Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

10- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Нега сувга чўмиш зарур?

Нега сувга чўмиш зарур?

Ҳар бирингиз... сувга чўминглар. ҲАВОР. 2:38

34- ҚЎШИҚ Бенуқсон бўлиб юринг

БУ МАҚОЛАДА a

1, 2. Инсон сувга чўмганида нималар бўлади ва бу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

 ҚАЧОНДИР сувга чўмувчиларни кўрганмисиз? Сувга чўмишдан олдин иккита саволга жавоб беришганида, уларнинг овозидаги ҳаяжонни сезгандирсиз. Оила аъзолари ва дўстлари улардан фахрланаётганини кўргандирсиз. Сувга чўмишганида гулдурос қарсакларнинг ҳамда уларнинг юзидаги қувончнинг гувоҳи бўлгандирсиз. Ҳар ҳафта ўртача ҳисобда минглаб инсонлар ўзини Яҳовага бағишлаб, бунинг рамзи сифатида сувга чўмади.

2 Сиз ҳақингизда-чи, нима деса бўлади? Агар сувга чўмиш ниятингиз бўлса, «Яҳовани излаётган» инсон сифатида бу ёвуз дунёда ажралиб турганингиз аниқ. (Заб. 14:1, 2) Ушбу мақола ёшингиз нечада бўлишидан қатъи назар сиз учун ёзилган. Бироқ сувга чўмганлар ҳам уни ўқиб, Яҳовага тоабад хизмат қилиш қарорини мустаҳкамлай олади. Келинг, Яҳовага хизмат қилишни хоҳлаётганимизнинг кўпгина сабабларидан учтасига назар солайлик.

СИЗ ҲАҚИҚАТНИ ВА ТЎҒРИ ЙЎЛ ТУТИШНИ ЯХШИ КЎРАСИЗ

Шайтон минглаб йиллардан бери Худонинг исмига доғ тушириб келяпти (3-, 4- хатбошиларига қаранг.)

3. Нима учун Яҳованинг хизматчилари ҳақиқатни ва тўғри йўл тутишни яхши кўради? (Забур 119:128, 163)

3 Яҳова халқига ҳақиқатни «севишни» амр этган. (Закр. 8:19) Исо ҳам шогирдларини адолат пайида бўлишга ундаган. (Мат. 5:6) Бошқача қилиб айтганда, улар Яҳованинг назарида тўғри, яхши ва пок бўлган ишларни қилиши керак. Сиз-чи, ҳақиқатни ва тўғри йўл тутишни яхши кўрасизми? Аминмизки, яхши кўрасиз. Сиз ёлғондан, ёмон ва ёвуз ишлардан нафратланасиз. (Забур 119:128, 163 ни ўқинг.) Ёлғончилар бу дунёнинг ҳукмдори Шайтонга тақлид қилган бўлади. (Юҳан. 8:44; 12:31) Шайтоннинг мақсадларидан бири Худонинг муқаддас исмини булғашдир. Шайтон Адан боғидаги қўзғолондан бери Аллоҳ ҳақида ёлғон тарқатяпти. У Яҳовани одамларга яхшиликни раво кўрмайдиган, худбин ва адолатсиз Бошқарувчи сифатида кўрсатмоқчи. (Ибт. 3:1, 4, 5) Шайтон Яҳова ҳақидаги ёлғонлар билан инсонларнинг қалбу онгини заҳарлашда давом этяпти. Инсонлар ҳақиқатни рад этганида, Шайтон уларни ёмон ва нотўғри ишларга етаклаши мумкин. (Рим. 1:25–31)

4. Яҳова «ҳақиқат Тангриси» эканини қандай исботлаган? (Расмга ҳам қаранг.)

4 Яҳова «ҳақиқат Тангриси» ва Уни севадиган инсонларга сахийлик билан таълим беряпти. (Заб. 31:5) Бу орқали Худо уларга Шайтоннинг ноғорасига бошқа ўйнамасликка ёрдам беради. Бундан ташқари, У хизматчиларини ҳалол ва ростгўй бўлишга ўргатяпти. Бу уларга ўзига бўлган ҳурматни оширишга ва хотиржам бўлишга кўмаклашяпти. (Ҳик. 13:5, 6) Муқаддас Китобни тадқиқ қилар экансиз, буни ҳис қилганмисиз? Яҳованинг йўллари барча одамлар ва шахсан сиз учун энг аълоси эканини тушунганмисиз? (Заб. 77:13) Шунда Худонинг назарида тўғри йўл тутиш истагингиз пайдо бўлгандир. (Мат. 6:33) Қолаверса, ҳақиқатни ҳимоя қилишни ва Шайтон Худо ҳақида айтаётган нарсалари ғирт ёлғон эканини исботлашни истагандирсиз. Хўш, буни қандай қила оласиз?

