Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

9-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

75-ҚЎШИҚ «Мен бораман! Мени юбор!»

Ўзингизни Яҳовага бағишлашга тайёрмисиз?

Ўзингизни Яҳовага бағишлашга тайёрмисиз?

Яҳованинг менга қилган яхшиликларини қандай қайтараман? (ЗАБ. 116:12)

НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?

Бу мақола ёрдамида Яҳова билан янада яқинроқ муносабатларга эга бўлишингизга кўмаклашиши ва шу тариқа ўзингизни Унга бағишлаб, сувга чўмиш истагини кучайтиришингиз мумкинлигини билиб оламиз.

1, 2. Сувга чўмишдан аввал нима қилиш керак?

 СЎНГГИ беш йил давомида миллиондан зиёд инсонлар Яҳованинг Шоҳидлари сифатида сувга чўмишди. Уларнинг кўпи биринчи асрдаги Тимўтий исмли Исонинг шогирди каби ҳақиқатни болалигиданоқ ўрганган. (2 Тим. 3:14, 15) Бошқалари улғайганида, баъзилари эса қарилигида Яҳова тўғрисида билиб олган. Муқаддас Китобни тадқиқ қилган битта аёл 97 ёшида Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмди.

2 Агар сиз ҳам Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган бўлсангиз ёки Яҳованинг Шоҳидлари бўлган ота-онангиз сизни тарбиялаётган бўлса, сувга чўмиш борасида ўйлаб кўрганмисиз? Бу зўр мақсад. Лекин сувга чўмишдан аввал ўзингизни Яҳовага бағишлашингиз лозим. Ушбу мақоладан ўзини Худога бағишлаш нимани англатишини билиб оламиз. Қолаверса, бу мақола ёрдамида, агар бу қадамларни қўйишга тайёр бўлсангиз, нега буни ортга сурмаслигингиз кераклигини тушунасиз.

БАҒИШЛАНИШ НИМА ДЕГАНИ?

3. Қадимда ўзини Яҳовага бағишлаган инсонларнинг мисолини келтиринг.

3 Муқаддас Китобдан билиб олаётганимиздай, ўзини Яҳовага бағишлаган инсон ўзгача мақсад учун ажратилганди. Исроилликлар Яҳовага бағишланган халқ эди. Лекин уларнинг айримлари Яҳовага ўзгача тарзда бағишланганди. Масалан, Ҳорун «бағишланганини кўрсатувчи муқаддас белгини», яъни олтиндан қилинган ялтироқ бир лавҳани салласига жойлаштирганди. Олтиндан қилинган бу лавҳа у ўзгача тарзда хизмат қилиши — Исроилда олий руҳоний бўлиш учун танланганини кўрсатиб турарди. (Лев. 8:9) Назр қилинган кишилар ҳам Яҳовага ўзгача тарзда бағишланган эди. «Назр қилинган» ибораси ибронийча назир сўзидан ўгирилган бўлиб, «ажратилган, бағишланган» деган маъноларга эга. Бундай кишилар Мусонинг Қонунида тилга олинган муайян амрларга бўйсуниши керак эди. (Саҳ. 6:2–8)

4. a) Ўзингизни Яҳовага бағишлаганингизда, қандай ўзгача мақсад сари интиласиз? б) «Ўзидан кечиш» нимани англатади? (Расмга ҳам қаранг.)

4 Ўзингизни Яҳовага бағишлаганингизда, Исо Масиҳнинг шогирди бўлишни ва Худонинг иродасини бажаришни ҳаётингизда энг муҳим деб билишингизни кўрсатасиз. Хўш, бағишланиш ўз ичига нимани олади? Исо шундай деган: «Кимки менинг ортимдан юришни истаса, ўзидан кечсин». (Мат. 16:24) Юнончадан «ўзидан кечсин» деб ўгирилган ибора «ўзига йўқ деб айтиш керак» деган маънони билдиради. Яҳовага бағишланган инсон сифатида Унинг иродасига зид ҳар қандай нарсага йўқ деб айтишингиз даркор. (2 Кор. 5:14, 15) Бу сиз «тана ишлари», масалан, жинсий ахлоқсизликни рад этишингизни ҳам англатади. (Галат. 5:19–21; 1 Кор. 6:18) Ушбу амрларга бўйсуниш ҳаётингизни қийинлаштирадими? Агар Яҳовани яхши кўриб, Унинг қонунларига амал қилиш манфаатингиз учун хизмат қилишига амин бўлсангиз, қийинлаштирмайди. (Заб. 119:97; Ишаё 48:17, 18) Николас исмли биродар шундай деди: «Инсон Яҳованинг меъёрларини уни хоҳлаган ишини қилишдан тўхтатаётган қамоқдаги панжара ёки, аксинча, уни хавф-хатардан ҳимоялайдиган шер қафасидаги тўсиқ деб билиши мумкин».

