Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

11-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

129-ҚЎШИҚ Чидам билан чопайлик

Руҳингиз тушганига қарамай, дош бера оласиз

Руҳингиз тушганига қарамай, дош бера оласиз

Менинг номим туфайли кўп нарсаларга дош бердинг. (ВАҲ. 2:3)

НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?

Руҳимиз тушганига қарамай, Яҳовага хизмат қилиш учун ҳаммасига қандай дош беришимиз мумкинлигини билиб оламиз.

1. Яҳованинг ташкилотига тегишли бўлганимиз учун қандай баракалардан завқланяпмиз?

 УШБУ ниҳоятда оғир охирги кунларда ташкилотимизнинг бир қисми бўлиш биз учун чиндан ҳам барака. Бу дунё остин-устун бўлаётган паллада Яҳова аҳил ва маънавий оиламиз орқали бизга кўмаклашяпти. (Заб. 133:1) У оила аъзоларимиз билан ҳам ришталаримиз янада кучли бўлишига ёрдам беряпти. (Эфес. 5:33–6:1) Ич-ичимиздан хотиржам бўлишимиз учун Худо бизга фаҳм-идрок ва донолик ато этяпти.

2. Нима қилишимиз керак ва нега?

2 Бироқ Яҳовага садоқат ила хизмат қилишимиз учун кўп тер тўкишимиз даркор. Нега деганда, гоҳида бошқаларнинг камчиликлари бизни ранжитиб туради. Бундан ташқари, хатоларга йўл қўйганимизда, айниқса, қайта-қайта ўша-ўша хатоларни қилганимизда руҳимиз тушиши ҳеч гап эмас. Дарҳақиқат, Яҳовага хизмат қилаётиб, қуйидагиларга дош беришимиз керак: 1) имондошларимиз бизни хафа қилганда, 2) турмуш ўртоғингиз сизни ранжитганда ва 3) хатоларимиз дастидан руҳимиз тушганда. Ушбу мақолада бу вазиятларнинг ҳар бирини кўриб чиқамиз. Шунингдек, Каломда тилга олинган кишилардан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

ИМОНДОШИМИЗ СИЗНИ ХАФА ҚИЛГАНДА ДОШ БЕРИНГ

3. Яҳованинг хизматчилари қандай қийинчиликка дуч келишяпти?

3 Қийинчилик. Баъзи имондошларимизнинг ғашимизни келтирадиган томонлари бор. Айримлари ҳафсаламизни пир қилар ё бизга нисбатан ўйламай ёки меҳрсиз йўл тутса руҳимиз тушар. Оқсоқоллар хатолар қилиб турар. Булар туфайли баъзилар ўзи бу Худонинг ташкилотими, деб ўйлаб қолиши мумкин. Биродару опа-сингиллар билан Худога «елкама-елка хизмат қил»ишнинг ўрнига бундай инсонлар уларни ранжитганлар билан гаплашмай ёки ҳатто йиғилишларга бормай қўйиши ҳеч гап эмас. (Заф. 3:9) Хўш, бу оқилонами? Шунга ўхшаш муаммоларни бошдан кечирган қадимдаги инсонларнинг мисолига диққат қаратайлик.

4. Ҳаворий Павлус қандай қийинчиликларга дуч келган?

4 Муқаддас Китобдаги мисол. Ҳаворий Павлус имондошлари номукаммал эканини билган. Масалан, у жамоатга қўшилганидан кўп вақт ўтмай, баъзилар у ҳақда нотўғри фикрда эди. (Ҳавор. 9:26) Кейинчалик, айримлар обрўсини тўкиш ниятида орқасидан бўлмағур гапларни тарқатган. (2 Кор. 10:10) Павлус масъулиятли биродар бошқаларни қоқинтириши мумкин бўлган нотўғри қарор чиқарганини кўрган. (Галат. 2:11, 12) Шунингдек, яқин ҳамкори Марк унинг кўнглини қолдирган. (Ҳавор. 15:37, 38) Павлус бу вазиятларнинг биронтаси туфайли уни ранжитганлар билан алоқани узиши мумкин эди. Аммо у биродару опа-сингиллари ҳақида ижобий нуқтаи назарни сақлаб, Яҳованинг хизматида фаол бўлиб қолган. Қизиқ, унга дош беришга нима ёрдам берган?

