Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Ҳақиқатни харид қил, уни сотиб юборма»

«Ҳақиқатни харид қил, уни сотиб юборма»

Ҳақиқатни харид қил, уни сотиб юборма, донолик, таълим-тарбия ва заковатни ҳам сотиб ол. ҲИК. 23:23

ҚЎШИҚЛАР: 37, 34

1, 2. а) Нимани энг қимматбаҳо деб биламиз? б) Қайси ҳақиқатларни қадрлаймиз ва нима учун? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмларга қаранг.)

СИЗ нимани энг қимматбаҳо деб биласиз? Уни баҳоси камроқ бўлган нарсага алишасизми? Яҳованинг Шоҳидлари учун бу саволларнинг жавоби аниқ-равшан. Биз учун Яҳова билан бўлган муносабатларимиз энг қимматбаҳодир, буни ҳеч нарсага алишмаймиз. Қолаверса, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни қадрлаймиз, чунки бу туфайли самовий Отамиз билан дўстлик ришталаримизни ривожлантира оламиз. (Колос. 1:9, 10)

2 Бир ўйлаб кўринг, Буюк Устозимиз ўргатаётганларининг бари Унинг Каломида, Муқаддас Китобда қаламга олинган. У бизга маъноли исми ва жозибадор фазилатлари борасида ҳақиқатни ошкор этмоқда. Шунингдек, У Ўғли Исо орқали биз учун меҳр ила тўлов тақдим этганини биламиз. Яҳова Масиҳий Шоҳлик ҳақидаги ҳақиқатни ҳам очиб берди. Мойланган масиҳийлар учун самода, «бошқа қўйлар» учун эса ер юзидаги жаннатда яшаш умидини ато этди. (Юҳан. 10:16) Аллоҳ юриш-туришимиз қандай бўлиши борасида ҳам бизга таълим бермоқда. Ушбу ҳақиқатларни жуда қадрлаймиз, зеро улар ёрдамида Парвардигоримизга янада яқинлашяпмиз. Улар туфайли ҳаёт мазмуни нимада эканини ҳам биламиз.

3. Ҳақиқатни харид қилиш нимани англатмайди?

3 Яҳова сахий Худованд. Ҳақиқатга ташна бўлган инсонлардан яхшилигини аямайди. У ҳатто азиз Ўғлининг ҳаётини биз учун ҳадя сифатида тақдим этган. Худо ҳақиқат учун пул тўлашимизни ҳам умуман талаб қилмайди. Дарҳақиқат, Симун исмли киши ҳаворий Бутрус муқаддас руҳни бериш иқтидорига эга бўлганини кўриб, унга пул таклиф қилганда, Бутрус уни койиб: «Кумушинг ўзинг билан қўшмозор бўлсин. Чунки сен Худонинг инъомини пулга сотиб олмоқчи бўлдинг»,— деди. (Ҳавор. 8:18–20) Хўш, унда «ҳақиқатни харид қил» деган йўл-йўриқнинг маъноси қандай?

«ҲАҚИҚАТНИ ХАРИД ҚИЛ» НИМА ДЕГАНИ?

4. Ушбу мақолада ҳақиқат тўғрисида нималарни билиб оламиз?

4 Ҳикматлар 23:23 ни ўқинг. Худонинг Каломидаги ҳақиқатни ҳаракатсиз топа олмаймиз. Унга эга бўлиш учун фидойи бўлишга тайёр бўлишимиз зарур. Ҳикматлар китобининг доно ёзувчиси таъкидлаганидай, ҳақиқатни «харид қилиб» ёки сотиб олиб, уни «сотиб юбормаслик» ёки йўқотмаслик учун эҳтиёт бўлиш муҳим. Келинг, «ҳақиқатни харид қилиш» қандай маънога эга эканини ва у учун нима тўлашимиз мумкинлигини билиб олайлик. Шу йўсин, ҳақиқатга бўлган миннатдорлигимизни ошириб, уни ҳеч қачон «сотиб юбормаслик» қарорини мустаҳкамлай оламиз. Ҳақиқатни сотиб олиш арзийдиган мақсад эканини ҳам кўрамиз.

5, 6. а) Қанақасига ҳақиқатни бепул харид қилиш мумкин? Мисол келтиринг. б) Ҳақиқат бизга қандай фойда келтиради?

