Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Яҳова ҳеч қачон мени тарк этмаган!

Яҳова ҳеч қачон мени тарк этмаган!

Бир сафар Адольф Гитлернинг нутқидан кейин уни гул билан табриклаш учун танланган тўртта қизалоқдан бири эдим. Нега дейсизми? Отам фашистлар фаолиятига қўшилган киши бўлиб, ўша партияга тегишли маҳаллий идора раҳбарининг ҳайдовчиси эди. Онам эса католик эди ва мен роҳиба бўлишимни истарди. Бу иккита кучли таъсирга қарамай, мен на фашистларга қўшилдим, на роҳиба бўлдим. Келинг, бунинг сабабини айтиб берай.

МЕН Австриянинг Грац шаҳрида улғайганман. Диний таълим олиш учун етти ёшлигимда махсус мактабда ўқий бошладим. Бироқ руҳонийлар ва роҳибалар орасидаги жинсий ахлоқсизликни кўриб даҳшатга тушдим. Бир йил ўтар-ўтмас, онам у ерни тарк этишимга рухсат берди.

Оиламиз, отам ҳарбий кийим кийган

Кейинчалик, мен интернатда ўқий бошладим. Бир куни кечаси отам мени хавфсиз жойга олиб кетиш учун келди, чунки Грац бомбардимон қилинаётган эди. Биз Счладминг шаҳрида паноҳ жой топдик. У ерга келиб, кўприкдан ўтишимиз билан унга зарба берилди. Бошқа сафар эса самолётлар паст учиб, ҳовлимизда бувим иккимизни ўққа тутди. Урушнинг охирида биз черков ва ҳукумат томонидан тарк этилгандай эдик.

ИШОНЧЛИ МАДАДНИ ТОПДИМ

1950 йили Яҳова Шоҳидларидан бири онам билан Муқаддас Китобдаги хабарни баҳам кўра бошлади. Мен уларнинг суҳбатини эшитардим ва онам билан ҳатто баъзи йиғилишларга борардим. Онам Яҳованинг Шоҳидларида ҳақиқат борлигига ишонч ҳосил қилгач, 1952 йили сувга чўмди.

Маҳаллий жамоат мен учун ёши улуғ аёлларнинг клубига ўхшаб кетарди. Лекин кейин бошқа бир жамоатга борганимизда у ерда ёшлар кўплигини кўрдим ва бу мен ўйлагандай эмаслигини тушундим. Грацга қайтганимда эса, жамоат учрашувларини қолдирмайдиган бўлдим ва тез орада ҳақиқатни билиб олганимга ишонч ҳосил қилдим. Шунингдек, Яҳова Ўз хизматчиларига ишончли мададни ато этишини ҳам тушундим. Ҳатто чорасиздай туюлган вазиятларга дуч келганимизда ҳам У бундай йўл тутади. (Заб. 3:5, 6)

Ҳақиқатни бошқаларга ҳам айтишни хоҳлардим. Буни ака ва опа-сингилларимдан қилишни бошладим. Тўртта опам ўқитувчи бўлиб, биз билан яшамас эди. Улар яшаган турли қишлоқларга бориб, уларни Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашга ундар эдим. Вақт ўтгач, уларнинг ҳаммаси тадқиқ ўтиб, Яҳованинг Шоҳиди бўлди.

Уйма-уй хизмат қилаётганимнинг иккинчи ҳафтасида ёши 30 дан ошган аёлни учратдим ва у билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошладик. У, кейинчалик эса эри ва иккита ўғли сувга чўмди. Бу тадқиқ туфайли ўзимнинг ҳам имоним анча кучайди. Негаки, ҳеч ким мен билан Муқаддас Китоб тадқиқини шу тарзда ўтказмаган эди. Мен ҳар бир тадқиққа яхши тайёргарлик кўрардим. Шу йўсин, аввал ўзимга, сўнг эса ўша аёлга таълим берардим. Бу билан ҳақиқатни янада кўпроқ қадрлай бошладим. Ўзимни Яҳовага бағишлаганимнинг рамзи сифатида, 1954 йили апрелда сувга чўмдим.

