Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

«Яҳовага хизмат қилишни жуда истардим»

«Яҳовага хизмат қилишни жуда истардим»

БИЗ Гранбори қишлоғидаги одамлар билан хайрлашиб қайиққа ўтирдик. У ер Суринамдаги тропик ўрмоннинг олис ҳудудида жойлашган эди. Қайиқда Тапанахони дарёси бўйлаб кетаётганимизда, кучли оқим туфайли моторнинг парраги тошга урилди. Қайиқнинг олд қисми шиддат билан сувга тўлгани учун биз дарёга тушиб кетдик. Юрагим қинидан чиқиб кетай деди. Гарчи туман нозири сифатида бир неча йил қайиқда сафарларга чиққан бўлсам-да, сузишни билмасдим.

Кейин нима юз берганини айтишдан олдин қай йўсин тўла вақтли хизматни бошлаганим ҳақида гапириб бераман.

Мен 1942 йили гўзал Кариб денгизидаги Кюрасао оролида дунёга келганман. Отам аслида суринамлик. Лекин иши туфайли ўша оролга кўчиб кетган. Туғилишимдан бир неча йил олдин у сувга чўмган ва Кюрасаодаги илк Яҳованинг Шоҳидларидан бири бўлган a. Отам ҳар ҳафта биз бешта фарзанд билан тадқиқ ўтказарди. Бу отам учун осон бўлмаган, чунки доим ҳам тадқиқ ўтишни хоҳламасдик. 14 ёшга тўлганимда, кексайиб қолган бувимга ғамхўрлик қилиш учун оиламиз билан Суринамга кўчиб кетдик.

ЯХШИ ДЎСТЛАР МЕНГА ЁРДАМ БЕРГАН

Суринамда Яҳовага ғайрат ила хизмат қилган ёшлар билан дўстлашдим. Улар мендан бир-икки ёш катта бўлиб, доимий кашшоф эди. Улар хизматидаги воқеаларни айтиб берганида, юзидан нур ёғиларди. Йиғилишлардан кейин дўстларим билан Муқаддас Китобдаги мавзулар бўйича суҳбатлашардик. Баъзан табиат қўйнида юлдузларга қараб фикр юритардик. Ўша дўстларим ҳаётдан нима хоҳлаётганимни тушунишга ёрдам беришди. Яҳовага хизмат қилишни жуда истардим. Шу боис, 16 ёшимда сувга чўмдим, 18 да эса доимий кашшофликни бошладим.

ҲАЁТИМДА ОЛГАН ҚИММАТБАҲО САБОҚЛАР

Парамарибода кашшоф бўлиб хизмат қилганман

Кашшофлик хизматида жуда кўп нарсаларни ўргандим. Бу тўла вақтли хизматда менга роса асқатди. Масалан, бошқаларга таълим бериш муҳимлиги. Кашшофликни бошлаганимда, Виллем ван Сейел исмли тўла вақтли махсус ваъзгўй мени қаноти остига олди b. У менга жамоатдаги вазифаларни яхшироқ бажаришни ўргатди. Ўшанда, бу таълимга жуда муҳтож эканим хаёлимга ҳам келмаганди. Бир йилдан кейин махсус кашшоф этиб тайинландим ва Суринамдаги тропик ўрмоннинг олис ҳудудида жойлашган гуруҳларга ғамхўрлик қила бошладим. Виллем ва бошқа биродарлар менга ёрдам бергани учун катта раҳмат дейман. Улардан бошқаларга таълим бериш жуда муҳимлигини ўргандим.

Шунингдек, содда ҳаёт кечириб, пулни режа билан ишлатишни ўргандим. Ҳар ойнинг бошида махсус кашшофликдаги шеригим билан келаси ҳафталар учун керак бўладиган нарсаларнинг рўйхатини тузардик. Кейин эса биттамиз узоқ йўл юриб пойтахтга борардик ва ўша нарсаларни харид қилардик. Эҳтиёжимиз учун берилган пулни донолик билан ишлатишимиз ва захирадаги озиқ-овқат маҳсулотларини бир ойга етказишимиз керак эди. Агар бирон нарсамиз тугаб қолса, ўша тропик ўрмонда деярли ҳеч ким бизга ёрдам бера олмасди, чунки у ерда кам одам яшарди. Ёшлигимдан содда ҳаёт кечиришга ва пулни режалаштириб ишлатишга ўрганганим, Яҳовага чалғимай хизмат қилишга ёрдам берган.

Бошқаларга уларнинг она тилида таълим бериш муҳим эканини ҳам тушундим. Мен нидерланд, инглиз, папьяменто ва Суринамда кенг тарқалган сранан-тонго тилини биламан. Тропик ўрмондаги аҳоли хушхабарни она тилида эшитганда яхшироқ муносабат кўрсатишига эътибор бердим. У ердаги баъзи тилларда, масалан, баланд ва паст оҳанглари бор бўлган сарамакка тили мен учун қийин эди. Бироқ ҳаракатларим бунга арзирди. Бир неча йил мобайнида кўпгина одамларга ҳақиқатни етказа олдим, чунки уларнинг она тилида гапирардим.

