Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

48- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Садоқатингиз синалганида ақли расо бўлинг

Садоқатингиз синалганида ақли расо бўлинг

Ақли расо бўлинглар. 1 БУТР. 4:7

123- ҚЎШИҚ Илоҳий тартибга садоқат-ла бўйсунамиз

БУ МАҚОЛАДА a

1. «Ақли расо бўлиш» нимани ўз ичига олади? (1 Бутрус 4:7)

 НИМАДАНДИР ранжиганимизда Яҳовага ҳамда Унинг ташкилотига бўлган садоқатимиз синалади. Бундай пайтларда енгилмаслик учун нима қила оламиз? Ақли расо ва ҳушёр бўлишимиз ҳамда имонда маҳкам туришимиз лозим. (1 Бутрус 4:7 ни ўқинг.) Хотиржамликни сақлаш, вазиятга Яҳованинг нуқтаи назари билан қараш ва тўғри фикрлаш орқали ақли расо бўла оламиз. Шунда туйғуларимиз фикрларимизни бошқармайди.

2. Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

2 Ўтган мақолада жамоатдан ташқарида учрашимиз мумкин бўлган учта қийинчиликни муҳокама қилгандик. Бунисида эса жамоат ичида дуч келадиган учта қийинчиликка эътибор қаратамиз. 1) Имондошимиз ёмон муносабат кўрсатганида, 2) Яҳова бизни тузатганида, ва 3) ташкилотдаги ўзгаришларга мослашиш қийин бўлганида садоқатни сақлаш осон бўлмаслиги мумкин. Бу каби вазиятларда ақли расо бўлиб, Худога ва Унинг ташкилотига садоқатли қола оламиз. Қизиқ, қандай қилиб?

ИМОНДОШИМИЗ ЁМОН МУНОСАБАТ КЎРСАТГАНИДА

3. Имондошимизнинг ёмон муносабати бизга қандай таъсир қилиши мумкин?

3 Қачондир имондошингиз, эҳтимол, масъулиятли биродар сизга ёмон муносабат кўрсатганми? Албатта, у била туриб сизни хафа қилишни истамаган. (Рим. 3:23; Ёқб. 3:2) Хатти-ҳаракати дастидан тушкунликка тушгандирсиз. Буни деб уйқунгиз қочгандир. Балки: «Биродар шундай йўл тутган бўлса, ташкилотимиз ростдан ҳам Худоникими?» — деб ўйлагандирсиз. Шайтон шу каби фикрга боришингизни истайди. (2 Кор. 2:11) Бундай салбий фикрлар сизни Яҳовага хизмат қилишдан тўхтатиб, ташкилотидан йироқлашишингизга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Хўш, имондошимиз бизга ёмон муносабат кўрсатаётганини ҳис қилсак, қай йўсин ақли расо бўлиб, зарарли фикрлаш тарзидан қоча оламиз?

4. Юсуф ёмон муносабатга дуч келганда қай йўсин ақли расо бўла олган ва бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин? (Ибтидо 50:19–21)

4 Ғазабга берилманг. Юсуф ўсмир бўлганида акалари унга ёмон муносабат кўрсатишган. Улар ундан нафратланишган ва ҳатто баъзилари ўлдирмоқчи бўлишган. (Ибт. 37:4, 18–22) Кейинчалик акалари Юсуфни қулликка сотишган. Оқибатда, у деярли 13 йил давомида турли қийинчиликларга дуч келган. Юсуф: «Яҳова мени чиндан ҳам яхши кўрадими? У бундай қийин пайтда мени ташлаб қўйдими?» — деб ўйлаши мумкин эди. Лекин у ғазабга берилмаган. Аксинча, хотиржамликни сақлаб, ақли расо бўлган. У акаларидан ўч олмай уларга севги кўрсатиб, кечирган. (Ибт. 45:4, 5) Юсуф аниқ-равшан фикрлагани учун бундай йўл тутган. У эътиборини муаммоларига эмас, балки Яҳованинг хоҳиш-истагига қаратган. (Ибтидо 50:19–21 ни ўқинг.) Биз учун қандай сабоқ? Кимдир сизга ёмон муносабат кўрсатса, Яҳовадан ғазабланманг ва У сизни ташлаб қўйди, деб ўйламанг. Аксинча, Яҳова сизга қийинчиликни енгишга қандай ёрдам бераётгани ҳақида мулоҳаза юритинг. Қолаверса, бундай пайтда бошқаларнинг камчилигини севги билан қоплашга ҳаракат қилинг. (1 Бутр. 4:8)

5. Микуисга ақли расо бўлишга нима ёрдам берди?

