Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Сахий барака топади»

«Сахий барака топади»

ҚУРБОНЛИКЛАР узоқ вақт мобайнида ҳақ топинишнинг муҳим қисми бўлиб келган. Исроилликлар ҳайвонларни қурбонликка келтирарди, масиҳийлар эса «ҳамду сано қурбонлигини» бахшида этиш билан таниқли эди. Шундай бўлса-да, Аллоҳга хуш келадиган бошқа қурбонликлар ҳам бор. (Иброн. 13:15, 16) Бу мақоладаги мисоллардан шуни билиб оламизки, ушбу қурбонликлар қувонч ҳамда баракалар келтиради.

Қадимда яшаган Ханна исмли садоқатли аёл ўғилли бўлишни жуда истаган, аммо у бола кўра олмасди. У ибодат қилиб, агар ўғил туғса, уни бир умр Яҳовага хизмат қилишга бағишлашга ваъда берганди. (1 Шоҳ. 1:10, 11) Вақт ўтиб, Ханна ҳомиладор бўлди ва Шомуил исмли ўғил кўрди. Шомуилни кўкракдан ажратгач, Ханна ваъда қилганидек, уни чодирга олиб борди. Яҳова Ханнага фидойиликни намоён этгани учун барака берди. Ханна яна бешта фарзанд кўрди, Шомуил эса пайғамбар бўлиб, Муқаддас Китоб ёзилишида ўз ҳиссасини қўшди. (1 Шоҳ. 2:21)

Ханна ва Шомуил каби бугун ҳам масиҳийлар ўз ҳаётини Парвардигорига хизмат қилишга бағишлаш шарафига эгадир. Исо ваъда қилганидай, Яҳовага хизмат қилишда келтираётган ҳар қандай қурбонлигимиз учун сахийлик ила мукофотланамиз. (Марк 10:28–30)

Биринчи асрдаги Дорка исмли аёл «кўп эзгу ишлар қилиб, хайр-садақа» бергани, яъни бошқаларга кўмаклашиш учун қилган қурбонликлари билан таниқли эди. Минг афсуски, «у касал бўлиб, ҳаётдан кўз юмди» ва бу имондошларига қайғу келтирди. Шогирдлар Бутрус ўша атрофда эканини эшитишганда, уни шу заҳотиёқ келишини илтимос қилишди. Бутрус келиб, Доркани тирилтирганда улар қанчалар қувонганини бир тасаввур қилинг! Бу, ҳаворийлар томонидан тирилтириш ҳақидаги илк воқеа. (Ҳавор. 9:36–41) Ҳа, Аллоҳ Дорканинг қурбонликларини унутмаган эди. (Иброн. 6:10) Худонинг Каломида унинг сахийлиги қаламга олинган бўлиб, биз тақлид қилишимизга арзийдиган яхши ўрнакдир.

Ҳаворий Павлус ҳам бошқаларга ўз вақти ва эътиборини сахийлик ила бахш этгани билан аъло ўрнак кўрсатди. У Коринфдаги имондошларига шундай ёзган эди: «Сизлар учун мен бор-йўғимни бажонидил сарфлайман, ҳатто ўзимни ҳам аямайман». (2 Кор. 12:15) Павлус ўз тажрибасидан шуни тушундики, ўзини бошқалар учун қурбон қилиш нафақат мамнуният ҳиссини беради, балки энг муҳими, Яҳованинг баракасию марҳаматига эриштиради. (Ҳавор. 20:24, 35)

Шуниси аниқки, ўз вақтимизнию кучимизни Шоҳлик манфаатлари ва имондошларимизни қўллаб-қувватлаш учун сарфласак, Яҳовани мамнун қиламиз. Ваъзгўйлик фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг яна бошқа йўллари ҳам бор. Хайр-эҳсонларимиз орқали Аллоҳни шарафлаб, ўз севгимизни намоён эта оламиз. Бу эҳсонлар умумжаҳон ваъзгўйлик ишини олға суришда, жумладан, тўла вақтли махсус ваъзгўйларни ва бошқа тўла вақтли хизматчиларни қўллаб-қувватлашда ишлатилади. Адабиётларимизни ва видеоларни тайёрлаб, таржима қилиш, табиий офатлар дастидан зарар кўрганларга кўмаклашиш ва Йиғилиш Залларининг қурилиши хайр-эҳсонлар эвазига қопланади. Шубҳасизки, «сахий барака топади». Бундан ташқари, Яҳовага қадрли нарсаларимизни бериб, Уни шарафлаймиз! (Ҳик. 3:9; 22:9)