Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Таълим-тарбиямга қулоқ тутиб, доно бўлинг»

«Таълим-тарбиямга қулоқ тутиб, доно бўлинг»

Ўғилларим,.. таълим-тарбиямга қулоқ тутиб, доно бўлинг. ҲИК. 8:32, 33

ҚЎШИҚЛАР: 34, 6

1. Қай йўсин доноликка эга бўлиш мумкин ва бунинг натижаси қандай бўлади?

ЯҲОВА донолик Манбаидир ва У Ўз донолигини бошқалар билан бўлишади. Ёқуб 1:5 да қуйидагича айтилган: «Агар орангиздаги бирор кишига донолик етишмаётган бўлса, ҳаммага саховат билан, таъна қилмасдан берадиган Худодан сўраб турсин». Аллоҳнинг донолигига эришишнинг бир йўли Унинг панд-насиҳатларини қабул қилишдир. Бундай донолик туфайли ўзимизни ахлоқсизликдан ва маънавий зарардан ҳимоялай оламиз. (Ҳик. 2:10–12) Натижада, «абадий ҳаётга эришиш учун... [ўзимизни] Худонинг меҳр-муҳаббатида сақлаймиз». (Яҳд. 21)

2. Қандай қилиб Худонинг панд-насиҳатлари учун миннатдор бўлишимиз мумкин?

2 Аммо гуноҳга мойиллигимиз, тарбиямиз ва бошқа омиллар туфайли панд-насиҳатни қабул қилиш ёки унга тўғри нуқтаи назарда бўлиш қийиндир. Аллоҳнинг панд-насиҳати келтирган фойдани ва бунда Унинг севгиси акс этганини кўриб, миннатдор бўламиз. Ҳикматлар 3:11, 12 да шундай ёзилган: «Ўғлим, Яҳованинг тарбиясини рад этма. [...] Яҳова Ўзи севган инсонга танбеҳ беради». Шуни унутмайликки, Яҳова бизнинг манфаатимизни кўзлайди. (Ибронийларга 12:5–11 ни ўқинг.) Худо бизни яхши билгани боис, Унинг тарбияси доим ўринли ва кераклидир. Келинг, тарбия бериш борасида қуйидаги тўртта соҳани кўриб чиқайлик: 1) ўзини тарбиялаш, 2) ота-онанинг тарбияси, 3) жамоатда тарбиялаш, ва 4) тарбия оғриғидан ҳам кучлироқ оғриқ.

ЎЗИНИ ТАРБИЯЛАШ ДОНОЛИКДИР

3. Қандай қилиб бола ўзини тарбиялашни ўрганади? Мисол келтиринг.

3 Ўзимизни тарбиялаб, хулқимизни ва фикрлаш тарзимизни яхшилаш учун ҳаракат қиламиз. Биз ўзимизни тарбиялаш мойиллиги билан туғилмаганмиз. Бундай қилишни ўрганамиз. Тасаввур қилинг, фарзанд илк бор велосипед ҳайдамоқчи. Ота велосипедни ушлаб туради. Боласи мувозанатни йўқотмасликка ўргангач, у эҳтиёткорлик билан уни бир неча сонияга қўйиб юборади. Фарзанди мувозанатни сақлай олганида эса, ота уни бутунлайин қўйиб юборади. Шунга ўхшаб, ота-она сабр-тоқат ила фарзандига доим «Яҳованинг тарбиясини бериб, Унинг панд-насиҳати билан» тарбияласа, бола ўзини тарбиялашга ўргана олади. (Эфес. 6:4)

4, 5. а) Нега ўзини тарбиялашни «янги ўзликнинг» муҳим бир қисми деб айта оламиз? б) Нима сабабдан ҳатто «етти марта йиқилсак» ҳам, таслим бўлмаслигимиз керак?