Албатта, тил билан боғлиқ кулгили вазиятлар ҳам бўлган. Мисол учун, сарамакка тилида гапирадиган қизиқувчидан у ўзини қандай ҳис қилаётгани борасида сўрадим, чунки унинг қорни оғриётганди. Аслида эса ундан: «Сиз ҳомиладормисиз?» — деб сўраган эканман. Бу уни хижолатга қўйди. Тўғри, шу каби хатолар бўлиб турарди. Бунга қарамай, одамлар билан доим уларнинг она тилида гаплашишга ҳаракат қилардим.

ҚЎШИМЧА ВАЗИФА

1970 йили мени туман нозири этиб тайинлашди. Ўша йили тропик ўрмондаги кўпгина олис гуруҳларга «Яҳова Шоҳидларининг халқаро бош идорасига хуш келибсиз!» номли слайдларни кўрсатардим. Уларникига бориш учун бир нечта биродар билан ёғочли қайиқда дарё бўйлаб сафарга чиқардик. Ҳар сафар генератор, газ балони, керосин лампалар ва прожектор учун асбоб-ускуналарни ўзимиз билан манзилгача олиб борардик. Ўша сафарлардан энг ёдда қолгани шуки, олис ҳудудлардаги одамлар слайдларни жуда яхши кўришарди. Яҳова ҳамда ташкилотимиз ҳақида бошқаларга айтиш менга қувонч келтирарди. Улар Яҳовага яқинлашаётганини кўриш оғир меҳнатимизнинг мукофоти эди.

УЧТА ИПДАН ЭШИЛГАН АРҚОН

Эйфель билан 1971 йили сентябрда турмуш қурдик

Тўғри, бўйдоқлигим туфайли хизматда кўп ишларни бажара олардим. Аммо уйланиш хоҳишим ҳам бор эди. Шунга Худога ибодат қилиб, муносиб турмуш ўртоқни топишимга ёрдам беришини сўрадим. Чунки тропик ўрмонда тўла вақтли хизматни давом эттирмоқчи эдим. Тахминан бир йил ўтгач, жуда фидойи бўлган Эйфель исмли махсус кашшоф опамиз билан учрашишни бошладим. У ёшлигидан ҳаворий Павлусни яхши кўрган ва у каби хизмат қилишни хоҳлаган. 1971 йили сентябрда биз турмуш қурдик ва туман нозирлик хизматига тайинландик.

Эйфель моддий томондан фаровон ҳаёт кечирмагани учун туман нозирлик хизматига тезда мослаша олган. Масалан, олис ҳудудлардаги жамоатларга борганимизда, ўзимиз билан жуда кўп нарса олмасдик. Кийимларимизни дарёда ювардик ва у ерда чўмилардик. Имондошлар бизга нима берса ўшани ердик. Бу игуана, пиранья ёки ўрмонда ва дарёда овланган ҳар нарса бўлиши мумкин эди. Ликоплар бўлмаганида, банан дарахтининг баргларидан фойдаланардик ва баъзида қўлимиз билан овқат ердик. Яҳованинг хизматида бошдан кечирганларимиз Эйфель иккимизни бирлаштириб, учта ипдан эшилган мустаҳкам арқондай қилди. (Воиз 4:12) Ҳаётимиздаги воқеаларни таърифлашга тил ожиз. Уларни ҳеч нарсага алмашмаймиз.

Бир куни тропик ўрмонда бўлган имондошларникидан қайтаётганимизда, юқорида айтиб берган ҳодиса юз берди. Бироқ қайиғимиз дарров сув юзасига чиқди. Яхшиямки, устимизда қутқарув нимчаси бор эди. Шунинг учун чўкиб кетмадик. Лекин қайиғимиз сувга тўлганди. Ўшанда идишлардаги озиқ-овқатни дарёга ташладик ва улардан фойдаланиб, қайиқни сувдан бўшатишга ҳаракат қилдик.

Озиқ-овқатимиз қолмагани учун дарёда сузиб кетаётганимизда, балиқ овладик. Бироқ битта ҳам балиқ тутмадик. Шунда Яҳовага ибодат қилдик. Шу заҳотиёқ, битта биродар каттагина балиқни тутиб олди. Бешталамиз уни тўйиб едик.

ЭР, ОТА ВА ТУМАН НОЗИРИ

Туман нозирлик хизматида беш йил ўтказгандан сўнг Эйфель ва мен ота-она бўлишимизни билиб олдик. Бу хабарни эшитишдан жуда бахтиёр эдим. Лекин шу билан бирга энди ҳаётимиз қандай кечади, деб ўйлардим. Биз имкон борича тўла вақтли хизматда қолишни истардик. 1976 йили Этниэль исмли ўғлимиз туғилди. Икки ярим йилдан сўнг эса иккинчи фарзандимиз Жованни дунёга келди.

