Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Сувга чўмиш масиҳийлар учун талабдир

Сувга чўмиш масиҳийлар учун талабдир

Ҳозир ҳам сувга чўмиш... қутқаради. 1 БУТР. 3:21

ҚЎШИҚЛАР: 7, 6

1, 2. а) Боласи сувга чўммоқчи эканини айтганида айрим ота-оналар бунга қандай қарайди? б) Нега сувга чўммоқчи бўлган одамдан ўзини Яҳовага бағишлаганми ё бағишламаганми деб сўрашади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДЛАРИ бўлган ота-она тўққиз яшар қизи, айтайлик, исми Мария сувга чўммоқчи бўлганлар қаторида турганини кузатяпти. Биродар берган иккита саволга у баланд овозда, аниқ жавоб беряпти. Сал туриб Мария сувга чўмади.

2 Ота-онаси қизи ҳаётини Яҳовага бағишлаб, бунинг рамзи сифатида сувга чўмиш қарорини чиқарганидан фахрланмоқда. Шундай бўлса-да, бундан олдин онасини айрим саволлар безовта қиларди. У: «Мария сувга чўмиш учун кичкина эмасми? Қўяётган қадами қанчалар жиддий эканини тушуняптими? Сал улғайганда сувга чўмиши керакмикан?» — деган саволлар устида ўйларди. Кўпгина меҳрибон ота-оналар боласи сувга чўмиш нияти ҳақида айтганда, бу саволларни ўзига беради. (Воиз 5:5) Дарҳақиқат, бағишланиш ва сувга чўмиш масиҳийнинг ҳаётидаги энг муҳим қадамлардир. (« Ўзингизни Яҳовага бағишладингизми?» номли рамкага қаранг.)

3, 4. а) Ҳаворий Бутрус сувга чўмиш муҳимлиги ҳақида қандай мисол келтирган? б) Нега сувга чўмиш Нуҳ кема қургани билан солиштирилган?

3 «Ҳозир ҳам сувга чўмиш... қутқаради»,— деб мазкур мавзуни муҳокама қилаётганда, ҳаворий Бутрус кема қурган Нуҳ ҳақида айтиб ўтган. (1 Бутрус 3:20, 21 ни ўқинг.) Кема Нуҳ Аллоҳнинг иродасини бажаришга ҳаётини бағишлаганининг яққол исботи эди. Яҳова унга топширган ишни у садоқат ила бажарган. Ҳа, Нуҳ ва унинг оиласи амалда намоён этган имон туфайли Тўфонда омон қолган. Бутрус келтирган бу мисолнинг мағзи нимада?

4 Кема Нуҳ имонли киши эканининг далилидир. Сувга чўмишни ҳам кузатувчилар учун яққол исбот деса бўлади. У нимани англатади? Одам Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлигига ва у тирилганига ишонч ҳосил қилгани асосида ўзини Яҳовага бағишлайди. Нуҳ сингари, бағишланган шогирдлар ҳам Худо уларга топширган ишни итоаткорона бажаришади. Сувга чўмган садоқатли кишилар Тўфонда омон қолган Нуҳ каби, бу ёвуз дунё ўз поёнига етганда омон қолишади. (Марк 13:10; Ваҳ. 7:9, 10) Шу боис ҳам, бағишланиш ва сувга чўмиш ўта муҳим. Сувга чўмиш муҳим эканида иккиланаётган киши абадий ҳаётга бўлган умидини қўлдан бой бериб қўйиши ҳеч гап эмас.

5. Ушбу мақолада қайси саволлар борасида гап кетади?

5 Сувга чўмиш жиддий қадам экан, учта савол эътиборимизни жалб қиляпти. Сувга чўмиш тўғрисида Муқаддас Китобда нима дейилган? Киши сувга чўмишдан аввал қандай қадамлар қўйиши лозим? Нега Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказадиган ваъзгўй боласи ёки бошқа инсонга таълим бераётганда сувга чўмиш муҳим эканини унутмаслиги керак?

СУВГА ЧЎМИШ ТЎҒРИСИДА МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН?

