Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

45- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Бошқаларга Масиҳнинг амрларига амал қилишга ёрдам беринг

Бошқаларга Масиҳнинг амрларига амал қилишга ёрдам беринг

Шунинг учун боринглар... шогирд тайёрланглар... Мен сизларга амр этган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. МАТ. 28:19, 20

89- ҚЎШИҚ Тингла, қулоқ сол ва ол барака

БУ МАҚОЛАДА *

1. Матто 28:18–20 га кўра, Исо қандай амр берган?

ИСО тирилгач, Жалила шаҳрида шогирдларига кўринган. У уларга муҳим бир нарсани айтмоқчи бўлган. Қизиқ, бу нима экан? Исо нима деганини Матто 28:18–20 дан (ўқинг) билиб олишимиз мумкин.

2. Бу мақолада қайси саволларни муҳокама қиламиз?

2 Исонинг шогирд тайёрлаш амри бугунги кунда ҳам Худонинг ҳар бир хизматчисига тааллуқли. Шундай экан, келинг, Исо бизга топширган вазифа билан боғлиқ учта саволни муҳокама қиламиз. Биринчиси, Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган кишига Худонинг талабларини ўргатишдан ташқари, яна нима қилишимиз керак? Иккинчиси, қандай қилиб жамоатдаги барча ваъзгўйлар тадқиқ қилаётган кишининг маънан ўсишига ҳисса қўша олади? Учинчиси, қай йўсин фаолиятсиз ваъзгўйларга шогирд тайёрлаш ишида яна қатнашишга ёрдам бера оламиз?

УЛАРГА ИСОНИНГ АМРЛАРИГА АМАЛ ҚИЛИШНИ ЎРГАТИНГ

3. Исо шогирд тайёрлаш амрини берганида, нима қилиш кераклигини айтиб ўтган?

3 Исо аниқ йўл-йўриқлар берган. Одамларга унинг амрларини ўргатишимиз лозим. Шу билан бирга муҳим бир нарсани эътибордан четда қолдирмаслигимиз даркор. Исо: «Мен сизларга амр этган ҳамма нарсани уларга ўргатинглар»,— демаган. Аксинча, у: «Мен сизларга амр этган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар»,— деган. Исо айтганидай йўл тутиш учун Каломни тадқиқ қилаётганларга нафақат нима қилиш кераклигини ўргатишимиз, балки буни қай йўсин амалга ошириш лозимлигини кўрсатишимиз зарур. Нима учун?

4. Амрга амал қилиш нима дегани? Мисол келтиринг.

4 Амрга амал қилиш унга итоат этиш демакдир. Қандай қилиб бошқаларга Масиҳнинг амрларига амал қилишни, яъни уларга итоатли бўлишни ўргата оламиз? Қуйидаги мисолга эътибор беринг. Машина ҳайдашни ўргатадиган устоз қай йўсин ўқувчиларига йўл қоидаларига амал қилишни ўргатади? Аввал у синфда йўл қоидаларини тушунтириб бериши мумкин. Сўнг яна бир қадам қўйиши, яъни уларга мазкур қоидаларга риоя қилишни ўргатиши керак. Кейин эса ўқувчилар машина ҳайдаб, билиб олганларини амалда қўллашга интилар экан, ўқитувчи уларга ҳамроҳ бўлиб, йўл-йўриқлар бериши даркор. Хўш, бу мисолдан қандай сабоқ оляпмиз?

5. а) Юҳанно 14:15 ва 1 Юҳанно 2:3 га биноан, Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётганларга нима қилишни ўргатишимиз лозим? б) Қай йўсин Каломни ўрганаётганларга Муқаддас Китоб принципларига амал қилишни ўргата оламиз?

