Қадимий кўзада ёзилган Муқаддас Китобдаги исм
3000 йил олдин ясалган сопол кўзанинг 2012 йилда қазиб олинган синиқлари яқинда тадқиқотчиларда қизиқиш уйғотди. Хўш, бу топилма нимаси билан ўзгача эди? Ўзгача бўлган нарса синиқ парчалар эмас, балки кўзанинг устидаги ёзув эди.
Археологлар ахийри ўша синиқ парчаларни бирлаштиришганида, канъонликларнинг қадимий ёзувини ўқишга муваффақ бўлишди. У ерда шундай ёзилган эди: «Эшбаaл Бен Беда» (ёки Беданинг ўғли Эшбаал). Археологлар мазкур исмни қадимий ёзувда илк маротаба кўришлари эди.
Шуниси эътиборлики, Муқаддас Китобда бошқа Эшбаал — шоҳ Шоулнинг ўғилларидан бири тилга олинган. (1 Сол. 8:33; 9:39) Қазилма ишларида қатнашган профессор Йосеф Гарфинкел қуйидагича фикр билдирди: «Эшбаал деган исм нафақат Муқаддас Китобда, балки айнан шоҳ Довуднинг ҳукмдорлиги даврига тегишли бўлган археологик топилмада ҳам учрагани диққатга сазовордир». Шунингдек, баъзиларнинг фикрича, ўша пайтлари бундай исм камдан-кам учрарди. Хуллас, Муқаддас Китобда ёзилган тафсилот яна бир бор археологик қазилма орқали тасдиқланди.
Муқаддас Ёзувларда Шоулнинг ўғли Эшбаал, шунингдек, «Ишбосит» деб аталган. (2 Шоҳ. 2:10) Қизиқ, нега «баал» қисми ўрнига «босит» деб келтирилган? Тадқиқотчилар қуйидагича тушунтиришди: «Эҳтимол, Эшбаал деган исм канъонликларнинг ёмғир ва бўрон худоси Баалнинг исми билан ҳамоҳанг бўлгани учун у 2 Шоҳлар китобида ёзилмагандир. Аммо Солномалар китобида Эшбаал деган асл исм сақлаб қолинган».