14- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Бундан «шогирдларим эканингизни барча билиб олади»
Орангизда меҳр-муҳаббат бўлса, сизлар менинг шогирдларим эканингизни барча билиб олади. ЮҲАН. 13:35
106- ҚЎШИҚ Севгига бурканайлик
БУ МАҚОЛАДА a
1. Йиғилишларга илк бор келадиган инсонларни нима қойил қолдиради? (Расмга ҳам қаранг.)
АЙТАЙЛИК, бир жуфтлик Яҳова Шоҳидларининг учрашувига илк бор ташриф буюради. Биродару опа-сингиллар орасидаги иноқлик ва севги уларни қойил қолдиради. Уйга қайтаётганида, рафиқаси эрига: «Биласизми, Яҳованинг Шоҳидлари умуман бошқача, улар менга ёқиб қолди»,— деб айтади.
2. Нега баъзилар Яҳовага хизмат қилмай қўйган?
2 Дарҳақиқат, орамиздаги севги бизни бошқалардан ажратиб туради. Албатта, биз ҳам номукаммалмиз. (1 Юҳан. 1:8) Шу боис, ўзаро яқинроқ танишганимиз сайин баъзи камчиликларимиз борлигини пайқармиз. (Рим. 3:23) Афсуски, айримлар бу туфайли Яҳовага хизмат қилмай қўйган.
3. Исонинг ҳақиқий издошларини нима ажратиб туради? (Юҳанно 13:34, 35)
3 Очқич оятга яна бир назар солайлик. (Юҳанно 13:34, 35 ни ўқинг.) Исонинг ҳақиқий издошларини нима ажратиб туради? Бу мукаммаллик эмас, севгидир. Эътибор берсангиз, Исо: «Менинг шогирдларим эканингизни сизлар билиб оласизлар»,— демаган, балки: «Барча билиб олади»,— деб айтган. Демак, у ҳақиқий издошларини орасидаги севги орқали нафақат жамоатдаги одамлар, балки Яҳованинг Шоҳиди бўлмаганлар ҳам билиб олишини таъкидлаган.
4. Баъзилар Исонинг ҳақиқий издошлари ҳақида нимани билишни хоҳлайди?
4 Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган баъзилар шундай ўйлаши мумкин: «Қандай қилиб севги Исонинг ҳақиқий издошларини аниқлашга ёрдам беради? Исо ҳаворийларига қай йўсин севги кўрсатган? Унга қандай тақлид қилсак бўлади?» Яҳованинг Шоҳидлари ҳам бу саволлар устида фикр юритади. Бундай қилиш, айниқса, бошқалар хато қилганда севгимизни кўпроқ намоён этишга кўмаклашади. (Эфес. 5:2)
НЕГА АЙНАН СЕВГИ ОРҚАЛИ ИСОНИНГ ҲАҚИҚИЙ ИЗДОШЛАРИНИ АНИҚЛАСА БЎЛАДИ?
5. Юҳанно 15:12, 13 даги Исонинг сўзларини тушунтиринг.
5 Исо унинг чинакам издошлари бир-бирини ўзгача севишини айтган. (Юҳанно 15:12, 13 ни ўқинг.) У шогирдларига шундай амр берган: «Мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир-бирингизни шундай севинг». Бу сўзлар нимани англатади? Исо кейинчалик бу фидойи севги эканини тушунтирган. Ҳа, айнан бу севги масиҳийларни, агар керак бўлса, бир-бири учун жонини беришга ундайди b.
6. Худонинг Каломида севги муҳим экани қандай таъкидланган?
6 Худонинг Каломида севги муҳим экани кўп марта айтилган. Масалан, аксарият кишилар қуйидаги оятларни ёқтиради: «Аллоҳнинг Ўзи севгидир». (1 Юҳан. 4:8) «Яқинингизни ўзингизни севгандай севинг». (Мат. 22:39) «Севги кўпгина гуноҳларни қоплайди». (1 Бутр. 4:8) «Севги ҳеч қачон тугамайди». (1 Кор. 13:8) Бу ва бошқа оятлардан севги намоён этиш жуда муҳим эканини билиб оляпмиз.
7. Нега Шайтон инсонларни бир-бирини севишга ва якдил бўлишга ўргата олмайди?
