Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

14- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Оқсоқоллар, ҳаворий Павлусга тақлид қилишда давом этинг

Оқсоқоллар, ҳаворий Павлусга тақлид қилишда давом этинг

Менга тақлид қилинглар. 1 КОР. 11:1

99- ҚЎШИҚ Сон-саноқсиз Шоҳидлармиз

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. Ҳаворий Павлуснинг ўрнаги нега оқсоқолларга ёрдам бериши мумкин?

 ҲАВОРИЙ ПАВЛУС биродарларини яхши кўрган ва уларга ғамхўрлик қилиш учун жон куйдирган. (Ҳавор. 20:31) Имондошлари ҳам Павлусни қаттиқ яхши кўрган. Бир сафар Эфесдаги оқсоқоллар Павлусни бошқа кўра олмаслигини билганида «зор йиғлаган». (Ҳавор. 20:37) Шу сингари, бугунги кунда оқсоқоллар биродару опа-сингилларини қаттиқ севади ва уларга ёрдам бериш учун жонини ҳам аямайди. (Филип. 2:16, 17) Лекин гоҳида оқсоқоллар қийинчиликларга дуч келади. Хўш, бу қийинчиликларни енгишга нима ёрдам бериши мумкин?

2 Заҳматкаш оқсоқоллар Павлуснинг ўрнагига эътибор бериши мумкин. (1 Кор. 11:1) У фаришта бўлмаган. Павлус баъзида тўғри ишни қилишга қийналган номукаммал инсон бўлган. (Рим. 7:18–20) У турли қийинчиликларни енгишига тўғри келган. Аммо таслим бўлмаган ва қувончини йўқотмаган. Оқсоқоллар Павлусга тақлид қилиб, дуч келаётган қийинчиликларни енгиши ва Яҳовага қувонч ила хизмат қилиши мумкин. Қизиқ, қанақасига? Келинг, буни кўриб чиқайлик.

3. Бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

3 Ушбу мақолада оқсоқоллар дуч келаётган асосий тўртта қийинчиликка аҳамият берамиз: 1) ҳам ваъзгўйлик, ҳам бошқа вазифалар ўртасида мувозанатни сақлаш; 2) ғамхўр чўпон бўлиш; 3) ўз камчиликлари билан курашиш; 4) номукаммал одамлар билан ҳамкорлик қилиш. Бу борада Павлусга нима ёрдам берганини муҳокама қилиб, оқсоқоллар ундан қандай сабоқ олиши мумкинлигига диққат қаратамиз.

ВАЪЗГЎЙЛИК ВА БОШҚА ВАЗИФАЛАР ЎРТАСИДА МУВОЗАНАТНИ САҚЛАШ

4. Нима учун оқсоқолларга ваъзгўйлик ишида етакчилик қилиш қийин бўлиши мумкин?

4 Нега бу қийинчилик туғдириши мумкин? Ваъзгўйлик ишида етакчилик қилишдан ташқари, оқсоқолларда бошқа кўп вазифалари бор. Масалан, улар ҳафта ўртасида ўтадиган учрашувларда дастур раиси бўлади ва жамоат билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказади. Қолаверса, улар нутқлар билан чиқади. Бундан ташқари, оқсоқоллар жамоат хизматкорларига доимий равишда таълим беради ва далдага муҳтож биродару опа-сингилларни бажонидил қўллаб-қувватлайди. (1 Бутр. 5:2) Айрим оқсоқоллар Йиғилиш залларини ва ташкилотимизга тегишли бошқа биноларни қуриш ва таъмирлаш ишида қатнашади. Лекин бунга қарамай, жамоатдаги барча сингари улар ваъзгўйлик ишини ҳам муҳим деб билади. (Мат. 28:19, 20)

5. Павлус ваъзгўй сифатида қандай ўрнак қолдирган?

