Она юртига қайтганларни Яҳова мукофотлайди
ЎТМИШДА кўпгина биродару-опа сингиллар кўпроқ пул ишлаш мақсадида бошқа мамлакатларга кўчишган. Ҳозирда эса улар она юртига қайтиб келишди. Яҳовага ва одамларга бўлган севги уларни ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган ҳудудларга бориб хизмат қилишга ундади. (Мат. 22:37–39) Бу имондошларимиз қандай фидойиликлар қилишди ва Яҳова уларни қай йўсин мукофотлади? Буни билиб олиш учун, келинг, Ғарбий Африкада жойлашган Камерун мамлакатига диққат қаратамиз.
«БАЛИҚ ОВЛАШ УЧУН ТЎҒРИ ЖОЙДА ТУРИШ»
1998 йилда Онезим исмли биродаримиз она юрти бўлмиш Камерундан кўчиб кетди. У 14 йил давомида хорижда яшади. Бир куни йиғилишда ваъзгўйлик фаолияти ҳақидаги мисолни эшитди. Маърузачи шундай деди: «Дейлик, иккита дўст турли жойда балиқ овласа, лекин бири иккинчисидан кўпроқ тутаётган бўлса, камроқ балиқ тутган киши, кўпроқ овлаётган дўстининг ёнига бормайдими?»
Бу мисол Онезимни Камеруннинг рамзий маънодаги кўп балиқ овлаш мумкин бўлган ҳудудларга қайтиб, у ердаги маҳаллий ваъзгўйларга ёрдам бериш тўғрисида ўйлантириб қўйди. Лекин у хавотирланарди. Хорижда шунча йил яшагандан кейин у яна она юртига қайтиб, у ердаги шароитларга кўника оладими? Онезим буни аниқлаш мақсадида вақтинча яшаш учун олти ойга Камерунга жўнади. Сўнг 2012 йилда бутунлай кўчиб ўтди.
У шундай деб бўлишди: «Мен Йиғилиш залидаги иссиқ ҳавога ва яшаш шароитларига, жумладан, қаттиқ ўриндиқларга кўникишим керак эди». Кейин табассум ила сўзида давом этиб, қуйидагича деди: «Дастурга қанча кўп диққатимни қаратсам, шунча бошқа Йиғилиш залларидаги қулай ўриндиқларни унутардим.»
2013 йилда Онезим Францияда тўққиз йил яшаб, сўнг Камерунга қайтган Жералдин исмли имондошимиз билан оила қурди. Хўш, ваъзгўйлик фаолиятини ҳаётида биринчи ўринга қўйиб, бу жуфтлик қандай баракаларга эга бўлди? Онезим қуйидагича деди: «Биргаликда Шоҳлик хабарчилари мактабида таълим олдик ҳамда Байтилда хизмат қилдик. Қолаверса, бир йилнинг ўзида жамоатимиздаги Каломни тадқиқ қилаётган 20 та киши сувга чўмди. Энди ўзимни балиқ овлаш учун тўғри жойда турган кишидай ҳис этяпман». (Марк 1:17, 18) Жералдин эса шундай деб қўшиб қўйди: «Тасаввур қилганимдан ҳам кўпроқ баракаларга эга бўлдим».
МАЪНАВИЙ ФАРЗАНДЛАРНИ ТОПИШДАГИ ҚУВОНЧ
Жудит Қўшма Штатларга кўчиб келган. Бироқ у хизматини кенгайтиришни хоҳларди. У қуйидагича бўлишди: «Ҳар сафар оила аъзоларимни кўриш учун Камерунга борганимда, йиғлардим, сабаби бир неча киши билан бошлаган тадқиқларни ташлаб кетишга тўғри келган». Бироқ Жудит Камерунга қайта
кўчиб келишга иккиланарди. Чунки унинг яхши ҳақ тўланадиган иши бор эди ва бу орқали Камерундаги тиббий ёрдамга муҳтож бўлган отасининг даволанишига пул тўлай оларди. Аммо у Яҳовага таяниб Камерунга қайтиб келди. Тўғри, у чет элдаги айрим қулайликларни соғинганини тан олди. Бироқ у Яҳовадан мослаша олиши учун ёрдам сўраб ибодат қилди ва туман нозири билан унинг хотини унга далда беришди.Ўтмишга назар ташлаб Жудит шундай деди: «Уч йил ичида маънавий фарзандларни топишдан қувонч ҳис этдим». Жудит махсус кашшоф бўлиб хизмат қила бошлади. Ҳозирда у ва унинг турмуш ўртоғи Сам-Кастел туман хизматида иштирок этишяпти. Жудитнинг отаси билан-чи, нима бўлди? У ва унинг оиласи хорижда отасининг жарроҳлик амалиётини бепул ўтказадиган касалхонани топа олишди. Қувонарлиси шундаки, отасининг жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди.
