Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

47- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Ҳеч нарса сизни Яҳовадан жудо қилишига йўл қўйманг!

Ҳеч нарса сизни Яҳовадан жудо қилишига йўл қўйманг!

Сенга таянаман, эй Яҳова. ЗАБ. 31:14

122- ҚЎШИҚ Мард ва маҳкам туринг!

БУ МАҚОЛАДА a

1. Яҳова Унга яқинлашишимизни хоҳлаётганини қаердан биламиз?

 ЯҲОВА бизни Унга яқинлашишга таклиф қиляпти. (Ёқб. 4:8) У Тангримиз, Отамиз ва Дўстимиз бўлишни истайди. Яҳова ибодатларимизга жавоб беряпти ва қийин пайтларда бизга кўмаклашяпти. Шунингдек, ташкилоти орқали бизга таълим бериб, ҳимоялаяпти. Хўш, Унга яқинроқ бўлиш учун нима қилишимиз керак?

2. Қай йўсин Яҳовага яқинлаша оламиз?

2 Ибодат қилиб, Муқаддас Китобни ўқиб ва унинг устида мулоҳаза юритиб Яҳова билан дўстлаша оламиз. Бу ҳаракатлар қалбимизни севги ва миннатдорчиликка тўлдиради. Қолаверса, бу бизни Яҳовага итоат қилишга ва шараф келтиришга ундайди. Ҳа, У бунга лойиқ. (Ваҳ. 4:11) Худога яқинлашганимиз сайин Унга ва ташкилотига бўлган ишончимиз ошади.

3. Қай йўсин Иблис бизни Яҳовадан жудо қилишга интилади, лекин содиқ қолишимизга нима ёрдам беради? (Забур 31:13, 14)

3 Айниқса қийинчиликларга дуч келганимизда, Иблис бизни Яҳовадан жудо қилишга интилади. У буни қандай қилади? У Яҳовага ҳамда Унинг ташкилотига бўлган ишончимизни аста-секин сусайтиради. Лекин унинг ҳийлаларига қарши тура оламиз. Агар имонимиз кучли бўлса, Яҳова ҳамда Унинг ташкилотидан ҳеч қачон юз ўгирмаймиз. (Забур 31:13, 14 ни ўқинг.)

4. Бу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

4 Бу мақолада жамоатдан ташқарида дуч келишимиз мумкин бўлган учта қийинчиликни кўриб чиқамиз. Ҳар бири Яҳова ҳамда ташкилотига бўлган ишончимизни барбод қилиши ҳеч гап эмас. Қай йўсин улар бизни Яҳовадан жудо қилиши мумкин? Шайтонга қарши туриш учун нима қила оламиз?

ҚИЙИНЧИЛИКЛАР ПАЙТИДА

5. Қай йўсин қийинчиликлар Яҳовага ва Унинг ташкилотига бўлган ишончимизни сусайтириши мумкин?

5 Баъзида қийинчиликларга дуч келамиз. Масалан, оила аъзоларимиз томонидан қаршиликларга учрашимиз ёки ишимизни йўқотишимиз ҳеч гап эмас. Қай йўсин бу каби муаммолар Худонинг ташкилотига бўлган ишончимизни сусайтириб, бизни Ундан узоқлаштириши мумкин? Қийинчиликлар узоқ вақт давом этганида ўзимизни чорасиздай ҳис қилиб, кайфиятимиз тушиши мумкин. Иблис бундан фойдаланиб, Яҳова бизни севмаслигига ишонтиришга интилади. У Яҳова ва Унинг ташкилоти муаммоларимизда сабабчи, деб ўйлашимизни хоҳлайди. Мисрда бўлган исроилликлар ҳам шу каби вазиятга дуч келишган. Бошида исроилликлар Яҳова Мусо ва Ҳорунни уларни қутқариш учун тайинлаганига ишонишган. (Чиқ. 4:29–31) Лекин кейинчалик фиръавн уларнинг ҳаётини янада қийинлаштирган. Ўшанда улар Мусо ва Ҳорунни муаммоларида сабабчи қилиб, шундай дейишган: «Сизлар бизга қарши фиръавн билан хизматкорларининг нафратини қўзғатиб, бизни ўлдиришлари учун қўлларига қилич тутқаздингиз». (Чиқ. 5:19–21) Ҳа, улар Худонинг содиқ хизматчиларини айблашган. Бу нақадар аянчли. Қийинчиликларимиз узоқ вақтдан бери давом этаётган бўлса, Яҳова ва Унинг ташкилотига бўлган ишончимизни қай йўсин мустаҳкам сақлай оламиз?