5 Павлуснинг ўрнаги. Филиппиликларга 1:10 дан Павлус муваффақиятли ваъзгўй бўлганининг сирини билиб олсак бўлади. У ерда шундай дейилган: «Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланглар». Павлус бу маслаҳатга ўзи амал қилган. Унга муқаддас хизмат ишониб топширилган ва ўнлаб йиллар давомида бу хизмат ҳаётида муҳим ўрин эгаллаган. Павлус «эл олдида ҳамда уйма-уй юриб» ваъз қилган. (Ҳавор. 20:20) У куннинг муайян қисмида ёки ҳафтанинг аниқ бир кунида хизмат қилиб ўзини чеклаб қўймаган. Аксинча, у ҳар бир фурсатдан фойдаланиб ваъз қилган. Мисол учун, Афинада ҳамкорларини кутаётганида, у обрўли инсонларга ваъз қилган ва улардан баъзилари ҳақиқатни қабул қилган. (Ҳавор. 17:16, 17, 34) Павлус «занжирбанд бўлганида» ҳам унинг олдига келганларга шоҳидлик берган. (Филип. 1:13, 14; Ҳавор. 28:16–24)

6. Павлус бошқаларга нима қилишни ўргатган?

6 Павлус вақтидан унумли фойдаланган. Одатда у ваъзгўйликка бошқаларни таклиф қилган. Мисол учун, биринчи ваъзгўйлик сафарида Павлус Юҳанно Маркни, иккинчисида эса Тимўтийни таклиф қилган. (Ҳавор. 12:25; 16:1–4) Шубҳасизки, Павлус уларга жамоатларни қандай ташкиллаштириш, оқсоқоллар сифатида вазифаларини бажариш ва моҳирлик ила таълим беришни ўргатган. (1 Кор. 4:17)

Павлус каби шоҳидлик беришга тайёр бўлинг (7- хатбошига қаранг.) *

7. Қандай қилиб оқсоқоллар Павлуснинг Эфесликларга 6:14, 15 даги сўзларига амал қила олади?

7 Бундан қандай сабоқ олса бўлади? Оқсоқоллар нафақат уйма-уй ваъз қилиб, балки ҳар фурсатдан унумли фойдаланиб шоҳидлик бериш орқали Павлусга тақлид қилиши мумкин. (Эфесликларга 6:14, 15 ни ўқинг.) Масалан, улар иш жойида ёки бозор-ўчар қилганида шоҳидлик берар. Ёки ташкилотимиз биноларига ғамхўрлик қилганида, атрофдагиларга ё сотувчиларга хушхабарни айтиши мумкин. Оқсоқоллар Павлус каби хизматда бошқаларга, жумладан, жамоат хизматкорларига таълим бериш учун вақт ажратади.

8. Баъзида оқсоқоллар нима қилишига тўғри келиши мумкин?

8 Оқсоқоллар ваъзгўйликда иштирок этиш учун жамоат ёки туман ишларидаги вазифалари билан ҳаддан ортиқ банд бўлмаслиги керак. Улар мувозанатли бўлиш учун баъзида айрим вазифаларини рад этишига тўғри келиши мумкин. Бу борада фикр юритиб, ибодат қилгандан кейин улар муайян вазифаларни бажарса, муҳимроқ ишлар четда қолишини англаб етар. Муҳимроқ ишларга ҳар ҳафта оилавий топиниш ўтказиш, ваъзгўйлик ишида тўлиқ қатнашиш ёки фарзандларини бунга ўргатиш киради. Баъзилар шарафли вазифаларни рад этишга қийналади, лекин улар шунга амин бўлиши мумкинки, барча нарсада мувозанатни сақлаш истагини Яҳова яхши тушунади.

ҒАМХЎР ЧЎПОН БЎЛИШ

9. Вазифалари кўп бўлган оқсоқоллар қандай қийинчиликка дуч келиши мумкин?

9 Нега бу қийинчилик туғдириши мумкин? Яҳованинг хизматчилари кўп қийинчиликларга дуч келяпти. Охирзамонда ҳаммамиз далда, тасалли ва қўллаб-қувватлашга муҳтожмиз. Гоҳида айримлар нотўғри ишга қўл урмаслик учун ёрдамга муҳтож бўлади. (1 Салон. 5:14) Албатта, оқсоқоллар Яҳованинг хизматчилари дуч келаётган ҳамма синовларни бартараф эта олмайди. Шундай бўлса-да, Яҳова оқсоқоллар Унинг қўзичоқларига далда бериб, уларни ҳимоя қилиш учун жон куйдиришини хоҳлайди. Хўш, оқсоқоллар банд бўлишига қарамай, керакли ёрдамни тақдим этиш учун қандай қилиб вақт топиши мумкин?

