Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Меҳрибонлик. Ҳам сўзда, ҳам амалда намоён бўлади

Меҳрибонлик. Ҳам сўзда, ҳам амалда намоён бўлади

МЕҲРИБОНЛИК далда ва тасалли бахш этади! Кимдир бизга ғамхўрлик қилса, жуда миннатдор бўламиз. Ҳар биримизга бу ажойиб фазилат ёқар экан, уни қандай қилиб ривожлантира оламиз?

Меҳрибонлик фазилати бошқаларнинг манфаатини кўзлаб самимий қизиқиш кўрсатишдир. Бу ҳам сўзда, ҳам амалда намоён бўлади. Гарчи у амалда кўрсатилса-да, шунчаки ҳурмат юзасидан намоён этиладиган фазилатдан кўра кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Чуқур севги ва раҳмдиллик туфайли ҳақиқий меҳрибонликни намоён эта оламиз. Энг асосийси, у муқаддас руҳ самараси бўлгани учун уни намоён этишга ундаламиз. (Галат. 5:22, 23) Меҳрибонлик фазилатини ривожлантиришимиз керак. Шундай экан, келинг, қандай қилиб Яҳова ҳамда Унинг Ўғли бу фазилатни кўрсатишгани ва биз Уларга қай йўсин тақлид қила олишимиз мумкинлиги ҳақида фикр юритайлик.

ЯҲОВА ҲАММАГА МЕҲРИБОН

Яҳова ҳаммага, «ҳатто ношукур ва ёвуз бандаларига» нисбатан меҳрибондир. (Луқо 6:35) Масалан, Яҳова «Ўз қуёшини ёвузлар устидан ҳам, яхшилар устидан ҳам балқитади, ёмғирини одиллар устига ҳам, адолатсизлар устига ҳам ёғдиради». (Мат. 5:45) Ҳатто Яратувчиси Яҳова эканини билмаган кишилар ҳам У ҳаёт учун меҳр ила тақдим этган яхшиликларидан фойда кўриб, муайян даражада бахтиёрликни ҳис этмоқда.

Яҳова Одамато билан Момоҳавога қилган муносабати У меҳрибон Худо эканини яққол кўрсатяпти. Улар гуноҳ қилганидан кўп вақт ўтмай, «анжир баргларини бир-бирига бириктириб, уятли жойларини ёпиб олишди». Лекин Яҳова улар Адан боғи ташқарисида, «тикану янтоқ» ўсадиган қарғишга қолган ерда яшаши учун уларга муносиб кийим керак бўлишини билган. Шунинг учун, Худо уларга меҳр ила «теридан узун кийим тайёрлаб» берган. (Ибт. 3:7, 17, 18, 21)

Гарчи Яҳова ҳам ёвуз, ҳам яхши одамларга меҳрибонлик кўрсатаётган бўлса-да, айниқса, Ўзининг содиқ хизматчиларига бу фазилатни намоён этади. Масалан, Закариё пайғамбарнинг даврида одамлар Қуддусдаги маъбадни таъмирламай қўйишганда фаришта ташвишга тушган эди. Яҳова фариштанинг хавотирларини тинглаб, «меҳр ва тасалли берувчи сўзлар» айтган. (Закр. 1:12, 13) Яҳова шунингдек, Илёс пайғамбарга ҳам меҳр кўрсатган. Бир сафар у шу қадар қаттиқ қайғурганки, ҳатто Яҳовадан ўзига ўлим тилаган. Яҳова эса унинг туйғуларига эътиборли бўлиб, фариштаси орқали уни мустаҳкамлаган. Бунинг устига, Аллоҳ уни ёлғиз эмаслигига ишонтирган. Илёс меҳрга тўла сўзларни эшитиб, муҳтож бўлган кўмакни олгач, ўз вазифасини бажаришга тайёр бўлган. (3 Шоҳ. 19:1–18) Хўш, Худонинг хизматчилари орасида У каби бу фазилатни аъло тарзда намоён этган шахс ким?

ИСО ЖУДА МЕҲРИБОН

Ер юзидаги хизмати давомида Исо бошқаларга меҳрибон бўлиб, эътиборли эди. У қўпол, ўз сўзини ўтказадиган бўлмаган. Исо раҳмдиллик ила шундай деган: «Эй, заҳмат чекаётганлар ва оғир юк остида юрганлар, барчангиз олдимга келинглар. Мен сизларга роҳат бахш этаман». (Мат. 11:28–30) Исонинг меҳрибонлиги туфайли одамлар унинг ортидан эргашган. Исо уларга ачингани учун тўйғазган, шифо берган ва Отаси ҳақида «кўп нарсаларни» ўргатган. (Марк 6:34; Мат. 14:14; 15:32–38)

Меҳрибон бўлгани учун Исо бошқалар билан муносабат қилганда мулоҳазакор ва фаҳм-идрокли бўлган. Вазияти қандай бўлишидан қатъи назар Исо самимий бўлган барчани «очиқ чеҳра билан қарши олган». (Луқо 9:10, 11) Мисол учун, бир сафар Тавротга биноан нопок деб ҳисобланган аёл шифо топиш ниятида Исонинг устки кийимига текканда, уни койиб бермаган. (Лев. 15:25–28) 12 йилдан бери қон кетишидан азоб чеккан ўша аёлга у: «Синглим, ишончингиз туфайли соғайиб кетдингиз. Эсон-омон бориб, оғир дарддан фориғ бўлинг»,— деган. (Марк 5:25–34) Нақадар ажойиб меҳрибонлик!