5. Ҳақиқатни ва тўғри йўл тутишни яхши кўришингизни қандай исботлай оласиз?

5 Сиз Шайтоннинг ёлғонларини рад этиб, ҳақиқатни яхши кўраман, Яҳова олий Ҳукмдорим ва Унинг назарида тўғри ишларни қилиб яшашни истайман, деб айтишингиз мумкин. Буни қандай қила оласиз? Бунинг учун Яҳовага ибодат қилиб ўзингизни Унга бағишланг, кейин эса сувга чўминг. Ҳақиқатни ва тўғри йўл тутишни яхши кўриш истаги сувга чўмиш қарорини чиқаришга кўмаклашади.

СИЗ ИСО МАСИҲНИ ЯХШИ КЎРАСИЗ

6. Забур 45:4 га биноан, Исони яхши кўришимиз учун қандай сабаблар бор?

6 Нега Исо Масиҳни яхши кўрасиз? Забур 45:4 да (ўқинг) бунинг баъзи сабаблари келтирилган. Ҳа, Исо ҳақиқат, камтарлик ва адолатни яхши кўради. Агар сиз ҳам ҳақиқат ва адолатни яхши кўрсангиз, демак, Исо Масиҳни ҳам яхши кўрасиз. У жасорат ила ҳақиқатни гапиришдан уялмагани борасида бир ўйлаб кўринг. (Юҳан. 18:37) Қай йўсин Исо камтарликни намоён этяпти?

7. Исо камтарин экани сизга қандай таъсир қиляпти?

7 Исо камтарин бўлиб, бизни ҳам шундай йўл тутишга ундаяпти. Масалан, бутун шон-шарафни ўзига эмас, Отасига қаратяпти. (Марк 10:17, 18; Юҳан. 5:19) Хўш, у камтарин бўлгани сизга қандай таъсир қиляпти? Шубҳасизки, бу сизни Исони яхши кўриб, изидан юришга ундаяпти. Қизиқ, нега у камтар? Сабаби, у камтар Отасини яхши кўради ва Унга тақлид қилади. (Заб. 18:35; Иброн. 1:3) Исо билан дўстона муносабатларни ривожлантиришни хоҳлармидингиз? Зеро, у Яҳованинг фазилатларини мукаммал тарзда акс эттиряпти.

8. Нима учун Исо Шоҳимиз эканидан бахтиёрмиз?

8 Исони Шоҳимиз сифатида жуда яхши кўрамиз, чунки у ҳар жиҳатдан баркамол. Яҳова Ўғлига таълим бериб, уни бошқариш учун тайинлаган. (Ишаё 50:4, 5) Исонинг фидойи севгиси борасида ҳам бир ўйлаб кўринг. (Юҳан. 13:1) У Шоҳимиз сифатида севгимизга буткул лойиқ. Исо уни яхши кўрадиганларни дўстлари деб аташини ва улар амрларига қулоқ солиб унга бўлган севгини кўрсатишларини айтган. (Юҳан. 14:15; 15:14, 15) Ҳа, Худонинг Ўғли билан дўст бўлиш катта шараф!

9. Исонинг ҳамда издошларининг сувга чўмиши ўртасида қандай ўхшашлик бор?

9 Исонинг амрларидан бири издошлари сувга чўмишидан иборат. (Мат. 28:19, 20) Унинг ўзи бунда ўрнак кўрсатган. Қайсидир маънода Исонинг сувга чўмгани издошлариникидан фарқ қилади. (« Исонинг ҳамда издошларининг сувга чўмиши ўртасида қандай фарқ бор?» номли рамкага қаранг.) Лекин ўхшаш томонлари ҳам бор. Исо сувга чўмганида, ўзини Отасининг иродасини бажаришга тақдим этган. (Иброн. 10:7) Шу каби, унинг издошлари ҳам ўзини Тангри Яҳовага бағишлаб, бунинг рамзи сифатида омма олдида сувга чўмади. Бундан буён уларнинг ҳаёти ўз хоҳиш-истакларини эмас, балки Худонинг иродасини бажаришдан иборат эканини кўрсатади. Шу йўсин, улар Исонинг ўрнагига тақлид қилган бўлади.

10. Нега Исо Масиҳни яхши кўрасиз ва бу сизни нима қилишга ундаши керак?

10 Сиз Исо Яҳованинг ягона Ўғли эканига ишонасиз ва у Шоҳимиз эканидан жуда бахтиёрсиз. Исо камтарин эканини ва мукаммал тарзда Отасига тақлид қилишини биласиз. Қолаверса, у очларни тўйдирганидан, руҳи тушкунларга тасалли берганидан ва касалларни соғайтирганидан хабардорсиз. (Мат. 14:14–21) Шунингдек, у бугунги кунда жамоатни етаклаётганининг гувоҳи бўляпсиз. (Мат. 23:10) Келажакда у Худо Шоҳлигининг Шоҳи сифатида бундан-да кўпроқ ишларни амалга оширишини биласиз. Исони севишингизни қандай кўрсата оласиз? Унинг ўрнагига эргашиб. (Юҳан. 14:21) Ўзингизни Яҳовага бағишлаш ва сувга чўмиш орқали бу йўлда илк қадамни қўясиз.

