Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

13- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Қай йўсин Яҳова сизни ҳимоя қилади?

Қай йўсин Яҳова сизни ҳимоя қилади?

Яҳова садоқатли кишиларни ҳимоя қилади. ЗАБ. 31:23

124- ҚЎШИҚ Вафодормиз

БУ МАҚОЛАДА *

1. Нега Исо Яҳовадан шогирдларини ҳимоя қилишни сўраган?

ЕР ЮЗДАГИ ҳаётининг сўнгги кечасида Исо шогирдлари дуч келадиган қийинчиликлар борасида ўйлаган. Исо дўстларини севгани учун, Отасидан «уларни дунёдан олишини эмас, балки Шайтондан ҳимоялашини» илтимос қилган. (Юҳан. 17:14, 15) Исо осмонга қайтгандан сўнг, Шайтон Иблис Яҳовага хизмат қилмоқчи бўлган ҳар бир инсонга қарши чиқишда давом этишини билган. Шу боис, Яҳованинг халқи ҳимояга муҳтож эди.

2. Қандай қилиб Яҳова ибодатларимизга жавоб беришига амин бўлишимиз мумкин?

2 Яҳова Ўғлини севгани учун унинг ибодатига жавоб берди. Яҳовани мамнун қилиш учун қўлимиздан келганини қилсак, У ҳам бизни яхши кўради ва ёрдам ҳамда ҳимоя сўраб қилган ибодатимизни эшитади. Яҳова ғамхўр оила Боши сифатида севикли фарзандларига ғамхўрлик қилишда давом этади. Зеро, бу Унинг исми, яъни обрўси билан боғлиқ.

3. Нима учун Яҳованинг ҳимоясига муҳтожмиз?

3 Биз Яҳованинг ҳимоясига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтожмиз. Шайтон осмондан улоқтириб юборилган ва «мудҳиш қаҳр-ғазаб»га тўлган. (Ваҳ. 12:12) У баъзи инсонлар бизга қаршилик кўрсатишганида Худога муқаддас хизматни бажаряпмиз, деб ўйлашга ундаяпти. (Юҳан. 16:2) Худога ишонмайдиган яна бошқалар эса бу дунёга уйғунлашмаганимиз сабабли бизни таъқиб қилишади. Қандай бўлмасин, асло қўрқмаймиз. Нега? Чунки Муқаддас Китобда: «Яҳова садоқатли кишиларни ҳимоя қилади», — деб ёзилган. (Заб. 31:23) Қай йўсин Яҳова бизни ҳимоя қилади? Келинг, бунинг иккита йўлини кўриб чиқамиз.

ЯҲОВА БИЗГА ҚУРОЛ-АСЛАҲАЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТМОҚДА

4. Эфесликларга 6:13–17 га кўра, Яҳова бизни ҳимоя қилиш учун нималарни тақдим этган?

4 Яҳова Шайтоннинг ҳужумларидан ҳимоялана олишимиз учун бизга керак бўладиган барча қурол-аслаҳаларни тақдим этган. (Эфесликларга 6:13–17 ни ўқинг.) Мазкур маънавий қурол-аслаҳалар мустаҳкам ва самаралидир. Лекин улар бизни ҳимоялашини хоҳласак, ҳар биридан фойдаланишимиз керак. Хўш, уларнинг ҳар бири нимани билдиради? Келинг, буни кўриб чиқамиз.

5. Ҳақиқат камари нимани англатади ва нега уни боғлаб юришимиз керак?

5 Ҳақиқат камари Худонинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни англатади. Нега бу камарни боғлаб олишимиз керак? Сабаби, Шайтон «ёлғоннинг отасидир». (Юҳан. 8:44) Мана бир неча минг йилдирки, у ёлғон гапириб, «бутун ер юзини» йўлдан оздириб келяпти. (Ваҳ. 12:9) Бироқ Муқаддас Китобдаги ҳақиқатлар бизни алданиб қолишдан ҳимоя қиляпти. (Юҳан. 4:24; Эфес. 4:25; Иброн. 13:18)

Камар: Худонинг Каломидаги ҳақиқатлар

6. Одиллик совути нимани англатади ва нега биз уни кийиб юришимиз лозим?