7 Кўплар шундай дейиши мумкин: «Ҳақ динни қандай аниқласа бўлади? Ахир, барча динлар ҳақиқатни ўргатяпмиз, деб Худо борасида турли нарсаларни ўргатади-ку». Шайтон одамларни чалкаштириш мақсадида сохта динларни яратган. Аммо у ҳеч қачон бир-бирини севадиган инсонлардан иборат умумжаҳон ташкилотни барпо эта олмайди. Бу фақат Яҳованинг қўлидан келади! Сабаби, У чинакам севгининг Манбаидир. Ҳа, Худо Ўз руҳини ва ёрдамини ато этадиган инсонлар орасидагина ҳақиқий севги ҳукм суради. (1 Юҳан. 4:7) Шунинг учун, Исо Масиҳ чинакам издошлари орасида беғараз севги бўлишини айтган.
8, 9. Яҳова Шоҳидларининг орасидаги севги кўпларга қандай таъсир қилган?
8 Исо башорат қилганидай, кўплар унинг издошларини орасидаги самимий севги орқали таниб-билади. Масалан, Ян исмли биродар уйининг олдидаги стадионда бўлиб ўтган илк анжуманини ҳали ҳам эслайди. Бир неча ой олдин у стадионга битта спорт ўйинини томоша қилишга борганди. У шундай деди: «Анжумандаги муҳит умуман бошқача эди. Яҳованинг Шоҳидлари хушмуомала бўлганди ва озода кийинганди, болалари эса ўзини яхши тутарди. Энг муҳими, улар мамнун ва хотиржам эди. Буни анчадан бери ҳис қилишни хоҳлардим. Анжуманда айтилган ҳеч бир нутқ эсимда қолмади. Лекин Яҳова Шоҳидларининг юриш-туриши менга кучли таъсир қилди» c. Ҳа, яхши хулқ-атвор ўзаро самимий севгига эга эканимизнинг натижасидир. Имондошларимизни севганимиз учун уларга меҳр ва ҳурмат кўрсатамиз.
9 Жон исмли биродаримиз ҳам илк бор йиғилишларга келганда, шу каби туйғуларни ҳис қилган. У қуйидагича бўлишди: «Биродару опа-сингилларнинг ҳар бири дўстона муносабат кўрсатгани менга қаттиқ таъсир қилди. Улар менга худди фаришталардай кўринган. Уларнинг орасидаги самимий севги ҳақ динни топганимга мени ишонтирди» d. Бу ва бошқа мисоллар Яҳованинг хизматчилари Исонинг ҳақиқий издошлари эканини исботлаяпти.
10. Айниқса қачон чинакам севгини кўрсатиш имкони пайдо бўлади? (Изоҳга ҳам қаранг.)
10 Юқорида айтилганидай, ҳаммамиз номукаммалмиз. Баъзида кимнидир гапимиз ёки ишимиз билан ранжитиб қўйишимиз ҳеч гап эмас e. (Ёқб. 3:2) Айниқса, шундай пайтларда сўзларимизу ишларимиз орқали чинакам севги кўрсатиш имкони пайдо бўлади. Хўш, бу борада Исонинг ўрнагидан қандай сабоқ олсак бўлади? (Юҳан. 13:15)
ҚАЙ ЙЎСИН ИСО ҲАВОРИЙЛАРИГА СЕВГИ КЎРСАТГАН?
11. Ёқуб ва Юҳанно нима қилишган? (Расмга ҳам қаранг.)
11 Исо издошларидан мукаммалликни кутмаган. Аксинча, улар Яҳовани мамнун қилиш учун заифликлари билан курашишига ва ўзгаришлар қилишига севги ила ёрдам берган. Бир сафар, ҳаворий Ёқуб ва Юҳанно онасига Исодан Шоҳликда уларга юқори мавқе беришини сўрашни айтишган. (Мат. 20:20, 21) Ўшанда улар мағрур бўлиб, ўзини бошқалардан юқори ҳисоблаганини кўрсатишган. (Ҳик. 16:18)
12. Ёқуб ва Юҳаннодан ташқари бошқалар ўзини қандай тутган? Тушунтиринг.
12 Ёқуб билан Юҳаннодан ташқари бошқа ҳаворийлар ҳам ўзларини нотўғри тутишган. Улар ҳақида қуйидагича ўқиймиз: «Қолган ўнта шогирд буни эшитиб, икки ака-укадан аччиқлана бошлашди». (Мат. 20:24) Улар бир-бирига қаттиқ ботадиган гапларни айтганини тасаввур қилсак бўлади. Эҳтимол, ҳаворийлар шундай дегандир: «Ўзингизни биздан яхшироқмиз деб айтмоқчимисиз? Шоҳликда юқори мавқега эга бўлишга нима ҳаққингиз бор? Ахир, биз ҳам Исо билан тер тўкиб меҳнат қиляпмиз. Бу шарафли мавқега эга бўлиш учун сизлардан кам жойимиз йўқ». Ҳаворийлар нима деганидан қатъи назар улар бир-бирига чинакам севгини намоён этишни вақтинча унутиб қўйишган.