5. Павлусга имондошларидан кўнгли қолмаслигига нима ёрдам берган? (Колосаликларга 3:13, 14) (Расмга ҳам қаранг.)

5 Павлус имондошларни яхши кўрган. Унинг бошқаларга бўлган севгиси уларнинг камчиликларига эмас, яхши томонларига диққат қаратишга ёрдам берган. Бу севги у Колосаликларга 3:13, 14 да ёзганларини амалда қўллашига кўмаклашган. (Ўқинг.) Келинг, у Маркни қай йўсин кечирганига назар солайлик. Тўғри, у Павлусни биринчи ваъзгўйлик сафарида ташлаб кетган. Бироқ Павлус уни кечирган. Кейинчалик, Колосадаги жамоатга севги ила мактуб йўллаганда, у Маркни «яхшигина тасалли» берган қадрли ҳамкори сифатида тилга олган. (Колос. 4:10, 11) Римда қамоқда бўлганида, Павлус айнан Марк келиб унга ёрдам беришини айтган. (2 Тим. 4:11) Ҳа, у имондошларидан кўнгли қолишига йўл қўймаган. Павлусдан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

Павлус Барнабо ва Марк билан тортишиб қолганда, уларга кек сақламаган ва кейинчалик улар билан ҳамкорлик қилган (5-хатбошига қаранг.)


6, 7. Имондошларимизнинг камчиликларига қарамай севгимизни уларга намоён этишга нима ёрдам бериши мумкин? (1 Юҳанно 4:7)

6 Сабоқ. Яҳова имондошларимизга севги намоён этишни тўхтатмаслигимизни истайди. (1 Юҳанно 4:7 ни ўқинг.) Агар айрим масиҳийлар Худога ёқадиган бирон фазилатни намоён эта олмаётган бўлса, у принципларга амал қилмоқчи ва шунчаки ўйламай йўл тутяпти, деб хулоса қилармиз. (Ҳик. 12:18) Тангримиз садоқатли хизматчиларини камчиликларига қарамай севади. Ҳатто хатолар қилсак ҳам, У Дўстимиз бўлиб қоляпти ва биздан ғазабда эмас. (Заб. 103:9) Кечиримли Отажонимизга тақлид қилишимиз ниҳоятда муҳим! (Эфес. 4:32–5:1)

7 Унутмангки, бу дунёнинг охири яқинлашар экан, имондошларимиз билан яқин бўлиб қолишимиз зарур. Таъқиблар янада авжига чиқиши мумкин. Имонимиз туфайли бизни ҳатто қамашар. Бу юз берса, имондошларимизга ҳар қачонгидан ҳам муҳтож бўламиз. (Ҳик. 17:17) Испаниядаги Жосеф a исмли оқсоқол билан нима содир бўлганини билиб олайлик. У ва бошқа биродарлар бетарафлик учун бирга қамоқда ўтиришган. У шундай бўлишди: «Қамоқда ҳаммамиз бирга яшаганмиз ва гоҳида бир-биримизнинг ғашимизни келтирганмиз. Бундай пайтда ярашиб, бир-биримизни кечиришимиз муҳим эди. Бу бизга аҳил бўлишимизга ва бир-биримизни ҳимоя қилишга ёрдам берган. Орамизда Яҳовага хизмат қилмайдиган кишилар ҳам бўлган. Бир сафар қўлим шикастланди ва уни ишлата олмасдим. Шунда биродаримиз кийимларимни ювиб берган ва бошқа амалий томонлама менга ғамхўрлик қилган. Муҳтож бўлганимда самимий севгини ҳис қилгандим». Бошқалар билан бўлган муаммоларимизни ҳозирдан ҳал қилиш нақадар яхши!

ТУРМУШ ЎРТОҒИНГИЗ КЎНГЛИНГИЗНИ ҚОЛДИРСА, ДОШ БЕРИНГ

8. Турмуш қурганлар қандай қийинчиликка дуч келяпти?

