45- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Яҳова хизматимизни бажаришга кўмаклашади
[Улар] ораларида пайғамбар бўлганини билиб қўйишади. ҲИЗ. 2:5
67- ҚЎШИҚ «Каломни ваъз эт»
БУ МАҚОЛАДА a
1. Ваъзгўйлик ишида нимага дуч келишимиз мумкин ва Яҳова нима қилишига аминмиз?
ВАЪЗГЎЙЛИК ишида таъқибларга дуч келишимиз мумкин. Келажакда улар янада кучаяди. (Дон. 11:44; 2 Тим. 3:12; Ваҳ. 16:21) Бироқ Яҳова бизга керакли ёрдамни беришига аминмиз. Нега? Чунки вазифалар қанчалик қийин бўлмасин, хизматчиларига уларни бажаришга У доим кўмаклашган. Келинг, Бобилда асирликда яшаган яҳудийларга ваъз қилган Ҳизқиё пайғамбарнинг ҳаётидаги баъзи ҳодисаларни кўриб чиқайлик.
2. Ҳизқиё қандай инсонларга ваъз қилган ва ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз? (Ҳизқиё 2:3–6)
2 Ҳизқиё қандай инсонларга ваъз қилган? Яҳова уларни «итоатсиз», «қайсар» ва «исёнкор» деб айтган. Ўша инсонлар тиканлардай зарарли ва чаёнлардай заҳарли бўлишган. Бежизга Яҳова Ҳизқиёни қўрқмасликка қайта-қайта ундамаган. (Ҳизқиё 2:3–6 ни ўқинг.) Ҳизқиё унга топширилган вазифани бажара олган. Сабаби 1) Яҳованинг Ўзи уни юборган, 2) муқаддас руҳ унга куч бахш этган ва 3) Худонинг Каломи имонини мустаҳкамлаган. Қай йўсин ушбу учта омил Ҳизқиёга кўмаклашган? Улар бизга қандай ёрдам бериши мумкин?
ҲИЗҚИЁНИ ЯҲОВАНИНГ ЎЗИ ЮБОРГАН
3. Яҳова Ҳизқиёни қай йўсин мустаҳкамлаган?
3 Яҳова Ҳизқиёга шундай деган: «Сени [Мен] юборяпман». (Ҳиз. 2:3, 4) Ушбу сўзлар Ҳизқиёни мустаҳкамлаган бўлса керак. Нега? Шубҳасизки, у Яҳова Мусо ва Ишаёни пайғамбар сифатида тайинлаганида шу каби сўзларни айтганини эслаган. (Чиқ. 3:10; Ишаё 6:8) Шунингдек, Ҳизқиё Яҳова ушбу иккита пайғамбарга қийинчиликларни енгишга ёрдам берганини билган. Шунинг учун, у икки марта: «Сени [Мен] юборяпман»,— деган сўзларни эшитганида, Яҳова уни ташлаб қўймаслигига ишонган. Ҳизқиё: «Яҳова менга Ўз сўзини аён қилди»,— деб бир неча маротаба ёзган. (Ҳиз. 3:16) Қолаверса, у: «Яҳова менга яна сўзини аён қилди»,— деб қайта-қайта айтган. (Ҳиз. 6:1) Ҳизқиё уни Яҳова юборганига амин бўлган. Бундан ташқари, руҳоний бўлган отаси Яҳова Ўз пайғамбарларига кўмаклашишига уни ишонтирган. Масалан, У Исҳоқ, Ёқуб ва Еремиёга: «Мен сен биланман»,— деб айтган. (Ибт. 26:24; 28:15; Ерм. 1:8)
4. Қайси фикрлар Ҳизқиёга куч берган?
4 Аксарият исроилликлар Ҳизқиёнинг хизматига қандай муносабатда бўлган? Яҳова: «Исроил хонадони сени тинглашдан бош тортади, чунки улар Менга қулоқ солишни исташмайди»,— деган. (Ҳиз. 3:7) Улар уни рад этганда, Яҳовани рад этгандай бўлишган. Бу сўзлар Ҳизқиёни одамлар хабарни қабул қилмаётганида унинг айби йўқлигига ишонтирган. Шунингдек, у эълон қилган ҳукм хабари амалга ошганида одамлар «ораларида пайғамбар бўлганини билиб қўйишига» амин бўлган. (Ҳиз. 2:5; 33:33) Шубҳасизки, бу тасалли берадиган фикрлар Ҳизқиёга хизматини тўлақонли амалга оширишга куч берган.
БИЗНИ ЯҲОВАНИНГ ЎЗИ ЮБОРГАН
5. Қай йўсин Ишаё 44:8 даги сўзлар бизга жасорат бахш этади?
