Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

46- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Янги оила қурган жуфтликлар, диққатингизни Яҳовага хизмат қилишга қаратинг

Янги оила қурган жуфтликлар, диққатингизни Яҳовага хизмат қилишга қаратинг

Яҳова менинг қудратим... қалбим Унга умид боғлайди. ЗАБ. 28:7

131- ҚЎШИҚ «Аллоҳ бирга қўшганини бандаси ажратмасин»

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. а) Нима учун яқинда турмуш қурган жуфтликлар Яҳовага таяниши керак? (Забур 37:3, 4) б) Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

ТУРМУШ қуриш арафасидамисиз? Ёки яқинда оила қурганмисиз? Агар шундай бўлса, севган инсонингиз билан бахтли ҳаёт кечиришни истайсиз. Албатта, турмуш қийинчиликларсиз бўлмайди ва ҳаётингиз давомида муҳим қарорлар чиқаришингизга тўғри келади. Қийинчиликларга ва чиқарадиган қарорларингизга қандай ёндашишингиз ҳаётингизга яхши ёки ёмон таъсир қилиши мумкин. Агар Яҳовага таянсангиз, доно қарорлар чиқарасиз, никоҳингиз мустаҳкам бўлади ва ўзингизни бахтлироқ ҳис қиласиз. Унга таянмасангиз, оилангизда муаммо пайдо бўлиши ва бахтингизга путур етиши ҳеч гап эмас. (Забур 37:3, 4 ни ўқинг.)

2 Ушбу мақола асосан янги оила қурган жуфтликларга мўлжалланган. Шунингдек, барча турмуш қурган жуфтликлар дуч келадиган қийинчиликлар ҳақида билиб оламиз. Қолаверса, бу мақолада Муқаддас Китобдаги баъзи садоқатли эркагу аёлларнинг мисолларидан нимани ўрганишимиз мумкинлиги кўриб чиқамиз. Муқаддас Китобдаги бу мисоллардан олган сабоқлар бизга ҳаётимизнинг турли соҳаларида, жумладан, никоҳда ҳам асқатади. Бундан ташқари, баъзи замонавий жуфтликларнинг мисолларидан нималарни ўрганишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз.

ЯҚИНДА ОИЛА ҚУРГАН ЖУФТЛИКЛАР ҚАНДАЙ ҚИЙИНЧИЛИКЛАРГА ДУЧ КЕЛИШИ МУМКИН?

Яқинда турмуш қурганларга Яҳовага кўпроқ хизмат қилишга нима халақит бериши мумкин? (3-, 4- хатбошиларига қаранг.)

3, 4. Яқинда турмуш қурган жуфтлик қандай қийинчиларга дуч келиши мумкин?

3 Баъзилар яқинда оила қурганларни ҳамма қатори яшашга ундайди. Масалан, ота-онаси ва қариндошлари уларга имкон қадар тезроқ болали бўлишни айтиб, ҳоли-жонига қўймас. Ёки дўстлари ва қариндош-уруғлари яхши ният ила уй-жой қилишга ва қулай шароит яратиш учун кўп нарсаларга эга бўлишга ундаши мумкин.

4 Жуфтлик донолик ила қарор чиқармаса, бўйнигача қарзга ботиб кетиши мумкин. Натижада ҳам эр, ҳам хотин қарзни қайтариш учун кун бўйи ишлаши ҳеч гап эмас. Бу эса шахсий тадқиқ, оилавий топиниш ва хизматга кетадиган вақтни ҳам ишга сарфлашга олиб келиши турган гап. Бундан ташқари, қўшимча пул топиш ёки ишни йўқотмаслик учун жуфтлик ҳатто йиғилишларни қолдириши мумкин. Оқибатда улар хизматни кенгайтириш каби ажойиб имкониятларни қўлдан бой беради.

5. Клаус ва Марисанинг мисолидан нимани ўргандингиз?

