Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

44- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳованинг меҳр-садоқати сиз учун нимани англатади?

Яҳованинг меҳр-садоқати сиз учун нимани англатади?

[Яҳованинг] меҳр-садоқати абадий бор бўлади. ЗАБ. 136:1

108- ҚЎШИҚ Аллоҳнинг меҳр-садоқати

БУ МАҚОЛАДА *

1. Яҳова нима қилишимизни истайди?

МЕҲР-САДОҚАТ фазилати Яҳова учун жуда ҳам муҳим. (Ҳўш. 6:6) Шунингдек, У хизматчилари ҳам уни муҳим деб билишини истайди. Худо Михо пайғамбар орқали бизни «меҳр-садоқатни» севишга ундаяпти. (Михо 6:8, изоҳ) Лекин аввал меҳр-садоқат фазилати нимани англатишини билиб олишимиз керак.

2. Меҳр-садоқат қандай фазилат?

2 Меҳр-садоқат ўзи нима дегани? Бу ибора «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»да 230 мартадан кўпроқ учрайди. Хўш, бу қандай фазилат? Ўша нашрнинг луғатига кўра, бу ибора «бурч, бенуқсонлик, садоқат ва қаттиқ боғланиш туфайли кўрсатилган севгини билдиради. У кўпинча Худонинг одамларга бўлган севгисига нисбатан қўлланилса-да, инсонлар ўртасидаги меҳр-муҳаббатни ҳам ўз ичига олади». Яҳова бу фазилатни кўрсатишда аъло ўрнакдир. Мазкур мақоладан Худо уни одамларга қандай кўрсатишини билиб оламиз. Навбатдаги мақолада эса бир-биримизга меҳр-садоқат кўрсатиш орқали Худога қандай тақлид қилишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

ЯҲОВА МЕҲР-САДОҚАТГА БОЙ ХУДО

3. Худо Мусога Ўзи ҳақида нималарни очиб берди?

3 Исроилликлар Мисрдан чиққанидан кўп ўтмай, Худо Мусо пайғамбарга Ўз исми ва фазилатларини очиб бериб, шундай деди: «Яҳова, Яҳова — шафқатли ва раҳмдил, сабр-тоқатли, меҳр-садоқат ва ҳақиқатга бой Худо. У минглаб одамларга меҳр-садоқат кўрсатувчи, хато, айб ва гуноҳни кечирувчи... Тангридир». (Чиқ. 34:6, 7) Бу таъсирли сўзлар орқали Яҳова меҳр-садоқати ҳақида ўзгача нарсаларни аён қилди. Хўш, бу нималар экан?

4, 5. а) Тангри Яҳова Ўзини қандай таърифлаган? б) Бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

4 Яҳова Ўзини шунчаки меҳр-садоқатли Худо деб айтмаган. Балки «меҳр-садоқатга бой» деб таърифлаган. Бу ибора Муқаддас Китобнинг кўп оятларида учрайди. (Саҳ. 14:18; Нахим. 9:17; Заб. 86:15; 103:8; Йўэл 2:13; Юнус 4:2) Ҳар бир оятда бу ибора одамга эмас, фақат Яҳовага нисбатан қўлланилган. Яҳова меҳр-садоқат фазилатини тез-тез тилга олгани эътиборга лойиқ, шундай эмасми?! Шубҳасизки, бу фазилат У учун жуда ҳам муҳим *. Шоҳ Довуд беҳудага шундай айтмаган: «Эй Яҳова, севгинг самоларгача... етади. Меҳр-садоқатинг нақадар бебаҳодир, эй Тангрим! Қанотларинг соясида инсон ўғиллари паноҳ топади». (Заб 36:5, 7) Биз-чи, Худонинг меҳр-садоқатини Довуд каби қадрлаяпмизми?

5 Келинг, Яҳованинг меҳр-садоқатини яхшироқ тушуниш учун қуйидаги иккита саволни кўриб чиқайлик: «Яҳова меҳр-садоқатини кимларга кўрсатади? Унинг меҳр-садоқатга тўла ишлари бизга қандай фойда келтиради?»