5 Ҳатто бепул бўлган нарсанинг ҳам нархи бор. Ҳикматлар 23:23 да «харид қилмоқ» деб таржима қилинган ибронийча сўз эга бўлиш деган маънони ҳам англатади. Бу иккала ибора ҳам бирон нимани олиш учун унинг баҳосига яраша ҳаракат қилишни ёки унинг ўрнига ниманидир алишишни билдиради. Бу борада бир мисолга диққат қаратайлик. Айтайлик, дўконда «ўрик бепул» деган ёзувни кўриб қолдик. Улар уйимизда мўъжизавий тарзда пайдо бўлиб қоладими? Асло. Ҳаракат қилиб дўконга борсаккина уларни олишимиз мумкин. Бепул бўлган ўрикни олиш учун ҳам дўконга бориш, ҳаракат қилиш ҳамда вақт сарфлаш кутилади. Шу сингари, ҳақиқатга эга бўлиш учун пулнинг кераги йўқ, фақат ҳаракат қилишимиз зарур.

6 Ишаё 55:1–3 ни ўқинг. Ишаё пайғамбар илоҳий илҳом остида ёзган сўзлар ҳақиқатни харид қилиш нимани англатишини тушунишимизга кўмаклашади. Бу оятларда Яҳова каломини сув, сут ва шароб билан солиштиряпти. Худди яхна мусаффо сув каби, Худонинг ҳақиқатлари бизга ором бахш этади. Бунинг устига, сут бизни бақувват қилиб, болаларнинг улғайишига ҳисса қўшганидай, Яҳованинг фойдали сўзлари бизга куч бериб, маънан ўсишимизга кўмаклашади. Яҳованинг сўзлари шароб билан ҳам таққосланган. Қизиқ, қайси маънода? Муқаддас Китобда шароб кўнгилни чоғ қилиши ҳақида ёзилган. (Заб. 104:15) Демак, Яҳова халқига шароб олинг деганда, Унинг сўзларига мувофиқ ҳаёт кечириш шодлик келтиришига ишонтирган. (Заб. 19:8) Бу, Аллоҳнинг ҳақиқатларини ўрганиб, уларга амал қилиш қанчалар фойдали эканини кўрсатувчи ажойиб мисолдир! Ҳаракатларимизни эса тўлайдиган нарх билан солиштирсак бўлади. Энди, келинг, ҳақиқатни харид қилиш учун тўлашимизга тўғри келиши мумкин бўлган бешта нарсани кўриб чиқайлик.

ҲАҚИҚАТНИ ХАРИД ҚИЛИШ УЧУН НИМА БЕРА ОЛАСИЗ?

7, 8. а) Нега ҳақиқатни харид қилиш учун вақт ажратишимиз керак? б) Марико ҳақиқатни сотиб олиш учун нималар қилган ва бунинг натижаси қандай бўлган?

7 Вақт. Ҳақиқатга эга бўлишни истаган ҳар бир киши бунинг учун вақт ажратиши керак. Шоҳлик ҳақидаги хабарни тинглаш, Муқаддас Китобни ва унга асосланган адабиётларни ўқиш, шахсий тадқиқ ва жамоат учрашувларига тайёргарлик кўриб, қатнаш учун ҳам вақт сарфлаш кутилади. Вақтни унча муҳим бўлмаган баъзи ишларнинг ҳисобидан «сотиб олишимиз» даркор. (Эфесликларга 5:15, 16 ни ва изоҳни ўқинг.) Хўш, Муқаддас Китобдаги асосий аниқ билимларга эга бўлиш учун қанча вақт керак бўлади? Бу шароитимизга боғлиқ. Яҳованинг донолиги, йўллари ва ишлари ҳақида билишнинг чеки йўқ. (Рим. 11:33) «Қўриқчи минораси» журналининг илк сонида ҳақиқат «оддий кичкина бир гул» билан таққосланган. У ерда қуйидагича ёзилган: «Биттагина ҳақиқат гули билан кифояланиб қолманг. Фақат биттаси етарли бўлганда, бошқалари кераксиз бўларди. Мудом тўпланг, кўпроқ изланг». Ўзимиздан: «Ҳақиқат гулдастам қанчалик катта?» — деб сўрайлик. Ҳатто чексиз вақтга эга бўлсак ҳам Яҳова ҳақида доим кўпроқ билим олишимиз мумкин. Бугунги кунда вақтимиздан донолик ила фойдаланишимиз зарур, ўшандагина шароитимизга қараб кўпдан-кўп ҳақиқатларни харид қила оламиз. Ҳақиқат йўлида узоқ вақт юраётган баъзиларнинг мисолига эътибор берайлик.