4 Улғайганидан кейин ҳақиқатни билган киши билан ҳам худди шундай. Тўғри, у қайсидир маънода ўзини тарбиялаган бўлиши мумкин. Аммо янги шогирд сифатида у маънавий жиҳатдан ҳали улғаймаган. Бу киши «янги ўзликни» кийишга ва Масиҳга тақлид қилишга интилиб, маънан улғаяди. (Эфес. 4:23, 24) Бундай ўсишда ўзимизни тарбиялаш муҳимдир. Натижада, «имонсизликни ва дунёвий истакларни рад этиб, ҳозирги замонда ақли расо, одил ҳамда художўй бўлиб яшашга» ўрганамиз. (Титус. 2:12)

5 Барчамиз гуноҳкормиз. (Воиз 7:20) Борди-ю, хато қилсак, бу бизда ўзини тарбиялаш фазилати йўқлигини ва ҳаммаси беҳуда эканини англатадими? Ҳар доим ҳам эмас. Зеро «одил киши етти марта йиқилса ҳам, яна туради». (Ҳик. 24:16) Муваффақиятга эришишга нима ёрдам беради? Буни ўз кучимиз билан эмас, муқаддас руҳ ёрдамида уддалай оламиз. (Филиппиликларга 4:13 ни ўқинг.) Муқаддас руҳ самараси бўлмиш ўзини тута билиш фазилати ўзини тарбиялаш билан чамбарчас боғлиқ.

6. Қандай қилиб Худонинг Каломини яхшироқ тадқиқ қила оламиз? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

6 Сидқидилдан ибодат қилиш, шахсий тадқиқ ва мулоҳаза юритиш ҳам ўзимизни тарбиялашга ёрдам беради. Лекин Худонинг Каломини тадқиқ қилиш қийин ёки ёқмаётган бўлса-чи? Шуни ёдда тутингки, Яҳовага ижозат берсангиз, У сизга кўмаклашади. Аллоҳ сизга Каломни «тусашга» ёрдам беради. (1 Бутр. 2:2) Аввал, Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш учун ўзингизни тарбиялашга куч сўранг. Кейин ибодатларингизга мувофиқ йўл тутиб, бошида тадқиққа озгина вақт ажратинг. Вақт ўтиб тадқиқ ўтказиш ҳам осонроқ, ҳам анча қизиқроқ бўлади. Яҳованинг фикрлари ҳақида мулоҳаза юритишга ажратган вақтингиздан қувонч топасиз. (1 Тим. 4:15)

7. Қай йўсин ўзини тарбиялаш маънавий мақсадларимизга эришишга ёрдам беради?

7 Ўзимизни тарбиялаш маънавий мақсадларимизга эришишга ёрдам беради. Хизматда жасорати сўниб бораётганини ҳис этаётган бир отани тасаввур қилинг. У бундан ташвишланиб, доимий кашшоф бўлишни мақсад қилади ва адабиётларимиздан мазкур мавзуга оид мақолаларни ўқиб чиқади. Шундай йўл тутиш ва ибодат қилиш туфайли у маънан ўсиб, мустаҳкамланади. Қолаверса, имкон бўлганда у кўмакчи кашшоф бўлиб хизмат қилади. Хўш, натижаси қандай бўлди? Қийинчиликларга қарамай, ўша ота доимий кашшоф бўлиш мақсадини кўздан қочирмади ва ниҳоят унга эришди.

ФАРЗАНДЛАРГА ЯҲОВАНИНГ ТАРБИЯСИНИ БЕРИНГ

Бола нима яхши ва нима ёмон эканини билиб туғилмайди, у тарбияга муҳтож (8- хатбошига қаранг.)

8–10. Ота-онага фарзандини Яҳовага хизмат қилишга ўргатишда нима ёрдам беради? Мисол келтиринг.

