Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Меҳмондўстлик кўрсатиш қувончли ва жуда муҳим!

Меҳмондўстлик кўрсатиш қувончли ва жуда муҳим!

Нолимай ўзаро меҳмондўст бўлинглар. 1 БУТР. 4:9

ҚЎШИҚЛАР: 50, 20

1. Биринчи асрдаги масиҳийлар қандай шароитларда яшаган?

ҲАВОРИЙ БУТРУС тахминан мил. 62–64 йиллар орасида «Понт, Галатия, Каппадокия, Осиё, Битиния вилоятларида тарқалиб, у ерда вақтинча яшаётган танланганларга» мактуб ёзган эди. (1 Бутр. 1:1) Кичик Осиёдаги ушбу турли жамоатлардаги ҳар хил маданиятга мансуб масиҳийлар далда ва йўл-йўриқларга муҳтож эди. Негаки, улар таъқиблару ҳақоратларнинг ўлжасига айланишган эди. Улар «оловли қийинчиликларга» дуч келишганди. Бу улар учун ниҳоятда оғир замон эди. Бутрус: «Барча нарса ўз ниҳоясига етиб қолди»,— деб ёзганди. Чиндан ҳам, ўн йил ўтар-ўтмас Қуддус йўқ қилинганда, зўравонликка чек қўйилди. Хўш, бундай мушкул пайтларда таслим бўлмасликка уларга нима кўмаклашган? (1 Бутр. 4:4, 7, 12)

2, 3. Нега Бутрус биродарларини меҳмондўст бўлишга чорлаган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

2 Шу билан бирга у биродарларини: «Ўзаро меҳмондўст бўлинглар»,— дея ундаган. (1 Бутр. 4:9) «Меҳмондўстлик» сўзи юнончада том маънода «бегоналарга севги ёки меҳрибонлик кўрсатиш» демакдир. Эътибор берган бўлсангиз, Бутрус имондошларини «ўзаро», яъни бир-бирини танийдиган ва бир-бири билан мулоқот қиладиган масиҳийларни меҳмондўст бўлишга чорлаган. Қизиқ, меҳмондўст бўлиш уларга қандай ёрдам берган?

3 Шу йўсин улар бир-бирига яқинроқ бўлган. Сиз ҳақингизда-чи, нима деса бўлади? Кимдир сизни уйига таклиф қилганда хурсанд бўлганмисиз? Ўша кун сизда илиқ хотиралар қолдирганми? Жамоатингиздагилар билан бирга вақт ўтказганингизда, бу, дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлагандир. Айнан меҳмондўстликни намоён этганда, одамларга кўпроқ шахсий қизиқиш кўрсатиб, улар билан яқиндан таниша оламиз. Бутруснинг давридаги масиҳийлар шароитлари ёмонлашгани сайин ўзаро яқин бўлишлари зарур эди. Бугун ҳам «охирзамонда» яшаётган масиҳийлар шундай йўл тутиши муҳим. (2 Тим. 3:1)

4. Ушбу мақолада қайси саволларни кўриб чиқамиз?

4 «Ўзаро» меҳмондўст бўлиш учун қандай имкониятлар бор? Меҳмондўстлик кўрсатишга халақит қилаётган тўсиқларни қай йўсин енгиш мумкин? Меҳмонга таклиф этилсак, нимани инобатга олишимиз керак?

МЕҲМОНДЎСТ БЎЛИШНИНГ ИМКОНИЯТЛАРИ

5. Қандай қилиб йиғилишда меҳмондўст бўла оламиз?

5 Йиғилишларда. Жамоат учрашувларига келган барчани қарши оламиз, зеро ҳаммамиз маънавий зиёфатга борамиз. Шу йўсин, Тангри Яҳова ҳамда Унинг ташкилоти бизга меҳмондўстлик кўрсатади. (Рим. 15:7) Янгилар келганда, биз ҳам мезбонлар сифатида уларни кутиб оламиз. Қандай кийингани ёки пардоз-андоз қилганидан қатъи назар, уларни қарши олишга интиламиз. (Ёқб. 2:1–4) Уларда керакли адабиётлар бўлиши учун ёнингизга ўтиришга таклиф қиласизми? Шунда, у бўлаётган дастурни кузатишига ва ўқилаётган оятларни топишига ёрдам бераётганингиздан миннатдор бўлар. Бу, «меҳмондўст бўлинглар», деган чорловга амал қилишнинг аъло йўлидир. (Рим. 12:13)

6. Асосан кимларни таклиф қилишимиз лозим?

