13- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Ижодлар ёрдамида фарзандингизга Яҳова ҳақида таълим беринг
Буларнинг барини ким яратган? ИШАЁ 40:26
11- ҚЎШИҚ Бор мавжудот Аллоҳни улуғламоқда
БУ МАҚОЛАДА a
1. Ота-оналар фарзанди нима қилишини хоҳлайди?
АЗИЗ ОТА-ОНАЛАР, фарзандларингиз Яҳовани таниб-билишини ва Уни яхши кўришини истайсиз. Лекин биламизки, Худо кўринмас Шахс. Унда болангиз У мавжуд Шахс эканига ишонишига ва Унга яқинлашишига қандай ёрдам бера оласиз? (Ёқб. 4:8)
2. Қай йўсин ота-оналар фарзандларига Яҳованинг фазилатлари ҳақида таълим бера олади?
2 Фарзандларга Яҳовага яқинлашишга ёрдам беришнинг муҳим йўли: улар билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш. (2 Тим. 3:14–17) Бироқ Аллоҳнинг Каломида ёшлар бошқа йўл орқали ҳам Яҳовани таниб-билишлари мумкинлиги ҳақида айтилган. Ҳикматлар китобида ота ўғлига ижодларда намоён бўлаётган Яҳованинг фазилатларини назаридан қочирмасликни эслатган бўлса керак. (Ҳик. 3:19–21) Қай йўсин ота-оналар ижодлар ёрдамида фарзандларига Яҳованинг шахсиятини яхшироқ таниб-билишга ёрдам бера олади? Келинг, бунинг баъзи йўлларини кўриб чиқайлик.
ҚАЙ ЙЎСИН ИЖОДЛАР ОРҚАЛИ ФАРЗАНДИНГИЗГА ТАЪЛИМ БЕРА ОЛАСИЗ?
3. Ота-оналар болаларига нима қилишда ёрдам бериши керак?
3 Муқаддас Китобдан Худонинг «кўзга кўринмас фазилатлари... дунё яратилганидан буён очиқ кўриниб турганини» билиб оляпмиз. (Рим. 1:20) Ота-оналар, болажонларингиз билан табиат қўйнида вақт ўтказиш сиз учун ёқимли экани шубҳасиз. Бундай имкониятдан фойдаланиб, уларга ижодлар ва Яҳованинг ажойиб фазилатлари ўртасидаги боғлиқликни кўришга кўмаклашинг. Келинг, ота-оналар Исо таълим берган усуллардан қандай сабоқ олиши мумкинлигини кўриб чиқайлик.
4. Қай йўсин Исо ижодлар орқали шогирдларига таълим берган? (Луқо 12:24, 27–30)
4 Исо ижодлар ёрдамида қандай таълим берганига диққат қаратинг. Бир сафар у шогирдларига қарғалар ва лолаларга назар солишни айтган. (Луқо 12:24, 27–30 ни ўқинг.) У бошқа жонзотга ёки ўсимликка диққат қаратиши мумкин эди. Лекин у айнан шогирдларига яхши таниш бўлган қушни ва гулни танлаган. Эҳтимол, унинг шогирдлари атрофларида учиб юрган қарғаларни ва далада ўсаётган гулларни кўришган. Исо гапираётиб, ушбу ижодларга ишора қилаётганини бир тасаввур қилинг. Бундан кейин у нима қилди? Исо шогирдларига Отасининг сахийлиги ва меҳрибонлиги борасида муҳим сабоқ олишга кўмаклашган. Яҳова қарғаларни тўйдириб, даладаги лолаларни чиройли кийинтирганидай, садоқатли хизматчиларига ҳам ғамхўрлик қилади.
5. Ота-оналар Яҳова ҳақида таълим бераётиб, қайси ижодларни мисол сифатида келтириши мумкин?
5 Ота-оналар, болангизга Исо каби таълим бера оласизми? Масалан, сиз ёқтирадиган жонивор ёки гул ҳақида айтиб, нега айнан у сизга ёқишини тушунтирарсиз. Бундай қилаётиб, бу Яҳова ҳақида нималарни очиб бераётганини айтинг. Кейин эса у қайси жониворни ёки ўсимликни хуш кўришини сўрарсиз. Агар болангизга ёқадиган ижодларнинг бирон жиҳати борасида суҳбатлашсангиз, Яҳова ҳақида таълим берганингизда у сизни диққатлироқ тинглашининг эҳтимоли кўпроқ.