8 Масиҳий ота-оналар фарзандига «Яҳованинг тарбиясини бериб, Унинг панд-насиҳати билан» ўстириш каби шарафга эга. (Эфес. 6:4) Ҳозирги замонда буни қилиш айниқса қийиндир. (2 Тим. 3:1–5) Биламизки, болалар нима тўғрию нима нотўғри эканини билиб туғилмайди. Уларда виждон бор, аммо уни тарбиялашни ўрганишлари керак. (Рим. 2:14, 15) Бир илоҳиётшуноснинг тушунтиришича, «тарбия» деб таржима қилинган юнонча сўз «болани ривожлантириш» ёки уни масъулиятни ҳис этадиган инсон қилиб ўстириш, деган маънони англатиши мумкин.

9 Ота-она фарзандини меҳр ила тарбияласа, бола одатда ҳимояни ҳис этади. У эркинликнинг чегараси борлигини ва қарорлар ҳамда хатти-ҳаракатлар яхши ёки ёмон оқибатларга олиб келишини ўрганади. Шунинг учун, ота-она Яҳованинг йўл-йўриғини излаши муҳим. Унутманг, фарзанд тарбияси борасидаги тушунча ва усуллар маданиятга ҳамда замонга қараб фарқ қилади. Ота-она Худога қулоқ солса, фарзанд тарбиясида тахмин қилмайди ёки бошқаларнинг тажрибасига ё фикрларига асосланмайди.

10 Энди, келинг, Нуҳнинг мисолини кўриб чиқайлик. Яҳова унга кема қуришни айтганда, Нуҳ ўз тажрибасига таяна олмасди. Чунки у олдин ҳеч қачон кема қурмаганди. Шу сабабли, Нуҳ Яҳовага таяниб, барча ишни «айнан» У айтгандай қилди. (Ибт. 6:22) Ҳа, Нуҳ бошиданоқ Худога қулоқ солди. Қолаверса, у оила боши сифатида муваффақиятга эришди, чунки бунда ҳам Худонинг донолигига таянди. Нуҳ фарзандларига яхши тарбия берди ва уларга ажойиб ўрнак қолдирди. Ваҳоланки, Тўфондан олдинги ўша қабиҳликка тўла даврда бундай йўл тутиш осон бўлмаган. (Ибт. 6:5)

11. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрнаги қанчалик муҳим?

11 Ота-она сифатида қандай қилиб «айнан» Худо айтганидай қила оласиз? Яҳовага қулоқ солинг. У сизга Каломи ва ташкилоти орқали бераётган йўл-йўриқлар ёрдамида фарзандингизни катта қилишга кўмаклашиши мумкин. Вақт ўтиб, болангиз бундай йўл тутганингиз учун сиздан миннатдор бўлади. Битта биродар қуйидагича ёзди: «Ота-онамдан менга берган тарбияси учун жуда миннатдорман. Қалбимни забт этиш ниятида улар қўлдан келганини қилишди. Маънавий мақсадларимга эриша олганим ҳам асосан улар туфайлидир». Лекин ота-оналарининг уринишларига қарамай, баъзи фарзандлар Яҳовадан юз ўгиради. Шубҳасизки, фарзандининг қалбига ҳақиқатни пайванд қилиш учун қўлдан келганча уринган ота-оналарнинг виждони тозадир. Улар адашган фарзанди бир кунмас-бир кун «уйга», Яҳовага қайтишига умид қилишади.

12, 13. а) Фарзанди жамоатдан четлатилса, ота-она Худога итоаткор эканини қандай кўрсатиши мумкин? б) Қандай қилиб бир оилада ота ва она итоаткор бўлгани фойда келтирди?

12 Жамоатдан четлатилган фарзанди билан муносабат қилишга келганда ота-оналарнинг итоаткорлиги синалади ва бу жуда қийиндир. Жамоатдан четлатилган қизи уйдан кетиб қолган бир она шундай айтди: «Қизим ва набирам билан вақт ўтказиш учун адабиётларимиздан баҳона излардим. Лекин турмуш ўртоғим қизимиз ҳозир биз билан эмаслигини ва у билан алоқа қилмаслигимиз кераклигини меҳр ила тушунтирди».