8 Марико * исмли япон қиз ўқиш учун Нью-Йоркка (АҚШ) борган. У Японияда 1950 йилларнинг охирида фаолият юритишни бошлаган диний оқим аъзоси эди. Кашшоф бўлиб хизмат қилган бир имондошимиз уйма-уй хизмат қилаётганда Марико билан танишиб қолган. У Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни билишни бошлаганда, жуда хурсанд бўлиб, имондошимиздан ҳафтасига икки марта у билан тадқиқ ўтишини сўраган. Мактабидаги ўқишига ва ярим кун ишлашига қарамай, Марико шу заҳотиёқ йиғилишларга қатнай бошлаган. Қолаверса, у ҳақиқатни ўрганиш мақсадида кўпроқ вақти бўлиши учун баъзи ўйин-кулги турларига чек қўйган. Шу каби фидойилик туфайли у тезда маънан улғайган. Бир йил ўтмай Марико сувга чўмган. Олти ой ўтгач, 2006 йили у кашшофликни бошлаб, ҳозирги кунгача хизмат қилиб келяпти.

9, 10. а) Ҳақиқатни харид қилиш моддий нарсаларга бўлган нуқтаи назаримизга қай йўсин таъсир қилади? б) Мария қандай имкониятларни четга суриб қўйди ва ҳозир у ўзини қандай ҳис қиляпти?

9 Моддий нарсалар. Ҳақиқатни харид қилмоқчи бўлсак, даромадли иш ёки мансаб орттиришни четга суришимизга тўғри келар. Исо балиқчи бўлган Бутрус билан Идрисни «одам овчилари» бўлишга таклиф қилганда, улар «тўрларини қолдириб» кетишган. (Мат. 4:18–20) Албаттаки, бугунги кунда ҳақиқатни билиб олаётганларнинг кўпчилиги ишини шунчаки қолдириб кета олмайди. Чунки Муқаддас Китобга кўра бурчимиз бор. (1 Тим. 5:8) Бироқ ҳақиқатни билиб олган кишилар моддий нарсалар борасидаги нуқтаи назарини одатда ўзгартириши ва биринчи навбатда нима туришини аниқлашлари керак. Исо буни шундай деб таъкидлаган: «Ўзингиз учун ер юзида хазина тўпламанглар... Бунинг ўрнига, хазинани осмонда тўпланглар». (Мат. 6:19, 20) Келинг, бир аёлнинг мисолига эътибор қаратайлик.

10 Мария ҳатто мактабга бормасидан олдин ҳам гольф ўйинининг шайдоси эди. Мактабда ўқиётган даврда бу спорт соҳасида у маҳоратини ошириб, университетга кирган. Гольф ҳаётининг мазмунига айланган, Мария бу спорт бўйича мутахассис бўлиб, юксак мавқени эгаллаган. Кейин у Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлаган ва билиб олаётган ҳақиқатлари унга ёққан. У ҳақиқат ҳаётига ўзгаришлар киритишга ёрдам бераётганидан хурсанд бўлган. Мария шундай деб айтди: «Нуқтаи назарим ва ҳаётимни Муқаддас Китобдаги меъёрларга мувофиқ тарзда ўзгартирганим сайин бахтлироқ бўлдим». У бир вақтнинг ўзида ҳам маънавий нарсалар, ҳам бойлик пайида бўлиш қийин эканини тушунди. (Мат. 6:24) Мария гольф спорти бўйича мутахассислик, бойлик ва машҳурлик келтириши мумкин бўлган деярли бутун умри давомида кўзлаган мақсадини ҳақиқат учун тўлади. Лекин бунинг эвазига у ҳақиқатни сотиб олди, ҳозир у қувонч ила кашшоф бўлиб хизмат қиляпти. Бу ҳақда у: «Хизматим кўпроқ бахт келтириб, ҳаётимни янада мазмунли қилди»,— деди.

11. Ҳақиқатни харид қилганимизда, бошқалар билан бўлган муносабатларимизга бу қандай таъсир қилиши мумкин?

