Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

13-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

127-ҚЎШИҚ Қай инсон бўлай мен?

Яҳова сиздан мамнун эканидан тасалли топинг

Яҳова сиздан мамнун эканидан тасалли топинг

Сендан мамнунман. (ЛУҚО 3:22)

НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?

Яҳова биздан мамнун экани борасидаги шубҳаларни қандай енга олишимизни билиб оламиз.

1. Яҳованинг баъзи садоқатли хизматчилари нимадан шубҳаланиши мумкин?

 ЯҲОВА халқидан мамнун эканини билиш жуда далдали! Муқаддас Китобда: «Яҳова Ўз халқидан мамнундир»,— деб айтилган. (Заб. 149:4) Лекин айримлар баъзида қаттиқ тушкунликка тушиб: «Яҳова мендан мамнунмикан?» — деб ўйлаши мумкин. Яҳованинг қадимда яшаган анчагина садоқатли хизматчилари бундай шубҳалар билан курашган. (1 Шоҳ. 1:6–10; Аюб 29:2, 4; Заб. 51:11)

2. Яҳова кимлардан мамнун?

2 Муқаддас Китобдан Яҳова номукаммал одамлардан мамнун бўлиши мумкинлигини билиб оляпмиз. Бунинг учун улар Исо Масиҳга ишониши ва сувга чўмиши керак. (Юҳан. 3:16) Бундай қилганда улар гуноҳларида тавба қилиб, Худонинг иродасини бажаришга ваъда берганини омма олдида кўрсатади. (Ҳавор. 2:38; 3:19) Яҳова билан дўстона муносабатларни ривожлантириш учун қадам қўйганимизда У суюнади. Бағишлов ваъдамизга яраша ҳаёт кечириш учун энг яхшисини қилишда давом этганимизда, Яҳова биздан мамнун бўлади ва бизни яқин дўсти деб билади. (Заб. 25:14)

3. Бу мақолада нима ҳақида сўз юритамиз?

3 Унда, нега гоҳида баъзиларга Яҳова улардан мамнун эмас деган фикр келиши мумкин? Яҳова мамнун эканини қандай кўрсатади? Масиҳий киши Худо ундан мамнун эканига бўлган ишончини қай йўсин мустаҳкамлай олади?

НЕГА АЙРИМЛАРГА ЯҲОВА УЛАРДАН МАМНУН ЭМАСДАЙ ТУЮЛИШИ МУМКИН?

4, 5. Ўзимизга нисбатан паст нуқтаи назарда бўлиш туйғусига қарамай, нимада амин бўла оламиз?

4 Кўпчилигимиз болаликдан ўзимизга нисбатан паст нуқтаи назарда бўлиш билан курашяпмиз. (Заб. 88:15) Адриан исмли биродар шундай бўлишди: «Ўзимни доимо арзимасдай ҳис қилардим. Болалигимда оилам жаннатда яшаши ҳақида ибодат қилганимни эслайман, аммо ўзимни у ерда яшашга нолойиқ деб билардим». Масиҳийлар оиласида улғаймаган Тони қуйидагича деди: «Ота-онам мени яхши кўришини ёки мен билан фахрланишини ҳеч қачон айтмаган. Бу туфайли ҳеч бир ишим билан уларни мамнун қила олмайман, деб ўйлардим».

5 Гоҳида ўзимизни арзимасдай ҳис қилганимизда, Яҳованинг Ўзи бизни жалб қилганини эсласак бўлади. (Юҳан. 6:44) У бизда, эҳтимол, ўзимиз кўрмаётган яхши томонларимизни кўряпти ва аслида қандай инсон эканимизни биздан яхшироқ билади. (1 Шоҳ. 16:7; 2 Сол. 6:30) Шундай экан, Яҳова биз қадрли эканимизни айтганида, бундан шубҳаланмасак бўлади. (1 Юҳан. 3:19, 20)

6. Ҳаворий Павлус ўтмишдаги гуноҳлари дастидан ўзини қандай ҳис қилган?