13 Бир неча йил ўтгач, уларнинг қизи тикланди. Ўша она шундай давом этди: «Ҳозир қизим ҳар куни ё қўнғироқ қилади ё электрон хабар юборади. У дадасини ва мени чуқур ҳурмат қилади, чунки Яҳовага итоат қилганимизни билади. Энди муносабатларимиз ажойибдир». Сизнинг ҳам фарзандингиз четлатилган бўлса, «Яҳовага бутун қалбинг билан таян, ўз ақлингга ишонма», деган сўзларга амал қиласизми? (Ҳик. 3:5, 6) Эсингизда бўлсин, Яҳованинг тарбиясида Унинг беқиёс севгисию донолиги акс этади. Яҳова барча, жумладан, фарзандингиз учун Ўз Ўғлини қурбон қилганини ҳеч қачон унутманг. Худо ҳеч ким ҳалок бўлишини истамайди. (2 Бутрус 3:9 ни ўқинг.) Шундай экан, Яҳованинг тарбиясига ва йўл-йўриғига итоат этинг. Қадрли ота-оналар, ҳатто оғриқли бўлганда ҳам, Яҳованинг айтганини қилинг. Ҳа, Худонинг тарбиясига қулоқ тутинг.

ЖАМОАТДА ТАРБИЯЛАШ

14. Қай йўсин Яҳова «ишончли... бошқарувчи» орқали берган йўл-йўриқдан фойда оламиз?

14 Яҳова имонлилар жамоати ҳақида қайғуришга, уни ҳимоялашга ва унга йўл-йўриқ беришга ваъда қилган. У буни турли йўллар билан амалга оширади. Масалан, У маънавий озуқани ўз вақтида бериб туриши учун Исонинг ғамхўрлиги остидаги «ишончли... бошқарувчи»ни тайинлади. (Луқо 12:42) Ўша «бошқарувчи» бебаҳо йўл-йўриқ ёки, бошқача қилиб айтганда, тарбия бермоқда. Ўзингиздан шундай деб сўранг: «Қайсидир нутқ ё журналларимиздаги мақола фикрлаш тарзимга ёки хатти-ҳаракатларимга ўзгартириш киритишга ундаяптими?» Жавобингиз «ҳа» бўлса, хурсанд бўлинг. Демак Яҳова сизни шакллантиришига, яъни тарбиялашига ва бу сизнинг манфаатингиз учун хизмат қилишига йўл қўяётган экансиз. (Ҳик. 2:1–5)

15, 16. а) Оқсоқолларнинг меҳнатидан қандай фойда оламиз? б) Оқсоқоллар ўз хизматида қувонч олишларига қай йўсин ҳисса қўша оламиз?

15 Шунингдек, Исо Масиҳ «ҳадя сифатида» жамоат оқсоқолларини тайинлади. (Эфес. 4:8, 11–13) Мазкур бебаҳо ҳадядан қандай фойда олишимиз мумкин? Мисол учун, уларнинг имонига ва ажойиб ўрнагига тақлид қилсак бўлади. Бундан ташқари, уларнинг Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатига қулоқ солишимиз мумкин. (Ибронийларга 13:7, 17 ни ўқинг.) Ёдингизда бўлсин, оқсоқоллар бизни яхши кўради ва маънан ўсишимизни истайди. Масалан, улар йиғилишларни қолдираётганимизни ёки ғайратимиз сўниб бораётганини сезса, шу заҳоти ёрдамга келиши шубҳасиздир. Улар бизни тинглаб, далдали сўзлар билан руҳимизни кўтаришга ва Муқаддас Китобга асосланган ўринли маслаҳат беришга интилади. Бу, Яҳованинг севгисидан далолат эканини кўряпсизми?