5 Жанубий Америкадаги Микуис исмли оқсоқолнинг мисолини олайлик b. Унга масъулиятли баъзи биродарлар ёмон муносабат кўрсатгандай туюлган. Ўша пайтлар ҳақида у шундай деди: «Умримда бунчалик сиқилмагандим. Ўшанда қаттиқ ташвишда эдим. Кечалари ухламасдим ва қўлимдан ҳеч нарса келмаганидан йиғлардим». Бунга қарамай, у ақли расо бўлишга ва туйғуларини назорат қилишга жон куйдирган. Микуис сидқидилдан ибодат қилиб, бардошли бўлиш учун Яҳовадан муқаддас руҳ ва куч сўраган. Бундан ташқари у адабиётларимиздан вазиятига қўл келадиган маслаҳатларни излаган. Бу биз учун қандай сабоқ? Сизга ҳам имондошингиз ёмон муносабат кўрсатаётгандай туюлса хотиржамликни сақлаб, салбий ҳис-туйғуларни назорат қилишга урининг. У нега бундай айтганининг ёки қилганининг сабабини билмаслигингиз мумкин. Шунинг учун, ёрдам сўраб, Яҳовага ибодат қилинг ва ўзингизни ўша инсоннинг ўрнига қўйиб кўринг. Бу унинг ниятларини шубҳа остига қўймасликка ва уни кечиришга кўмаклашади. (Ҳик. 19:11) Унутмангки, Яҳова вазиятингизни билади ва бардошли бўлишингиз учун керакли кучни беради. (2 Сол. 16:9; Воиз 5:8)

ЯҲОВА БИЗНИ ТУЗАТГАНИДА

6. Яҳованинг таълими ортида севгиси турганини нега ёдда тутиш муҳим? (Ибронийларга 12:5, 6, 11)

6 Яҳова бизни тузатганида руҳимиз тушиши мумкин. Лекин диққатимизни фақат туйғуларимизга қаратсак, Унинг таълими адолатсиз ва бизга тааллуқли эмас, деб ўйлай бошлашимиз мумкин. Натижада энг муҳим нарсани, яъни Унинг тарбияси ортида севгиси турганини кўздан қочирамиз. (Ибронийларга 12:5, 6, 11 ни ўқинг.) Агар туйғуларимиз бизни назорат қилишига йўл қўйсак, Шайтоннинг ҳужумларига эшик очиб берган бўламиз. У бу таълимни рад этишимизни ва энг ёмони Яҳовадан узоқлашиб, жамоатдан кетишимизни хоҳлайди. Қай йўсин ақли расо бўла оламиз?

Бутрус камтарин бўлгани ва маслаҳатни қабул қилгани учун кўп вазифаларни бажара олган (7- хатбошига қаранг.)

7. а) Расмда кўрсатилганидай, Бутрус Яҳованинг тарбиясини рад этмаганининг натижаси қандай бўлган? б) Бутруснинг мисолидан қандай сабоқ оляпсиз?

7 Тарбияни рад этманг ва ҳаётингизда керакли ўзгаришлар қилинг. Бир неча марта Исо бошқа ҳаворийларнинг олдида Бутрусни тузатган. (Марк 8:33; Луқо 22:31–34) Бу унга оғир ботгандир. Лекин у Исога содиқ бўлиб қолган. Бутрус тарбияни рад этмасдан хатоларидан сабоқ олган. Натижада Яҳова садоқати учун уни мукофотлаб, жамоатда муҳим вазифаларни ишониб топширган. (Юҳан. 21:15–17; Ҳавор. 10:24–33; 1 Бутр. 1:1) Унинг мисолидан нимани ўрганяпмиз? Диққатимизни қанчалик хафа бўлганимизга қаратмай, маслаҳатни қабул қилиб, керакли ўзгаришлар қилишимиз лозим. Бу фойда келтиради. Шунда Яҳовани қувонтириб, имондошларимизга кўпроқ ёрдам бера оламиз.