ЯҲОВАНИНГ МАДАДИНИ ҲИС ҚИЛИШ
Виктор исмли биродаримиз Канадага кўчиб кетган эди. «Қўриқчи минораси» журналидан олий маълумот тўғрисида ўқигач, у ўзининг ўқиши тўғрисида ўйланиб қолди. Виктор университетидаги ўқишини қолдириб, ҳунар ўрганишга кўмаклашадиган қисқа муддатли курсларга қатнай бошлади. У шундай деб бўлишди: «Бу тез орада иш топишимга ёрдам берди ва мен анчадан бери қилишни хоҳлаган ишимни, яъни кашшофлик хизматимни бошлай олдим». Кейинчалик Виктор Каролина билан оила қурди ва бу жуфтлик Камерунга борди. Филиалдаги ташриф давомида баъзи биродарлар уларни Камерунда хизмат қилиш тўғрисида ўйлаб кўришга ундашди. Виктор қуйидагича деди: «Бу таклифни рад этиш учун бизда сабаб йўқ эди. Содда ҳаёт кечирганимиз боис, таклифни қабул қила олдик». Гарчи Каролинада баъзи соғлиқ муаммолари бўлса-да, улар кўчишга қарор қилишди.
Виктор ва Каролина доимий кашшоф бўлиб, у ерда Муқаддас Китобга қизиқиш билдирганларга ёрдам бера бошлашди. Бошида улар ишламай хизмат қилишлари учун пул жамлаб қўйишганди. Кейинчалик улар бир неча ой Канадага бориб ишлашди, бу орқали Камерунга қайтиб кашшофлик хизматини давом эттира олишди. Виктор ва Каролина қандай баракаларга эга бўлишди? Улар Шоҳлик хабарчилари мактабида ўқиб, махсус кашшоф бўлиб хизмат қилишди. Ҳозирда эса улар ўз фаолиятларини қурилиш хизматчилари сифатида давом эттириб келишяпти. Виктор яна шундай деди: «Қулай шароитларни қолдириб, Яҳованинг мададини ҳис этдик».
ОДАМЛАРГА ЎЗИНИ ЯҲОВАГА БАҒИШЛАШГА КЎМАКЛАШИБ ҚУВОНЧ ТОПИШ
2002 йилда Ален исмли биродаримиз Германиядаги универcитет талабаси эди. У «Ёшлар, ҳаётингизни нимага бағишлайсиз?» номли букламани ўқигач, у ердаги фикрлар уни янги мақсадлар қўйишга ундади. Ален 2006 йилда Хизмат малакасини ошириш мактабида таълим олди ва уни туғилган юртига, яъни Камерунга тайинлашди.
Ален у ерда ярим кунлик ишга кирди. Сал ўтиб у яхши маошли ишга жойлашди, лекин у олдингидай кўп ваъз қилишда ҳамда таълим бериш ишида қатнаша олмаганидан хавотирланарди. Шу боис, уни махсус кашшоф бўлиб хизмат қилишга таклиф қилишганда у иккиланмай рози бўлди. Унинг иш бошқарувчиси унга ишда қолиши учун катта маош таклиф қилди, аммо у ўз қарорида қатъий турди. Кўп ўтмай Ален бир неча йил давомида Францияда яшаган Стефани билан оила қурди. Камерунга кўчиб келгач, Стефани қандай қийинчиликларга дуч келди?