16 Унутмангки, бизга маслаҳат бериш оқсоқолларга осон эмас. Бир ўйлаб кўринг, гуноҳини яширишга уринган Довудга маслаҳат бериш Натан пайғамбар учун қанчалар мушкул бўлган. (2 Шоҳ. 12:1–14) Шунингдек, 12 та ҳаворийнинг бири бўлмиш Бутрус юзхотирчилик қилганда, уни тузатиш учун Павлусга жасорат керак бўлган. (Галат. 2:11–14) Хўш, қандай қилиб оқсоқолларнинг ишини осонлаштира оласиз? Камтар ва миннатдор бўлинг ҳамда гаплашишга доим тайёр туринг. Уларнинг ёрдамида Худонинг севгиси намоён бўлаётганини кўринг. Бу нафақат сизга фойда келтиради, балки улар хизматини қувонч ила бажаришига ҳисса қўшади.

17. Қай йўсин бир опамиз оқсоқолларнинг ёрдамидан фойда олди?

17 Бир опамизнинг айтишича, ўтмиши туфайли Яҳовани севиш у учун қийин бўлган. У қуйидагича айтиб берди: «Бўлиб ўтган воқеалар мени ҳиссан эзганида, оқсоқолларга мурожаат қилишим кераклигини билардим. Улар менга танбеҳ беришмади, танқид ҳам қилишмади. Аксинча, далда бериб, мустаҳкамлашди. Йиғилиш тугаганда, қанчалик банд бўлишмасин, оқсоқоллардан бири келиб ҳолимни сўрарди. Ўтмишим сабабли, ўзимни Яҳованинг севгисига нолойиқ ҳис этардим. Яҳова доим жамоат ва оқсоқоллар орқали мени Ўз севгисида ишонтириб турган. Мен Уни тарк этмай, деб илтижо қиламан».

ЭНГ КУЧЛИ ОҒРИҚ

18, 19. Панд-насиҳат келтириши мумкин бўлган оғриқдан даҳшатлироқ яна нима бор? Мисол келтиринг.

18 Панд-насиҳат олиш оғриқли бўлиши мумкин, лекин Худонинг тарбиясини рад этиш ундан ҳам оғриқлидир. (Иброн. 12:11) Қобил ва шоҳ Зидқиёнинг мисолини кўриб чиқайлик. Қобил Ҳобилдан ғазабланиб, уни ўлдиришни истаганда, Яҳова Қобилни қуйидагича огоҳлантирди: «Нега бунчалик жаҳлинг чиқиб, авзойинг бузилди? Агар яхшилик қилсанг, сендан мамнун бўлмасмидим? Лекин яхшилик қилмасанг, остонада гуноҳ пойлаб ётибди. У сени бошқаришни истайди. Бироқ сен ундан устун кела оласанми?» (Ибт. 4:6, 7) Аммо у қулоқ солмади ва гуноҳга қўл урди. Қобил оғриқ ва азобларга дучор бўлди, холос. (Ибт. 4:11, 12) Агар у Яҳовага қулоқ солганида, бунчалар кўп оғриққа йўлиқмас эди.

19 Кучсиз ва ёвуз шоҳ Зидқиё ҳукм сурганда Қуддус оғир аҳволда эди. Еремиё пайғамбар Зидқиёни такрор ва такрор ёвуз ишларини ташлашга ундаган, аммо у панд-насиҳатларни рад этган. Ҳа, бунинг оқибати фожиали эди. (Ерм. 52:8–11) Тангри Яҳова биз ортиқча азоб чекишимизни сира ҳам истамайди! (Ишаё 48:17, 18 ни ўқинг.)

20. Худонинг панд-насиҳатини қабул қилган ва уни рад этганларни нималар кутяпти?

20 Ҳозирги замонда Худонинг панд-насиҳати, жумладан, ўзини тарбиялаш кўпинча назарга илинмайди. Лекин буни рад этаётганлар яқинда бунинг даҳшатли оқибатларини тотишади. (Ҳик. 1:24–31) Шундай экан, келинг, таълим-тарбияга қулоқ тутиб, доно бўлайлик. Зеро Ҳикматлар 4:13 да: «Таълим-тарбияни маҳкам ушлаб, қўлдан чиқарма, уни асраб-авайла, чунки у ҳаётинг демакдир»,— деб айтилган.