Ўқувчиларнинг саволлари
«Фалончи» деб айтилган киши Рутга уйланса, нега меросини «хавф остига қўйиши» ҳақида айтган? (Рут 4:1, 6)
Муқаддас Китоб ёзилган даврда инсон фарзанд кўрмай вафот этса, қуйидаги саволлар юзага келарди: «Унинг мол-мулки билан нима содир бўлади? Хонадонининг номи бутунлай ўчиб кетадими?» Мусонинг Қонуни бу саволларга жавоб топишга ёрдам беради.
Агар бирор киши ўлса ёки камбағал бўлиб қолиб, мол-мулкини сотса нима бўларди? Унинг ака-укаси ёки яқин қариндоши бўлса, у мол-мулкини сотиб олиши мумкин эди. Шунда мол-мулки бегоналарга қолиб кетмасди. (Лев. 25:23–28; Саҳ. 27:8–11)
Ўлган кишининг номи қай йўсин сақлаб қолинарди? Рутнинг вазиятида бўлганидек, ўлган эрининг акаси ёки укаси қариндошлик бурчини адо этиш орқали буни қила оларди. Борди-ю, киши бева аёлга уйланиб фарзандли бўлса, акаси ё укасининг номи сақлаб қолинарди ва мол-мулки унга мерос бўлиб ўтарди. Севги ила тузилган бу тартиб орқали бева аёлга ҳам ғамхўрлик қилинарди. (Қонун. 25:5–7; Мат. 22:23–28)
Келинг, Наиманинг мисолини олайлик. У Элималек исмли кишига турмушга чиққанди. Лекин эри ва иккита ўғли вафот этгач, унга ғамхўрлик қиладиган ҳеч қандай эркак қолмади. (Рут 1:1–5) Наима Яҳудога қайтганида, келини Рутга Боздан уларнинг мол-мулкини сотиб олишни сўрашни айтди. Чунки Боз унинг яқин қариндоши эди. (Рут 2:1, 19, 20; 3:1–4) Аммо Боз Муқаддас Китобда «фалончи» деб аталган киши ундан яқинроқ қариндош эканини билган. Шу боис, у биринчи бўлиб қариндошлик бурчини бажариш имконига эга эди. (Рут 3:9, 12, 13)
Аввалига «фалончи» уларга ёрдам бермоқчи бўлган. (Рут 4:1–4) Гарчи, у мол-мулкни харид қилиш учун пул сарфлаши кераклигини билса-да, Наима кекса бўлганини ва Элималекдан қолган мол-мулк мерос бўлиб ўтадиган болани дунёга келтира олмаслигини тушунган. Натижада, мол-мулки унга ўтишини кўзлаган ва бу яхши имконият деб хулоса қилган.
Лекин «фалончи» Рутга уйланишини билганида қароридан қайтган. У шундай деган: «Мен уни сотиб ололмайман, чунки ўз меросимни хавф остига қўйган бўламан». (Рут 4:5, 6) У нима учун фикрини ўзгартирган?
Агар фалончи ёки кимдир Рутга уйланса ва ўғилли бўлса, бу фарзанд Элималекнинг мол-мулкини мерос қилиб оларди. Унда, қай йўсин фалончи «меросини хавф остига қўйган» бўларди? Муқаддас Китобда бу ҳақда айтилмаган. Бироқ айрим сабабларини тахмин қилишимиз мумкин.
Биринчидан, ўша киши Элималекнинг мол-мулкини харид қилиш учун сарфлайдиган пулини йўқотарди. Чунки Рутнинг туғиладиган ўғли охир-оқибат унга эга бўларди.
Иккинчидан, у Наима ва Рутни таъминлаб, уларга ғамхўрлик қилиши кутиларди.
Учинчидан, Рут билан фалончи фарзандли бўлишса, унинг мол-мулки уларга ҳам тақсимлаб бериларди.
Тўртинчидан, агар фалончининг бошқа фарзанди бўлмаса, Рут дунёга келтирадиган ўғилда ҳам Элималекнинг, ҳам фалончининг мол-мулкига эга бўлиш ҳуқуқи бўларди. Фалончи вафот этса, мол-мулки унинг эмас, балки Элималекнинг номини давом эттирадиган фарзандга тегишли бўларди. Лекин фалончи Наимага ёрдам бериб, меросини хавф остига қўйишни истамади. У ундан кейин қариндошлик бурчини адо этиши мумкин бўлган кишига, яъни Бозга бу имкониятни тақдим этди. Боз «марҳумнинг мероси ўзига тегишли бўлиб қолиши ва номи... ўчиб кетмаслиги учун» ушбу бурчни адо этди. (Рут 4:10)
Кўриниб турганидек, фалончи кўпроқ ўз номини ва меросини сақлаб қолиш ҳақида ўйлаган. У худбинлик уни бошқаришига йўл қўйган. Фалончи номини сақлаб қолиш учун қанча ҳаракат қилмасин, бугунги кунда ҳатто унинг исмини ҳам билмаймиз. Шунингдек, у Боз эга бўлган шарафни, яъни Исо Масиҳнинг аждодидан бири бўлиш имкониятини қўлдан бой берган. Ҳа, фалончи худбинлик қилиб, ёрдамга муҳтож бўлганларга кўмаклашишдан бош тортгани учун ўзига ёмон қилди. (Мат. 1:5; Луқо 3:23, 32)