6 Баъзиларимиз ҳақиқатни билишдан олдин қилган ишларимиз туфайли ҳозир ҳам ўзимизни айбдор ҳис қилаётгандирмиз. (1 Бутр. 4:3) Ҳатто садоқатли масиҳийлар ҳам гуноҳ қилиш мойиллиги билан курашади. Сиз ҳақингизда-чи, нима деса бўлади? Яҳова сизни кечирмайди деган фикрлар келадими? Агар шундай бўлса, Яҳованинг садоқатли хизматчилари шу каби туйғулар билан курашганини билиш сизга тасалли беради. Масалан, ҳаворий Павлус камчиликлари устида фикр юритганида ўзини бахтсиз ҳис қилган. (Рим. 7:24) Албатта, Павлус тавба қилган ва сувга чўмганди. Шундай бўлса ҳам, ўзи ҳақда «ҳаворийларнинг энг кичигиман», «гуноҳкорларнинг биринчиси менман» деган. (1 Кор. 15:9; 1 Тим. 1:15)

7. Ўтмишда қилган гуноҳларимиз ҳақида нимани ёдда тутишимиз керак?

7 Тавба қилсак, самовий Отамиз бизни кечиришни ваъда қиляпти. (Заб. 86:5) Гуноҳларимиздан чиндан ҳам пушаймон бўлсак, Яҳованинг айтганлари рост эканига ва У бизни кечирганига ишонамиз. (Колос. 2:13)

8, 9. Яҳова биздан мамнун бўлиши учун ҳеч қачон етарлича хизмат қила олмайман, деган фикрни қандай енга оламиз?

8 Барчамиз Яҳовага имкон борича кўпроқ хизмат қилишни истаймиз. Бироқ баъзилар Яҳова улардан мамнун бўлиши учун ҳеч қачон етарлича хизмат қила олмайман, деб ўйлаши мумкин. Аманда исмли опамиз шундай деди: «Кўп ҳолларда Яҳовага энг яхшисини бериш ҳамиша кўп қилишим кераклигини англатади деб ўйлайман. Шунинг учун одатда қила олишим мумкин бўлганидан ҳам кўпроғини қилишга интиламан. Ўзим кутган натижага эриша олмаганимда эса Яҳова худди мен каби ўзимдан норози деган хаёлга бораман».

9 Яҳовани мамнун қилиш учун ҳеч қачон етарлича қила олмайман деган туйғуни қандай енгишимиз мумкин? Унутмангки, Яҳова қаттиққўл ёки ўта талабчан эмас. У ҳеч қачон қўлимиздан келмайдиган нарсани талаб қилмайди. Аксинча, Унга ўзимизда бор энг яхшисини берганимизда, У буни қадрлайди. Шунингдек, Яҳовага сидқидилдан хизмат қилган хизматчилари устида фикр юритинг. Масалан, Павлус. У йиллар давомида ғайрат ила хизмат қилиб, минглаб километр йўл босган ва кўпгина жамоатларни ташкиллаштирган. Лекин вазияти ўзгариб, ваъзгўйлик ишида камроқ иштирок этишни бошлаганида Худога маъқул келмай қолганми? Йўқ. У қўлидан келганини қилишда давом этган ва Яҳова унга барака берган. (Ҳавор. 28:30, 31) Шунга ўхшаб, шароитимиз ўзгариб Яҳовага кўпроқ хизмат қила олмаслигимиз мумкин. Аммо Худо учун қайси ниятда хизмат қилаётганимиз муҳимроқ. Келинг, Яҳова биздан мамнун эканини кўрсатаётган баъзи йўлларни билиб олайлик.

ЯҲОВА БИЗДАН МАМНУН ЭКАНИНИ ҚАНДАЙ КЎРСАТЯПТИ?