6 Одиллик совути Яҳованинг адолатли меъёрларини билдиради. Хўш, нега уни кийиб юришимиз керак? Совут аскарнинг том маънодаги юрагини ўқлардан ҳимоя қилганидай, одиллик совути рамзий қалбимизни, яъни ичимиздаги инсонни ушбу дунёнинг ёвуз таъсиридан ҳимоя қилади. (Ҳик. 4:23) Тангри Яҳова Уни яхши кўришимизни ва бутун қалбимиз билан хизмат қилишимизни кутади. (Мат. 22:36, 37) Шунинг учун, Шайтон ушбу қалбимизни бўлишга уриняпти. У дунё таклиф қилаётган ва Яҳова нафратланадиган нарсаларга меҳр қўйишимиз орқали бунга эришмоқчи. (Ёқб. 4:4; 1 Юҳан. 2:15, 16) Агар бу иш бермаса, у Яҳованинг меъёрларини бузишимиз учун ҳаракат қилади.

Совут: Яҳованинг адолатли меъёрлари

7. Қай йўсин одиллик совутини кийиб юра оламиз?

7 Яҳованинг нима тўғри ва нима нотўғри экани борасида ўрнатган меъёрларини қабул қилиш ва улар бўйича ҳаёт кечириш орқали одиллик совутини кийиб юра оламиз. (Заб. 97:10) Эҳтимол, баъзилар учун Яҳованинг меъёрлари эркинлигимизни чегаралаб қўядигандай туюлиши мумкин. Лекин Муқаддас Китобдаги принципларга амал қилмай қўйсак, биз шунчаки оғир туюлгани сабабли, жанг қизиган маҳал совутини ташлаб юборадиган аскарга ўхшаб қоламиз. Бу нақадар нодонлик! Яҳовани севадиганлар учун «Унинг амрлари оғир эмас», аксинча ҳаётбахшдир. (1 Юҳан. 5:3)

8. Хушхабарни ваъз қилишга тайёрликни пойабзал каби кийиб олиш нимани англатади?

8 Бундан ташқари, Павлус тинчлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилишга тайёрликни оёқларимизга пойабзал каби кийишга ундаган. Бошқача қилиб айтганда, Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилишга доим тайёр бўлишимиз керак. Муқаддас Китобдаги хабарларни бошқаларга айтганимизда имонимиз мустаҳкамланади. Дунё бўйлаб Яҳованинг халқи хушхабарни ваъз қилиш имкониятларини излаётганини кўриш чиндан ҳам далдали. Масалан, улар мактабда, ишда, уйма-уй ёки одамларнинг иш жойида, бозорда, Яҳовага хизмат қилмайдиган қариндошлариникига ташриф буюрганида ё бўлмаса танишлари билан суҳбатлашганда ваъз қилишади. Борди-ю, қўрқувга берилиб ваъз қилмай қўйсак, жанг пайтида пойабзалини ечиб қўядиган аскарга ўхшаб қоламиз. Бундай аскарнинг оёқлари тезда жароҳатланади. Оқибатда, у ҳужум пайтида ўзини ҳимоялашга қийналади ва командирининг йўл-йўриқларига амал қила олмайди.

Пойабзал: хушхабарни ваъз қилишга тайёрлик

9. Нима учун катта имон қалқонимизни олиб юришимиз керак?

9 Катта имон қалқони Яҳовага бўлган имонимизни билдиради. У барча ваъдаларини амалга оширишига ишонамиз. Имон бизга Шайтоннинг барча оловли ўқларини ўчира олишимизга кўмаклашади. Нима учун бу катта қалқонни олиб юришимиз керак? Чунки у бизни муртадларнинг сохта таълимотларидан ва бошқа одамлар танқид қилганда руҳимиз тушишидан ҳимоялайди. Имонимиз бўлмаса, бошқалар бизни Яҳованинг меъёрларини бузишга босим ўтказганда кучсиз бўламиз. Лекин ҳар сафар ишхонада ёки мактабда Яҳова ёқтирмайдиган бирон нимани қилишдан бош тортганимизда имонимиз бизни ҳимоялайди. (1 Бутр. 3:15) Ёки кўпроқ пул тўланадиган, аммо Яҳовага хизмат қилишимизга халақит берадиган ишни рад этганимизда, имонимиз бизни ҳимоялайди. (Иброн. 13:5, 6) Шунингдек, Яҳовага таъқибларга қарамай хизмат қилганимизда ҳам имонимиз бизни ҳимоялайди. (1 Салон. 2:2)

Қалқон: Яҳовага ва Унинг ваъдаларига бўлган имон

10. Нажот дубулғаси нима ва нега уни кийиб юришимиз керак?

