Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг адолатига ва раҳм-шафқатига тақлид қилинг

Яҳованинг адолатига ва раҳм-шафқатига тақлид қилинг

Адолатли ҳукм қилинглар. Бир-бирингизга меҳрибон бўлинглар, раҳм-шафқат қилинглар. ЗАКР. 7:9

ҚЎШИҚЛАР: 21, 11

1, 2. а) Исо Таврот қонунига нисбатан қандай муносабатда эди? б) Қай йўсин уламою фарзийлар Худонинг Таврот қонунини нотўғри талқин қилишган?

ИСО Таврот қонунини яхши кўрган. Бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Чунки мазкур қонун Исонинг ҳаётидаги энг муҳим Шахс — Отаси Яҳова томонидан берилганди. Исо Худонинг қонунини шундай яхши кўриши Забур 39:9 да қуйидагича башорат қилинган эди: «Сенинг хоҳишингни адо этишдан завқ оламан, эй Худойим, Сенинг қонунинг юрагим тўридадир». Сўзлари ва ишлари орқали Исо Худонинг Таврот қонуни мукаммал, фойдали ва унда ёзилганлар албатта амалга ошишини таъкидлаганди. (Мат. 5:17–19)

2 Уламою фарзийлар Таврот қонунини нотўғри талқин қилишаётганини кўриб, Исонинг кўнгли тушган бўлса керак. Улар Тавротдаги баъзи майда-чуйда тафсилотларга зўр бериб риоя қилишган. Шунинг учун Исо: «Сизлар ялпиз, укроп ва зирадан ушр берасизлар»,— деб айтган. Хўш, унда муаммо нимада эди? У қуйидагича давом қилди: «Аммо Таврот қонунида муҳим саналган одиллик, раҳм-шафқат ва садоқатга аҳамият бермай қўйгансизлар». (Мат. 23:23) Ўзларини одил деб ҳисоблаган ушбу фарзийлардан фарқли равишда, Исо Таврот қонунининг моҳиятини, яъни ҳар бир амрда акс этган илоҳий фазилатларни очиб берган.

3. Ушбу мақолада нима ҳақида гап боради?

3 Масиҳийлар сифатида Таврот қонунига тобе эмасмиз. (Рим. 7:6) Аммо Яҳова мазкур қонунни Ўз Каломида тақдим этди. У Тавротнинг майда-чуйда тафсилотларига амал қилишимизни эмас, балки «муҳим саналган» нарсаларни, яъни амрларда акс этган юқори принципларни қўллашимизни истайди. Масалан, паноҳ шаҳарлари борасидаги йўл-йўриқлардан қайси принципларни кўришимиз мумкин? Олдинги мақолада қочоқнинг ҳаракатларидан нималарни ўрганишимиз мумкинлигини муҳокама қилгандик. Энди паноҳ шаҳарларидан Яҳова ҳамда қай йўсин Унинг фазилатларига тақлид қила олишимиз тўғрисида билиб оламиз. Демак, ушбу мақолада қуйидаги учта саволга жавоб топамиз: қандай қилиб паноҳ шаҳарлари Яҳова раҳмдил эканини кўрсатмоқда? Мазкур шаҳарлар Яҳованинг ҳаётга бўлган нуқтаи назари борасида нимани очиб бермоқда? Қай йўсин улар Яҳова мутлақ адолатли эканини намоён этмоқда? Ҳар бир саволга жавоб излар экансиз, самовий Отамизга қандай тақлид қилишингиз мумкинлиги борасида фикр юритинг. (Эфесликларга 5:1 ни ўқинг.)

ПАНОҲ ШАҲАРЛАРИ РАҲМДИЛЛИКНИНГ ИФОДАСИДИР

4, 5. а) Қай йўсин паноҳ шаҳарларига етиб бориш осон эди ва нима учун? б) Бундан Яҳова тўғрисида нимани билиб оляпмиз?