10. Яҳова биздан мамнун эканини қай йўсин «эшитишимиз» мумкин? (Юҳанно 16:27)

10 Муқаддас Китоб орқали. Яҳова Унга қадрли бўлган инсонларга улардан мамнун эканини намоён этишни яхши кўради. Муқаддас Ёзувларда У Исо Унинг севикли Ўғли ва ундан мамнун эканини айтган иккита вазиятни ўқиймиз. (Мат. 3:17; 17:5) Яҳова сиздан ҳам мамнун эканини айтишини истармидингиз? Ҳозирги кунда Яҳова бизга осмондан туриб гапирмаса-да, Каломи орқали гапиради. Инжилда Исонинг сўзларини ўқиганимизда, Яҳова маъқуллаб айтган сўзларини «эшитишимиз» мумкин. (Юҳанно 16:27 ни ўқинг.) У Отасининг шахсиятини мукаммал тарзда акс эттирган. Шунинг учун Исо номукаммал, аммо садоқатли издошларидан мамнун эканини айтгани ҳақида ўқиганимизда, ўша сўзларни Яҳова бизга айтаётганини тасаввур қилсак бўлади. (Юҳан. 15:9, 15)

Яҳова биздан мамнун эканини турли йўллар орқали кўрсатяпти (10-хатбошига қаранг.)


11. Нега қийинчиликларга дуч келишимиз Яҳова биздан мамнун эмаслигини англатмайди? (Ёқуб 1:12)

11 Ишлари орқали. Яҳова, масалан, моддий эҳтиёжларимизни қондириш орқали бизга доим ёрдам беришга тайёр. Лекин У баъзида одил киши бўлган Аюб каби қийинчиликларни бошдан кечиришимизга йўл қўйиши мумкин. (Аюб 1:8–11) Қийинчиликлар Яҳова биздан мамнун эмаслигини англатмайди. Аксинча, бу Яҳовага бўлган севгимиз қанчалик кучли эканини ва Унга таянаётганимизни исботлашнинг имконидир. (Ёқуб 1:12 ни ўқинг.) Худо сабр-бардош қилишимизга ёрдам бераётган экан, Унинг севги ила қилаётган ғамхўрлигини ва ёрдамини ҳис этамиз.

12. Дмитрийнинг мисолидан нимани ўргансак бўлади?

12 Осиёлик Дмитрий биродарнинг мисолини кўриб чиқайлик. У ишсиз қолган ва кўп ойлар мобайнида иш излаган. Биродаримиз хизматини кенгайтиришга қарор қилган ва шу йўсин Яҳовага таянишини кўрсатган. Ойлар ўтди, аммо у иш топа олмади. Кейинчалик, Дмитрий қаттиқ касал бўлиб, тўшакка михланиб қолди. У яхши эр ва яхши ота бўла олмаяпман деб, Яҳова ундан мамнун эканидан шубҳалана бошлади. Бир куни кечаси унинг қизи Ишаё 30:15 даги «Хотиржам бўлиб Менга таянсангиз, кучли бўласиз» деган сўзларни қоғозга чиқариб келди. Қизи унинг каравоти олдига келиб шундай деди: «Дадажон, ўзингизни ёмон ҳис қилганингизда, бу оятни эсланг». Дмитрий Яҳова туфайли оиласида озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошпана доим борлигини тушуниб етди. У қуйидагича бўлишди: «Қилишим керак бўлган нарса хотиржам бўлиб, Тангримга таянишда давом этиш эди». Агар сиз ҳам шунга ўхшаш қийинчиликка дуч келаётган бўлсангиз, ишонаверинг, Яҳова сизга ғамхўрлик қилиб, бардошли бўлишингизга ёрдам беряпти.

Яҳова биздан мамнун эканини турли йўллар орқали кўрсатяпти (12-хатбошига қаранг.) a


13. Яҳова биздан мамнун эканини кўрсатиш учун кимдан фойдаланиши мумкин ва қай йўсин?

