Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Фикрлаш тарзингизни ким шакллантиряпти?

Фикрлаш тарзингизни ким шакллантиряпти?

Ушбу замонга уйғунлашманглар. РИМ. 12:2

ҚЎШИҚЛАР: 11, 22

1, 2. а) Исо Бутруснинг таклифига қандай муносабат кўрсатган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.) б) Нима учун у бундай жавоб берган?

ИСОНИНГ шогирдлари эшитганларидан ҳайратда эди. Чунки улар Исо Исроил шоҳлигини қайта тиклайди деб ўйлашган, лекин у уларга яқинда азоб чекиб, ўлишини айтган. Ҳаворий Бутрус унга биринчи бўлиб шундай деган: «Ўзингизга раҳм қилинг, Ҳазратим. Бу кўргиликлар зинҳор бошингизга тушмасин». Исо эса: «Йўқол кўзимдан, Шайтон! Сен менга тўсқинлик қилиб, Худо каби эмас, инсонлардай фикр юритяпсан»,— деб жавоб берган. (Мат. 16:21–23; Ҳавор. 1:6)

2 Бу сўзлар билан Исо Худонинг фикрлаш тарзи ва бу дунёни бошқараётган Шайтоннинг ғоялари орасида катта фарқ борлигини аниқ кўрсатган. (1 Юҳан. 5:19) Бутрус Исони бу дунёнинг фикрлаш тарзига эга бўлишга чорлаган. Аммо Исо Отасининг фикрлаш тарзи умуман бошқача эканини билган. У Худо унинг азоб чекиб, яқинда ўлишга тайёр бўлишини хоҳлаётганини тушунган. Бутрусга жавоб бериб, Исо бу дунёнинг эмас, Яҳованинг фикрлаш тарзи у учун муҳим эканини кўрсатган.

3. Нега бу дунёдаги одамлардай фикр юритиш қийин эмас?

3 Биз ҳақимизда нима деса бўлади? Яҳова каби фикр юритяпмизми ёки бу дунёдаги одамлардайми? Аллоҳнинг талабларига яраша йўл тутиш учун жон куйдираётгандирмиз. Бироқ фикрлаш тарзимиз-чи? Фикрлаш тарзимиз Яҳованики билан уйғун бўлиши учун ҳаракат қиляпмизми? Бунинг учун анча тер тўкиш керак. Лекин уринмай туриб ҳам бу дунёдагилардай фикр юрита бошлашимиз ҳеч гап эмас. Чунки дунёнинг руҳияти бизни қоплаб олган. (Эфес. 2:2) Қолаверса, кўпинча бу дунёда одамлар фақат ўзини ўйлашга ундалади, шу боис бу бизга ҳам таъсир қилиши мумкин. Ҳа, Яҳова каби фикрлаш қийин, бу дунёдагилардай ўйлаш эса жуда осон.

4. а) Фикрлаш тарзимизни бу дунё шакллантиришига йўл қўйсак нима юз беради? б) Ушбу мақолада нималарни билиб оламиз?

4 Агар фикрлаш тарзимизни бу дунё шакллантиришига йўл қўйсак, худбин ва нима тўғрию нима нотўғри эканини ўзимиз ҳал қиладиган бўлиб қоламиз. (Марк 7:21, 22) Шу боис инсонлардай эмас, «Худо каби» фикр юритишга ўрганишимиз лозим. Бу мақола бунда бизга қўл келади. Фикрлаш тарзимизни Яҳованики билан уйғунлаштириш бизни кишанлашини эмас, аксинча фойда келтиришини билиб оламиз. Шунингдек, бу дунё бизни шакллантиришига йўл қўймаслигимиз учун нима қилишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Келаси мақолада эса, муайян масалаларда Яҳованинг фикрлаш тарзи қандай экани ва биз У каби ўйлашимизга нима ёрдам бериши ҳақида гап юритамиз.

ЯҲОВАНИНГ ФИКРЛАШ ТАРЗИ МУНОСИБ ВА ФОЙДАЛИДИР

5. Нега баъзилар фикрлаш тарзига ҳеч ким таъсир қилишини хоҳламайди?