6, 7. а) Яҳё одамларни сувга чўмдирганининг сабабини тушунтиринг. б) Яҳё қандай шарафга эга бўлган?

6 Муқаддас Китобда илк бор бу мавзу ҳақида сувга чўмдириб юрган Яҳё тилга олинганда айтилган. (Мат. 3:1–6) У сувга чўмдирган одамлар Тавротга қарши гуноҳ қилганидан тавба қилишган. Қизиғи шундаки, Яҳё сувга чўмдирган бир инсон тавба қилишига эҳтиёж йўқ эди. Ҳа, Яҳё Худонинг Ўғли бўлмиш мукаммал Исони сувга чўмдириш шарафига эга бўлган. (Мат. 3:13–17) Исо бегуноҳ бўлгани боис, тавба қилиши керак эмас эди. (1 Бутр. 2:22) У сувга чўмиш билан ўзини Аллоҳнинг иродасини бажаришга бағишлаётганини кўрсатган. (Иброн. 10:7)

7 Исо ер юзида хизмат қилганда, унинг шогирдлари ҳам бошқаларни сувга чўмдиришган. (Юҳан. 3:22; 4:1, 2) Улар сувга чўмдирган инсонлар ҳам Тавротга қарши қилган гуноҳларида тавба қилишган. Бироқ Исонинг ўлимидан ва тирилганидан сўнг, сувга чўмиш унинг издошлари учун бошқача маънога эга бўлган.

8. а) Исо тирилганда издошларига қандай топшириқ берган? б) Сувга чўмиш нега муҳим эканини тушунтиринг.

8 Тирилган Исо мил. 33 йили 500 дан зиёд кишига зоҳир бўлган. Улар қаторида эркак, аёл ва эҳтимол, ҳатто болалар ҳам бор эди. Айнан ўшанда у қуйидагиларни айтган бўлиши мумкин: «Шунинг учун боринглар, барча халқлардаги одамларга таълим бериб, менга шогирд тайёрланглар. Уларни Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан сувга чўмдиринглар. Мен сизларга амр этган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар». (Мат. 28:19, 20; 1 Кор. 15:6) Ҳа, Исо шогирд тайёрлаш топшириғини берганда, юзлаб издошлари йиғилган бўлиши мумкин. Бу билан Исо унинг шогирди бўлишни хоҳлаб, бўйинтуруғини олган кишилар сувга чўмиши кераклигини ошкор этди. (Мат. 11:29, 30) Аллоҳга маъқул тарзда хизмат қилмоқчи бўлган инсон Унинг ниятида Исо қандай ўринга эга эканини билиб, буни тан олиши даркор. Бундан сўнггина у сувга чўма олади. Фақат бир маротаба сувга чўмиш мумкин. Муқаддас Китобда сувга чўмиш муҳим эканини тушунган биринчи асрдаги анчагина шогирдлар ҳақида ёзилган. Улар сувга чўмишни ортга сурмаслик муҳимлигини англашган. (Ҳавор. 2:41; 9:18; 16:14, 15, 32, 33)

ИККИЛАНМАНГ

9, 10. Ҳабашистонлик киши ва ҳаворий Павлуснинг мисолларидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

9 Ҳаворийлар 8:35, 36 ни ўқинг. Яҳудий динига кирган ҳабашистонлик кишининг мисолига эътибор берайлик. У Қуддусга топиниш учун бориб уйга қайтаётган эди. Фаришта Исонинг шогирди Филипни ўша ҳабашистонлик кишига гапиришга ундади. Шунда Филип унга «Исо ҳақидаги хушхабарни айтиб берди». Хўш, ҳабашистонлик киши жавобан нима қилди? Унинг тутган йўли у билиб олган ҳақиқатлар учун сидқидилдан миннатдор эканини кўрсатди. У Яҳова ташкиллаштирган ишга мувофиқ йўл тутмоқчи бўлиб, иккиланмай сувга чўмди.