Бошқаларни мақтанг ва мустаҳкамланг (10-, 12- хатбошиларига қаранг.) *

10. Қай йўсин Павлус Худонинг халқига ғамхўрлик қилган? (1 Салоникаликларга 2:7)

10 Павлуснинг ўрнаги. У биродарларини мақташ ва уларга далда бериш имкониятларини излаган. Оқсоқоллар Яҳованинг халқига севги ила муомала қилиб Павлуснинг ажойиб ўрнагига тақлид қилса арзийди. (1 Салоникаликларга 2:7 ни ўқинг.) Павлус имондошларини ўз севгисига ва Яҳова уларни яхши кўришига ишонтирган. (2 Кор. 2:4; Эфес. 2:4, 5) У имондошларини дўсти деб билиб улар билан вақт ўтказган. Қолаверса, у қўрқувларию заиф томонлари ҳақида очиқчасига айтиб уларга ишонишини кўрсатган. (2 Кор. 7:5; 1 Тим. 1:15) Шу билан бирга Павлус фақат ўз муаммоларига диққат қаратмаган. Аксинча, биродарларига ёрдам беришни хоҳлаган.

11. Павлус биродару опа-сингилларига нега маслаҳат берган?

11 Баъзида Павлус биродару опа-сингилларига маслаҳат беришига тўғри келган. Лекин у буни хафа бўлгани туфайли эмас, балки имондошлари ҳақида қайғуриб, уларни турли хавфлардан ҳимоя қилишни истагани учун берган. У тушунарли тарзда маслаҳат беришга ҳаракат қилган ҳамда имондошлари уни қабул қилишини хоҳлаган. Мисол учун, Коринфликларга йўллаган мактубида Павлус жиддий маслаҳат берган. Мактубни ёзганидан кейин у Титусни уларнинг олдига юборган. Павлус имондошлари мактубини қандай қабул қилганини билишни истаган. Имондошлари маслаҳатини яхши қабул қилганини билгач, у жуда хурсанд бўлгандир. Буни бир тасаввур қилинг. (2 Кор. 7:6, 7)

12. Оқсоқоллар имондошларини қандай мустаҳкамлаши мумкин?

12 Бундан қандай сабоқ олса бўлади? Оқсоқоллар Павлуснинг ўрнагига эргашиб, имондошлари билан вақт ўтказа олади. Бунинг бир йўли, йиғилишларга эртароқ келиб, бошқалар билан далдали суҳбатлар қуришдир. Одатда, ёрдамга муҳтож бўлган биродару опа-сингилларга далда бериш учун бир неча дақиқанинг ўзи кифоя. (Рим. 1:12; Эфес. 5:16) Павлуснинг ўрнагига эргашган оқсоқол, шунингдек, Муқаддас Китобдан фойдаланиб биродару опа-сингилларга имонини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Қолаверса, уларни Худонинг севгисига ишонтиради. Бундан ташқари, у имондошларига уларни севишини айтади. Оқсоқол доим улар билан гаплашади, уларни мақташ учун фурсат излайди ва Муқаддас Китоб асосида маслаҳат беради. У биродару опа-сингиллари маслаҳатга амал қилишини хоҳлагани учун очиқ, лекин меҳр ила гапиради. (Галат. 6:1)

КАМЧИЛИКЛАР БИЛАН КУРАШИШ

13. Камчиликлари туфайли оқсоқол нималарни ҳис қилиши мумкин?

13 Нега бу қийинчилик туғдириши мумкин? Оқсоқоллар номукаммал. Шу боис, улар ҳам барча қатори хатоларга йўл қўяди. (Рим. 3:23) Баъзида улар камчиликларига нисбатан мувозанатли нуқтаи назарда бўлишга қийналиши мумкин. Гоҳида улар камчиликларига ҳаддан ортиқ эътибор қаратиб руҳи тушар. Ёки улар ўзини оқлаши, булар муҳим эмас ва ўзгаришлар киритишимга ҳожат йўқ, деб ўйлаши мумкин.