8 Қийинчилик. Барча жуфтликларда ўзига яраша қийинчиликлар бор. Каломда оила қурганларнинг «ҳаётида янги қийинчиликлар пайдо бўл»иши аниқ айтилган. (1 Кор. 7:28) Нега? Сабаби, ҳам эр, ҳам хотин номукаммал бўлиб, турли фазилатларга эга ва баъзи нарсаларни ёқтириб, бошқаларини ёқтирмайди. Уларнинг маданияти ёки келиб чиқиши ҳар хил бўлиши мумкин. Балки тўйдан олдин кўринмаган қилиқлари уларнинг ғашига тегар. Буларнинг айримлари муаммо туғдириши мумкин. Улар бу муаммода ҳар бири айбдор эканини тан олишнинг ва уни ҳал қилиш учун чора кўришнинг ўрнига бир-бирини айблаши ҳеч гап эмас. Улар ҳатто алоҳида яшаши ёки ажрашиши керак деган фикрга боришлари мумкин. Аммо бу муаммонинг ечими бўла оладими? b Келинг, ҳатто эри қийинчилик туғдирганига қарамай, Яҳовага содиқ бўлиб қолган бир аёлнинг мисолига эътибор қаратайлик.

9. Обигайл қандай қийинчиликка дуч келган?

9 Муқаддас Китобдаги мисол. Обигайл Муқаддас Китобда қўпол ва ёвуз киши сифатида тилга олинган Навол исмли кишининг хотини эди. (1 Шоҳ. 25:3) Ҳойнаҳой, у бундай киши билан қийналиб яшаган. Обигайл никоҳига нуқта қўйиш имконини излаганми? Йўқ. У эри Исроилнинг бўлажак шоҳи Довудни ва унинг одамларини камситганида бундай имкониятга эга бўлган. (1 Шоҳ. 25:9–13) Обигайл қочиб кетиб, Довуд эрини ўлдиришига йўл қўйиши мумкин эди. Бироқ у бундай қилмай, Довудни ниятидан қайтаришга интилган. (1 Шоҳ. 25:23–27) Қизиқ, у нега бундай қилган?

10. Обигайлни никоҳдаги қийинчиликларга дош беришга нима ундаган бўлиши мумкин?

10 Обигайл Яҳовани яхши кўрган ва никоҳ борасидаги меъёрларини ҳурмат қилган. Шубҳасизки, у Худо илк никоҳга асос солганида Одамато ва Момоҳавога нима деб айтганини билган. (Ибт. 2:24) Обигайл Яҳова никоҳни муқаддас деб билишидан хабардор эди. У Аллоҳни мамнун қилишни истаган ва бу уни хонадонидагилари, жумладан, эри ҳам омон қолиши учун қўлидан келганини қилишга ундаган. У Довуд Наволни ўлдириб қўймаслиги учун зудлик билан ҳаракат қилган. Шунингдек, Обигайл нотўғри ҳеч қандай иш қилмаган бўлса ҳам кечирим сўрашга тайёр бўлган. Яҳова бу жасоратли ва беғараз аёлни яхши кўргани аниқ. Хўш, эру хотин унинг ўрнагидан нимани ўрганиши мумкин?

11. a) Яҳова турмуш ўртоқлардан нимани кутяпти? (Эфесликларга 5:33) б) Кармен никоҳини сақлаб қолиш учун қилган ҳаракатларидан нимани ўргандингиз? (Расмга ҳам қаранг.)

11 Сабоқ. Ҳатто эр ёки хотинга никоҳда бирга яшаш қийин бўлса ҳам Яҳова улар никоҳ тузумини ҳурмат қилишларини истайди. Аллоҳ эру хотин муаммоларини ҳал қилишга жон куйдираётганини ва ўзаро беғараз севги ҳамда ҳурмат кўрсатаётганини кўриб жуда мамнун бўлади. (Эфесликларга 5:33 ни ўқинг.) Карменнинг мисолини олайлик. Турмуш қурганидан деярли олти йил ўтгач, у Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқ бошлаб, кейинчалик сувга чўмган. У шундай деди: «Эримга бу ишим ёқмаган. У Яҳовани ёқтирмасди. У мени камситиб, ташлаб кетишини айтарди». Шундай бўлса ҳам Кармен никоҳини сақлаб қолди. 50 йил давомида у эрини яхши кўриб, ҳурмат қилишга жон куйдирарди. У яна шундай деди: «Йиллар ўтгани сайин фаҳм-фаросатли бўлишни ва эримга хушмуомала тарзда гапиришни ўргандим. Никоҳ Яҳованинг назарида муқаддас эканини билганим учун уни сақлаб қолиш мақсадида қўлимдан келганини қилардим. Эримни ташлаб кетмаганман, чунки Яҳовани яхши кўраман» c. Никоҳингизда қийинчиликлар пайдо бўлса, Яҳова сизни қўллаб-қувватлашига ва дош беришингизга ёрдам беришига ишонинг.

