Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ота-оналар, фарзандингизга сувга чўмишга ёрдам беряпсизми?

Ота-оналар, фарзандингизга сувга чўмишга ёрдам беряпсизми?

Иккиланмай ўрнингиздан туринг-да, сувга чўминг. ҲАВОР. 22:16

ҚЎШИҚЛАР: 41, 11

1. Масиҳий ота-оналар фарзанди сувга чўмишидан олдин нимада амин бўлишни истайди?

«БИР неча ой давомида ота-онамга сувга чўммоқчи эканимни айтардим ва улар тез-тез мен билан бу ҳақида суҳбатлашиб турарди. Улар қарорим жиддий эканига амин бўлмоқчи эди. Ҳаётимдаги энг муҳим воқеа 1934 йил 31 декабрь куни бўлди». Мазкур сўзлар билан Блоссом Бранд сувга чўмиши билан боғлиқ воқеаларни тасвирлаган. Бугунги кунда ҳам ота-оналар фарзандига доно қарор чиқаришга кўмаклашишни истайди. Сувга чўмишни кейинга қолдириш ёки бесабаб иккиланиш жиддий маънавий муаммоларни келтириб чиқаради. (Ёқб. 4:17) Лекин шу билан бирга, ота-оналар фарзанди сувга чўмишидан олдин шогирд тайёрлаш масъулиятини олишга тайёр эканига амин бўлишни хоҳлайди.

2. а) Баъзи туман нозирлари нимадан ташвишланишини айтди? б) Ушбу мақолада нима ҳақида гап боради?

2 Баъзи туман нозирлари масиҳийлар оиласида улғайган, ёши 20 ларга бориб қолган ва ундан ҳам каттароқ ёшлар ҳали сувга чўммаганидан ташвишланишини айтишди. Кўпинча, бундай ёшлар йиғилишларга қатнайди ва хизматда иштирок этади. Улар ўзларини Яҳованинг Шоҳидлари деб ҳисоблайди. Аммо нимагадир улар ҳаётини Яҳовага бағишлаб, сувга чўмишни орқага суради. Бунинг сабаблари нимада бўлиши мумкин? Баъзи ҳолларда, ота-оналар уларни бир оз вақт кутишга ундайди. Ушбу мақолада ота-оналарни фарзандига сувга чўмишга кўмаклашишдан сақлаб турадиган тўртта нарсани муҳокама қиламиз.

БОЛАМНИНГ ЁШИ ТЎҒРИ КЕЛАДИМИ?

3. Блоссомнинг ота-онаси нима ҳақида ташвишланган?

3 Юқорида тилга олинган Блоссомнинг ота-онаси қизи сувга чўмиш қанчалик муҳим эканини англаяптими, деб ташвишлангани шубҳасиз. Қай йўсин ота-она фарзанди ўзини Худога бағишлашга тайёр эканини аниқлай олади?

4. Ота-онага фарзандига таълим беришда Матто 28:19, 20 да ёзилган Исонинг амри қандай асқатиши мумкин?

4 Матто 28:19, 20 ни ўқинг. Олдинги мақоладан билиб олганимиздай, Муқаддас Китобга кўра, сувга чўмиш учун муайян ёш белгиланмаган. Лекин ота-оналар шогирд тайёрлаш нимани англатиши устида мулоҳаза юритишдан фойда олишлари мумкин. Матто 28:19 да «шогирд тайёрланглар» деб таржима қилинган юнонча ибора шогирд тайёрлаш мақсади билан таълим бериш, деган маънога ҳам эга. Шогирд Исонинг таълимотларини ўрганадиган, тушунадиган ва уларга қатъий амал қилмоқчи бўлган кишидир. Шунинг учун, ота-оналар фарзандларига кичиклигидан таълим беришлари ва уларнинг мақсади болалари сувга чўмишга тайёр бўлишга ёрдамлашиш бўлиши керак. Тўғри, гўдак сувга чўмишга тайёр эмас. Бироқ Муқаддас Китобга биноан, ёш болалар Муқаддас Ёзувларни тушуниши ва уларни қадрлаши мумкин.

5, 6. а) Тимўтийнинг мисолидан унинг сувга чўмиши борасида қандай хулосага келсак бўлади? б) Қай йўсин ота-она фарзандига самарали ёрдам бериши мумкин?