5 Кузатувлар шуни кўрсатяптики, ҳаётда моддий нарсаларни биринчи ўринга қўйиш инсонга чинакам бахт олиб келмайди. Бу борада Клаус ва Мариса исмли жуфтлик нимани ўрганганига диққат қаратайлик *. Улар турмуш қурганида фаровон ҳаёт кечириш учун кўп ишларди. Лекин улар чинакам мамнуниятни ҳис қилмасди. Клаус шундай деб тан олди: «Биз керагидан кўп нарсага эга эдик. Аммо ҳеч қандай маънавий мақсадларимиз бўлмаган. Очиғини айтсам, ҳаётимиз мураккаб ва стрессларга тўла эди». Балки сиз ҳам ҳаётингизда моддий нарсаларни биринчи ўринга қўйиш мамнуният олиб келмаслигини ҳис қилгандирсиз. Агар шундай бўлса, руҳингиз тушмасин. Бу борада бошқаларнинг ўрнагини кўриб чиқиш сиз учун фойдали бўлади. Келинг, аввало эрлар шоҳ Ёҳушафатдан нималарни ўрганиши тўғрисида билиб олайлик.

ШОҲ ЁҲУШАФАТ КАБИ ЯҲОВАГА ТАЯНИНГ

6. Ёҳушафат жиддий қийинчиликка дуч келганида қандай йўл тутди? (Ҳикматлар 3:5, 6)

6 Эрлар, зиммангиздаги масъулият туфайли баъзида қийинчиликни ҳис қиласизми? Шоҳ Ёҳушафатнинг мисоли сизга ёрдам бериши мумкин. Шоҳ сифатида у бутун халқнинг манфаати учун масъул эди. Хўш, у бу қийин вазифани қай йўсин бажарди? Ёҳушафат қарамоғида бўлганларни ҳимоя қилиш учун қўлидан келганича ҳаракат қилди. Масалан, у Яҳудода шаҳарлар қурди ва 1 160 000 дан кўпроқ аскардан иборат қўшинни тўплади. (2 Сол. 17:12–19) Кейинчалик Ёҳушафат жиддий қийинчиликка дуч келди. Оммонликларнинг, мўабликларнинг улкан қўшини ва Сеирнинг тоғли ҳудудидаги одамлар унга, унинг оиласи ва бутун халққа хавф туғдирганди. (2 Сол. 20:1, 2) Ёҳушафат қандай йўл тутди? У куч ва ёрдам сўраб, Яҳовага мурожаат қилди. Ёҳушафат Ҳикматлар 3:5, 6 даги (ўқинг) доно маслаҳатга мувофиқ йўл тутди. Унинг камтарлик ила қилган ибодати 2 Солномалар 20:5–12- оятларда ёзилган. Бу ибодатдан у севувчи самовий Отасига қаттиқ таянганини кўрсак бўлади. Яҳова Ёҳушафатнинг ибодатига қандай жавоб берди?

7. Яҳова Ёҳушафатнинг ибодатига қандай жавоб берди?

7 Яҳова Ёҳушафатга Яхазиёл исмли леви орқали гапирган. У шундай деган: «Ўз ўрнингизни эгаллаб, тик туринг ва Яҳова сизларни қандай халос этишини кузатинг». (2 Сол. 20:13–17) Бу жанг қилишнинг ноодатий йўли эди. Аммо у одамдан эмас, Яҳовадан келган йўл-йўриқ бўлган. Ёҳушафат Худога тўлиқ таяниб, унга айтилганини қилган. У ўз одамлари билан душманга қарши чиққанда, қўшиннинг олд томонига энг маҳоратли аскарларни эмас, қуролланмаган қўшиқчиларни қўйди. Яҳова Ёҳушафатга берган ваъдасини бажарди ва душман қўшинини мағлубиятга учратди. (2 Сол. 20:18–23)

Янги жуфтлик Яҳовага ибодат қилиш, Каломини тадқиқ қилиш орқали хизматни ҳаётида биринчи ўринга қўя олади (8-, 10- хатбошиларига қаранг.)

8. Эрлар Ёҳушафатнинг мисолидан қандай сабоқ олиши мумкин?

8 Эрлар, Ёҳушафатнинг мисолидан сабоқ олишингиз мумкин. Сиз оилангизга ғамхўрлик қилиш масъулиятига эгасиз. Шу боис, уларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш учун жон куйдиряпсиз. Муаммолар пайдо бўлганида, уларни ўзим ҳал қиламан деган фикр келиши мумкин. Лекин ўз кучингизга таянманг. Аксинча, Яҳовадан ёрдам сўраб, шахсан ибодат қилинг. Шунингдек, турмуш ўртоғингиз билан бирга сидқидилдан ибодат қилинг. Муқаддас Китоб ва ташкилотимиз тақдим этаётган адабиётлардан фойдаланиб, йўл-йўриқ изланг ва топган фикрларни амалда қўлланг. Бошқалар Муқаддас Китоб асосида чиқарган қарорингизни қўллаб-қувватламаслиги ва ҳатто сизни нодонга чиқариб қўйиши мумкин. Улар пул ва унинг эвазига келадиган нарсалар оилангиз учун энг зўр ҳимоя воситаси, деб айтар. Лекин Ёҳушафатнинг мисолини ёдда тутинг. У Яҳовага таянди ва ишлари билан буни кўрсатди. Яҳова бу садоқатли хизматчисини ташлаб кетмади ва сизни ҳам ташлаб кетмайди. (Заб. 37:28; Иброн. 13:5) Жуфтликлар бахтли бўлиши учун яна нима қила олади?