Обигайл хонадонидагиларини сақлаб қолиш учун қилган ҳаракатларидан қандай сабоқ олишингиз мумкин? (11-хатбошига қаранг.)


ХАТОЛАРИНГИЗ ДАСТИДАН РУҲИНГИЗ ТУШГАНДА, ДОШ БЕРИНГ

12. Жиддий гуноҳ қилганимизда, қандай қийинчиликка дуч келишимиз мумкин?

12 Қийинчилик. Жиддий гуноҳ қилганимизда, роса сиқилиб ўзимиздан кўнглимиз қолар. Муқаддас Китобда айтилишича, гуноҳларимиз дастидан ўзимизни «синган ва эзилган» ҳис қилишимиз ҳеч гап эмас. (Заб. 51:17) Ричард исмли биродар жамоат хизматкори бўлиш учун кўп йиллар давомида тер тўккан. Лекин у жиддий гуноҳ қилиб қўйган ва Яҳовага хиёнат қилганини тушунган. У қуйидагича деди: «Нималар қилиб қўйганимни англаганимда, виждоним мени роса қийнаган. Кейинчалик ҳатто ошқозоним оғрийдиган бўлди. Кўз ёш тўкиб, Яҳовага ибодат қилардим. Ўшанда У ибодатларимни бошқа эшитмайди, чунки кўнглини қолдирдим деб ўйлардим». Жиддий гуноҳга қўл урган бўлсак, ҳаддан ташқари сиқилгандан Яҳова биздан умидини узди деб, Унга хизмат қилмаслик ҳақида ўйлай бошлашимиз мумкин. (Заб. 38:4) Мабодо, ўзимизни шундай ҳис қилаётган бўлсак, жиддий гуноҳ қилганига қарамай, Яҳовага хизмат қилишни давом эттирган бир кишининг мисолини кўриб чиқайлик.

13. Ҳаворий Бутрус қандай жиддий гуноҳ қилган ва бунга уни нима етаклаган?

13 Муқаддас Китобдаги мисол. Исо қатл этилишидан бир кеча олдин Бутрус бир нечта хато қилган ва улар туфайли жиддий гуноҳга қўл урган. У ўзига жуда ҳам ишонган ва бошқа ҳаворийлар Исони ташлаб кетса ҳам у бундай қилмайман, деб мақтанган. (Марк 14:27–29) Кейин Гетсемания боғида у бир неча марта ҳушёр тура олмаган. (Марк 14:32, 37–41) Бир тўда одамлар келиб Исони ҳибсга олганда эса Бутрус уни қолдириб, қочиб кетган. (Марк 14:50) Охири, у Исодан уч марта тонган ва ҳатто бунда қасам ичган. (Марк 14:66–71) Хўш, у қанчалик жиддий гуноҳ қилганини тушунганда нима қилган? Ҳойнаҳой, у ўзини роса айблаб, ўзини тута олмай, аччиқ-аччиқ йиғлаган. (Марк 14:72) Кейинчалик, дўсти Исо қатл қилинганда у қанчалик азоб чекканини бир тасаввур қилинг. У ўзини роса бўлмағур инсондай ҳис қилган бўлса керак.

14. Бутрусга Яҳовага хизмат қилишда давом этишга нима ёрдам берди? (Муқовадаги расмга қаранг.)

14 Бутрус Яҳовага бир нечта сабаб туфайли хизмат қилмай қўйиши мумкин эди. У ўзини бошқалардан олиб қочмади; у имондошларнинг олдига борган ва улар унга тасалли беришган. (Луқо 24:33) Бунинг устига, ҳойнаҳой, унга далда бериш учун Исо тирилгач унга кўринган. (Луқо 24:34; 1 Кор. 15:5) Кейинчалик, Бутрусни койиб беришнинг ўрнига Исо дўстларига унга янада кўпроқ масъулият берилишини айтган. (Юҳан. 21:15–17) Бутрус жиддий гуноҳ қилганини билган, лекин тўғри йўл тутишга ҳам жон куйдирган. Негаки, Хўжайини Исо уни яхши кўришида амин бўлган. Имондошлар ҳам уни қўллаб-қувватлашда давом этган. Бутруснинг мисолидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

Юҳанно 21:15–17 га кўра, Исо Бутрусдан кўнглини узмаган, бу уни бардошли бўлишга ундаган (14-хатбошига қаранг.)