5 Бошқалар билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказганимизда, уларга Худо биздан нималарни талаб қилишини ўргатамиз. Лекин биздан бундан ҳам кўпроғини қилиш кутилади. Биз уларга билиб олганларини кундалик ҳаётига татбиқ этишга ўргатишимиз керак. (Юҳанно 14:15; 1 Юҳанно 2:3 ни ўқинг.) Ўрнагимиз билан уларга мактабда, ишда ёки дам олишда Муқаддас Китобнинг асосий принципларига қай йўсин амал қилишни ўргата оламиз. Қолаверса, ҳаётимиздан бирон мисол келтириб, Каломдаги йўл-йўриқ қай йўсин бизни зарардан ҳимоя қилгани ёки доно қарор чиқаришимизга кўмаклашгани тўғрисида айтиб берсак бўлади. Тадқиқ ўтувчилар билан бўлганимизда, Яҳова уларни муқаддас руҳи ила йўналтиришини сўраб ибодат қилишимиз мумкин. (Юҳан. 16:13)

6. Бошқаларга Исонинг амрларига амал қилишни ўргатиш нимани ўз ичига олади?

6 Бошқаларга Исонинг амрларига амал қилишни ўргатиш нимани ўз ичига олади? Уларга шогирд тайёрлаш истагини ривожлантиришга кўмаклашишимиз керак. Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётганларнинг баъзилари ваъз қилишдан қўрқиши мумкин. Шу боис, уларнинг тушунчасини оширадиган, қалбига таъсир қиладиган ва ҳаракатга ундайдиган йўл-йўриқлар берар эканмиз, сабрли бўлишимиз кутилади. Хўш, Каломни ўрганаётганларга ваъз қилиш истагини ривожлантиришга ёрдам бериш учун нималар қилсак бўлади?

7. Қандай қилиб Каломни ўрганаётган кишига хушхабарни бошқалар билан бўлишиш истагини ривожлантиришга кўмаклаша оламиз?

7 Уларга қуйидаги саволларни берсак бўлади: «Муқаддас Китоб таълимотларига амал қилиш сизга қандай фойда келтирди? Нима деб ўйлайсиз, бошқалар бунга муҳтожми? Уларга ёрдам бериш учун нима қилсангиз бўлади?» (Ҳик. 3:27; Мат. 9:37, 38) Шунингдек, «Таълим бериш “қутимиздаги”» букламаларни кўрсатинг ва унинг фикрича, қай бири қариндошлари, дўстлари ёки ҳамкасбларига мос келиши ҳақида сўранг. Кейин эса унга ўша букламалардан бир нечта беринг. Букламани бошқаларга ҳурмат ила таклиф қилишни у билан бирга машқ қилинг. Дарҳақиқат, биз билан Каломни ўрганаётган киши сувга чўммаган ваъзгўй бўлгач, унга ёрдам бериш учун у билан бирга ваъз қилишимиз лозим. (Воиз 4:9, 10; Луқо 6:40)

ҚАЙ ЙЎСИН ЖАМОАТДАГИЛАР МУҚАДДАС КИТОБНИ ЎРГАНАЁТГАН КИШИНИНГ МАЪНАН ЎСИШИГА ҲИССА ҚЎША ОЛАДИ?

8. Нима учун тадқиқ ўтаётган киши Худога ҳамда яқинига нисбатан севгини ривожлантириши муҳим? (« Қай йўсин Каломни ўрганаётганларга Худога бўлган севгисини кучайтиришга ёрдам бера оласиз?» номли рамкага ҳам қаранг.)

8 Эсингизда бўлса, Исо бошқаларга у амр этган «ҳамма нарсага амал қилишни» ўргатишни айтган. Шубҳасизки, бу иккита энг муҳим амрга — Худони ва яқинимизни севиш амрига амал қилишни ўз ичига олади. Зеро, мазкур иккита амр ваъз қилиш ҳамда шогирд тайёрлаш иши билан узвий боғлиқ. (Мат. 22:37–39) Қанақасига? Ваъзгўйликда қатнашаётганимизнинг асосий сабаби Худога ва яқинимизга бўлган севгидир. Тадқиқ ўтаётганларнинг айримлари ваъз қилиш ҳақида ўйлашдан қўрқиши мумкинлигини тушунса бўлади. Аммо уларни Яҳованинг ёрдами билан одамлардан қўрқиш туйғусини аста-секин енга олишига ишонтирсак бўлади. (Заб. 18:1–3; Ҳик. 29:25) Ушбу мақолага келтирилган рамкада тадқиқ ўтаётган кишига Худога бўлган севгисини кучайтиришга ёрдам бериш учун қандай қадамлар қўйишимиз мумкинлиги тўғрисида айтилган. Бундан ташқари, янги шогирдлар Яҳовага ҳамда яқинларига янада кўпроқ севги кўрсатишларига кўмаклашиш учун жамоат аъзолари нима қилса бўлади?