5 Яҳованинг Ўзи ваъзгўйлик ишини бизга топширганини билиш жасорат бахш этади. У бизни «шоҳидлари» деб аталиш шарафига муяссар қилди. (Ишаё 43:10) Бу билан фахрлансак арзийди! Яҳова Ҳизқиёга: «Қўрқма»,— деб айтган. Бугунги кунда эса У бизни: «Ваҳимага тушманг»,— деб ундаяпти. Нега қаршиликлардан қўрқмаслигимиз керак? Сабаби, бизни ҳам Яҳованинг Ўзи юборган ва У доим ёнимизда туради. (Ишаё 44:8 ни ўқинг.)
6. а) Яҳова бизни қўллаб-қувватлашига қай йўсин ишонтиряпти? б) Нимани билиш бизга далда беради?
6 Яҳова бизни қўллаб-қувватлашига ишонтиряпти. Мисол учун, У: «Сизлар Менинг шоҳидларимсиз»,— дейишдан аввал шундай деб айтган: «Сувлардан ўтсанг, Мен сен билан бўламан, дарёлардан ўтсанг, сув остида қолмайсан. Оловдан ўтсанг-да, ёнмайсан, аланга сени куйдирмайди». (Ишаё 43:2) Баъзан хизматда сув тошқини ёки ёнғинга ўхшаш қийинчиликларга дуч келамиз. Лекин бунга қарамай, Яҳова хизматни давом эттиришга ёрдам беряпти. (Ишаё 41:13) Ҳизқиёнинг даврида бўлганидай, бугун ҳам одамлар хушхабарни рад этяпти. Аммо бу биз яхши ваъз қилмаётганимизни англатмайди. Садоқатли бўлиб, хушхабарни етказишни давом этсак, Яҳова мамнун бўлади. Буни билиш далдали. Ҳаворий Павлус: «Ҳар бири ўз меҳнатига яраша мукофотини олади»,— деган. (1 Кор. 3:8; 4:1, 2) Анча йилдан бери кашшоф бўлиб хизмат қилаётган опамиз шундай деди: «Яҳова ҳаракатларимизни мукофотлашини билиш менга қувонч келтиради».
МУҚАДДАС РУҲ ҲИЗҚИЁГА КУЧ БАХШ ЭТГАН
7. Ваҳий ҳақида ўйлаш Ҳизқиёга қандай таъсир қилган? (Муқовадаги расмга қаранг.)
7 Ҳизқиё муқаддас руҳнинг кучли таъсирини кўрган. У ваҳийда муқаддас руҳ баҳайбат фаришталарга ва самовий араванинг ғилдираклари ҳаракатланишига ёрдам берганини кўрган. (Ҳиз. 1:20, 21) Бу унга қандай таъсир қилган? У шундай ёзган: «Буни кўрганимда, ерга юзтубан тиз чўкдим». Ҳа, Ҳизқиё лол қолган. (Ҳиз. 1:28) Кейинчалик у ўша ваҳий ҳақида ўйлаганида, муқаддас руҳ кучли таъсирга эга эканига бўлган ишончи мустаҳкамлангандир. Бу унга хизматини давом эттиришга кўмаклашган.
8, 9. а) Яҳова Ҳизқиёга нима қилишни айтган? б) Ҳизқиё нима ёрдамида ваъз қила олган?
8 Яҳова Ҳизқиёга шундай деган: «Эй инсон ўғли, ўрнингдан тур, сен билан гаплашмоқчиман». Буни эшитиб, Ҳизқиё ердан тура олиши учун кучга эга бўлган. У шундай деб ёзган: «Худонинг руҳи ичимга кирди... Бу руҳ мени оёққа турғизди». (Ҳиз. 2:1, 2) Худонинг муқаддас руҳи Ҳизқиёга ҳаёти давомида ёрдам берган. (Ҳиз. 3:22; 8:1; 33:22; 37:1; 40:1) Муқаддас руҳ унга вазифасини бажариши, яъни ҳудудидаги «ўжар ва қайсар» одамларга ваъз қилиши учун куч бахш этган. (Ҳиз. 3:7) Яҳова Ҳизқиёга шундай деган: «Улар қанчалик ўжар бўлса, Мен сени шунчалик қатъиятли қиламан. Пешонангни чақмоқтошдан ҳам қаттиқ бўлган олмосдай қиламан. Улардан қўрқма, юзларининг ифодасидан ваҳимага тушма». (Ҳиз. 3:8, 9) У гўё шундай дегандай бўлган: «Итоатсиз инсонлар туфайли руҳинг тушмасин. Мен сени мустаҳкамлайман».
