Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

46- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳова қувонч ила сабр қилишимизга ёрдам беряпти

Яҳова қувонч ила сабр қилишимизга ёрдам беряпти

Яҳова сизларга илтифот кўрсатишни сабр ила кутмоқда, сизларга марҳамат қилиш учун У қўзғалади. ИШАЁ 30:18

3- ҚЎШИҚ Қудратим, Умидим, Таянчим Ўзинг

БУ МАҚОЛАДА a

1, 2. а) Қайси саволларни кўриб чиқамиз? б) Яҳова бизга ёрдам беришни истаётганини қаердан биламиз?

 ЯҲОВА қийинчиликларни енгишимизга ҳамда Унга қувонч ила хизмат қилишимизга ёрдам беради. У буни қайси йўллар орқали қилади? Яҳованинг ёрдамидан қай йўсин тўлақонли фойда олишимиз мумкин? Бу саволларга ушбу мақолада жавоб топамиз. Лекин аввалига: «Яҳова бизга чиндан ҳам ёрдам беришни истайдими?» — деган саволни кўриб чиқайлик.

2 Ҳаворий Павлус ибронийларга ёзган мактубида муҳим бир сўзни қўллаган. Бу юқоридаги саволга жавоб топишга ёрдам беради. У: «Яҳова менинг ёрдамчим, мен қўрқмайман. Инсон менга нима ҳам қила оларди?!» — деб ёзган. (Иброн. 13:6) Муқаддас Китобга оид манбаларга кўра, бу оятдаги «ёрдамчи» сўзи ёрдамга чақираётган кишига кўмаклашиш учун чопиб кетаётган инсонга ишора қилади. Яҳова ҳам бундай инсон каби бизга ёрдам беришга ошиқади. Ҳа, У бизни қўллаб-қувватлашни жуда истайди. Худо биз томонда экан, қийинчиликларни қувонч ила енга оламиз.

3. Қайси учта йўл орқали Яҳова қийинчиликларни енгишимизга ёрдам беряпти?

3 Қайси йўллар орқали Яҳова бизга ёрдам беряпти? Бунинг жавобини билиш учун Ишаё китобига назар солайлик. Чунки Яҳова Ишаёга очиб берган кўпгина башоратлар бизга ҳам тегишли. У Яҳовани биз тушунадиган оддий сўзлар билан таърифлаган. Ишаё 30- бобда баъзи мисоллар келтирилган. У ерда Яҳова хизматчиларига қандай ёрдам бераётгани ажойиб тарзда тасвирлаган. Ишаё Яҳова 1) ибодатларимизни диққат билан тинглаб, уларга жавоб бериш, 2) бизга йўл-йўриқ кўрсатиш ва 3) ҳозир ҳамда келажакда баракалар бериш орқали бизни қўллаб-қувватлаши ҳақида ёзган. Келинг, уларни диққат ила кўриб чиқайлик.

ЯҲОВА БИЗНИ ТИНГЛАЙДИ

4. а) Яҳова Ишаё давридаги исроилликларни қандай таърифлаган ва охири улар билан нима юз берган? б) Худо садоқатли яҳудийларга қандай умид берган? (Ишаё 30:18, 19)

4 Ишаё 30- бобнинг бошида Яҳова яҳудийлар ҳақида «ўжар ўғиллар», «гуноҳ устига гуноҳ орттиради», «улар исёнкор халқ,.. қонунига қулоқ солишни истамайди» деган. (Ишаё 30:1, 9) Ишаё одамлар Яҳовани тинглашдан бош тортгани учун азоб чекишини башорат қилган. (Ишаё 30:5, 17; Ерм. 25:8–11) Чиндан ҳам шундай бўлган. Кейинчалик бобилликлар уларни асирликка олиб кетган. Халқ орасида садоқатли яҳудийлар ҳам бўлган ва Ишаё уларга умидбахш хабарни етказган. Бир кун келиб Яҳова уларни озод этишини айтган. (Ишаё 30:18, 19 ни ўқинг.) Бу ростдан ҳам юз берган. Яҳова уларни асирликдан озод этган. Бунгача бироз вақт ўтган. «Яҳова сизларга илтифот кўрсатишни сабр ила кутмоқда» деган сўзлардан буни кўришимиз мумкин. 70 йил асирликда бўлган баъзи исроилликларга Қуддусга қайтишга рухсат берилган. (Ишаё 10:21; Ерм. 29:10) Улар она юртига қайтганида асирликда тўккан қайғу кўз ёшлари қувонч кўз ёшларига айланган.

5. Ишаё 30:19 бизни нимага ишонтиряпти?