САВОБ ИШЛАР МЕҲРИБОНЛИКДАН ДАЛОЛАТ

Юқоридаги мисоллардан кўрганимиздай, чинакам меҳрибонлик амалда намоён этилади. Самариялик киши ҳақида мисол келтириб, Исо меҳрибонликни амалда кўрсатиш кераклигини таъкидлаган. Гарчи самарияликлар ва яҳудийлар ўзаро душман бўлган бўлишса-да, ўша мисолдаги самариялик киши кийими ечилган, дўппосланган ва йўлда чала ўлик ҳолатда ётган яҳудийга ачинган. Ўша самариялик киши меҳрибонлик туфайли шундай қилган. У яҳудий кишининг яраларини боғлаб, уни меҳмонхонага олиб борган. Қолаверса, у меҳмонхона эгасига жароҳатланган бу кишига ғамхўрлик қилиши учун пул тўлаган ва ҳатто қўшимча харажатлар учун ҳам тўлашга тайёр эканини айтган. (Луқо 10:29–37)

Меҳрибонликни амалда кўрсатишдан ташқари, ўйлаб айтилган далдали сўзлар орқали ҳам намоён этиш мумкин. Муқаддас Китобда: «Ғам-ташвиш одамнинг қалбини эзади, яхши сўз эса кўнглини кўтаради»,— деб ёзилган. (Ҳик. 12:25) Бошқаларга нисбатан меҳрибонлик ва ҳиммат фазилатларини кўрсатсак, уларга далда бахш этадиган сўзларни айтиб, ўзини бахтлироқ ҳис этишига ёрдам берамиз *. Меҳр ила айтган сўзларимиз орқали уларга ғамхўрлик қилаётганимизни кўрсата оламиз. Бу далда туфайли улар дуч келаётган қийинчиликлари билан курашиш учун куч топа олади. (Ҳик. 16:24)

МЕҲРИБОНЛИК ФАЗИЛАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИНГ

Аллоҳ одамни «Ўзига ўхшаш қилиб яратган» экан, барчамиз меҳрибон бўла оламиз. (Ибт. 1:27) Масалан, римлик юзбоши Юлийга ҳаворий Павлусни Римга олиб бориш топширилган. Улар Сидон шаҳрига етиб келишганида у Павлусга «одамгарчилик кўрсатиб, дўстлари унга ғамхўрлик қилишсин, дея уларнинг олдига боришга рухсат этган». (Ҳавор. 27:3) Кўп вақт ўтмай, Мальта оролида яшовчи одамлар кема ҳалокатига дуч келган Павлус ва бошқаларга «инсонийлик» кўрсатишган. Улар одамлар исинишсин деб ҳатто гулхан ёқишган. (Ҳавор. 28:1, 2) Ҳа, бу мақтовга сазовор ҳаракат. Шуни айтиш жоизки, ҳақиқий меҳрибонлик онда-сонда яхши ишлар қилишдан кўра кўпроқ нарсани ўз ичига олади.

Худони мамнун этишни хоҳласак, бу фазилатни доим намоён этиб, ҳам шахсиятимиз, ҳам ҳаётимизнинг бир қисмига айлантиришимиз лозим. Шу боис, Яҳова бизга меҳрибонлик фазилатига «бурканинглар» деб айтмоқда. (Колос. 3:12) Шуни тан олиш керакки, бу илоҳий фазилатни намоён этиш доим ҳам осон эмас. Қизиқ, нима учун? Сабаби уялиш, ишончсизлик, таъқиблар ёки қайсидир маънода худбинлигимиз ҳам бизга халақит бериши мумкин. Бироқ муқаддас руҳнинг кучига таяниб, Яҳова намоён этаётган меҳрибонлик фазилатига тақлид қилсак шу каби қийинчиликларни енга оламиз. (1 Кор. 2:12)