6 Далда бериб, таом билан меҳмон қилиш. Қадимда меҳмондўстликни намоён этиб уйга овқатланишга таклиф қилиш одатий ҳол эди. (Ибт. 18:1–8; Ҳак. 13:15; Луқо 24:28–30) Бирга овқатланиш дўстлик ва тинчлик бўлишига имкон яратарди. Асосан кимларни таклиф қилишимиз лозим? Бу, ҳаётимизнинг бир қисмига айланган жамоатимиздаги биродару опа-сингиллардир. Чунки оғир дамлар келганда, биз бир-биримизга суянамиз. Барчамиз ўзаро содиқ дўст бўлиб, тинч муносабатларга эга бўлишимиз кутилади. Қизиғи шундаки, Етакчи кенгаш 2011 йили Қўшма Штатлардаги Байтил оиласи учун «Қўриқчи минораси» журналининг муҳокамаси ўтадиган вақтни 18:45 дан 18:15 га ўзгартирди. Нега дейсизми? Сабаби, муҳокама эртароқ тугагач, байтилчилар ўзаро меҳмондўстликни намоён эта олиши мумкин. Бошқа филиалларда ҳам шундай йўл тутишди. Бу туфайли байтилчилар яқинроқ дўст бўла олишди.

7, 8. Қандай қилиб ташкилотимиз вакилларига меҳмондўстликни намоён эта оламиз?

7 Бошқа жамоатлардан маърузачилар келганда, туман нозирлари ва баъзида маҳаллий филиал вакиллари ташриф буюрганда, меҳмондўстлик кўрсатишимиз учун имкон пайдо бўлади. (3 Юҳанно 5–8 ни ўқинг.) Буни қўлдан бой бермай, уларга далда бериб, бирон таом билан меҳмон қилиш мумкин. Сиз ҳам бунга ҳисса қўша оласизми?

8 Қўшма Штатлардаги бир опамиз шундай бўлишди: «Йиллар давомида эрим икковимиз уйимизга анчагина маърузачилар ва уларнинг рафиқаларини таклиф қилиш имконига эга бўлдик. Ҳар сафар бундан завқ топардик — ҳазиллашардик ва энг муҳими, маънан куч олардик. Бундан сира ҳам афсусланмаймиз».

9, 10. а) Кимларга турар жой тақдим этиш керак бўлиши мумкин? б) Шароитлари унча яхши бўлмаганлар ҳам бу борада ёрдамини тақдим эта оладими? Мисол келтиринг.

9 Турар жой тақдим этиш. Ўтмишда одатда ётиб қолишни таклиф қилиб ҳам меҳмондўстликни намоён этишарди. (Аюб 31:32; Филим. 22) Бугун ҳам шундай бўлиши мумкин. Кўп ҳолларда туман нозирлари ташриф буюрган жамоат аъзолариникида ётиб қолишади. Ташкилотимиз мактабларида ўқийдиган ваъзгўйлар, жумладан, қурилишда иштирок этадиган ихтиёрий хизматчиларнинг ҳам тунаб қолишига эҳтиёж бўлади. Табиий офатлар дастидан айрим оилалар бошпанасиз қолади ва хонадони таъмирланиб бергунга қадар, кимнингдир уйида яшаб туриши керак бўлади. Бундай қилишни фақат уйи яхши жиҳозланган имондошларимиздан кутмасак яхши бўларди, чунки улар кўп марта бундай йўл тутишган. Хўш, шароитларингиз унча яхши бўлмаса ҳам бу борада ўз ёрдамингизни тақдим эта оласизми?