ЯҲОВА МЕҲР-САДОҚАТНИ КИМЛАРГА НАМОЁН ЭТАДИ?

6. Яҳова меҳр-садоқатини кимларга намоён этади?

6 Муқаддас Китобга биноан, кўп нарсаларга, масалан, «шароб ва мой», «таълим-тарбия», «билим» ва «доноликка» меҳр қўйишимиз мумкин. (2 Сол. 26:10; Ҳик. 12:1; 21:17; 29:3) Меҳр-садоқат фазилати эса нарсаларга эмас, инсонларга кўрсатилади. Лекин Яҳова меҳр-садоқатни ҳар кимга эмас, У билан яқин муносабатларга эга бўлган кишиларга намоён этади. Худо дўстларига содиқдир. Унинг дўстлари учун ажойиб нияти бор. Яҳова дўстларини севишдан ҳеч қачон тўхтамайди.

Яҳова барчага, ҳатто Унга топинмайдиган кишиларга кўпгина яхши нарсаларни беряпти (7- хатбошига қаранг.) *

7. Яҳова барча инсонларни севишини қандай кўрсатди?

7 Яҳова барча инсонларга севгисини кўрсатди. Исо Никодим исмли кишига шундай деган: «Аллоҳ инсониятни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди. Токи унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин». (Юҳан. 3:1, 16; Мат. 5:44, 45)

Шоҳ Довуд ва Дониёр пайғамбар Яҳова меҳр-садоқатни Уни билганларга, Ундан қўрқадиганларга ва амрларига амал қиладиганларга кўрсатишини айтган (8-, 9- хатбошиларига қаранг.)

8, 9. а) Нега Яҳова хизматчиларига меҳр-садоқат кўрсатади? б) Ҳозир нимани кўриб чиқамиз?

8 Юқорида айтилганидай, Яҳова меҳр-садоқатини фақат дўстларига, яъни хизматчиларига кўрсатади. Буни шоҳ Довуд ва Дониёр пайғамбарнинг сўзларидан кўрсак бўлади. Масалан, Довуд шундай деган: «Сени биладиганларга меҳр-садоқатингни... намоён этишни тўхтатма». «Яҳова... меҳр-садоқатини Ундан қўрқадиганларга тоабад намоён этади». Дониёр эса қуйидагича деган: «Эй, Аллоҳ Яҳова... Сени севиб амрларингга бўйсунадиганларга меҳр-садоқатингни кўрсатадиган Тангрисан». (Заб. 36:10; 103:17; Дон. 9:4) Бу сўзларга кўра, Яҳова хизматчилари Уни билгани, Ундан қўрққани, Уни севгани ва амрларига бўйсунгани учун уларга меҳр-садоқат кўрсатяпти. Ҳа, Яҳова Ўз халқига, яъни ҳақ топинувчиларига бу фазилатни намоён этяпти.

9 Яҳованинг хизматчиси бўлишдан аввал Унинг севгисини ҳамма қатори ҳис қилганмиз. (Заб. 104:14) Аммо Яҳованинг топинувчиси сифатида Унинг меҳр-садоқатидан ҳам фойда оламиз. У хизматчиларини қуйидагича ишонтиряпти: «Меҳр-садоқатим сендан тортиб олинмайди». (Ишаё 54:10) Дарҳақиқат, Довуд буни ўзида ҳис қилиб: «Яҳова Ўзига содиқ бўлганларга яхши муомала қилади»,— деб айтган. (Заб. 4:3) Яҳованинг ғамхўрлиги бизни нима қилишга ундайди? Сано бастакори шундай деб ёзган: «Ким доно бўлса, бу нарсаларга эътибор беради, Яҳованинг меҳр-садоқатга тўла ишлари ҳақида чуқур фикр юритади». (Заб. 107:43) Илоҳий илҳом остида ёзилган бу маслаҳатни ёдда тутган ҳолда Яҳованинг меҳр-садоқатга тўла ишларидан қандай фойда олишимиз мумкинлигининг учта йўлини кўриб чиқайлик.

ЯҲОВАНИНГ МЕҲР-САДОҚАТГА ТЎЛА ИШЛАРИ БИЗГА ҚАНДАЙ ФОЙДА КЕЛТИРАДИ?