5 Баъзи одамлар уларнинг фикрлаш тарзига ҳеч ким таъсир қилишини хоҳламайди. Улар: «Нима қилишни ўзим биламан»,— дейди. Бу сўзлар билан улар ўзлари қарор чиқара олишини ва бунга ҳаққи бор деб таъкидлашар. Бошқалар уларни назорат қилишини ёки атрофдагилардай йўл тутишга мажбурлашини истамайди *.

6. а) Яҳова бизга қандай эркинлик ато этган? б) Эркинлигимиз чегараланганми?

6 Албаттаки, фикрлаш тарзимизни Яҳованики билан уйғунлаштириш шахсий нуқтаи назарга эга бўлмаслик керак дегани эмас. 2 Коринфликларга 3:17 да айтилганидай, «қаерда Яҳованинг муқаддас руҳи бор бўлса, ўша ерда эркинлик бўлади». Қандай инсон бўлишимизни ўзимиз танлаймиз. Ҳар биримизда ўзимиз ёқтирадиган нарса ва қизиқишлар бор. Дарҳақиқат, Яҳова бизни шу тарзда яратган. Лекин эркинлигимиздан чекловсиз фойдалана олмаймиз. (1 Бутрус 2:16 ни ўқинг.) Нима тўғри ёки нотўғри эканини ҳал қилишимиз керак бўлганда, Яҳова Унинг фикрлаш тарзини билишимиз учун Каломидан фойдаланишимизни истайди. Хўш, бу фойдалими ёки бирор нарсани йўқотяпмизми?

7, 8. Нега муайян масалаларда Яҳова каби фикрлаш кишанга олинишни англатмайди? Мисол келтиринг.

7 Битта мисолга эътибор берайлик. Ота-оналар болаларини яхши инсон қилиб тарбиялашга интилади. Уларни ростгўйликка, меҳнаткаш бўлишга ва бошқалар ҳақида ўйлашга ўргатади. Бу чеклов эмас-ку. Аксинча, улар фарзанди бутун умр бахтиёр бўлиб яшашини хоҳлайди. Бола улғайиб, уйини тарк этгач, ўзи қарор чиқаришда эркин бўлади. Агар ота-онаси ўргатгандай ҳаёт кечирса, кейинчалик афсусланишига сабаб бўлмайдиган қарорлар чиқариши мумкин. Натижада кўпгина муаммою ташвишлардан йироқда бўлади.

8 Ғамхўр ота-она каби, Яҳова ҳам биз мазмунли ҳаёт кечиришимизни хоҳлайди. (Ишаё 48:17, 18) Шунинг учун, У ахлоқ борасида ва бошқалар билан муносабат қилишимизда асқатадиган асосий принципларни тақдим этмоқда. Шу каби масалаларда Худо бизни Унинг фикрлаш тарзига эга бўлиб, шунга яраша яшашга чорламоқда. Бу биз учун кишан эмас, балки фикрлаш тарзимизни ривожлантириш, чархлаш ва кенгайтириш демакдир. (Заб. 92:5; Ҳик. 2:1–5; Ишаё 55:9) Бу шахс сифатида ривожланишимизга ҳисса қўшиб, бахт келтирадиган қарорлар чиқаришимизга ёрдам беради. (Заб. 1:2, 3) Ҳа, Яҳова каби фикрлаш тарзига эга бўлиш муносиб ва фойдалидир!

ЯҲОВАНИНГ ФИКРЛАШ ТАРЗИ ЭНГ АЪЛОСИДИР

9, 10. Яҳованинг фикрлаш тарзи энг аълоси эканини нима тасдиқлаяпти?

9 Фикрлаш тарзимизни Яҳованикига уйғунлаштиришимизнинг яна бир сабаби, Унинг фикрлаш тарзи энг аълосидир. Бу дунё бизга ахлоқ, оила, иш ва ҳоказолар борасида маслаҳатлар тақдим этади. Уларнинг аксарияти Яҳованинг фикрлаш тарзига умуман зид. Масалан, кўпинча одамлар ўз манфаатларини устун қўйишга чорланади. Бундан ташқари, жинсий ахлоқсизликка кўз юмилмоқда. Баъзида, алоҳида яшаш ва арзимас сабабга кўра ажралиш бахтлироқ қилади деб маслаҳат берилади. Бу Муқаддас Ёзувларга зид. Хўш, ҳозирги пайтда Муқаддас Китобдаги маслаҳат амалийми ёки бу дунёникими?