6. Кристофернинг онасидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
6 Ота-оналар ижодлар ёрдамида Яҳова ҳақида таълим беришдан аввал бирон жонивор ёки ўсимлик борасида тадқиқ ўтказиш учун кўп вақт ажратиши керакми? Бунинг ҳожати йўқ. Исо қарғалар қандай овқатланиши ёки лолалар қай йўсин ўсиши борасида узун маъруза ўқимаган. Албатта, фарзандларимиз табиатдаги нарсалар борасида кўпроқ маълумотга эга бўлишни ёқтиради. Лекин муайян фикрни тушуниш учун баъзида биргина саволимиз ёки гапимиз етарли бўлади. Кристофер исмли биродаримиз ёшлигини эслаб шундай бўлишди: «Онам ижодларга бўлган миннатдорчилигимизни ошириш учун содда гапирардилар. Масалан, тоққа борганимизда онам: “Қаранг, қандай баланд ва чиройли тоғлар. Бундан Яҳова ажойиб Худо экани кўринятими?” — деб сўрар эдилар. Ёки денгиз ёнидан ўтиб кетаётганимизда: “Тўлқинларга бир қаранг! Худо ростдан ҳам қудратли-а?!” — деб айтардилар. Онамнинг оддий, аммо мазмунга бой гаплари бизни фикр юритишга ундарди».
7. Қай йўсин болангизни ижодлар ҳақида фикр юритишга ўргата оласиз?
7 Болангиз улғайгани сайин ижодлар ҳақида кўпроқ фикр билдириб, Яҳованинг шахсияти тўғрисида таълим берсангиз бўлади. Масалан, бирон ижоди борасида айтиб, болангизга: «Бундан Яҳова ҳақида нималарни билиб оляпсан?» — деб савол беришингиз мумкин. Унинг фикр-мулоҳазаларидан ҳайрон қолишингиз ҳеч гап эмас. (Мат. 21:16)
ФАРЗАНДИНГИЗГА ИЖОДЛАР ҲАҚИДА ҚАЧОН ТАЪЛИМ БЕРА ОЛАСИЗ?
8. Исроиллик ота-оналар «йўлда» кетаётганда қандай имкониятга эга эди?
8 Исроиллик ота-оналар «йўлда» кетаётганда ҳам болаларига Яҳованинг қонунлари ҳақида таълим бериши лозим эди. (Қонун. 11:19) Йўллар қишлоқлар аро ўтгани учун турли-туман ҳайвонлар, қушлар ва гулларни кўриш мумкин эди. Оилалар бирга йўлда кетаётганида, ота-оналарда фарзандларининг ижодларга бўлган қизиқишини ошириш имкони бор эди. Шу каби сизда ҳам фарзандингизга ижодлар борасида таълим бериш имконияти бўлиши мумкин. Келинг, баъзи ота-оналар буни қандай уддалаганини билиб олайлик.
9. Пунита ва Катянинг мисолидан қандай сабоқ олишингиз мумкин?
9 Пунита исмли опамиз Ҳиндистонда катта шаҳарда яшайди. У шундай деди: «Оиламиз билан шаҳар ташқарисига борганимизда, болаларимизга Яҳованинг бетакрор ижодлари ҳақида таълим беришга ҳаракат қиламиз. Менимча, улар шаҳардаги серқатнов ва тирбанд кўчалардан узоқроқ жойда Худо яратган нарсалар ҳақида кўпроқ фикр юрита олади». Қадрдон ота-оналар, фарзандингиз сиз билан чиройли жойда вақт ўтказганини ҳеч қачон унутмайди. Молдавиядаги Катя қуйидагича бўлишди: «Болалигимда шаҳар ташқарисида ота-онам билан ўтказган дамлар ўчмас из қолдирган. Мени тўхтаб Яҳова яратган нарсаларни кузатишга ўргатишгани учун миннатдорман».
10. Шаҳардан ташқарига чиқишнинг имкони бўлмаган ота-оналар нима қила олади? (« Ота-оналар учун ёрдам» номли рамкага қаранг.)
10 Борди-ю, шаҳардан ташқарига чиқишнинг имкони бўлмаса-чи? Ҳиндистонда яшовчи Амол исмли биродаримиз шундай деди: «Мен яшайдиган жойда ота-оналар кўп ишлайди ва шаҳар ташқарисида саёҳат қилиш жуда қиммат бўлиши мумкин. Аммо кичкина боғларда ёки уйнинг балконида ижодларни томоша қилиб, Яҳованинг фазилатлари ҳақида гаплашиш мумкин». Диққатли бўлсангиз, уйингизнинг олдида фарзандингизга кўрсатиш мумкин бўлган кўплаб ижодларни топа оласиз. (Заб. 104:24) Бу эҳтимол, қушлар, ўсимликлар ва ҳоказолар бўлиши мумкин. Германиядан бўлган Карина қуйидагича бўлишди: «Онам гулларни жуда яхши кўради. Кичкиналигимда ҳар сафар сайр қилиб юрганимизда, чиройли гулларни томоша қилардик». Ота-оналар, ташкилотимиз фарзандни тарбиялашда асқатадиган ижодлар борасида тақдим этаётган видео ва адабиётлардан фойдалансангиз бўлади. Ҳа, шароитингиз қандай бўлишидан қатъи назар уларга яратилган нарсаларни диққат билан кузатишга ёрдам бера оласиз. Энди, келинг, болангизга ўргатишингиз мумкин бўлган Яҳованинг баъзи фазилатларини кўриб чиқайлик.