5 Ишаё 30:19 даги ушбу сўзлар бизга тасалли бахш этиши мумкин: «У ёрдам сўраб ёлворганингни эшитиб, сенга албатта илтифот кўрсатади». Бу Яҳова илтижоларимизни диққат билан эшитиб, уларга тезда жавоб беришига бизни ишонтиряпти. Шунингдек, Ишаё: «Овозингни эшитибоқ жавоб беради»,— деб ёзган. Ҳа, меҳрибон Отажонимиз ёрдамга муҳтож бўлганларни қўллаб-қувватлашни жуда истайди. Буни билиш бизга бардошли бўлишга кўмаклашади.

6. Ишаёнинг сўзлари Яҳова ибодатларимизни эшитиши ҳақида нимани очиб беряпти?

6 Бу оятдан ибодатларимиз ҳақида яна нимани билиб оляпмиз? Яҳова ҳар биримизнинг ибодатимизни диққат ила тинглайди. Нега бунга аминмиз? Боиси Ишаё 30- бобнинг биринчи қисмида «сизлар» сўзи қўлланилган ва Яҳова хизматчиларига гуруҳ сифатида мурожаат қилган. Аммо 19- оятда «сен» сўзи қўлланилган. Демак, Худонинг сўзлари ҳар бир кишига қаратилган. Ишаё: «Сен ортиқ йиғламайсан», «Сенга албатта илтифот кўрсатади»,— деб ёзган. Яҳова меҳрибон Отамиз бўлгани учун руҳи тушган ўғли ёки қизига: «Сен опа-укаларингга ўхшаб кучли бўлишинг керак»,— деб ҳеч қачон айтмайди. Аксинча, У ҳар биримизга алоҳида эътибор қаратиб, ибодатларимизни тинглайди. (Заб. 116:1; Ишаё 57:15)

Ишаё: «Тинмай ибодат қилинг»,— деб айтган (7- хатбошига қаранг.)

7. Ишаё ва Исо ибодатнинг муҳимлиги ҳақида нима дейишган?

7 Яҳовага ибодат қилиб, бирон қийинчилигимиз ҳақида айтсак, чидамли бўлиш учун У бизга куч беради. Борди-ю, масаламиз биз кутгандай тез ҳал бўлмаса, Яҳовага қайта-қайта ибодат қилиб куч сўрасак бўлади. У бундай қилишимизни хоҳлайди. Ишаё пайғамбар: «[Яҳовага] тинмай ибодат қилинг»,— деб айтган. (Ишаё 62:7) Демак, Яҳовага мунтазам ибодат қилишимиз керак. Бу сўзлар Исонинг Луқо 11:8–10, 13- оятларда айтганларини эслатади. Ушбу оятларда Исо бизни муқаддас руҳни «қайта-қайта сўрашга» ундаяпти. Шунингдек, Яҳовага илтижо қилиб, тўғри қарорлар чиқара олишимиз учун йўл-йўриқ беришини сўрасак бўлади.

ЯҲОВА БИЗНИ ЙЎНАЛТИРЯПТИ

8. Ишаё 30:20, 21 даги сўзлар қандай амалга ошган?

8 Ишаё 30:20, 21 ни ўқинг. Бобил қўшини Қуддусни ярим йил давомида қуршаб олганида одамлар роса хавотирда эди. Улар туну кун қўрқувни ҳис қиларди. Аммо 20- ва 21- оятларга биноан, Яҳова яҳудийлар тавба қилиб ўзгарса уларни қутқаришини ваъда қилган. Ишаё Яҳова «Буюк Устоз» сифатида Унга маъқул тарзда топинишни уларга ўргатишини башорат қилган. Бу ваъдалар яҳудийлар озод бўлганда амалга ошган. Яҳова уларнинг Буюк Устозига айланган ва Унинг бошқаруви остида пок топиниш тикланган. Ҳозир ҳам Худо Буюк Устозимиз эканидан бахтиёрмиз.

9. Қай йўсин Яҳова бизга йўл-йўриқ беряпти?

9 Ишаё Яҳовани Устоз билан солиштирган. Бизни эса Ундан икки йўл орқали таълим олаётган ўқувчиларга ўхшатсак бўлади. У биринчи йўл ҳақида шундай деган: «Сен Буюк Устозингни ўз кўзинг билан кўрасан». Бу сўзларни ўқиганимизда хаёлимизга ўқувчилар қаршисида турган устоз келади. Яҳованинг Ўзи бизга таълим бераётгани катта шараф. У буни қай йўсин қиляпти? У бизга ташкилоти орқали аниқ кўрсатмалар бераётганидан бошимиз кўкка етяпти. Жамоат йиғилишлари, анжуманлар, адабиётлар, ойлик кўрсатувлари ва бошқа маънавий озуқа орқали қийинчиликларни қувонч ила енгишимизга ёрдам беряпти.