14. Павлусга заифликларини енгишга камтарлик қандай ёрдам берган? (Филиппиликларга 4:13)

14 Павлуснинг ўрнаги. Павлус ўз кучи билан заифликларига қарши кураша олмаслигини камтарлик ила тан олган. У Худонинг кучига муҳтож бўлган. Ҳақиқатга келишидан олдин Павлус қайсар бўлиб, масиҳийларни шафқатсизларча таъқиб қилган. Лекин кейинроқ у нотўғри йўл тутганини айтган ва нуқтаи назарию шахсиятини ўзгартирган. (1 Тим. 1:12–16) Яҳованинг ёрдами билан Павлус ғамхўр, меҳр-шафқатли ва камтарин чўпон бўлган. У кўплаб камчиликлари борлигини билган, аммо улар ҳақида ҳадеб ўйламаган. Аксинча, Яҳова уни кечиришига ишонган. (Рим. 7:21–25) У мукаммал бўлишини кутмаган. Павлус масиҳийларга хос шахсият устида ишлашга жон куйдирган ва хизматини тўла адо этиш учун камтарлик ила Яҳованинг ёрдамига таянган. (1 Кор. 9:27; Филиппиликларга 4:13 ни ўқинг.)

Камчиликларингизни енгиш учун жон куйдиринг (14-, 15- хатбошиларига қаранг.) *

15. Қандай қилиб оқсоқоллар камчиликларига тўғри нуқтаи назарда бўла олади?

15 Бундан қандай сабоқ олса бўлади? Биродарлар мукаммал бўлгани учун оқсоқол бўлиб тайинланмайди. Яҳова улар ўз хатоларини тан олишини ва шахсиятини яхшилашини кутади. (Эфес. 4:23, 24) Оқсоқол ўзини Худонинг Каломи асосида текшириши ва керакли ўзгаришлар қилиши керак. Шунда, Яҳова унга бахтли ва муваффақиятли бўлишга ёрдам беради. (Ёқб. 1:25)

НОМУКАММАЛ ОДАМЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ

16. Оқсоқол бошқаларнинг камчиликларига эътибор қаратаверса, нима бўлиши мумкин?

16 Нега бу қийинчилик туғдириши мумкин? Оқсоқоллар яқиндан ҳамкорлик қиладиган имондошларининг камчиликларидан хабардор бўлиши мумкин. Улар эҳтиёт бўлмаса, бундан жаҳли чиқиши, қаттиққўл бўлиб қолиши ва танқид қилиши турган гап. Павлус масиҳийларни Шайтон улар айнан шундай йўл тутишини исташи тўғрисида огоҳлантирган. (2 Кор. 2:10, 11)

17. Павлус имондошларига қандай нуқтаи назарда бўлган?

17 Павлуснинг ўрнаги. Павлус биродару опа-сингилларга тўғри нуқтаи назарда бўлган. У имондошларининг камчиликларини яхши билган, ҳатто баъзида уларнинг хатти-ҳаракатлари уни ранжитган. Лекин Павлус кимдир хато қилиб қўйгани учунгина ёмон одам бўлиб қолмаслигини яхши билган. У имондошларини севган ва диққатини уларнинг яхши томонларига қаратган. Имондошлари тўғри бўлган ишни қилишга қийналса, Павлус уларнинг нияти яхши бўлгани ва улар ёрдамга муҳтож экани ҳақида мулоҳаза юритган.

18. Павлус Эводия ва Синтихага ёрдам берганидан нимани ўрганяпсиз? (Филиппиликларга 4:1–3)

18 Келинг, Павлус Филиппидаги жамоатда хизмат қилган иккита опамизга қандай ёрдам берганига диққат қаратайлик. (Филиппиликларга 4:1–3 ни ўқинг.) Эводия ва Синтиха ўртасида келишмовчилик юз берган. Бу туфайли улар бир-биридан хафа бўлиб қолган. Павлус қўпол бўлмаган ва уларни танқид қилмаган. Аксинча, уларнинг яхши томонларига диққат қаратган. Эводия ва Синтиха Яҳовага садоқатли бўлиб кўп йиллар мобайнида хизмат қилган эди. Павлус Яҳова уларни яхши кўришини билган ва уларга ижобий нуқтаи назарда бўлгани учун ярашиб олишига ёрдам берган. Шунингдек, бошқаларнинг яхши томонларига диққат қаратгани учун у қувончини йўқотмаган ва ўша жамоатдагилар билан яқин дўст бўлиб қолган.