11 Муносабатлар. Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга биноан яшашни танлаганимизда, дўст ва қариндошларимиз билан муносабатларимиз ўзгаради. Нима сабабли? Исо издошлари ҳақида қуйидагича ибодат қилган: «Уларни ҳақиқат ёрдамида муқаддас қилгин. Сенинг каломинг — ҳақиқат». (Юҳан. 17:17) Ҳақиқатни қабул қилганимизда, бу дунёдан узоқлашамиз, чунки у бизни шакллантиришини бошқа истамаймиз. Атрофимиздагиларнинг бизга нисбатан нуқтаи назари ўзгаради, сабаби қадриятларимиз энди бошқача. Биз Муқаддас Китобдаги меъёрлар бўйича яшаяпмиз. Гарчи муносабатларимиз бузилишини хоҳламасак ҳам, баъзи дўст ва яқинларимиз ўзини биздан олиб қочади ёки имонимиз учун бизга босим ўтказади. Бу биз учун янгилик эмас. Зеро Исо: «Дарҳақиқат, одамнинг уйдагилари унга душман бўлишади»,— деб олдиндан айтган. (Мат. 10:36) У шунингдек, биз ҳақиқатни харид қилиш учун тўлаган ҳар қандай нархга қараганда анча кўпроқ мукофот ато этишига бизни ишонтиряпти. (Марк 10:28–30 ни ўқинг.)

12. Аарон ҳақиқат учун қандай нарх тўлади?

12 Масалан, Аарон исмли яҳудий бир тадбиркорни Худонинг исми тилга олинмаслиги керак деб кичиклигиданоқ ўргатишган. Аммо у ҳақиқатга чанқоқ эди. Яҳованинг Шоҳидлари унга иброний тилида Худонинг исми таркибидаги ундош ҳарфларга унли ҳарфларни қўшса, у «Яҳова» деб талаффуз этилиши мумкинлигини кўрсатишган. Буни қарангки, у синагогага (яҳудийлар ибодатхонаси) бориб у ердаги раввинларга бу ажойиб янгиликни айтади. Уларнинг муносабати Аарон кутганидай бўлмади. Худонинг исми борасида ҳақиқатни билгани натижасида туйган қувончига шерик бўлишнинг ўрнига, улар унга тупуриб, ёмон муносабат кўрсатишди ва ҳайдаб юборишди. Оила аъзолари билан ҳам муносабатлари таранглашди. Аммо у ҳақиқатни сотиб олишдан тўхтамай, Яҳованинг Шоҳиди сифатида ғайрат ила хизмат қила бошлади. Аарон каби ҳақиқат йўлида юриш мақсадида, ҳатто одамлар бизга бошқача қарайдиган ёки яқинларимиз муносабатини ўзгартирган бўлса ҳам ҳақиқатни харид қилиш учун шунга яраша тўлаймиз.

13, 14. Ҳақиқатни харид қилиш учун фикрлаш тарзимиз ва хулқимиз борасида қандай ўзгаришлар қилишимиз керак? Мисол келтиринг.

13 Номуносиб фикрлаш тарзи ва хулқ. Муқаддас Китобдаги ахлоқий меъёрлар борасидаги ҳақиқатни қабул қилиб, уларга амал қилиш учун фикрлаш тарзимиз ва хулқимизни ўзгартиришга тайёр бўлишимиз лозим. Бу ҳақида Бутрус қуйидагича ёзган: «Итоатли болалардек бўлинглар, Худо тўғрисида билимингиз йўқ бўлган дамлардагидек, истакларингизга биноан йўл тутманглар. Лекин... бутун юриш-туришингизда муқаддас бўлинглар». (1 Бутр. 1:14, 15) Разиллашиб кетган Коринф шаҳридаги одамлардан ҳақиқатни харид қилиш учун ҳаётига анчагина ўзгаришлар киритиши кутиларди. (1 Кор. 6:9–11) Ҳақиқатни сотиб олмоқчи бўлган кўплар бугунги кунда ҳам номуносиб ҳаракатларидан юз ўгиряпти. Бутрус ўша пайтдаги имондошларига шуларни эслатган: «Ўтмишда сизлар бошқа халқлар хоҳлаганидай ахлоқсиз хулққа, шаҳвоний ҳирсга, шаробхўрлик, айш-ишрат, ичкиликбозлик ва жирканчли бутпарастликка берилиб яшаганингиз етар». (1 Бутр. 4:3)