13 Имондошларимиз орқали. Яҳова биздан мамнун эканини кўрсатиш учун биродару опа-сингилларимиздан фойдаланяпти. Масалан, У бошқаларни бизга керакли пайтда далдали сўзларни айтишга ундаши мумкин. Осиёлик опамиз қийин пайтда буни ўзида ҳис этди. У ишини йўқотиб, жиддий касалликка йўлиққанди. Бунинг устига, эри жиддий гуноҳга қўл уриб, оқсоқоллик вазифасини бошқа бажара олмасди. Опамиз шундай деди: «Нега булар юз бераётганини тушунмасдим. Эҳтимол, бирон ёмон иш қилиб қўйдим ва Яҳова мендан мамнун эмас, деб ўйлардим». У Яҳовадан уни Ўз севгисига ишонтиришини ёлвориб сўради. Хўш, Худо илтижосига қандай жавоб берди? Опамиз шундай деди: «Оқсоқоллар мен билан гаплашиб, Яҳованинг севгисига ишонтиришди». Кейинчалик, у Яҳовадан яна ёрдам сўради. «Ўша куниёқ жамоатимдаги биродару опа-сингиллардан хат олдим. Уларнинг тасалли берувчи сўзларини ўқиганимда, Яҳова мени эшитганини ҳис этдим»,— деб айтди опамиз. Ҳа, одатда Яҳова бошқаларнинг меҳрга тўла сўзлари орқали биздан мамнун эканини айтади. (Заб. 10:17)

Яҳова биздан мамнун эканини турли йўллар орқали кўрсатяпти (13-хатбошига қаранг.) b


14. Яҳова биздан мамнун эканини яна қайси йўл орқали кўрсатяпти?

14 Шунингдек, Яҳова муҳтож бўлганимизда имондошларимиз орқали маслаҳат бериб, биздан мамнунлигини кўрсатади. Мисол учун, Яҳова биринчи асрда ҳаворий Павлусдан фойдаланган ва имондошларига 14 та мактуб ёзишга илҳомлантирган. Ўша мактубларда қатъий, аммо шу билан бирга севги ила маслаҳатлар берилган. Нега Яҳова Павлусни шу каби маслаҳатларни ёзишга илҳомлантирган? Чунки Яҳова яхши Ота ва «Ўзи севган» болаларига таълим-тарбия беради. (Ҳик. 3:11, 12) Демак, Муқаддас Китобга асосланган маслаҳат олганимизда, Яҳова биздан мамнун эмас деган хаёлга бормай, буни У биздан мамнун эканининг исботи деб билишимиз мумкин. (Иброн. 12:6) Қизиқ, Худо биздан мамнун эканини кўрсатувчи яна қандай белгилар бор?

ЯҲОВА БИЗДАН МАМНУН ЭКАНИНИ КЎРСАТУВЧИ БОШҚА ДАЛИЛЛАР

15. Яҳова кимларга муқаддас руҳини беради ва бу бизни нимада ишонтириши мумкин?

15 Яҳова мамнун бўлган одамларга муқаддас руҳини беради. (Мат. 12:18) Ўзимиздан шундай сўрасак бўлади: «Муқаддас руҳ самарасининг баъзи қирраларини кўрсатяпманми?» Яҳовани таниб-билганингиздан бери бошқаларга кўпроқ сабр-тоқатни намоён этяпсизми? Аслида, муқаддас руҳ самарасини намоён этишни ўрганганингиз сайин, Яҳова сиздан мамнун эканининг кўпроқ исботини кўра оласиз. (« Муқаддас руҳ самараси...» номли рамкага қаранг.)

Яҳова сиздан мамнун эканининг қандай исботини кўряпсиз? (15-хатбошига қаранг.)