Яҳова Унга топинадиган инсонларга қўшимча баракалар беряпти (10–16- хатбошиларига қаранг.) *

10. Худонинг меҳр-садоқати мангу эканини билиш бизга қандай ёрдам беради? (Забур 31:7)

10 Худонинг меҳр-садоқати абадийдир. Меҳр-садоқатнинг бу муҳим қирраси Забурнинг 136- саносида 26 марта учрайди. Биринчи оятда шундай дейилган: «Яҳовага шукроналар айтинг, чунки У яхшидир. Унинг меҳр-садоқати абадий бор бўлади». (Заб. 136:1) 2–26- оятларда «Унинг меҳр-садоқати мангудир» деган сўзларни қайта-қайта ўқишимиз мумкин. Ушбу санони ўқиганимизда, Яҳова турли йўллар орқали меҳр-садоқат кўрсатаётгани бизни ҳайратга солади. Қайта-қайта такрорланган «чунки Унинг меҳр-садоқати мангудир» деган сўзларни ўқиб, Худонинг Ўз халқига бўлган севгиси ўзгармас эканини эслаймиз. Яҳованинг хизматчиларидан тезда кўнгли қолмаслигини билиш жуда далдали. У хизматчиларига севги кўрсатишни бошлаганида, уларни ҳечам ташлаб кетмайди. Айниқса, қийин пайтда уларнинг ёнида бўлади. Бу бизга қандай фойда келтиради? Яҳова бизни ташлаб кетмаслигини билиш бизга қувонч ва куч беради. Бу орқали қийинчиликларга дош бера оламиз ва ҳаёт йўлида юришда давом этамиз. (Забур 31:7 ни ўқинг.)

11. Забур 86:5 га кўра, Яҳова нима туфайли кечиришга тайёр?

11 Худо меҳр-садоқатли бўлгани учун кечиришга тайёр. Яҳова гуноҳ қилган киши тавба қилганини, ёмон ҳаёт тарзидан қайтганини кўрганда, меҳр-садоқат туфайли уни кечиришга тайёр бўлади. Сано бастакори Довуд Яҳова ҳақида шундай деб ёзган: «Гуноҳларимизга қараб бизга муомала қилмайди, хатоларимизга яраша бизни жазоламайди». (Заб. 103:8–11) Виждон азоби қанчалик оғир бўлишини Довуд ўз тажрибасидан яхши билган. Лекин у Яҳова «кечиришга тайёр» эканини ҳам билган. Хўш, У нима туфайли одамларни кечиряпти? Жавобини Забур 86:5 дан (ўқинг) топса бўлади. Ҳа, Довуд ибодат қилиб, Яҳова меҳр-садоқатга бой бўлгани учун Ундан кечирим сўраган ҳар бир кишини бажонидил кечиришини айтган.

12, 13. Хатоларимиз сабабли руҳимиз тушса, бизга нима ёрдам беради?

12 Гуноҳ қилганимизда, ўзимизни айбдор ҳис қилишимиз ҳам яхши, ҳам ўринли. Чунки бу тавба қилишга ва қилган хатоларимизни тўғрилаш учун қадамлар қўйишга ёрдам беради. Лекин Худонинг баъзи хизматчилари ўтмишдаги хатолари туфайли ўзини ҳаддан ортиқ айбдор ҳис қилади. Улар тавба қилиб, ёмон йўлимдан қайтган бўлсам ҳам Яҳова мени кечирмайди, деб ўйлади. Бу фикрлар сизга ҳам таниш бўлса, Худо хизматчиларига меҳр-садоқат кўрсатишни қаттиқ исташини билиш сизга ёрдам беради.