10 Иккинчи мисол масиҳийларни таъқиб қилган яҳудий киши ҳақида. У Худога бағишланган халқ вакили эди. Бироқ яҳудийлар Яҳова билан бўлган ўзгача муносабатлардан маҳрум бўлишган. Бу киши яҳудийларнинг урф-одатларига ғайрат ила амал қиларди, аммо бундан ҳам яхшироқ йўл тўғрисида билиб олди. Тирилган ва улуғланган Исо Масиҳнинг ўзи унга зоҳир бўлиб, шоҳидлик берди. Қизиқ, унинг муносабати қандай бўлди? У Исонинг издоши Ҳанания кўрсатган ёрдам учун миннатдор эди. Бу яҳудий киши ҳақида Муқаддас Китобда: «У ўрнидан туриб, сувга чўмди»,— дейилган. (Ҳавор. 9:17, 18; Галат. 1:14) Ким ҳақида гап кетаётганини пайқагандирсиз. Бу кейинчалик ҳаворий Павлус деб танилган яҳудий кишидир. Эътибор беринг, у Исо Худонинг ниятида қандай аҳамиятга эга экани тўғрисидаги ҳақиқатни билиб, қадрига етгани учун ҳаракатга тушди. У иккиланмай сувга чўмди. (Ҳаворийлар 22:12–16 ни ўқинг.)

11. а) Бугун тадқиқ ўтаётганларни сувга чўмишга нима ундаяпти? б) Одамлар сувга чўмганда нимани ҳис қиламиз?

11 Бугун ҳам Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган ёшу қари шундай йўл тутмоқда. Билиб олган ҳақиқатга ишонган ва уни чин дилдан қадрлаётган ушбу инсонлар ҳаётини Аллоҳга бағишлаб, сувга чўммоқда. Улар учун ҳар бир анжуманда алоҳида бир нутқ сўзланади. Биз Яҳованинг Шоҳидлари, бундай инсонлар ҳақиқатни қабул қилиб, сувга чўмганда жуда суюнамиз. Масиҳий ота-она боласини сувга чўммоқчи бўлган одамлар орасида турганини кўриб нақадар қувонишини бир тасаввур қилинг. 2017 йил мобайнида «ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган» 284 000 дан ошиқ одам ўзини Яҳовага бағишлаб, бунинг рамзи сифатида сувга чўмди. (Ҳавор. 13:48) Шуниси аниқки, улар сувга чўмиш масиҳийлар учун талаб эканини англашган. Хўш, сувга чўмишдан аввал улар қандай қадамлар қўйишган?

12. Тадқиқ ўтаётган киши сувга чўмишдан аввал қандай қадамлар қўйиши керак?

12 Тадқиқ ўтаётган киши сувга чўмишдан олдин Худо, Унинг нияти ва У қутқариш учун кўрган чораси ҳақидаги аниқ билимга ишониши даркор. (1 Тим. 2:3–6) Бундай имон туфайли у Аллоҳга номаъқул бўлган хатти-ҳаракатлардан воз кечиб, Унинг адолатли меъёрларига яраша яшайди. (Ҳавор. 3:19) Шубҳасизки, бу киши Худонинг Шоҳлигини мерос қилиб олишига тўсқинлик қиладиган ишга қўл урса, ҳаётини Тангрига бағишлай олмайди. (1 Кор. 6:9, 10) Аммо у Яҳованинг юксак ахлоқий меъёрларига риоя қилиши етарли эмас. Бу киши, шунингдек, йиғилишларга бориб, ҳаёт бахш этувчи ваъзгўйлик ва шогирд тайёрлаш ишида қатнашади. Исо айтганидай, унинг чинакам шогирдлари бу фаолият билан банд бўлади. (Ҳавор. 1:8) Мана шу қадамларни қўйгач, киши шахсий ибодатида ўзини Яҳовага бағишлаб, бунинг рамзи сифатида бошқалар олдида сувга чўмади.

КЎЗЛАНАДИГАН МАҚСАД

Сувга чўмиш муҳим эканини ёдда сақлаб, тадқиқ ўтаётган кишига буни айтяпсизми? (13- хатбошига қаранг.)

13. Нега тадқиқ ўтказаётган ваъзгўй сувга чўмиш масиҳий учун талаб эканини ёдда сақлаши лозим?

