Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

10-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

13-ҚЎШИҚ Масиҳ биз учун ўрнакдир

Сувга чўмгандан кейин ҳам Исо Масиҳга эргашиб юринг

Сувга чўмгандан кейин ҳам Исо Масиҳга эргашиб юринг

Кимки менинг ортимдан юришни истаса, ўзидан кечсин ва ўзининг азоб устунини кўтариб, ҳамиша менга эргашиб юрсин. (ЛУҚО 9:23)

НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?

Бу мақолада ўзимизни Яҳовага бағишлаганимиз ҳаёт тарзимизга қандай таъсир қилишини кўрамиз. У, айниқса, яқинда сувга чўмган кишиларга содиқ бўлиб қолишга қандай ёрдам беришини билиб оламиз.

1, 2. Сувга чўмганингиздан кейин ҳаётингиз қандай яхшиланади?

 СУВГА ЧЎМИБ, Яҳованинг оиласига қўшилганимизда жуда суюнамиз. Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлиш катта шараф. Сано бастакори Довуд Яҳова ҳақида айтган қуйидаги сўзларига қўшиламиз: «Ҳовлиларингда яшаши учун танлаб, Ўзингга яқинлаштирган инсон бахтлидир». (Заб. 65:4)

2 Яҳова ҳовлиларига ҳар қандай инсонни киритавермайди. Олдинги мақоладан билиб олганимиздай, Яҳова У билан яқин муносабатларга эга бўлиш истагини тасдиқлаган кишиларни танлайди. (Ёқб. 4:8) Ўзингизни Унга бағишлаб, сувга чўмганингизда, Унга ўзгача тарзда янада кўпроқ яқинлашасиз. Сувга чўмганингиздан кейин, Аллоҳ «ҳеч нарсада муҳтожлик кўрмаслигингиз учун устингизга барака ёғдир»ади. (Мал. 3:10; Ерм. 17:7, 8)

3. Бағишланиб, сувга чўмган масиҳийлар қандай жиддий масъулиятга эга? (Воиз 5:4, 5)

3 Албатта, сувга чўмиш хизматингизни бошланиши, холос. Бу қадамни қўйгач, ҳатто васвасага дуч келганда ёки имонингиз синалганда, бағишлов ваъдангизга яраша яшаш учун қўлингиздан келган энг яхшисини қилишни истайсиз. (Воиз 5:4, 5 ни ўқинг.) Исонинг шогирди сифатида унинг ўрнагига эргашиб, амрларига имкон қадар яхшироқ амал қилишга интиласиз. (Мат. 28:19, 20; 1 Бутр. 2:21) Бу мақола сизга бундай қилишга кўмаклашади.

СИНОВ ҲАМДА ВАСВАСАЛАРГА ҚАРАМАЙ ИСОГА ЭРГАШИНГ

4. Қайси маънода Исонинг шогирди «азоб устунини» кўтариб юради? (Луқо 9:23)

4 Сувга чўмганингиздан кейин ҳаётингиз муаммолардан ҳоли бўлмайди. Ҳа, Исо шогирдлари «азоб устунини кўтариб» юриши ҳақида айтганида буни таъкидлаганди. Дарҳақиқат, улар буни «ҳамиша» қилишади. (Луқо 9:23 ни ўқинг.) Хўш, Исо унинг издошлари доимо азоб чекишини айтганми? Йўқ. Аксинча, улар оладиган баракаларидан ташқари, қийинчиликларга дуч келишини айтмоқчи эди. Бу қийинчиликларнинг баъзилари жуда оғриқли бўлиши мумкин. (2 Тим. 3:12)

5. Фидойиликлар қиладиган инсонларга Исо қандай баракаларни ваъда қиляпти?

5 Балки, оила аъзоларингиз томонидан қаршиликларга дуч келгандирсиз ёки Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйиш учун муайян моддий нарсаларингиздан воз кечгандирсиз. (Мат. 6:33) Ундай бўлса, садоқат ила қилган ишларингиз Яҳованинг назаридан четда қолиб кетмаётганига амин бўлинг. (Иброн. 6:10) Исонинг қуйидаги сўзлари рост эканига ўзингиз гувоҳ бўлгандирсиз: «Мени ва хушхабарни деб уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, бола-чақа ва еру мулкини қолдирган ҳар ким ҳозирнинг ўзида, шу вақтда, қувғунлар билан бирга, 100 баробар ортиқ уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, бола-чақа ҳамда еру мулкка, келажак замонада эса абадий ҳаётга эришади». (Марк 10:29, 30) Олаётган баракаларингиз қилган ҳар қандай қурбонлигингиздан чиндан ҳам юксакроқ. (Заб. 37:4)

6. Нега сувга чўмгандан кейин ҳам «тана нафси» билан курашишда давом этишингиз керак?