10 Исо: «Одамнинг донолиги адолатли ишларидан кўринади»,— деб айтган. (Мат. 11:19) Гарчи ҳозирги замонда технология соҳаси жуда ривожланган бўлса-да, бахтли яшашимизга тўсқинлик қилаётган уруш, ирқчилик ва зўравонлик каби жиддий муаммоларни ҳал қилиб бўлмаяпти. Бунинг устига, жинсий ахлоқсизлик оддий ҳолга айланган. Лекин кўплар бунинг дастидан оилалар барбод бўлаётганини, касалликлар ва бошқа муаммолар пайдо бўлаётганини тан олмоқда. Яҳованинг маслаҳати ҳақида нима деса бўлади? Унинг фикрлаш тарзига эга бўлган кишилар оила ришталарини мустаҳкамлаб, ахлоқан пок ҳаёт кечираётганидан фойда кўришяпти ва бутун дунё бўйлаб улар ўзаро тинч муносабатлардан хурсанд бўлиб яшамоқда. (Ишаё 2:4; Ҳавор. 10:34, 35; 1 Кор. 6:9–11) Наҳотки бу Яҳованинг фикрлаш тарзи энг аълоси эканини тасдиқламаса?!

11. Мусо Кимнинг фикрлаш тарзи бўйича йўл тутган ва бунинг натижаси қандай бўлган?

11 Қадимда ҳам садоқатли хизматчилар Яҳованинг фикрлаш тарзи энг аълоси эканини тан олган. Мисол учун, Мусога «мисрликларнинг бор ҳикмати ўргатилган» бўлса ҳам, «доно қалбга эга бўлиш» учун Худога кўз тикарди. (Ҳавор. 7:22; Заб. 90:12) Шунингдек, у Яҳовага: «Менга Ўз йўлларингни очиб бер»,— деб илтижо қилган. (Чиқ. 33:13) Мусо Яҳованинг фикрлаш тарзи бўйича йўл тутгани учун, У Ўз ниятини амалга ошириш мақсадида ундан ажойиб тарзда фойдаланган. Қолаверса, у Муқаддас Ёзувларда имони кучли инсон сифатида тилга олинган. (Иброн. 11:24–27)

12. Павлус нима асосида қарорлар чиқарган?

12 Ҳаворий Павлус ўқимишли, эсли инсон бўлиб, иброний ва юнон тилларини билган. (Ҳавор. 5:34; 21:37, 39; 22:2, 3) Аммо принцип бўйича йўл тутиш керак бўлганда, дунёнинг донолигини рад этган. У Муқаддас Ёзувлар асосида қарорлар чиқарган. (Ҳаворийлар 17:2; 1 Коринфликларга 2:6, 7, 13 ни ўқинг.) Бунинг натижасида Павлус завқ ила хизмат қилиб, абадий мукофотга кўз тиккан. (2 Тим. 4:8)

13. Фикрлаш тарзимизни Яҳованикига уйғунлаштириш учун ким масъулиятли?

13 Шубҳасизки, Аллоҳнинг фикрлаш тарзи энг аълосидир. Унинг меъёрлари бўйича яшасак, ҳаётимиз чинакамига бахтли ва мазмунли бўлади. Лекин Яҳова бизни Унинг фикрлаш тарзига эга бўлишга мажбурламайди. «Ишончли ва ақлли хизматкор» ҳам, оқсоқоллар ҳам фикрлаш тарзимизни назорат қилмайди. (Мат. 24:45; 2 Кор. 1:24) Негаки, ҳар биримиз фикрлаш тарзимизни Яҳованикига уйғунлаштириш масъулиятига эгамиз. Хўш, буни қандай қилиб амалга ошира оламиз?