9. Машина ҳайдашни ўрганаётган киши қай йўсин қимматли сабоқлар чиқара олади?

9 Келинг, машина ҳайдашни ўрганаётган кишининг мисолига яна қайтамиз. У устози билан бирга тирбанд йўлларда ҳаракатланар экан, нималарни ўрганади? У устозини тинглаш ва атрофдаги эҳтиёткор ҳайдовчиларни кузатиш орқали сабоқ чиқаради. Мисол учун, устози унинг диққатини бошқасига ҳурмат ила йўл берган ҳайдовчига қаратиши мумкин. Ёки унинг эътиборини бурилиш ишорасини ёқиб ҳаракатланаётган ҳайдовчига қаратиб, уни ҳам худди шундай йўл тутишга ундаши мумкин. Бу каби мисоллар у учун қимматли сабоқлар бўлиб, машина ҳайдаганида асқатади.

10. Каломни ўрганаётган киши маънан ўсишига нима ёрдам бера олади?

10 Шу сингари, Каломни ўрганиб Яҳовага хизмат қилишни бошлаган одам нафақат у билан тадқиқ ўтказаётган ваъзгўйдан, балки Яҳованинг бошқа ажойиб хизматчиларидан ҳам сабоқлар олиши мумкин. Хўш, уларнинг маънан ўсишига нима катта ёрдам бериши мумкин? Йиғилишларга қатнаш. Нега деганда, йиғилишларда Муқаддас Китобга асосланган йўл-йўриқлар оламиз. Бу туфайли эса уларнинг билими ошади, имони мустаҳкамланади ва Яҳовага бўлган севгиси кучаяди. (Ҳавор. 15:30–32) Шунингдек, Муқаддас Китобни ўрганаётганларни йиғилишларда уларникига ўхшаш вазиятларни бошдан кечираётган имондошлар билан таништирсангиз бўлади. Қолаверса, у жамоатда севги кўрсатаётган биродару опа-сингилларимизнинг ўрнагини кўради.

11. Тадқиқ ўтувчи жамоатдан кимлар билан танишиши ва бу унга қандай таъсир қилиши мумкин?

11 Қуйидаги мисоллар борасида бир ўйлаб кўринг. Айтайлик, Муқаддас Китобни ўрганаётган киши фарзандини ёлғиз тарбиялайди. У худди шундай вазиятдаги опамизни кузатади. Ўша имондошимиз кичкина болалари билан Йиғилиш залига келиш учун қанча ҳаракат қилаётганини кўриш унинг қалбига таъсир қилади. Ёки чекишни ташлай олмаётган тадқиқ ўтувчи шунга ўхшаш қийинчиликни енгиб ўтган ваъзгўй билан танишади. Ваъзгўй у билан Яҳовага бўлган севгиси ошгани уни Худонинг амрларига итоат этишга ундагани ҳақида бўлишади. (2 Кор. 7:1; Филип. 4:13) Биродар шахсий мисолини айтиб бергач, тадқиқ ўтувчига: «Сизнинг ҳам қўлингиздан келади!» — деб далда беради. Натижада унинг ўзига бўлган ишончи янада ошади. Муқаддас Китобни ўрганаётган ўсмир қиз эса синглимиз Яҳованинг Шоҳиди сифатида яшашдан хурсандлигини кўради. Бу ўсмир қиз синглимиз қувончга тўла эканини кўриб, нима уни бахтиёр қилиши ҳақида кўпроқ билгиси келади.

12. Нима учун жамоатдаги барча Каломни ўрганаётганлар маънан ўсишига ҳисса қўшади, деб айта оламиз?

12 Каломни ўрганаётганлар кўпгина садоқатли имондошлар билан яқиндан танишиб, уларнинг мисолларидан Худони ҳамда яқинини севиш ҳақидаги Масиҳнинг амри нимани англатишини тушуна олади. (Юҳан. 13:35; 1 Тим. 4:12) Бундан ташқари, юқорида айтиб ўтилганидай, тадқиқ ўтаётган киши уникига ўхшаш қийинчиликларни бошдан кечираётган имондошлардан ҳам сабоқ олиши мумкин. У бу каби мисоллардан ўрнак олиб, Масиҳнинг шогирди бўлиш учун ўзгаришлар қилишнинг иложи борлигини кўради. (Қонун. 30:11) Ҳа, жамоатдаги ҳар бир ваъзгўй тадқиқ ўтаётган киши маънан ўсишига ҳисса қўша олади. (Мат. 5:16) Каломни ўрганиб, йиғилишларга қатнайдиганларга далда бериш учун шахсан сиз нималар қиласиз?