6 Сувга чўмганингиздан сўнг «тана нафси» билан курашишда давом этишингизга тўғри келади. (1 Юҳан. 2:16) Чунки сиз ўша-ўша Одаматонинг гуноҳкор авлодидансиз. Гоҳида туйғуларингиз ҳаворий Павлусникига ўхшаши мумкин. У шундай деган: «Қалбимда Аллоҳнинг қонунидан завқ оламан. Танамда эса бошқа қонунни пайқаяпман. Бу қонун ақлимдаги қонунга қарши курашиб, танамдаги гуноҳнинг қонунига мени асир қиляпти». (Рим. 7:22, 23) Гуноҳкор мойилликларингиз дастидан руҳингиз тушаётгандир. Лекин бағишлов ваъдангиз устида фикр юритиш васвасага қарши курашишда қатъий бўлишингиз учун куч беради. Бу ваъда васвасаларга дуч келганингизда сизга кўмаклашади. Қанақасига?

7. Яҳовага бағишланганингиз Унга содиқ бўлиб қолишингизга қандай ёрдам беради?

7 Ўзингизни Яҳовага бағишлаганда, ўзингиздан кечгансиз. Бу сиз Яҳовага ёқмайдиган хоҳиш-истакларингизу мақсадларга йўқ деганингизни англатади. (Мат. 16:24) Демак, синовга дучор бўлганингизда, нима қилиш борасида бош қотириб ўтирмайсиз. Бундай пайтда, барча вариантлар олдида фақат битта — Яҳовага садоқатли қолишдан ташқари — эшикни аллақачон ёпиб бўлган бўласиз. Яҳовани мамнун қилиш қарорингиз қатъий бўлади. Аюб пайғамбардай бўласиз. У ниҳоятда оғир қийинчиликларга дуч келган бўлса ҳам, қатъиян: «Бенуқсонлигимдан воз кечмайман!» — деб айтган. (Аюб 27:5)

8. Бағишлов ваъдангиз устида фикр юритиш васвасага қарши туришингизга қандай кўмаклашиши мумкин?

8 Яҳовага ўзингизни бағишлаб қилган ибодатингиз устида фикр юритиш орқали ҳар қандай васвасани енгиш учун куч топа оласиз. Масалан, бошқа инсоннинг умр йўлдошига ноз-карашма қиласизми? Албатта, йўқ! Чунки Яҳовага бу кабиларни қилмасликка аллақачон ваъда бергансиз. Шу йўсин, ноўрин туйғулар чуқур илдиз отганидан кейин улар билан боғлиқ азоб-уқубатлардан ўзингизни асраган бўласиз. «Ёвузлар сўқмоғига» оёқ босмайсиз. (Ҳик. 4:14, 15)

9. Бағишлов ваъдангиз устида фикр юритиш маънавий нарсаларни биринчи ўринга қўйишингизга қандай ёрдам бера олади?

9 Борди-ю, кимдир йиғилишларга мунтазам равишда келишингизга тўсқинлик қиладиган ишни сизга таклиф қилса-чи? Ҳа, қандай йўл тутишингиз кераклигини аниқ биласиз. Бу таклифдан аввал йиғилишларга қатнашингизга тўсқинлик қиладиган ҳар қандай ишга аллақачон йўқ деб айтгансиз. Шундай экан, бу каби таклифга рози бўлайми ёки йўқми деб ўйлаб ўтирмайсиз ва кейин Яҳовани ҳам биринчи ўринга қўйиш йўлини излашга тушмайсиз. Исонинг Отасини мамнун қилиш борасидаги қатъийлиги ҳақида мулоҳаза юритиш орқали Худога маъқул келмайдиган ҳар қандай ишни дарров ва қатъиян рад этасиз. (Мат. 4:10; Юҳан. 8:29)

10. Сувга чўмганингиздан кейин ҳам Исога эргашиб юришингизга Яҳова қандай кўмаклашади?

10 Ҳақиқат шуки, синовлару васвасалар Исога эргашиш қарорингиз қанчалик қатъий эканини кўриш имконидир. Ишонаверинг, Яҳова Исога эргашиб юришингизга кўмаклашади. Каломда шундай ёзилган: «Худо... Ўз сўзига содиқдир ва дош бера олмайдиган даражада васваса қилинишингизга У йўл қўймайди. Аксинча, васваса пайтида чидай олишингиз учун иложини ҳам беради». (1 Кор. 10:13)

ИСОГА ЭРГАШИБ ЮРИШ УЧУН НИМА ҚИЛА ОЛАСИЗ?