УШБУ ЗАМОНГА УЙҒУНЛАШМАНГ

14, 15. а) Яҳова каби фикрлаш тарзига эга бўлиш учун нималар устида мулоҳаза юритишимиз керак? б) Римликларга 12:2 га кўра нега бу дунёнинг ғоялари онгимизни заҳарлашига йўл қўймаслигимиз лозим? Мисол келтиринг.

14 Римликларга 12:2 да қуйидаги маслаҳат ёзилган: «Ушбу замонга уйғунлашманглар, аксинча, Тангрининг яхши, мақбул, комил иродаси нимада эканини аниқлаш учун онгингизни янгилаб, ўзингизни ўзгартиринглар». Ушбу илҳомлантирилган сўзлардан кўряпмизки, ҳақиқатни билишимиздан аввал фикрлаш тарзимизни нима шакллантирган бўлса ҳам, уни Яҳованики билан уйғунлаштириш мумкин. Гап шундаки, фикрлаш тарзимизга ирсий омиллар ва ўтмишимиздаги воқеалар таъсир қилгандир. Бироқ онгимиз мослашувчан бўлиб, ўзгара олади. Бунинг учун онгимизни нима шакллантиришига йўл қўяётганимиз ва нималар ҳақида ўйлаётганимиз диққатга сазовор. Яҳованинг фикрлаш тарзи устида мулоҳаза юритсак, Унинг нуқтаи назари доим тўғри эканини ўзимиз учун исботлаймиз. Кейинчалик, фикрлаш тарзимиз Уники билан уйғун бўлиши биз учун табиий истакка айланади.

15 Шуниси аҳамиятлики, Яҳова каби фикрлаш тарзига эга бўлиш учун «ушбу замонга уйғунлашмаслик» керак. Бу дегани, Аллоҳга хуш келмайдиган ҳар қандай ғоя ёки нуқтаи назарни олға сурадиган нарсалар онгимизни заҳарлашига чек қўйишимиз лозим. Буни яхшироқ англаш учун, келинг, бир мисолга эътибор қаратайлик. Соғлиги яхши бўлишини хоҳлаган киши фойдали озиқ-овқатни истеъмол қилади. Лекин у шу билан бирга зарарли егуликни ҳам мунтазам равишда истеъмол қилса, бу унга фойда келтирадими? Шу сингари, бу дунёнинг ғоялари онгимизни заҳарлашига йўл қўйсак, Яҳованинг нуқтаи назарига эга бўлиш учун қилаётган уринишларимиз беҳуда бўлади.

16. Ўзимизни нималардан ҳимоя қилишимиз керак?

16 Хўш, бу дунёнинг фикрлаш тарзидан бутунлайин йироқлаша оламизми? Йўқ, тарки дунё қила олмаймиз. Ушбу фикрлаш тарзи қайсидир жиҳатдан бизга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. (1 Кор. 5:9, 10) Ҳатто ваъзгўйликда ҳам одамлар нотўғри фикр ва сохта таълимотлар айтишганини эшитамиз. Шундай бўлса-да, улар ҳақида ҳаддан ортиқ ўйламаймиз ва уларни қабул қилмаймиз. Исога ўхшаб биз ҳам Шайтон олға сураётган ғояларни дарров рад этишимиз керак. Демак, бу дунёнинг бўлмағур ғояларидан ўзимизни ҳимоя қила оламиз. (Ҳикматлар 4:23 ни ўқинг.)

17. Бу дунёнинг фикрлаш тарзи бизга юқмаслиги учун қандай йўл тутишимиз лозим?

17 Масалан, дўст танлаётганда эҳтиёт бўлишимиз лозим. Муқаддас Китобда айтилишича, агар Яҳовага топинмайдиган инсонлар билан яқиндан мулоқот қилсак, уларнинг фикрлаш тарзи бизга ҳам юқиши ҳеч гап эмас. (Ҳик. 13:20; 1 Кор. 15:12, 32, 33) Ўйин-кулги турини танлаётганда ҳам донолик ила ёндашишимиз даркор. Эволюция назарияси, зўравонлик ёки ахлоқсизликни ўз ичига олган вақтичоғлик турларидан бош тортамиз, чунки бундай қилиб «Аллоҳ тўғрисидаги билимга қарши» ғоялар фикрлаш тарзимизни заҳарлашининг олдини оламиз. (2 Кор. 10:5)

Фарзандларимизга дунёнинг фикрлаш тарзини рад этишга кўмаклашяпмизми? (18-, 19- хатбошиларига қаранг.)