ФАОЛИЯТСИЗЛАРГА ХИЗМАТДА ЯНА ИШТИРОК ЭТИШЛАРИГА ЁРДАМ БЕРИНГ

13, 14. Исо тушкунликда бўлган ҳаворийларига қандай муомала қилган?

13 Фаолиятсиз бўлиб қолган биродару опа-сингилларимизга Масиҳнинг шогирд тайёрлаш амрини бажаришда яна иштирок этишларига кўмаклашишни истаймиз. Исо тушкунликда бўлган ҳаворийларига қандай муомала қилгани бугунги кунда биз нима қила олишимизни кўрсатади.

14 Исонинг ер юзидаги хизматининг сўнгида, яъни ўлимидан сал олдин ҳаворийлари уни «қолдириб, қочиб кет»ган. (Марк 14:50; Юҳан. 16:32) Ҳаворийларнинг руҳи тушганида, Исо нима қилган? У тирилгач издошларига: «Қўрқманглар! Бориб, биродарларимга [тирилганим ҳақида] хабар беринглар»,— деган. (Мат. 28:10а) Ҳа, Исо ҳаворийларидан воз кечмаган. Гарчи улар Исони ташлаб кетган бўлса-да, у уларни «биродарларим» деб атаган. Исо Яҳова сингари раҳм-шафқатли ва кечиримли бўлган. (4 Шоҳ. 13:23)

15. Хизматда иштирок этмай қўйганлар ҳақида ўйлаганимизда, нималарни ҳис қиламиз?

15 Биз ҳам хизматда иштирок этмай қўйганлар ҳақида чин дилдан қайғурамиз. Улар биродару опа-сингилларимиздир ва биз уларни яхши кўрамиз! Шунингдек, ўтмишда бу имондошларимизнинг севги ила қилган меҳнати ҳанузгача ёдимизда. Уларнинг айримлари ўнлаб йиллар мобайнида хизмат қилган. (Иброн. 6:10) Уларнинг ўрни билинади. (Луқо 15:4–7) Қай йўсин Исога тақлидан улар ҳақида қайғураётганимизни кўрсата оламиз?

16. Фаолиятсиз имондошларимиз ҳақида қайғураётганимизни қай йўсин кўрсата оламиз?

16 Уларни меҳр ила йиғилишларга таклиф қилинг. Масалан, Исо руҳи тушган ҳаворийларини йиғилишга таклиф қилиш орқали уларга далда берган. (Мат. 28:10б; 1 Кор. 15:6) Шунга ўхшаб, бугунги кунда ҳам биз фаолиятсиз бўлиб қолганларни йиғилишларга таклиф қилсак бўлади. Эҳтимол, улар йиғилишларга келишга рози бўлиши учун бу ҳақида бир неча бор айтишимизга тўғри келар. Шубҳасизки, ҳаворийлар унинг таклифини қабул қилганида, Исо жуда хурсанд бўлган. (Мат. 28:10; Луқо 15:6 ни солиштиринг.)

17. Фаолиятсиз бўлиб қолган имондошимиз Йиғилиш залига келганида, қандай муносабатда бўламиз?

17 Уларни самимийлик ила қарши олинг. Шогирдлари Исо билан кўришишга келганида, у уларни қарши олган ва суҳбат бошлашда ташаббус кўрсатган. (Мат. 28:18) Хўш, фаолиятсиз бўлиб қолган имондошимиз Йиғилиш залига келганида, қандай муносабатда бўламиз? Уларни илиқ қарши олиб ташаббус кўрсатайлик. Бошида нима дейишни билмай хавотирланармиз. Бундай имондошларимизни ноқулай аҳволга қўймай, уларни кўришдан бағоят хурсанд эканимизни айтсак бўлади.

18. Қай йўсин фаолиятсиз ваъзгўйларга далда бера оламиз?