11. Исога эргашиб юришда давом этишнинг энг аъло йўлларидан бири қандай? (Расмга ҳам қаранг.)

11 Исо Яҳовага сидқидилдан хизмат қилиб, доим ибодат қилган. (Луқо 6:12) Ҳа, сувга чўмганингиздан кейин ҳам Исога эргашиб юришнинг энг яхши йўлларидан бири Яҳовага кўпроқ яқинлашишга ҳисса қўшадиган ишлар билан банд бўлишдир. Каломда: «Нимага эришган бўлсак, келинглар, бундан буён ҳам одат тусига кирган шу тартибга биноан йўл тутайлик»,— деб айтилган. (Филип. 3:16) Гоҳида Яҳовага кўпроқ хизмат қилишни қарор қилган имондошларимиз ҳақида эшитамиз. Эҳтимол, улар Шоҳлик хабарчилари мактабида ўқигандир ёки эҳтиёж катта ҳудудларга кўчгандир. Агар шароитингиз йўл қўйса, бу сиз учун ҳам яхши мақсад. Яҳованинг хизматчилари хизматини кенгайтиришга ҳаракат қилишади. (Ҳавор. 16:9) Лекин ҳозир бундай қилиш имкониятингиз бўлмаса-чи? Улардан кам жойим бор деб ўйламанг. Энг муҳими, сабр-бардош қилиб, чидашда давом этаётганингиздир. (Мат. 10:22) Ўз қобилият ва шароитингизга қараб қилаётган ҳар бир ишингиз билан Яҳовани қувонтираётганингизни унутманг. Сувга чўмгач, Исога эргашишда давом этиш учун буни тушуниш айниқса муҳим. (Заб. 26:1)

Сувга чўмганингиздан кейин Яҳовага кўпроқ яқинлашишингизга ёрдам берадиган мақсад қўйинг (11-хатбошига қаранг.)


12, 13. Ғайратингиз сўнишни бошласа нима қила оласиз? (1 Коринфликларга 9:16, 17) (« Югуришда давом этинг» номли рамкага ҳам қаранг.)

12 Агар сидқидилдан ибодат қилмаётганингизни ёки хизмат шунчаки одатга айланиб қолганини ҳис қилсангиз-чи? Муқаддас Китобни ўқиш аввалгидай завқ келтирмаётган бўлса-чи? Унда, сувга чўмганингиздан сўнг Яҳованинг руҳидан маҳрум бўлдим деб хулоса қилманг. Унутмангки, сиз номукаммал инсонсиз ва туйғуларингиз ўзгариб туриши мумкин. Мабодо, ғайратингиз сўнишни бошласа, ҳаворий Павлуснинг мисоли борасида фикр юритинг. Гарчи у Исога тақлид қилишга интилган бўлса ҳам, баъзан қилиши керак бўлган ишни қилишни унча хоҳламаслигини билган. (1 Коринфликларга 9:16, 17 ни ўқинг.) У шундай деган: «Борди-ю, ихтиёрий равишда қилмасам ҳам бу масъулият менга ишониб топширилган». Бошқача айтганда, у ўзини қандай ҳис қилишига қарамай хизматини адо этишга қатъий қарор қилган.

13 Шу сингари, номукаммал туйғуларингиз сиз учун қарор чиқаришига йўл қўйманг. Ўзингизни қандай ҳис қилишингизга қарамай тўғри йўл тутиш қарорингиз қатъий бўлсин. Вақт ўтиб ҳаракатларингиз туйғуларингиз яхшиланишига таъсир қилади. Унгача сувга чўмгандан сўнг ҳам Исога эргашиб юришда давом этишингизга кўмаклашадиган яхши маънавий жадвалга риоя қилинг. Сабр-бардошингиз имондошларингизга ҳам далда бахш этади. (1 Салон. 5:11)

«ЎЗИНГИЗНИ СИНАБ,... ТЕКШИРИБ ТУРИНГЛАР»

14. Нимани доим таҳлил қилиб туришимиз керак? (2 Коринфликларга 13:5)

14 Сувга чўмгач, доим ўзингизни текшириб туриш ҳам фойдалидир. (2 Коринфликларга 13:5 ни ўқинг.) Вақти-вақти билан ҳаётингиз ҳамда ҳар куни ибодат қилиш, Каломни ўқиш ва тадқиқ қилиш, йиғилишларга бориш ҳамда хизматда қатнашиш одатларингиз борасида ўйлаб кўриш яхши бўларди. Бу соҳаларда янада кўпроқ яхшиланиш йўлларини излаб кўринг. Масалан, ўзингизга шу каби саволларни беринг: «Бошқаларга Муқаддас Китобдаги асосий таълимотларни тушунтириб бера оламанми? Хизматим янада ёқимли бўлиши учун нималар қила оламан? Ибодатларим қанчалик мазмунли ва улардан мен Яҳовага тўлиқ таянаётганим кўриняптими? Йиғилишларга мунтазам равишда боряпманми? Учрашувларда диққатимни янада кўпроқ жамлашим ва иштирок этишим учун қай йўсин яхшилана оламан?»