10 Нажот дубулғаси Яҳова бизга бераётган умидни англатади. Ҳатто ўлимга дуч келсак ҳам бу Худо бизни қутқаришига ва Унинг иродасини бажараётганларни мукофотлашига бўлган умиддир. (1 Салон. 5:8; 1 Тим. 4:10; Титус. 1:1, 2) Том маънодаги дубулға аскарнинг бошини ҳимоя қилгани каби нажот дубулғаси фикрлаш қобилиятимизни ҳимоялайди. Қанақасига? Бу умид туфайли Худонинг ваъдаларига диққат қаратамиз ва муаммоларимизга тўғри нуқтаи назарда бўламиз. Хўш, бу дубулғани қай йўсин кийиб юрсак бўлади? Фикрларимизни Худонинг фикрлари билан уйғун қилсак, уни кийишда давом этамиз. Масалан, бевафо бойликка эмас, балки Худога умид қиламиз. (Заб. 26:2; 104:34; 1 Тим. 6:17)

Дубулға: абадий яшаш умиди

11. Муқаддас руҳнинг қиличи нимани англатади ва нега ундан фойдаланишимиз даркор?

11 Муқаддас руҳнинг қиличи бу Худонинг Каломи — Муқаддас Китоб. Бу қилич сохта таълимотлар ва зарарли одатлар қуллигида бўлган одамларнинг ҳар қандай ёлғонини чопиб ташлаш кучига эга. (2 Кор. 10:4, 5; 2 Тим. 3:16, 17; Иброн. 4:12) Шахсий тадқиқ ва Худонинг ташкилотидан олаётган таълим орқали бу қиличдан ўринли тарзда фойдаланишга ўрганяпмиз. (2 Тим. 2:15) Қурол-аслаҳалардан ташқари, Тангри Яҳова бизга яна бир турдаги ҳимояни тақдим этган. Қизиқ, бу нима?

Қилич: Худонинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб

БИЗ ЁЛҒИЗ КУРАШМАЙМИЗ

12. Яна нима қилишимиз керак ва нега?

12 Тажрибали аскар шуни биладики, у катта қўшин билан якка ўзи курашса, муваффақиятга эриша олмайди. У бошқа сафдошларининг кўмагига муҳтож. Шу сингари, Шайтон ва унинг тарафдорларига ёлғиз ўзимиз бас кела олмаймиз. Биродару опа-сингилларимизнинг ёрдамига муҳтожмиз. Яҳова бутун дунё бўйлаб имондошларни тақдим этди ва улар доим биз учун ёрдамга тайёр. (1 Бутр. 2:17)

13. Ибронийларга 10:24, 25 га биноан, йиғилишларга қатнаш қандай фойда келтиради?

13 Бундай ёрдамга эга бўлишнинг бир йўли йиғилишларга қатнашдир. (Ибронийларга 10:24, 25 ни ўқинг.) Барчамиз баъзида тушкунликка тушамиз. Агар шундай бўлса, жамоат учрашувлари кўнглимизни кўтариши мумкин. Биродару опа-сингилларимизнинг самимий шарҳлари бизга куч бахш этади. Муқаддас Китобга асосланган нутқлар ва намойишлар Яҳовага хизмат қилиш қароримизни янада мустаҳкамлайди. Йиғилишдан олдин ёки кейин қуриладиган маънавий суҳбатлар бизга далда бахш этади. (1 Салон. 5:14) Бундан ташқари, йиғилишлар бошқаларга ёрдам беришдан қувонч ҳис этиш каби имкониятни тақдим этади. (Ҳавор. 20:35; Рим. 1:11, 12) Йиғилишларимиз бизга бошқа тарафдан ҳам кўмаклашади. Улар ваъз қилишга ва таълим беришда самарали бўлишимизга ёрдам беради. Масалан, йиғилишларимизда «Таълим бериш “қутимиздаги” асбоблар»дан фойдаланишни ўрганамиз. Шундай экан, йиғилишларга пухта тайёргарлик кўринг. Йиғилиш пайтида диққат ила тингланг. Сўнг эса олган таълимингизни амалда қўлланг. Бундай йўл тутиб «Исо Масиҳнинг яхши аскари»га айланасиз. (2 Тим. 2:3)

14. Яна қандай ёрдам олишимиз мумкин?