Яҳованинг меъёрларини сизни хоҳлаган ишни қилишдан тўхтатаётган қамоқдаги панжара ёки, аксинча, сизни хавф-хатардан ҳимоялайдиган шер қафасидаги тўсиқ деб биляпсизми? (4-хатбошига қаранг.)


5. a) Ўзингизни Яҳовага қандай бағишлай оласиз? б) Ўзини Худога бағишлаш ва сувга чўмиш нимаси билан фарқ қилади? (Расмга ҳам қаранг.)

5 Ўзингизни қай йўсин Яҳовага бағишлай оласиз? Ибодат қилиб, фақат Унга топинишингизни ва иродасини ҳаётингизда биринчи ўринга қўйишингизни ваъда қиласиз. Сўнг «Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз, бутун онгингиз ва бутун қувватингиз билан» севишда давом этишингизни ваъда қиласиз. (Марк 12:30) Ўзингизни Яҳовага бағишлаганда, У билан якка ўзингиз бўласиз. Сувга чўмганда эса, бошқалар ҳам буни кузатиб, ўзингизни Худога бағишлаганингизни кўришади. Бағишланиш жиддий ваъда ҳисобланади. Мақсадингиз бу ваъда устида туриб яшашдан иборат ва Яҳова ҳам шундай қилишингизни кутади. (Воиз 5:4, 5)

Ўзингизни Яҳовага бағишлаганда, У билан якка ўзингиз бўлиб, фақат Унга топинишни ва иродасини биринчи ўринга қўйишни ваъда қиласиз (5-хатбошига қаранг.)


БАҒИШЛАНИШНИНГ САБАБИ

6. Инсонни ўзини Яҳовага бағишлашга нима ундайди?

6 Ўзингизни Яҳовага бағишлашингизнинг асосий сабаби Уни севганингиздадир. Дарҳақиқат, севгингиз шунчаки туйғуларга асосланмайди. Бундай севги Худо ва Унинг нияти тўғрисидаги маълумотларни «аниқ англаш» натижасида кучаяди. (Колос. 1:9) Муқаддас Ёзувларни тадқиқ қилиш орқали 1) Яҳова мавжуд Шахс эканига, 2) Муқаддас Китоб илоҳий илҳом остида ёзилган Каломи эканига ва 3) иродасини амалга оширишда ташкилотидан фойдаланаётганига ишонч ҳосил қилдингиз.

7. Ўзимизни Худога бағишлашдан аввал нима қилишимиз даркор?

7 Ўзини Яҳовага бағишлаганлар Каломдаги асосий таълимотларни билиши ва Унинг меъёрларига яраша ҳаёт кечириши керак. Улар шароитига қараб эътиқодини бошқалар билан бўлишишади. (Мат. 28:19, 20) Уларнинг Яҳовага бўлган севгисию мутлақ Унга содиқ қолиш самимий истаги кучайиб боради. Сиз ҳақингизда ҳам шундай деса бўладими? Яҳовани бутун қалбингиз билан севсангиз, сиз билан тадқиқ ўтказаётган ваъзгўйни ёки ота-онангизни қувонтириш учунгина ўзингизни Худога бағишлаб, сувга чўммайсиз. Буни ҳамма ўртоқларингиз қилаётгани учун ҳам қилмайсиз.

8. Қай йўсин миннатдорчилик ўзингизни Яҳовага бағишлашга ёрдам беради? (Забур 116:12–14)

8 Яҳова сиз учун қилган барчаси ҳақида фикр юритганингизда, Ундан миннатдор бўлиб, ўзингизни Унга бағишлашни хоҳлайсиз. (Забур 116:12–14 ни ўқинг.) Муқаддас Китобда «яхши ва мукаммал ҳадяларнинг барчаси» Яҳовадан деб айтилгани тўғридир. (Ёқб. 1:17) Ҳадяларининг энг аълоси бу Ўғли, яъни Исонинг қурбонлигидир. Бу қанчалик қимматбаҳо ҳадя экани борасида бир ўйлаб кўринг! Ушбу тўлов туфайли Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлиш имконингиз бор. У сизга адабий яшаш умидини ато этди. (1 Юҳан. 4:9, 10, 19) Бағишланиш бебаҳо ҳадя бўлиб, бошқа барча баракалар учун бўлган миннатдорчилигингизни намоён этишнинг энг зўр йўлидир. (Қонун. 16:17; 2 Кор. 5:15) Бу каби миннатдорчилик «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» номли китобнинг 46-дарсидаги 4-параграфида таъкидланган. Мазкур дарсда «Худога ҳадяларингизни тақдим этинг» номли уч дақиқали видеони ҳам томоша қилсангиз бўлади.

БАҒИШЛАНИШГА ВА СУВГА ЧЎМИШГА ТАЙЁРМИСИЗ?