15, 16. Васвасани рад этиш борасида битта биродарнинг мисолидан нимани ўргандингиз?

15 Шунингдек, камчиликларингизни ростгўйлик ила таҳлил қилиш яхши бўларди. Роберт исмли биродар бу борада шундай бўлишди: «20 ёшда бўлганимда, ярим кунлик ишда ишлардим. Бир куни ишдан кейин ҳамкасбим уйига таклиф қилди. Ўша аёл биз ёлғиз қолиб, “вақтимизни чоғ ўтказишимизни” айтди. Аввалига ҳар хил бўлмағур баҳоналар келтирдим, лекин охири унамадим ва сабабини тушунтирдим». Роберт васвасани рад этди ва бу мақтовга сазовор. Кейинчалик эса у нима юз бергани борасида ўйлаб, яхшироқ йўл тутиши кераклигини англади. У шундай деб айтди: «Ўша аёлнинг таклифини қатъиян ва Юсуф каби дарров рад этмагандим. (Ибт. 39:7–9) Ҳа, буни рад этиш мен учун шунчалик қийин бўлганидан ҳайрон эдим. Ўша вазият ёрдамида Яҳова билан муносабатларимни янада мустаҳкам қилишим кераклигини кўрдим».

16 Сиз ҳам Роберт каби ўзингизни текшириб кўришдан фойда оларсиз. Ҳатто васвасани рад эта олсангиз ҳам, ўзингиздан: «Йўқ, деб айтишимгача қанча вақт ўтди?» — деб сўраб кўринг. Агар яхшиланишингиз кераклигини кўрсангиз, кайфиятингиз тушмасин. Бундай камчиликни ҳозир аниқлаганингиздан хурсанд бўлинг. Бу борада ибодат қилинг ва Яҳованинг ахлоқий меъёрлари бўйича яшаш қарорингизни мустаҳкамлаш учун қадамлар қўйинг. (Заб. 139:23, 24)

17. Робертнинг вазиятида Яҳованинг исми қай йўсин улуғланган?

17 Робертнинг мисолидан яна бир нарсани ўрганяпмиз. У шундай деб давом эттирди: «Ҳамкасбимнинг таклифини рад этганимдан кейин у менга: “Синовдан ўтдингиз!“ — деди. У нима демоқчи эканини сўрадим. Унга илгари Яҳованинг Шоҳиди бўлган битта дўсти барча ёш Шоҳидлар имкон туғилиши биланоқ нотўғри ишни яширинча қилишини айтган экан. Шунда у ўша дўстига мени ҳам синаб кўришни таклиф қилган экан. Ўшанда Яҳованинг исмини улуғлаганимдан жуда суюниб кетгандим».

18. Сувга чўмгач, нима қилишга қарорингиз қатъий? (« Сизга ёқадиган мақолалар» номли рамкага ҳам қаранг.)

18 Бағишлаб, сувга чўмганингизда, нима бўлса ҳам Худонинг исмини муқаддас қилиш истагингиз борлигини кўрсатасиз. Ишонаверинг, Яҳова сиз дуч келаётган синовларни ва рад этаётган васвасаларни билади. Унга содиқ бўлиб қолиш ҳаракатларингизга У барака беради. Худо муқаддас руҳи орқали бундай қилишингиз учун куч беришига ишонинг. (Луқо 11:11–13) Яҳованинг кўмаги билан сувга чўмгандан кейин ҳам Исога эргашиб юриш қўлингиздан келади!

ҚАНДАЙ ЖАВОБ БЕРАРДИНГИЗ?

  • Қандай қилиб масиҳийлар азоб устунини ҳамиша кўтариб юриши мумкин?

  • Сувга чўмгандан кейин ҳам қандай қилиб Исога эргашиб юра оласиз?

  • Бағишлов ваъдангиз устида фикр юритиш садоқатли бўлиб қолишингизга қандай ёрдам бериши мумкин?

89-ҚЎШИҚ Тингла, қулоқ сол ва ол барака