4 Паноҳ шаҳарлари олтита эди ва уларга етиб бориш осон бўлганди. Яҳова Исроил халқига Иордан дарёсининг икки томонида ҳам бу шаҳарларни бир хил равишда барпо этишни буюрганди. Нега? Қочоқ паноҳ шаҳрига тезда ва осонгина етиб олиши мумкин эди. (Саҳ. 35:11–14) Паноҳ шаҳарларига олиб борувчи йўллар яхши ҳолатда сақланарди. (Қонун. 19:3) Яҳудийларнинг одатига кўра, қочоқ йўлни топа олиши учун йўл белгилари ўрнатилганди. Бу шаҳарлар бўлгани сабаб тасодифан қотил бўлиб қолган киши сохта топинишга берилиб кетиши мумкин бўлган ўзга юртга қочишга мажбур эмасди.

5 Қуйидаги борасида ўйлаб кўринг: атайин қотиллик содир этганларга жазо беришни айнан Яҳова ўрнатганди. Бироқ У тасодифан қотил бўлиб қолган кишига раҳмдилликни намоён этди ва ҳимоялади. Бир илоҳиётшунос: «Барча нарса иложи борича тушунарли, оддий ва осонгина қилиб ташкиллаштирилганди. Бу Худо раҳмдил эканини кўрсатарди»,— деб ёзди. Яҳова хизматчиларини жазолашга тайёр турган бағритош ҳакам эмас. Аксинча, У «шафқатга бой». (Эфес. 2:4)

6. Фарзийларнинг раҳмдиллиги Худоникидан қандай фарқ қиларди?

6 Бундан фарқли ўлароқ, фарзийлар раҳмдиллик намоён этишни исташмасди. Масалан, бир одатга кўра, улар ўша-ўша хато учун одамни уч мартадан ортиқ кечирмасди. Исо қуйидагича ибодат қилган фарзийнинг мисолида уларнинг гуноҳкорларга бўлган муносабатини тасвирлаган: «Ё Аллоҳ, Сенга минг қатла шукурки, мен бошқалар сингари талончи, инсофсиз, зинокор ҳамда мана бу солиқчи каби эмасман». Аслида эса солиқчи камтарлик ила Худодан раҳм-шафқат сўраётган эди. Нима учун фарзийлар раҳмдиллик кўрсатишни шунчалик хоҳлашмасди? Муқаддас Китобда улар «бошқаларни назар-писанд қилмайдиган», деб ёзилган. (Луқо 18:9–14)

Кечиримлилик «йўлини» тўсмай уни яхши ҳолатда сақлаяпсизми? Камтар ва мулоқотга очиқ бўлинг (4–8- хатбошиларига қаранг.)

7, 8. а) Кимдир сизга қарши гуноҳ қилса, Яҳовага қандай тақлид қила оласиз? б) Нега кечиримли бўлишга келганда камтарлигимиз синалади деса бўлади?

7 Фарзийларга эмас, Яҳовага тақлид қилинг. Раҳмдил бўлинг. (Колосаликларга 3:13 ни ўқинг.) Бунинг йўлларидан бири — бошқаларга нисбатан кечиримли бўлиш. (Луқо 17:3, 4) Ўзингиздан шундай деб сўранг: «Мени ҳатто қайта-қайта хафа қилган кишиларни кечиришга тайёрманми? Кўнглимни оғритган ёки менга зарар келтирган одам билан тинчликни тиклашни хоҳлайманми

8 Кечиримли бўлишга келганда камтарлигимиз синалади. Фарзийлар бошқаларга паст назар билан қарагани боис, бу синовдан ўта олмади. Масиҳийлар эканмиз «бошқаларни ўзингиздан устун қўйинглар» деган сўзларга амал қилиб, кечиришга тайёр бўлайлик. (Филип. 2:3) Хўш, Яҳовага тақлид қилиб, камтарлик синовидан ўта оласизми? Кечиримлилик «йўлини» тўсманг ва уни яхши ҳолатда сақланг. Араз қилишга эмас, раҳмдил бўлишга интилинг. (Воиз 7:8, 9)

ҲАЁТНИ ҚАДРЛАНГ ВА ҚОН ТЎККАНЛИКДА АЙБДОР БЎЛМАНГ

9. Қандай қилиб Яҳова исроилликларга инсон ҳаёти қадрли эканини кўрсатди?

