Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

48- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Кўзларинг... тўғрига боқсин»

«Кўзларинг... тўғрига боқсин»

Кўзларинг тўғрига қарасин, нигоҳинг олдинга боқсин. ҲИК. 4:25

77- ҚЎШИҚ Зулмат аро ярқираётган нур

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. Қай йўсин Ҳикматлар 4:25 даги маслаҳатга амал қилишимиз мумкин? Мисол келтиринг.

ҚУЙИДАГИ учта мисол борасида ўйлаб кўринг: кекса опамиз ўтмишдаги яхши хотираларини эслаяпти. Гарчи ҳозирда у кўпроқ қийинчиликка дуч келаётган бўлса-да, Яҳовага энг яхшисини беришда давом этяпти. (1 Кор. 15:58) У ҳар куни ўзини ва яқинларини ваъда қилинган янги дунёда бирга яшаётганини тасаввур қилади. Яна бир опамиз эса имондоши уни қаттиқ ранжитганини эслайди. Лекин у бу ҳақда бошқа ўйламасликка қарор қилади. (Колос. 3:13) Битта биродар олдин қилган хатоларини ёдга олади. Аммо у бутун диққатини буёғига Яҳовага садоқат ила хизмат қилишга қаратяпти. (Заб. 51:10)

2 Ушбу учта имондошимизнинг қандай ўхшаш томони бор? Уларнинг ҳар бири бўлиб ўтганларни эслайди, бироқ ҳаддан ошиқ эмас. Ҳа, уларнинг кўзлари «тўғрига боқади». (Ҳикматлар 4:25 ни ўқинг.)

3. Нега тўғрига боқишимиз, яъни диққатимизни келажакка қаратишимиз керак?

3 «Тўғрига боқиш», яъни диққатимизни келажакка қаратиш нега муҳим? Ҳадеб орқасига қараб юрадиган киши йўлида тўғри юролмаганидай, биз ҳам тинмай ўтмишга назар соладиган бўлсак, Яҳовага тўлиқ хизмат қила олмаймиз. (Луқо 9:62)

4. Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

4 Ушбу мақолада ўтмиш билан яшаш * бизни қайси учта тузоққа илинтириши мумкинлиги тўғрисида гап боради. Улар қуйидагилардир: 1) ўтмишдагиларни қўмсаш, 2) гина сақлаш, 3) ҳаддан ортиқ айбдорликни ҳис қилиш. Уларнинг ҳар бирини кўриб чиқар эканмиз, қай йўсин Муқаддас Китоб принциплари «ортда қолган нарсалар» билан яшамаслигимизга, шунингдек, «олдинга қараб зўр бериб» чопишимизга ёрдам беришини билиб оламиз. (Филип. 3:13)

ЎТМИШНИ ҚЎМСАШ ТУЗОҒИ

Нима ҳаётга олиб борадиган йўлда олға интилишимизга халақит бериши мумкин? (5- , 9- , 13- хатбошиларига қаранг.) *

5. Воиз 7:10 бизни қайси тузоқдан огоҳлантиряпти?

5 Воиз 7:10 ни ўқинг. Эътибор берган бўлсангиз ушбу оятда: «Аввалги кунлар яхши эди»,— деб айтиш нотўғри дейилмаган. Зеро, яхши хотиралар Яҳовадан туҳфадир. Аксинча, бу оятда қуйидагича айтилган: «“Аввалги кунлар ҳозиргидан яхши эди”,— дема». Шунинг учун, ўтмишимизни ҳозирги ҳаётимиз билан солиштиришдан ҳамда ҳозиргиси олдингисидан ёмонроқ, деб ўйлашдан эҳтиёт бўлишимиз даркор. Бошқа бир Муқаддас Китоб таржимасида бу оят қуйидагича ўгирилган: «“Аввалги кунлар роса зўр эди”,— деб ҳеч қачон айтма. Бундай ўйлаш оқилона эмас».

Мисрдан чиққач, Исроил халқи қандай хатога йўл қўйди? (6- хатбошига қаранг.)

6. Нега аввалги кунлар яхшироқ эди, деб ўйлайвериш доноликдан эмас? Мисол келтиринг.

