Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Дунёвий фикрлаш тарзини рад этинг!

Дунёвий фикрлаш тарзини рад этинг!

Эҳтиёт бўлинг, ҳеч ким сизни файласуфлик ва қуруқ гаплар билан тузоққа илинтирмасин. Бу нарсалар... дунёнинг қоидаларига асосланган. КОЛОС. 2:8

ҚЎШИҚЛАР: 23, 26

1. Ҳаворий Павлус масиҳийларга қандай маслаҳат берганди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

ҲАВОРИЙ ПАВЛУС Колосадаги масиҳийларга йўллаган мактубини, эҳтимол, Римда илк бор қамоқда бўлганида ва озодликка чиқиш пайти яқинлашиб қолганида ёки мил. 60–61 йилларда ёзган. У «муқаддас руҳ бераётган тушунчага эга бўлиш» муҳим эканини таъкидлаган. (Колос. 1:9) Кейинроқ Павлус қуйидагича айтган: «Бу сўзларни айтаётганимнинг боиси, ҳеч ким сизларни ишонарли далиллар билан йўлдан оздирмасин. Эҳтиёт бўлинг, ҳеч ким сизни файласуфлик ва қуруқ гаплар билан тузоққа илинтирмасин. Бу нарсалар инсоний урф-одатларга ва бу дунёнинг қоидаларига асосланган бўлиб, Масиҳнинг таълимотларига зиддир». (Колос. 2:4, 8) У кенг тарқалган баъзи фикрлар нима учун нотўғри эканини ва номукаммал одамларга яхши бўлиб туюлиши мумкинлигини тушунтирган. Масалан, бу туфайли инсон ўзини доно ёки бошқалардан устун, деб ўйлаши ҳеч гап эмас эди. Бу хатни ёзишдан мақсад биродарларга дунёвий фикрлаш тарзини ва нотўғри ҳаракатларни рад этишга ёрдам бериш эди. (Колос. 2:16, 17, 23)

2. Нима учун дунёвий фикрлаш тарзига оид мисолларни кўриб чиқамиз?

2 Дунёвий фикрлаш тарзига эга бўлган одамлар Яҳованинг йўл-йўриқларини назарига илмайди ёки унинг аҳамиятини пасайтиради. Бунинг таъсири остида эса имонимиз бора-бора сусайиши ҳеч гап эмас. Бугунги кунда барчамиз бундай фикрлаш тарзига дуч келяпмиз. У телевизор, Интернет, иш ёки мактаб орқали тарғиб қилиняпти. Ушбу мақоладан бундай фикрлаш тарзи онгимизни заҳарламаслиги учун нима қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз. Унда дунёвий фикрлаш тарзи акс этган бешта мисол ва қай йўсин уларни рад эта олишимиз тўғрисида гап боради.

ХУДОГА ИШОНИШИМИЗ КЕРАКМИ?

3. Кўп одамлар қандай фикрда ва нима учун?

3 «Худога ишонмасдан ҳам яхши одам бўла оламан». Кўпгина мамлакатларда одамлар Худога ишонмасликлари ҳақида айтиши оддий ҳол. Қизиқ, нима учун улар бундай қарорга келишди? Балки улар Худо бор-йўқлиги ҳақидаги савол борасида пухта изланиш олиб боришмагандир. Нима бўлганда ҳам, улар ўзларига ёқадиган ишни қилиш эркинлигини берадиган ғоянинг тарафдорлари. (Забур 9:25 ни ўқинг.) Бошқалар эса «Худога ишонмасдан ҳам юқори ахлоқий меъёрларга эга бўла оламан», деб дунёвий фикрлаш тарзини акс эттиришади.

4. Яратувчи борлигини инкор этган кишига қандай асос келтирсак бўлади?