6. Хабаққуқ пайғамбар қийинчиликларни қай йўсин енгганидан нимани ўргансак бўлади? (Хабаққуқ 3:17–19)

6 Туйғуларингизни Яҳовага тўкиб-солинг ва кўмагини изланг. Хабаққуқ пайғамбар кўп қийинчиликларга дуч келган. Эҳтимол, ўшанда у Яҳова унга ғамхўрлик қилаётганидан шубҳаланиб қолгандир. Шунда у Яҳовага туйғуларини айтиб бериб, қуйидагича ибодат қилган: «Эй Яҳова, мени эшитишинг учун қачонгача ёрдам сўраб фарёд қиламан? Зўравонликдан қутқаришинг учун қачонгача ёрдам сўрайман?.. Нега жабр-зулмга чидаб турибсан?» (Хаб. 1:2, 3) Яҳова унинг сидқидилдан қилган ибодатига жавоб берган. (Хаб. 2:2, 3) Хабаққуқ Худо халқини қандай қутқаргани ҳақида ўйлагач, яна хурсанд бўлиб, Унинг ғамхўрлигини ҳис қилган. Бу унга ҳар қандай қийинчиликни енгишга ёрдам берган. (Хабаққуқ 3:17–19 ни ўқинг.) Бундан қандай сабоқ оляпмиз? Муаммога йўлиққанингизда Худога ибодат қилиб, ҳис-туйғуларингизни айтиб беринг. Унинг кўмагини изланг. Бундай қилсангиз, Яҳова қийинчиликни енгишингиз учун керакли куч беришига амин бўла оласиз. Унинг қўллаб-қувватлашини ҳис қилганингизда эса имонингиз янада мустаҳкамланади.

7. Ширлининг қариндоши уни нимага ишонтирмоқчи бўлган, аммо унга Яҳовага садоқатли қолишга нима ёрдам берган?

7 Маънавий ишлар билан банд бўлинг. Бу Папуа-Янги Гвинеядан бўлган Ширли опамизга қийинчиликлар пайтида қандай ёрдам берганини кўриб чиқайлик b. Унинг оиласи жуда камбағал эди. Баъзида ҳатто озгина озиқ-овқатга эга бўлиш учун улар жуда кўп тер тўкишарди. Опамизнинг бир қариндоши унинг Яҳовага бўлган ишончини сусайтириш мақсадида шундай деди: «Муқаддас руҳ бизга ёрдам беряпти деяпсан-у, лекин натижаси қани? Оиланг ҳали ҳам камбағал. Ваъзгўйлик қилиб вақтингни бекорга сарфлаяпсан». Ширли қуйидагича бўлишди: «Ўзимдан: “Худо бизга ғамхўрлик қиляптими?” — деб сўрадим. Мен дарҳол Яҳовага ибодат қилиб, ичимдагиларни Унга айтдим. Муқаддас Китоб ва адабиётларимизни ўқишни канда қилмадим. Қолаверса, ваъзгўйлик қилишни, йиғилишларга боришни тўхтатмадим». Бироз вақт ўтгач, Ширли Яҳова унинг оиласига ғамхўрлик қилаётганини тушунди. У ва оила аъзолари бахтли эди ва оч қолмаётганди. Ширли: «Яҳова ибодатларимга жавоб берганини ҳис қилдим»,— деди. (1 Тим. 6:6–8) Маънавий ишлар билан банд бўлсангиз, қийинчиликлар ёки шубҳалар сизни Яҳовадан узоқлаштирмайди.