6 Нега аввалги кунлар яхшироқ эди, деб ўйлайвериш доноликдан эмас? Боиси, ўтмишни қўмсаганимизда, фақат яхши нарсаларни эслашимиз мумкин. Дарҳақиқат, яхши воқеаларнигина эслаб, ёмонларини унутишимиз мумкин. Мисол учун, қадимги Исроил халқи ҳақида бир ўйлаб кўринг. Мисрдан чиққач, улар кўп ўтмай у ердаги оғир шароитларни унутишган. Қолаверса, улар диққатини яхши кўриб еган озиқ-овқатларга қаратишган. Улар шундай дейишарди: «Эҳ, қани ўша биз Мисрда еган текин балиқлар, бодринглар, тарвузлар, порей пиёзлари, пиёзлару саримсоқлар!» (Саҳ. 11:5) Лекин улар еган озиқ-овқатлар чиндан ҳам «текин» бўлганми? Йўқ, албатта! Бунинг учун улар катта ҳақ тўлашган — Исроил халқи Мисрда қул бўлган ва уларга жабр-зулм кўрсатилган. (Чиқ. 1:13, 14; 3:6–9) Аммо улар бу қийинчиликларни унутиб қўйишган ва ўтмишни қўмсашган. Улар диққатини Яҳова қилган яхшиликларга эмас, аксинча, «аввалги кунлар»га қаратишни афзал кўришган. Уларнинг бу муносабатидан Яҳова мамнун бўлмаган. (Саҳ. 11:10)

7. Бир опамизга ўтмишдагиларни қўмсаш тузоғидан қочишга нима ёрдам берди?

7 Ўтмишдагиларни қўмсаш тузоғидан қай йўсин қоча оламиз? Келинг, 1945 йилда Бруклиндаги Байтилда хизматини бошлаган бир опамизнинг мисолини кўриб чиқайлик. Бир неча йил ўтиб опамиз ўша ерда хизмат қиладиган биродаримизга турмушга чиқди. Улар биргалашиб кўп йиллар давомида Байтил хизматини давом эттиришди. Бироқ 1976 йилда унинг эри касал бўлди. Эри ўлими яқинлашганини билгач, унга бева бўлганидан кейин ёрдам берадиган маслаҳатлар берди. У хотинига қуйидагича деди: «Турмушимиз бахтли кечди. Кўплар бундай бахтни ҳис қилишни истайди». Сўнг сўзида давом этиб опамизни қуйидагича йўл тутишга ундади: «Бирга ўтказган ажойиб дамларни эсдан чиқармайсиз, бироқ ўтмишдаги хаёлларга шўнғиб кетманг. Вақт ўтиб оғриғингиз камаяди. Жаҳлга берилманг, ўзингизга раҳм қилманг. Яҳовага бирга хизмат қилган дамларни эслаб бахтиёр бўлинг. [...] Хотиралар Яҳова бизга берган туҳфадир». Бу яхши маслаҳат, шундай эмасми?

8. Қай йўсин опамиз эрининг маслаҳатидан фойда олди?

8 Опамиз эрининг маслаҳатига қулоқ солди. У ўлимигача, яъни 92 ёшга киргунча Яҳовага садоқат ила хизмат қилди. Ўлимидан бир неча йил олдин у шундай деди: «63 йилдан ошиқ вақт давомида Яҳовага тўла вақт хизмат қилдим. Ортга назар ташлаб шуни айта оламанки, менинг ҳаётим чинакамига бахтли кечди». Негалигини тушунтириб у қуйидагича деди: «Ҳаётимизни чинакамига бахтли қилган нарсалар — ажойиб имондошларимиз, биродару опа-сингилларимиз билан жаннатда яшаш умиди ҳамда Улуғ Парвардигоримиз, ягона ҳақ Худо Яҳовага абадий хизмат қилиш» *. «Тўғрига боқиш», яъни диққатимизни келажакка қаратиш борасида нақадар ажойиб ўрнак!

ГИНА САҚЛАШ ТУЗОҒИ

9. Левилар 19:18 га кўра, айниқса қачон бошқаларни кечиришимиз жуда қийин бўлиши мумкин?