«ТАЪҚИБ ҚИЛИНЯПМИЗ, ЛЕКИН ТАШЛАБ ҚЎЙИЛМАГАНМИЗ»

1955 йили мен Германия, Франция ва Англияда бўлиб ўтган халқаро анжуманларга бордим. Лондонда бўлганимда Альберт Шрёдер биродаримиз билан танишдим. У ўшанда Гилад мактабида таълим берган ва сўнгра Етакчи кенгаш аъзоси сифатида хизмат қилган. Британия музейига борганда, Шрёдер биродаримиз диққатимизни Муқаддас Китобнинг баъзи қўлёзмаларига қаратди. Уларда Худонинг исми ибронийча ҳарфларда ёзилган эди. Акамиз уларнинг муҳимлигини бизга тушунтирди. Бу менга ҳиссан ва маънан таъсир қилиб, Худо Каломидаги ҳақиқатни тарқатиш қароримни янада кучайтирди.

Ҳамкорим билан (ўнгда) Мистелбачда (Австрия) махсус кашшоф бўлганимизда

1956 йили 1 январдан кашшоф бўлиб хизмат қила бошладим. Тўрт ой ўтгач, Австрияда махсус кашшоф бўлиб хизмат қилиш учун таклиф этилдим. Ўшанда мен хизмат қилган Мистелбач шаҳрида Яҳованинг Шоҳидлари йўқ эди. Бунинг устига, ўзгача қийинчиликларга дуч келдим. Гап шундаки, ҳамкорим ва мен ҳар хил эдик. Мен шаҳарлик тахминан 19 яшар қиз эдим, у эса 25 ёшда ва қишлоқдан эди. У саҳар эрталаб уйғонишни ёқтирар эди, мен эса аксини. Мен кеч ётардим, у бўлса эрта. Шундай бўлса-да, Муқаддас Китоб маслаҳатларига амал қилиб, келишишга интилдик. Натижада, ҳамкорлар сифатида муваффақиятга эришдик.

Лекин бошқа жиддийроқ муаммоларга ҳам учраганмиз. Гарчи баъзи таъқибларга рўбарў келган бўлсак-да, «ташлаб қўйилмаган» эдик. (2 Кор. 4:7–9) Бир куни қишлоқда ваъз қилиб юрганимизда, одамлар итларини қўйиб юборишганди. Катта итлар вовуллаб, ириллаб бизни ўраб олди. Ҳамкорим иккимиз қўлларимизни ушлаб, мен: «Яҳова, илтимос, улар бизга ҳужум қилса, дарров ўлайлик!» — деб ибодат қилдим. Улар бизга яқинлашиб тўхтади-да, думини ликиллатиб кетиб қолди. Шунда бизни Яҳова ҳимоя қилганини ҳис этдик. Сўнг ваъз қилишда давом этдик. Бахтимизга, одамлар бизни жуда яхши тинглашди. Эҳтимол, итлар бизга зиён етказмаганидан ёки бу қўрқинчли вазиятда таслим бўлмаганимиздан ўша одамлар ҳайрон қолгандир. Уларнинг айримлари вақт ўтиб Яҳованинг Шоҳиди бўлди.

Яна бир мушкул вазият бўлган. Бир куни уйимизнинг эгаси маст бўлиб, бизни қўни-қўшниларни безовта қилаётганликда айблади ва ўлдираман, деб дағдаға қилди. Хотини уни тинчлантиришга уринди, аммо бу иш бермади. Хонамиздан ҳаммаси эшитилиб турарди. Дарров стулларни эшикка тираб, нарсаларимизни йиғишга тушдик. Эшикни очиб қараганимизда эса, у киши зинанинг тепасида катта пичоқ ушлаб турган экан. У ерга бошқа қайтмаслик учун ҳамма нарсаларимизни олиб, орқа эшикдан қочиб кетдик.