10. «Ортингиздан... овозни эшитасиз» деган сўзлар нимани англатади?

10 Ишаё Яҳова бизга таълим бераётганининг иккинчи йўли ҳақида шундай айтган: «Ортингиздан... овозни эшитасиз». Демак, у Яҳовани ўқувчиларнинг ортида туриб, тўғри йўл-йўриқ кўрсатаётган зеҳни ўткир устозга ўхшатган. Бугунги кунда Худонинг овозини ортимиздан эшитиб турибмиз. Қанақасига? Гап шундаки, Муқаддас Ёзувларда Унинг сўзлари анча йиллар олдин ёзилган. Ҳозир уларни ўқиганимизда ортимиздан Унинг овозини эшитгандай бўламиз. (Ишаё 51:4)

11. Қувонч ила хизмат қилиш учун нима қилишимиз керак ва нега?

11 Яҳова Каломи ва ташкилоти орқали бераётган таълимдан қай йўсин тўлақонли фойда олишимиз мумкин? Ишаё иккита нарсани айтган. Биринчиси, «мана йўл». Иккинчиси, «шу йўлдан юринг». (Ишаё 30:21) Фақатгина «йўл» борлигини билиш етарли эмас. «Шу йўлдан юришимиз» ҳам керак. Яҳова Каломи ва ташкилоти орқали биздан нимани кутаётганини ҳамда уларга қай йўсин амал қилишимиз кераклигини ўргатяпти. Унга қувонч ила хизмат қилиш учун иккала нарсани қилишимиз керак. Ўшандагина Худо бизга барака беради.

ЯҲОВА БИЗГА БАРАКА БЕРЯПТИ

12. Яҳова халқига қандай баракалар ато этган? (Ишаё 30:23–26)

12 Ишаё 30:23–26 ни ўқинг. Бу башорат Исроилга қайтган яҳудийларнинг вазиятида қай йўсин амалга ошган? Яҳова уларга яшашига ва Унга хизмат қилишига кўмаклашадиган кўпдан-кўп нарсаларни берган. Уларнинг мўл-кўл егулиги бўлган. Энг муҳими эса, улар Худога яқинлашиб Унга муносиб тарзда топиниши учун ҳамма нарсага эга эди. Ўша пайтда Худонинг халқи маънавий жиҳатдан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ баракаларга эга бўлган. 26- оятга кўра, Яҳова уларга Каломини тушунишга кўмаклашган. (Ишаё 60:2) Яҳованинг баракалари орқали уларнинг қалби шодликка тўлган ва улар тинчлик-хотиржамликда яшаган. (Ишаё 65:14)

13. Пок топинишни тиклаш ҳақидаги башорат бугунги кунда қандай амалга ошяпти?

13 Пок топинишни тиклаш ҳақидаги башорат бугунги кунда амалга ошяптими? Албатта! Қанақасига? Мил. 1919 йилдан бери миллионлаб инсонлар Буюк Бобил, яъни сохта дин империясининг асирлигидан озод бўлиб келяпти. Улар исроилликларга ваъда қилинган юртдан яхшироқ жойга, яъни маънавий жаннатга йўналтириляпти. (Ишаё 51:3; 66:8) Маънавий жаннат бу нима?

14. Маънавий жаннат бу нима ва ҳозир у ерда кимлар яшаяпти? (Ибора маъносига қаранг.)

14 Мил. 1919 йилдан бери мойланган масиҳийлар маънавий жаннатда яшаб келяпти b. Ер юзида яшашга умид қилаётган «бошқа қўйлар» ҳам бу маънавий жаннатда бўлиб, Яҳованинг мўл-кўл баракаларидан завқ оляпти. (Юҳан. 10:16; Ишаё 25:6; 65:13)

15. Маънавий жаннат қаерда жойлашган?

15 Бугунги кунда маънавий жаннат қаерда? Яҳованинг хизматчиларини дунёнинг турли жойларида учратиш мумкин. Демак, маънавий жаннат бутун дунё бўйлаб тарқалган. Қаерда яшашимиздан қатъи назар ҳақ топинишни қўллаб-қувватлашда давом этсак, маънавий жаннатда қоламиз.

Қандай қилиб ҳар биримиз маънавий жаннатнинг чиройига чирой қўша оламиз? (16-, 17- хатбошиларига қаранг.)

16. Қандай қилиб маънавий жаннатнинг чиройини кўришда давом эта оламиз?