8, 9. Бернардо танбеҳ олганида нималарни ҳис қилган ва фикрлаш тарзини тўғрилашга унга нима ёрдам берган?

8 Мозамбикдан бўлган Бернардо исмли биродарнинг вазиятига диққат қаратайлик. У олдин оқсоқол бўлиб хизмат қилган. Кейин бу вазифадан маҳрум бўлган. Бернардо ўзини қандай ҳис қилган? У: «Бошида роса хафа эдим. Чунки берилган маслаҳат менга тааллуқли эмас, деб ҳисоблардим»,— деди. Бернардо жамоат аъзолари у ҳақида нима деб ўйлаши борасида бош қотирган. У яна шундай деди: «Яҳовага ва Унинг ташкилотига қайтадан ишониш ҳамда вазиятга тўғри нуқта назарда бўлиш учун менга бир неча ой керак бўлди». Бернардога ўзгаришга нима ёрдам берди?

9 Бернардо фикрлаш тарзини тўғрилади. У қуйидагича деди: «Оқсоқол бўлиб хизмат қилганимда бошқалар Яҳованинг тарбиясига нисбатан тўғри нуқтаи назарда бўлиши учун Ибронийларга 12:7 ни қўллардим. Танбеҳ олганимда эса ўзимдан шундай сўрадим: “Бу оят кимга тааллуқли?” Барча Яҳованинг Шоҳидларига, жумладан, менга ҳам». Бернардо Яҳовага ва Унинг ташкилотига бўлган ишончини тиклаш учун бошқа ҳаракатлар ҳам қилди. У Муқаддас Китобни кўпроқ ўқиб, унинг устида чуқур мулоҳаза юритди. Имондошлари у ҳақда қандай фикрда эканидан ташвишланган бўлса ҳам улар билан хизмат қилиб, йиғилишларга борди. Кейинчалик у қайта оқсоқол этиб тайинланди. Агар сиз ҳам Бернардо каби танбеҳ олган бўлсангиз, туйғуларингизга ҳаддан ортиқ диққат қаратманг. Маслаҳатни қабул қилинг ва ўзгаришга интилинг c. (Ҳик. 8:33; 22:4) Агар шундай қилсангиз, Яҳова Унга ва ташкилотига бўлган садоқатингизни кўриб барака ато этади.

ТАШКИЛОТДАГИ ЎЗГАРИШЛАРГА МОСЛАШИШ ҚИЙИН БЎЛГАНИДА

10. Баъзи исроилликларнинг садоқати нима туфайли синалган бўлиши мумкин?

10 Ташкилотдаги ўзгаришлар туфайли садоқатимиз синалиши мумкин. Эҳтиёт бўлмасак, Яҳовадан йироқлашиб кетишимиз ҳеч гап эмас. Мисол учун, исроилликлар ҳақида бир ўйлаб кўринг. Яҳова уларга Мусонинг Қонунини беришидан аввал ҳар бир оила боши руҳонийларнинг вазифаларини бажарарди. Улар қурбонгоҳлар барпо этиб, оиласи учун қурбонликлар келтирарди. (Ибт. 8:20, 21; 12:7; 26:25; 35:1, 6, 7; Аюб 1:5) Аммо бу Қонунга биноан, улар бундай вазифаларни бошқа бажара олмасди. Яҳова қурбонликлар келтириш учун Ҳоруннинг хонадонини тайинлаганди. Унинг хонадонига тегишли бўлмаган киши руҳонийлик вазифасини бажарса, ўлимга маҳкум этиларди d. (Лев. 17:3–6, 8, 9) Эҳтимол, айнан шу сабабли Кўрах, Датан, Абурам ва 250 та жамоа боши Мусо билан Ҳорунга қарши исён кўтарган. (Саҳ. 16:1–3) Буни аниқ билмаймиз. Сабаби қандай бўлмасин, бу туфайли Кўрах ва унинг тарафдорлари Яҳовага содиқ бўлиб қолмади. Агар ташкилотимизда юз берган ўзгаришлар туфайли сизнинг ҳам садоқатингиз синалаётган бўлса нима қила оласиз?