14 Кўп йиллар давомида Дэвин ва Жасмин спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиб келишган. Гарчи Дэвин тажрибали бухгалтер бўлса-да, бу иллати дастидан доимий иш топа олмаган. Жасмин эса жаҳли тез ва зўравон эди. Бир куни Жасмин маст бўлиб кетаётганда, иккита тўла вақтли махсус ваъзгўйни учратиб қолади. Улар Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш учун келишиб олади. Лекин ваъзгўйлар келаси ҳафта уларнинг уйига борганда Жасмин ва Дэвин маст бўлади. Улар бу ваъзгўйлар келади деб ўйлашмаган. Кейинги сафар ҳаммаси бошқача бўлди. Биринчи тадқиқданоқ, улар Муқаддас Китобни синчковлик ила ўрганиб, билиб олганларига амал қила бошлашди. Уч ой ичида улар спиртли ичимликларни ичмай қўйишди ва никоҳини расмийлаштиришди. Уларнинг ўзгаргани ҳаммага аён бўлди ва бу қишлоқдаги кўпларни тадқиқ ўтишга ундади.

15. Ҳақиқатни харид қилишга тўсқинлик қиладиган энг мушкул нарсалардан бири нима бўлиши мумкин ва нега?

15 Муқаддас Китобга зид урф-одатлар. Ҳақиқатни харид қилишга тўсқинлик қиладиган энг мушкул нарсалардан бири — Муқаддас Китобга зид бўлган урф-одатларни қилиш бўлиши мумкин. Гарчи баъзилар учун улардан воз кечиш осон бўлса-да, бошқалар оила аъзолари, ҳамкасблари ва яқин дўстларининг босими туфайли бундай қилишга қийналади. Айниқса ҳаётдан кўз юмган қариндошлари билан боғлиқ маросимлар бўлса, вазият янада таранглашиши ҳеч гап эмас. (Қонун. 14:1) Жасорат ила йўл тутган имондошларимизнинг мисоллари керакли ўзгаришлар қилишга ёрдам бериши мумкин. Масалан, биринчи асрда Эфесдаги баъзилар жасурлик ила йўл тутганига назар солайлик.

16. Ҳақиқатни харид қилиш учун Эфесдаги баъзилар нима қилган?

16 Эфес шаҳри сеҳр-жоду билан таниқли эди. Ўтмишда сеҳр-жоду билан шуғулланган масиҳийлар Муқаддас Китобга зид ишларини ташлаб, ҳақиқатни сотиб олиш учун нима қилишган? Муқаддас Китобда шундай деб ёзилган: «Сеҳр-жоду билан шуғулланганлардан кўплари китобларини йиғиб, ҳамманинг олдида ёқиб юборишди. Китобларнинг умумий баҳосини ҳисоблаганда, 50 000 кумуш тангага тенг келди. Шу тариқа Яҳованинг каломи қудрат билан ёйилиб, борган сайин кучаярди». (Ҳавор. 19:19, 20) Садоқатли масиҳийлар анчагина қурбонликларга бориб, бебаҳо баракаларга эга бўлишган.

17. а) Ҳақиқатни харид қилиш учун қандай баҳо тўлашимизга тўғри келиши мумкин? б) Навбатдаги мақолада нима ҳақида гап юритамиз?

17 Сиз-чи, ҳақиқатни сотиб олиш учун нима қилдингиз? Барчамиз гулга ўхшаш ҳақиқатни излаб-топишга вақт ажратамиз. Баъзиларимиз шунингдек, ҳақиқатни сотиб олиш мақсадида моддий нарсалардан воз кечганмиз, муносабатларимизни ўзгартирганмиз. Кўплар фикрлаш тарзи ва хулқини ўзгартириб, Муқаддас Китобга зид урф-одатларни қилмай қўйган. Қанча тўлаган бўлсак ҳам, Муқаддас Китобдаги ҳақиқат барига арзийди. Бу туфайли энг қимматбаҳо ҳадяга, Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлдик. Ҳақиқатни билиб қанчалар баракаларга сазовор бўлганимиз ҳақида фикр юритганимизда, уни сотиб юбориш ҳатто хаёлимизга ҳам келмайди. Лекин бу қай йўсин юз бериши мумкин ва шу каби хатога қўл урмасликка нима кўмаклашади? Булар ҳақида навбатдаги мақолада гап юритамиз.

^ абз. 8 Бу мақоладаги айрим исмлар ўзгартирилган.