9 Паноҳ шаҳарларини барпо этишдан асосий мақсад исроилликларни қон тўкишдан ҳимоялаш эди. (Қонун. 19:10) Яҳова ҳаётни севади ва «бегуноҳ қонни тўкадиган» қотиллардан нафратланади. (Ҳик. 6:16, 17) Адолатли ва муқаддас Худо ҳатто тасодифан рўй берган қотилликка ҳам кўз юма олмайди. Тўғри, тасодифан қотил бўлган кишига раҳм-шафқат кўрсатиларди. Аммо шунда ҳам, у бўлиб ўтганларни оқсоқолларга айтиши ва улар буни тасодифан бўлган, деб топишгандагина қотил олий руҳонийнинг ўлимига қадар паноҳ шаҳрида яшаши керак эди. Бу, эҳтимол, у умрбод шу ерда қолишини англатарди. Бундай жиддий оқибатлар исроилликлар одамнинг ҳаётини муқаддас ҳисоблашига таъсир қилган. Ҳаёт Манбаига ҳурмат кўрсатиш учун улар яқинларининг ҳаётига хавф туғдирадиган ҳар қандай ҳаракатдан ёки лоқайдликдан қочиши зарур эди.

10. Исонинг сўзларига биноан, уламою фарзийлар инсон ҳаётига бефарқ эканини қандай кўрсатишган?

10 Яҳовадан фарқли равишда, уламою фарзийлар ҳаётга бефарқ эканини кўрсатишган. Қандай қилиб? Исо уларга шундай деганди: «Сизлар билимнинг калитини олиб, ўзларингиз ҳам кирмадингиз, кирмоқчи бўлганларга ҳам тўсқинлик қилдингизлар». (Луқо 11:52) Аслида, улар Худо Каломининг маъносини тушунтириши ва бошқаларга абадий ҳаёт йўлидан юришга ёрдамлашиши лозим эди. Улар эса одамларни «ҳаётга Етакловчи» Исодан узоқлаштириб, абадий йўқ қилинишга олиб борадиган йўлга етаклашган. (Ҳавор. 3:15) Мағрур ва худбин уламою фарзийлар яқинларининг ҳаётию манфаати ҳақида деярли қайғуришмаган. Бу нақадар шафқатсизлик ва бераҳмлик!

11. а) Қандай қилиб ҳаворий Павлус ҳаётга Худо каби қарашини кўрсатган? б) Хизматга Павлус сингари ёндашишимизга нима ёрдам беради?

11 Қай йўсин уламою фарзийлар кўрсатган муносабатдан қочиб, Яҳовага тақлид қила оламиз? Аввало, ҳаёт ҳадясига ҳурмат кўрсатиб, уни қадрлашимиз лозим. Ҳаворий Павлус буни кенг шоҳидлик бериш орқали намоён этган. Шунинг учун ҳам у: «Мен бирон-бир инсоннинг қони тўкилишида айбдор эмасман»,— деб айта олган. (Ҳаворийлар 20:26, 27 ни ўқинг.) Лекин Павлус айбдор ёки мажбур бўлгани сабаб ваъз қилмаган. Аксинча, у одамларни севган ва уларнинг ҳаётини қадрлаган. (1 Кор. 9:19–23) Шу сингари биз ҳам ҳаётга Худо каби қарашни ўрганишимиз керак. Яҳова «ҳамманинг тавба қилишини хоҳлайди». (2 Бутр. 3:9) Сиз-чи? Қалбингизда раҳмдилликни уйғотиш сизни хизматда ғайратли бўлишга ундайди ва унда иштирок этган сайин қувончга тўласиз.

12. Нега Худонинг халқи учун хавфсизлик қоидалари муҳим?

12 Шунингдек, хавфсизликка нисбатан тўғри муносабатни ривожлантириб, ҳаётга Яҳованинг назари билан қараётганимизни кўрсатамиз. Транспорт ҳайдаганда, ишлаганда, жумладан қурилишда, таъмирлашда қатнашганда ва топиниш жойларимизга борганда эҳтиёткорликни намоён этишимиз зарур. Ишни, пулни ёки иш жадвалини ҳеч қачон соғлиғингиз ва хавфсизлигингиздан устун қўйманг. Адолатли Худойимиз доим тўғри ва муносиб ишлар қилади. Биз Унга ўхшашни хоҳлаймиз. Оқсоқоллар ўзларининг ва улар билан ишлаётганларнинг хавфсизлиги учун қайғуришга интилишади. (Ҳик. 22:3) Агар оқсоқол хавфсизлик чоралари бўйича сизга маслаҳат берса, уни қабул қилинг. (Галат. 6:1) Ҳаётга Яҳованинг назари билан қаранг ва қон тўкканликда айбдор бўлманг.