10 Жанубий Кореядаги битта акамиз ташкилотимиз мактабида ўқиган ваъзгўйларни уникида яшаб туришга таклиф қилган пайтни мароқ билан эслайди. У қуйидагиларни ёзган: «Бошида сал иккиланиб тургандим, чунки энди оила қурган бўлиб, кичик уйда яшардик. Бироқ бу ваъзгўйлар бизникида яшагани биз учун жуда қувончли бўлди. Мен ва турмуш ўртоғим, жуфтлик сифатида Яҳовага хизмат қилиб ва бирга маънавий мақсадлар сари интилиб қанчалар бахтли бўлиш мумкинлигини кўрдик».

11. Жамоатингизга янги келганларга нега меҳмондўстлик кўрсатишингиз лозим?

11 Жамоатга янги келганлар. Ҳудудингизга баъзилар кўчиб келиши мумкин. Айримлари ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлгани боис кўчгандир. Ёки жамоатингизни қўллаб-қувватлаш ниятида кашшофлар юборилгандир. Уларнинг барчаси учун атрофдаги одамлар, жамоат ва эҳтимол, ҳатто тил ёки маданият янги бўлиши ҳеч гап эмас. Уларга далда бериб, бирга овқатланишга таклиф қилинг ёки янги дўст орттиришга ва ўзгарган шароитларига мослашишга кўмаклашинг.

12. Қайси мисол меҳмондўст бўлишда оворагарчилик шарт эмаслигини кўрсатяпти?

12 Меҳмондўстликни кўрсатганда оворагарчилик шарт эмас. (Луқо 10:41, 42 ни ўқинг.) Эндигина тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилишни бошлаган пайтни эслаб, битта биродаримиз шуларни айтиб берди: «Биз ёш ва тажрибасиз эдик, уйимизни соғинардик. Бир сафар хотиним соғинч туйғусидан шунчалар қийналган эдики, ҳеч қайси ҳаракатим ёрдам бермади. Кейин кечки пайт етти яримларда эшик тақиллади. Қарасак, қизиқувчи бир аёл бизни йўқлаб учта апельсин олиб келган экан. Уни уйга таклиф қилиб, бир стакан сув бердик. Сўнг эса чой ва иссиқ шоколад дамладик. Ўшанда биз суахили тилини, у эса инглиз тилини билмас эди. Аммо ўша воқеа маҳаллий биродарлар билан дўстлик ришталарини боғлашимизга туртки бўлди ва бу бизга завқ келтирди».

МЕҲМОНДЎСТ БЎЛИШГА ХАЛАҚИТ ҚИЛАЁТГАН ТЎСИҚЛАРНИ ЕНГИШ

13. Меҳмонга чақириш қандай фойда келтириши мумкин?

13 Меҳмонга чақиришга тортинасизми? Ундай бўлса, мароқ ила суҳбатлашиш ва дўстлашиш фурсатини қўлдан бой бериш мумкин. Меҳмондўстлик ёлғизликка қарши самарали зидди заҳардир. Нега одам меҳмон чақиришга тортинади, деб ўйлаётгандирсиз. Бунинг бир нечта сабаби бўлиши мумкин.

14. Меҳмондўстлик кўрсатиш учун вақтимиз ёки кучимиз йўқдай туюлса, нима қилсак бўлади?

14 Вақт ҳамда куч. Яҳованинг хизматчилари жуда банд бўлиб, одатда кўпдан-кўп вазифаларни бажаришади. Баъзилар ўзини меҳмондўстлик кўрсатиш учун вақти ёки кучи йўқдай ҳис этади. Сиз ҳам шундай вазиятда бўлсангиз, жадвалингизни кўриб чиқсангиз яхши бўлади. Хўш, меҳмондўстликни намоён этиш учун керакли куч ҳамда вақтни топиш ниятида айрим ўзгаришлар қила оласизми? Муқаддас Китобга кўра, масиҳийлар меҳмондўстлик кўрсатиши даркор. (Иброн. 13:2) Бунга вақт ажратишнинг нотўғри жойи йўқ, аслида, бундай қилишимиз тўғридир. Албатта, бунинг учун баъзи ишларингизни четга суриб қўйишга тайёр бўлишингиз кутилади.

15. Нима учун баъзилар меҳмондўстлик кўрсатиш қўлимдан келмайди, деб ўйлайди?