Қоҳот ўғиллари қўшиқчи, дарвозабон ва омборларга бош назоратчи этиб тайинланганида, вазифаларини тайёрлик ила бажарган (11- хатбошига қаранг.)

11. Қоҳот ўғилларидан қандай ўрнак олишимиз мумкин?

11 Ташкилотдаги ўзгаришларни қўллаб-қувватланг. Исроилликлар саҳрода юрганида, Қоҳот ўғиллари муҳим вазифани бажаришарди. Улар ҳар сафар кўчишганида, Қоҳот ўғилларининг баъзилари аҳд сандиғини халқнинг олд томонида кўтариб кетишарди. (Саҳ. 3:29, 31; 10:33; Ёшуа 3:2–4) Бу жуда шарафли вазифа эди. Лекин исроилликлар ваъда қилинган юртга киргач, уларнинг вазифалари ўзгарди. Чунки энди аҳд сандиғини кўчириб юриш шарт эмасди. Сулаймон бошқарган даврда эса Қоҳот ўғилларининг баъзилари қўшиқчилар, дарвозабонлар ва омборларга бош назоратчилар этиб тайинланишганди. (1 Сол. 6:31–33; 26:1, 24) Улар олдинлари шарафли вазифани бажаргани учун бундан нолигани ёки янада шарафлироқ вазифани талаб қилгани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Бу биз учун қандай ўрнак? Яҳованинг ташкилотидаги барча ўзгаришларни, ҳатто бу вазифангизга таъсир қилса ҳам уларни қўллаб-қувватланг. Топширилган ҳар қандай вазифадан қувонч топинг. Ёдингизда бўлсин, фақат вазифангиз туфайли Яҳова учун қимматбаҳо бўлиб қолмайсиз. У итоаткорлигингизни кўпроқ қадрлайди. (1 Шоҳ. 15:22)

12. Заина вазифаси ўзгарганида ўзини қандай ҳис қилган?

12 Яқин Шарқда яшовчи Заина исмли опамизнинг вазиятига диққат қаратайлик. Заина 23 йилдан кўпроқ вақт мобайнида Байтилда хизмат қилганидан сўнг вазифаси ўзгарди. У қуйидагича бўлишди: «Бу мен учун кутилмаган эди. Ўзимни кераксиздай ҳис қилардим ва тез-тез ўзимдан: “Қаерда хато қилдим?” — деб сўрардим». Афсуски, жамоатидаги баъзи имондошлар унинг ярасига туз сепиб: «Унча яхши хизмат қилмагандирсиз-да, акс ҳолда Байтилда қолган бўлардингиз»,— деб айтишарди. Заина сиқилганидан кечалари йиғларди. Лекин у Яҳова ва Унинг ташкилоти уни яхши кўришидан ҳеч қачон шубҳаланмаган. Унга ақли расо бўлишга нима ёрдам берди?

13. Заина салбий туйғуларини енгиш учун нима қилган?

13 Заина салбий туйғуларини енга олган. Қандай қилиб? У адабиётларимизда масаласига оид мақолаларни ўқиган. Масалан, «Қўриқчи минораси»нинг 2001 йил 1 февраль сонидаги «Тушкунликни енга оласиз» номли мақолани топган. У ерда Инжил ёзувчиси Марк вазифаси ўзгарганида худди шундай туйғулар билан курашгани ҳақида ёзилган. У қуйидагича бўлишди: «Маркнинг ўрнаги ўзимга келишга ёрдам берди». Заина дўстлари билан ҳам вақт ўтказган, бошқалардан ўзини олиб қочмаган ва ўзига ачинмаган. Бу опамиз ташкилотимизни муқаддас руҳ бошқараётганини ва биродарлар уни яхши кўришини ёдда тутган. Қолаверса, Заина учун ташкилотимиз Яҳованинг ишини охиригача етказиб қўйиши муҳимроқ бўлган.

14. Владо нимага мослашишга ҳаракат қилган ва унга нима ёрдам берган?