16. Яҳова хушхабарни ваъз қилишда кимлардан фойдаланяпти ва бундан нимани ҳис қиляпсиз? (1 Салоникаликларга 2:4)

16 Яҳова Ўзи мамнун бўлган одамларга хушхабарни ваъз қилиш вазифасини ишониб топширяпти. (1 Салоникаликларга 2:4 ни ўқинг.) Эътиқоди билан бўлишгани Жозелин исмли опамизга қандай фойда келтирганига диққат қаратинг. Бир куни эрталаб у тушкун аҳволда уйғонди. Жозелин шундай деди: «Ўзимни кучсиз ва фойдасиздек ҳис қилдим. Мен кашшоф бўлиб хизмат қиламан ва ўшанда кун бўйи хизматга келишгандим. Шунда ибодат қилдим ва хизматга кетдим». Ўша куни Жозелин Мэри исмли аёлни учратди ва у Муқаддас Китоб тадқиқига рози бўлди. Бир неча ой ўтгач Мэри Жозелинга у эшикни тақиллатишидан аввал, Худога ибодат қилиб ёрдам сўраганини айтди. Бу вазиятдан Жозелин қандай сабоқ олди? У шундай деди: «Гўё Яҳова менга сендан мамнунман деяётгандай бўлди». Тўғри, ҳамма ҳам хушхабарга ижобий жавоб қайтармаслиги мумкин. Лекин шунга аминмизки, хушхабарни бошқалар билан бўлишиш учун жон куйдирганимизда, Яҳова биздан мамнун бўлади.

Яҳова сиздан мамнун эканининг қандай исботини кўряпсиз? (16-хатбошига қаранг.) c


17. Виккининг тўлов ҳақидаги фикрларидан нимани билиб олдингиз? (Забур 5:12)

17 Яҳова тўлов қурбонлигининг баҳосини Ўзи мамнун бўлган хизматчиларига қўллайди. (1 Тим. 2:5, 6) Аммо тўловга ишониб, сувга чўмган бўлсак ҳам Яҳова биздан мамнун эмас, деб ҳалиям ўйлаётган бўлсак-чи? Шуни ёдда тутинг, туйғуларимизга ҳамиша ишона олмаймиз, лекин Яҳовага доим ишонсак бўлади. У тўловга ишонаётган одамларни одил деб билади ва уларга барака беришни ваъда қиляпти. (Забур 5:12 ни ўқинг; Рим. 3:26) Тўлов устида мулоҳаза юритиш Виккига ёрдам берди. Бир куни тўлов ҳақида чуқур фикр юритгандан сўнг у шундай деди: «Яҳова анчадан бери менга сабр қилиб, севгисини турли йўллар билан кўрсатиб келган-ку! Шунга қарамасдан мен гўё Яҳовага: “Сен мени сева олмайсан. Ўғлингнинг қурбонлиги эса гуноҳларимни қоплай олмайди”,— дегандай эдим». Тўлов ҳадяси устида мулоҳаза юритиб, у Яҳованинг севгисини ҳис қила бошлади. Биз ҳам шундай қилсак, Аллоҳ бизни севишини ва биздан мамнун эканини ҳис қиламиз.

Яҳова сиздан мамнун эканининг қандай исботини кўряпсиз? (17-хатбошига қаранг.)


18. Самовий Отамизни севишда давом этсак нимада амин бўлишимиз мумкин?

18 Гарчи юқоридаги маслаҳатларга амал қилишга жон куйдирсак-да, вақти-вақти билан руҳимиз тушиши ва Яҳова мендан мамнунмикан деб ўйлашимиз мумкин. Шундай пайтда Яҳова «Уни севганлар»дан мамнун эканини ёдда тутинг. (Ёқб. 1:12) Шу боис Худога яқинлашишда ва У сиздан мамнун эканининг белгиларини излашда давом этинг. Унутманг, Яҳова «ҳар биримизга яқиндир». (Ҳавор. 17:27)

ҚАНДАЙ ЖАВОБ БЕРАРДИНГИЗ?

  • Нега баъзиларга Яҳова улардан мамнун эмасдай туюлиши мумкин?

  • Яҳова қайси баъзи йўллар орқали биздан мамнун эканини кўрсатяпти?

  • Нега Яҳова биздан мамнун эканига амин бўлишимиз мумкин?

88-ҚЎШИҚ Очиб бер менга йўлларингни

a РАСМГА ШАРҲ. Саҳналаштирилган вазият

b РАСМГА ШАРҲ. Саҳналаштирилган вазият

c РАСМГА ШАРҲ. Саҳналаштирилган вазият