15 Ўзингиз ҳақидаги фикрларингиз. Айтайлик, меҳмондўстликни кўрсатмоқчисиз, аммо буни эплай олмайман деб ўйлаётгандирсиз. Айримлар суҳбат ўхшамаслигидан ёки меҳмонлар зерикиб қолишидан хавотирланади. Баъзилар эса унча кўп топмайман ва жамоатнинг бошқа аъзолари қила оладиган ишлар қўлимдан келмайди, деган фикрда. Унутмангки, энг муҳими уйимиз дабдабали эмас, балки саранжом, тоза ва шинам бўлишидир.

16, 17. Хавотирларингизни енгишга нима кўмаклашади?

16 Сиз ҳам тортинаётган бўлсангиз, ёлғиз эмассиз. Буюк Британиядаги оқсоқол қуйидагиларни айтиб берди: «Меҳмонлар учун тайёргарлик кўраётганда хавотирланиш ҳеч гап эмас. Лекин Яҳовага хизмат қилиш билан боғлиқ ҳар қандай иш барака ва мамнуният келтириб, бундай хавотирлардан устундир. Меҳмонлар билан бирга қаҳва ичиб, суҳбатлашишдан маза қиламан». Шуни ёдда тутингки, меҳмонларга шахсий қизиқиш кўрсатиш доим фойдалидир. (Филип. 2:4) Деярли ҳамма ҳаётидаги воқеаларни айтиб беришдан завқ топади. Айнан шундай ўтиришларда бизда ҳам ҳаётимиздаги воқеалар билан бўлишиш имкони бўлар. Бошқа оқсоқол эса: «Жамоатдаги дўстларим уйимга келганда, уларни яхшироқ тушуниб, яқиндан танишиш ва айниқса, улар ҳақиқатга қандай келганини билиб олиш учун зўр фурсат туғилади»,— деди. Ҳа, меҳр ила қизиқиш кўрсатиш ҳамиша мамнуният бахш этади.

17 Битта кашшоф опамиз ташкилотимизнинг мактабларида ўқийдиган ваъзгўйларни уникида яшаб туришга таклиф қилар экан. У шундай деб бўлишди: «Аввалига, уйимдаги мебель оддийгина ва эски бўлганидан ташвишда эдим. Ўша мактабларда таълим берадиган биродаримизнинг хотини менга анчагина далда берди. У эри иккови туман нозирлик хизмати билан банд бўлганда, моддий эмас, балки улар каби диққатини кўпроқ маънавий, яъни Яҳовага хизмат қилиш ва содда ҳаёт кечиришга қаратган кишилар билан ўтказган вақти энг зўр ҳафталар бўлганини айтди. Бу менга онам кичиклигимда: “Сабзавот еб севги билан кун кечирган афзалроқдир”,— деб айтишларини эслатди». (Ҳик. 15:17) Илойим, севгингиз меҳмондўстлик кўрсатишга ундаб турсин. Асло ташвишланманг!

18, 19. Бошқаларга нисбатан салбий туйғуларни енгишимизга нима қўл келиши мумкин?

18 Бошқалар ҳақидаги фикрларингиз. Дейлик, жамоатдан кимдир жаҳлингизни чиқараётгандир. У ҳақида салбий туйғуларингизни енгмасангиз, улар борган сари янада ёмон тус олиши мумкин. Бу туфайли бошқаларга ҳам меҳмондўстлик кўрсатиш истагингиз сўниши ҳеч гап эмас. Ёхуд кимдир сизни ранжитгандир ва уни кечириш қўлингиздан келмаётгандир.