9 Сўнг Худонинг руҳи ёрдамида Ҳизқиё ҳудудида ваъз қила олган. У: «Яҳованинг қудрати менга қаттиқ таъсир қилди»,— деб ёзган. Ҳизқиё олган хабарни тўлиқ тушунишига бир ҳафта керак эди. (Ҳиз. 3:14, 15) Кейин Яҳова Ҳизқиёга водийга боришни айтган. У ерда «Худонинг руҳи» унинг ичига кирган. (Ҳиз. 3:23, 24) Энди, Ҳизқиё хизматини бошлашга тайёр бўлган.
МУҚАДДАС РУҲ БИЗГА КУЧ БАХШ ЭТЯПТИ
10. Ваъз қилишда давом этиш учун нимага муҳтожмиз ва нега?
10 Ваъзгўйлик хизматини давом эттириш учун қандай ёрдамга муҳтожмиз? Бунга жавоб беришдан олдин Ҳизқиёнинг вазияти ҳақида ўйлаб кўринг. У ваъзгўйлик фаолиятини бошлашдан олдин муқаддас руҳ уни мустаҳкамлаган. Бугунги кунда Ҳизқиё каби биз ҳам Худонинг руҳи ёрдамида ваъз қила оламиз. Нима учун? Чунки Шайтон ваъзгўйлик фаолиятини тўхтатиш учун жанг олиб боряпти. (Ваҳ. 12:17) Инсон нуқтаи назари билан қараганда, биз Шайтоннинг олдида жуда ожизмиз. Лекин ваъзгўйлик иши орқали биз уни енга оламиз. (Ваҳ. 12:9–11) Қай йўсин? Хизматда иштирок этганимизда Шайтондан қўрқмаётганимизни кўрсата оламиз. Ҳар сафар ваъз қилганимизда Шайтон мағлуб бўлади. Хўш, душманларимизнинг таъқибларига қарамай, ваъз қилишда давом этсак нима аён бўлади? Бу Яҳова бизга муқаддас руҳини бераётганини ва биздан мамнун эканини кўрсатади. (Мат. 5:10–12; 1 Бутр. 4:14)
11. Худонинг руҳи бизга қандай ёрдам беради ва у бизни йўналтиришда давом этиши учун нима қилишимиз лозим?
11 Яҳова Ҳизқиёга хизматини адо этиши учун куч бахш этганидан яна нимани ўрганишимиз мумкин? Худонинг руҳи хизматда дуч келишимиз мумкин бўлган ҳар қандай қийинчиликни енгишга ёрдам беради. (2 Кор. 4:7–9) Унинг руҳи бизни йўналтиришда давом этиши учун нима қилишимиз лозим? Яҳова ибодатларимизни эшитишига амин бўлиб, Ундан руҳини қайта-қайта сўрашимиз лозим. Исо шогирдларига: «Сўраб туринглар... излаб туринглар ва... тақиллатиб туринглар»,— деб айтган. Шундай қилсак, Яҳова бизга муқаддас руҳини беради. (Луқо 11:9, 13; Ҳавор. 1:14; 2:4)
ХУДОНИНГ СЎЗЛАРИ ҲИЗҚИЁНИНГ ИМОНИНИ МУСТАҲКАМЛАГАН
12. Ўрама битик кимдан эди ва у ерда нима ёзилганди? (Ҳизқиё 2:9–3:3)
12 Ҳизқиё нафақат Худонинг руҳи, балки сўзлари орқали ҳам кучга тўлган. Ваҳийда у битта қўл ўрама битикни ушлаб турганини кўрган. (Ҳизқиё 2:9–3:3 ни ўқинг.) Хўш, ўша битик кимдан эди? У ерда нима ёзилганди? Қандай қилиб у Ҳизқиёни мустаҳкамлаган? Келинг, буни билиб олайлик. Ўша битик Худодан эди. Эҳтимол, У Ҳизқиё олдинроқ кўрган тўртта фаришталардан биттаси орқали уни бергандир. (Ҳиз. 1:8; 10:7, 20) У ерда Худонинг сўзлари — Ҳизқиё исёнкорларга эълон қилиши керак бўлган ҳукм хабари ёзилганди. (Ҳиз. 2:7) Ўша хабар битикнинг иккала томонида ҳам бор эди.
13. Яҳова Ҳизқиёга битикни нима қилишни айтган ва нега у ширин бўлган?
13 Яҳова пайғамбарига «ўрама битикни еб», ошқозонини у билан тўлдиришни айтган. Ҳизқиё тайёрлик ила битикни бутунлай еб қўйган. Ваҳийнинг бу қисми нимани англатади? Ҳизқиё хабарнинг маъносини яхшилаб тушуниши ва унга аввало ўзи ишониши керак эди. Шундагина у ваъз қила оларди. Кейин ажойиб нарса юз берди. У битик ҳақида шундай деган: «У оғзимда асалдай ширин бўлди». (Ҳиз. 3:3) Нега? Ҳизқиё учун Яҳованинг вакили бўлиш ширин ёки ёқимли бўлган. (Заб. 19:8–11) Ҳизқиё Яҳова уни пайғамбар сифатида танлагани учун миннатдор бўлган.
