Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

«Яҳова мени унутмади»

«Яҳова мени унутмади»

МЕН Жанубий Американинг Гайанадаги аҳолиси 2 000 кишидан иборат Орилле номли Америка индейслари қишлоғида яшайман. Қишлоқ олисда жойлашган. У ерга кичик самолётда ёки қайиқда етиб боришингиз мумкин.

Мен 1983 йилда туғилганман. Бошида соғлом бола бўлганман, лекин ўн ёшимда бутун баданимда қаттиқ оғриқ сеза бошлаганман. Тахминан икки йилдан кейин эрталаб уйғонганимда, қимирлай олмай қолдим. Оёқларимни қимирлатишга қанча уринмайин, уларда куч йўқ эди. Ўша кундан бошлаб мен юролмай қолдим. Касаллигим сабаб ўсишдан тўхтадим. Айни пайтда бўйим боланикидай кичкина.

Касал бўлиб уйдан чиқолмай қолганимдан бир неча ой ўтгач, бизникига иккита Яҳованинг Шоҳиди ташриф буюрди. Одамлар бизникига келганида одатда улардан яширинишга ҳаракат қилардим, аммо ўша куни мен Шоҳид аёллар билан гаплашдим. Улар жаннат ҳақида гапиришганида, бу менга тахминан беш ёшимда эшитганларимни эслатди. Ўша пайтда қишлоғимизга ойида бир марта Суринамда яшаган Жетро исмли тўла вақтли махсус ваъзгўй келарди ва дадам билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказарди. Жетро менга жуда меҳрибон эди. Мен унга қаттиқ боғланиб қолган эдим. Бундан ташқари, баъзида дадамнинг ота-онаси Шоҳидларнинг қишлоғимизда ўтадиган йиғилишларига мени олиб боришарди. Ўша куни Флоренс, яъни бизникига келган аёллардан бири мендан кўпроқ билишни исташимни сўраганида мен «ҳа» деб жавоб бердим.

Янаги сафар Флоренс турмуш ўртоғи Юстус билан келди ва улар иккаласи мен билан Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлади. Улар ўқишни билмаслигимдан хабар топгач, менга ўқишни ўрганишга кўмаклашишди. Муайян вақтдан кейин мустақил ўқийдиган бўлдим. Кунларнинг бирида бу жуфтлик менга уларни Суринамга тайинлашганини айтди. Афсуски, Орилледа мен билан тадқиқни давом эттира оладиган одам топилмади. Яхшиямки, Яҳова мени унутмади.

Бундан кўп ўтмай, Ориллега Флойд исмли кашшоф келди ва у бир кулбадан иккинчисига юриб ваъз қилганда мени учратди. У Муқаддас Китоб тадқиқи ҳақида оғиз очганда мен жилмайиб қўйдим. У мендан: «Нега жилмайяпсиз?» — деб сўради. Мен унга аллақачон «Худо биздан нима талаб қиляпти?» рисоласини тадқиқ қилганимни ва «Абадий ҳаётга олиб борувчи билим» * китобини бошлаб қўйганимни айтдим, сўнг унга тадқиқ нега тўхтаб қолганини тушунтирдим. Флойд «Билим» китоби асосида тадқиқни охирига етказди, лекин уни ҳам бошқа ерда хизмат қилишга тайинлашди. Тадқиқим яна чала қолди.

Бироқ 2004 йили Ориллега Гранвилле ва Жошуа исмли иккита махсус кашшоф тайинланди. Улар бир кулбадан иккинчисига юриб ваъз қилганда мени учратишди. Улар мендан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни исташим ҳақида сўрашганида, мен жилмайиб қўйдим. Мен улардан «Билим» китобини бошидан ўргатишни сўрадим. Улар ҳам собиқ устозларимга ўхшаб ўша-ўша нарсаларни ўргатармикин, деб қизиқдим. Гранвилле менга қишлоқда йиғилишлар ўтаётгани ҳақида айтди. Деярли ўн йил уйдан чиқмаганимга, у ерга боришни истадим. Шунда Гранвилле уйимга келди-да, мени ногиронлар аравачамга ўтқазиб, Йиғилиш залига олиб борди.