ИШАЁ ПАЙҒАМБАР ВА УНИНГ ХОТИНИ КАБИ ДИҚҚАТИНГИЗНИ ЯҲОВАГА ХИЗМАТ ҚИЛИШГА ҚАРАТИНГ

9. Ишаё пайғамбар ва унинг хотини тўғрисида нима дея оламиз?

9 Ишаё пайғамбар ва унинг хотини учун Яҳовага хизмат қилиш ҳаётида биринчи ўринда бўлган. Биламизки, Ишаё пайғамбар эди. Эҳтимол, унинг хотини ҳам пайғамбарлик вазифасини бажарган. Чунки Муқаддас Китобда у ҳақда «пайғамбар аёл» деб айтилган. (Ишаё 8:1–4) Ишаё пайғамбар ва унинг хотини жуфтлик сифатида диққатини Яҳовага топинишга қаратган. Улар бугунги кундаги жуфтликлар учун ажойиб ўрнак!

10. Қай йўсин Муқаддас Китоб башоратларини тадқиқ қилиш турмуш ўртоқларга Яҳовага кўпроқ хизмат қилиш қарорини мустаҳкамлашга ёрдам беради?

10 Жуфтликлар хизматда жон куйдириб диққатини Яҳовага хизмат қилишга қарата олади. Улар Муқаддас Китоб башоратларини биргаликда тадқиқ қилиб ва бу башоратлар доим амалга ошишини кўриб Яҳовага бўлган ишончини мустаҳкамлаши мумкин *. (Титус. 1:2) Турмуш ўртоқлар Муқаддас Китобдаги бирон башорат амалга ошишида ҳисса қўша олиши тўғрисида мулоҳаза юритса бўлади. Масалан, улар Исонинг охират келишидан олдин хушхабар бутун ер юзи бўйлаб тарқалиши тўғрисидаги башорат амалга ошишида ҳисса қўша олади. (Мат. 24:14) Жуфтлик Муқаддас Китобдаги башорат амалга ошишига қанчалик амин бўлса, Яҳовага хизмат қилиш қарори шунча кучли бўлади.

ПРИСКИЛЛА ВА АКИЛА КАБИ ШОҲЛИК МАНФААТЛАРИНИ БИРИНЧИ ЎРИНГА ҚЎЙИНГ

11. Прискилла билан Акила нима қила оларди ва нега?

11 Яқинда турмуш қурган жуфтликлар Римда яшаган Прискилла ва Акиладан сабоқ олиши мумкин. Бу эру хотин яҳудий бўлган. Улар Исо ҳақидаги хушхабарни эшитиб, унинг шогирди бўлган. Шубҳасизки, улар ҳаётидан мамнун эди. Лекин император Клавдий барча яҳудийлар Римни тарк этишини буюрганида, уларнинг ҳаёти дабдурустдан ўзгариб кетди. Хўш, Акила ва Прискилладан нима қилиш кутиларди? Улар ўзига таниш бўлган жойни ташлаб кетиши, янги уй топиши ва у ерда чодир тикиш ишини қайтадан йўлга қўйиши керак эди. Улар бу ўзгаришлар сабабли Шоҳлик манфаатларини четга суриб қўйдими? Бу саволнинг жавобини билсангиз керак. Прискилла ва Акила Коринф шаҳридаги янги уйда маҳаллий жамоатга ёрдам берарди. У ердаги биродарларни мустаҳкамлаш учун улар ҳаворий Павлус билан ҳамкорлик қиларди. Кейинчалик, улар ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойларда хизмат қилиш учун шаҳардан-шаҳарга кўчиб юрарди. (Ҳавор. 18:18–21; Рим. 16:3–5) Бу жуфтлик жуда банд эди ва уларнинг ҳаёти қизиқарли кечди.

12. Турмуш қурган жуфтлик нега маънавий мақсадлар қўйиши керак?