4 Яратувчи борлигига ишонмайдиган кишиларнинг ғоялари мантиққа асосланганми? Ҳаёт яратилганмикин, деган савол борасидаги илмий тадқиқотларни ўрганиш натижасида, киши маълумот кўплигидан адашиб қолиши мумкин. Аслида эса, бунинг жавоби осон. Оддий бир бинони қуриш учун инсон кучи керак бўлса, унда тирик мавжудотлар ҳақида нима деса бўлади?! Ердаги асосий ҳужайралар ҳар қандай уйдан ҳам мураккаброқдир. Чунки улар ҳеч қайси уй қила олмайдиган ишни бажаради, яъни ҳужайралар ўзларидан нусха олиб, яратишга қодир. Мазкур ҳужайралар кўпайиш учун керакли маълумотдан нусха кўчиришни ва буни қандай амалга оширишни билади. Бундай тирик ҳужайраларни ким яратган? Жавоби Муқаддас Китобда қуйидагича ёзилган: «Ҳар қандай уй кимдир томонидан қурилади, борлиқнинг бунёдкори эса Аллоҳдир». (Иброн. 3:4)

5. Инсон Худога ишонмай туриб ҳам нима яхши эканини аниқлай олади, деган ғоя борасида нима дейиш мумкин?

5 Киши Худога ишонмай туриб ҳам, нима яхши эканини аниқлай олади, деган ғоя ҳақида нима десак бўлади? Муқаддас Китобга биноан, Худога ишонмайдиган кишилар ҳам муайян принциплар бўйича яшайди. (Рим. 2:14, 15) Мисол учун, улар ота-оналарини ҳурмат қилиши ва яхши кўриши мумкин. Аммо нима яхшию нима ёмон эканини белгиловчи ягона Шахс — Яратувчи борлигини рад этадиган кишининг ахлоқий меъёрлари қанчалик юқори бўлиши мумкин? (Ишаё 33:22) Фикр юритадиган кўпгина одамлар ер юзидаги аянчли аҳволга барҳам бериш учун инсон Худонинг ёрдамига муҳтож эканини тан оляпти. (Еремиё 10:23 ни ўқинг.) Шу боис, одам Худога ишонмасдан ва Унинг принципларига амал қилмасдан ҳам нима яхши эканини ҳал қила олади, деб ўйлаш васвасасига тушиб қолмаслигимиз керак. (Заб. 145:3)

БИЗГА ДИН КЕРАКМИ?

6. Кўп одамлар динга нисбатан қандай муносабатда?

6 «Динсиз ҳам бахтга эришасиз». Кўплар дин кераксиз ва уни ноўрин деб билгани сабаб, юқоридаги фикрга қўшилади. Бундан ташқари, кўпгина динлар дўзах ҳақида ўргатиб, кишини даромадидан ўндан бир қисмини эҳсон қилишга ундаб ёки сиёсий раҳбарларни қўллаб-қувватлаб одамларни Худодан узоқлаштирмоқда. Шунинг учун ҳам, динга қизиқиши йўқолиб бораётган кишилар сони ўсаётганининг ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Бундай кишилар қуйидагича айтишлари мумкин: «Мен маънавий нарсаларга қизиқаман, аммо диний ташкилотга аъзо бўлиш ниятим йўқ».

7. Қандай қилиб ҳақ топиниш бахтга етаклайди?

7 Инсон динсиз ҳам бахтли бўла олиши ростми? Киши сохта динга эътиқод қилса, бахтли бўла олиши амри маҳол. Инсон Яҳова билан муносабатларга эга бўлмагунича ҳақиқий бахтга эриша олмайди. Зеро, У «бахтиёр Тангри»дир. (1 Тим. 1:11) Яҳованинг барча ишлари бошқаларнинг манфаатига хизмат қилади. Унинг хизматчилари ҳам бахтиёрдир, чунки улар бошқаларга ёрдам беришга жон куйдиришади. (Ҳавор. 20:35) Масалан, қай йўсин оилалар ҳақ топиниш туфайли бахтга эришаётганига эътибор беринг. Худо турмуш ўртоқни ҳурмат ва иззат қилишга, никоҳ аҳдини муқаддас деб билишга, зинодан қочишга, фарзандларни бошқаларга ҳурмат кўрсатадиган қилиб тарбиялашга ва ҳақиқий севгини амалда кўрсатишга ўргатади. Бундай топиниш натижасида жамоатларда ва умумжаҳон биродарлигимизда бахт ҳукм суради. (Ишаё 65:13, 14 ни ўқинг.)

8. Инсон нима туфайли бахтли бўла олади, деган саволга Матто 5:3 даги сўзлар қандай қўл келади?