9. Нега киши ўзини Худога бағишлашга мажбур деб ўйламаслиги керак?

9 Ўзингизни Худога бағишлаб, сувга чўмишга тайёр эмасдай ҳис қилишингиз мумкин. Балки Яҳованинг меъёрларига бўйсуниш учун ҳаётингизга ўзгаришлар киритишингиз ёки имонингизни янада мустаҳкам қилиш учун кўпроқ вақт керакдир. (Колос. 2:6, 7) Тадқиқ ўтаётган кишиларнинг ҳаммаси ҳам бир хил ҳаракат қилмайди ва ёшлар ҳам ўша-ўша ёшда ўзини Худога бағишлаб, сувга чўммайди. Қўлингиздан нима келишини кўриб, ўзингизни бошқалар билан солиштирмасдан маънавий ҳолатингиз қандай эканини аниқлашга интилинг. (Галат. 6:4, 5)

10. Бағишланишга ва сувга чўмишга тайёр эмаслигингизни англасангиз, нима қилсангиз бўлади? (« Ҳақиқатда улғайган инсонлар учун» номли рамкага ҳам қаранг.)

10 Ҳатто ўзингизни Худога бағишлашга тайёр эмаслигингизни англасангиз ҳам бу мақсад сари интилишда давом этинг. Яҳовадан керакли ўзгаришлар қилишингизга ёрдам беришини сўранг. (Филип. 2:13; 3:16) Ишонаверинг, У ибодатларингизни эшитиб, жавоб беради. (1 Юҳан. 5:14)

НЕГА БАЪЗИЛАР БУ ҚАДАМЛАРНИ ОРТГА СУРАДИ?

11. Яҳова Унга содиқ бўлиб қолишимизга қандай ёрдам беради?

11 Ўзини Худога бағишлаб, сувга чўмишга тайёр бўлган айримлар буни ортга суради. Улар: «Жиддий гуноҳ қилиб, жамоатдан четлатилсам-чи?» — деб ўйлашар. Агар қўрқаётган бўлсангиз, «Яҳовага муносиб равишда йўл тутиб, Уни ҳар жиҳатдан мамнун қили»шингиз учун У сизга керакли барчасини беришига амин бўлинг. (Колос. 1:10) Шунингдек, У сизга тўғри йўл тутишингиз учун ҳам куч беради. Гап шундаки, Худо кўпларга тўғри йўл тутишга кўмаклашган. (1 Кор. 10:13) Бу жамоатдан четлатилганларнинг сони нисбатан кам эканининг сабабларидан бири. Яҳова хизматчиларига содиқ бўлиб қолишга кўмаклашяпти.

12. Жиддий гуноҳга қўл урмаслик учун нима қила оламиз?

12 Номукаммал ҳар бир киши нотўғри йўл тутиш васвасасига дуч келади. (Ёқб. 1:14) Лекин васвасага йўлиққанингизда, қандай йўл тутиш ўзингизга боғлиқ. Ҳақиқат шуки, қандай яшашингизни фақат ўзингиз танлай оласиз. Баъзилар эса туйғуларимизни ва қандай йўл тутишимизни назорат қила олмаслигимизни таъкидлар. Аммо бу ёлғон. Шу боис ҳатто васвасага дуч келганингизда, нотўғри йўл тутмасликни танлашингиз мумкин. Бундан ташқари, ҳар куни ибодат қилинг. Шахсий тадқиқ қилишни одат тусига айлантиринг. Йиғилишларга боринг. Эътиқодингизни бошқалар билан бўлишинг. Бундай қадамларни мунтазам қўйиш орқали бағишлов ваъдангизга яраша яшаш учун куч топа оласиз. Энг муҳими, Яҳова бундай йўл тутишингизга кўмаклашишини унутманг. (Галат. 5:16)

13. Юсуф бизга қандай ўрнак кўрсатган?

13 Васвасага дуч келишингиздан аввал қандай йўл тутмоқчи эканингиз борасида қарор чиқарсангиз, бағишловингизга мувофиқ яшаш осонроқ бўлади. Муқаддас Китобдан ҳатто номукаммал бўлишига қарамай бундай қилган бир талай инсонларнинг мисолини топишимиз мумкин. Масалан, Пўтифарнинг хотини Юсуфни қайта-қайта тўғри йўлдан урмоқчи бўлган. Бироқ у бунга қандай муносабат билдиришини олдиндан билган эди. Каломдан у «рад жавобини бериб», шундай деганини билиб оляпмиз: «Қандай қилиб мен бундай қабиҳликка қўл уриб, Худога қарши гуноҳ қиламан?!» (Ибт. 39:8–10) Демак, Юсуф ўша аёл уни васвасага солганидан аввал ҳам қандай йўл тутишини билган эди. Бу туфайли Юсуф васвасага дуч келганида тўғри йўл тутиш у учун осонроқ бўлган.