12 Замонавий жуфтликлар Шоҳлик манфаатларини ҳаётида биринчи ўринга қўйишда Прискилла ва Акилага тақлид қилиши мумкин. Мақсадлар ҳақида гаплашиб олишнинг энг мақбул вақти бу учрашиб юрган пайтдир. Жуфтлик қарорларни бирга чиқарса ва маънавий мақсадларга эришиш учун жон куйдирса, ҳаётида Яҳованинг қўлини кўпроқ кўради. (Воиз 4:9, 12) Келинг, Рассел ва Элизабетнинг мисолига диққат қаратайлик. Рассел шундай деди: «Учрашиб юрган пайтимизда маънавий мақсадларимиз ҳақида келишиб олдик». Элизабет қуйидагича бўлишди: «Кейинчалик қарорлар чиқариш олдида турганимизда, танловимиз қўйган мақсадларимизга эришишга ёрдам бериши учун бу ҳақда суҳбатлашиб олдик». Вазияти тўғри келгани учун Рассел билан Элизабет ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойга, Микронезияга кўчиб ўтди.

Янги жуфтлик маънавий мақсадлар қўйиш орқали хизматни ҳаётида биринчи ўринга қўя олади (13- хатбошига қаранг.)

13. Забур 28:7 га биноан, Яҳовага таяниш қандай натижалар олиб келади?

13 Рассел билан Элизабет каби кўплаб жуфтликлар воизлик ва таълим бериш ишига кўпроқ вақт ажратиш учун ҳаётини соддалаштиришга қарор қилди. Агар жуфтлик Яҳованинг хизматида эришса бўладиган мақсадлар қўйиб, унга эришишга биргаликда ҳаракат қилса, бу яхши натижалар олиб келади. Улар Яҳованинг ғамхўрлик қилаётганини кўради, Унга бўлган ишончлари ортади ва чинакам бахтга эга бўлади. (Забур 28:7 ни ўқинг.)

ҲАВОРИЙ БУТРУС ВА УНИНГ ХОТИНИ КАБИ ЯҲОВАНИНГ ВАЪДАЛАРИГА ИШОНИНГ

14. Бутрус ва унинг хотини Матто 6:25, 31–34 даги ваъдага ишонаётганини қандай кўрсатган?

14 Жуфтликлар шунингдек, ҳаворий Бутрус ва унинг хотинидан сабоқ олиши мумкин. Бутрус Исо билан илк бор танишганидан кейин тахминан олти ойдан бир йилгача бўлган вақт давомида муҳим қарор чиқариши керак эди. У оиласини таъминлаш учун балиқчилик билан шуғулланарди. Шу боис, Исо Бутрусни ортидан эргашишга таклиф қилганида, қарор чиқаришдан аввал у хотини ҳақида ўйлаб кўриши керак эди. (Луқо 5:1–11) У доно қарор чиқариб, Исо билан бирга ваъз қилишни танлади. Бутруснинг хотини бу қарорни қўллаб-қувватлаганга ўхшайди. Муқаддас Китобга биноан, Исо тирилганидан кейин Бутруснинг хотини у билан маълум вақт давомида ваъзгўйлик сафарларида қатнашди. (1 Кор. 9:5) Шубҳасизки, у намунали турмуш ўртоқ бўлгани туфайли Бутрус масиҳий эру хотинларга маслаҳат бериш учун сўз эркинлигига эга бўлган. (1 Бутр. 3:1–7) Бутрус ва унинг хотини Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйса, Яҳованинг керакли нарсаларни бериш ваъдасига ишонган. (Матто 6:25, 31–34 ни ўқинг.)

15. Тиаго ва Эстернинг мисолидан нимани ўргандингиз?

15 Турмуш қурганингизга бир неча йил бўлган бўлса, хизматингизни кенгайтириш истагини қандай ривожлантира оласиз? Бунинг бир йўли бошқа жуфтликларнинг мисолини кўриб чиқишдир. Масалан, «Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар» номли туркумни ўқисангиз бўлади. Бразилиядан бўлган Тиаго ва Эстер жуфтлигига шундай мақолаларни ўқиш эҳтиёж катта бўлган ҳудудда хизмат қилиш истагини оширишга ёрдам берди. Тиаго шундай бўлишди: «Яҳова замонавий хизматчиларига қандай ёрдам бергани ҳақида ўқиганимизда, уларга ҳавасимиз келди ва биз ҳам Яҳованинг қўлини ва ғамхўрлигини кўришни истадик». Кейинчалик улар Парагвайга кўчди. Бу жуфтлик 2014 йилдан бери португал тилидаги ҳудудда хизмат қилиб келяпти. Эстер шундай деди: «Эфесликларга 3:20 ни жуда яхши кўрамиз. Бу оят чин эканини Яҳованинг хизматида жуда кўп кўрганмиз». Эфесликларга йўлланган бу мактубда Павлус Яҳова биз сўрагандан ҳам ортиғини беришини ваъда қилган. Бу сўзлар ҳақиқат эканига кўп гувоҳ бўлганмиз.