13. Ҳаворийларнинг камчиликларига Исо қандай муносабат кўрсатган? (Матто 20:25–28)
13 Хўш, Исо нима қилган? У шогирдларидан аччиқланмаган ва уларнинг ўрнига яхшироқ, камтарроқ ва доимо бир-бирига севги кўрсатадиган ҳаворийларни излашга тушмаган. Аксинча, Исо улар билан сабрли бўлиб гаплашган. Чунки улар тўғри йўл тутишни хоҳлашини у билган. (Матто 20:25–28 ни ўқинг.) Ҳаворийлар бундан кейин ҳам ораларида ким буюк экани борасида бир неча маротаба баҳслашганига қарамай, Исо уларга севги ила муносабат кўрсатишда давом этган. (Марк 9:34; Луқо 22:24)
14. Исонинг ҳаворийлари қандай муҳитда катта бўлган?
14 Исо ҳаворийларининг келиб чиқишини инобатга олгани шубҳасиз. (Юҳан. 2:24, 25) Улар яҳудий уламою фарзийлар фақат юқори мавқега эга бўлган инсонлар муҳим аҳамиятга эга, деб ўргатган муҳитда катта бўлишган. (Мат. 23:6; «Қўриқчи минораси»нинг 2010 йил 1 апрель сонида келтирилган 16–18- саҳифаларидаги «Ибодатхона — Исо ва унинг шогирдлари ваъз қилган жой» номли мақоласи билан солиштиринг.) Яҳудий дин пешволари ҳам ўзини одил деб ҳисоблашган f. (Луқо 18:9–12) Исо бундай нуқтаи назар ҳаворийларига ҳам таъсир қилиши мумкинлигини тушунган. (Ҳик. 19:11) У шогирдлари ҳеч қачон хато қилмайди, деб ўйламаган. Улар бундай қилганда эса уларга нисбатан сабр намоён этган. Исо уларнинг қалби пок эканини билган. Шунинг учун, сабрли бўлиб, мағрурликни ва бошқалардан муҳимроқ экани ҳақидаги фикрни енгишга ва бунинг ўрнига севги намоён этишга ёрдам берган.
ҚАЙ ЙЎСИН ИСОГА ТАҚЛИД ҚИЛИШИМИЗ МУМКИН?
15. Ёқуб ва Юҳанно билан бўлган вазиятдан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
15 Ёқуб ҳамда Юҳанно билан бўлган вазиятдан кўп нарсани ўрганишимиз мумкин. Ҳа, улар Шоҳликда юқори мавқега эга бўлишни сўраб, нотўғри йўл тутишди. Лекин бошқа ҳаворийлар ҳам улардан қолишмай, бу вазият ораларидаги бирликка рахна солишига йўл қўйишди. Лекин Исо барча 12 та ҳаворийга меҳр ва севги ила муносабат кўрсатди. Бундан қандай сабоқ олсак бўлади? Бошқаларнинг фақат нима қилгани эмас, балки уларнинг камчилигию хатоларига биз қандай муносабат кўрсатаётганимиз ҳам муҳим. Бунда бизга нима ёрдам бериши мумкин? Бирор имондошимиздан ранжисак, ўзимизга қуйидаги саволларни берсак бўлади: «Нега унинг қилган иши мени шунчалик ташвишлантиряпти? Бу вазият тўғрилашим керак бўлган заиф томонимни кўрсатяптими? У қийинчиликка дуч келдимикин? Ҳатто ранжишим учун асос бор бўлса-да, хафагарчиликка кўз юмиб, беғараз севгини намоён эта оламанми?» Бошқаларга қанча кўп севги кўрсатсак, Исонинг ҳақиқий шогирдлари эканимиз шунча кўп кўринади.
16. Исонинг ўрнагидан яна нимани билиб оляпмиз?