5 Тимўтий ёшлигидан ҳақиқатни ўзлаштирган. Ҳаворий Павлус Тимўтий ҳақиқатни кичиклигиданоқ ўрганганини таъкидлаб ўтган. Гарчи унинг отаси имондоши бўлмаган бўлса-да, яҳудий онаси ва бувиси Тимўтийнинг қалбида Муқаддас Ёзувларга нисбатан миннатдорчиликни ривожлантирган. Натижада, у мустаҳкам имонга эга бўлган. (2 Тим. 1:5; 3:14, 15) Ёши 20 ларга бориб қолганда ёки ундан сал ошганда Тимўтий жамоатда шарафли вазифаларни олишга тайёр шогирд бўлган. (Ҳавор. 16:1–3)

6 Албатта, ҳар бир бола ўзгача ва ҳамма болалар турли ёшда етук бўлади. Баъзилар ёш бўлишига қарамай, ақлан ва ҳиссан етук бўлади ҳамда сувга чўмиш истагини билдиради. Бошқалар эса, бир оз улғайгач, сувга чўмишга тайёр бўлади. Доно ота-она боласи сувга чўмиши учун унга босим ўтказмайди. Аксинча, улар ҳар бир фарзандига маънан ўсишга ёрдамлашади. Ота-оналар боласи Ҳикматлар 27:11 даги (ўқинг) сўзларни қалбига жо қилса қувонади. Лекин улар фарзанди Масиҳнинг шогирди бўлиши кераклиги борасидаги мақсадни ҳеч қачон кўздан қочирмаслиги зарур. Ота-она булар ҳақида ўйлар экан, уларда қуйидаги савол пайдо бўлади: «Фарзандим ўзини Худога бағишлаш учун етарлича билимга эгами?»

ФАРЗАНДИМ АНИҚ БИЛИМГА ЭГАМИ?

7. Сувга чўммоқчи бўлган киши Муқаддас Китобни ипидан игнасигача билиши шартми? Тушунтиринг.

7 Шуниси табиийки, оилада таълим берувчилар сифатида, ота-она фарзанди ўзини Худога бағишлай олиши учун асос бўла оладиган мустаҳкам пойдеворга, яъни билимга эга бўлишини хоҳлайди. Лекин инсон ўзини Худога бағишлаши учун ҳамма нарсани билиши шарт эмас. Сувга чўмгач, барча шогирдлар аниқ билим олишда давом этади. (Колосаликларга 1:9, 10 ни ўқинг.) Хўш, бошида қанча билим бўлиши керак?

8, 9. Павлус ва қамоқхона назоратчиси ҳақидаги воқеадан нимани ўрганишимиз мумкин?

8 Биринчи асрда яшаган бир оиланинг мисолига диққат қаратайлик. (Ҳавор. 16:25–33) Павлус иккинчи ваъзгўйлик сафарида, тахминан мил. 50 йили Филиппига ташриф буюради. Бу ерда унга ва ҳамроҳи Силага туҳмат қилиб, зиндонга ташлашади. Ўша куни тунда ер қимирлаганидан қамоқхона пойдевори силкиниб кетади ва барча эшиклар очилади. Қамоқхона назоратчиси ҳамма маҳбуслар қочиб кетди, деб қўриб кетади ва жонига қасд қилмоқчи бўлиб турганида Павлус баланд овозда унга хитоб қилади. Сила иккови қамоқхона назоратчисига ва унинг оиласига ажойиб шоҳидлик беришга муваффақ бўлади. Хўш, Исо тўғрисидаги ҳақиқатларга бўлган миннатдорчилик бу оилани нима қилишга ундайди? Улар иккиланмай сувга чўмади. Мазкур воқеадан қандай сабоқ олсак бўлади?

9 Одатга кўра, нафақага чиққан жангчи қамоқхона назоратчиси бўлиши мумкин эди. У Муқаддас Ёзувларни билмас эди. Шу боис, Муқаддас Ёзувлар борасида мустаҳкам пойдеворга эга бўлиш учун у асосий ҳақиқатларни ўрганиши, Худонинг хизматчиси бўлиш нимани англатишини тушуниши ва Исонинг таълимотларига амал қилишга қатъий қарор қилиши керак эди. Муқаддас Ёзувлардан асосий нарсаларни билгани ва уларни қадрлагани уни қисқа вақт ичида сувга чўмишга ундади. Шубҳасизки, сувга чўмгандан кейин ҳам қамоқхона назоратчиси билим олишда давом этган. Фарзандингиз Муқаддас Китобнинг асосий таълимотларини, жумладан, бағишланиш ва сувга чўмиш муҳим эканини тушунаётганини айтса, мазкур мисолни ёдда тутган ҳолда нима қилсангиз бўлади? Ота-она сифатида, болангиз сувга чўмишга тайёр-тайёрмаслигини аниқлаш учун у жамоат оқсоқолларига мурожаат қилиши керак, деган хулосага келарсиз *. Сувга чўмган бошқа шогирдлар каби, у ҳам бутун ҳаёти мобайнида, ҳатто абадий Яҳованинг нияти борасида ўрганишда давом этади. (Рим. 11:33, 34)

ФАРЗАНДИМ МУВАФФАҚИЯТЛИ БЎЛИШИ УЧУН ТАЪЛИМ ОЛИШИ КЕРАКМИ?