13 Бу бизга қандай фойда келтиради? Номукаммал бўлсак-да, Яҳовага қувонч ва пок виждон билан хизмат қила оламиз. Ҳа, бунинг имкони бор. Чунки «Унинг Ўғли Исонинг қони бизни ҳар қандай гуноҳдан пок қилади». (1 Юҳан. 1:7) Номукаммаллик туфайли қилган хатоларингиздан руҳингиз тушаётган бўлса, тавба қилсангиз, Яҳова сизни албатта кечиришини унутманг. Довуд меҳр-садоқатни ва кечиримли бўлишни ўзаро қандай боғлаганига эътибор қаратинг. У шундай деб ёзган: «Осмон ердан қанчалик баланд бўлса, меҳр-садоқати ҳам Ундан қўрқадиганларга шунчалик буюкдир. Шарқ ғарбдан қанчалик узоқ бўлса, қилмишларимизни биздан шу қадар узоқлаштиради». (Заб. 103:11, 12) Дарҳақиқат, Яҳова «сидқидилдан кечиришга» тайёр. (Ишаё 55:7)

14. Довуд Худонинг меҳр-садоқати бизни ҳимоялашини қандай тасвирлаган?

14 Худонинг меҳр-садоқати бизни маънавий томонлама ҳимоялайди. Довуд Яҳовага шундай ибодат қилган: «Сен менинг паноҳимсан. Оғир дамларда қайғу-аламдан мени асрайсан. Мени қутқариб, қувонч садолари ила ўраб оласан. [...] Яҳовага таянадиганларни эса Унинг меҳр-садоқати ўраб олади». (Заб. 32:7, 10) Қадимда шаҳарни ўраб турган деворлар фуқароларни ҳимояларди. Шунга ўхшаб, Яҳованинг меҳр-садоқати ҳам бу деворлар каби У билан муносабатларимизга зарар келтириши мумкин бўлган ҳар қандай нарсадан бизни ҳимоялайди. Яҳованинг бу фазилати туфайли Унга янада яқинлашамиз. (Ерм. 31:3)

15. Қанақасига Яҳованинг меҳр-садоқати ҳимояловчи жойга ўхшайди?

15 Яҳова халқини ҳимоя қилишини тасвирлаш учун Довуд яна бир сўздан фойдаланган. У қуйидагича ёзган: «Менга меҳр-садоқат кўрсатадиган бехатар бошпанам Сенсан, эй Тангрим!» Қолаверса, Довуд Яҳова ҳақида шундай деган: «У меҳр-садоқатим, менинг қўрғонимдир, хавфсиз бошпанаму халоскоримдир. У қалқоним, Унда мен паноҳ топдим». (Заб. 59:17; 144:2) Хўш, нега Довуд Яҳованинг меҳр-садоқатини бошпана ва қўрғон билан солиштирган? Боиси, ер юзининг қаерида хизмат қилмайлик, Худо У билан бўлган қадрли муносабатларимизни сақлаб қолишимиз учун бизни ҳимоя қилади. 91- санода ҳам шунга ўхшаш сўзлар ёзилган. Ўша санонинг бастакори қуйидагича куйлаган: «Мен Яҳовага: “Сен менинг бошпанам ва қўрғонимсан”,— дейман». (Заб. 91:1–3, 9, 14) Бундан ташқари, Мусо пайғамбар Яҳованинг ҳимоясини тасвирлаш учун шунга ўхшаш сўздан фойдаланган. (Заб. 90:1, изоҳ) У ўлимидан сал олдин Яҳованинг бу фазилатини тасвирлаш учун чиройли сўзни қўллаган. Мусо: «Аллоҳ қадим замонлардан бери паноҳдир, Унинг абадий қўллари сени қўллаб келмоқда»,— деб ёзган. (Қонун. 33:27) Қизиқ, «Унинг абадий қўллари сени қўллаб келмоқда», деган сўзлардан Яҳова ҳақида нималарни билиб оляпмиз?

16. Қайси иккита томондан Яҳова бизга ёрдам беради? (Забур 136:23)

16 Яҳова паноҳимиз бўлса, ўзимизни ҳимоя остида бўлгандай ҳис қиламиз. Лекин гоҳида руҳимиз тушиши мумкин ва курашиш учун кучимиз йўқдай туюлар. Бундай пайтда Яҳова биз учун нима қилади? (Забур 136:23 ни ўқинг.) У қўллари билан бизни қўллаб-қувватлайди, астагина бизни турғизади ва руҳимизни кўтаради. (Заб. 28:9; 94:18) Бу бизга қандай фойда келтиради? Доимо Худога таянишимиз мумкинлигини биламиз. У бизга иккита томондан ёрдам беряпти. Биринчидан, қаерда яшамайлик Яҳова бизни ҳимоя қилади. Иккинчидан, меҳрибон самовий Отамиз бизга кўп ғамхўрлик қилади.