Бошқаларни танқид қилмасликка интилинг (19- хатбошига қаранг.) *

19. а) Қай йўсин оқсоқол имондошларига нисбатан ижобий нуқтаи назарни сақлай олади? б) Йиғилиш залини тозалаётган оқсоқолнинг мисолидан қандай сабоқ оляпсиз? (Расмга қаранг.)

19 Бундан қандай сабоқ олса бўлади? Азиз оқсоқоллар, биродару опа-сингилларингизнинг яхши тарафларига диққат қаратинг. Ҳамма номукаммал, лекин ҳар бир одамда бизга ёқадиган фазилатлар топилади. (Филип. 2:3) Тўғри, баъзида оқсоқол имондошларига бўлган нуқтаи назарини ўзгартириб туриши керак. У Павлус каби кишининг ғашига тегадиган сўзларию хатти-ҳаракатларидан кўпроғига диққат қаратиши лозим. Оқсоқол имондошининг Яҳовага бўлган севгиси, Унга сабр-бардош ила хизмат қилиб келаётгани ва яхши ишлар қилишга интилиши тўғрисида ўйласа, фойдали бўларди. Оқсоқол биродару опа-сингилларининг яхши томонларига диққат қаратса, жамоатда барча ўзини севимли ҳис қилади.

ПАВЛУСНИНГ ЎРНАГИГА ТАҚЛИД ҚИЛИШДА ДАВОМ ЭТИНГ

20. Оқсоқоллар Павлуснинг ўрнагидан кўпроқ фойда олиш учун нима қилса бўлади?

20 Оқсоқоллар, Павлуснинг ҳаётини тадқиқ қилишда давом этар экансиз, кўпроқ фойда оласиз. Мисол учун, «Худонинг Шоҳлиги тўғрисида кенг шоҳидлик берайлик» китобининг 12- боби, 17–20- хатбошиларини ўқишингиз мумкин. Павлус ҳақида билимга эга бўлганингиз сайин, ўзингиздан шундай деб сўранг: «Оқсоқол сифатида хизмат қилар эканман, Павлуснинг ўрнаги қай йўсин қувончимни сақлашга ёрдам беради?»

21. Оқсоқоллар нимада амин бўлиши мумкин?

21 Қадрдон оқсоқоллар, унутманг, Яҳова мукаммал бўлишингизни кутмайди. У садоқатли бўлишингизни истайди. (1 Кор. 4:2) Яҳова Павлуснинг оғир меҳнатидан ва садоқатидан мамнун бўлган. Худо сизнинг ҳам хизматингизни жуда қадрлайди. У «сизларнинг аввал ҳам, ҳозир ҳам муқаддас кишиларга хизмат қилиб, Унинг исмига кўрсатган севгингизни ҳамда меҳнатингизни унутмайди». (Иброн. 6:10)

87- ҚЎШИҚ Келинг, ҳаловат топинг!

^ Қадрдон оқсоқолларимиз бизни деб қилаётган меҳнати учун миннатдормиз. Бу мақолада оқсоқоллар дуч келаётган тўртта қийинчиликка эътибор қаратамиз. Оқсоқоллар ҳаворий Павлуснинг ўрнагидан уларни енгишда қандай сабоқ олиши мумкинлигини ҳам билиб оламиз. Мазкур мақола оқсоқолларга раҳм-шафқатли бўлишимизга ва ўз севгимизни кўрсатиб, уларни қўллаб-қувватлашимизга ёрдам беради.

^ РАСМЛАРГА ШАРҲ. Биродар ишдан кетаётганида, ҳамкасби билан хушхабарни бўлишяпти.

^ РАСМЛАРГА ШАРҲ. Оқсоқол ўзини бошқалардан олиб қочадиган биродарга меҳр ила гапиряпти.

^ РАСМЛАРГА ШАРҲ. Биродар хафа бўлиб қолган имондошга фойдали маслаҳат беряпти.

^ РАСМЛАРГА ШАРҲ. Оқсоқол масъулиятига жиддий ёндашмаган биродарни танқид қилмаяпти.