10, 11. а) Айрим ота-оналар қандай фикрга келган? б) Ота-она биринчи навбатда нима ҳақида ташвишланиши керак?

10 Айрим ота-оналар ўғли ё қизи сувга чўмишни кейинроққа қолдириб, аввал таълим олиши ва яхши ишга жойлашиши керак, деган фикрга келган. Уларнинг нияти яхши бўлиши мумкин, аммо бу, боласига ҳақиқий муваффақиятга эришишга ёрдам бера оладими? Энг асосийси, бу Муқаддас Китобга тўғри келяптими? Худонинг Каломида нима дейилган? (Воиз 12:1 ни ўқинг.)

11 Шуни ёдда тутиш керакки, дунё ва ундаги барча нарсалар Яҳованинг фикрлаш тарзига зиддир. (Ёқб. 4:7, 8; 1 Юҳан. 2:15–17; 5:19) Яҳова билан бўлган яқин муносабат фарзандингиз учун Шайтон, унинг дунёси ва нотўғри фикрлаш тарзига қарши туришда энг зўр ҳимоядир. Ота-она дунёвий ишларни устун қўйса, бола чалғиши ва бу унинг энг яхши мақсадларини хавф остига қўйиши мумкин. Ғамхўр ота-она фарзандининг муваффақият борасидаги тушунчасини бу дунё шакллантиришини истамайди. Шуниси аниқки, Яҳова ҳаётимизда биринчи ўринда бўлса, биз ҳақиқий қувончни ҳис этиб, муваффақиятга эришамиз. (Забур 1:2, 3 ни ўқинг.)

БОЛАМ ГУНОҲ ҚИЛИБ ҚЎЙСА-ЧИ?

12. Нега баъзи ота-оналар фарзандлари сувга чўмишини кейинроққа қолдиришни истайди?

12 Қизини сувга чўмиш қароридан қайтаришга ҳаракат қилган бир она шундай фикр билдирди: «Минг афсуски, жамоатдан четлатилиш ҳақидаги эълонни эшитиш фарзандимни сувга чўмишдан ушлаб турганимнинг асосий сабаби эди». Бу имондошимизга ўхшаб, баъзи ота-оналар фарзандлари нотўғри иш қилишга мойил бўладиган болалик давридан ўтиб, сувга чўмиши керак, деб ўйлайди. (Ибт. 8:21; Ҳик. 22:15) Улар қуйидагича дейиши мумкин: «Болам сувга чўммаган экан, жамоатдан четлатилмайди». Нима учун бундай ўйлаш нотўғри? (Ёқб. 1:22)

13. Сувга чўмишни ортга суриш Яҳованинг олдида камроқ жавобгар бўлишни англатадими? Тушунтиринг.

13 Тўғри, масиҳий ота-она боласи ўзини Худога бағишлашга етарлича етук бўлгач, сувга чўмишини истайди. Аммо агар бола сувга чўммаган бўлса, Худога ҳисобот бермайди, деган фикрга бориш нотўғридир. Нима учун? Сабаби, Яҳованинг олдида жавобгар бўлиш сувга чўмишга боғлиқ эмас. Аслида, фарзанд Яҳованинг назарида нима тўғрию нима нотўғри эканини билганидан бошлаб Унинг олдида жавобгар бўлади. (Ёқуб 4:17 ни ўқинг.) Шунинг учун, доно ота-она болани сувга чўмишдан тўхтатишнинг ўрнига, ўз хатти-ҳаракатлари билан ўрнак бўлишга интилади. Бундай ота-оналар фарзандларига кичиклигиданоқ Яҳованинг юқори ахлоқий меъёрларини чин юракдан қадрлашни ўргатишга ҳаракат қилади. (Луқо 6:40) Бу фарзанд учун энг аъло ҳимоядир, зеро у Яҳованинг адолатли йўлидан оғмасликка қатъий қарор қилади. (Ишаё 35:8)

БОШҚАЛАР ЁРДАМ БЕРА ОЛАДИ

14. Қай йўсин оқсоқоллар ота-оналарнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлай олади?