Биз меҳмонхонага бориб жойлашдик. У ерда бир йилча яшадик ва бу жой хизматимиз учун жуда қулай бўлди. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўша меҳмонхона шаҳар марказида эди ва Муқаддас Китобни тадқиқ қилган айрим кишилар учун у ер қулай бўлган. Хонамизда китоб тадқиқи ва ҳар ҳафта «Қўриқчи минораси» журналининг муҳокамаси ўтарди ва деярли 15 та киши келарди.

Мистелбачда бир йилдан кўпроқ вақт давомида яшадик. Кейин мен Грацнинг жануби-шарқидаги Фелдбач шаҳрига тайинландим. Бу ерда янги ҳамкорим бор эди, аммо жамоат йўқ эди. Биз ёғоч уйнинг иккинчи қаватидаги кичкина хонада яшардик. Шамол ёғочлар орасидаги тешиклардан гувуллаб кирарди. Шунинг учун тешикларни газеталар билан бекитиб қўярдик. Сувни ҳам қудуқдан таширдик. Лекин бу арзигулик эди. Бир неча ой ичида битта гуруҳ пайдо бўлди. Ҳатто бир оиланинг тахминан 30 та аъзоси Яҳованинг хизматчиси бўлди!

Шу каби вазиятлар туфайли, Шоҳлик пайида бўлганларга Яҳова ишончли мадад беришини кўпроқ қадрлай бошладим. Ҳатто одам ёрдам бера олмаса-да, Яҳова доим биз билан. (Заб. 121:1–3)

ХУДО «АДОЛАТЛИ ЎНГ ҚЎЛИ БИЛАН» ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАЙДИ

1958 йили Нью-Йорк шаҳридаги Янки ва Поло Граундс стадионларида халқаро анжуман бўлиб ўтиши керак эди. Мен ҳам у ерга бормоқчи эдим ва Австрия филиалидагилар Гилад мактабининг 32- синфида ўқийсизми деб сўрашди. Бундай шарафни қандай рад эта олардим?! Таклифга дарров: «Ҳа!» — деб жавоб бердим.

Гиладда Мартин Пётцингер биродаримиз билан ёнма-ён ўтирардик. У фашистлар концлагерларида даҳшатли воқеаларни бошдан кечирган эди. Бу акамиз ҳам Етакчи кенгаш аъзоси бўлиб хизмат қилган. Дарс пайтида, Мартин гоҳида пичирлаб: «Эрика, немис тилида бу қандай бўлади?» — деб савол берарди.

Ўқишимиз ярмига келганда, Нейтан Норр биз тайинланган ҳудудларни эълон қилди. Мен Парагвайга тайинландим. Жуда ёш бўлганим боис, у ерга боришим учун отамнинг рухсати талаб этиларди. Рухсат олгач, 1959 йили мартда Парагвайга етиб келдим. Мен Асунсьон шаҳрига тайинланиб, тўла вақтли махсус ваъзгўйлар турадиган уйда янги ҳамкорим билан яшайдиган бўлдим.

Кўп ўтмай, Гилад мактабининг 30- синфини битирган Валтер Брайт исмли тўла вақтли махсус ваъзгўй билан танишдим. Сўнг биз турмуш қурдик ва энди ҳаётдаги қийинчиликларни биргалашиб қарши олишимиз мумкин эди. Қандай муаммога дуч келишимиздан қатъи назар, Ишаё 41:10 да: «Ҳеч қўрқма, Мен сен биланман. Даҳшатга тушма, Мен сенинг Худойингман. Сенга куч ато этаман»,— деб айтган Яҳованинг ваъдасини ўқирдик. Бу, Тангрига содиқ қолишга интилиб, Шоҳликни биринчи ўринга қўйсак, У бизни ҳеч қачон тарк этмаслигига бўлган ишончимизни кучайтирди.