Шарқий Суринамдаги Годо Холо яқинида, Тапанахони дарёсида имондошлар сувга чўмяпти (1983)

Ўша пайтларда Суринамда эҳтиёж катта бўлгани учун фарзандларни ўстираётганимизга қарамай, мени туман нозирлик хизматида қолдиришди. Ўғилларимиз ҳали кичик бўлганида, бир нечта жамоатдан иборат бўлган туманларга борардим. Одатда ҳар ой бир неча ҳафта туман нозири сифатида жамоатларга ташриф буюрардим, қолган пайт эса кашшофлик қилардим. Уйимиз яқинидаги жамоатларга ташриф буюрганимда, Эйфель ва болаларимиз мен билан бирга борарди. Бироқ тропик ўрмондаги жамоатларга ва анжуманларга ўзим борардим.

Туман нозири бўлиб хизмат қилганимда, олисдаги жамоатларга ташриф буюриш учун қайиқдан фойдаланардим

Вазифаларимни бажариш учун ҳамма нарсани пухта режалаштирардим. Ҳар ҳафта уйимизда оилавий топиниш бўларди. Тропик ўрмондаги жамоатларга ташриф буюрганимда, Эйфель уни болалар билан ўзи ўтказарди. Албатта, оиламиз билан ҳамма нарсани бирга қилишга интилардик. Қолаверса, биргаликда фарзандларимиз билан ўйнардик ва қизиқарли жойларга борардик. Шунингдек, ташрифлар учун кечаси тайёргарлик кўришимга тўғри келарди. Эйфель Ҳикматлар 31:15 даги фаросатли аёл каби эди. Болаларимиз мактабга кетишидан аввал бир оила бўлиб кунлик оятни ўқишимиз ва нонушта қилишимиз учун у эрта тонгда турарди. Яҳова менга бундай фидойи, ёрдамчи турмуш ўртоқни бергани учун жуда миннатдорман.

Мен ва хотиним болаларимизнинг қалбига Яҳовага ҳамда хизматга бўлган севгини жо қилишга интилардик. Тўла вақтли хизмат уларнинг ҳаёт тарзига айланишини истардик. Лекин бу уларнинг шахсий танлови бўлиши керак эди. Бундай хизмат қанчалик қувонч келтиришини айтиб берардик. Шунингдек, қийинчиликларга қарамай, Худо оиламизга қай йўсин ёрдам бергани ва барака ато этгани ҳақида ҳам гапириб берардик. Яна уларга Яҳовани ҳаётида биринчи ўринга қўйган инсонлар билан дўстлашишга кўмаклашардик.

Яҳова барча керакли нарсаларимиз бўлишига ғамхўрлик қиларди. Албатта, оиламни қўллаб-қувватлаш учун қўлимдан келганини қилардим. Тропик ўрмонда махсус кашшоф бўлиб хизмат қилганимда тежамкорликка ўрганганим менга асқатарди. Аммо қўлимиздан келганини қилсак ҳам, асосий нарсаларимиз доим ҳам бўлмасди. Шундай пайтларда Яҳова бизни ташлаб қўймаслигига амин эдим. Масалан, 1986–1992 йиллар давомида Суринамда фуқаролик уруши бўлган. Ўшанда ҳатто энг зарурий нарсаларни топиш қийин эди. Лекин Яҳова бизга ғамхўрлик қиларди. (Мат. 6:32)

ОРТГА НАЗАР ТАШЛАБ...

Чапдан ўнгга: Эйфель иккимиз

Этниэль ва хотини Натали

Жованни ва хотини Кристал

Яҳова доим бизга ғамхўрлик қилиб, чинакам бахт ва мамнуният бахш этган. Болаларимиз биз учун барака бўлиб, Яҳовага хизмат қилишни танлади. Улар ҳам тўла вақтли хизматда иштирок этяпти. Этниэль ва Жованни ташкилотимизнинг мактабларида таълим олган. Улар рафиқалари билан бирга Суринамдаги филиалда хизмат қиляпти.

Ҳозир анча қариб қолдик. Лекин махсус кашшофлар сифатида бел боғлаб Яҳовага хизмат қиляпмиз. Шунчалик банд бўлганимиз учун, тўғриси, ҳалиям сузишни ўргана олмадим. Аммо бундан ҳеч ҳам афсусланмайман. Ортга назар ташлаб шуни айта оламанки, ёшлигимда тўла вақтли хизматни танлаганим ҳаётимдаги энг тўғри қарорлардан бири бўлган.

b Виллем ван Сейелнинг таржимаи ҳоли «Уйғонинг!» журналининг (рус) 1999 йил 8 октябрь сонида чоп этилган.