8 Қай йўсин Худога хизмат қилмасдан ҳам бахтли бўла оламиз, деган ғоя борасида изланиш олиб бориш мумкин? Қуйидаги савол ҳақида мулоҳаза юритиб кўринг: нима туфайли одам бахтли бўла олади? Баъзилар ишлаб, спорт ёки яхши кўрган машғулоти билан шуғулланиб хурсандчилик топади. Бошқалар эса оиласи ёки дўстлари ҳақида ғамхўрлик қилиб, бундан қувонади. Юқоридагиларнинг бари мамнуният келтиради, лекин ҳаётимизда абадий бахтга етакловчи улкан мақсад бор. Ҳайвонлардан фарқли ўлароқ, биз Парвардигоримиз ҳақида билиб олишимиз ва Унга садоқат ила хизмат қилишимиз мумкин. Қолаверса, биз шундай яратилганмизки, Худога хизмат қилиб бахтни ҳис этамиз. (Матто 5:3 ни ўқинг.) Масалан, Яҳовага топиниш учун бирга йиғилишдан қувонч ва далда оламиз. (Заб. 132:1) Шунингдек, якдил биродарлигимиздан, соғлом ҳаёт кечиришдан ва келажакка бўлган умидимиздан қувончга тўламиз.

АҲЛОҚИЙ МЕЪЁРЛАРГА МУҲТОЖМИЗМИ?

9. а) Дунёда жинсий алоқа борасида қайси фикр кенг тарқалган? б) Нима учун никоҳдан ташқари жинсий алоқада бўлиш Худонинг Каломида тақиқланади?

9 «Никоҳдан ташқари жинсий алоқада бўлишнинг нимаси ёмон?» Одамлар қуйидагича айтиши мумкин: «Ҳаётдан завқланиб яшаш керак! Никоҳдан ташқари жинсий алоқада бўлишнинг нимаси ёмон?» Масиҳий жинсий ахлоқсизликка чидаши керак, деган фикр нотўғри. Нега? Сабаби, Худонинг Каломида жинсий ахлоқсизлик тақиқланади *. (1 Салоникаликларга 4:3–8 ни ўқинг.) У Яратувчимиз бўлгани сабаб, биз учун қонунлар ўрнатишга ҳақли. Худонинг қонунига кўра, жинсий алоқа фақатгина турмуш қурган эркак ва аёл ўртасида бўлиши мумкин. Яҳова бизни севгани учун фойда келтирадиган қонунлар берган. Уларга амал қиладиган оилалар севги, ҳурмат ва хавфсизликни ҳис этишади. Худо Унинг қонунига атайин итоат қилмаётганларга чидаб ўтирмайди. (Иброн. 13:4)

10. Қай йўсин масиҳий жинсий ахлоқсизликдан қочиши мумкин?

10 Аллоҳнинг Каломида ёзилганлар жинсий ахлоқсизликдан қочишимизга ёрдам беради. Энг асосийси — кўзларимизни нимага қаратаётганимизни назорат қилишдир. Исо қуйидагича таъкидлаганди: «Аёл кишига эҳтирос билан қараган, аллақачон кўнглида у билан зино қилган бўлади. Агар ўнг кўзингиз гуноҳ қилишингизга сабаб бўлса, уни ўйиб ташланг. Чунки бутун танангиз жаҳаннамга ташланганидан кўра, аъзоларингизнинг биридан ажралганингиз яхшироқдир». (Мат. 5:28, 29) Шу боис, масиҳий порнография томоша қилишдан ёки ахлоқсиз қўшиқларни тинглашдан қочади. Ҳаворий Павлус имондошларига шундай деб ёзганди: «Ерга хос тана аъзоларингиздаги зино... каби эҳтиросларни ўлдиринглар». (Колос. 3:5) Шунингдек, биз нима ҳақида ўйлаётганимизни ва нималар тўғрисида гапираётганимизни ҳам назорат қилишимиз керак. (Эфес. 5:3–5)

МАНСАБ ПИЛЛАПОЯСИГА ИНТИЛИШИМИЗ КЕРАКМИ?

11. Нима сабабдан мансабга интилиш яхшидек туюлиши мумкин?

11 «Мансабга интилиш бахтли бўлишнинг сиридир». Кўпчилик бизни мансаб пиллапоясига интилишни мақсад қилишга ундайди. Зеро, бу орқали обрўга, ҳокимиятга ва бойликка эга бўлиш мумкин. Кўплар муайян мансабга интилишни ҳаётининг асосий мақсади қилгани боис, бундай фикрлаш тарзи масиҳийга ҳам таъсир қилиши ҳеч гап эмас.

12. Мансабга эришиш бахтли бўлишнинг сирими?