НЕГА ЯҲОВА МЕҲР-САДОҚАТИНИ КЎРСАТИШИГА АМИНМИЗ?

17. Яҳованинг меҳр-садоқати туфайли нимага амин бўлишимиз мумкин? (Забур 33:18–22)

17 Кўриб чиққанимиздай, қийинчиликка дуч келганимизда Яҳова У билан муносабатларимизни сақлаб қолишимиз учун бизга ёрдам беради. (2 Кор. 4:7–9) Еремиё пайғамбар шундай деб ёзган: «Яҳованинг меҳр-садоқати туфайли биз йўқ бўлиб кетмадик. Зеро, Унинг раҳм-шафқати ҳеч қачон тугамайди». (Марсия 3:22) Яҳова бизга меҳр-садоқатини кўрсатишига доимо ишонсак бўлади. Чунки сано бастакори қуйидагича ёзган: «Яҳованинг нигоҳи Ундан қўрқадиганларга, Унинг меҳр-садоқатига умид боғлаганларга қаратилгандир». (Забур 33:18–22 ни ўқинг.)

18, 19. а) Нимани ёдда тутишни истаймиз? б) Навбатдаги мақолада нимани кўриб чиқамиз?

18 Нимани ёдда тутишни истаймиз? Яҳовага хизмат қилишни бошлашдан аввал, У барча одамларга кўрсатган севгисига эга бўлдик. Хизматчилари сифатида эса меҳр-садоқатидан ҳам фойда оляпмиз. Бу севги туфайли Яҳова ҳимоялайдиган қўллари билан бизни қучоғига оляпти. У доимо ёнимизда бўлади. Бизга берган ваъдаларини амалга оширади. Худо биз Унинг абадий дўстлари бўлишимизни истайди. (Заб. 46:1, 2, 7) Шу боис, қандай қийинчиликка дуч келмайлик, бенуқсон бўлиб қолишимиз учун Яҳова бизга куч-қувват беради.

19 Яҳова хизматчиларига меҳр-садоқатни қандай кўрсатаётганини билиб олдик. Худо биз ҳам бир-биримизга меҳр-садоқат кўрсатишимизни кутяпти. Қизиқ, буни қандай қила оламиз? Навбатдаги мақолада бу муҳим мавзуни кўриб чиқамиз.

136- ҚЎШИҚ Яҳова сизни «тўлиқ мукофотласин»

^ абз. 5 Бу ва кейинги мақолада меҳр-садоқат каби гўзал фазилатни кўриб чиқамиз. Хўш, меҳр-садоқат нима дегани? Яҳова уни кимларга кўрсатади ва улар бундан қандай фойда олади? Ушбу биринчи мақолада мазкур саволларга жавоб топамиз.

^ абз. 4 Яҳованинг меҳр-садоқати мўл-кўллиги ва чексизлиги Муқаддас Китобдаги бошқа оятларда ҳам айтилган. Нахимиё 13:22; Забур 69:13; 106:7 ва Еремиёнинг марсияси 3:32 га қаранг.

^ абз. 54 РАСМГА ШАРҲ. Яҳова барча одамларга, жумладан, хизматчиларига севгисини кўрсатяпти. Худо севгисини намоён этаётганининг баъзи йўллари одамларнинг юқорисидаги думалоқ расмларда тасвирланган. Энг муҳими тўлов қурбонлигидир.

^ абз. 62 РАСМГА ШАРҲ. Яҳовага хизмат қилишни бошлаганлар ва тўлов қурбонлигига ишонганлар Унинг севгисини бошқача тарзда ҳис қилади. Улар нафақат Худо барча одамларга кўрсатаётган севгига, балки У фақат Ўз хизматчиларига намоён этадиган меҳр-садоқатга ҳам эга бўлади. Худо меҳр-садоқат кўрсатишининг айрим йўллари думалоқ расмларда тасвирланган.