Қайси соҳаларда янада меҳрибонроқ бўлишимиз мумкин? Ўзимизга қуйидаги саволларни беришимиз керак: «Бошқаларни ҳамдардлик ила тинглайманми? Ўзгаларнинг эҳтиёжларига эътиборлиманми? Қачон охирги марта қариндошим ёки яқин дўстим бўлмаган инсонга меҳрибонлик намоён этганман?» Кейин эса, мақсадлар қўйишимиз мумкин, масалан, атрофимиздаги одамлар, айниқса, жамоатдаги имондошларимиз билан яқинроқ танишиб олсак бўлади. Шундай қилиб, уларнинг шароитию эҳтиёжлари ҳақида кўпроқ билиб оламиз. Шунингдек, ўзимизга қандай меҳрибонлик кўрсатилишини хоҳласак, бошқаларга ҳам шундай меҳрибонликни намоён этишга ҳаракат қилишимиз даркор. (Мат. 7:12) Сўнг, меҳрибонлик фазилатини ривожлантириш учун Яҳовадан ёрдам сўрасак, У ҳаракатларимизга барака беради. (Луқо 11:13)

МЕҲРИБОНЛИК БОШҚАЛАРНИ ЖАЛБ ҚИЛАДИ

Ҳаворий Павлус уни Худонинг хизматчиси сифатида кўрсатадиган фазилатларни санаб ўтганда, «меҳрибонликни» ҳам келтирган. (2 Кор. 6:3–6) Павлус шахсий қизиқиш кўрсатгани, яъни меҳр ила айтган сўзларию қилган ишлари одамларни ҳақиқатга жалб этган. (Ҳавор. 28:30, 31) Шу сингари, биз ҳам меҳрибонликни намоён этсак, одамларни ҳақиқатга жалб қила оламиз. Доимо ва ҳатто бизга қарши бўлаётганларга нисбатан ҳам меҳрибонликни кўрсатсак, уларнинг юраги юмшаб, жаҳлидан тушиши ҳеч гап эмас. (Рим. 12:20) Баъзида бу уларни хушхабарни қабул қилишга ундаши мумкин.

Келажакда ер юзидаги жаннатда беҳисоб кишилар тирилтирилганда, шубҳасизки, улар эҳтимол илк бор ҳақиқий меҳрибонликни ҳис этишар. Миннатдор бўлиб, улар ҳам бошқаларга меҳрибонлик кўрсатишади. Гап шундаки, меҳрибон бўлишни ва бошқаларга ёрдам беришни истамайдиган кишилар учун Худонинг Шоҳлиги бошқаруви остида жой йўқ. Аммо Аллоҳ абадий яшаш учун муносиб деб топган кишилар севги ҳамда меҳрга тўла дунёда яшайди. (Заб. 37:9–11) Бу хавфсиз ва тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурадиган замон бўлади! Ушбу ажойиб пайт келмаган экан, қай йўсин меҳрибонлик фазилатини намоён этиб, ҳозирнинг ўзида фойда олишимиз мумкин?

МЕҲРИБОНЛИК ФОЙДА КЕЛТИРАДИ

Муқаддас Китобда: «Меҳрибон одамнинг жони ором топади»,— дейилган. (Ҳик. 11:17) Меҳрибонлик бошқаларни бизга яқинлаштириб, уларни ҳам бундай йўл тутишга чорлайди. Исо шундай деб айтган: «Сизлар қандай ўлчов билан ўлчасангиз, улар ҳам сизларга шундай ўлчов билан ўлчаб беришади». (Луқо 6:38) Шу йўсин, меҳрибон одам учун бошқалар билан қалин дўст бўлиб қолиш осонроқ бўлади.

Павлус Эфесдаги имондошларини «бир-бирингизга меҳрибон, раҳм-шафқатли бўлинглар... бир-бирингизни чин дилдан кечиринглар» деб ундаган. (Эфес. 4:32) Жамоатнинг барча аъзолари раҳмдил бўлиб, бир-бирига меҳрибонлик ила ёрдам беришга интилса, улар катта фойда олади. Улар ҳеч қачон ранжитадиган сўзларни айтмайди, танқид қилмайди ва пичинг қилиб гапирмайди. Ғийбат тарқатишнинг ўрнига, улар бошқаларга кўмаклашадиган сўзларни гапиради. (Ҳик. 12:18) Натижада эса жамоат маънан гуллаб-яшнайди.

Дарҳақиқат, меҳрибонлик ҳам сўзда, ҳам амалда намоён бўлади. Меҳрибон бўлсак, ғамхўр ва сахий Худойимиз Яҳовага тақлид қила оламиз. (Эфес. 5:1) Қолаверса, жамоатларимизни мустаҳкамлаб, бошқалар ҳақ топинишга қўшилишига ҳисса қўшамиз. Илойим, одамлар бизни меҳрибонлик фазилатини намоён этадиган инсон деб билсин!

^ абз. 13 Тўққизта фазилатдан иборат бўлган муқаддас руҳ самараси туркумидаги кейинги мақолаларнинг бирида ҳиммат фазилати кўриб чиқилади.