ЯҲОВАНИНГ «КЎЗГА КЎРИНМАС ФАЗИЛАТЛАРИ» ОЧИҚ КЎРИНИБ ТУРИБДИ
11. Қандай қилиб ота-она болаларига Яҳованинг севгиси ҳақида таълим бера олади?
11 Фарзандингизга Яҳованинг севгиси ҳақида билиб олишга кўмаклашиш учун кўпгина жониворлар болаларига меҳр билан ғамхўрлик қилишига диққат қаратсангиз бўлади. (Мат. 23:37) Шунингдек, ижодлар қанчалик бир-биридан фарқ қилишини ҳам таъкидласангиз бўлади. Юқорида тилга олинган Карина шундай деди: «Айланганимизда, онам мени бироз тўхтаб, ҳар бир гул ноёб экани ва улар орқали Яҳованинг севгиси намоён бўлаётгани ҳақида ўйлашга чорлардилар. Йиллар ўтгач, гуллар ранги ва тузилиши билан бир-биридан фарқ қилишини диққат ила кузатадиган бўлдим. Уларга қараб, Яҳова бизни жуда яхши кўришини ўзимга эслатаман».
12. Қай йўсин ота-она фарзандига Яҳованинг донолиги ҳақида таълим бера олади? (Забур 139:14) (Расмга ҳам қаранг.)
12 Фарзандларингизга Худонинг донолиги ҳақида таълим беринг. Албатта, Яҳова биздан анча донороқ. (Рим. 11:33) Мисол учун, қай йўсин сувлар булутларга айланиши ва осмонда у ердан бу ерга осонликча кўчишига эътибор қаратинг. (Аюб 38:36, 37) Шунингдек, инсон танаси ажойиб тарзда яратилганини таъкидланг. (Забур 139:14 ни ўқинг.) Владимир исмли отанинг мисолини кўриб чиқайлик. У қуйидагича бўлишди: «Бир куни ўғлим велосипеддан йиқилиб жароҳат олди. Бир неча кундан кейин яраси битиб кетди. Хотиним билан унга Яҳова ҳужайраларимизни ўзини тиклаш қобилияти билан яратганини тушунтирдик ва инсон яратган нарсаларда бундай хусусият йўқлигини айтдик. Мисол учун, машина ҳалокатга учраса ўзини ўзи тузата олмайди. Бу мисол ўғлигимизга Яҳованинг донолигини яхшироқ англашга ёрдам берди».
13. Ота-она фарзандига Худонинг қудрати ҳақида қай йўсин таълим бера олади? (Ишаё 40:26)
13 Яҳова бизни кўзимизни осмонга тикиб, ҳамма юлдузларни ўз ўрнида ушлаб туришга кўмаклашадиган қудрати ҳақида фикр юритишга ундаяпти. (Ишаё 40:26 ни ўқинг.) Фарзандингизни ҳам осмонга қараб, кўрганлари ҳақида мулоҳаза юритишга чорланг. Тайвандаги Тинтин опамиз болалигини эслаб, қуйидагиларни айтиб берди: «Бир сафар онам билан шаҳар ташқарисига айланишга бордик. Кечки пайт осмондаги кўпгина юлдузларни кўра олдик, чунки шаҳардаги чироқлар бизга халақит бермасди. Ўша пайтларда синфдошларим менга босим ўтказаётганди. Мен Яҳовага садоқат ила хизмат қила оламанми, деб ташвишланаётгандим. Онам Яҳова барча юлдузларни яратгани учун қудратли экани ҳақида ўйлашга ундади. Худо бу кучидан фойдаланиб менга ҳам ҳар қандай синовни енгишга ёрдам беришини эслатди. Ўша саёҳатда ижодларни кузатгач, Яҳовани яхшироқ таниб-билишни мақсад қилдим ва Унга хизмат қилиш қарорим мустаҳкамланди».
14. Қай йўсин ота-она боласига Яҳова бахтиёр Тангри эканини кўришга ёрдам бера олади?