13 Фарзандларимизни ва тадқиқ ўтаётган бошқа одамларни қўллаб-қувватлар эканмиз, сувга чўмиш масиҳийлар учун талаб эканини ёдда сақлашимиз лозим. Шундагина, улар билан янада самарали суҳбатлар қура оламиз. Бағишланиш ва сувга чўмиш мавзусини қулай пайтда муҳокама қилишдан тортинмаймиз. Шаксиз, ҳам болаларимиз, ҳам бошқа одамлар сувга чўмишини жуда истаймиз!

14. Нима учун сувга чўмиш борасида ҳеч кимга босим ўтказмаслигимиз даркор?

14 Шуни унутмангки, ҳеч бир инсонга на ота-она, на тадқиқ ўтказаётган ваъзгўй ва на бошқа масиҳий бу борада босим ўтказмаслиги даркор. Яҳова бундай қилишимизни истамайди. (1 Юҳан. 4:8) Аксинча, бундай инсонларга Аллоҳ билан шахсий муносабатларга эга бўлиш муҳимлигини доим таъкидлаб турамиз. Улар ҳақиқатни чин юракдан қадрлаб, Масиҳнинг бўйинтуруғини олиб юриш истаги туфайли сувга чўмиши керак. (2 Кор. 5:14, 15)

15, 16. а) Сувга чўмиш учун муайян ёш белгиланганми? Тушунтиринг. б) Нима учун бошқа динда илгари сувга чўмган одам Яҳованинг Шоҳиди бўлиш учун қайта сувга чўмиши даркор?

15 Сувга чўмиш учун муайян ёш белгиланмаган. Негаки, ҳар бир инсоннинг улғайиши ва маънан етилиши турличадир. Кўплар ёшлигида сувга чўмиб, Яҳовага садоқат ила хизмат қилади. Бошқалар эса ёши ўтиб, масалан, 100 ёшдан ошиб ҳам Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни билишади ва сувга чўмишади.

16 Ёши улуғ бир аёл у билан тадқиқ ўтказаётган ваъзгўйга, анча вақт илгари бошқа динда сувга чўмганини айтибди ва яна бундай қилиш керакми, деб савол берибди. Шунда улар Муқаддас Китобдаги оятларни кўриб чиқишибди. Натижада, у Муқаддас Китобдан бу талаб эканини билиб, кўп ўтмай сувга чўмибди. Ёши 80 га бориб қолган бу аёл сувга чўммаса ҳам бўлади, деб ўйламаган. Ҳа, Яҳованинг иродаси ҳақида аниқ билимга эга бўлибгина сувга чўмиш лозим. Демак, бошқа динда сувга чўмган одам ҳам қайта сувга чўмдирилиши керак. (Ҳаворийлар 19:3–5 ни ўқинг.)

17. Сувга чўмган куни нималар ҳақида ўйлаш ўринли?

17 Одам сувга чўмган кун биз учун қувончлидир! Қолаверса, бу, сувга чўмиш муҳим экани ҳақида ўйлашнинг вақтидир. Бағишловга мувофиқ яшаш учун анча тер тўкиш керак. Шу боис, Исо унинг издоши бўлишни бўйинтуруқни олиш билан таққослаган. Исонинг шогирдлари «ўзлари учун эмас, балки уларни деб ўлиб қайта тирилган киши учун яшаши» керак. (2 Кор. 5:15; Мат. 16:24)

18. Кейинги мақолада нималарни муҳокама қиламиз?

18 Мариянинг онаси булар ҳақида фикр юритганда, мақоланинг бошида келтирилган саволлар унда пайдо бўлган эди. Сизнинг ҳам фарзандингиз бўлса, ўзингизга қуйидагича саволлар бергандирсиз: «Болам сувга чўмиш учун тайёрми? У ўзини Худога бағишлаш учун етарлича билимга эгами? Ўқиш ва иш борасида қандай мақсадлари бор? Фарзандим сувга чўмиб, кейин жиддий гуноҳ қилиб қўйса-чи?» Кейинги мақолада бу саволларни ва қандай қилиб масиҳий ота-она мазкур мавзу борасида мувозанатли бўла олишини муҳокама қиламиз.