14. Васвасаларни рад этишни қай йўсин ўргана оламиз?

14 Хўш, қандай қилиб сиз ҳам Юсуф каби қатъий бўла оласиз? Агар васваса пайдо бўлса, қандай йўл тутмоқчи эканингизни ҳозирдан ҳал қилишингиз мумкин. Яҳова нафратланадиган нарсаларга дарров йўқ деб айтишни, ҳатто улар борасида ўйламасликни ўрганинг. (Заб. 97:10; 119:165) Шу йўсин, васвасага дуч келганингизда, гуноҳга қўл урмайсиз. Чунки ўшанда қандай йўл тутишни билган бўласиз. Қандай йўналишни танлаш ўз ихтиёрингизда бўлади.

15. Яҳовани «астойдил излаётган»имизни қандай кўрсата оламиз? (Ибронийларга 11:6)

15 Эҳтимол, ҳақиқатни топганингизни биларсиз ва бутун қалбингиз билан Яҳовага хизмат қилишни хоҳларсиз. Аммо барибир ўзингизни Худога бағишлаб, сувга чўмишга тайёр эмасман деб ўйлаётгандирсиз. Ундай бўлса, шоҳ Довуд каби йўл тутишингиз мумкин. Шундай деб илтижо қилсангиз бўлади: «Эй Тангри, мени ўрганиб чиқиб, юрагимни билиб ол. Мени текшириб, ташвишли ўй-фикрларимдан хабардор бўл. Қараб кўр-чи, менда ёмон бир мойиллик бормикан? Мени абадият йўлидан етакла». (Заб. 139:23, 24) Яҳова «Уни астойдил излаётганлар»га баракаларини ёғдиради. Уни астойдил излаётганингизни ўзингизни Унга бағишлаб, сувга чўмиш мақсади сари интилаётганингиз орқали кўрсатяпсиз. (Ибронийларга 11:6 ни ўқинг.)

ЯҲОВАГА ЯҚИНЛАШИШДА ДАВОМ ЭТИНГ

16, 17. Яҳова ҳақиқатда улғайган инсонларни Ўзига қандай жалб қилади? (Юҳанно 6:44)

16 Исо шогирдларига Яҳова инсонларни Ўзига жалб қилишини айтган. (Юҳанно 6:44 ни ўқинг.) Бу қанчалик ажойиб экани ва сиз учун нимани англатиши устида фикр юритинг. Яҳова Ўзига жалб қилаётган ҳар бир инсоннинг яхши бир тарафини кўряпти. Ҳа, Худо уни «ўзгача» ёки «қимматбаҳо» мулки деб биляпти. (Қонун. 7:6, изоҳ) Сиз ҳам У учун қимматбаҳосиз!

17 Айтайлик, ҳақиқатда улғайган ёш биродар ёки синглимизсиз. Ота-онангиз Яҳовага хизмат қиляпти ва ўзингизни шунчаки уларнинг кетидан юргандай ҳис қилаётгандирсиз. Аммо Муқаддас Китобда: «Аллоҳга яқинлашинглар, шунда У ҳам сизларга яқинлашади»,— деб айтилган. (Ёқб. 4:8; 1 Сол. 28:9) Сиз ташаббусни қўлга олиб, Яҳовага яқинлашсангиз, У ҳам жавобан сизга яқинлашади. Худо сизни бир гуруҳнинг қандайдир қисми деб билмайди. У ҳар бир инсонни — ҳақиқатда улғайган ҳар бир кишини ҳам Ўзига жалб қилади. Бундай киши Яҳовага яқинлашса, Ёқуб 4:8 дан билиб олганимиздай, У жавобан шунчаки қараб турмайди, У ҳам шундай қилади. (2 Салоникаликларга 2:13 ни солиштиринг.)

18. Навбатдаги мақоладан нимани билиб оламиз? (Забур 40:8)

18 Ўзингизни Яҳовага бағишлаб, сувга чўмганингизда, Исонинг нуқтаи назарини акс эттирасиз. Исо Отаси ундан сўраган ҳар бир нарсани қилишга тайёр бўлган. (Забур 40:8 ни ўқинг; Иброн. 10:7) Навбатдаги мақоладан сувга чўмганингиздан кейин ҳам Яҳовага садоқат ила хизмат қилишга нима ёрдам беришини билиб оламиз.

ҚАНДАЙ ЖАВОБ БЕРАРДИНГИЗ?

  • Яҳовага ўзини бағишлаш нима дегани?

  • Яҳовадан миннатдор бўлиш ва бағишланиш ўзаро қандай боғлиқ?

  • Жиддий гуноҳга қўл урмасликка нима ёрдам беради?

38-ҚЎШИҚ У сизни мустаҳкамлайди