14 Жамоат оқсоқоллари маънавий мақсадлар ҳақида ижобий гапириб, ота-оналарнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши мумкин. Масалан, 70 йилдан зиёд вақт давомида кашшофлик қилган бир опамиз Чарлз Тейз Расселл у билан қурган суҳбатни эслайди. Ўшанда у атиги олти ёшда эди. Опамиз шундай эслайди: «У маънавий мақсадларим ҳақида суҳбатлашиш учун 15 дақиқа ажратганди». Ҳа, ижобий сўзлар ва далда анча вақт таъсир қилиши турган гап. (Ҳик. 25:11) Шунингдек, оқсоқоллар ота-оналарни ва уларнинг фарзандларини Йиғилиш залидаги ишларга таклиф қилиши, ёши ва қобилиятига қараб вазифалар бериши мумкин.

15. Қай йўсин жамоатдагилар ёшларга кўмаклашиши мумкин?

15 Жамоат аъзолари ёшларга ўринли шахсий қизиқиш кўрсатиб, ёрдам беришлари мумкин. Масалан, бу уларнинг маънан ўсишини кузатишни ўз ичига олади. Ёшлар чин дилдан ва яхши тайёрланган шарҳ бердими ёки йиғилишда топшириқ билан чиқдими? Синовга дуч келганда улар садоқатли қолдими ёки мактабда шоҳидлик бериш имкониятидан фойдаланиб қолдими? Уларни сидқидилдан мақташга шай туринг. Йиғилишдан олдин ё кейин ёшларга самимий қизиқиш кўрсатиб, улар билан суҳбатлашишни мақсад қилиб қўйсангиз бўлади. Шу йўсин, ёшлар «улкан жамоат»нинг аъзоси эканини ҳис этади. (Заб. 35:18)

ФАРЗАНДИНГИЗГА СУВГА ЧЎМИШГА ЁРДАМЛАШИНГ

16, 17. а) Қандай қилиб сувга чўмиш келажак ҳаёт билан боғлиқ? б) Барча ота-оналар нимани кўришни истайди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

16 Фарзандга «Яҳованинг тарбиясини бериб, Унинг панд-насиҳати билан» ўстириш ота-онанинг энг улкан шарафидир. (Эфес. 6:4; Заб. 127:3) Ҳозирги болалар қадимги Исроилда бўлганидек, туғилиши билан бағишланган халқнинг бир қисми бўлиб қолмайди. Бундан ташқари, Худога ва ҳақиқатга бўлган севги мерос бўлиб ўтмайди. Фарзанд дунёга келган кундан бошлаб ота-она ундан шогирд тайёрлаш, ҳаётини Яҳовага бағишлаб, Унинг сувга чўмган хизматчиси бўлишга ёрдамлашиш мақсадини кўзлаши керак. Бундан ҳам муҳим яна нима бор? Ахир ҳар бир инсон ўзини Худога бағишлагани, сувга чўмиб, садоқат ила хизмат қилгани туфайли яқинлашаётган буюк мусибатда омон қолиши мумкин. (Мат. 24:13)

Ота-онанинг мақсади фарзандига Исонинг шогирди бўлишга ёрдамлашишдир (16-, 17- хатбошиларига қаранг.)

17 Блоссом Бранд сувга чўммоқчи эканини айтганида, художўй ота-онаси у ҳаётидаги энг муҳим қадамни қўйишга тайёр эканига амин бўлмоқчи эди. Ишонч ҳосил қилишгач, улар унинг қарорини қўллаб-қувватлашди. У сувга чўмишидан бир кун аввал отаси ажойиб иш қилди. Блоссом шундай деб бўлишди: «Ҳаммамиз тиз чўкдик ва дадам ибодат қилди. У қизчаси ҳаётини Яҳовага бағишлаганидан хурсанд эканини айтди». 60 йилдан ошиқ вақт ўтгач ҳам Блоссом: «Ўша оқшом ҳали-ҳануз эсимда!» — деб айтди. Илоё, сиз ҳам, азиз ота-оналар, фарзандингиз ўзини Яҳовага бағишлаб, Унинг сувга чўмган хизматчиси бўлишини кўриб, қувонч ва мамнуният ҳис этинг.

^ абз. 9 Ота-она фарзанди билан «Ёшларнинг саволлари. Амалий маслаҳатлар» (рус) номли китобнинг 2- жилди, 304–310- саҳифаларидаги маълумотни қараб чиқса бўлади. Шунингдек, «Илоҳий хизматимиз»нинг 2011 йил апрель сонининг 2- саҳифасида келтирилган «Долзарб саволлар» номли туркумга қаранг.