14 Словениядан бўлган 73 ёшли Владо исмли оқсоқол қийинчиликка дуч келди. Унинг жамоати бошқа жамоат билан бирлаштирилди ва у қатнаган Йиғилиш зали ёпиб қўйилди. У шундай деди: «Чиройли Йиғилиш зали нега ёпиб қўйилганини тушунмасдим. Бу мен учун оғриқли эди. Чунки яқиндагина уни таъмирлагандик. Мен дурадгорман ва у ердаги баъзи янги жиҳозларни ўзим ясаганман. Шунингдек, иккита жамоат бирлашгани туфайли баъзи нарсалар ўзгарди ва бу мен каби кекса ваъзгўйлар учун қийинчилик туғдирди». Йўл-йўриққа амал қилишга Владога нима ёрдам берди? У қуйидагича деди: «Яҳованинг ташкилотидаги ўзгаришларга мослашиш доим баракалар келтиради. Улар бизни келажакдаги улкан ўзгаришларга тайёрлаяпти». Сиз ҳам шу каби қийинчиликларга дуч келяпсизми? Яҳова туйғуларингизни тушунишига амин бўлинг. Агар бундай ўзгаришларни қўллаб-қувватласангиз ва Яҳовага ҳамда Унинг ташкилотига содиқ қолсангиз, албатта баракага эга бўласиз. (Заб. 18:25)

БАРЧА НАРСАДА АҚЛИ РАСО БЎЛИНГ

15. Жамоат ичида қийинчиликларга дуч келганимизда, қай йўсин ақли расо бўла оламиз?

15 Ушбу замонанинг охири яқинлашар экан, жамоат ичида қийинчиликларга дуч келишимиз мумкин. Улар Яҳовага бўлган садоқатимизни синаши ҳеч гап эмас. Шунга ақли расо бўлиш учун жон куйдиришимиз керак. Имондошингиз сизга ёмон муносабат кўрсатганида ғазабланманг. Танбеҳ олганингизда диққатингизни фақат туйғуларингизга қаратманг. Маслаҳатни қабул қилинг ва ўзгаришга интилинг. Ташкилотда шахсан сизга таъсир қиладиган ўзгариш қилинганида, уни қабул қилинг ва кўрсатмага бўйсунинг.

16. Қандай қилиб Яҳовага ҳамда ташкилотига бўлган ишончингизни кучайтира оласиз?

16 Садоқатингиз синалганида Яҳовага ҳамда Унинг ташкилотига бўлган ишончингизни кучайтиринг. Бунинг учун ақли расо бўлинг, яъни хотиржамликни сақлаб, тўғри фикр юритинг ва масалага Яҳованинг нуқтаи назари билан қаранг. Шунингдек, сизникига ўхшаш вазиятларда таслим бўлмаган Муқаддас Китобдаги инсонлар ҳақида тадқиқ ўтказинг ва ўрнаги устида мулоҳаза юритинг. Яҳовага ибодат қилиб ёрдам сўранг ва ўзингизни жамоатдан олиб қочманг. Шунда, нима бўлишидан қатъи назар Шайтон сизни Яҳова ҳамда ташкилотидан жудо қила олмайди. (Ёқб. 4:7)

126- ҚЎШИҚ Мустаҳкам, ҳушёр ва мард бўлинг

a Жамоат ичида қийинчиликларга дуч келганимизда ҳам Яҳовага ҳамда ташкилотига бўлган садоқатимиз синалади. Бу мақолада учта қийинчилик ҳақида сўз юритиб, содиқ қолиш учун нима қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

b Баъзи исмлар ўзгартирилган.

c «Қўриқчи минораси»нинг 2009 йил 15 август сонининг 30- саҳифасидаги «Масъулиятдан маҳрум бўлдингизми? Уни қайтариш имкони бор!» номли мақолада қўшимча маслаҳатларни топа оласиз.

d Мусонинг Қонунига биноан, оила боши озиқ-овқат сифатида бирор уй ҳайвонини сўймоқчи бўлганида, уни муқаддас чодирга олиб бориши керак эди. Аммо улар муқаддас чодирдан узоқда яшаганида у ерга бормаслиги ҳам мумкин эди. (Қонун. 12:21)