12 Муайян ҳокимиятга ва обрўга эга бўлиш чиндан ҳам абадий бахтга элтадими? Йўқ. Унутмангки, бошқаларни назорат қилишга ва ҳаммани қойил қолдиришга интилиш Шайтонни йўлдан оздирган. Аммо у бахтли эмас, аксинча, ғазабга минган. (Мат. 4:8, 9; Ваҳ. 12:12) Одамларга Худо ва У ваъда қилаётган ажойиб келажак ҳақида таълим олишга ёрдам бериб нақадар бахтлимиз. Бу дунёдаги ҳеч қайси мансаб шу каби қувончни бера олмайди. Бунинг устига, дунёнинг руҳи одамларни рақобатга, бир-биридан ўзишга, ҳасад қилишга ундайди ва буларнинг бари «шамол орқасидан қувишдайдир». (Воиз 4:4)

13. а) Ишга нисбатан қандай муносабатда бўлишимиз керак? б) Павлуснинг Салоникаликларга йўллаган мактубига биноан, нима унга улкан хурсандчилик бахш этган?

13 Тўғри, яшаш учун пул топишимиз лозим ва бизга қувонч келтирадиган ишни танлашнинг ёмон жойи йўқ. Аммо ишимиз ҳаётимизнинг асосий мақсадига айланиб қолмаслиги керак. Зотан, Исо: «Ҳеч ким икки хўжайинга қуллик қилолмайди. У ё биридан нафратланиб, иккинчисини севади, ёки бирига содиқ қолиб, иккинчисини менсимайди. Сизлар ҳам Худонинг, ҳам бойликнинг қули бўла олмайсизлар»,— деб айтганди. (Мат. 6:24) Яҳовага хизмат қилишни ва бошқаларга Унинг Каломидан таълим беришни биринчи ўринга қўйсак, беқиёс хурсандчиликни ҳис этишимиз шубҳасиздир. Масалан, ҳаворий Павлус буни ўз тажрибасида кўрган. Ҳаётининг бошида у муайян мавқега эришишга интилган. Лекин Павлус шогирд орттиришни бошлаб одамларга шоҳидлик берганида ва улар Худонинг хабарини қабул қилиб ҳаётини ўзгартирганини кўрганида у ҳақиқий бахтни ҳис этган. (1 Салоникаликларга 2:13, 19, 20 ни ўқинг.) Дарҳақиқат, ҳеч қайси иш бундай мамнуният келтирмайди.

Бошқаларга Худони таниб-билишга кўмаклашиб, бахтли бўламиз (12-, 13- хатбошиларига қаранг.)

ИНСОНЛАРНИНГ МУАММОЛАРИНИ ҲАЛ ЭТА ОЛАМИЗМИ?

14. Нега одамлар муаммоларини ўзлари ҳал қила олишади, деган фикр яхшидек туюлиши мумкин?

14 «Одамлар муаммоларини ўзлари ҳал қила олишади». Кўпчиликка бу фикр ёқиши мумкин. Нега? Борди-ю, мазкур сўзлар чин бўлганида, бу, одам Худонинг йўл-йўриғига муҳтож эмаслигини ва у ўзи истаганидай яшаши мумкинлигини англатарди. Бундан ташқари, одам муаммоларини ўзи ҳал қилиши ҳақидаги ғоя яхшидек туюлиши мумкин, боиси, баъзи тадқиқотларга кўра уруш, жиноят, касаллик ва қашшоқлик камайиб бормоқда. Бир манбада шундай айтилганди: «Одамларнинг аҳволи яхшиланаётганининг сабаби улар дунёни яхшироқ қилишга бел боғлашганидадир». Бироқ бу каби фикрлар инсон анчадан бери мавжуд бўлган муаммоларни ҳал қила олишини англатадими? Бу саволга жавоб топиш учун юқорида санаб ўтилган муаммоларни батафсил кўриб чиқайлик.

15. Қайси далиллар инсониятнинг муаммолари мураккаб эканини кўрсатмоқда?

