Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Биласизми?

Биласизми?

Мордахай чиндан ҳам мавжуд бўлганми?

МУҚАДДАС ЁЗУВЛАРНИНГ Эстер китобида Мордахай исмли киши ҳақида ўқиймиз. У муҳим аҳамиятга эга инсон эди. Мордахай яҳудий бўлиб, асирликда эди ва шоҳ саройида ишларди. Бу мил. авв. бешинчи асрнинг боши бўлиб, Форс шоҳи «Ахашвераш даври» эди. (Кўпчиликнинг фикрича, бу шоҳ Ксеркс I.) Мордахай шоҳни ўлдириш учун уюштирилган фитнани фош этди. Шоҳ ундан миннатдор бўлиб, барчанинг олдида ҳурматга сазовор қилди. Яҳудийларнинг душмани Хомон ўлганидан кейин Мордахай бош вазир этиб тайинланди. Бу лавозимда у яҳудийларни қириб ташлаш ҳақидаги қарорни бекор қила оларди. (Эст. 1:1; 2:5, 21–23; 8:1, 2; 9:16)

20- асрнинг бошларида баъзи тарихчилар Эстер китоби шунчаки бадиий асар эканини ва Мордахай исмли киши ҳеч қачон яшамаганини таъкидлашган. Лекин 1941 йили археологлар Муқаддас Китобда Мордахай ҳақида айтилганлар ҳақиқат эканини тасдиқловчи далил топишган. Хўш, бу қандай далил эди?

Тадқиқотчилар форсча миххат матнини топишган. У ерда Мардука (ўзбекчада Мордахай) исмли киши тилга олинган. У Шушан шаҳрида амалдор, эҳтимол ҳисобчи бўлиб ишлаган. Шарқ тарихи бўйича мутахассис Артур Унгнад бу миххат матни «Мордахай исми Муқаддас Китобдан ташқари учраган ягона манба» деб айтган.

Унгнаднинг баёнотидан кейин олимлар минглаб форсча миххат матнларини таржима қилишган. Улар орасида Персеполь шаҳри деворининг ёнидаги хазинахона харобаларида топилган тахтачалар ҳам бўлган. Улар шоҳ Ксеркс I даврига оид бўлиб, элам тилида ёзилган эди. У ерда Эстер китобида учраган бир нечта исмлар бор эди a.

Мордахай (Мардука) исми форсча миххат ёзувида

Баъзи тахтачаларда Мардука исми учраган. У Ксеркс I даврида Шушан саройида шоҳнинг котиби бўлиб хизмат қилган. Яна бир тахтачада Мардука таржимон бўлгани ёзилган. Ушбу тафсилот Муқаддас Китобдаги Мордахайга мос келяпти. У шоҳ Ахашверашнинг (Ксеркс I) саройида хизмат қилган ва камида иккита тилни билган. Мордахай доим шоҳ саройининг дарвозаси олдида ўтирган. (Эст. 2:19, 21; 3:3) У ерда каттагина бино бўлган ва амалдорлар ишлашган.

Ўша тахтачалардаги Мардука ҳақида ёзилганлар ва Худонинг Каломида Мордахай тўғрисида айтилганлар орасида қизиқарли ўхшашликлар бор. Улар бир хил жойда ва даврда яшаган ҳамда ўша-ўша лавозимга эга бўлган. Бундан улар битта инсон бўлган, деб хулоса қилишимиз мумкин.

a 1992 йили Эдвин Ямаути исмли профессор Персеполь тахтачаларидаги 10 та исмни ўз мақоласида ёзган ва уларни Эстер китобида ҳам учратиш мумкин.