16 Исонинг ўрнагидан имондошларимизни тушунишга интилишимиз кераклигини ҳам билиб оляпмиз. (Ҳик. 20:5) Ҳа, Исо одамнинг қалбида нима борлигини биларди. Биз эса йўқ. Бунга қарамай, имондошимиз жаҳлимизни чиқарганда унга нисбатан сабрли бўлишимиз мумкин. (Эфес. 4:1, 2; 1 Бутр. 3:8) Улар билан яқинроқ танишсак, буни қилиш осонроқ кечади. Келинг, бир мисолга назар солайлик.
17. Қай йўсин бир туман нозирига имондошимизни яхшироқ таниб-билиш фойда келтирди?
17 Шарқий Африкада хизмат қилган туман нозири жамоатдаги бир биродарни бошида қўпол деб ҳисоблаган. Қизиқ, у қандай йўл тутган? Туман нозири шундай бўлишди: «Ўзимни ундан олиб қочишнинг ўрнига, уни яхшироқ таниб-билишга қарор қилдим». Шундай қилиб, у ўша биродар қандай муҳитда катта бўлганини ва бу бошқалар билан муносабатига қай йўсин таъсир қилганини билиб олди. Туман нозири шундай бўлишди: «Ўша биродар учун ўзгаришлар қилиш қанчалик қийин бўлганини ва бу борада муваффақиятга эришганини тушунганимда қойил қолдим. Биз у билан яқин дўстларга айландик». Ҳа, биродару опа-сингилларимизни яхшироқ тушунишга интилсак, уларга севги кўрсатишимиз анча осонроқ бўлади.
18. Агар имондошимиз бизни ранжитса ўзимизга қандай саволларни берсак бўлади? (Ҳикматлар 26:20)
18 Айтайлик, сизни ранжитган имондош билан гаплашмоқчисиз. Аввало, ўзингизга қуйидаги саволларни бериб кўринг: «Мен барча тафсилотларни биламанми? (Ҳик. 18:13) У мени атайин хафа қилишни хоҳлаганми? (Воиз 7:20) Ўзим ҳам бундай хатога йўл қўйганманми? (Воиз 7:21, 22) У билан гаплашсам, вазият янада баттарлашмайдими?» (Ҳикматлар 26:20 ни ўқинг.) Шунга ўхшаш саволлар устида мулоҳаза юритсак, имондошимизга бўлган севги бу вазиятга кўз юмишга бизни ундар.
19. Нима қилишга қарорингиз қатъий?
19 Яҳованинг Шоҳидлари Исонинг ҳақиқий издошлари эканини кўрсатяпти. Ҳар биримиз биродару опа-сингилларимизга номукаммалликларига қарамай, беғараз севгини намоён этиб буни тасдиқлаяпмиз. Қолаверса, бу бошқаларга ҳақ динни аниқлашга ва севги Худоси бўлмиш Яҳовага топинишга ёрдам беряпти. Азизлар, севги кўрсатишда давом этиш қарорингиз қатъий бўлсин! Зеро, Исонинг чинакам издошлари эканимиз айнан бу орқали аниқланади.
17- ҚЎШИҚ «Албатта истайман!»
a Кўплар орамиздаги самимий севгини кўриб, Яҳова ҳамда Унинг Каломи ҳақида билиб олишни истайди. Аммо биз номукаммалмиз, шунинг учун баъзида биродару опа-сингилларга бўлган севгимизни намоён этиш қийин бўлиши мумкин. Келинг, севги нега шунчалик муҳим эканини ва бошқалар хато қилганда қай йўсин Исога тақлид қилишимиз мумкинлигини билиб олайлик.
c «Қўриқчи минораси»нинг 2012 йил 1 ноябрь (рус) сонида келтирилган 13-, 14- саҳифаларидаги «Ниҳоят, ҳаётим мазмунга тўлди!» мақоласига қаранг.
d «Қўриқчи минораси»нинг 2012 йил 1 май (рус) сонида келтирилган 18-, 19- саҳифаларидаги «Ҳаётим яхшидай туюлган» мақоласига қаранг.
e Ушбу мақолада 1 Коринфликларга 6:9, 10 да оқсоқоллар кўриб чиқиши керак бўлган жиддий гуноҳлар ҳақида айтилмаган.
f Вақт ўтгач, битта раввин шундай деган: «Бу дунёда Иброҳим пайғамбарга ўхшаш камида ўттизта киши бор. Агар улар ўттизта бўлса, ўғлим ва мен улар қаторидамиз; ўнта бўлса, ўғлим ва мен улар қаторидамиз; бешта бўлса, ўғлим ва мен улар қаторидамиз; иккита бўлса, бу ўғлим ва мен бўламиз; агар битта бўлса, фақат мен бўламан».