Стефани шундай деб айтди: «Мен баъзи кичик соғлиқ муаммолари ҳамда аллергияларни
орттирдим, лекин мунтазам муолажаларни олиб турганим туфайли анча енгиллик ҳис этдим». Бу жуфтлик сабр-бардоши учун мукофотланди. Ален қуйидагича деди: «Ваъз қилиш учун Кате номли олис қишлоққа борганимизда, Каломни тадқиқ қилишни истаган бир неча кишини учратдик. Кейинчалик улар билан телефон орқали тадқиқ ўтказа бошладик. Улардан иккитаси сувга чўмди ва беш кишидан иборат ваъзгўйлик гуруҳи ташкил этилди». Стефани эса қуйидагича деди: «Одамларга ўзини Яҳовага бағишлашга кўмаклашишдан ортиқ қувонч йўқ. Бу ерда хизмат қилиб кўп маротаба айнан шу қувончни ҳис этдик». Ҳозирда Ален ва Стефани туман хизматида қатнашяпти.«АЙНАН ҚИЛИШИМИЗ КЕРАК БЎЛГАН ИШНИ БАЖАРДИК»
Жизель Италияда тиббиёт олийгоҳида таълим олаётганида сувга чўмган. Жизель у билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказган кашшоф бир жуфтликнинг содда ҳаёт кечиришини кўриб, қойил қолди ва кўпроқ хизмат қилишни хоҳлади. Шу сабабдан ўқишини тугатиш арафасида, у доимий кашшоф бўлиб хизмат қила бошлади.
Жизелда Камерунга қайтиб Яҳовага кўпроқ хизмат қилиш истаги бор эди, лекин у муайян нарсалар борасида ташвишланарди. У қуйидагича деди: «Мен Италиядаги яшаш жойимни ҳамда дўстлариму оиламни қолдириб қайтиб боришим керак эди». Бунга қарамай, 2016 йил май ойида Жизель Камерунга қайтиб кўчиб ўтди.
Муайян вақт ўтиб у Леонс исмли биродарга турмушга чиқди ва Камерундаги филиал уларга ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган Аёс шаҳарчасига кўчишни тавсия қилди.
Қизиқ, Аёсда ҳаёт қандай бўлган? Жизель қуйидагича бўлишди: «У ерда кўпинча ҳафталаб чироқ бўлмасди ва телефонларимизни қувватлантира олмасдик. Аксар ҳолларда улар ишламасди. Ўтин ёқиб овқат пиширишни ўргандим ва замбилғалтак ҳамда фонарни ўзимиз билан олиб, кечаси одам кам бўлган пайтда сув олишга борардик». Жизель ҳамда унинг эрига сабр-бардош қилишга нима кўмаклашди? Жизель шундай деди: «Яҳованинг муқаддас руҳи ҳамда турмуш ўртоғимнинг кўмаги, шунингдек, дўстлариму оиламнинг далдаси ва баъзида берган моддий ёрдами бу қийинчиликларни енгишимизга кўмаклашди»
Жизель она юртига қайтганидан бахтиёрми? «Бўлмасам-чи!» — деб айтди у. Сўзида давом этиб қуйидагича бўлишди: «Бошида қийинчиликларга дуч келардик ҳамда тушкунликка тушардик, лекин уларни енгганимизда эрим ва мен айнан қилишимиз керак бўлган ишни бажардик, деб айтардик. Биз Яҳовага ишонамиз ва ўзимизни Унга яқинроқ ҳис қиляпмиз». Леонс ва Жизель Шоҳлик хабарчилари мактабида ўқишди ҳамда ҳозирда улар вақтинчалик махсус кашшоф бўлиб хизмат қилмоқда.
Балиқчилар кўп балиқ овлаш мақсадида ҳар қандай қийинчиликларда жасоратли бўлиши керак. Шунга ўхшаб она юртига қайтганлар хушхабарни қабул қилган самимий одамларга ёрдам бериш учун фидойиликлар қилишга тайёр бўлади. Шубҳасизки, Яҳова бу меҳнаткаш ваъзгўйлар Унинг исмига кўрсатган севгини унутмайди. (Нахим. 5:19; Иброн. 6:10) Хорижда яшаётган бўлсангиз ва она юртингизда ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлса, у ерга кўчиб борасизми? Агар шундай йўл тутсангиз, сизни мўл-кўл баракалар кутади. (Ҳик. 10:22)