9 Левилар 19:18 ни ўқинг. Имондошимиз, яқин дўстимиз ёки қариндошимиз бизни хафа қилса, кўпинча уларни кечириш жуда қийин бўлади. Масалан, бир опа битта имондошимизни унинг пулини ўғирлаганликда ноҳақ айблаган. Бироқ кейинчалик у адашганини тушунган ва кечирим сўраган. Аммо ўша имондошимиз ноҳақ айблангани учун жуда ранжиган ва бўлган воқеани ҳеч унута олмаган. Унинг ҳис-туйғулари сизга танишми? Биз айнан шундай вазиятга дуч келмаган бўлсак ҳам, эҳтимол, кўпчилигимизнинг жаҳли чиққан бўлиши мумкин ва асло кечира олмайман, деб ўйлагандирмиз.

10. Гина сақлаган пайтда бизга нима ёрдам бериши мумкин?

10 Гина сақлаган пайтда бизга нима ёрдам бериши мумкин? Яҳова ҳамма нарсани кўриб турганини эсда сақлашимиз даркор. У биз бошдан кечираётганларнинг баридан, жумладан, ҳар қандай адолатсизликдан ҳам хабардор. (Иброн. 4:13) Биз азоб чекканимизда У буни ҳис қилади. (Ишаё 63:9) Адолатсизликлар оқибатида келиб чиққан ҳар қандай зарарни бартараф этишга Яҳова ваъда бермоқда. (Ваҳ. 21:3, 4)

11. Қай йўсин бошқаларни кечириш бизга фойда келтиради?

11 Қолаверса, бошқаларни кечирганимизда, бу ўзимизни яхшироқ ҳис қилишимизга ёрдам беришини унутмайлик. Ноҳақ айбланган имондошимиз ҳам буни ўз тажрибасидан билиб олди. Вақт ўтиб имондошимиз уни кечира олган ва гина-кудуратни унутган. У биз бошқаларни кечирсак, Яҳова ҳам бизни кечиришини тушуниб етган. (Мат. 6:14) У ўша опамиз уни ноҳақ айблаганини билган, лекин уни кечирган. Натижада ноҳақ айбланган имондошимиз кўпроқ қувонган ҳамда диққатини Яҳовага хизмат қилишга қарата олган.

ҲАДДАН ОРТИҚ АЙБДОРЛИКНИ ҲИС ҚИЛИШ ТУЗОҒИ

12. Юҳаннонинг биринчи мактуби 3:19, 20 дан нимани билиб оляпмиз?

12 Юҳаннонинг биринчи мактуби 3:19, 20 ни ўқинг. Гоҳида барчамиз ўзимизни айбдор ҳис қиламиз. Масалан, баъзилар ҳақиқатни билишдан олдин қилган ишлари туфайли ўзини айбдор ҳис қилади. Бошқалар эса сувга чўмгандан кейин бирон ножўя иш қилгани учун бундай туйғуларга берилади. (Рим. 3:23) Албатта, биз тўғри йўл тутишни истаймиз. Бироқ «барчамиз тез-тез хато қилиб турамиз». (Ёқб. 3:2; Рим. 7:21–23) Гарчи айбдорлик ҳисси бизга қувонч келтирмаса ҳам, бундан қандайдир фойда олишимиз мумкин. Қанақасига? Айбдорлик ҳисси бизни ҳаётимизга ўзгартиришлар киритишга ундай олади. Шунингдек, қилган хатоларимизни такрорламаслик қарорида маҳкам туришимизга туртки бўлиши мумкин. (Иброн. 12:12, 13)

13. Нега ўзимизни ҳаддан ортиқ айбдорлик ҳиссига берилиш тузоғидан асрашимиз керак?

13 Бошқа тарафдан эса ўзимизни ҳаддан ортиқ айбдор ҳис қилишимиз, яъни тавба қилиб, Яҳова бизни кечирганини кўрсатганидан кейин ҳам, айбдорлик ҳисси бизни тарк этмаслиги мумкин. Бундай айбдорлик ҳисси бизга зиён келтириши ҳеч гап эмас. (Заб. 31:10; 38:3, 4) Қанақасига? Ўтмишдаги хатолари дастидан доим ўзини айбдор ҳис қилган бир опамизнинг мисолига диққат қаратайлик. У шундай деб бўлишди: «Мен Яҳованинг хизматида фидойилик қила олмасам керак, чунки бунинг учун жуда кеч, деб ўйлардим». Бу опамизнинг ҳис-туйғулари кўпларимизга танишдир. Ўзимизни ҳаддан ортиқ айбдорлик ҳиссига берилиш тузоғидан асрашимиз муҳим. Нега? Сабаби Яҳова бизни кечирганидан кейин ҳам, Унга хизмат қилмай қўйсак, бу билан Шайтонни хурсанд қилган бўламиз, холос. (2 Коринфликларга 2:5–7, 11 ни солиштиринг.)