15 Урушлар. Иккита жаҳон уруши 60 миллион ёки ундан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлди. Аммо Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери одамлар урушдан қутула олмади. 2015 йилга келиб урушлар ёки таъқиблар дастидан уй-жойидан маҳрум бўлганлар сони тахминан 65 миллионга етди. Фақатгина 2015 йилнинг ўзида 12,4 миллион киши уй-жойидан маҳрум бўлди. Жиноят. Гарчи баъзи жойларда жиноятнинг айрим турлари камайган бўлса-да, Интернет орқали содир этиладиган жиноят (кибер-жиноят), уйдаги зўравонлик ва терроризм авжига чиқмоқда. Қолаверса, кўп одамлар шунда аминки, дунёдаги коррупция янада кучайди. Ҳа, одамлар жиноятга барҳам бера олмаяпти. Касалликлар. Баъзи касалликларнинг олдини олса бўлади. Аммо 2013 йили нашр қилинган бир тадқиқотга кўра юрак хасталиклари, юрак хуружи (инсульт), саратон, нафас йўллари билан боғлиқ касалликлар ва қандли диабет дастидан ҳар йили тўққиз миллион киши 60 ёшида ҳаётдан кўз юмади. Қашшоқлик. Жаҳон банкининг ҳисоботига биноан, Африкада қашшоқликдан азоб чекаётганларнинг сони 1990 йили 280 миллион кишини ташкил этган бўлса, 2012 йилга келиб бу сон 330 миллионгача ўсди.

16. а) Нега фақат Худонинг Шоҳлиги инсонларнинг муаммоларини ҳал қила олади? б) Худонинг Шоҳлиги келтирадиган баракалар ҳақида Ишаё ва Забур китобларида нима дейилган?

16 Ҳозирги иқтисод ва сиёсий ташкилотларни ўз манфаатини кўзлаган кишилар бошқаради. Албатта, улар уруш, жиноят, касаллик ва қашшоқликка барҳам беролмайди. Зеро, фақатгина Худонинг Шоҳлиги бундай қилишга қодир. Яҳова одамзод учун нималар қилмоқчи экани борасида ўйлаб кўринг. Урушлар. Худонинг Шоҳлиги урушларнинг асоси бўлмиш худбинлик, коррупция, ватанпарварлик, сохта дин ва Шайтонни йўқ қилади. (Заб. 45:9, 10) Жиноят. Худонинг Шоҳлиги миллионлаб одамларни севишга ва бир-бирига ишонишга ўргатиб келмоқда. Бошқа ҳеч қайси ҳокимият бундай қилишга ундамайди. (Ишаё 11:9) Касалликлар. Яҳова хизматчиларига мукаммал соғлиқ ато этади. (Ишаё 35:5, 6) Қашшоқлик. Яҳова қашшоқликни бартараф қилади ва хизматчиларига бойликлардан анча қадрлироқ бўлган ҳаёт тарзини тақдим этиб, ҳам маънавий, ҳам жисмоний тарафдан ғамхўрлик кўрсатади. (Заб. 71:12, 13)

«ҚАНДАЙ ЖАВОБ БЕРИШ КЕРАКЛИГИНИ БИЛАСИЗЛАР»

17. Қандай қилиб дунёвий фикрлаш тарзини рад эта оласиз?

17 Имонингизга таъсир қиладиган бирон ғояни эшитсангиз, бу ҳақида Худонинг Каломида нима дейилаётгани борасида изланиш ўтказинг ва масалани тажрибали масиҳий билан муҳокама қилинг. Нега мазкур ғоя яхшидек туюлиши мумкинлиги, нима сабабдан у ёлғон экани ва қай йўсин уни рад қила олишингиз ҳақида мулоҳаза юритинг. Аслида, барчамиз Павлуснинг Колосадаги жамоатга айтган қуйидаги сўзларига амал қилиб, дунёвий фикрлаш тарзини рад эта оламиз: «Жамоатга тегишли бўлмаганлар билан оқилона йўл тутиб, [...] ҳар бир кишига қандай жавоб бериш кераклигини биласизлар». (Колос. 4:5, 6)

^ абз. 9 Кўпчилик Юҳанно 7:53–8:11 гача бўлган оятлар Муқаддас Ёзувларнинг асл матнида бўлмаганига ишонмайди. Бунга асосланиб, баъзилар фақатгина гуноҳсиз инсон бошқасини зинода айбдор, деб топа олади деган нотўғри хулосага келади. Бироқ Худо Исроил халқига берган Тавротда шундай дейилган: «Агар бирор эркак оилали хотин билан ётса ва бу маълум бўлиб қолса, иккови — хотин ҳам, хотин билан ётган эркак ҳам ўлдирилсин». (Қонун. 22:22)