизни йўқотиб, бошқасини топишга қийналсангиз, қандай йўл тутасиз? Бўлажак иш берувчи билан гаплашганингизда, уни ҳар ҳафта йиғилишларга боришингиз ҳақида хабардор қиласизми? Қандай муаммога дуч келишимиздан қатъи назар, сано бастакорининг: «Йўлларингни топширгин Эгамизга, ишон Унга, У мадад беради»,— деган сўзларига диққатли бўлишимиз лозим. (Заб. 36:5)

ЁМОН МУЛОҚОТ СИЗГА ҚАНДАЙ ТАЪСИР ҚИЛИШИ МУМКИН?

7, 8. Ёҳушафат қандай хатоларга йўл қўйди ва бунинг оқибати нима бўлди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

7 Осонинг ўғли Ёҳушафат ҳақида-чи, нима деса бўлади? Унда кўплаб қимматли фазилатлар бор эди. Ёҳушафат Аллоҳга таяниб, анча яхшилик қилганди. Шундай бўлса-да, у нодон қарорлар ҳам чиқарди. Масалан, у ўғлига шимолий шоҳликнинг ёвуз шоҳи Ахабнинг қизини олиб бериб, у билан алоқасини мустаҳкамлади. Михиё пайғамбарнинг огоҳлантиришига қарамай, Ёҳушафат сурияликларга қарши жанг қилишда Ахабга қўшилиб, ўша урушда бир ўлимдан қолди. Кейин у Қуддусга қайтиб келди. (2 Сол. 18:1–32) Шунда Ёҳу пайғамбар унга қуйидагича деди: «Қабиҳларга ёрдам бериб, Эгамиздан нафратланганларни яхши кўриш тўғрими?» (2 Солномалар 19:1–3 ни ўқинг.)

8 Ёҳушафат бу вазиятдан сабоқ олдими? Гарчи у илгаригидек Худони мамнун қилишда ғайрат кўрсатган бўлса ҳам, Ахаб билан бўлган воқеадан ва Ёҳунинг огоҳлантирувчи сўзларидан сабоқ олмаганга ўхшайди. Зеро, Ёҳушафат нодонлик қилиб, бу сафар Худонинг душмани — Ахаб ўғли ёвуз шоҳ Охазиё билан иттифоқ тузади. Ёҳушафат ва Охазиё биргаликда кемалар ясашди. Лекин кемалар парчаланди ва уларни қуришдан кўзланган мақсад амалга ошмади. (2 Сол. 20:35–37)

9. Қай тариқа ёмон мулоқот бутун ҳаётимизга таъсир қилиши мумкин?

9 Ёҳушафат тўғрисидаги баёнотларни ўқиш бизни ҳаётимизни текшириб кўришга ундаши зарур. Қанақасига? Аслида, Ёҳушафат яхши шоҳ эди. У тўғри ишлар қилди ва «Эгамизга чин юракдан интилди». (2 Сол. 22:9) Шунга қарамай, у ёмон мулоқотнинг таъсирига қарши эмланмаганди. Унутмангки, Муқаддас Китобда айтилганидек, «доно билан юрган доно бўлади, аҳмоққа йўлдош бўлган эса ҳалок бўлади». (Ҳик. 13:20) Тўғри, биз ҳақиқатга қизиқиш кўрсатганларга ёрдам беришга уринаётгандирмиз. Лекин Ёҳушафатнинг Ахаб билан тузган кераксиз битимлари унга қимматга тушгани сингари, биз учун ҳам Яҳовага хизмат қилмайдиганлар билан ҳаддан ортиқ мулоқот қилиш хавфли бўлиши мумкин.

10. а) Оила қуриш борасида Ёҳушафатдан қандай сабоқ олсак бўлади? б) Ёмон мулоқот каби муаммога учраганда, нимани ёдда тутишимиз даркор?

10 Ёҳушафат билан бўлган воқеадан қандай амалий сабоқ олсак бўлади? Мисол учун, масиҳий «имондошлар орасида ўзимга муносиб жуфт топа олмайман» деб ўйлаб, Яҳовани севмайдиган кишига кўнгил қўя бошлаши мумкин. Ёхуд масиҳийнинг имонда бўлмаган қариндошлари уни «кеч бўлмасдан оила қур», деб мажбурлашлари мумкин. Бир синглимиз: «Биз туғилганимиздан бошлаб севиш ва севилиш, дўст тутиниш каби туйғуларга эҳтиёж сезамиз»,— деб айтган ва, эҳтимол, айримлар ўзларини айнан шундай ҳис этишар. Шундай вазиятларда масиҳий қандай йўл тутиши лозим? Бунда Ёҳушафат билан юз берган нарсалар устида фикр юритиш асқатиши мумкин. У одатда Аллоҳдан йўл-йўриқ изларди. (2 Сол. 18:4–6) Яҳовани севмаган Ахаб билан ҳамкорлик қилганида эса, бундай йўл тутмади. Ёҳушафат Яҳованинг кўзлари Унга содиқ бўлганларга қаратилганини ёдда тутиши керак эди. Бизнинг замонамизда ҳам Худо «ер юзидаги ҳаммани кузатяпти» ва У бизга «куч-қудрат беришга» тайёр. (2 Сол. 16:9) У вазиятимизни тушунади ва бизни севади. Хўш, сиз севиш ва севилиш, дўст тутиниш каби туйғуларга бўлган эҳтиёжларингизни Аллоҳ керакли даражада қондиришига ишонасизми? Амин бўлингки, бир кунмас, бир кун У буни албатта қилади!