18, 19. а) Нега кўзга унча ташланмайдиган соҳаларда бу дунёга хос фикрлаш тарзидан эҳтиёт бўлишимиз керак? б) Ўзимизга қандай саволларни бериб кўрсак яхши бўларди ва нима учун?

18 Кўзга унча ташланмайдиган соҳаларда ҳам бу дунёга хос фикрлаш тарзидан эҳтиёт бўлишимиз оқилонадир. Мисол учун, янгиликларда бирор сиёсатчининг нуқтаи назари фойда келтирадигандай кўрсатилиши мумкин. Айримлар кимдир бу дунёда эришган ютуқлари ва мақсадлари ҳақида қизиқарли ҳикоялар айтиб беради. Баъзи фильм ва китоблар орқали «биринчи навбатда мен», «биринчи ўринда оилам» деган фалсафага оид ғоялар сингдирилиб, бу доно, муносиб ва ҳатто тўғридай кўрсатилади. Бундай қарашлар Муқаддас Китобга умуман қарши, боиси унга кўра биринчи навбатда Яҳовани яхши кўрсак, оиламиз билан чинакам бахтиёрликка эриша оламиз. (Мат. 22:36–39) Бундан ташқари, баъзи эртаклар ҳам, гарчи аксарияти ўз-ўзидан ёмон бўлмаса-да, болалар ахлоқсиз ишларга қўл уришига сабаб бўлиши мумкин.

19 Фойдали ўйин-кулги турларини танлашнинг ҳеч ёмон жойи йўқ. Шунинг учун, ўзимизга қуйидаги саволларни бериб кўрсак яхши бўларди: «Бу дунёнинг ғоялари ҳатто тўғридан-тўғри олға сурилмаганда ҳам, уларни фарқлай оляпманми? Телевидениедаги муайян дастур ёки ўқиладиган маълумотга келганда, боламни ва ҳатто ўзимни ҳам ҳимоя қиляпманми? Болам эшитаётган ёки кўраётган нарсалари туфайли бу дунёнинг ғоялари билан заҳарланмаслиги учун, унга Яҳованинг нуқтаи назарига эга бўлишга ёрдам беряпманми?» Худонинг ва бу дунёнинг фикрлаш тарзи орасидаги фарқни кўра олиш, «ушбу замонга уйғунлашмасликка» кўмаклашади.

ФИКРЛАШ ТАРЗИНГИЗНИ ҲОЗИР КИМ ШАКЛЛАНТИРЯПТИ?

20. Фикрлаш тарзингизни ким шакллантириши нимага боғлиқ?

20 Унутмангки, иккита маълумот манбаи бор, яъни Яҳова ҳамда Шайтон бошқараётган бу дунё. Хўш, қайси бири бизни шакллантиряпти? Жавоби оддий, қайси манбадан фойдаланаётган бўлсак, ўша бизни шакллантиради. Агар бу дунёнинг ғояларини қабул қилсак, улар фикрлаш тарзимизни шакллантиради ва аксарият одамлардай ўйлаб, йўл тутамиз.

21. Кейинги мақолада қайси муҳим нарса ҳақида гап боради?

21 Юқорида айтилганидек, Яҳова каби фикр юритиш учун ёмон фикрлардан холи бўлишнинг ўзи етарли эмас. Онгимизни Худонинг фикрлари билан озиқлантириб, Унинг нуқтаи назарини ўзлаштиришимиз зарур. Навбатдаги мақолада буни қай йўсин амалга ошириш мумкинлигини кўриб чиқамиз.

^ абз. 5 Аслини олганда, ҳатто энг мустақил кишига ҳам бошқалар таъсир қилади. Масалан, бу дунёнинг яратилиши бўладими ёки кийинишми, бошқалар бизга қайсидир даражада таъсир қилади. Шундай бўлса-да, ким бизга таъсир қилишига йўл қўйиш ўзимизнинг ихтиёримизда.