18 Уларга далда беринг. Эҳтимол, Исонинг шогирдлари хушхабарни бутун дунё бўйлаб ваъз қилолмаймиз, деб ўйлагандир. Исо: «Замонанинг охиригача мен доимо сизлар билан бўламан»,— деб издошларига далда берган. (Мат. 28:20) Қизиқ, бу шогирдларига ёрдам берганми? Бўлмасам-чи! Кўп ўтмай улар «таълим бериб,.. хушхабарни ёйишдан» тинмаганлар. (Ҳавор. 5:42) Фаолиятсиз ваъзгўйлар ҳам далдага муҳтождир. Яна ваъз қилиш борасида ўйлаш уларни хавотирга солиши мумкин. Бундай имондошларимизга ёлғиз ваъз қилмасликларини айтиб далда берсак бўлади. Яна ваъз қилишни бошлашганида эса улар билан ҳамкорлик қилсак бўлади. Ваъзгўйлик фаолиятини тиклашар экан, уларни қўллаб-қувватлаётганимиз учун миннатдор бўлишади. Фаолиятсиз бўлиб қолганларга биродару опа-сингилларимиздай муносабат кўрсатганимизда, бу жамоатда ижобий натижалар келтиришининг гувоҳи бўламиз.

БИЗГА ИШОНИБ ТОПШИРИЛГАН ИШНИ ОХИРИГАЧА ЕТКАЗИШНИ ИСТАЙМИЗ

19. Нима қилишга қароримиз қатъий ва нега?

19 Хўш, шогирд тайёрлаш иши қачонгача давом этади? Бу замонанинг охиригача. (Мат. 28:20; Луғатдаги «Охирзамон» сўзига қаранг.) Бу вақт келгунча Исонинг топшириғини бажара оламизми? Бундай қилиш қароримиз қатъийдир! «Мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган»ларни топиш учун вақтимизни, кучимизни ва маблағимизни сарфлашдан хурсандмиз. (Ҳавор. 13:48) Шундай йўл тутиб, Исонинг ўрнагига эргашамиз. У қуйидагича таъкидлаган: «Менинг овқатим, мени Юборганнинг иродасини бажариш ва Унинг ишини якунига етказишдир». (Юҳан. 4:34; 17:4) Биз буни чин дилдан хоҳлаймиз. Ҳа, бизга ишониб топширилган ишни охиригача етказишни истаймиз. (Юҳан. 20:21) Қолаверса, бошқалар, жумладан, фаолиятсиз бўлиб қолганлар бу ишда биз билан охиригача чидашини хоҳлаймиз. (Мат. 24:13)

20. Филиппиликларга 4:13 га кўра, нима учун Исонинг топширган вазифани бажара оламиз?

20 Тўғри, Исо бизга топширган улкан вазифани бажариш осон эмас. Лекин уни бажаришда ёлғиз эмасмиз. Ахир Исо биз билан бўлишини айтган. «Тангрининг хизматдошлари» ва «Масиҳнинг издошлари» сифатида бунинг уддасидан чиқяпмиз. (1 Кор. 3:9; 2 Кор. 2:17) Шунинг учун ҳам Исонинг топшириғини бажариш қўлимиздан келади. Дарвоқе, бу вазифани бажариш ва бошқаларга ҳам бунда кўмаклашиш катта шараф бўлиб, қувонч бахш этади! (Филиппиликларга 4:13 ни ўқинг.)

79- ҚЎШИҚ Пок қалбга собит қолишни ўргатайлик

^ абз. 5 Исо издошларига шогирд тайёрлаш ва уларга амр этган ҳамма нарсага амал қилишни ўргатиш вазифасини топширган. Ушбу мақолада қай йўсин Исонинг йўл-йўриқларига амал қилишимиз мумкинлиги кўриб чиқилади. Мазкур мақола қисман «Қўриқчи минораси»нинг 2004 йил июль сонининг 14–19- саҳифаларидаги маълумотга асосланган.

^ абз. 66 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётган имондошимиз қизиқувчига Худога бўлган севгисини кучайтириши учун қандай қадамлар қўйиш кераклигини тушунтиряпти. Кейин эса қизиқувчи имондошимиз айтган учта маслаҳатни қўллаяпти.