Имондош бўлмаган киши билан битта бўйинтуруққа қўшилишдан эҳтиёт бўлинг (10- хатбошига қаранг.)

ҚАЛБИНГИЗ МАҒРУР БЎЛИБ КЕТИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙМАНГ

11, 12. а) Қай йўсин Ҳизқиё дилидагини фош қилди? б) Нима учун Аллоҳ шоҳ Ҳизқиёга ғазабини сочмади?

11 Ҳизқиёдан олишимиз мумкин бўлган сабоқ қалбимиз билан боғлиқ. Масалан, қалбларни текширувчи Зот бир сафар Ҳизқиёнинг дилидагини ошкор қилди. (2 Солномалар 32:31 ни ўқинг.) Ҳизқиё оғир касалликка йўлиққанида, Аллоҳ унга тузалишини тасдиқлайдиган бир аломат беришини — соя орқага сурилишини сўрайди. Бундан сўнг Бобил шаҳзодалари, ҳойнаҳой, аломатни кўриш учун ўз одамларини жўнатишди. (4 Шоҳ. 20:8–13; 2 Сол. 32:24) «Худо Ҳизқиёни ўз ҳолига қўйиб қўйганида», у келган бобилликларга «хазинасидаги бор нарса»ни кўрсатди. Ушбу нодон ҳаракат «унинг [Ҳизқиёнинг] дилидаги асл ниятларини» очиб берди.

12 Муқаддас Китобда Ҳизқиёнинг қалби айнан нима учун мағрур бўлиб кетгани тўғрисида ёзилмаган. Бунга у оссурияликларга қарши жангда ғалаба қозонгани ёки Худо унга мўъжизавий тарзда шифо бергани сабаб бўлган бўлиши мумкиндир. Ёки Ҳизқиё «бой-бадавлат бўлиб, юксак обрўга эришгани» дастидан шундай бўлгандир. Нима бўлган тақдирда ҳам, Ҳизқиё мағрурлиги туфайли «ношукурлик қилди». Эҳ, аттанг! Тўғри, Ҳизқиё Аллоҳга сидқидилдан хизмат қилганман, деб ўзини оқлаши мумкин эди. Лекин у бирмунча вақтга Яҳовани ранжитди. Кейинчалик «Ҳизқиё... мағрурликни ташлади». Шу сабабдан, Аллоҳ шоҳ Ҳизқиё ва халққа ғазабини сочмади. (2 Сол. 32:25–27; Заб. 137:6)

13, 14. а) Қачон Яҳова қалбимизни текшириш учун бизни ёлғиз қолдириши мумкин? б) Бошқалар бизни мақташганда, бунга қандай муносабатда бўламиз?

13 Ҳизқиё ҳақидаги баёнотни ўқишдан ва унинг устида мулоҳаза юритишдан қандай фойда олсак бўлади? Шуни ёдда тутингки, Ҳизқиё Яҳова унга Синахерибни мағлуб қилишига ёрдам бериб, уни ҳалокатли касалликдан тузатганидан кейин мағрур бўлиб кетди. Демак, агар биз бирон-бир арзигулик нарсага эришган бўлсак, бу Яҳова қалбимизни текшириш учун бизни ёлғиз қолдириб, дилимиздаги бори ташқарига чиқишига йўл қўяётганини англатадими? Бир мисолни олайлик: биродар нутқни тайёрлаш ва уни кўп тингловчилар олдида сўзлаш учун анчагина меҳнат қилган бўлиши мумкин. Кўплар уни бу ҳаракатлари учун мақташади. Аммо у бу мақтовга қандай муносабат билдиради?

14 Бизни мақташганда Исонинг қуйидаги маслаҳатига риоя қилиш оқилонадир: «Сизлар ҳам ўзингизга буюрилган ҳамма ишни бажаргандан сўнг: “Биз ҳеч нарсага арзимас қуллармиз. Зиммамиздаги ишни қилдик холос”,— деб айтинглар». (Луқо 17:10) Бу хусусда ҳам Ҳизқиёдан сабоқ олишимиз мумкин. Гап шундаки, Ҳизқиёнинг мағрурлиги у «ношукурлик қилганида» намоён бўлди. Демак, Яҳова биз учун қанча яхшилик қилгани тўғрисида фикр юритиш У нафратланадиган нуқтаи назардан қочишимизга кўмаклашади. Қолаверса, У биз учун қилган яхшиликларини миннатдорчилик билан тилга олишимиз мумкин. Ахир Яҳова Ўз халқини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳам Каломни, ҳам муқаддас руҳни берди.