Кейинроқ Гранвилле мени Воизлик мактабига ёзилишга ундади. У менга шундай деди: «Оёқларингиз ишламаса ҳам, гапира оласиз. Куни келиб сиз ҳам оммавий нутқ билан чиқасиз. Буни албатта қила оласиз». Унинг далдали сўзлари менга ишонч бахш этди.

Мен Гранвилле билан ваъзгўйликда иштирок эта бошладим. Бироқ қишлоғимизнинг кўпгина лой йўллари роса ўнқир-чўнқир бўлганига ногиронлар аравачаси юра олиши қийин эди. Шунда Гранвилледан мени замбилғалтакка миндириб олиб юришни сўрадим. Бу иш берди. 2005 йилнинг апрелида сувга чўмдим. Бундан кўп ўтмай, биродарлар менга жамоат адабиётлари ҳамда Йиғилиш залининг товуш тизимига ғамхўрлик қилишни ўргатишди.

Афсуски, 2007 йили дадам қайиқда бахтсиз ҳодисага учраб ҳалок бўлди. Бу оиламиз учун қаттиқ зарба бўлди. Гранвилле биз учун ибодат қилди ва Муқаддас Китобдан тасалли берувчи оятлар ўқиб берди. Икки йилдан сўнг бошқа бир фожиа бизни эсанкиратиб қўйди. Гранвилле ҳам қайиқда бахтсиз ҳодисага учраб ҳалок бўлди.

Кичик, қайғуга ботган жамоатимиз оқсоқолсиз қолди, фақат битта жамоат хизматкори бор эди. Гранвилленинг ўлими жуда оғриқли бўлди, у қадрдон дўстим эди. У садоқат ила маънавий ҳамда жисмоний эҳтиёжларимни қондиришга ёрдам бериб келарди. Унинг ўлимидан кейинги ҳафта «Қўриқчи минораси» тадқиқида мен қироат қилиш топшириғи билан чиқдим. Биринчи ва иккинчи хатбошиларини ўқидим, лекин йиғлай бошладим ва кўз ёшларимни тўхтата олмадим. Мен саҳнада ортиқ қололмадим.

Бошқа жамоатдан бизга ёрдам бериш учун Ориллега биродарлар келганида анча ўзимга келиб қолдим. Шунингдек, филиал Кожо исмли махсус кашшофни ҳам жўнатди. Буни қарангки, ойим ва укам тадқиқ бошлашди ва сувга чўмишди. Бундан роса суюндим. Кейин 2015 йил март ойида мен жамоат хизматкори этиб тайинландим. Бир мунча вақтдан кейин мен илк оммавий нутқимни сўзладим. Ўша куни йиллар олдин Гранвилле менга айтган сўзларни эслаб чеҳрамда табассум югурди, кўзларимда эса миннатдорчилик ёшлари қалқиди: «Куни келиб сиз ҳам оммавий нутқ билан чиқасиз. Буни албатта қила оласиз».

JW Интернет-телевидениесининг кўрсатувлари орқали мен каби вазиятда бўлган Шоҳидлар ҳақида билиб олдим. Ногирон бўлишига қарамай, улар самарали ва бахтли ҳаёт кечиришарди. Менга келсак, баъзи нарсаларни қилиш қўлимдан келади. Мен Яҳовага кўпроқ беришни истардим ва шу сабаб доимий кашшофликни бошладим. 2019 йил сентябрда кутилмаган бир янгилик эшитдим! Ўша ойда мен 40 та ваъзгўйдан иборат жамоатимизнинг оқсоқоли этиб тайинландим.

Мен билан тадқиқ ўтказган ва Яҳовага хизмат қилишга кўмаклашган азиз биродару опа-сингиллардан миннатдорман. Ҳаммасидан ҳам кўпроқ мени унутмаган Яҳовага катта раҳмат дейман!

^ абз. 8 Бу китоб илгари Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган, ҳозир эса нашр қилинмайди.