14. Ҳизқиёга вазифасини бажаришга нима кўмаклашган?
14 Кейин Яҳова Ҳизқиёга шундай деган: «Сенга айтадиган барча сўзларимни тинглаб, қалбингга жо қил». (Ҳиз. 3:10) Ҳизқиё битикдаги сўзларни эслаб қолиб, улар устида фикр юритиши керак эди. Шу йўсин, унинг имони янада мустаҳкамланарди. Қолаверса, бу унга Худонинг хабарини ваъз қилишга кўмаклашарди. (Ҳиз. 3:11) Ҳизқиё бу хабарни тўлиқ тушуниб, унга ишонгач ваъз қилишга тайёр бўлган. Бу хизматни тўхтатмаслик қарорини кучайтирган. (Забур 19:14 ни солиштиринг.)
ХУДОНИНГ СЎЗЛАРИ ИМОНИМИЗНИ МУСТАҲКАМЛАЯПТИ
15. Хизматни давом эттира олиш учун қалбимизга нимани жо қилишимиз керак?
15 Хизматни давом эттира олиш учун Худонинг сўзлари бизнинг ҳам имонимизни мустаҳкамлашига йўл қўйишимиз керак. Уларни қалбимизга «жо қилишимиз» лозим. Бугунги кунда Яҳова Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб орқали гапиряпти. Қандай қилиб у фикрлар, ҳис-туйғулар ва ниятларимизга таъсир қилишига йўл қўя оламиз?
16. Худонинг Каломини қалбимизга жо қилиш учун нима қилишимиз даркор?
16 Тўғри овқатланганимизда янада соғлом бўламиз. Шу каби, Худонинг Каломини тадқиқ қилиб, мулоҳаза юритганимизда имонимиз мустаҳкамланади. Яҳова ошқозонимизни сўзлари билан тўлдиришимизни, яъни уларни яхшироқ тушунишимизни хоҳлаяпти. Бунинг учун ибодат қилиш, ўқиш ва мулоҳаза юритиш даркор. Худонинг Каломини қалбимизга жо қилиш учун аввал ибодат қиламиз. Сўнг Муқаддас Китобни ўқиб, бироз тўхтаб фикр юритамиз. Натижада нима бўлади? Қанча кўп фикр юритсак, имонимиз шунча кўп мустаҳкамланади.
17. Нега Муқаддас Китобни ўқиш ва устида фикр юритиш муҳим?
17 Нима учун Муқаддас Китобни ўқиш ва устида фикр юритиш муҳим? Шу йўсин, ҳозир Шоҳлик ҳақидаги хушхабар билан бўлиша оламиз, яқин келажакда эса ҳукм хабарини эълон қила оламиз. Бундан ташқари, Яҳованинг ажойиб фазилатлари устида фикр юритганимизда, У билан муносабатларимиз янада қалинлашади. Натижада ширин бир нарсадан завқланамиз, яъни ички хотиржамлик ва мамнуният ҳис қиламиз. (Заб. 119:103)
САБР ҚИЛИШ УЧУН АРЗИГУЛИК САБАБ
18. Ҳудудимиздаги одамлар нимани тан олиши керак бўлади ва нега?
18 Тўғри, Ҳизқиё каби пайғамбар эмасмиз, лекин Яҳова бўлди демагунча хушхабарни ваъз қилиш қароримиз қатъий. Ҳукм куни келганида ҳудудимиздаги одамлар: «Бизни ҳеч ким огоҳлантирмади» ёки «Худо бизга эътибор қаратмади»,— деб айта олмайди. (Ҳиз. 3:19; 18:23) Аксинча, улар биз ваъз қилган хушхабар Худодан бўлганини тан олиши керак бўлади.
19. Нима туфайли хизматимизни бажара оламиз?
19 Хизматни давом эттиришга нима ёрдам беради? Ҳизқиёга ёрдам берган учта омил бизга ҳам қўл келади. Билиб олганимиздай, Яҳова бизни хизмат қилишга юборяпти, муқаддас руҳи бизга куч бахш этяпти ва Каломи имонимизни мустаҳкамлаяпти. Аллоҳнинг ёрдами билан хизмат қилиб, «охиригача» бардошли бўла оламиз. (Мат. 24:13)
65- ҚЎШИҚ Олға бос!
a Ушбу мақолада Ҳизқиё пайғамбарга хизматини бажаришга ёрдам берган учта омилга диққат қаратамиз. Яҳова унга кўмаклашган экан, бизга ҳам хизматимизни адо этишга ёрдам беради.