14 Яҳова бахтиёр Тангри ва биз ҳам бахтли бўлишимизни хоҳлайди. Олимлар аксарият ҳайвонлар, жумладан, қушлару балиқлар ўйнашни яхши кўришига эътибор беришди. (Аюб 40:20) Болангиз ҳайвонлар ўйнаётганини томоша қилиб кулганига ҳеч кўзингиз тушганми? Эҳтимол, у мушукча копток ортидан югурганини ёки кучукчалар бир-бири билан ўйнаганини кўргандир. Кейинги сафар фарзандингиз ҳайвонларнинг кулгили қилиқларини кўриб табассум қилганида, биз бахтиёр Тангрига хизмат қилаётганимизни унга эслатинг. (1 Тим. 1:11)
ОИЛАНГИЗ БИЛАН БИРГА ИЖОДЛАРДАН ЗАВҚЛАНИНГ
15. Ота-онага боласининг фикрларини билиб олишга нима ёрдам бериши мумкин? (Ҳикматлар 20:5) (Расмга ҳам қаранг.)
15 Баъзида ота-она болаларининг муаммолари ҳақида улар билан гаплашишга қийналади. Сиз ҳам бунга дуч келсангиз, уларнинг фикрларини ташқарига чиқаришингиз керакдир. (Ҳикматлар 20:5 ни ўқинг.) Айрим ота-оналар буни табиат қўйнида қилиш осонроқ эканига эътибор беришди. Нега? Бунинг бир сабаби, у ерда ота-онани ва болани чалғитадиган нарсалар камроқ. Тайвандаги Масахико исмли биродар бунинг яна бир сабаби ҳақида шундай деди: «Оиламиз билан бирга табиатда вақт ўтказганда, масалан, тоғда ёки соҳилда айланганда, одатда болаларимиз ўзини эркинроқ ҳис қилади. Шунда улар бизга ичидагиларини бемалол айтишади ва биз уларнинг фикрларини билиб оламиз». Юқорида тилга олинган Катя шундай бўлишди: «Одатда мактабдан кейин онам билан бирга чиройли боққа борардик. У ерда ўзимни эркинроқ ҳис қилардим ва мактабда нималар бўлганини ёки ташвишларимни онам билан бўлишардим».
16. Оила аъзолар Яҳованинг ижодларидан завқ олиб, бирга ҳордиқ чиқариши ҳақида нима деса бўлади?
16 Оила аъзолар Яҳованинг ижодларидан завқ олиб, бирга маза қилиб ҳордиқ чиқариши мумкин. Бу эса ўз навбатида оиладаги муносабатларни янада қалинлаштиради. Муқаддас Китобда: «Кулишнинг ҳам... рақсга тушишнинг ҳам ўз вақти бор»,— деб айтилган. (Воиз 3:1, 4) Яҳова яратган гўзал жойларда ёқтирадиган ишларимиз билан шуғуллана оламиз. Кўп оилалар табиат қўйнида, шаҳар ташқарисида, тоғларда ёки соҳилда бирга вақт ўтказишни ёқтиради. Айрим болалар эса боғларда ўйнаб, югуриб юришни, ҳайвонларни кузатишни ёки дарёда, кўлда ё денгизда сузишни хуш кўради. Ҳа, Яҳова яратган нарсалардан завқ олиш учун кўплаб имкониятларимиз бор.
17. Нега ота-она фарзандига ижодлардан завқланишга ёрдам бериши керак?
17 Янги дунёда ота-оналар ва фарзандлар Яҳованинг ижодларидан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ завқланади. Ўшанда биз ҳайвонлардан, ҳайвонлар эса биздан қўрқмайди. (Ишаё 11:6–9) Яҳова яратган нарсалардан абадий завқланамиз. (Заб. 22:26) Азиз ота-оналар, ҳозирнинг ўзида фарзандингизга ижодлардан завқланишга кўмаклашинг. Шу йўсин, улар Яҳова ҳақида билиб олишади ва шоҳ Довуднинг қуйидаги сўзларига қўшилишади: «Эй Яҳова,.. Сеникига ўхшаш ишлар... йўқ». (Заб. 86:8)
134- ҚЎШИҚ Фарзандлар — Яҳовадан меросдир
a Кўп биродару опа-сингилларимиз ота-оналари уларга ижодлардан завқ олишга ёрдам берганини яхши эслайди. Ота-оналари табиатдаги нарсалар орқали Яҳованинг фазилатлари ҳақида таълим берганини улар ҳечам унутмайди. Агар сизнинг ҳам фарзандингиз бўлса, қай йўсин ижодлар орқали Яҳованинг фазилатлари борасида таълим бера оласиз? Ушбу мақолада бу саволга жавоб топамиз.