ЙЎЛ-ЙЎРИҚЛАРГА АСОСЛАНИБ МАСАЛАНИ ҲАЛ ҚИЛИШ

13, 14. Қандай қилиб Исроил оқсоқоллари Яҳованинг адолатига тақлид қила олишарди?

13 Яҳова Исроил оқсоқолларига Ўзининг адолат борасидаги юқори меъёрларига амал қилишни буюрган. Биринчидан, оқсоқоллар барча далилларни топишлари керак эди. Қолаверса, раҳмдиллик кўрсатиш ёки кўрсатмасликни ҳал қилаётиб улар қотилнинг ниятини, муносабатини ва олдин хулқ-атвори қандай бўлганини эътиборга олишлари лозим эди. Худонинг адолатини акс эттириш учун оқсоқоллар қочоқ чиндан ҳам «хусумат» ва «қасд қилмай» йўл тутган ёки тутмаганини аниқлашлари зарур эди. (Саҳрода 35:20–24 ни ўқинг.) Гувоҳларнинг кўрсатмалари кўриб чиқилганда, воқеа тасодифан юз берганини камида иккита гувоҳ исботлаши лозим эди. (Саҳ. 35:30)

14 Шундай қилиб, барча далиллар топилганидан сўнг оқсоқоллар фақатгина қилмиш ҳақида эмас, балки одам ҳақида ўйлашлари зарур эди. Улар фаҳм-идрок намоён этишлари, яъни бир қарашда сезилмайдиган тафсилотларни кўриб, воқеага нима сабаб бўлганини аниқлашлари керак эди. Энг муҳими, Яҳованинг фаҳм-идрокини, раҳмдиллигини ва адолатини акс эттириш учун улар муқаддас руҳга муҳтож эди. (Чиқ. 34:6, 7)

15. Исодан фарқли равишда, фарзийлар гуноҳкорларга қандай қараган?

15 Фарзийлар эса диққатини инсоннинг фазилатларига эмас, балки унинг қилган ишига қаратган. Бир сафар Исо солиқчи Маттонинг уйига меҳмонга борганида, улар шогирдлардан: «Нега устозингиз солиқчилар ва гуноҳкорлар билан еб-ичиб ўтирибди?» — дея сўрашган. Исо жавоб бериб шундай деган: «Соғлар эмас, беморлар шифокорга муҳтож. Шунинг учун бориб: “Мен қурбонлик эмас, раҳм-шафқат истайман”,— деган сўзлар нимани англатишини билиб олинглар. Ахир мен одил кишиларни эмас, гуноҳкорларни даъват этгани келганман». (Мат. 9:9–13) Исо жиддий гуноҳга кўз юмган эдими? Асло! Исо ваъз қилган хабар одамларни гуноҳларидан тавба қилишга ундашни ўз ичига олган. (Мат. 4:17) Шубҳасиз, Исо фаҳм-идрокни намоён этиб баъзи «солиқчилар ва гуноҳкорлар» ўзгаришни хоҳлаётганига эътибор берган. Улар Маттонинг уйига шунчаки овқатланиш учун келишмаганди. Аксинча, «улар Исонинг орқасидан эргашиб келишган эди». (Марк 2:15) Афсуски, аксарият фарзийлар Исо инсонларда кўрган нарсани кўра олишмаган. Гарчи улар адолатли ва раҳмдил Худога топиняпмиз, деб таъкидлаган бўлишса-да, Ундан фарқли равишда, яқинларига гуноҳкор деган тамғани босиб, уларни яхши томонга ўзгармайдиган деб ҳисоблашган.

16. Ҳакамлар қўмитаси нимани аниқлашга ҳаракат қилиши керак?