16 Ушбу жаннатда қолиш учун умумжаҳон биродарлигимизни қадрлашимиз керак. Бунинг учун имондошларимизнинг камчиликларига эмас, балки ажойиб фазилатларига эътибор қаратишимиз лозим. (Юҳан. 17:20, 21) Нега бу муҳим? Айтайлик, чиройли ўрмонга бордик ва у ерда турли хил дарахтларни кўрдик. Шунга ўхшаб, маънавий жаннатда ҳам бундай кўркам дарахтларга ўхшаш ҳар хил инсонлар бор. (Ишаё 44:4; 61:3) Демак, ёнимиздаги «дарахтларнинг» камчиликларига эмас, «ўрмон» қанчалик чиройли эканига диққат қаратишимиз лозим. Ўзимизнинг ёки бошқаларнинг камчиликлари бизни чалғитишига йўл қўймаслигимиз керак. Умумжаҳон оиламиз ниҳоятда аҳил эканини ёдда тутинг.

17. Жамоат иноқ бўлиши учун ҳар биримиз қандай ҳисса қўша оламиз?

17 Жамоат иноқ бўлиши учун нима қила оламиз? Бунинг учун тинчликсевар бўлишимиз лозим. (Мат. 5:9; Рим. 12:18) Ҳар сафар имондошлар орасида тинчлик бўлишига ҳаракат қилганимизда маънавий жаннатнинг чиройига чирой қўшамиз. Яҳова у ердаги инсонларни Ўзи жалб қилганини унутманг. (Юҳан. 6:44) У хизматчиларини жуда қадрлайди. Уларнинг орасида тинчлик ва якдиллик бўлиши учун қўлимиздан келганини қилганимизда, Яҳова жуда хурсанд бўлади. (Ишаё 26:3; Хаг. 2:7)

18. Нима ҳақида тез-тез фикр юритишимиз керак ва нега?

18 Яҳова бизга бераётган баракалардан тўлиқ фойда олиш учун нима қилсак бўлади? Унинг Каломи ва адабиётларимизни тадқиқ қилиб, билиб олганларимиз устида чуқур фикр юритишимиз лозим. Бу Худога ёқадиган фазилатларни ривожлантиришга ҳамда жамоатдагиларни «биродарларча, чин кўнгилдан севишга» ёрдам беради. (Рим. 12:10) Ҳозирги баракаларимиз устида мулоҳаза қилсак Яҳовага янада яқинлашамиз. Келажакдаги баракалар ҳақида фикр юритсак, Унга тоабад хизмат қилиш қароримиз янада мустаҳкамланади. Буларнинг ҳаммаси ҳозирнинг ўзида Аллоҳга қувонч ила хизмат қилишимизга ҳисса қўшади.

БАРДОШЛИ БЎЛИШ ҚАРОРИМИЗ ҚАТЪИЙ

19. а) Ишаё 30:18 га кўра, нимада амин бўлишимиз мумкин? б) Қийинчиликларни қувонч ила енгишга нима ёрдам беради?

19 Яҳова ушбу ёвуз дунёни йўқ қилганида биз учун «қўзғалади». (Ишаё 30:18) «Адолатли Аллоҳ» Шайтоннинг ёвуз дунёси керагидан ортиқ мавжуд бўлишига йўл қўймайди. Бир кун келиб уни йўқ қилади. (Ишаё 25:9) Ушбу озодлик вақти келишини Яҳова билан бирга сабр ила кутамиз. Унгача ибодат қилиш, Каломни ўқиш, олган билимимизни амалда қўллаш ва баракалар устида мулоҳаза юритиш қароримиз қатъий бўлсин. Агар бундай қилсак, Яҳова қийинчиликларни қувонч ила енгишимизга ёрдам беради.

142- ҚЎШИҚ Умидни мустаҳкам ушлайлик

a Ушбу мақолада Яҳова хизматчиларига қийинчиликларни қувонч ила енгишга кўмаклашаётганининг учта йўлига эътибор қаратамиз. Улар Ишаё 30- бобда батафсил ёритилган. Шунингдек, ибодат қилиш, Каломни ўқиш ва ҳозирги ҳамда келажакдаги баракалар ҳақида мулоҳаза қилиш муҳим экани тўғрисида сўз юритамиз.

b ИБОРА МАЪНОСИ. «Маънавий жаннат» хавфсиз жой. У ерда Яҳовага аҳилликда топиниб, диний ёлғонлардан ҳоли бўлган мўл-кўл маънавий озуқадан завқ оляпмиз. Қолаверса, Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиш билан бандмиз. Яҳова билан яқин дўстлик бизга улкан мамнуният келтиряпти. Имондошларимиз билан тинч яшаяпмиз. Улар қийинчиликларни қувонч билан енгишимизга ёрдам беряпти. Яҳовага маъқул тарзда топинишни ва Унга тақлид қилиш учун қўлимиздан келганини қилишни бошлаганимизда маънавий жаннатга кирганмиз.