МАСЪУЛИЯТЛИ БИРОДАРЛАР ҚАРШИЛИКЛАРГА ДУЧ КЕЛГАНДА

8. Масъулиятли биродарлар нималарга дуч келиши мумкин?

8 Оммавий ахборот воситалари ҳамда Интернет тармоқлари орқали душманларимиз масъулиятли биродарларимиз ҳақида ёлғонлар ёки нотўғри маълумотларни тарқатади. (Заб. 31:13) Баъзи биродарлар жиноятчи сифатида айбланиб ҳибсга олинган. Ҳаворий Павлус ноҳақ айбланиб, ҳибсга олинганида биринчи асрдаги масиҳийлар ҳам худди шундай вазиятга дуч келишган. Улар бунга қандай муносабат билдиришган?

9. Ҳаворий Павлус ҳибсга олинганида баъзи масиҳийлар қандай йўл тутган?

9 Биринчи асрдаги баъзи масиҳийлар Павлус Римда ҳибсга олинганида уни қўллаб-қувватламай қўйишган. (2 Тим. 1:8, 15) Нима учун? Улар бошқалар Павлусни жиноятчи деб билишганидан уялганми? (2 Тим. 2:8, 9) Ёки уларни ҳам таъқиб қилишларидан қўрқишганми? Сабаби қандай бўлмасин, Павлус нималарни ҳис қилганини тасаввур қилиб кўринг. У имондошлари учун кўп қийинчиликларга дуч келган, ҳаётини хавф остига қўйган. (Ҳавор. 20:18–21; 2 Кор. 1:8) Илойим, ҳеч қачон уларга ўхшаб қолмайлик. Масъулиятли биродарлар таъқибларга дуч келганида нимани ёдда тутишимиз керак?

10. Масъулиятли биродарлар қувғунларга дуч келганида нимани ёдда сақлашимиз керак ва нега?

10 Нега қувғунларга дуч келишимизни ва уларга ким сабабчи эканини ёдда тутайлик. 2 Тимўтийга 3:12 да қуйидагича ёзилган: «Исо Масиҳнинг издоши сифатида художўй бўлиб ҳаёт кечиришни истайдиган барча таъқибларга дучор бўлади». Шундай экан, Шайтон айниқса, масъулиятли биродарларга ҳужум қилганида бундан ҳайрон қолмаслигимиз керак. У биродарларимизни ҳақиқат йўлидан оздиришни ва бизни қўрқитишни истайди. (1 Бутр. 5:8)

Павлус қамоқда бўлишига қарамай, Онисифор уни жасорат ила қўллаб-қувватлаган. Бугун ҳам биродару опа-сингилларимиз қамоқда бўлган имондошларимизни қўллаб-қувватлашяпти (11-, 12- хатбошиларига қаранг.)

11. Онисифор биз учун қандай ўрнак бўла олади? (2 Тимўтийга 1:16–18)

11 Биродарларни қўллаб-қувватлаб, улардан йироқлашманг. (2 Тимўтийга 1:16–18 ни ўқинг.) Биринчи асрдаги Онисифор исмли масиҳий Павлус ҳибсга олинганида бошқача йўл тутган. У Павлус занжирбанд эканидан уялмаган. Аксинча, уни излаб топган ва қўллаб-қувватлаш учун чора кўрган. Онисифор ўз ҳаётини хавф остига қўйган. Бундан қандай сабоқ олсак бўлади? Одамлардан қўрқиш бизни саросимага солишига йўл қўймаслигимиз даркор. Таъқибларга дуч келаётган биродарларни қўллаб-қувватлашимиз лозим. Келинг, уларни ҳимоялаб, ёрдамлашиш учун жон куйдирайлик. (Ҳик. 17:17) Чунки улар севгимиз ҳамда ёрдамимизга жуда муҳтож.

12. Россиядаги имондошларимиздан қандай ўрнак олишимиз мумкин?