СИЗ ТАНГРИ ЯҲОВАНИ ЯХШИ КЎРАСИЗ

11. Сувга чўмишнинг энг муҳим сабаби қандай ва нега?

11 Сувга чўмишнинг энг муҳим сабаби қандай? Исо Худонинг энг муҳим амри ҳақида қуйидагича айтган: «Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз, бутун онгингиз ва бутун қувватингиз билан севинг». (Марк 12:30) Сиз ҳам бу оятда айтилганидек, Худони қаттиқ севасизми?

Бизга завқ келтираётган ва келажакда келтирадиган барча нарсаларнинг Соҳиби Яҳовадир (12-, 13- хатбошиларига қаранг.)

12. Нега Яҳовани яхши кўрасиз? (Расмга ҳам қаранг.)

12 Тангри Яҳовани яхши кўриш учун сабаблар бисёр. Масалан, У ҳаёт Манбаи ҳамда «яхши ва мукаммал ҳадяларнинг барчаси» Ундан эканини билиб олдингиз. (Заб. 36:9; Ёқб. 1:17) Чиндан ҳам бизга завқ келтираётган ҳамма нарсаларни меҳрибон, сахий Отажонимиз Яҳова тақдим этяпти.

13. Нима учун тўловни ажойиб ҳадя деб айта оламиз?

13 Тўлов Яҳованинг бизга берган энг ажойиб ҳадясидир. Нега бундай айта оламиз? Яҳова ҳамда Унинг Ўғли ўртасидаги муносабатларга эътибор беринг. Исо шундай деган: «Отам мени севади» ва «мен Отамни севаман». (Юҳан. 10:17; 14:31) Миллиардлаб йиллар мобайнида уларнинг ўртасидаги бу муносабатлар мустаҳкамланган. (Ҳик. 8:22, 23, 30) Ўғли қийналиб ўлишига йўл қўйиш Худога қаттиқ оғриқ келтирган. Яҳова бутун инсониятни, шунингдек, сизни ҳам яхши кўргани учун севикли Ўғлини қурбон қилган. Шу тариқа сиз ва бутун инсониятга абадий яшаш эшиги очилган. (Юҳан. 3:16; Галат. 2:20) Худони яхши кўришимиз учун бундан олий сабаб бўлмаса керак.

14. Қўйишингиз мумкин бўлган энг зўр мақсад қандай?

14 Яҳовани таниб-билганингиз сайин Унга бўлган севгингиз кучаяди. Албатта, Унга ҳозир ва тоабад янада кўпроқ яқинлашишни хоҳлайсиз. Бу қўлингиздан келади. Худо сизни Унинг қалбини қувонтиришга ундаяпти. (Ҳик. 23:15, 16) Буни нафақат сўзда, балки амалда қила оласиз. Ҳаёт тарзингиз билан Яҳовани чиндан ҳам севишингизни кўрсатасиз. (1 Юҳан. 5:3) Бу қўйишингиз мумкин бўлган энг зўр мақсад.

15. Худога бўлган севгингизни қандай намоён эта оласиз?

15 Яҳовага бўлган севгингизни қандай кўрсата оласиз? Авваламбор, ибодат қилиб, ўзингизни ҳақ Таолога бағишлашингиз керак. Бу ибодат ўзгача ҳисобланади. (Заб. 40:8) Кейин бунинг рамзи сифатида омма олдида сувга чўмишингиз лозим. Юқорида муҳокама қилганимиздек, сувга чўмиш ҳаётингиздаги энг бахтли ва муҳим кундир. Ўшанда ҳаётингизнинг янги саҳифаси очилади. Чунки энди сиз ўзингиз учун эмас, балки Яҳова учун яшашни бошлайсиз. (Рим. 14:8; 1 Бутр. 4:1, 2) Бу сиз учун жуда жиддий қадамдек туюлар. Ҳа, тўғри ўйлаяпсиз, бу ростдан ҳам шундай. Аммо ушбу қадамни қўйиш энг зўр ҳаётга эшик очиб беради. Қанақасига, дейсизми?

16. Забур 41:12 Яҳова Унга хизмат қилиш учун ҳаётини бағишлаганларни мукофотлашини қандай кўрсатяпти?