Янги жуфтлик тажрибали жуфтликлар билан маслаҳатлашиш орқали хизматни ҳаётида биринчи ўринга қўя олади (16- хатбошига қаранг.)

16. Мақсадлар қўяётиб, кимлар билан маслаҳатлашса бўлади?

16 Бугунги кунда ёш жуфтликлар Яҳовага таянишни ўрганган бошқаларнинг мисолидан фойда олиши мумкин. Балки кўп йиллардан бери тўла вақтли хизматда иштирок этган жуфтликларни биларсиз. Мақсадлар қўяётиб, бундай кишилар билан маслаҳатлашсангиз бўлади. Бу Яҳовага таянаётганингизни кўрсатишнинг йўлларидан биридир. (Ҳик. 22:17, 19) Маънавий мақсадлар қўйиб, уларга эришишга оқсоқоллар ҳам ёрдам бериши мумкин.

17. Клаус ва Мариса билан нима юз берди ва уларнинг мисолидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

17 Баъзида хизматни кенгайтириш мақсадимизга ўзимиз хоҳлагандай эриша олмасмиз. Юқорида тилга олинган Клаус ва Мариса билан шундай бўлди. Турмуш қурганидан уч йил ўтиб, улар Финляндиядаги филиалнинг қурилишида қатнашиш учун уйини тарк этди. Аммо уларга у ерда фақат олти ой хизмат қила олишларини айтишди. Аввалига уларнинг руҳи тушди. Лекин бироз вақт ўтгач, Клаус билан Марисани араб тилини ўрганиш курсига таклиф қилишди. Ҳозир улар бошқа мамлакатда араб тилидаги ҳудудда қувонч билан хизмат қиляпти. Мариса бўлиб ўтганлар тўғрисида шундай деди: «Барча қулайликларни қолдириб кетишдан қўрқардим. Яҳовага тўлиқ таянишим керак эди. Бироқ Яҳова биз кутмаган йўллар орқали доим ёрдам берарди. Ўша воқеадан сўнг Унга кўпроқ таянадиган бўлдим». Бу мисолдан шуни кўряпмизки, сиз ҳам Яҳовага тўлиқ таянсангиз У сизни мукофотлайди.

18. Турмуш қурган жуфтликлар Яҳовага қандай таяна олади?

18 Никоҳ Яҳованинг туҳфасидир. (Мат. 19:5, 6) Худо турмуш қурган жуфтликлар бу туҳфадан қувонч топишларини истайди. (Ҳик. 5:18) Ёш жуфтликлар, ҳаётингиз борасида бир ўйлаб кўринг. Яҳованинг туҳфалари учун миннатдор эканингизни кўрсатяпсизми? Яҳовага ибодат қилиб, ичингиздагиларни айтиб беринг. Унинг Каломидан вазиятингизга мос принципларни изланг. Кейин уларга риоя қилинг. Турмуш қураётиб, диққатингизни Яҳовага хизмат қилишга қаратсангиз, ҳаётингиз бахтли ва мазмунли бўлади.

132- ҚЎШИҚ Иккимиз бир тан бўлдик

^ абз. 5 Ҳаётимизда чиқарадиган айрим қарорлар Яҳовага хизмат қилиш учун ажратадиган вақтимизу кучимизга таъсир қилади. Айниқса, янги турмуш ўртоқларнинг эртанги куни бугун чиқарадиган қарорларига боғлиқ. Бу мақола ёрдамида улар бахтли ва мазмунли ҳаётга элтадиган қарорлар чиқариши мумкин.

^ абз. 5 Баъзи исмлар ўзгартирилган.

^ абз. 10 Мисол учун, «Ниҳоят пок топиниш тикланди!» китобининг 6-, 7- ва 19- бобларидан қандай сабоқ олиш мумкинлигини тадқиқ қилиб кўринг.