14 Биз, шунингдек, миллионлаб қудратли фаришталарнинг ёрдамига эгамиз. (Ишаё 37:36) Биргина фариштанинг ўзи нималарга қодир экани ҳақида бир ўйлаб кўринг. Энди эса фаришталарнинг улкан қўшини нималар қила олишини кўз олдингизга келтиринг. Ҳеч қандай одам ёки жин Яҳованинг қудратли қўшинига бас кела олмайди. Битта садоқатли хизматчининг ёнида Яҳова бўлса, улар кўпчиликни ташкил қилади. (Ҳак. 6:16) Бу ҳақиқат, шундай эмасми? Ҳамкасбингиз, мактабдошингиз ёки ҳақиқатда бўлмаган қариндошингиз сўзи ёки иши билан сизни ранжитганида, мазкур фикрларни ёдда тутинг. Унутмангки, бу жангда ёлғиз эмассиз. Сиз Яҳованинг йўл-йўриғига амал қиляпсиз.

ЯҲОВА БИЗНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШДА ДАВОМ ЭТАДИ

15. Ишаё 54:15, 17 га биноан, нима учун Худонинг халқи ваъз қилишдан тўхтамаяпти?

15 Шайтоннинг бошқаруви остидаги бу дунёда нафратга дуч келаётганимизнинг кўпгина сабаблари бор. Масалан, қатъий бетарафликни сақлаймиз ва қўлимизга қурол олмаймиз. Худонинг исмини ваъз қиламиз, фақатгина Шоҳлик тинчлик келтиришига ишонамиз ва Унинг адолатли меъёрларига бўйсунамиз. Биз бу дунёнинг ҳокими ўтакетган ёлғончи ва қотил эканини ошкор этяпмиз. (Юҳан. 8:44) Бундан ташқари, Шайтоннинг дунёси тез орада йўқ бўлишини эълон қиляпмиз. Лекин Шайтон ва унинг тарафдорлари бизни ваъз қилишдан тўхтатишига йўл қўймаймиз. Дарҳақиқат, бунинг учун қўлимиздан келган барчасини қилиб Яҳовани шарафлашда давом этамиз. Шайтон қудратли бўлса ҳам Шоҳлик ҳақидаги хушхабар бутун дунё бўйлаб тарқалаётганига тўсқинлик қила олмаяпти. Бу фақатгина Яҳова бераётган ҳимоя туфайли амалга ошмоқда. (Ишаё 54:15, 17 ни ўқинг.)

16. Қай йўсин Яҳова буюк мусибат пайтида халқини қутқариб қолади?

16 Келажакда нималар юз беради? Буюк мусибат пайтида Яҳова иккита ажойиб йўл орқали бизни қутқаради. Биринчидан, У ер юзи шоҳларини сохта дин империяси бўлмиш Буюк Бобилни вайрон қилишга ундаган пайтда садоқатли хизматчиларини қутқаради. (Ваҳ. 17:16–18; 18:2, 4) Иккинчидан, Аллоҳ Шайтон дунёсининг қолган қисмини Армагеддонда йўқ қилиб юборганда, халқини қутқариб қолади. (Ваҳ. 7:9, 10; 16:14, 16)

17. Яҳовага хизмат қилиш бизга қандай фойда келтиради?

17 Яҳовага яқин бўлиб қолсак, Шайтон бизга абадий давом этадиган зарар етказа олмайди. Унинг ўзи абадий йўқ бўлиб кетади. (Рим. 16:20) Шу боис, барча қурол-аслаҳалардан фойдаланинг ва уларни асло ечиб ташламанг! Бу жангда ёлғиз курашишга ҳаракат қилманг. Биродару опа-сингилларингизни қўллаб-қувватланг. Тангри Яҳованинг йўл-йўриқларига амал қилинг. Шундай қилсангиз, севувчи самовий Отангиз сизни мустаҳкамлаб, ҳимоя қилишига ишончингиз комил бўлади. (Ишаё 41:10)

149- ҚЎШИҚ Ғалаба қўшиғи

^ абз. 5 Муқаддас Китобда Яҳова бизни мустаҳкамлашини ва нафақат маънавий, балки абадий давом этадиган ҳар қандай зарардан ҳам ҳимоялашини ваъда бермоқда. Ушбу мақолада қуйидаги саволларга жавоб топамиз. Нега бу ҳимояга муҳтожмиз? Яҳова бизни қай йўсин ҳимоя қилади? Бу таклиф қилинган ёрдамдан фойда олиш учун нима қилишимиз керак?