12 Қамоқда бўлган имондошларимизни қўллаб-қувватлаётган Россиядаги имондошлар ҳақида ўйлаб кўринг. Кимнидир суд қилишганида биродару опа-сингилларимиз уни қўллаб-қувватлаш учун у ерга боришади. Улардан қандай ўрнак олишимиз мумкин? Масъулиятли биродарларни ноҳақ айблашганида, ҳибсга олишганида ёки таъқиб қилишганида қўрқувга берилманг. Улар учун ибодат қилинг, оила аъзоларига ёрдам беринг ва уларни қўллаб-қувватлашнинг бошқа йўлларини изланг. (Ҳавор. 12:5; 2 Кор. 1:10, 11)

УСТИМИЗДАН КУЛИШГАНДА

13. Масхаралар Яҳова ҳамда ташкилотига бўлган ишончимизга қандай таъсир қилиши мумкин?

13 Қариндошларимиз, ҳамкорларимиз ёки синфдошларимиз ваъз қилаётганимиз ё Яҳованинг юксак ахлоқий меъёрлари бўйича яшаётганимиз учун бизни масхара қилар. (1 Бутр. 4:4) Улар: «Сиз яхши одамсиз. Лекин эътиқодингиз замондан қолиб кетган, у бўйича яшаш жуда қийин»,— дейишар. Баъзилар жамоатдан четлатилганлар борасидаги нуқтаи назаримиз учун бизни танқид қилиб: «Ўзингизни меҳрибон дейсиз-у, аммо тутган йўлингизга бир қаранг»,— деб айтиши мумкин. Шу каби гап-сўзлар бизда шубҳа уйғотиши ҳеч гап эмас. Шунда: «Яҳова ростдан ҳам кўп нарсани талаб қиляпти. Ташкилотимиз ниҳоятда қаттиққўл»,— деб ўйлармиз. Бунга дуч келаётган бўлсангиз, Яҳова ҳамда ташкилотидан йироқлашмасликка нима ёрдам беради?

Аюб устидан кулган сохта дўстларининг ёлғонларига ишонишни истамаган. Унинг Яҳовага бенуқсон қолиш қарори қатъий бўлган (14- хатбошига қаранг.)

14. Яҳованинг меъёрлари бўйича яшаётганимиз учун масхараларга учрасак, нима қилишимиз керак? (Забур 119:50–52)

14 Яҳованинг меъёрлари бўйича яшаш қарорингиз қатъий бўлсин. Аюб масхараларга қарамай, Яҳованинг меъёрлари бўйича яшаган. Аюбнинг сохта дўсти унинг тўғри йўл тутиш-тутмаслиги Худо учун аҳамиятсиз эканига ишонтирмоқчи бўлган. (Аюб 4:17, 18; 22:3) Лекин у бундай ёлғонга лаққа тушмаган. Аюб Яҳованинг нима тўғри ва нима нотўғри экани борасидаги меъёрларини тан олиб, уларга амал қилиш қарори қатъий бўлган. Ҳеч ким уни бенуқсонлик йўлидан оғдиришига йўл қўймаган. (Аюб 27:5, 6) Ундан қандай ўрнак олишимиз мумкин? Масхаралар Яҳованинг меъёрларига нисбатан шубҳа уйғотишига йўл қўймаслигимиз керак. Бошдан кечирганларингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Ҳойнаҳой, Яҳованинг меъёрларига амал қилганингизда ҳаётингиз яхшиланганини ҳис қилгансиз. Улар асосида таълим бераётган ташкилотимизни қўллаб-қувватлаш қарорингиз қатъий бўлсин. Қанча кўп инсон устимиздан кулмасин, улар бизни Яҳовадан жудо қилишига йўл қўймаймиз. (Забур 119:50–52 ни ўқинг.)

15. Нега Брижит масхараларга дуч келган?