Вақт ўтиб, Бразилиянинг чегарасидан узоқ бўлмаган ҳудудга тайинландик. У ердаги руҳонийлар ёшларни тўла вақтли махсус ваъзгўйлар билан яшайдиган уйимизни тошбўрон қилишга гижгижлашди. Бу уй шундоқ ҳам яхши ҳолатда эмас эди. Ўшанда Валтер полиция бошлиғи билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаган эди. Бу киши уйимизни бир ҳафта мобайнида қўриқлаш учун ходимларни тайинлади ва душманларимиз бизни бошқа безовта қилмади. Кўп ўтмай, Бразилиянинг чегарасига яқинроқ бўлган қулайроқ ҳудудга кўчиб ўтдик. Шу боис, биз Парагвайда ҳам, Бразилияда ҳам йиғилишлар ўтказа олардик. Ўша ҳудудни тарк этаётганимизда эса у ерда иккита кичик жамоат бор эди.

Валтер билан Асунсьонда (Парагвай) тўла вақтли махсус ваъзгўйлик хизматида

ЯҲОВА МЕНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШДА ДАВОМ ЭТЯПТИ

Шифокорлар фарзанд кўра олмаслигимни айтишган эди, аммо 1962 йили кутилмаган янгиликдан хабардор бўлдик! Натижада, Голливудга (Флорида) Валтернинг оиласига яқин жойга кўчиб ўтдик. Бир неча йил мобайнида Валтер иккимиз кашшофлик қила олмадик. Чунки оиламизга ғамхўрлик қилишимиз лозим эди. Шундай бўлса-да, биз Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйишга ҳаракат қилардик. (Мат. 6:33)

1962 йили ноябрда Флоридага кўчганимизда, маҳаллий аҳоли қора ва оқ танли кишилар битта жойда йиғилишини ёқтирмагани боис, биродарларимиз йиғилишларни бир-биридан алоҳида ўтказиб, ажратилган ҳудудларда ваъз қилаётганини билиб ҳайрон қолдик. Бироқ Яҳова одамларни ирқларга бўлмайди ва тез орада ўша жамоатлар бирлашди. Шубҳасизки, бунда Яҳованинг кўмаги бор, зеро у ерда ҳозир кўпгина жамоатлар мавжуд.

Минг афсуски, Валтер 2015 йили мия саратони туфайли ҳаётдан кўз юмди. У 55 йил давомида ажойиб турмуш ўртоқ бўлиб, Яҳовани яхши кўрарди ва анчагина биродарларга ёрдам берарди. Тирилиш бўлганда уни яна соғлом кўришни орзиқиб кутяпман. (Ҳавор. 24:15)

40 йилдан ошиқ тўла вақтли хизматда иштирок этганимдан ва кўп хурсандчилигу баракалар топганимдан миннатдорман. Мисол учун, Валтер билан 136 та киши сувга чўмишига кўмаклашдик. Албатта, айрим қийинчиликларни ҳам бошдан кечирдик. Лекин ҳеч қачон уларни содиқ Худойимизга хизмат қилишни тўхтатиш учун сабаб деб билмаганмиз. Аксинча, У барчасини ўз вақтида ва хоҳлагандай ҳал қилишига ишониб, Унга янада яқинлашдик. Ҳа, Худо айнан шундай қилди! (2 Тим. 4:16, 17)

Валтерни жуда ҳам соғинаман, лекин кашшофлик хизмати менга ёрдам беряпти. Бошқаларга тирилиш ҳақидаги умид тўғрисида таълим бериш менга айниқса куч ато этади. Дарҳақиқат, санаб ўтганимдан ҳам кўпроқ маротаба Яҳова мени тарк этмаган. Ўз ваъдасида туриб, У мени қўллаб-қувватлади, ҳимоялади ва «адолатли ўнг қўли билан» ушлаб турди. (Ишаё 41:10)