16 Яҳова энг сахий Шахсдир. Унга нима беришингиздан қатъи назар доим буни ортиғи билан қайтаради. (Марк 10:29, 30) Якунига етаётган бу ёвуз дунёда ҳам ҳозирнинг ўзида У сизга қизиқарли, мазмунли ва қониқарли ҳаётни ато этади. Бу бошланиши, холос. Сувга чўмиш билан бошланадиган саёҳатингиз тугамаслиги керак. Ҳа, Отамиз Яҳовага абадий хизмат қила оласиз. У билан орангиздаги севги ўсиб бораверади. Токи Яҳова бор экан, сиз ҳам абадий яшайсиз. (Забур 41:12 ни ўқинг.)

17. Ўзингизни Худога бағишлаб, сувга чўмгач нима қила оласиз ва ўрнингизга буни кимдир қила оладими?

17 Ўзингизни Худога бағишлаб, сувга чўмганда Отамизнинг назарида қимматбаҳо шарафга эга бўласиз. У сизга энг яхши ва энг бахтли онларни беради. Жавобан эса сиз еру кўкнинг Эгасига бажонидил ва садоқат ила хизмат қила оласиз. Сизнинг ўрнингизга буни ҳеч ким қила олмайди. (Аюб 1:8; 41:11; Ҳик. 27:11) Бундан яхшироқ ҳаёт бўлмаса керак! Шубҳасизки, Яҳовага бўлган севгингиз туфайли сувга чўмиш энг яхши сабабдир.

НЕГА ОРТГА СУРЯПСИЗ?

18. Ўзингизга қайси саволларни бериб кўрсангиз бўлади?

18 «Сувга чўмишга тайёрмисиз?» — деган саволга фақат ўзингиз жавоб бера оласиз. Лекин: «Нега ортга суряпсиз?» — деган савол устида мулоҳаза юритиб кўрсангиз фойдали бўлади. (Ҳавор. 8:36) Кўриб чиққан учта фикрни эслайлик. Биринчидан, сиз ҳақиқатни ва тўғри йўл тутишни яхши кўрасиз. Ўзингиздан шундай сўранг: «Ҳамма инсонлар ҳақиқатни яхши кўрадиган ва адолат пайида бўладиган пайтни кўришни истайманми?» Иккинчидан, сиз Исо Масиҳни яхши кўрасиз. Ўзингизга қуйидаги саволни беринг: «Худонинг Ўғли Шоҳим бўлишини ва унинг ўрнагига эргашишни истайманми?» Учинчидан, энг муҳими, сиз Яҳовани яхши кўрасиз. Ўзингиздан: «Яҳовага хизмат қилиб, Унинг қалбини қувонтиришни хоҳлайманми?» — деб сўраб кўринг. Агар ушбу саволларга: «Ҳа»,— деб жавоб берган бўлсангиз, унда нега сувга чўммаяпсиз? Нега буни ортга суряпсиз? (Ҳавор. 16:33)

19. Нима учун сувга чўмишга иккиланмаслигингиз керак? Мисол келтиринг. (Юҳанно 4:34)

19 Агар сувга чўмишга иккиланаётган бўлсангиз, Исонинг сўзларига диққат қаратинг. (Юҳанно 4:34 ни ўқинг.) У Отасининг иродасини бажаришни овқат билан солиштирган. Нега? Овқат бизга фойда келтиради. Исо Яҳова биздан талаб қилаётган ишлар ҳам бизга фойда келтиришини билган. Худо бизга зарар келтирадиган ишларни қилишимизни истамайди. Хўш, сувга чўмишингиз Яҳованинг иродасига кирадими? Ҳа. (Ҳавор. 2:38) Шундай экан, Унинг бу амрига амал қилиш сизга фойда келтиришига амин бўлинг. Энг мазали овқатни ейишга иккиланмас экансиз, унда нега сувга чўмишга иккиланяпсиз?

20. Кейинги мақоладан нимани билиб оламиз?

20 Нега баъзилар сувга чўмишни ортга суряпти? Кўпчилик: «Мен ҳали тайёр эмасман»,— деб айтар. Яҳовага ўзингизни бағишлаб, сувга чўмиш ҳаётингизда чиқаришингиз мумкин бўлган энг муҳим қарордир. Шунинг учун, бу ҳақда яхшилаб ўйлаб кўринг. Сувга чўмиш талабларига мос келишингиз учун вақт ҳамда ҳаракатлар талаб этилади. Аммо бу қадамни қўйишни истасангиз, қандай тайёргарлик кўра оласиз? Жавобини кейинги мақоладан билиб оламиз.

28- ҚЎШИҚ Яҳова, ким дўстинг эрур?

a Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган ҳар бир киши сувга чўмиши ўта муҳим. Бунга нима ундаши мумкин? Севги. Қизиқ, қандай севги ҳақида гап кетяпти ва кимга нисбатан? Ушбу мақолада бунга жавоб топамиз ва Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмганимизда ҳаётимиз қандай бўлишини муҳокама қиламиз.