Қилинадиган иш улкандир
МАНА, Қуддусда бениҳоя муҳим бир учрашув ўтказиладиган пайт ҳам яқинлашиб қолди. Шоҳ Довуд барча шаҳзодаларни, сарой амалдорларни ва кучли кишиларни ҳузурига чақирди. Улар ўзгача эълонни эшитиб таажжубланишди. Яҳова Довуднинг ўғли Сулаймонга мислсиз бир иншоотни — маъбадни қуришни тайинлади. Бу иншоот инсонлар ҳақ Худога топинишлари учун бағишланиши керак эди. Исроилнинг кексайиб қолган шоҳи маъбаднинг лойиҳасини ваҳий орқали олиб, уни Сулаймонга берди ва шундай деди: «Қиладиган иши эса улкандир, чунки бу кошона инсон учун эмас, балки Эгамиз Худо учундир». (1 Сол. 28:1, 2, 6, 11, 12; 29:1)
Кейин эса Довуд шундай деб сўради: «Ким Маъбаднинг қурилишига назрлар бермоқчи?» (1 Сол. 29:5) Борди-ю ўша ерда бўлганингизда, қандай йўл тутган бўлардингиз? Мана шу улкан ишни қўллаб-қувватлармидингиз? Ўшанда Исроил халқи дарҳол ишга киришиб кетганди. Бундан ташқари, улар «берган бу ҳадялари учун севиндилар, чунки улар кўнгилдан чиқариб берган бу назрларини якдиллик билан Эгамизга келтирган эдилар». (1 Сол. 29:9)
Асрлар ўтиб, Яҳова ўша маъбаддан анча юксакроқ бўлган бир нарсага — улуғ рамзий маъбадга асос солди. Бу орқали одамзод Исонинг тўлов қурбонлиги асосида Яҳовага топиниб, Унга яқинлаша оладиган бўлди. (Иброн. 9:11, 12) Бугунги кунда Яҳова шогирд тайёрлаш иши орқали инсонларга У билан ярашишга ёрдам беряпти. (Мат. 28:19, 20) Бунинг натижасида ҳар йили миллионлаб Муқаддас Китоб тадқиқлари ўтказилиб, минглаб шогирдлар сувга чўмяпти ва юзлаб янги жамоатлар пайдо бўляпти.
Бундай ўсиш туфайли Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни кўпроқ чоп этиш, янги Йиғилиш Залларини қуриш ва уларни таъмирлаш, туман ҳамда ҳудудий анжуманлар учун жой топишга эҳтиёж туғиляпти. Биз қатнашаётган хушхабарни эълон қилиш фаолияти улкан ва тақдирланадиган иш эканига наҳотки қўшилмасангиз?! (Мат. 24:14)
Аллоҳга ва яқинимизга бўлган севги ҳамда Шоҳлик ҳақидаги хабар шошилинч эканини билиш Худонинг халқини чин дилдан хайр-эҳсон қилишга ундайди. «Ўз бойлигинг... билан Эгамизни улуғла» деган маслаҳатга риоя қилиш ҳамда хайр-эҳсонлар тўғри ва оқилона сарфланиб, инсоният тарихидаги энг улкан фаолият олға сурилишига ҳисса қўшаётганини кўриш нақадар ажойибдир! (Ҳик. 3:9)