19 Муносабатларни яхшилаш учун Муқаддас Китобга биноан, ҳатто душманларга ҳам меҳмондўстлик кўрсатишимиз лозим. (Ҳикматлар 25:21, 22 ни ўқинг.) Шу йўсин, келишмовчиликнинг олдини олиш ва салбий туйғуларни бартараф қилиш мумкин. Меҳмонга келган одамнинг ижобий тарафларини, яъни Яҳова уни Ўзига жалб қилганда эътибор берган фазилатларини кўра оласиз. (Юҳан. 6:44) Кутилмаганда меҳр ила меҳмонга таклиф қилиш муносабатлар бутунлайин ўзгаришига замин яратади. Сиз айнан севги ила меҳмондўстлик кўрсатаётганингизга қандай амин бўла оласиз? Бунинг бир йўли Филиппиликларга 2:3 да: «Камтар бўлиб, бошқаларни ўзингиздан устун қўйинглар»,— деб ёзилган маслаҳатга амал қилишдир. Имондошларимизни ўзимиздан устун қўйиш учун имкон излаш, уларга нисбатан севгимизни кучайтиради ва самимий меҳмондўстлик намоён этишимизга йўл очади. Масалан, улар имон, сабр-бардош, жасорат ёки бошқа фазилатларни намоён этишда биздан устун бўлиши мумкин.

ЯХШИ МЕҲМОН БЎЛИНГ

Мезбон меҳмонларни кутиб, тайёргарлик кўради (20- хатбошига қаранг.)

20. Нега ва қандай қилиб мезбонга ҳурмат кўрсатишимиз мумкин?

20 Сано бастакори Довуд: «Эй Яҳова, чодирингда ким меҳмон бўлади?» — деб савол берган. (Заб. 15:1) Кейин эса, у Худо Ўз меҳмонларида кўришни хоҳлаган илоҳий фазилатларни келтирган. Бундай кишилар ўз сўзида тура биладиган бўлиши керак. Улар ҳақда шундай дейилган: «Ўз зарарига бўлса-да, берган ваъдасининг устидан чиқади». (Заб. 15:4) Меҳмонга боришга розилик билдирган бўлсак, уни шунчаки бекор қилмаслигимиз лозим. Боиси, мезбон тайёргарлик кўргандир ва уни бесабаб бекор қилсак, барча уринишлари зое кетади. (Мат. 5:37) Айримлар яхшироқ туюлган таклифни қабул қилиб, олдинги таклифга рад жавобини бериши мумкин. Хўш, бу севги ва ҳурматдан далолат берадими? Мезбон нима таклиф қилишидан қатъи назар, у кўрсатган меҳмондўстлиги учун чин дилдан миннатдор бўлиш яхшидир. (Луқо 10:7) Жиддий вазият туфайли таклифни бекор қилишга тўғри келса, бу ҳақда мезбонга имкон қадар олдинроқ айтсангиз, севги кўрсатган бўласиз.

21. Маҳаллий одатларни инобатга олиш яхши меҳмон бўлишимизга қандай ҳисса қўшади?

21 Шунингдек, маҳаллий одатларни ҳам ҳурмат қилиш даркор. Айрим маданиятларда кутилмаганда меҳмонга бориш яхшидир, баъзиларида эса олдиндан келишиб олиш керак. Қайсидир ҳудудларда мезбон меҳмонни тўрга чиқаради, барча оила аъзолари эса ўз ўрнини бўшатишга тайёр бўлади. Айрим жойларда меҳмон мезбонга бирон нарса олиб келиши табиий, бошқа жойларда эса меҳмон қўли бўш келса яхшидир. Баъзи маданиятларда биринчи ёки иккинчи таклифни рад этиш ўринли, бошқаларда эса бу ҳурматсизлик деб саналади. Шундай экан, келинг, мезбон бизни таклиф қилганидан хурсанд бўлишига ҳаракат қилайлик.

22. Нега ўзаро меҳмондўст бўлиш жуда ҳам муҳим?

22 «Барча нарса ўз ниҳоясига етиб қолган экан», бундай йўл тутиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. (1 Бутр. 4:7) Биз ер юзида ҳали бўлмаган буюк мусибатга дуч келамиз. Таъқиблар кучайгани сайин, биродару опа-сингиллар орасида кучли севги ҳукм суриши керак бўлади. Ҳозир, Бутруснинг масиҳийларга: «Ўзаро меҳмондўст бўлинглар»,— деб айтган маслаҳатига амал қилишнинг айни пайтидир. Келинг, бундан буён ҳам меҳмондўст бўлишда давом этайлик. (1 Бутр. 4:9)