14. Яҳова бизни кечиришини қаердан биламиз?

14 Лекин биз: «Яҳова мени кечирганини қаердан биламан?» — деб ўйлаб қолармиз. Бу саволни берганингизнинг ўзи, Яҳова сизни кечира олишини кўрсатади. Ўнлаб йиллар олдин «Қўриқчи минораси»да ўтмишдаги ёмон одатларимизни яна такрорласак, ўзимизни қандай ҳис қилишимиз тўғрисида гап борганди. Ўша мақолада қуйидагича дейилганди: «Умидингизни йўқотманг. Кечириб бўлмайдиган гуноҳ қилдим, деб ўйламанг. Шайтон айнан шундай фикрда бўлишингизни хоҳлайди. Қилган хатоингиздан қайғуга ботиб ўзингизни койиганингиз ёмон одам эмаслигингизни ва Яҳова сизни кечириши мумкинлигини кўрсатяпти. Камтарликни йўқотманг. Яҳова сизни кечиришини, яна тоза виждонга эга бўлишингизга ва бу хатони такрорламаслигингизга ёрдам беришини сўраб тинмай ибодат қилинг. Масалан, бола ўша-ўша хатони қанчалик тез-тез такрорламасин, доим отасидан ёрдам сўрайди. Шу каби сиз ҳам Яҳовадан ёрдам сўрашда давом этинг ва У сизга кўмак беради. Сабаби, Тангримиз иноятлидир».

15, 16. Баъзилар Яҳова уларни кечиришини тушунганида, бу уларга қандай таъсир қилган?

15 Яҳованинг кўплаб хизматчилари У кечиримли Худо экани устида мулоҳаза юритиб, далда олишди. Масалан, бир неча йил олдин «Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади» номли туркумда бир опамизнинг таржимаи ҳоли келтирилган эди. Ушбу мақолада опамиз ўтмишдаги ёмон ишлари туфайли, Яҳова уни яхши кўришидан шубҳаланган. У сувга чўмганидан кейин ҳам йиллар мобайнида бу туйғулар билан курашган. Бироқ, опамиз тўлов қурбонлиги борасида чуқур мулоҳаза юритди ва у вазиятга бошқача қарай бошлади *.

16 Бу опамизнинг таржимаи ҳолидан битта биродаримиз қандай далда олди? У қуйидагича ёзди: «Мен тез-тез порнография томоша қилар эдим ва бу васвасага қарши туриш жуда қийин кечарди. Яқинда бу ҳол яна такрорланди. Кейин оқсоқоллардан ёрдам сўрадим ва уларнинг кўмаги билан бу муаммога қарши тура оляпман. Оқсоқоллар мени Худонинг севгисига ҳамда Унинг раҳм-шафқатига ишонтиришди. Бироқ баъзида ўзимни бунга арзимайман, деб ўйлайман, худди Яҳова мени сева олмайдигандай туюлади. Таржимаи ҳолни [опамизнинг мисолини] ўқиш менга жуда ёрдам берди. Худо мени кечира олмайди, деб ўйлаганимда, гўёки Исонинг тўлов қурбонлиги гуноҳларимни қоплаш учун етарли эмас, дегандай бўлишимни энди тушуниб етдим. Ўзимни нолойиқ ҳис қилганимда, ушбу мақолани ўқиб, устида мулоҳаза юритиш учун уни қирқиб олдим».

17. Қай йўсин ҳаворий Павлус ҳаддан ортиқ айбдорликни ҳис қилиш тузоғидан қочган?