15. Яҳова нимада амин бўлишимизни истайди? (Забур 86:5; Римликларга 8:38, 39) (Расмга ҳам қаранг.)

15 Сабоқ. Яҳова У бизни севишига амин бўлишимизни ва кечиришга тайёр эканини билишимизни истайди. (Забур 86:5; Римликларга 8:38, 39 ни ўқинг.) Гуноҳ қилганимизда, айбдорликни ҳис қиламиз. Бу табиий ва ўринлидир. Бироқ Яҳова бизни севмай қўйди ёки кечирмайди деган хаёлга бормаслигимиз керак. Аксинча, зудлик билан ёрдам излашимиз даркор. Боя тилга олинган Ричард шундай деди: «Мен гуноҳ қилиб қўйдим, чунки васвасага дуч келганимда, уни ўз кучим билан енга оламан деб ўйлардим». У оқсоқоллар билан гаплашиш кераклигини тушунган. У қуйидагича деди: «Оқсоқоллар билан гаплашганимда, Яҳова мени яхши кўришини ҳис қилишимга ёрдам беришди. Улар ҳам мени яхши кўришларини сездим. Яҳова мени ташлаб қўймаганини тушунишимга ёрдам беришди». Биз ҳам Яҳова бизни ниҳоятда қаттиқ яхши кўришига ва тавба қилиб, керакли ёрдамни изласак ҳамда хатоларимизни бошқа қайтармасликка интилсак, бизни кечиришига ишонсак бўлади. (1 Юҳан. 1:8, 9) Қоқинганимизда ёки нотўғри иш қилиб қўйганимизда, бу ишонч бизни ўзимиздан кўнглимиз қолишидан асрайди.

Меҳнаткаш оқсоқоллар ёрдам беришганида ўзингизни қандай ҳис қилгансиз ёки ҳис қиласиз? (15-хатбошига қаранг.)


16. Нега Яҳовага хизмат қилишда бардошли бўлиш қарорингиз қатъий?

16 Бу оғир охирги кунларда хизмат қилиш учун қилаётган ҳаракатларимизни Яҳова ниҳоятда қадрлайди. Руҳимиз тушган бўлса ҳам, Унинг кўмаги билан ҳаммасига дош беришимиз мумкин. Имондошларимизни севишда давом этамиз ва бизни хафа қилишганида уларни кечирамиз. Никоҳдаги муаммоларни ҳал қилиш учун қўлингиздан келганини қилиш орқали Худога бўлган кучли севгингизни ва никоҳ тузумига бўлган ҳурматингизни намоён этасиз. Агар гуноҳга қўл урсак Яҳованинг кўмагини излаб, У бизни севишини ва кечирганини тан оламиз ва Унга хизмат қилишда давом этамиз. «Яхшилик қилишда таслим бўлма»сак, Яҳова қут-баракаларини ёғдиришига юз фоиз аминмиз. (Галат. 6:9)

  • Имондошимиз бизни хафа қилганда...

  • Турмуш ўртоғингиз кўнглингизни қолдирганда...

  • Хато қилганимиз дастидан руҳимиз тушганида...

ЯҲОВАГА ХИЗМАТ ҚИЛИШДА ҚАЙ ЙЎСИН ДАВОМ ЭТА ОЛАМИЗ?

139-ҚЎШИҚ Янги дунёга сайр этайлик

a Баъзи исмлар ўзгартирилган.

b Муқаддас Китобдан эру хотин алоҳида яшаши яхши эмаслигини ва бу уларнинг ҳеч бирига қайта оила қуриш ҳуқуқини бермаслигини билиб оляпмиз. Аммо баъзи масиҳийлар алоҳида яшаши учун айрим жиддий сабаблар бор. «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» номли китобидаги «Турмуш ўртоқларнинг алоҳида яшаши» номли 4-иловасига қаранг.

c Яна бир жуфтлик борасида jw.org сайтидаги «Сохта тинчликка алданиб қолманг! Дэррел ва Дебора Фрайзингер» номли видеони томоша қилинг.