ҚАРОРЛАР ЧИҚАРГАНДА МУВОЗАНАТЛИ БЎЛИНГ

15, 16. Нега Йўшиё Худонинг ҳимоясидан ва ўз ҳаётидан маҳрум бўлди?

15 Яхши шоҳ бўлган Йўшиё билан юз берган воқеада биз учун қандай огоҳлантириш мавжуд? Келинг, унинг мағлубиятию ўлимига нима сабаб бўлганини кўрайлик. (2 Солномалар 35:20–22 ни ўқинг.) Гарчанд Миср шоҳи Нехо Йўшиёга унга қарши ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтган бўлса ҳам, Йўшиё барибир «унга қарши отланди». Муқаддас Китобда Йўшиё «Худонинг Нехо орқали айтган сўзларига қулоқ солмади», деб айтилган. Аллоҳнинг Каломида нима учун Йўшиё бундай қилгани ва барибир Нехога қарши жангга чиққани тўғрисида ёзилмаган.

16 Қизиқ, қай йўсин Йўшиё Нехонинг сўзлари Яҳовадан эканини билиши мумкин эди? Масалан, у бу ҳақда садоқатли пайғамбарлардан бири Еремиёдан сўрай оларди. (2 Сол. 35:23, 25) Аммо у бундай қилгани тўғрисида ҳеч қаерда ёзилмаган. Боз устига, Нехо Қуддусга эмас, «ўз душманларига», яъни Кархемишга қарши жангга отланаётганди. Устига-устак, бу масала Худонинг исми билан боғлиқ эмасди, сабаби Нехо на Яҳовани, на Унинг халқини масхара қилаётганди. Шунинг учун, Йўшиёнинг Нехога қарши жангга чиққани нодонлик эди. Бундан биз нимани ўргансак бўлади? Муаммога рўпара келганда, Яҳованинг иродаси қандай эканини аниқласак, оқилона йўл тутган бўламиз.

17. Қай йўсин муаммо юзага келганда, Йўшиё қилган хатони қайтармаслигимиз мумкин?

17 Муаммо пайдо бўлганида, биз бу масалага доир Муқаддас Китобдаги принципларни топиб, уларни мувозанат ила қўллашимиз зарур. Айрим вазиятларда оқсоқоллар билан маслаҳатлашишни маъқул кўрармиз. Биз бу масала бўйича билганларимиз устида фикр юритиб, ҳатто адабиётларимиздан изланиш олиб борган бўлишимиз мумкин. Лекин оқсоқол инобатга олишимиз керак бўлган ва мулоҳаза юритишимизга ёрдам бера оладиган бошқа илоҳий принципларни кўрсатар. Қуйидаги вазиятни олайлик: опамиз хушхабарни ваъз қилишга масъул эканини билади. (Ҳавор. 4:20) У муайян кун хизматга чиқишни режалаштиради-ю, лекин имонда бўлмаган эри у уйда қолишини хоҳлайди. У хотинига оилавий режалар тузиб қўйганини айтади. Шунда опамиз Худога бўйсуниш ва шогирд орттириш тўғрисидаги оятларни кўриб чиқар. (Мат. 28:19, 20; Ҳавор. 5:29) Бироқ у, шунингдек, хотин эрига бўйсуниши ва мулоҳазакор бўлиш ҳақида ҳам ўйлаши керак. (Эфес. 5:22–24; Филип. 4:5) Унинг эри у хизматга чиқишига мутлақ қаршими ёки фақат шу куни муайян режалар тузиб қўйганини айтяптими? Ҳа, Худонинг иродасини биринчи ўринга қўйиб, тоза виждонга эга бўлишга интилар эканмиз, бунда мувозанат сақлашимиз лозим.

СИДҚИДИЛДАН ХИЗМАТ ҚИЛИНГ ВА ҚУВОНИНГ

18. Мазкур мақолада кўриб чиқилган тўртта шоҳ ҳақидаги баёнотлардан қандай фойда олишингиз мумкин?

18 Номукаммал бўлганимиз учун баъзан биз ҳам юқорида зикр этилган тўртта шоҳнинг хатоларини қайтаришга мойилмиз. Биз 1) ўйламасдан инсоний доноликка таянишимиз, 2) ёмон одамлар билан мулоқот қилишимиз, 3) мағрур бўлиб кетишимиз ёки 4) Худонинг иродаси нимада эканини аниқламасдан қарорлар чиқаришимиз мумкин. Яҳова ўша тўртта шоҳнинг яхши томонларини кўргани каби, бизнинг ҳам яхши томонларимизни кўраётгани У қанчалик илтифотли эканидан далолатдир! Яҳова биз Уни нечоғли севишимизни ва Унга сидқидилдан хизмат қилишни қанчалик истаётганимизни кўриб турибди. Шу боис, У жиддий хатоларга йўл қўймаслигимизга кўмаклашиш мақсадида бизга огоҳлантирувчи мисолларни тақдим этган. Келинг, Муқаддас Китобдаги ушбу баёнотларни мушоҳада қилайлик ва Яҳова бизга тақдим этган ҳамма нарса учун миннатдор бўлайлик!