15 Ҳиндистондаги Брижит исмли опамизнинг мисолини олайлик. У эътиқоди туфайли оила аъзолари томонидан масхараларга дуч келган. 1997 йили сувга чўмганидан кўп ўтмай имондошимиз бўлмаган эри ишини йўқотган. Шунда улар бутун оиласи билан бошқа шаҳарга — ота-онасиникига кўчишга қарор қилган. Брижит у ерда олдингидан ҳам баттарроқ қийинчиликларга дуч келган. Эри ишсиз бўлгани учун оиласини таъминлаш мақсадида у кун бўйи ишлаган. Энг яқин жамоат тахминан 350 километр узоқликда бўлган. Эрининг қариндошлари унга қаттиқ қаршиликлар кўрсатгани сабабли оиласи билан бошқа жойга кўчишган. Кутилмаганда эри вафот этган, қизи эса бор-йўғи 12 ёшда бўлганида саратон касаллигига чалинган. Қариндошлари бунда Брижитни айблашган. У Яҳованинг Шоҳиди бўлмаганида, булар юз бермасди, деб айтишган. Лекин Брижит Яҳовага таянишда давом этган ва Унинг ташкилотидан йироқлашмаган.

16. Брижит Яҳова ва Унинг ташкилотига содиқ бўлгани учун қандай баракалар олган?

16 Брижит жамоатдан узоқда яшагани учун туман нозири унга ўз ҳудудида хизмат қилишни ва йиғилишларни уйда ўтказишни маслаҳат берган. Бошида у бироз тушкунликка тушган, лекин кейин йўл-йўриққа амал қилган. У хушхабарни бошқалар билан бўлишган, қизлари билан оилавий топинишни ва йиғилишларни мунтазам ўтказган. Бунинг натижаси қандай бўлган? Брижит кўплар билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаган ва улардан анчагинаси сувга чўмган. 2005 йилдан бошлаб у доимий кашшоф сифатида хизмат қиляпти. Унинг Яҳовага бўлган ишончи ва Унинг ташкилотига кўрсатган садоқати мукофотланди. Брижитнинг қизлари Яҳовага садоқат ила хизмат қилишяпти. Ҳозир унинг ҳудудида иккита жамоат бор. Брижит қийинчиликларга ва қариндошларининг масхараларига Яҳованинг ёрдами билан туриб берганига амин.

ЯҲОВАГА ҲАМДА ТАШКИЛОТИГА СОДИҚ ҚОЛИНГ

17. Нима қилиш қароримиз қатъий бўлиши керак?

17 Шайтон қийин пайтларда Яҳова бизни ташлаб кетади ва Унинг ташкилоти туфайли кўпроқ муаммоларга дуч келамиз, деб ўйлашимизни истайди. Масъулиятли биродарларни айблашганда, таъқиб қилишганда ёки ҳибсга олишганда, у қўрқиб қолишимизни хоҳлайди. Масхаралар туфайли эса у Яҳованинг меъёрларига ва ташкилотимизга бўлган ишончимизни сўндирмоқчи. Аммо унинг ҳийлаларидан хабардормиз ва ноғорасига ўйнамаймиз. (2 Кор. 2:11) Унинг ёлғонларини рад этиш ва Яҳовага ҳамда ташкилотига содиқ бўлиб қолиш қарорингиз қатъий бўлсин. Худо сизни ҳеч қачон ташлаб кетмайди! (Заб. 28:7) Шундай экан, ҳеч нима сизни Яҳовадан жудо қилмасин. (Рим. 8:35–39)

18. Кейинги мақолада нимани муҳокама қиламиз?

18 Ушбу мақолада жамоатдан ташқарида дуч келишимиз мумкин бўлган қийинчиликлар ҳақида гаплашдик. Аммо жамоатнинг ичида бўладиган қийинчиликлар ҳам Яҳова ва Унинг ташкилотига бўлган ишончимизга путур етказиши мумкин. Қай йўсин уларни енга оламиз? Буни кейинги мақолада кўриб чиқамиз.

118- ҚЎШИҚ «Имонимизга имон қўш»

a Охирзамонда садоқатли қолиш учун Яҳова ҳамда Унинг ташкилотига ишонишимиз керак. Аммо Шайтон ишончимизни барбод қилишга интиляпти. Ушбу мақолада Шайтон фойдаланаётган учта ҳийлани ҳамда уларга қарши туриш учун нима қилишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

b Баъзи исмлар ўзгартирилган.