16 Бугунги кунда ҳам оқсоқоллар Яҳовага тақлид қилишаётганига амин бўлишлари керак, зеро У «яхши кўради адолатни». (Заб. 36:28) Аввало, қандайдир ёмон иш содир этилганда улар «сўраб суриштиринглар, яхшилаб текширинглар» деган сўзларга амал қилишлари даркор. Шу йўсин, улар Муқаддас Китобда келтирилган йўл-йўриққа асосланиб масалани ҳал қилишади. (Қонун. 13:12–14) Оқсоқоллар ҳакамлар қўмитасида иштирок этганда, жуда диққатли бўлиб масиҳий жиддий гуноҳида тавба қилган-қилмаганини аниқлашлари зарур. Буни аниқлаш доим ҳам осон эмас. Бу кишининг нуқтаи назарини, хулқини ва юрагининг ҳолатини ўз ичига олади. (Ваҳ. 3:3) Агар гуноҳ қилган киши унга раҳмдиллик кўрсатилишини истаса, тавба қилиши зарур *.

17, 18. Қандай қилиб оқсоқоллар киши чин дилдан тавба қилган ё қилмаганини аниқлай олишади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

17 Яҳова ҳамда Исодан фарқли ўлароқ, оқсоқоллар инсоннинг юрагида нима борлигини кўра олмайди. Оқсоқол бўлсангиз, гуноҳкор чин юракдан тавба қилган-қилмаганини қандай аниқлай оласиз? Биринчидан, донолик ва фаҳм-идрок сўраб ибодат қилинг. (3 Шоҳ. 3:9) Иккинчидан, «дунёга хос хафа бўлиш»ни «Тангрига маъқул келадиган хафагарчилик»дан, яъни чин тавбадан фарқлай олиш учун Худонинг Каломида ва ишончли хизматкор тақдим этаётган адабиётларда нима дейилганига диққат қаратинг. (2 Кор. 7:10, 11) Чин дилдан тавба қилганлар ва қилмаганлар Муқаддас Китобда қандай тасвирланганига эътибор беринг. Шунингдек, уларнинг ҳис-туйғулари, муносабати ва ўзини тутиши Муқаддас Китобда қандай тасвирланганига диққат қилинг.

18 Ниҳоят, инсоннинг ўзини кўришга ҳаракат қилинг. Гуноҳ қилган кишининг ўтмишини, ниятини ва чекланган имкониятларини инобатга олинг. Жамоат боши Исо ҳақида Муқаддас Китобда шундай башорат ёзилган: «Ҳукм қилмас кўзлари кўргани ила, ажрим қилмас эшитганлари ила. У адолат ила бечорани ҳукм қилади, тўғрилик ила ер юзи мазлумларини ажрим қилади. Бир оғиз сўзи билан золимни жазолайди, нафаси ила фосиқни ўлдиради». (Ишаё 11:3, 4) Азиз оқсоқоллар, жамоатга чўпонлик қилишда Исога ёрдам берар экансиз, у сизларга адолат ҳамда раҳмдиллик билан ҳукм қилишга кўмаклашади. (Мат. 18:18–20) Шундай йўл тутишга жон куйдираётган ғамхўр оқсоқолларимиз борлигидан нақадар миннатдормиз! Жамоатларимизда адолат ва раҳмдиллик бўлиши учун тинимсиз меҳнат қилаётган оқсоқолларимизнинг уринишларини қадрлаймиз.

19. Паноҳ шаҳарлари борасидаги сабоқлардан қайсиларини амалда қўлламоқчисиз?

19 Таврот қонуни Яҳова ҳамда Унинг адолатли принциплари борасида «билим ва ҳақиқатнинг негизини» акс эттиради. (Рим. 2:20) Масалан, паноҳ шаҳарлари оқсоқолларни «адолатли ҳукм қилишга» ўргатади ва барчамизни «бир-бирингизга меҳрибон бўлинглар, раҳм-шафқат қилинглар» деб чорлайди. (Закр. 7:9) Биз Тавротга тобе эмасмиз. Лекин Яҳова ўзгаргани йўқ ва адолат ҳамда раҳмдиллик фазилатлари У учун ҳали ҳам муҳим. Бундай Худога топиниш шарафдир. Биз Унга ўхшаш қилиб яратилганмиз, Унинг фазилатларига тақлид қила оламиз ва Унда паноҳ топишимиз мумкин.

^ абз. 16 «Қўриқчи минораси» журналининг 2006 йил 1 март сонидаги (рус) 30- саҳ. «Ўқувчиларнинг саволлари» номли мақолага қаранг.