17 Бу каби таржимаи ҳоллар бизга ҳаворий Павлусни эслатади. У масиҳий бўлишидан олдин баъзи жиддий гуноҳларга қўл урган. Павлус нима қилганларини эслаган, лекин ўтмиши билан яшамаган. (1 Тим. 1:12–15) У тўлов қурбонлигини шахсан унга берилган ҳадя, деб билган. (Галат. 2:20) Шу йўсин Павлус ҳаддан ортиқ айбдорликни ҳис қилиш тузоғига берилмай, бор диққатини бу ёғига Яҳовага энг яхшисини беришга қаратган.

ДИҚҚАТИНГИЗНИ ЯНГИ ДУНЁГА ҚАРАТИНГ!

Диққатимизни янги дунёга қаратиш қароримиз қатъий бўлсин (18- , 19- хатбошиларига қаранг.) *

18. Ушбу мақолада нималарни билиб олдик?

18 Ушбу мақолада кўриб чиққан тузоқлар ҳақида нималарни билиб олдик? Биринчидан, яхши хотиралар Яҳовадан туҳфадир. Эҳтимол, ўтмишдаги ҳаётимиз яхши ўтгандир, аммо янги дунёда бизни кутаётган келажак бундан ҳам аълороқ бўлади. Иккинчидан, бошқалар бизни ранжитиши мумкин. Бироқ уларни кечирганимизда, диққатимизни Яҳовага хизмат қилишга қарата оламиз. Учинчидан, ҳаддан ортиқ айбдорлик ҳисси Яҳовага қувонч ила хизмат қилишимизга халақит бериши мумкин. Шунинг учун Павлус каби Яҳова бизни кечирганига ишонишимиз керак.

19. Янги дунёда бизни қайғуга соладиган ҳеч нарсани эсламаслигимизни қаердан биламиз?

19 Абадий яшаш истиқболига эгамиз. Худо ваъда қилган янги дунёда бизни қайғуга соладиган ҳеч нарсани эсламаймиз. Ўша вақт ҳақида Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ўтмишдаги нарсалар эсга олинмайди». (Ишаё 65:17) Бир ўйлаб кўринг, баъзиларимизнинг ҳаёти Яҳовага хизмат қилиш билан ўтиб, кексайиб қолдик. Бироқ янги дунёда яна ёшарамиз. (Аюб 33:25) Шунинг учун, келинг, ўтмиш билан яшамаслик қароримиз қатъий бўлсин. Бунинг ўрнига, диққатимизни янги дунёга қаратиб, у ерда бўлиш учун ҳозирдан жон куйдирайлик!

142- ҚЎШИҚ Умидни мустаҳкам ушлайлик

^ абз. 5 Ўтмишни хотирлаш бизга фойда келтирилиши мумкин. Лекин бўлиб ўтган воқеалар борасида ҳаддан ортиқ кўп ўйласак, ҳозирда нима юз бераётганини ёки келажакда бизни нима кутаётганини назардан четда қолдиришимиз мумкин. Ушбу мақолада ўтмиш билан яшаш бизни қайси учта тузоққа илинтириши мумкинлиги тўғрисида гап боради. Қолаверса, Муқаддас Китоб меъёрлари ва ҳозирги кундаги мисоллар мазкур тузоқлардан қочишга қай йўсин ёрдам беришини кўриб чиқамиз.

^ абз. 4 ИБОРА МАЪНОСИ. Бу мақолада «ўтмиш билан яшаш» деганда олдин биз билан содир бўлган воқеалар борасида ҳадеб ўйлашни, шунингдек, нуқул бу ҳақда гапиришни, уларни кўз олдимизда жонлантиришни ёки ўшанда ҳаётимиз яхшироқ эди, деб фикр юритишни ўз ичига олади.

^ абз. 58 РАСМГА ШАРҲ. Ўтмишдагиларни қўмсаш, гина сақлаш ва ҳаддан ортиқ айбдорликни ҳис қилиш худди оғир юкни судраб юришдай гап. Шунингдек, улар ҳаётга олиб борадиган йўлда олға интилишимизга халақит беради.

^ абз. 65 РАСМГА ШАРҲ. Бизни эзадиган бу юкдан фориғ бўлганимизда, ўзимизни енгил ва бахтли ҳис қилиб, қайта кучга тўламиз. Шунда нигоҳимиз олдинга боқа олади.